Суратда: «Мулоқот» журнали Бош муҳаррири Барот Бойқобилов, «Совет Ўзбекистони» газетаси Бош муҳаррири Расул Раҳмонов (биринчи қаторда), «Ҳаёт ва иқтисод» — «Жизнь и экономика» журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев, «Муштум» журнали Бош муҳаррири Неъмат Аминов, «Гулистон» журнали Бош муҳаррири Мирмуҳсин (иккинчи қаторда) Ўзбекистон Олий Кенгаши сессиясида…
9-боб
ЧИРОҚЧИГА ПОЕЗД ВАЪДА ҚИЛГАНЛАРИМ
(Сайловдаги ҳангомалар ёки сиёсий майдондаги илк мағлубият)
1.
Халқимизнинг “кўпкарига ҳамма тушади, аммо улоқни бир киши олади” деган мақоли бор.
Совет даврида устозим Маҳмуд Сатторов бу мақолни андак ўзгартириб, киноя билан: «кўпкарига ҳамма тушади, бироқ улоқни пулини тўлаган олади» деб қўярди…
1990 йил 18 февраль куни Ўзбекистон халқ депутатлари сайлови бўлиб ўтади.
Бу шу пайтгача республикамизда ўтказилган демократик руҳдаги сайловларнинг дурустроғи эди…
2.
Тўғри, илгари СССР халқ депутатларининг сайлови бўлиб ўтганди.
Бироқ, унда норасмий ташкилотларнинг бирорта аъзоси лоақал номзод сифатида ҳам рўйхатга олинмаган эди.
Натижада кўплаб тасодифий кишилар Ўзбекистондан СССР Халқ депутати гувоҳномасини қўлга киритиб, «тажовузкор кўпчилик»ни, яъни «индамас кўпчилик»ни ташкил этади.
Ўша «индамас кўпчилик» ҳатто ўз сафидаги илғор фикрли депутатларнинг минбарга чиқиб сўзлашига ҳам, Ўзбекистон дардини баралла айтишига ҳам изн бермасди…
3.
Шу ўринда биргина мисол келтириб ўтмоқчиман.
Маълумки, ўша пайтлардаги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Одил Ёқубовнинг СССР Халқ депутатлари съездидаги нутқи кўпчиликнинг эсида қолган воқеа бўлади.
Энди ана шу оламшумул нутқнинг қандай қилиб айтилгани хусусида.
Одил акага «регламент» бўйича сўз навбати берилавермайди. Умуман, у кишининг нутқ сўзлашига Ўзбекистон раҳбарияти (Нишонов, Анишчев) тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатади.
Шунда Одил аканинг маърузаси мазмунидан хабардор бўлган Ислом Абдуғаниевич ўзининг навбатини оқсоқол ёзувчимизга беради ( у пайтларда Ислом Каримов Қашқадарёда обком котиби эди).
Кейинчалик Одил ака Ислом Абдуғаниевичнинг съезд кунларидаги бу сабот-матонати тўғрисида у киши Президент бўлганларидан сўнг мароқ билан ёзган эдилар.
Ўшанда Одил ака бўлган воқеаларни тўғри таърифлаганлар-у, лекин Ислом аканинг у кишига сўз олиб беришдан мақсади: “ўзбек халқи дардидан дунё ҳамжамиятини огоҳ этиш эди, Ислом Каримов ўшанда ҳам адолатни ҳимоя қилувчи, халқпарвар обком секретари бўлган» деб муболаға қиладилар – масала моҳиятини бир оз чалкаштирадилар.
Москвадаги ўша съезд кунларида бўлиб ўтган бу воқеаларнинг бевосита иштирокчиси сифатида мен ҳам бугун шуни мароқ билан ҳикоя қилишим мумкин-ки, Ислом Абдуғаниевич азбаройи Нишоновдан ўч олиш ва уни Горбачёвнинг ғазабига гирифтор қилиш учун Одил акани гапиртирган бўлиши ҳам мумкин…
Ўзбек халқининг дарду-изтиробидан кўра бировларни гапиртириб, бошқалардан ўч олиш – Ислом Каримов яратган сиёсий интрига мактабининг асосий мазмуни, сиёсий фаолиятининг туб моҳияти эканини мен кейин билдим…
4.
