Гулноз Мўминова: Кундуз – менинг такаббур дўстим, Оқшом – менинг ҳорғин дугонам
Гулноз Мўминова
1978 йили Шаҳрисабз туманида туғилган. «Ёшлар» радиоканали ходими. Оилали.
Кундуз – менинг такаббур дўстим,
Қадамлари дадил ва илдам.
Қулоғига етмайди сўзим,
Етиб юрмоқ қийиндир бирам.
Оқшом – менинг ҳорғин дугонам,
Ўхшаш менга шу бир жиҳатдан:
Такаббур дўст хаёли билан
Ўтиб кетар зарур бекатдан.
16.07.2017
ҒОРДАГИ СУҲБАТ
Овдан қайтиб келган учта одамхўр
Улкан ғор оғзига тошни суришиб,
Ўлжа зўр бўлди, деб қилганча шукур,
Ўлтирар дўстона суҳбат қуришиб.
Бири дер туртганча боғлиқ ўлжасин:
“Мен бекатдан тутдим манов учарни.
Кўрдимки, бўзлатиб қари аёлни
Ҳамёнин – бор будин олиб қочарди”.
Иккинчиси дейди қалтираб дир-дир
Ётган ўлжасига боққанча қиё:
“Қўшни деворидан шаҳват-ла назар
Солган малъунларга тўлибди дунё”.
Учинчиси айтар:“Менинг қўлимга
Тушгани ёмонроқ, айтгум ростини.
Зиёфатини еб, сарпосин кийиб,
Ўз уйида сотиб қўйди дўстини”.
Баҳайбат бошларин эгиб уччови,
Анча вақт хаёлга толиб ўтирар.
Сўнгра ёшроғига кекса бирови
Одамхўр тилида ғамнок ўкирар:
“Касаллари юқиб қолса-чи? Дарров
Тошни сур, уларни ҳайдагин, жиян.
Ҳозирча сиримиз билмасин биров,
Биз бугундан бошлаб вегетариан».
16.07.2017

Гулноз Мўминова
ҚУШ БИЛАН СЎЗСИЗ СУҲБАТ
Уясида ҳурпайган қушча,
Мени душман билма ўзингга.
Майли, ўйла:“Бу ҳам бир тушча”…
Чўп суқмайман мунчоқ кўзингга.
Менинг уям пастроқда — унда
Ором олар кундуз ўйлари.
Элас-элас эшитиларми
Қўшиқларим, кулгим, куйларим?
Мен ҳам битта тункезар қушман,
Бир замонлар қанот етмаган.
Ҳеч битта қуш дайри фанодан
Зўр парвозсиз ўтиб кетмагай.
Ҳа, руҳимда учмоқ умиди,
Шубҳаланма, бу – менинг ростим.
Илк ва сўнгги парвозим чоғи
Қанотингни силкиб қўй, дўстим.
09.07.2017
НОДИРА опага
Асрор денгизидай чайқалар кеча,
Дарахтлар силкинар сархуш, телбавор.
Ҳой денгиз, сенга ғарқ бўлганлар неча,
Умрлар қаршингда ҳамиша ночор.
Қоп-қора тўлқинлар ёвдай бешафқат,
Уйларга кираркан бостириб ногоҳ,
Яна эрмаклайди руҳингни қисмат –
Денгизнинг ўзидан сўрайсан паноҳ.
Манзили номаълум – маёқ бўлолмас
Умринг гулханининг ўти, дудлари.
Чексизлик бағрида милтирар маъюс
Юлдузлар – осмоннинг ёнарқуртлари.
Шамол – далли соқий, узатаркан май,
Ўчади ёдингдан софлигу шаънлар,
Изтиробнинг чигал ришталаридай
Чалкашиб кетади меридианлар.
…Нариги қирғоқни ёритар недир,
Ё қанотин тараб, кутмоқда Ҳумой.
Аёл журъатидай бесас, бегидир –
Асрор денгизидан сузиб ўтар Ой.
10.07.2016 йил
