— Фарзанд кўришингиз учун ҳеч қандай умид йўқми, деб қўрқаман. Иккинчи тараф тухумдонингизда ҳам ўсимта бор. — Шифокор Шаҳноза опанинг овози гўё ҳукмдай янграб, Ойдиннинг хаёлларида чақмоқ чаққандек бўлди. — Энди буёғи фақат худойимга ҳаволами, дейман…
Шифокор ҳузуридан амаллаб зўрға чиққан Ойдин коридор деворига беҳол суянди. Ўриндиқда ўтирган одамлар ҳам кўзига кўринмади. ”Энди нима бўлади, — ўйлади у. –Турмушим ўзи омонатга ўхшаб қолган. Бу гапни эшитгач, қайнонам мени уйдан қувиб юбориши аниқ.”
Ойдин Ихтиёр билан турмуш қурганига 5 йил бўлди. Улар ота-оналарининг розилиги билан оила қуришган. Бир қишлоқдан бўлишгани, аввал мактабда, кейинчалик олийгоҳда бирга ўқишгани учун Ихтиёрдан совчи келганда Ойгул қаршилик қилиб ўтирмади. Институтда ўзидан 3 йил олдин ўқиган бу йигит уни суриштириб юрганини гоҳ-гоҳида дугоналаридан эшитиб қоларди. Қолаверса, баланд бўйли, қош-кўзлари қоп -қора йигитга нисбатан ўзи ҳам бефарқ эмас эди. Хуллас ҳар икки томоннинг розилиги билан шинамгина тўй бўлиб ўтди.
Касби – ўқитувчи бўлган эр-хотиннинг яхшигина маош олишгани сабаб ўтган йили ўзларига аталган ерга участка тиклаб, ҳали битмаган бўлса-да, кўчиб чиқишди. Ихтиёрнинг укаси Бахтиёр уйлангач,. қайнонаси уларнинг рўзғорини алоҳида қилиб берди. ”Ораларингиз узоқроқ бўлса, меҳрлироқ бўласизлар, — деди қайнонаси уларни кўчираётиб. — Қолаверса, келинларнинг ғиди-бидиси бўлмаса, менам тинчроқ бўламан”.
Аммо уларнинг тотув оиласида биргина камчилик бор: турмуш қуришганига 6 йил бўлганига қарамай, Ойдин ва Ихтиёрнинг фарзанди йуқ. Шифокорларга, табибларга қатнашлар ҳаммаси бефойда бўлди. Бир йилдан бери қайнонасининг ҳам келинига муомаласи ўзгариб қолган. Чунки ўтган йил баҳорда, Ойдиннинг қаттиқ шамоллаш оқибатида тухумдони йиринглаб, охири операция туфайли бу аъзонинг олиб ташланиши қайнона-келин муносабатлари кескинлашишига сабаб бўлди. ”Энди бу умуман туғмаса керак. Ундан ажраш, болам. Туғмаса хотинингни қўй. Сенга ўзим бошқа хотин олиб бераман. ”Қайнонаси ҳар доим келганида, гоҳ эшиттириб, гоҳ шивирлаб ўғлига шу гапни уқтиришини яхши билади. Онаси кетганидан кейин Ихтиёр бироз тумтайиб юради-ю, кейин ўзига келгандай бўлади. Аммо Ойдин кейинги пайтларда эрининг чеҳрасида кўпроқ ғам ва ўкинч кўланкасини илғайдиган бўлди.
“Бугуноқ онамларникига кетаман. Бўлди, энди эримнинг йўлини бошқа тўсмайман. Уйлансаям майли. — алам билан ўйлади ёш аёл. — Нима бўлса, пешанамдан кўраман. Мана, Шаҳноза опа ҳам айтдику, энди умидингни узавер, дея. Аммо Ихтиёр акам нима деркин, бунга? Энди буёғига онамларникида яшайманми?… Бошқа қаерга ҳам борардим..”
Ойдин эзгин ўйлар оғушида ҳовлисига қандай кириб борганини билмади. Кийимларини алмаштириб, ошхонага йўналаркан, эри билан қандай гаплашишни ўйлади. Хаёлида ўзича эри билан гап бошлаб кўрди. Кейин паришонхотирлик билан маставага уннади. Масаллиқларни қовураркан, қўл-оёқлари ўзига бўйсунмаётгандек туюларди. Келинчак ҳеч қачон бунча тушкунликка тушмаган, кўнглида доимо қандайдир умид бор эди. Оловни ўчириб, ошхонадан чиқаркан, ҳовлида Ихтиёр билан рўбарў бўлди.