Хуллас, 1990-йил 18-февраль куни Ўзбекистон халқ депутатларининг сайлови нисбатан демократик руҳда ўтади.
Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Чунки Ислом Каримов халқ манфаатларини ҳимоя қилувчи профессионал парламент билан самарали ҳамкорлик қилиш кераклигини, бунинг учун эса “элим деб, юртим деб” ёниб яшайдиган кишиларгина халқ вакили бўлиши лозимлигини яхши биларди.
У раҳбарликка эндигина келгани боис, бутун Иттифоқнинг синчков нигоҳи унда экани, унинг дастлабки қадамлари кейинги фаолиятининг қандай давом этишига бевосита боғлиқ бўлгани учун ҳам сайловларнинг имкон қадар демократик тамойиллар асосида ўтишини таъминлаши кераклигини яхши тушунарди.
Нима бўлганда ҳам халқ унга ишониши лозим. Шу боис Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Шерали Жўраев, Муҳаммад Солиҳ, Нурали Қобул, Дадахон Ёқубов, Жаҳонгир Маматов, Карим Баҳриев каби адабиёт, санъат ва журналистиканинг ҳур фикрли истеъдодли вакиллари, омма орасида обрў ва нуфузга эга бўлган ёрқин намоёндалари «халқ ноиби” деган юксак номга сазовор бўлишди.
Буларнинг бари Москвадан эса бошлаган ошкоралик насимларининг шарофати эди…
5.
Шу билан бирга Ислом Каримов Горбачёвнинг бу “қайта қуриш” ва “демократик тамойиллари” мамлакатга эмин-эркин раҳбарлик қилиш учун маъқул эмаслигини, “эркин сўз” ва “ҳур фикр”лилик унга ва унинг ҳукуматига ҳеч қачон яхшилик келтирмаслигини ҳушёр сиёсатчи сифатида яхши биларди.
Шунинг учун ўз мулозимларига радикал руҳдаги норасмий гуруҳ вакилларини имкон қадар сайловга киритмаслик, шу билан бирга бу халқ тадбирига максимал даражада демократик тус бериш топшириғини ҳам юклаган эди.
Оқибатда, мухолифат аъзолари Дадахон Ҳасанов, Абдураҳим Пўлатов, Гулчеҳра Нуруллаева, Бек Тошмуҳамедов, Иброҳим Бўриев, Анвар Усмонов, Шуҳрат Исматиллаев ва Абдуманноб Пўлатовларнинг номзод сифатида рўйхатдан ўтишига имкон берилмайди.
Лекин энди халқ ҳам уйғонган, ўз ҳақ-ҳуқуқини талб қилишни ўргана бошлаган эди. Шу боис ҳам Самандар Қўқонов, Алижон Қўчқоров, Мурод Жўраев, Марат Зоҳидов, Тоиба Тўлаганова, Шоврўқ Рўзимуродов, Иномжон Турсунов, Ойгул Маматова каби ўнлаб ҳур фикрли халқ вакиллари парламент аъзолари сафидан жой олишади…
Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари бўлгандан кейинги илк сайловларга демократик тус берилганини шу нарсадан ҳам билса бўладики, аксарият ҳолларда битта ўрин учун беш-олтитадан, ҳатто ўнтадан номзод кураш олиб боради.
Шу боис айрим округларда иккинчи турдан кейин ҳам ғолиб аниқланмайди. Натижада янгитдан сайлов ўтказилади.
Ўша пайтлардаги «Сайлов тўғрисидаги қонун»га мувофиқ икки турдан сўнг етарли миқдорда овоз ололмаган номзодлар қайтадан рўйхатга олинмасди.
Жумладан, 231-Чироқчи сайлов округида ҳам қайта сайлов бўлади…
6.
Тепадагилар билан маслаҳатлашиб, мен Қашқадарёдан ўз номзодимни депутатликка қўйишга қарор қилдим.
Яширмайман, бу биринчи раҳбарнинг хайрихоҳлиги билан бўлди.
Қашқадарёнинг икки сайлов участкасида қайта номзод кўрсатиладиган бўлди: Бири Чироқчи, яна бир Қамаши эди.
Тепадагилар менга аввал вилоятга бориб ўзимга маъқул биринчи сайлов участкасини танлашимни, кейин иккинчисига бошқа номзод боришини ҳам очиқ айтишди.
