Жаҳон интернет тизимининг ўзбек тармоғи яна бир эзгу саҳифа билан бойиди. Куни-кеча Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Муродга бағишланган веб-саҳифа иш бошлади. Веб-саҳифадан ўрин олган атоқли адиб кундаликларидан олинган иқтибосни диққатингизга тақдим қилар эканмиз, сайт масъулларига ҳам миннатдорлик, ҳам омад тилаб қоламиз
Тоғай МУРОД
КУНДАЛИК ДАФТАРДАН
Маъсума Аҳмедова тайёрлади
ИЛМИЙ-ТЕХНИКА ТАРАҚҚИЁТИ ҲАҚИДА ЎЙЛАР
Ўзбек адабиёти… халқ оғзаки ижодидан бино бўлган. Ўз оти ўзи билан – оғзаки ижод. Асар оғизда яратилган. Тилда яратилган. Асар оғиздан тил орқали чиқиб, ҳар ёққа тарқаб-тарқаб кетган. Оғиздан чиққанни кўз билан тутиб бўлмайди, токчага чиқ(ар)иб бўлмайди. Бирпасда ҳавога учиб кетади, сўнг ҳавода йўқ бўлиб кетади. Эшитган эшитиб қолган, эшитмаган саводсиз қолган. Эшитганларини ёдда сақлаб қололганлар илғор, зиёли бўлган, эслаб қололмаганлар авом халқ бўлиб қолган. Шу боисдан ҳам ўзбек халқ қўшиқлари, ўзбек халқ достонларини хизмати улкан, беқиёс бўлган. Ўзбеклар ана шу қўшиқлар, ана шу достонларни эшитиб… халқ бўлган! Улғайиб-ўсган, бир жойга жам бўлган… Аниқ бир кўринишга эга бўлган.
Кейин ёзма адабиёт пайдо бўлади. Ўз оти ўзи билан ёзма. Ҳарфлардан иборат адабиёт. Сатрлардан иборат адабиёт. Саҳифалардан иборат адабиёт. Кўз билан кўрса бўладиган адабиёт, қўл билан ушласа бўладиган адабиёт.
Ҳар бир асрни ўзига яраша цивилизацияси бўлади. Ҳар бир замонни ўзибоп цивилизацияси бўлади. Аммо асл цивилизация ёзма маданиятдан кейин келади. Том маънодаги цивилизация ёзма маданиятдан пайдо бўлади.
Масалан, халқ бахшилари ўз замонларини илғор зотлари бўлган, аммо улар ўз отларини ёза олмаган. Яъни, ўз фикр-мулоҳазаларини, достонларини ёзма равишда ифода эта олмаган. Улар куйлаб ўтган достонлар(ни) эшитиш дунёмизни нафақат туйғулар билан бойит(а)ди, нафис ҳис-хаёллар билан тўлдир(а)ди. Руҳиятимизни гўзал ҳам эзгу туйғулар билан суғоради. Борлиғимизни маънавий ҳам маданий баркамол этади. Аммо бу туйғулар ҳавойи туйғулардир. Бир лаҳзалик туйғу, ҳис-ҳаяжонлардир. Бу туйғулар кўп яшамайди, бир лаҳзада йўқ бўлиб кетади. Оғиздан чиққан товуш, овоз каби ўчиб қолади. Аммо оғзаки цивилизация… ақл-заковатни бойитмайди, фаҳм-фаросатни ўткир этмайди. Ақлий баркамолликка олиб бормайди. Белинский айтганидай,”Поэзия – эркин инсон сўзида ифодаланади, сўз эса – ҳам картина, ҳам аниқ ва равшан айтилган тасаввурдир”.
Дунёвий мантиқ асосан… сўзда ўз аксини топади. Яъни, ҳарфларда(н бино) бўлади. Қатор-қатор ҳарфларда(н бино) бино бўлади. (Китоблар ана шундай бино бўлди).
УЛКАН БОЙЛИК
Хат-саводли кишилар (зиёлилар) фақат китоб ўқир эдилар. Магазинларда китоб қолмас эди. Кишилар (китобларни) сотиб олиб (қўяр)келардилар. Магазинлардан тополмаган китобларини…қора, чайқов бозоридан излаб топар эди(лар). (Зиёли) қиммат бўлса-да, китоб сотиб олар эди. Шу китобни ўқир эди. Ўзгалар билан шу китоб ҳақида суҳбатлашар эди, баҳслашар эди. Кейин шу китобларини уйидаги токчага қатор қилиб тизиб, териб қўяр эди. Келган-кетганларга ана шу китобларини кўз-кўз этар эди. Ўзининг улкан бойлиги сифатида сақлар эди. Ана шу китобларини қайта-қайта ўқир эди.
Ўзи, одатда, энг ноёб бисот-нарсалар қора бозорга чиқади. Жуда қадр-қимматли нарсалар қора бозорда бўлади. Қора бозорда икки-уч баробар қиммат нархда сотилади.
Мен қора бозорда костюм-шимдан қиммат нархда сотилган китобларни кўрдим. Япон телевизорларидан ҳам қиммат, кафтдай-кафтдай китоб(лар)ни кўриб эдим. Кўзимни чирт юмиб, шу қимматбаҳо китобларни (сотиб) олиб ўқиб эдим.
Одамлар, айниқса, ёшлар эртаю кеч телевизор кўради. Телевизорга қараб… овқат ейди, телевизорга қараб… ухлайди, дам олади.
Улар (ёшлар) қандай қилиб иншо ёзади, диктант ёзади? Улар Навоий шеъриятини тушунмай ўтирсалар, Бобур шеъриятига уззукун термилиб, (тушунмай) ўтирсалар… Улар шундан кейин (албатта) Бобур (авлодлари) кимлигини билмайдилар. Улар тилни билмайдилар. (Ахир) улар телерекламаларга тикилиб ўтирадилар. Рекламалар эса… олди-қочди, савдо-сотиқ сўзлардан иборат.
Телевизор – бир қути. Машина-қути. У қандай яратилган? Олимлар китоб ўқиб-ўқиб, телевидениени яратди. Китоб яратиб-яратиб, телевидениени ўйлаб топди. Яъни, телевидениени китоб яратди. Барча техникалар китоб маҳсули. Ёзма маданият, санъат маҳсули. Ёзма ҳарфлар маҳсули. Ёзма ҳарфлардан китоб бўлмаса эди, цивилизация бўлмас эди. Биз ана шу пойдеворимиздан олислаб кетаяпмиз. (Китобга қайтиш, адабиётга даъват этиш пайти келди).
Анна Ахматова муҳаббатни: “йилнинг… бешинчи фасли”, дея атайди. Белинский: ”Муҳаббат — табиати яқин бўлган икки зотнинг бир-бирларига қовушиб, чексиз завқлар топмоғидир”.
ЁЗУВЧИ ЎЛГАНДА ТИНАДИ!
