Гап деса қоп-қоп, иш деса Олатоғдан топ деганларидек, бугун Олатоғдан ҳам нарига бориб олиб юртимиз шаънига нисбатан бўҳтон уюштириб, иғво тарқатаётганлар бор. Уларнинг номини айтмасам ҳам Ўзбекистонда ҳамма билади. Ижтимоий тармоқларда уларнинг “хонада ўтириб олиб тўқиган материаллари билан” кулгуга қолаётганлари ҳақида ҳам кўп ёзилган.
Одатда, www.ozodlik.org сайти ва www.facebook.comдаги унинг шохобчаси бўлмиш El-Tuz саҳифасида эълон қилинаётган мақолаларнинг жуда кўпига эътиборсиз ўтиб кетаман. Аммо кейинги пайтларда Фарғона вилояти хусусида эълон қилаётган “маълумот”лари кенг жамоатчилик ўртасида фақат ўзларига нисбатан нафрат орттираётганидан хабарлари бормикин? Журналист этикаси талабларига кўра бировни ҳақоратлаш, ёлғон маълумот бериш, фактларни бузиб кўрсатиш мумкин эмас. Буни барча билгани ҳолда негадир озодликчилар билишни истамайдилар. El-Tuzнинг 22 июнь кунги мақоласида ёзилишича, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 22 июнь куни Фарғона вилоятига келиши муносабати билан “Учкўприк туманидаги Кенагас қишлоғида жойлашган Ҳазиний шоирнинг хилхонаси атрофидаги беш-олтита ҳовлининг ташқи деворларини суваш, бўяш мажбурияти ҳам ўқитувчилар зиммасига тушган.
Ўқитувчилардан пул йиғиб, краска олдик, уста топиб ўша хонадонларни таъмирлаб бердик. Энди Президент келиб-кетгандан кейин дам олсак керак, дейди Учкўприклик ўқитувчи(матн парчаси айнан келтирилди).
Бу мақолага ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан Элёр Раҳмонов, Nasiba Ibragimovaлар ўз ўрнида шарҳ ёзиб,El-Tuz саҳифасининг бу ишига норозилик муносабати билдирганлар. Nasiba Ibragimova таълим соҳасида ишлашини, ҳеч ким кўчада ишлатмаётганини, чўнтагидан маблағ ҳам сўрагани йўқлигини ёзган. Айрим фойдаланувчилар эса бу мақола таъсирига туша бошлаганлар. El-Tuzга эса айнан шу керак. Бу маълумотларнинг қай даражада рост-ёлғонлигини текшириш мақсадида Фарғона вилоятининг Учкўприк туманига йўл олдик.
Учкўприкдаги Ҳазиний мақбарасида шоирнинг чевараси, Ҳазиний уй-музейининг жамоатчи раҳбари Наргиза Ваҳобовани суҳбатга тортдик. Унинг айтишича, мақбара ва унинг атрофини таъмирлашга давлат томонидан маблағ ажратилган. Тумандаги аҳоли (аҳоли орасида ўқитувчилар бўлиши табиий) ободонлаштириш, тозалаш ишларида ёрдам бериш учун ҳашарга чиққан. Наргиза Ваҳобова шоирга эҳтиром учун вилоят ҳокимлигидан, аҳолидан,халқимизданминнатдор,рози эканлигини билдирди. Ўқитувчилардан ҳам, аҳолидан ҳам пул йиғилмаганлигини айтди. Қолаверса, унинг ўзи ҳам Учкўприкдаги қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежида ўқитувчи бўлиб ишлайди.
Биз туман ҳокимининг 1-ўринбосари Давронов Иззатиллога юзланиб, масалага ойдинлик киритиб беришини сўрадик. Берган маълумотига кўра,Ҳазиний мақбараси ва атрофини таъмирлаш, ободонлаштириш учун вилоят ҳокимининг 2016 йил 18 августдаги 192-фармойишига асосан 140 миллион сўм,2017 йил 12 июндаги 168-фармойишига асосан100 миллион сўммиқдоридамаҳаллий бюджетдан маблағ ажратилган. 2016 йил Ҳазиний мақбарасини таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилган. 2017 йил эса таъмирлаш ва ҳудудни ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Ушбу маблағларнинг мақсадли сарфланиши учун Фарғона вилоят ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи инжиниринг” компанияси ва қурилиш-монтаж ишларини бажарувчи пудрат ташкилотлари ўртасида қонуний ҳамда юридик кучга эга бўлган шартномалар имзоланиб, пудратчилар томонидан смета ҳужжатларида кўрсатилган физик ҳажмдаги қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ бажарилган. Тўланиши керак бўлган маблағлар пудратчи ташкилотлар ҳисоб рақамига тўлиқ ўтказиб берилган.
Ўқитувчилардан пул йиғиш деган гап қаёқдан келди, дея ҳайрон бўлган молия бошқармаси бюджет бўлими бошлиғи Умиджон Жўраев маҳаллий бюджетдан ажратилган пул ҳисобига айрим хонадонлар кўча девори таъмирланганлигини айтди.