Тартиб бўйича Марказий Комитетнинг ташкилий ишлар бўлимидан жойларга рўйхат берилар экан. Рўйхатга киритилганимдан сўнг Қаршига бордим.
Охирги марта Қаршига — обком комсомолнинг биринчи котиби бўламан деб келганимдан кейин мана энди депутат бўламан деб иккинчи келишим эди бу.
Мен энди раҳбарман, республика миқёсидаги иқтисодий журналга редакторман.
Алихон Рахматович Тошкентга — Меҳнат вазири бўлиб, Қаюм Ҳаққулов эса аксинча — Бош вазир ўринбосари бўлиб кўтарилиб кетган эди.
У пайтларда обкомнинг иккинчи секретари Михаил Филиппович Солдатов экан. Биринчи бўлиб унга учрашдим. У киши аниқ бир гап айтолмади…
Ўшанда Озод Давронов (обком қошидаги парткомиссия раиси) Ғузор районига биринчи секретар бўлиб кетган экан.
Биласиз, мен Қарши Давлат Педагогика институтининг комсомол секретари бўлган вақтимда Озод ака уйланишимга бош қўшиб, Шаҳрисабз райкомининг биринчи секретари Январь Пўлатович Иноятовга бўлажак қайнотамни кўндириш вазифасини юклаган эди.
(Бу ҳақда биринчи китобда батафсил ҳикоя қилинган).
У киши асли Қамашилик бўлиб, Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ раиси Раҳмонқул Қурбоновнинг жияни эди…
Хуллас, Ғузорга бориб, Озод акага учрашдим. Ҳар тугул, маҳаллий шарт-шароитларни у мендан кўра яхшироқ биларди.
— Қамашида ўрин бўш экан, Чироқчида ҳам ўрин бўш. Бошқа жойлардан депутатлар сайланибди, – дедим Озод акага. – Номзодимни қаердан қўйсам маъқулроқ?
— Агар сен Қамашидан номзодингни қўйсанг, мен қариндош-уруғларимдан ажралиб қоламан. Сен Қамашидан номзодингни қўйма! – деб маслаҳат берди Озод ака.
Мен у кишининг гапига кириб номзодимни Чироқчидан қўйишга қарор қилдим.
Орадан кўп йиллар ўтиб, Озод аканинг ўшанда менга нисбатан самимий бўлмаганини пайқадим.
Чунки Қамашидан биров яхши билмайдиган “Совет Ўзбекистони” газетаси муҳаррири Расул Раҳмонов номзоди қўйилди ва у осонгина депутатликка сайланди…
Бунинг асосий сабаби Озод аканинг маслаҳати бўлса, иккинчи сабаби шуки, Китоб ва Шаҳрисабз районларининг прокурорлари Чироқчидан бўлиб, улар менга хайрихоҳ кишилар эди.
Китобда — Ҳасан Эштемиров, Шаҳрисабзда — Амир Янгибоев прокурор эдилар. Биз жуда қадрдон эдик. Уларнинг ёрдамига ишониб, номзодимни Чироқчидан қўйишга қарор қилдим.
Менинг энг катта хатоим ҳам шу бўлди…
Тумандан ўнта номзод қўйилган экан, мен ўн биринчиси бўлдим. Кейинчалик бир киши ўз номзодини қайтариб олади, ўн киши қоламиз.
Толмас Тиллаев деган районнинг собиқ биринчи секретари молиявий ишкалликлар туфайли қамалиб чиққанди.
У ниҳоятда пулдор, бадавлат киши эди. Шу одам ҳам «кўпкари»га кирганди. Тиллаев истаса, сайловчиларнинг овозини сотиб олиши ҳам мумкин эди.
Чироқчи район газетасининг редактори ҳам ўз номзодини қўйган экан.
Тошкентда телевидениеда ишлайдиган таниқли журналист Ўрол Ўтаев ҳам номзодини қўяди.
Пахта заводининг директори, автобазанинг директори, «ОПС»нинг директори, хуллас, жамики йирик маҳаллий раҳбарлар номзод сифатида рўйхатга олинган.
Ҳатто мен ишониб юрган Шаҳрисабз прокурори Амир Янгибоевнинг отаси ҳам ўз номзодини қўяди…
Овозлар тақсимотини чамалаб кўрсам, яққол устунликка эга бўлган номзод йўқ экан. Таваккали худо деб, отни қамчиладим…
8.