Биласизми, 19-асрнинг охирларида Чор Россиясида капитализм барқ уриб, гуллаб-яшнаб эди. Айниқса, 80-90-йиллардан бошлаб капитализм бор бўйи билан гуллаб-яшнади. Капитализм нима ўзи? Пул, пул, яна пул. Кўк пул! Ҳар кадамда кўк пул! “Кўкидан узат!”; “Кўкидан бўлсин?..” Кўк, кўк… Одамлар, ёзувчи-шоирлар “кўк”ка қараб интилди, кўкка талпиндилар. Шу вақтгача кўк, кўм-кўк, деганда ёзувчи-шоирлар кўм-кўк табиатни, кўм-кўк осмонни англар эдилар, ҳис этар этар эдилар. Кўкка-осмонга қараб энтикар эдилар, кўкракларини тўлдириб тўлиб-тошар эдилар, ҳаяжонланар эдилар, илҳом билан жўшиб-жўшиб шеър ёзар эдилар. Кўм-кўк фаслга — баҳорга талпиниб-талпиниб шеър ёзар эдилар. Шоир-ёзувчи унда кўм-кўк баҳор фарзанди эди, қули эди. Унда шоир-ёзувчи кўм-кўк осмон фарзанди эди, қули эди. Кўм-кўк осмон шитир-шитири, шовури — ёмғирига кафт тутиб асар ёзар эди. Ёмғир шовуридан, нафаси номидан ғарқ бўлиб асар битар эди. Ёзувчи-шоир кўм-кўк япроқлар шивир-шивиридан кўм-кўк япроқлар ҳақида тўйиб-тўйиб асар битар эди.
Энди эса… Капитализм келди. Бошқа бир кўк келди, кўм-кўк куч, нарса келди. Кўк, кўк, кўк… Хаёлдаям, ақлдаям, кўнгилдаям-юракдаям пул, пул. Пул бор жойда поэзия қочади. Поэзия пулдан йироқ юради, баланд юради. “Кўк” шамоли, “кўк” истараси… иссиқ! Аммо “кўк” поэзияни олдин сўлдиради, кейин синдиради. Япроқлар кўки поэзияни яшнатади, осмон кўки поэзияни гуллатади. Аммо пулни кўки поэзияни хароб қилади. Ёзувчи-шоир ўзини кўкка-пулга, мансабга, амал-эътиборга ташлаб кетди.
Аммо адабиёт бундай давом этмайди. Боиси, ҳаётни ушлаб турадиган, хаётни олга олиб борадиган катта бир куч бор, ўзгармас бир қудрат бор. Бу — табиат. Табиатнинг ранги кўк, кўм-кўк. Шундай экан, ҳаётни ранги-да кўм-кўк. Ёзувчи-шоир ана шу кўм-кўкликка қайтади. Аср-асрлардан буён ана шундай бўлиб келган. 18-аср, 19-аср, 20-аср… 19-асрни шу кунлари ҳақида Лев Толстой шундай деб эди: “Бунақа замонда шеър ёзиш — қўш ҳайдашга рақс тушиш билан баробар”.
Ёзувчи қандай пайдо бўлади? Ёзувчи йўқликдан, камчиликдан, оч-ночорликдан, мутеликдан, хор-зорликдан пайдо бўлади!
Ёзувчи — қамок, азоб, хўрликдан, эзилишдан пайдо бўлади!
Ёзувчи — бошга тушган қора кунлардан пайдо бўлади. Мана, шу кунларда халқ қийналаяпти, кийим-бош ололмай, қорни тўйиб овқат еёлмай қийналаяпти. Ўтиш даври ҳамиша қийин келган. Эҳтимол, шу кунларни, қора кунларни бошдан кечирган ёш болалар бир кун келиб, катта ёзувчи бўлар? Эҳтимол, ана шу қийин кунлар ўз Жек Лондонини, ўз Абдулла Қодирийини етиштириб берар?
Социализм жамиятида адабиёт бор эди, маданият бор эди, санъат бор эди. Ўз адабиёти бор эди. Барча-барчаси бор эди. Аммо социализм жамиятини ўзини тарихий пойдевори йўк эди, ер қаърига кириб кетган томири, ўзак томири йўқ эди.
Кекса, қадимий чинорлар бўлади. Бу чинорлар томири юз йиллар мобайнида ерни туб-тубига кириб кетади, неча-неча унлаб, жамалак бўлиб, томир отиб кетади. Бу чинорларни қирқиб ташласангиз қуримайди. Тагидан кундалаб ташласа-да, қуримайди. Бир-икки қарич омон қолган танасидан шохлай бошлайди. Таг-туги билан қўпориб ташланса, ўша ердан, жойидан яна ниш уриб чиқади. Боиси, ерни қат-қатида томирлари бор бўлади, шонила-шонила томирлари бор бўлади. Шу боис, чинорлар юз йиллаб умр кўради, чинорлар мангу яшайди. Социализм жамятида ана шундай томирлар йўқ эди. Шу боис, қулаб тушди, томирлари йўқ бўлса, майли эди, бундай қалтис, ҳал қилувчи вазиятда… келажак қўткариши мумкин. Келажакка интилиб, интилиб, талпиниб яшаш мумкин.
Социализмда… келажак ҳам йўқ эди. Социализмнинг камчилиги — коммунизм эди. Коммунизм ўзи эса йўқ нарса, йўқ босқич эди. Шундай қилиб, социализмда томирлар-тарих ҳам йўқ эса, келажак ҳам йўқ эди. Оқибат, иморат мисол ағнаб тушди.
Тарихида-да, келажаги-да йўқ нарса омонат бўлади, ёлғон бўлади, сохта бўлади.
Социализм ҳаёти, даври ана шундай эди.Социализм қулаши билан уни маданияти ҳам, социалистик рализми ҳам қулади.
Социалистик реализм даврида ёзувчи чинакам исканжада қилди, хўрланди, эзилди, ўзини ўзи рамкага солиб асар ёзди. Ўзини қафасда ҳис этиб, ижод қилди. Қафасдаги қуш мисол кун кўрди. Айниқса, диссидент, қинғир фикрловчи номини олди. Қафасдан… социализм дея аталмиш қафасдан дод деди, фиғони фалакка чиқди. Ушбу қафасдан қутулишни орзу қилди. Мана, қутулди. Эркин қуш мисол бўлди. Ана энди эркин қуш мисол эркин парвоз этса бўлади, ана энди эркин ижод этса бўлади. Тўрт томони қибла!
Аммо барчаси… ўчиб қолди! Нега?
Менингча, буни иккита сабаби бор. Биринчи сабаб — социализм бир сохта қолип эди, ёлғон бир тузум эди. Масалан, бир одам улуғланса, яхши дейилса, бўлди, шу одам кўкка кўтарилар эди, улуғланар эди. Орден кетидан орден, унвон кетидан унвон берилар эди. У одам ҳамиша уй туридан жой олар эди. У одамга гард юқтирилмас эди. У одам мисоли фаришта эди. У одам ижобий қаҳрамон эди, ижобий эди. Борди-ю, тағин бир одам қораланса… бўлди: у бошдан-оёқ қора эди, ёмон эди. Нимаики ёмон гап бор бўлса, шу одамга туфлаб ёпиштирилар эди. У салбий қаҳрамон эди, салбий эди.
Социализм, социалистик реализм қоидалари, талаблари ҳам ана шундай эди. Жамият бўлса, ундаги маънавий, маданий, ахлоқий-руҳий талаб-қоидалар ҳам шундай бўлади. Социалистик реализм методи хам шундай талабдан пайдо бўлди. Социалистик реализм-социализм жамиятининг талаб, йўналиш, маънавий методларидан бири бўлди.
Ёзувчилар ана шу социалистик реализм методи қули бўлди, қўғирчоғи бўлди. Социализм қоралаган одамни ёзувчи ҳам қоралади. Макондан ташқарида яшаб бўлмайди! Ёзувчи учун яхши-ёмонни социализм белгилаб берди, ёзувчи учун оқ-қорани социализм кўрсатиб берди. Ҳатто, махсус партиявий бўйруқ-кўрсатмалар билан белигилаб берди, партиявий программалар билан белгилаб берди.
