Улуғбек ҲАМДАМ: ОЙБЕКНИНГ ШОҲ АСАРИ
ОЙБЕКНИНГ ШОҲ АСАРИ
Ойбек домла ҳасад ва кўролмаслик тошлари заҳмидан тилдан қолиб,
умрининг охирги17 йилини азобда ўтказган.
Унга тош отганлар орасида шоирнинг яқин дўстлари ва сафдошлари бор эди…
Шоир бўлиб туғилган эди,
Шоир бўлиб яшади шоир.
Бироқ ҳасад бошини еди —
Тилдан қолиб қақшади шоир!..
Уйдан чиқиб юролмас ўзи,
Баъзан ҳатто туролмасди ҳеч.
Дарвозага михланиб кўзи
Аёлини кутди эрта-кеч.
Аёлнинг-чи, бўйнида рўзғор,
Эрта кетиб, кеч қайтар эди.
Келганида, шоир — маҳтал-зор,
Кўзи билан шеър айтар эди.
Ёзар эди аёл ҳам шошиб,
Тунни тонгга улаб. Сўнг, аста
Шоир бошин бағрига босиб,
Ишга кетар эди. Дил — хаста…
Ёзар экан аёл бир кеча
Ухлаб қолди чарчоқдан ногоҳ.
Шоир эса кутганди қанча,
Кўзларида қотди ашъор-оҳ!
Кўзларида шеър эди қат-қат,
Кўзларининг ўзи шеър эди!
Тўколмасди қоғозга фақат,
Бу шеър шоир юрагин еди:
Ёзай деса, қўли ишламас,
Айтай деса, айланмас тили.
Фақат ёри… У ҳам – одам. Бас!..
Вайрон бўлди шоирнинг дили…
Кўзларига тўлди сўнгра шеър,
Кўзларидан боқди ўша шеър.
Қани чора?.. Бирдан бир чора —
Кўзларидан оқди ўша шеър!
Кўзларидан оқди шеър — кадар,
Оқиб шоир кўксин куйдирди!
Шу дамдаги олов томчилар
Унга Оллоҳ сирин туйдирди!
Ўша сирда эди ҳаммаси,
Шоир буни тушуниб етди.
Тушунди-ю, шеърга сололмай
Ўзи билан, воҳ, олиб кетди…