Биринчи турда депутатликка сайланган машҳур шоирамиз Ҳалима Худойбердиева, “Ҳамза” театрининг таниқли актёри Ёқуб Аҳмедовлар менинг ишончли вакилларим бўлишди.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Ишлар бошқармасида Молия сектори мудири бўлган Мавлон Умрзоқов бошчилигида биз Чироқчини «забт» этгани отландик.
Қизиқ вақтлар экан. Ўшанда Шаҳрисабз район партия комитетининг биринчи секретари Фармон Омонов эди. Абдураҳмон Ашуров иккинчи котиб эди.
Биласиз, мен Шаҳрисабзда ҳам ишлаганман.
Горкомнинг қудратли биринчи секретари Евгений Ефимович Березиков мени меҳмон қилиб, армияга жўнатиб юборган горкомнинг ўша сўлим ва баҳаво дачасида энди ҳар куни бизга дастурхон мунтазир, чой тайёр…
Шаҳрисабздан Чироқчи 25-30 чақирим бўлса, Шаҳрисабздан Китобгача 5-7 чақирим. Остимизда хизмат машиналари…
Кечаси горкомнинг оромгоҳида дам оламиз, кундузи сайловчилар билан учрашамиз…
9.
Учрашув пайтида қизиқ ҳолатлар бўларди.
Тошкентдан Чироқчига Ўрол Ўтаевнинг ишончли вакили бўлиб таниқли журналист Шуҳрат Жабборов (ҳозир «Халқ сўзи» газетаси бош муҳаррири ўринбосари) борган эди.
Сайловчилар билан учрашув чоғида биратўла ҳамма номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари иштирок этишади.
Шунда Шуҳрат Жабборов гапни аввал бошқа номзод, яъни, мендан бошлайди: Исмат Хушев зўр журналист, курашчан ижодкор ва ҳоказо.
— Бундан ташқари, Исматжон Анатолий Собчакка ўхшайди! – деб таърифлайди Шуҳрат ака.
Кейин Ўрол Ўтаевни ҳам мақтайди. Лекин кимни ёқлаб овоз бериш тўғрисида лом-мим демайди…
У жуда ҳушёр одам сифатида Марказқўм вакиллари ёқлаб келган номзодга қарши гапириб, катталарнинг ғазабига дучор бўлишни истамасди.
Шуҳрат Жабборовнинг гапларидан кейин сайловчилар мен томонга оғиб кетади.
Учрашувлардан сўнг Ўрол ака: «Нега мени кам мақтайсиз? Кимнинг ишончли вакилисиз?» деб Шуҳрат акадан ҳафа бўлган экан…
10.
Менинг ишончли вакилим сифатида Ҳалима опа сўзга чиқардилар.
«Саодат»даги тўполонлардан кейин биз опа билан ҳийла қалинлашиб, у кишининг хўжайинлари – Мавлон Умрзоқов билан ака-укадек бўлиб қолгандик.
Ёқуб Аҳмедовни ҳам чироқчиликлар жуда ҳурмат қилишаркан.
Сайловчилар билан номзодлар якка-ёлғиз учрашмасди. Бирданига ўнта номзод белгиланган учрашувга биргаликда боришга мажбур эди.
Мен эса 500-1000 кишилик мажлисларда нутқ сўзлаб, одамларни оғзимга қаратишга жуда ишқибоз эдим.
Чироқчиликлар содда ва самимий, кўнглидаги гапини айтсанг, ҳайқириб, қарсак чалишга ҳам жуда ишқивоз халқ экан.
Мақтаниш эмас-у, аммо сўзга чиқадиган номзодлар орасида энг кўп қарсакни ўзим олардим. Нутқим яхши эди, одамлар эшитишни истаётган гапларни топиб айтишни билардим…
11.
Қайта сайлов белгиланган кун (1990 йил 14 апрель) гача Тошкентда қандайдир анжуман бўлди.
Эски депутатларнинг охирги сессиясими ёки янги депутатларнинг биринчи сессиясими, ҳозир аниқ эсимда йўқ.
Мен одатдагидек барча сессияларда қатнашар эдим. Бу гал ҳам сайловолди курашларини бир кунга тўхтатиб, Мавлон ака бошчилигида Тошкентга жўнадик.