Шу боис, социализмда ёзувчи уруғи кўпайиб кетди. Осмондан таёқ тушса, ёзувчи бошига, устига тушди. Чунки социализмда асар яратиш, бундай жамиятда асар ёзиш осон эди. Яна тағин, социализм ёзувчини иқтисодий таъминлаб турур эди, ёзувчини уй-жойлар, боғлар билан таъминлаб турур эди. Ёзувчиларнинг сўзи ардоқда эди, ёзувчини ўзи ундан-да ардоқда эди.
Мана, ўзбек ёзувчисини … ёзувчи бўлиш йўли, улғайиш йўли: мактабда эртаклар, достонлар, ғадир-будир тил билан таржима қилинган таржима китобларини ўқийди. Ёзувчи бўлгиси келиб, туман газетасига хабар, лавҳалар ёзади, барчасини тўплайди. Хаваскор қаламкаш ёзувчи бўлиш учун журналистика ё филология факультетига ўқишга киради. Қўлига тушган китобни ўқийди, ўқиб, изланади. Ўзича ҳикоялар машқ қилади. Ўқишни битириб, ёзувчи бўлиш учун матбуотга ишга киради. Бўлди, шу билан ўқиб-изланиш тугайди. Энди, бўлажак ёзувчи кўтарилиш йўлини қилади. Кичик муҳаррир, катта муҳаррир, масъул котиб, бош муҳаррир… Шу ўсиб-улғайиш даврида вақти бўлса, асар ёзиб туради. Ўқиб-изланиш учун эса… вақт йўқ! Ана шу вақти бўлганда ёзган асари кўкларга кўтарилиб мақталади, мукофотланади. Боиси, у бош муҳаррир! Кейин, тағин мансаб-мартаба сари интилади. Ёзувчилар уюшмасида ишлайди, марказий партия комитетига кўтарилади. Ораларида ижод қилиб ҳам туради. Ўқиб-изланиш эса… йўқ. Эртадан кечгача мартаба-мансаб дарди, қайғуси, югуриб елишлари. Ёзувчида ҳамон ўқиб-изланиш йўқ. Ёзувчи ҳамон мактаб, олий ўкув юрти, талабалигида ўқиб-ўрганган изланишлари куч-қудрати билан ижод қилади. Яъни, достон ёки асари қандай бадиий савияда, даражада бўлса, унинчи асари ҳам ана шундай даражада бўлади. Талабалик йиллари топган бадиий даражаси билан ижод қилади. Боиси, ўқиб-изланиш йўқ. Эртадан кечгача мансаб-мартаба… яна-тағин тирикчилик ташвишлари…
Тўқсон олти ўзбек ёзувчисининг ёзувчилик ижод йўли ана шундай. Оқибат, ўзбек ёзувчисида адабий-бадиий пойдевор йўқ. Адабий-бадиий томири йўқ. Адабий-бадиий пойдевор ана шу чинор танасига ўхшайди. уни қиркиб ташласа, барибир ўсиб чиқади. Ўзбек адабиёти-да ана шу кўтариб ташласа-да қуримайдиган, барибир бир кунмас — бир кун ўниб чиқадиган томир йўқ. Чунки улар олий ўқув юртини битирибоқ ўқиб-изланишни тугатган.
Ўқиб-изланиш бу — пойдевор демак, теран томир демак. Ички куч-қудрат булоққа ўхшайди. Булоқни йўлида қанақа қийинчилик бўлмасин, барибир отилиб чиқади. Чунки булоқда ички куч-қудрат бор, пойдевор бор. Бу повдевор йиллар мобайнида тўпланиб, йиғилиб, қудратли кучга айланиб қолади. Уни ҳеч қандай тўсиқ, қийинчилик тўхтата олмайди. Бу куч-қудрат кўп йиллар оқими саналади.
Афсуски, ўзбек адабиёти-да ана шу ички қудрат — пойдевор йўқ.
Ижодий йўлни ана шу пойга йўлига ўхшатаман. Ёзувчини ана шу пойгачиларга ўхшатаман.
Камбағал бўлсанг, кўчиб боқ, дейдилар. Қайта қурувчи, ўтиш даври – бир даврдан иккинчи даврга ўтиш, кўчиб ўтиш демакдир. Ўзбек адиблари совет давридан демократия даврига кўчиб ўтаётиб, қарасалар… қип-қизил, шип-шийдом эканлар. Қўлга илашадиган нарсалар кам экан. Бировларда деярли олиб ўтадиган бисотлари деярли йўқ экан. Борини ҳам эски-туски, қаланғи-қасанғи, бўш-баёв, янги, демократия даврига тўғри келмайдиган, ярамайдиган бисот, нарсалар экан. На илож, бисотларини эски совет даврида қолдириб, ташлаб келдилар. Оқибат, ялонғоч қирол бўлиб қолдилар.
* * *
Тошкентда яшаётганимдан буён илк маротаба ўзим ҳақимда ўйладим: “Мен ўзи Тошкентда нима қилиб юрибман? Сурхонда тайёр уй, боғларимни ташлаб, ота-онам, уруғ-аймоқларимни ташлаб, нега Тошкент-да дайдиб юрибман? Ёзувчи бўлмоқчимидим? Қани, ёзувчи бўлганим? Беш-олтита ҳикоями? Бу ҳикоялар ёзувчи бўлди, деган гап эмас. Бу ҳикоялар шунчаки машқлар. Йўқ, ким эканлигимни, ким бўлмоқчи эканлигимни бир кўрсатиб қўйишим керак”.
* * *
Мен музейни томоша қилмишдай “Ойдинда юрган одамлар”ни томоша қилдим. Мен Рембрандт картиналарини томоша қилмишдай “Ойдинда юрган одамлар”ни томоша қилдим. “Ўаёт бор экан, “Ойдинда юрган одамлар” ҳам бўлади, — дея яшнадим. — Ўзбек халқи ҳаёт экан, “Ойдинда юрган одамлар” ҳам ҳаётдир”.
* * *
“Отамдан қолган далалар” олти юз (600) бетдан ошиқ эди. Мен уни уч юз (300) бетга қисқартириб туширдим. “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” беш юз (500) бетлар эди, мен уни икки юз эллик (250) бетга туширдим. Ўз қўлим билан қайчиладим. Йиллар давомида яратган, пешона тери тўкиб яратган меҳнатим самарасини ўз қўлим билан йўқ қилдим. Кўнглим… увишиб кетди. Кўнглим… ачишиб кетди. Кўкрагим остида бир нима ўпирилиб тушгандай бўлди…
* * *
Асарларим қисқа-қисқа бўлиб қолди, жажжи-жажжи бўлиб қолди. Рубоий мисол бўлиб қолди, уч минутлик қўшиқ мисол бўлиб қолди. Бир дақиқалик табассум мисол бўлиб қолди. Икки дона маржон кўз ёш мисол бўлиб қолди. Бир зарблик, нафаслик ҳайқириқ мисол бўлиб қолди.
Билмадим, бундай, бу қабил жажжи санъат қанча умр кўради? Билмадим, бу қабил бадиий санъат кўзга кўринмай, бир бурчакда қолиб кетмасмикин? Бу мисол бадиий адабиёт, асар(ни) бешафқат вақт шамоли учириб кетадими, билмадим, билмадим…
* * *
Яна тағин, менда… салом-аликни мазаси йўқ. Дуч келган одамга салом бергим келмайди. Бўлган-бўлмаганга салом-алик қилавергим келмайди. Нотаниш одамларга салом бергим келмайди. Айниқса… ёмон кўрган одамлар билан мутлақо саломлашгим келмайди. Айниқса… ғанимларимга қўл узатгим келмайди. Чин-да, ҳаммага салом бераверсангиз… салом чидайдими? Салом — дил-изҳори. Салом — кўнгил майли. Салом— шахсни тан олиш. Салом — бир шахсни иккинчи бошқа бир шахс томонидан тан олиниши. Шу боис, саломни эҳтиёт қилиш керак. Саломни иқтисод (қилиш), тежаш керак.