Ойдин бир неча ой олдин мактабда, ўқитувчилар хонасида бўлиб бўлиб ўтган суҳбатни эслади. Ўшанда география ўқитувчиси Ҳафиза опа Бухородаги “Иссиқ сув” санаторийсида аёллар касалликлари самарали даволаниши, кўпчилик шу ерда шифо топгани ҳақида гапирганди. ”Бир жияним Тошкентда яшайди. 8 йилдан бери бефарзанд эди. Шу ерда даволаниб кетганидан кейин, ўғил кўрди. Сиз ҳам бориб кўринг, ноумид шайтон дейдилар… зора умидларингиз ушалса” деганди у. Ўшанда Ихтиёр ҳам ўқитувчилар хонасида эди. Шу гапни эшитган шекилли, Ойдиндан бир-икки марта санаторий ҳақида сўради. Мана бугун путёвка кўтариб келиб ўтирибди.
-Керакмас, менга ҳеч қанақа путёвка. Мен…мен туғмас эканман, барибир.-Ойдин шифокорнинг гапларини эрига етказиш учун имкон келганини тушуниб, тез-тез гапирди. — Ихтиёр ака, шифокорим айтдики, омон қолган иккинчи тухумдонимда ҳам киста (ўсимта) бор экан. Укол-дорилар билан сўрилиб кетиши ҳам гумон эмиш. Хуллас, туғмас эканман. — аёл бўғзидан бўғиб турган йиғисига ниҳоят эрк берди. Ҳўнграганича уйга кирди. Анчагина қолиб кетди хонасида. Овқатланиш ҳам ёдидан чиқиб кетди. Ниҳоят, эри унинг ёнига кирди.
-Қулоқ сол, — деди Ихтиёр у ғужанак бўлиб ётган диваннинг бир четига ўтириб, — Кел, бир нарсага келишиб оламиз. Мана шунча йилдан бери биргамиз. Мен 30 ёшдан ошдим. Сен 30 гаяқинлашяпсан. Шунча йил чидадик, бу гап-сўзлару, ташвишларга, жоним. Менга ҳам осон тутма. Шу путёвкани олиб,даволанишга бориб кел. Бор-йўғи 15 кун экан, ўзи муддати. Агар шундай кейин ҳам бирор ўзгариш бўлмаса, пешанамиздан кўрамиз, бу ёғини. — охирги сўзларни айтаётиб йигитнинг овози титраб кетди. Буни яширмоқчи бўлгандай хотинининг пешанасини силади. — Энди тур, жоним, овқатингни суз. Оч қолдим, жуда…
Ойдин эрининг таскинидан кейин бир оз юпангандай бўлди. Индинига эрининг қистови билан ўз ҳисобидан таътил олиб, санаторийга жўнади. Санаторийдаги муддат хаёлида чўзилиб кетгандай туюлса-да, айтилган муолажаларни ҳаммасини ўз вақтида олишга ҳаракат қилди. Яратганга илтижо қилиб, тонггача ухламай фарзанд сўраб чиққан пайтлари бўлди. Руҳан тинчланиб, шифо топишига чин юракдан ишонгиси келди. Даволаниш муддати тугаб, уйига қайтишидан олдин унга қараган шифокор Дилрабо Примовна айтилган дориларни ўз вақтида ичишни, ўзини назорат қилишни алоҳида тайинлади.
Ёш муаллима мактабга айни имтиҳонлар бошланган пайтда қайтди. Ёзнинг иссиқ кунлари — таътил давомида яна уйдан кетиш ҳақида ўйлай бошлади. Чунки қайнонасининг заҳарли гаплари кўпайган, эрининг меҳрибонлиги ҳам кўзига кўринмайдиган бўлиб қолган эди. Ойдинни бу тушкун кайфиятдан чиқариш мақсадида Ихтиёр унга ҳар доимгидан ҳам яхши муносабатда эди. Шундай кунларнинг бирида…
Қўшниси Малика опанинг қизи Гули бир тарелкада шилпилдоқ олиб келди. Хамирининг юзига помидорда қизартириб қовурилган пиёз, ловияли қийма солинган, хуштаъмлиги билиниб турган шилпилдоқ (Бухорода бу овқатни қайиш дейишади.) ни кўриб, Ойдин уни бир татиб кўргиси келди. Ўзидаги бу ҳоҳишдан ҳайрон бўлиб, дастурхонда турган шилпилдоққа қошиқ солди. Ажаб, икки қошиқ еяр-емас, тўйиб қолганлигини, бошқа еёлмаслигини ҳис қилди. Ўзини шунча мажбурласа-да, қайтиб овқатнинг бетига қарагиси келмади.”Нима бўлди менга? — ўзича ўйлади Ойдин — Наҳотки ошқозоним бузилган бўлса? Э, йўқ бу дориларнинг таъсири бўлса керак. Ўсимталар катталашмасин, деб гормонал дорилар ичиб юрибманку, ахир. Яхшиси, эртага врачимга бориб айтишим лозим. Ўзи бирон маслаҳат берар”.