Биз ободонлаштириш ҳашарларида жараённинг бошидан охиригача шахсан қатнашган ўқитувчилар билан ҳам суҳбатлашдик.
-Биз ўқитувчилардан ҳеч қандай пул йиғилмаган, ортиқча пулимиз бўлса, ўзимизда ҳам таъмирлайдиган жойларимиз кўп, — дейди тумандаги21-мактаб директори Замирахон Ўлжаева. -26 июнь – ҳайит куни Ҳазиний бобонинг туғилган кунлари эди. Қабристоннинг чиройли бўлганидан руҳланиб дарсдан бўш вақтимизда ўз ташаббусимиз билан тозалаш ишларига ёрдам бердик.
Шундан кейин Қўқон шаҳрига етиб бордик. www.ozodlik.org нинг мақоласида иддао қилинишича, Президент Ш.М.Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифидан бир кун олдин Қўқондаги Шайхон қабристонига гул ва дарахт кўчатлари олиб келиниб, ташрифнинг эртасига яна машинага юклаб олиб кетилганмиш. Қабристон Президентнинг қайинотаси дафн этилганлиги учун ободонлаштирилганмиш. Иқтибосни айнан келтирамиз:
Бундай ўзгаришлар эртакларда эмас, бизнинг мамлакатда бўлади. Энг қизиғи, президент кетиши билан дарахтларни яна қайта ковлаб, олиб кетишди. Қаерга борса, дарахтлар ҳам ортидан борса керак?! Халқ билсин, бу лўттибозларнинг ишини».
———————————————————————-
Илтимос, «Sizdan Telegram» лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!
Бу сўзлар қўқонлик ўлароқ нафсониятимга тегди. Чунки Қўқон аҳли ҳеч қайси даврда қабристонларини қаровсиз ташлаб қўймаган. Энг озода, тартибли қабристонлар Қўқонда десам ёлғон бўлмаса керак. Бунинг устига озодликчилар Чорсу қаердаю, қабристон қаёқдалигини билмасалар, ёзмаганлари яхшийди. Қабристонларни айланиб, бевосита ўша ерда ишлаган кишилар, аҳоли билан суҳбатлашдик, Озодлик кўрсатган маълумотларга муносабат сўрадик.
Улар назарда тутмоқчи бўлган Шайхон қабристонидаги ободликни кўриб ҳақиқатда ҳам экилган гул ва дарахтлар қайтариб олиб кетилганми демоқчи бўлганимга ўзим ҳам уялиб қолдим. Барибир ҳам шаҳар ободонлаштириш бошқармаси қабристон хўжалиги бўлими бошлиғи Ҳамидов Абдураҳим акага савол билан юзландим. Абдураҳим аканинг юзида ҳайрат аломати пайдо бўлди:
-Ташриф чоғида умуман гул ёки дарахт экмаганмиз. Бизободонлаштириш ишларини март ойидан бошлаб, 9-май хотира ва қадрлаш кунига битказиб топширганмиз. Мана, тарҳини ҳам, ободонлаштирилган майдонни ҳам ўзингиз кўришингиз мумкин.Ташрифдан кейин эса манзарали дарахтлар экдик. Буни ҳам кўришингиз мумкин. Бизнинг шаҳримизда барча қабристонлар ҳомийлар ҳисобидан ва аҳоли ташаббуси билан чиройли, тартибли, обод кўринишда сақланади. Бу ишлар бир кун-икки кунда бўладиган ишлар эмас.Ушбу Шайхон қабристонида кўпгина улуғлар қаторида Қўқон адабий муҳитининг намояндалари бўлмиш ўнлаб шоирларнинг ҳам қабрлари бор.
Шаҳардаги бошқа қабристонларни ҳам айланиб кўриш учун отландик. Рости, халқимизнинг ўзбекона миллий қадриятларидан бўлган ҳашар деган улуғ одатга тасаннолар айтдик. Бундай қадриятни ҳис этмаган, ўз ота-онаси, боласи учун қилганини ҳам пулга чақадиган кишилар ва улар яшайдиган шундай жамият учун, албатта, бу тушунарсиздир.
Катта қабристонга етиб келганимизда сокинликни бузиб турган усталарнинг меҳнат жараёни диққатимизни тортди. Улар қабристоннинг кириш дарвозаси йўлагини таъмирлаб, тозалаётган эканлар. Бу ерда Даҳмаи шоҳон ва Даҳмаи модари хон хилхоналари бўлиб, Даҳмаи шоҳонда Қўқон хонлари авлодлари, Даҳмаи модари хонда эса оилага мансуб хон оналари, аёллари абадий қўним топганлар. Бу қабристонда шоира Нодираи давроннинг ҳам қабрлари бор. Шундай улуғлар ётган жой албатта зиёрат учун кўпчилик қадам ранжида қиладиган маскан, умуман олганда, ота-оналари, аждодлари хоки пойи қўйилган маскан доимо одамларнинг эътиборидадир.