* * *
В. Розанов айтганидай, ёзувчилик сири — кўнгилдаги мангу ва ихтиёрсиз музикадан иборат. Агарда кўнгилда ана шу музика янграмас экан, киши фақат «ўзидан ёзувчи ясайди». Лекин у ёзувчи бўлмайди…
* * *
Истеъдодлар бир-бирига соя солиб қўймаслик учун ёлғизликда улғаядилар, довруғ соладилар.
Ёзувчи тириклигида унинг ҳаётидан нуқсон излайдилар. Ёзувчи дунёдан кетгач, ундан фақат фазилат излайдилар.
* * *
Пушкин айтганидай, аниқлик ва қисқалик – прозанинг биринчи унсурларидандир. Айни шу унсурлар фикр ва яна… фикрни талаб қилади – уларсиз гўзал ташбеҳлару ифодалар ҳеч нимага арзимайди.
* * *
Аёлнинг қудрати – эркакнинг бўшлигида.
* * *
Дунё… ҳаёт гўзал эмас… гўзал бўлганида эди, адабиёт бўлмас эди.
* * *
Сулаймоннинг «Ҳикматлар»и да шундай дейилади: «Бор кучинг билан қалбингни асра!»
* * *
Фосиқнинг сўқмоқларидан юрма;
Ҳатто назар солма,
Ёнидан ҳам ўтма,
Қайрилиб ҳам боқма.
* * *
Бернард Шоу: «Ҳеч нарсага ишонмаган одам ҳамма нарсадан қўрқади».
Шон-шуҳрат ана шу ароққа ўхшайди. Юз грамм ичса, тағин юз-юз грамм ичсам, дейди. Шуҳрат кетидан шуҳрат… Кун сайин шон-шуҳрат, йил сайин шон-шуҳрат… Охири бориб, ароқнинг куни келади – йиқитади.
* * *
Кимки камтар бўлса, камсуқум бўлса, андишани отини қўрқоқ қўяди…
Тоғ бетида қўйқушоқ деган бети бор. Бош чўққисидан этагироқда. Қўйқўтон деса-да бўлади. Қўйқўтонга ўхшаб чўзилиб кетган. Қор тушмаган ери одам изига ўхшаб кетади. Қўйқушоқ олисдан тор кўринган билан аслида катта, кенг.
Ана шу қўйқушоқни қор босса, қор мўл бўлган бўлади.
Қўйқушоқ очиқ қолган бўлса, қор турмаса… шу йил сув кам бўлади.
* * *
Баҳор — қуёш кулган кун.
* * *
Қиз болани тили ўғил болани тилидан олдин чиқади.
* * *
Тошкентда… салом-алик, кўришиш-сўрашишлар, муомалалар, мулозаматлар… бир хил кечади! Кўчалар, уйлар, транспортлар, магазинлар, идоралар… қандай бир хил бўлса, салом-алик….лар ҳам шундай бир хил!
* * *
«Йўқ», дейишни ўрган. Ҳаммага бирдай ёқиш – мушкул иш. Бу иш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди ва оқибат муҳим ишларни бажаришда кишида куч қолмайди.
* * *
Итальян мутафаккири Николо Макиавелли айтганидай, тил инсонга ўз фикрларини яшириш учун берилгандир.
Jahon internet tizimining o‘zbek tarmog‘i yana bir ezgu sahifa bilan boyidi. Kuni-kecha O‘zbekiston xalq yozuvchisi Tog‘ay Murodga bag‘ishlangan veb-sahifa ish boshladi. Veb-sahifadan o‘rin olgan atoqli adib kundaliklaridan olingan iqtibosni diqqatingizga taqdim qilar ekanmiz, sayt mas’ullariga ham minnatdorlik, ham omad tilab qolamiz
Tog‘ay MUROD
KUNDALIK DAFTARDAN
Ma’suma Ahmedova tayyorladi
ILMIY-TЕXNIKA TARAQQIYOTI HAQIDA O‘YLAR
O‘zbek adabiyoti… xalq og‘zaki ijodidan bino bo‘lgan. O‘z oti o‘zi bilan – og‘zaki ijod. Asar og‘izda yaratilgan. Tilda yaratilgan. Asar og‘izdan til orqali chiqib, har yoqqa tarqab-tarqab ketgan. Og‘izdan chiqqanni ko‘z bilan tutib bo‘lmaydi, tokchaga chiq(ar)ib bo‘lmaydi. Birpasda havoga uchib ketadi, so‘ng havoda yo‘q bo‘lib ketadi. Eshitgan eshitib qolgan, eshitmagan savodsiz qolgan. Eshitganlarini yodda saqlab qololganlar ilg‘or, ziyoli bo‘lgan, eslab qololmaganlar avom xalq bo‘lib qolgan. Shu boisdan ham o‘zbek xalq qo‘shiqlari, o‘zbek xalq dostonlarini xizmati ulkan, beqiyos bo‘lgan. O‘zbeklar ana shu qo‘shiqlar, ana shu dostonlarni eshitib… xalq bo‘lgan! Ulg‘ayib-o‘sgan, bir joyga jam bo‘lgan… Aniq bir ko‘rinishga ega bo‘lgan.
Keyin yozma adabiyot paydo bo‘ladi. O‘z oti o‘zi bilan yozma. Harflardan iborat adabiyot. Satrlardan iborat adabiyot. Sahifalardan iborat adabiyot. Ko‘z bilan ko‘rsa bo‘ladigan adabiyot, qo‘l bilan ushlasa bo‘ladigan adabiyot.
Har bir asrni o‘ziga yarasha sivilizatsiyasi bo‘ladi. Har bir zamonni o‘zibop sivilizatsiyasi bo‘ladi. Ammo asl sivilizatsiya yozma madaniyatdan keyin keladi. Tom ma’nodagi sivilizatsiya yozma madaniyatdan paydo bo‘ladi.
Masalan, xalq baxshilari o‘z zamonlarini ilg‘or zotlari bo‘lgan, ammo ular o‘z otlarini yoza olmagan. Ya’ni, o‘z fikr-mulohazalarini, dostonlarini yozma ravishda ifoda eta olmagan. Ular kuylab o‘tgan dostonlar(ni) eshitish dunyomizni nafaqat tuyg‘ular bilan boyit(a)di, nafis his-xayollar bilan to‘ldir(a)di. Ruhiyatimizni go‘zal ham ezgu tuyg‘ular bilan sug‘oradi. Borlig‘imizni ma’naviy ham madaniy barkamol etadi. Ammo bu tuyg‘ular havoyi tuyg‘ulardir. Bir lahzalik tuyg‘u, his-hayajonlardir. Bu tuyg‘ular ko‘p yashamaydi, bir lahzada yo‘q bo‘lib ketadi. Og‘izdan chiqqan tovush, ovoz kabi o‘chib qoladi. Ammo og‘zaki sivilizatsiya… aql-zakovatni boyitmaydi, fahm-farosatni o‘tkir etmaydi. Aqliy barkamollikka olib bormaydi. Belinskiy aytganiday,”Poeziya – erkin inson so‘zida ifodalanadi, so‘z esa – ham kartina, ham aniq va ravshan aytilgan tasavvurdir”.
Dunyoviy mantiq asosan… so‘zda o‘z aksini topadi. Ya’ni, harflarda(n bino) bo‘ladi. Qator-qator harflarda(n bino) bino bo‘ladi. (Kitoblar ana shunday bino bo‘ldi).