Йўл йўлакай, рақиблар имконларини чамалаб, Толмас Тиллаевни йўқотсак, ғолиб чиқишим эҳтимоли юқори эканини муҳокама қилиб бордик.
Қисқаси, ўша анжуманда, танаффус пайтида Ислом Абдуғаниевичнинг ёнига бориб:
— Ислом ака, мен албатта депутат бўламан. Лекин Толмас Тиллаевнинг тоши оғирроқ экан. Агар уни бирёқлик қилиб берсангиз, ғолиб келишимга ҳеч қандай тўсиқ қолмасди, – деб айтганим ҳамон эсимда.
— Менга Темур Хидиров билан Солдатовни тезда топиб кел! – дедилар Ислом ака.
Бирпасда айтилган одамларни олдимга солиб келдим.
Шунда Ислом Абдуғаниевич Солдатовга қараб:
— Агар манави йигит депутатликка ўтмай қолса, – менга имо қилдилар, – сен ишдан кетасан! Тиллаев у ерда нима еб юрибди?! – дедилар рус тилида…
Суратда:«Ҳаёт ва иқтисод» — «Жизнь и экономика» журналлари Бош муҳаррири,Тошкент область партия комитети аъзоси Исмат Хушев обком бюросида нутқ сўзлаётган пайт…
12.
Ислом аканинг гапидан сўнг қанот боғлаб Қашқадарёга учиб келдим.
Яна сайлов олди муҳорабасига шўнғиб кетдим.
Сайловчилардан бирови:
— Бизда темир йўл йўқ, Тошкентга борадиган бўлсак, аввал Шаҳрисабзга боришимиз керак, – деб шикоят қилади.
Бу масала бўйича бошқа номзодлар сўзга чиқиб тайинли бир гап айтолмайди.
Чунки ўттиз чақирим жойга темир йўл келтириш учун қанча сарф-харажат зарурлигини ҳамма яхши биларди.
Бироқ, сайловчиларни сарф-харажатлар эмас, балки аниқ-лўнда жавоб қизиқтирарди. Мен буни яхши билардим.
— Бўпти, депутат бўлганимдан сўнг уч кундан кейин ўзим Чироқчига темир йўл келтириб бераман! – дердим тўлқинланиб. – Керак бўлса, поездни ҳайдайдиган машинист ҳам, йўловчиларга хизмат қиладиган проводниклар ҳам ўзларингиздан бўлади! Нима, ўттиз чақирим жойга темир йўл келтириш шунчалик қийин эканми? Ҳеч қийин эмас! Битта рельснинг узунлиги эллик метр келади. Ўнтаси беш юз метр, йигирматаси роппа-роса бир чақирим бўлади. Йигирмани ўттизга кўпайтирсак, олти юз бўлади. Демак, бир минг икки юзта рельс бўлса, олам гулистон! Темир йўл муаммосини уч кунда ҳал қилиш мумкин…
Ажабки, ўзимнинг фантазимга ўзим ҳам ишонардим. Одам ўзи ишонмаган гапга бошқаларни ишонтира олмайди.
Гулдурос қарсаклар янграрди…
Чироқчи халқи ҳозиргача ўша учрашувларда сўзлаган нутқларимни эслаб юришади.
Одамлар мени кўргани, гапимни эшитгани йиғилишга келар экан. Чунки мен порахўрлик, ноҳақлик тўғрисида очиқ-ошкор гапираверардим.
Сайловчилар энди менга маҳлиё бўлиб қолишган, учрашувларда жуда кўп саволлар беришарди…
13.
Раҳбарият Толмас Тиллаевни ўз номзодини қайтариб олишга мажбур қилди.
Шундай бўлса-да, сайлов натижаларига кўра мен учинчи ўринга тушиб қолдим.
Биринчи ўринни — Ўрол Ўтаев олди, район газетасининг редактори — иккинчи ўринга чиқди, мен — учинчи бўлдим.
Манаман деган бойваччалар қуйи ўринларга тушиб кетишди. Аслида, Чироқчи шароитида учинчи ўринни эгаллаш ҳам жуда катта ютуқ эди…
14.
Чироқчиликлар очиқ кўнгил, мард халқ экан-у, лекин меҳр қўйиб, минг қарсак чалгани билан ўзларининг уруғдошларига овоз беришар экан.