Шифокорга борадиган куни эридан “Ошқозоним оғрияпти. Мен аввал врачга, кейин онамларникига бораман,” — деб рухсат олган Ойдин поликлиникага борди.
Шифокори Шаҳноза опа унинг ошқозон ҳақидаги шикоятини эшитди, бир иккита саволлар берди. Кейин УЗИдан ўтиб келишга йўлланма ёзиб берди.”-Иложи бўлса, вилоят касалхонасидаги аппаратдан ўтиб келинг, — деди опа хайрлашаётиб. — Ўшанда аниқ ташҳис қўйиш мумкин бўлади. Терапевтга учрасангиз ҳам УЗИдан ўтиб келишингизни тавсия қилади, барибир. ”
Эртаси куни эрталаб вақтли турган Ойдин вилоят марказидаги касалхонага бориб, УЗИ кўригидан ўтди. 40-45 ёшлардаги эркак шифокор уни кўрикдан ўтказаркан, худди ўзига-ўзи гапиргандай “Табриклайман!” деб қўйди. Ойдин тушунмай:
-Нима билан табриклайсиз ? — деб сўради.
— Ҳомиладорлигингизни билмайсизми, дейман? — саволга савол билан жавоб берди врач. — Икки ярим ҳафталик ҳомилангиз бор. Ошқозонингиз шу сабаб ҳам бузилгандай туюлган. Яна бир ойлардан кейин келсангиз, қиз ёки ўғил бола эканлигини айтаман. — кейин унинг аҳволига эътибор ҳам бермай столига ўгирилдию, ёзишда давом этди.-
Ойдин музлаб қолди. Бу ўзи учун ҳеч кутилмаган ва кўнгли, яшаши учун йиллар давомида кутилган янгиликдан нима қилишини билмай қолди. Бошига худди бир нарса билан урилгандай, гангиди. Шифокорга ҳеч нарса демай, (сумкасини ҳам УЗИ хонасида қолдириб!) жойидан югуриб турди. Тезроқ уйга боргиси, бу қувончни Ихтиёру бошқа яқинлари билан баҳам кўргиси келди. Телефон қилмоқчи бўлганидагина сумкаси ёдига тушди. Энди орқасига қайтмоқчи бўлганида, таниш ҳамшира қиз сумкасини олиб келаётганига кўзи тушди.
Шундай сўнггина хаёли бироз жойига келгандай бўлди.
.”Оллоҳимга шукур, — шивирлади келинчак лабларида кўзёш таъмини туяркан. — Қуруқ қўймади, мениям. Шунча қилган илтижоларимни эшитди.” Қўл телефонини оларкан, бу шунчаки оддий хабар эмаслигини ўйлаб, эрига телефон қилиш фикридан қайтди.”Яхшиси уйга борай, кейин айтаман. Ихтиёр акам қотиб қолсалар керак, мендан ҳам баттар аҳволга тушиб…” Шунча йилдан бери онасидан таъна-дашном эшитса-да, уни бирор марта ҳам ранжитмаган, хафа қилмаган умр йўлдошининг қадрдон чеҳраси кўз олдига келиб, ўпкаси тўлиб кетди.
У кўнгли нурафшон, бир неча йилдан бери кўнглини эзиб ётган тош бирдан эриб кетгандай руҳи енгил эди. Бу бахт туйғусими, ё шукроналикми нима бўлганда ҳам жуда азиз, ҳеч нимага қиёслаш мумкин бўлмаган ширин ҳаяжон эди…
Моҳигул Назарова.
Ўхшаш мақолалар йўқ.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни
МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.