ULKAN BOYLIK
Xat-savodli kishilar (ziyolilar) faqat kitob o‘qir edilar. Magazinlarda kitob qolmas edi. Kishilar (kitoblarni) sotib olib (qo‘yar)kelardilar. Magazinlardan topolmagan kitoblarini…qora, chayqov bozoridan izlab topar edi(lar). (Ziyoli) qimmat bo‘lsa-da, kitob sotib olar edi. Shu kitobni o‘qir edi. O‘zgalar bilan shu kitob haqida suhbatlashar edi, bahslashar edi. Keyin shu kitoblarini uyidagi tokchaga qator qilib tizib, terib qo‘yar edi. Kelgan-ketganlarga ana shu kitoblarini ko‘z-ko‘z etar edi. O‘zining ulkan boyligi sifatida saqlar edi. Ana shu kitoblarini qayta-qayta o‘qir edi.
O‘zi, odatda, eng noyob bisot-narsalar qora bozorga chiqadi. Juda qadr-qimmatli narsalar qora bozorda bo‘ladi. Qora bozorda ikki-uch barobar qimmat narxda sotiladi.
Men qora bozorda kostyum-shimdan qimmat narxda sotilgan kitoblarni ko‘rdim. Yapon televizorlaridan ham qimmat, kaftday-kaftday kitob(lar)ni ko‘rib edim. Ko‘zimni chirt yumib, shu qimmatbaho kitoblarni (sotib) olib o‘qib edim.
Odamlar, ayniqsa, yoshlar ertayu kech televizor ko‘radi. Televizorga qarab… ovqat yeydi, televizorga qarab… uxlaydi, dam oladi.
Ular (yoshlar) qanday qilib insho yozadi, diktant yozadi? Ular Navoiy she’riyatini tushunmay o‘tirsalar, Bobur she’riyatiga uzzukun termilib, (tushunmay) o‘tirsalar… Ular shundan keyin (albatta) Bobur (avlodlari) kimligini bilmaydilar. Ular tilni bilmaydilar. (Axir) ular telereklamalarga tikilib o‘tiradilar. Reklamalar esa… oldi-qochdi, savdo-sotiq so‘zlardan iborat.
Televizor – bir quti. Mashina-quti. U qanday yaratilgan? Olimlar kitob o‘qib-o‘qib, televideniyeni yaratdi. Kitob yaratib-yaratib, televideniyeni o‘ylab topdi. Ya’ni, televideniyeni kitob yaratdi. Barcha texnikalar kitob mahsuli. Yozma madaniyat, san’at mahsuli. Yozma harflar mahsuli. Yozma harflardan kitob bo‘lmasa edi, sivilizatsiya bo‘lmas edi. Biz ana shu poydevorimizdan olislab ketayapmiz. (Kitobga qaytish, adabiyotga da’vat etish payti keldi).
Anna Axmatova muhabbatni: “yilning… beshinchi fasli”, deya ataydi. Belinskiy: ”Muhabbat — tabiati yaqin bo‘lgan ikki zotning bir-birlariga qovushib, cheksiz zavqlar topmog‘idir”.
YOZUVCHI O‘LGANDA TINADI!
Bilasizmi, 19-asrning oxirlarida Chor Rossiyasida kapitalizm barq urib, gullab-yashnab edi. Ayniqsa, 80-90-yillardan boshlab kapitalizm bor bo‘yi bilan gullab-yashnadi. Kapitalizm nima o‘zi? Pul, pul, yana pul. Ko‘k pul! Har kadamda ko‘k pul! “Ko‘kidan uzat!”; “Ko‘kidan bo‘lsin?..” Ko‘k, ko‘k… Odamlar, yozuvchi-shoirlar “ko‘k”ka qarab intildi, ko‘kka talpindilar. Shu vaqtgacha ko‘k, ko‘m-ko‘k, deganda yozuvchi-shoirlar ko‘m-ko‘k tabiatni, ko‘m-ko‘k osmonni anglar edilar, his etar etar edilar. Ko‘kka-osmonga qarab entikar edilar, ko‘kraklarini to‘ldirib to‘lib-toshar edilar, hayajonlanar edilar, ilhom bilan jo‘shib-jo‘shib she’r yozar edilar. Ko‘m-ko‘k faslga — bahorga talpinib-talpinib she’r yozar edilar. Shoir-yozuvchi unda ko‘m-ko‘k bahor farzandi edi, quli edi. Unda shoir-yozuvchi ko‘m-ko‘k osmon farzandi edi, quli edi. Ko‘m-ko‘k osmon shitir-shitiri, shovuri — yomg‘iriga kaft tutib asar yozar edi. Yomg‘ir shovuridan, nafasi nomidan g‘arq bo‘lib asar bitar edi. Yozuvchi-shoir ko‘m-ko‘k yaproqlar shivir-shiviridan ko‘m-ko‘k yaproqlar haqida to‘yib-to‘yib asar bitar edi.
Endi esa… Kapitalizm keldi. Boshqa bir ko‘k keldi, ko‘m-ko‘k kuch, narsa keldi. Ko‘k, ko‘k, ko‘k… Xayoldayam, aqldayam, ko‘ngildayam-yurakdayam pul, pul. Pul bor joyda poeziya qochadi. Poeziya puldan yiroq yuradi, baland yuradi. “Ko‘k” shamoli, “ko‘k” istarasi… issiq! Ammo “ko‘k” poeziyani oldin so‘ldiradi, keyin sindiradi. Yaproqlar ko‘ki poeziyani yashnatadi, osmon ko‘ki poeziyani gullatadi. Ammo pulni ko‘ki poeziyani xarob qiladi. Yozuvchi-shoir o‘zini ko‘kka-pulga, mansabga, amal-e’tiborga tashlab ketdi.
Ammo adabiyot bunday davom etmaydi. Boisi, hayotni ushlab turadigan, xayotni olga olib boradigan katta bir kuch bor, o‘zgarmas bir qudrat bor. Bu — tabiat. Tabiatning rangi ko‘k, ko‘m-ko‘k. Shunday ekan, hayotni rangi-da ko‘m-ko‘k. Yozuvchi-shoir ana shu ko‘m-ko‘klikka qaytadi. Asr-asrlardan buyon ana shunday bo‘lib kelgan. 18-asr, 19-asr, 20-asr… 19-asrni shu kunlari haqida Lev Tolstoy shunday deb edi: “Bunaqa zamonda she’r yozish — qo‘sh haydashga raqs tushish bilan barobar”.
Yozuvchi qanday paydo bo‘ladi? Yozuvchi yo‘qlikdan, kamchilikdan, och-nochorlikdan, mutelikdan, xor-zorlikdan paydo bo‘ladi!
Yozuvchi — qamok, azob, xo‘rlikdan, ezilishdan paydo bo‘ladi!
Yozuvchi — boshga tushgan qora kunlardan paydo bo‘ladi. Mana, shu kunlarda xalq qiynalayapti, kiyim-bosh ololmay, qorni to‘yib ovqat yeyolmay qiynalayapti. O‘tish davri hamisha qiyin kelgan. Ehtimol, shu kunlarni, qora kunlarni boshdan kechirgan yosh bolalar bir kun kelib, katta yozuvchi bo‘lar? Ehtimol, ana shu qiyin kunlar o‘z Jek Londonini, o‘z Abdulla Qodiriyini yetishtirib berar?