Қолаверса, диний раҳнамоларининг чизган чизиғидан чиқмас эканлар.
Боз устига, Ўрол Ўтаев телевидениенинг мусиқа бўлимини бошқарарди. Ўзбекистоннинг атоқли хонандалари ҳар куни Чироқчида концерт беришарди.
Сайлов пайтида Чироқчи концертхонага айланиб кетганди. Одамлар деярли ҳар куни мазза қилиб бепул концертлар томоша қилардилар…
15.
Сайловолди кампаниясида рўй берган яна бир воқеа эсимда.
Ҳалима опа билан Мавлон ака қаёққадир кетдилар. Уларнинг мухлислари Қашқадарёда кўп эди, эҳтимол, биров чойга таклиф қилгандир.
Хуллас, биз горкомнинг дачасида Ёқуб Аҳмедов, Фармон Омонов, Абдураҳмон Ашуров ва яна уч-тўрт киши ўтирган эдик.
Шунда ўз номзодини мажбуран қайтариб олган Тиллаевдан гап чиқди-ю, Ислом аканинг сессия залида «Натижасини менга айтасан» деган гаплари ёдимга тушиб, Мирсаидов билан гаплашгим келиб қолди.
Биласиз, горком ва обкомнинг дачаларидаги ҳукумат телефонини кўтарган пайтингизда шаҳар алоқа бўлимида ўтирадиган қизлар дарҳол: «Лаббай!» деб жавоб берадилар.
Шуни айтишим керакки, республика матбуотида Исмат Хушевнинг номзоди беармон тарғиб қилинган эди.
«Совет Ўзбекистони», «Правда Востока», «Ўқитувчилар газетаси», «Ёш ленинчи», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ва бошқа газеталарда суратларим билан мен тўғримда кўплаб мақолалар эълон қилинади.
Энг яхши мақолани Карим Баҳриев ёзган эди.
18.
Карим Баҳриев: «Жасорат лаҳзаси».
— Мен унинг ўзидан олдин у ҳақдаги ярим афсона, ярим ҳақиқат ривоятларни эшитиб юрардим. Қарши педагогика институтида раҳбарнинг эркатой қизини пиёда далага олиб чиқибди.
Москвада ўқиганида бемор ётган халқ шоирининг палатасига атлас кўйлак кийган ўзбек қизларини олиб бориб, шоирнинг шеърларини ёддан ўқитиб, мадад берибди.
Талабалар ётоқхонасида очиқ шеърхонлик ўтказибди.
Менинг кўз ўнгимда алпқомат йигит намоён бўларди.
Уни биринчи марта Тошкентга келганида, «Саодат» журналида ишлай бошлаганида кўрдим: ўрта бўйли, гапга чечан йигит экан.
Унинг дўстлари кўп, аммо ғанимлари ҳам етарли.
Мени яқинлигимни билиб, айримлари: «Сиз қандай қилиб у билан иноқ бўлишингиз мумкин, ахир у даб-дурустдан ташланиб қолиши ҳам мумкин-ку?» дейишарди.
Ҳа, у ёниб турган гулханга ўхшайди. Яқин юрсанг, куйиб қоласан, аммо узоқ юрсанг тафтини қўмсайсан.
Мен унинг кескин хулқ-атвори, ёзган ўнлаб мақолалари, бетгачопарлиги учун у ишхонадан бу ишхонага ўтиб юрган пайтлари ҳақида батафсил айтиб ўтирмайман.
Буларнинг ҳаммаси ҳақида ёзишмоқда.
Хўш, мен нега шундай номзод бугунги кунда депутатликка лойиқ деб ўйладим?
У анчайин андишасиз йигит. Ахир биз андишали бўлиб Иттифоқ халқи кўз ўнгида қўрқоққа саналдик. Мўъмин-мусулмонлигимиз учун оғзимиздагини олдириб яшадик.
Исмат ўз ҳақини бериб қўймайдиган, яхшиликча берса – берди, бўлмаса, тортиб ҳам оладиган жангари йигит.
Ўйлайманки, чироқчиликлар, бутун жумҳурият халқи манфаатини ҳам шундай ҳимоя қилади.