Шаҳардаги Афғонбоғ қабристонида ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилган, бу ерда дафн маросимларини ўтказиш учун 100 ўринлик айвон тўлиқ таъмирланган, кириш дарвозахонаси ҳам таъмирланиб, янги дарвоза қўйилган. Бу ишларнинг бир кунлик иш эмаслиги ҳар кимга аён.
Шаҳарнинг Тўхлимерган маҳалласи қабристонига етиб борганимизда эса катта ҳашарнинг устидан чиқдик. Куннинг иссиғида меҳнат қилаётган савобталаб кишиларни кўрдик. Улар қабристон деворини янгилаб, маъмурий бино қурилишини бошлаб юборган эканлар.
-Маҳалла аҳолиси билан анчадан бери шу ишларни қилмоқчи эдик. Вақти-соати энди экан, ҳайитдан кейин бошладик, — дейди Мунаввар кўчаси, 87-уйда яшовчи Бурҳонбек ҳожи ота Раҳмонов. – Катталаримиз дуо қилиб беришди. Бизда ёлғон йўқ. Бор гап шу. Маҳаллада ҳамжиҳатлик, аҳиллик билан уриниб ётибмиз, Худога шукур. Бу ерда ота-оналаримиз ётишибди.
Ҳашардаги бошқа кишиларни ҳам суҳбатга тортамиз.
-Гул ва кўчатларни 9 май Хотира ва қадрлаш кунидан олдин бориб “Шайхон” қабристонига ва бошқа қабристонларга экиб келганмиз. Ҳозир ҳам бориб қараб турамиз. Бу ишларнинг ҳаммаси ҳомийлар, маҳаллалар аҳолисининг ҳашар йўли билан қилган эҳсонлари билан амалга ошириляпти. – дейди қабристон ишчиси Ибрагимов Ўктамжон.
-Тўхлимерган қабристонида ҳозир катта иш бошладик. Кўчаларимиз Давлат дастури асосида асфальтланган эди, девор кўзимизга хунук кўриниб қолди. Шунга аҳолининг ўзи ҳашар қилиб деворни янгилаш таклифи билан чиқди. Ўзларининг маҳаллалари обод бўлса яхши-ку. Мана бу ерга маъмурий бино, омборхона, ошхона, ювиниш хонаси ва ҳожатхона қуриляпти, – дея бино тарҳини олдимга ташлади Абдураҳим ака.
Ушбу фидойи, меҳнаткаш инсонларнинг, тарихини, қадриятларини эъзозлаган инсонларнинг саратон иссиғида тўккан терларига, ўзбек халқининг азалий удумларигатуҳмат қилаётган кишилар, Давлатимизнинг тинч меҳнат учун яратиб бераётган шароити, шаҳар ва қишлоқларимиз ободлиги учун олиб бораётган ишларини кўролмаётганлар Ватан қадрини қайдан билсин дегиси келади одамнинг. Бундай Ватан қадрини билмаслар юртимизда туриб ҳам четга шундай ёлғонларни тарқатмоқдалар. Шундайларга қарата: “Сизда виждон борми? Маҳшаргоҳда Худонинг юзига қандай қарайсиз?” дегим келади.
Чет эллик журналистлар! Сиз ҳам шу Ватан тупроғини босиб, ҳавосидан нафас олгансиз. Наҳотки ўз Ватанингиз бўлган Ўзбекистонга тош отиш сизга ҳузур келтирса! Иғво, бўҳтон тарқатгунча, сиз ҳам эзгу ишларимизга қўшилинг, Ватан учун нимадир яхшилик қилинг! Ахир Ватан битта, дунёнинг бошқа ҳеч қаерида Ўзбекистон йўқ!
Койил, Баракалла!!! Буларкану, далиллар билан «Озодлик»ни огзига урсаям! Сизлардан илтимос Озодлик ва Би би сини юртимиз хакидаги хар бир узун кулок номаълум штатсиз мухбирларига асосланиб таёрланаётган маколаларига карши мана шундай чиройли ва аник маълумотлар билан ЖАВОБ КАЙТАРИШЛАРИНГИЗНИ КЕЛГУСИДА ХАМ КУТИБ КОЛАМИЗ!!! ТАК ДЕРЖАТЬ!!!
Койил, Баракалла!!! Буларкану, далиллар билан «Озодлик»ни огзига урсаям! Сизлардан илтимос Озодлик ва Би би сини юртимиз хакидаги хар бир узун кулок номаълум штатсиз мухбирларига асосланиб таёрланаётган маколаларига карши мана шундай чиройли ва аник маълумотлар билан ЖАВОБ КАЙТАРИШЛАРИНГИЗНИ КЕЛГУСИДА ХАМ КУТИБ КОЛАМИЗ!!! ТАК ДЕРЖАТЬ!!!