O‘tish davri — urush davri… Hozir urush emas, tinchlikka o‘tish davri. Tinch o‘tish davrida kapital, pul, ayniqsa, ko‘k pul… zambarak bo‘lib otiladi, otadi, gumburlaydi. Hayotni jumbushga keltiradi, turmushni zir titratadi, quloqni shang‘illlatadi, ko‘ngil o‘ynatadi, boshni aylantiradi, es-hushni oldi.
Ko‘k pul otilsa, ijod, ilhom sukut saqlaydi!
Sotsializm jamiyatida adabiyot bor edi, madaniyat bor edi, san’at bor edi. O‘z adabiyoti bor edi. Barcha-barchasi bor edi. Ammo sotsializm jamiyatini o‘zini tarixiy poydevori yo‘k edi, yer qa’riga kirib ketgan tomiri, o‘zak tomiri yo‘q edi.
Keksa, qadimiy chinorlar bo‘ladi. Bu chinorlar tomiri yuz yillar mobaynida yerni tub-tubiga kirib ketadi, necha-necha unlab, jamalak bo‘lib, tomir otib ketadi. Bu chinorlarni qirqib tashlasangiz qurimaydi. Tagidan kundalab tashlasa-da, qurimaydi. Bir-ikki qarich omon qolgan tanasidan shoxlay boshlaydi. Tag-tugi bilan qo‘porib tashlansa, o‘sha yerdan, joyidan yana nish urib chiqadi. Boisi, yerni qat-qatida tomirlari bor bo‘ladi, shonila-shonila tomirlari bor bo‘ladi. Shu bois, chinorlar yuz yillab umr ko‘radi, chinorlar mangu yashaydi. Sotsializm jamyatida ana shunday tomirlar yo‘q edi. Shu bois, qulab tushdi, tomirlari yo‘q bo‘lsa, mayli edi, bunday qaltis, hal qiluvchi vaziyatda… kelajak qo‘tkarishi mumkin. Kelajakka intilib, intilib, talpinib yashash mumkin.
Sotsializmda… kelajak ham yo‘q edi. Sotsializmning kamchiligi — kommunizm edi. Kommunizm o‘zi esa yo‘q narsa, yo‘q bosqich edi. Shunday qilib, sotsializmda tomirlar-tarix ham yo‘q esa, kelajak ham yo‘q edi. Oqibat, imorat misol ag‘nab tushdi.
Tarixida-da, kelajagi-da yo‘q narsa omonat bo‘ladi, yolg‘on bo‘ladi, soxta bo‘ladi.
Sotsializm hayoti, davri ana shunday edi.Sotsializm qulashi bilan uni madaniyati ham, sotsialistik ralizmi ham quladi.
Sotsialistik realizm davrida yozuvchi chinakam iskanjada qildi, xo‘rlandi, ezildi, o‘zini o‘zi ramkaga solib asar yozdi. O‘zini qafasda his etib, ijod qildi. Qafasdagi qush misol kun ko‘rdi. Ayniqsa, dissident, qing‘ir fikrlovchi nomini oldi. Qafasdan… sotsializm deya atalmish qafasdan dod dedi, fig‘oni falakka chiqdi. Ushbu qafasdan qutulishni orzu qildi. Mana, qutuldi. Erkin qush misol bo‘ldi. Ana endi erkin qush misol erkin parvoz etsa bo‘ladi, ana endi erkin ijod etsa bo‘ladi. To‘rt tomoni qibla!
Ammo barchasi… o‘chib qoldi! Nega?
Meningcha, buni ikkita sababi bor. Birinchi sabab — sotsializm bir soxta qolip edi, yolg‘on bir tuzum edi. Masalan, bir odam ulug‘lansa, yaxshi deyilsa, bo‘ldi, shu odam ko‘kka ko‘tarilar edi, ulug‘lanar edi. Orden ketidan orden, unvon ketidan unvon berilar edi. U odam hamisha uy turidan joy olar edi. U odamga gard yuqtirilmas edi. U odam misoli farishta edi. U odam ijobiy qahramon edi, ijobiy edi. Bordi-yu, tag‘in bir odam qoralansa… bo‘ldi: u boshdan-oyoq qora edi, yomon edi. Nimaiki yomon gap bor bo‘lsa, shu odamga tuflab yopishtirilar edi. U salbiy qahramon edi, salbiy edi.
Sotsializm, sotsialistik realizm qoidalari, talablari ham ana shunday edi. Jamiyat bo‘lsa, undagi ma’naviy, madaniy, axloqiy-ruhiy talab-qoidalar ham shunday bo‘ladi. Sotsialistik realizm metodi xam shunday talabdan paydo bo‘ldi. Sotsialistik realizm-sotsializm jamiyatining talab, yo‘nalish, ma’naviy metodlaridan biri bo‘ldi.
Yozuvchilar ana shu sotsialistik realizm metodi quli bo‘ldi, qo‘g‘irchog‘i bo‘ldi. Sotsializm qoralagan odamni yozuvchi ham qoraladi. Makondan tashqarida yashab bo‘lmaydi! Yozuvchi uchun yaxshi-yomonni sotsializm belgilab berdi, yozuvchi uchun oq-qorani sotsializm ko‘rsatib berdi. Hatto, maxsus partiyaviy bo‘yruq-ko‘rsatmalar bilan beligilab berdi, partiyaviy programmalar bilan belgilab berdi.
Shu bois, sotsializmda yozuvchi urug‘i ko‘payib ketdi. Osmondan tayoq tushsa, yozuvchi boshiga, ustiga tushdi. Chunki sotsializmda asar yaratish, bunday jamiyatda asar yozish oson edi. Yana tag‘in, sotsializm yozuvchini iqtisodiy ta’minlab turur edi, yozuvchini uy-joylar, bog‘lar bilan ta’minlab turur edi. Yozuvchilarning so‘zi ardoqda edi, yozuvchini o‘zi undan-da ardoqda edi.
Favqulodda… ana shu sotsializm tugadi, sotsialistik realizmda (asar) yaratish tugadi. Yozuvchi boshi berik ko‘chada qoldi. Nima kilishini, nima asar yozishini bilmay koldi. Orqaga qaytay desa, orqada hech nima yo‘q, bo‘m-bo‘sh — sotsializm yo‘q. Olg‘a boray besa, oldin-da bo‘m-bo‘sh! Orzu qilinmish… kommunizm yo‘q! Yozuvchi arosatda qoldi, yozuvchi muallaq qoldi! Yozuvchi sifatida yozmasa bo‘lmaydi. Nimani yozadi? Kim haqida yozadi? Yozuvchi bilmay qoldi, bilmay qoldi!
Ikkinchi sabab… bosh sabab! Fojiali sabab!