Модомики, чироқчиликлар унинг номзодини депутатликка кўрсатишган экан, мен бу жумҳуриятдаги энг оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган районлардан бирининг аҳолисига умид қилишлари мумкинлигини айтмоқчиман.
Бугун ортиқча ваъдалар, катта, ваҳимали мулоҳазалар эвазига депутат бўлиб олиш истагида юрганлар жуда кўп.
Чироқчиликлар мулоҳаза қилиб, энг муносиб кишини ўзлари танлаб оладилар, бир лаҳзалик инъом-эҳсонларга алданмайдилар, деб ўйлайман…
Исмат ҳақида ўйлаганда уни одамлар билан бу қадар тез тил топиб кета олишидан ҳайрон қоламан.
Унга истеъдодли шоирлар шеър бағишлаган.
Муҳаммад Раҳмоннинг Исмат ҳақидаги шеърини бағишлов билан Москвада босилиб чиққанда ўқигандим:
Бемаҳалда тақиллар эшик, Ва кўринар таниш бир чеҳра. Кириб келар хонамга тирик – Ҳаяжон, завқ у билан бирга…
Мирза Кенжабоевнинг шеъри боя мен айтган юзидаги кулгу ва ботинидаги ситам ҳақидадир:
Қашқадарё жуда кўп ўғил-қизларни вояга етказиб, пойтахтга бериб қўйибди.
Лекин бу юрт ҳали рўшнолик кунини кўргани йўқ. Энди янги замондан умидлар қиламиз».
(«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси,
1990- йил, 13- апрель).
19.
Маҳмуд Сатторов: «Мен журналист бўлишим керак!»
Ёш журналистга катта ишонч билдирилди. У «Ҳаёт ва иқтисод» – «Жизнь и экономика» журналларининг бош муҳаррири вазифасини бажармоқда.
Бутун ғайрат-шижоати ташкилий-ижодий ишга йўналтирилган мутахассис янги вазифада катта илҳом ва ташаббус билан иш олиб бормоқда.
Исматни ҳозир ҳам хуш кўрмайдиганлар йўқ эмас. Сабаби, у гуруҳбозлик билан бир томоннинг нуқтаи назарида «содиқ» турмайди. Унинг бош мезони – адолат, суянгани – ҳақиқатдир.
Бу йўлда ўз отасини ҳам аямаслиги рост.
Гап отасига келиб тақалган экан, у ўз феъл-атворидаги бу фазилат ва «нуқсон»ларнинг деярли барчасини ўз отаси Маҳмуд ака Хушевдан олганлигини айтиб ўтиш жоиз.
Шахсан мен Исматга, унинг халқпарвар, юртпарварлигига ишонаман. Ишонганимдан шу мақолани ёздим. У ҳали 13 ёшидаёқ «Мен журналист бўлишим керак!» деб ўз ҳаёт йўлини тўғри белгилаб олганди.
Журналист бўлди. Журналист – ижодкорлар иттифоқда қайта қуришни бошлаб беришди, собитқадамлик билан давом эттиришмоқда.
Энди 30 ёшга кирган Исмат Хушевнинг ўз муносиб ўрни бўлгани учун ҳам унга ишониш керак!»
(«Ёш ленинчи» газетаси, 1990- йил, 10- апрель).
20.
Маматқиём Саломов: «Эътиқодга содиқлик»
— Баъзан ўйлаб қоламан: ўттиз ёш озми, кўпми? Ва шу мезонни Исматга қиёслагудек бўлсам, унинг қисқа муддатда анча ишлар қилганини эътироф этгим келади.
Аввало, ундаги журъат, шижоатни қадрлаш, алоҳида фазилат сифатида тилга олиш лозим деб ҳисоблайман.
Матбуотда мен тўғримда босилган мақолаларнинг кўплигидан ҳам расмий доиралар каминани қўллаб-қувватлаётганини билиш мумкин эди.
Лекин ҳаёт бошқа экан.
Чамамда, мен номзодимни қаердан қўйиш борасида хато қилдим, бу бир.
Иккинчидан, ҳукумат қўллаган номзодга халқ бошқача нигоҳ билан қарар экан.
Умуман, агар оз-моз сиёсий тажрибага эга бўлганимда эди, ўн кишининг ўртасида талаш бўлаётган жойга зинҳор-базинҳор ўзимни урмас эдим.