Mana, o‘zbek yozuvchisini … yozuvchi bo‘lish yo‘li, ulg‘ayish yo‘li: maktabda ertaklar, dostonlar, g‘adir-budir til bilan tarjima qilingan tarjima kitoblarini o‘qiydi. Yozuvchi bo‘lgisi kelib, tuman gazetasiga xabar, lavhalar yozadi, barchasini to‘playdi. Xavaskor qalamkash yozuvchi bo‘lish uchun jurnalistika yo filologiya fakultetiga o‘qishga kiradi. Qo‘liga tushgan kitobni o‘qiydi, o‘qib, izlanadi. O‘zicha hikoyalar mashq qiladi. O‘qishni bitirib, yozuvchi bo‘lish uchun matbuotga ishga kiradi. Bo‘ldi, shu bilan o‘qib-izlanish tugaydi. Endi, bo‘lajak yozuvchi ko‘tarilish yo‘lini qiladi. Kichik muharrir, katta muharrir, mas’ul kotib, bosh muharrir… Shu o‘sib-ulg‘ayish davrida vaqti bo‘lsa, asar yozib turadi. O‘qib-izlanish uchun esa… vaqt yo‘q! Ana shu vaqti bo‘lganda yozgan asari ko‘klarga ko‘tarilib maqtaladi, mukofotlanadi. Boisi, u bosh muharrir! Keyin, tag‘in mansab-martaba sari intiladi. Yozuvchilar uyushmasida ishlaydi, markaziy partiya komitetiga ko‘tariladi. Oralarida ijod qilib ham turadi. O‘qib-izlanish esa… yo‘q. Ertadan kechgacha martaba-mansab dardi, qayg‘usi, yugurib yelishlari. Yozuvchida hamon o‘qib-izlanish yo‘q. Yozuvchi hamon maktab, oliy o‘kuv yurti, talabaligida o‘qib-o‘rgangan izlanishlari kuch-qudrati bilan ijod qiladi. Ya’ni, doston yoki asari qanday badiiy saviyada, darajada bo‘lsa, uninchi asari ham ana shunday darajada bo‘ladi. Talabalik yillari topgan badiiy darajasi bilan ijod qiladi. Boisi, o‘qib-izlanish yo‘q. Ertadan kechgacha mansab-martaba… yana-tag‘in tirikchilik tashvishlari…
To‘qson olti o‘zbek yozuvchisining yozuvchilik ijod yo‘li ana shunday. Oqibat, o‘zbek yozuvchisida adabiy-badiiy poydevor yo‘q. Adabiy-badiiy tomiri yo‘q. Adabiy-badiiy poydevor ana shu chinor tanasiga o‘xshaydi. uni qirkib tashlasa, baribir o‘sib chiqadi. O‘zbek adabiyoti-da ana shu ko‘tarib tashlasa-da qurimaydigan, baribir bir kunmas — bir kun o‘nib chiqadigan tomir yo‘q. Chunki ular oliy o‘quv yurtini bitiriboq o‘qib-izlanishni tugatgan.
Yozuvchi bormi, umr bo‘yi o‘qib-izlanishi kerak. Yozuvchi pensiyaga chiqmaydi. Yozuvchi o‘lganda tinadi!
O‘qib-izlanish bu — poydevor demak, teran tomir demak. Ichki kuch-qudrat buloqqa o‘xshaydi. Buloqni yo‘lida qanaqa qiyinchilik bo‘lmasin, baribir otilib chiqadi. Chunki buloqda ichki kuch-qudrat bor, poydevor bor. Bu povdevor yillar mobaynida to‘planib, yig‘ilib, qudratli kuchga aylanib qoladi. Uni hech qanday to‘siq, qiyinchilik to‘xtata olmaydi. Bu kuch-qudrat ko‘p yillar oqimi sanaladi.
Afsuski, o‘zbek adabiyoti-da ana shu ichki qudrat — poydevor yo‘q.
O‘zbek adabiyotini tilida bor, qalbida hech vaqo yo‘q!
Qayta qurish davri, o‘tish davri… Buni nimasi muammo, nimasi qiyin? Urush davrida buyuk-buyuk asarlar yaratilgan. Ocharchilik yillarida buyuk-buyuk asarlar yaratilgan. Qamoqxonlarda buyuk asarlar yaratilgan.
Yo‘g‘on cho‘zildi, ingichka uzil, deydilar. O‘tish, qayta qurish davri ana shunday davr.
O‘zbek adabiyoti ingichka ekan, uzildi-qoldi.
Yozuvchi, adiblar ijodiy yo‘lini, umrini, hayotini, olis masofaga yugurish poygasiga o‘xshatgim keladi. Marofon poygasi yo‘liga o‘xshatgim keladi. Poyga yo‘lagida bo‘ylab chopib boruvchi poygachilarga o‘xshatgim keladi. Bunday olis masofa poygasida oldindan, azaldan puxta, pishiq mashq qilgan, mashq olgan, suyagi shunday poygada qotgan, ya’ni poydevori pishiq, beli baquvvat, poydevori zaminli poygachi so‘nggi marraga yugurib boraveradi. Yoshligida shunchaki besh-olti mashq olgan, shunchaki orzu-havas bilan yo‘lga chiqqan poygachilar esa yo‘l-yo‘lakay arosatda qolib ketaberadi. Birov o‘pkasi to‘lib qolib ketadi. Birovi irodasi yetmay-yetmay qolib ketadi. Birovi kuch-qudrati yetmay qoladi, birov turli-tuman bahonalar topib qolib ketadi.
O‘zbek adiblari ana shu poygachilarga o‘xshaydi.
Ijodiy yo‘lni ana shu poyga yo‘liga o‘xshataman. Yozuvchini ana shu poygachilarga o‘xshataman.
Kambag‘al bo‘lsang, ko‘chib boq, deydilar. Qayta quruvchi, o‘tish davri – bir davrdan ikkinchi davrga o‘tish, ko‘chib o‘tish demakdir. O‘zbek adiblari sovet davridan demokratiya davriga ko‘chib o‘tayotib, qarasalar… qip-qizil, ship-shiydom ekanlar. Qo‘lga ilashadigan narsalar kam ekan. Birovlarda deyarli olib o‘tadigan bisotlari deyarli yo‘q ekan. Borini ham eski-tuski, qalang‘i-qasang‘i, bo‘sh-bayov, yangi, demokratiya davriga to‘g‘ri kelmaydigan, yaramaydigan bisot, narsalar ekan. Na iloj, bisotlarini eski sovet davrida qoldirib, tashlab keldilar. Oqibat, yalong‘och qirol bo‘lib qoldilar.
* * *
Toshkentda yashayotganimdan buyon ilk marotaba o‘zim haqimda o‘yladim: “Men o‘zi Toshkentda nima qilib yuribman? Surxonda tayyor uy, bog‘larimni tashlab, ota-onam, urug‘-aymoqlarimni tashlab, nega Toshkent-da daydib yuribman? Yozuvchi bo‘lmoqchimidim? Qani, yozuvchi bo‘lganim? Besh-oltita hikoyami? Bu hikoyalar yozuvchi bo‘ldi, degan gap emas. Bu hikoyalar shunchaki mashqlar. Yo‘q, kim ekanligimni, kim bo‘lmoqchi ekanligimni bir ko‘rsatib qo‘yishim kerak”.
* * *
Men muzeyni tomosha qilmishday “Oydinda yurgan odamlar”ni tomosha qildim. Men Rembrandt kartinalarini tomosha qilmishday “Oydinda yurgan odamlar”ni tomosha qildim. “O‘ayot bor ekan, “Oydinda yurgan odamlar” ham bo‘ladi, — deya yashnadim. — O‘zbek xalqi hayot ekan, “Oydinda yurgan odamlar” ham hayotdir”.
* * *
“Otamdan qolgan dalalar” olti yuz (600) betdan oshiq edi. Men uni uch yuz (300) betga qisqartirib tushirdim. “Bu dunyoda o‘lib bo‘lmaydi” besh yuz (500) betlar edi, men uni ikki yuz ellik (250) betga tushirdim. O‘z qo‘lim bilan qaychiladim. Yillar davomida yaratgan, peshona teri to‘kib yaratgan mehnatim samarasini o‘z qo‘lim bilan yo‘q qildim. Ko‘nglim… uvishib ketdi. Ko‘nglim… achishib ketdi. Ko‘kragim ostida bir nima o‘pirilib tushganday bo‘ldi…
* * *
Asarlarim qisqa-qisqa bo‘lib qoldi, jajji-jajji bo‘lib qoldi. Ruboiy misol bo‘lib qoldi, uch minutlik qo‘shiq misol bo‘lib qoldi. Bir daqiqalik tabassum misol bo‘lib qoldi. Ikki dona marjon ko‘z yosh misol bo‘lib qoldi. Bir zarblik, nafaslik hayqiriq misol bo‘lib qoldi.
Bilmadim, bunday, bu qabil jajji san’at qancha umr ko‘radi? Bilmadim, bu qabil badiiy san’at ko‘zga ko‘rinmay, bir burchakda qolib ketmasmikin? Bu misol badiiy adabiyot, asar(ni) beshafqat vaqt shamoli uchirib ketadimi, bilmadim, bilmadim…
* * *
Yana tag‘in, menda… salom-alikni mazasi yo‘q. Duch kelgan odamga salom bergim kelmaydi. Bo‘lgan-bo‘lmaganga salom-alik qilavergim kelmaydi. Notanish odamlarga salom bergim kelmaydi. Ayniqsa… yomon ko‘rgan odamlar bilan mutlaqo salomlashgim kelmaydi. Ayniqsa… g‘animlarimga qo‘l uzatgim kelmaydi. Chin-da, hammaga salom beraversangiz… salom chidaydimi? Salom — dil-izhori. Salom — ko‘ngil mayli. Salom— shaxsni tan olish. Salom — bir shaxsni ikkinchi boshqa bir shaxs tomonidan tan olinishi. Shu bois, salomni ehtiyot qilish kerak. Salomni iqtisod (qilish), tejash kerak.
* * *
V. Rozanov aytganiday, yozuvchilik siri — ko‘ngildagi mangu va ixtiyorsiz muzikadan iborat. Agarda ko‘ngilda ana shu muzika yangramas ekan, kishi faqat «o‘zidan yozuvchi yasaydi». Lekin u yozuvchi bo‘lmaydi…
* * *
Iste’dodlar bir-biriga soya solib qo‘ymaslik uchun yolg‘izlikda ulg‘ayadilar, dovrug‘ soladilar.
* * *
Qo‘ylar poda-poda yuradi, sher yolg‘iz yashaydi.
* * *
Rabindranat Tagor: «Haqiqatning o‘zidek yozilgan narsa adabiyot emas!»
* * *
Yozuvchi tirikligida uning hayotidan nuqson izlaydilar. Yozuvchi dunyodan ketgach, undan faqat fazilat izlaydilar.
* * *
Pushkin aytganiday, aniqlik va qisqalik – prozaning birinchi unsurlaridandir. Ayni shu unsurlar fikr va yana… fikrni talab qiladi – ularsiz go‘zal tashbehlaru ifodalar hech nimaga arzimaydi.
* * *
Ayolning qudrati – erkakning bo‘shligida.
* * *
Dunyo… hayot go‘zal emas… go‘zal bo‘lganida edi, adabiyot bo‘lmas edi.
* * *
Sulaymonning «Hikmatlar»i da shunday deyiladi: «Bor kuching bilan qalbingni asra!»
* * *
Fosiqning so‘qmoqlaridan yurma;
Hatto nazar solma,
Yonidan ham o‘tma,
Qayrilib ham boqma.
* * *
Bernard Shou: «Hech narsaga ishonmagan odam hamma narsadan qo‘rqadi».
* * *
Undan pochta poyezdining hidi keldi.
* * *
Ahdu paymonlarim qoshu kipriklarim orasiga bitilgan.
* * *
Oyog‘i mayda suyganini kiyadi,
Oyog‘i katta topganini kiyadi.
* * *
Yomon gap raketadan oldin yuradi, yaxshi gap toshbaqadan keyin yuradi.
* * *
Asaldan bahor hidi keldi.
* * *
U olovga termulib o‘tirishni yaxshi ko‘radi.
* * *
«Hayvonot olamida»: Ilonlar muhabbati. Qaylig‘i uchun olishadi. Sof, halol, mardlarcha! Mag‘lub bo‘lgani g‘olibga qoyil bo‘lib ketadi, muhabbatini tashlab ketadi. Lekin chaqmaydi. Bo‘lmasa bir-biriga chirmashib, olishadi. Bir uzib olsa bo‘ldi! Inson-chi? Insonning tilida zahar yo‘q, xayriyat. Zaharni sotib oladi! Pichoq, miltiq…
* * *
Ertalab. Sodiqning uyi. O‘g‘lining qo‘li chiqqan Bo‘ri kal:
— Kecha tong otmadi. Hali tong otgani yo‘q.
Demoqchi: u voy-voylab chiqdi. Uyqu betini ko‘rmadi. Tong otganini bilmadi. Haliyam kechaday, tong bilan kun baravar bo‘ldi!
* * *
Umr yo‘li – borsa kelmas yo‘l.
* * *
Saraton – oshiq yuragiday yondi.
* * *
Mehr-oqibat ona suti, quyosh tafti bilan kiradi.
* * *
Shveysariyalik adiba Erik Burkart: «Bizning ona tilimiz – sukut. Aynan sukutdan so‘z tug‘iladi».
* * *
Qadimgi yunonlar: «agarda xalqning qanday yashayotganini bilgingiz kelsa, ikki joyga — qabriston va bozorga boring».
* * *
U tog‘qishloqdan shahar keldi… U o‘zi bilan tog‘ tabiati… mag‘rurligi… sukunatini olib keldi. Shu bois el bo‘lmadi…
* * *
Shon-shuhrat aroqqa o‘xshaydi misoli. Ichgan sayin ichging keladi. Yuz gramm ichsangiz, yana yuz gramm ichsam deysiz. Keyin, yana, yana… oxiri borib… yiqitadi. Oldin boshni aylantiradi. Odam burnidan narini ko‘rolmay qoladi, bosar-tusarini bilmay qoladi. Keyin… keyin… yiqitadi.
Shon-shuhrat ana shu aroqqa o‘xshaydi. Yuz gramm ichsa, tag‘in yuz-yuz gramm ichsam, deydi. Shuhrat ketidan shuhrat… Kun sayin shon-shuhrat, yil sayin shon-shuhrat… Oxiri borib, aroqning kuni keladi – yiqitadi.
* * *
Kimki kamtar bo‘lsa, kamsuqum bo‘lsa, andishani otini qo‘rqoq qo‘yadi…
Tog‘ betida qo‘yqushoq degan beti bor. Bosh cho‘qqisidan etagiroqda. Qo‘yqo‘ton desa-da bo‘ladi. Qo‘yqo‘tonga o‘xshab cho‘zilib ketgan. Qor tushmagan yeri odam iziga o‘xshab ketadi. Qo‘yqushoq olisdan tor ko‘ringan bilan aslida katta, keng.
Ana shu qo‘yqushoqni qor bossa, qor mo‘l bo‘lgan bo‘ladi.
Qo‘yqushoq ochiq qolgan bo‘lsa, qor turmasa… shu yil suv kam bo‘ladi.
* * *
Bahor — quyosh kulgan kun.
* * *
Qiz bolani tili o‘g‘il bolani tilidan oldin chiqadi.
* * *
Toshkentda… salom-alik, ko‘rishish-so‘rashishlar, muomalalar, mulozamatlar… bir xil kechadi! Ko‘chalar, uylar, transportlar, magazinlar, idoralar… qanday bir xil bo‘lsa, salom-alik….lar ham shunday bir xil!
* * *
«Yo‘q», deyishni o‘rgan. Hammaga birday yoqish – mushkul ish. Bu ish hammaning ham qo‘lidan kelmaydi va oqibat muhim ishlarni bajarishda kishida kuch qolmaydi.
* * *
Italyan mutafakkiri Nikolo Makiavelli aytganiday, til insonga o‘z fikrlarini yashirish uchun berilgandir.