Нега деганда, ҳали демократик сайловларга кўникма ҳосил қилмаган одамлар ким нима деса ишониб кетаверарди, мўмай инъом-эҳсонлар ҳам айрим кишиларнинг ақлини шошириб қўяди.
Агар мен депутат бўлганимда зиммамга юклатилган масъулиятни теранроқ ҳис этардим.
Эҳтимол, ўшанда қамалиб ҳам кетмасдим.
Муҳожирликни ҳам кўрмасдим балки…
24.
Бу менинг сиёсий майдондаги биринчи мағлубиятим, қоқилишим эди.
Шу ўринда бир нарсани айтиб қўйишим керак. Мен сайловда енгилдим. Сайловда енгилган одам билан кўпчилик алоқани узади. Одатда, шундай бўлади.
Лекин Ислом Абдуғаниевич бундай қилмади.
Ўша рўйхатга киритилиб, худди мен Чироқчидан ўтолмаганим каби, Чиноздан депутатликка ўтолмаган ёзувчи Ўткир Хошимовни — Марказий Комитет аъзолигига сайлайди, мени эса — Тошкент обкоми аъзолигига сайланишимни таъминлайди.
Азбаройи, ижодкорнинг кўнгли ўксимасин деб шундай қилади.
Партиянинг ҳали айтгани айтган, дегани деган бўлган у пайтларда обкомга аъзо бўлиш ҳам катта мартаба ва эъзоз эди.
“Махсус рўйхат”дагилардан фақат Нурали Қобулгина қайта сайловда ғолиб чиқиб, депутатлик мандатини қўлга киритади…
25.
Мени Чироқчига йўллаганлар аллақачон менинг бу сайловда мағлубиятимни яққол кўриб улгуришган эди.
Чунки, Чироқчидан ўз номзодини қўйган журналист Ўрол Ўтаев бу юртда унчалик машҳур бўлмаса-да, нотиқлик санъати ҳам ўртамиёна бўлишига қарамай — у ҳар ҳолда чироқчилик эди.
Чироқчида қондошлик, элатдошлик , қабиладош ва уруғдошлик руҳияти чуқур сақланиб қолган ва чироқчиликларнинг қон-қонига сингиб кетганлиги аён эди.
Ҳатто оддий кўпкарида ҳам чироқчилик полвонга ташқаридан бирор бир полвон ёнма ён келса, томоша кўриб турган чироқчининг аёли ҳам қўшилиб кетиб, турган жойидан бақириши турган гап: Чироқчилик турганда бошқасини эр қиласанми» дейишдан ҳам тоймасди.
Мен – ҳали курашиб кўрмаган «шаҳарлик» бола — мана шундай ориятли, танти ва мард элнинг ўнта полвони билан баб-баравар курашга тушган эдим.
Бу менинг энг катта хатоим эди.
Сайлов муддати ўта қисқа бўлгани учун бу хатони тузатиш имкони бўлмади…
Лекин биринчи мағлубиятим зоя кетмади деб ўйлайман. Бу менинг бутун ҳаётимда ўзига хос сабоқ бўлиб қолди…
26.
Ва яна бир гап.
Ислом ака менинг сайловдаги мағлубиятимдан сўнг ўша сессия залида ваъда қилган гапини бажариб, обкомнинг иккинчи секретари Солдатовни кўп ўтмай вазифасидан бўшатади…
27.
Хуллас, не не орзу умидлар билан қадам қўйган сайловда — омадим кулиб боқмади.
Мен ўзим йўл қўйган хатоларни кеч бўлса да англаб етдим.
Бироқ Чироқчига мен қуриб улгурмаган поезд аллақачон кетиб бўлган эди…
Суратда: «Тошкент ҳақиқати» газетаси Бош муҳаррири Нуъмон Насимов, Тошкент обкомининг биринчи секретари Сайфулла Сайдалиев, «Ҳаёт ва иқтисод» — «Жизнъ и экономика» журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев, Тошкент обкомининг иккинчи секретари Шаҳло Маҳмудова, Тошкент қишлоқ хўжалиги институти ректори, профессор Эркин Шайхов, «Ташкентская правда» газетаси Бош муҳаррири Александр Пукемовлар…
(Исмат Хушевнинг шахсий архивидан олинган бу суратлар матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда)