Исмат Хушев: Ислом Каримовнинг ҳокимиятга келиши (2-китоб, 5-боб)
ИСМАТ ХУШЕВ
ПРЕЗИДЕНТ ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ
ИККИНЧИ КИТОБ
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Ислом Каримов, 23 июнь, 1989 йил, Тошкент.
5-боб
САЛТАНАТГА ЭРИШИШ
(Ёки Ислом Каримовнинг Маказқўм саркотиби этиб тайинланишининг баъзи тафсилотлари)
1.
Энди «Россия» меxмонхонасида ярим яширин xолатда яшай бошладим.
Андрей Сахаровдан кечирим сўраганимдан кейин Ўзбекистон Компартиясининг иккинчи котиби Влаимир Анишчев кўрсатмаси асосида мени меҳмонхонадан чиқариб юборганларини олдинги бобда ёзган эдим.
Лекин Ислом Абдуғаниевичнинг маслаҳати билан мен катталарнинг кўзига кўринмай, оқшомлари бемалол меҳмонхонага келиб ётиб юрадиган бўлдим.
Республика раҳбариятининг ғазабига учраган бўлсам-да, лекин xеч ким мени яккалаб кўймади.
Россия «Регионлараро депутатлар гуруҳи» ва Ўзбекистон норасмий ташкилотлари вакиллари билан ҳам тез-тез учрашиб турардим.
“Бирлик” номидан Москвага келган Абдураҳим Пўлатов ҳам съезд кунлари шу ерда бўлиб, бир гал ҳатто хонамда тунаб кетганди.
Бир сўз билан айтганда «Россия» меҳмонхонаси барча демократик кучларнинг марказига айланиб қолган эди.
2.
Ўша кунларда Ислом Абдуғаниевич билан ҳам тез-тез кўришиб турардик.
Бир куни у киши:
— Усмон Азимов тўғрисида кандай фикрдасиз? – деб сўраб қолди.
-Яхши йигит. Зўр шеърлари бор. Шеър ўқиётганда кўпинча Маяковскийга ўхшаб кетади. Ўзи ҳам Гуржистон Ёзувчилар уюшмасининг Маяковский номидаги мукофотига созовор бўлган ягона ўзбек шоири, – дедим.
— Бир гал Муҳаммад Солиҳ номидан Қаршига келиб норасмий гуруҳларни ёқлаб менга учрашган эди, – деди Ислом Абдуғаниевич.
— Жуда яхши йигит, куюнчак, – дедим.
Ислом Абдуғаниевич шоирнинг ҳаракатларини ёқлаяптими ёки уни яқиндан билишни истаяптими, англай олмадим.
Орадан йиллар ўтгач маълум бўлдики, Ислом ака шоирни ёктириб қолган экан. Ўзбекистон Президенти бўлганларидан сўнг Усмон Азимов маълум муддат у кишига Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлади.
— Абдулла Орипов-чи? – деб сўрадилар тўсатдан маънодор оҳангда.
— Катта шоир, зўр шоир, буюк шоир, – дедим эпитетларга урғу бериб.
Ислом ака товушимдаги истеҳзо оҳанггини дарҳол пайқади.
— Тушунтириброқ гапиринг, нима демоқчисиз ўзи?
— Нима xам дердим, Ислом ака?! Мен у кишини ҳаммадан ортиқ яхши кўрардим. Аммо кейинги пайтлар нимагадир тўнини тескари кийиб олди. Москвада инфаркт бўлиб касалхонада ётган пайтида қирқ кунгача кунига икки-уч мартадан хабар олгандим. Ўшанда: «Сендан бошқа яқин одамим йўқ экан, борингга шукр!» деган одам қандай килиб иш раҳбарим Ҳалима Xудойбердиевага: «Исматни ишдан қувинг!» деб қўнғироқ қилганини, ўлай агар, тасаввуримга сиғдиролмайман…
Очиғини айтсам, ўша кунларда Абдулла Ориповдан ранжиб юргандим. Табиийки, у ҳақда ижобий фикр билдира олмасдим.
Ислом ака гапларимни диққат билан эшитиб бироз ўйланиб ўтирдилар-да, сўнг бир воқеани ҳикоя қилиб бердилар.
Москвада СССР халқ депутатларининг биринчи съезди бошланиши арафасида Тошкентдаги Студентлар шаҳарчасида қашқадарёлик талабалар нарх-навон кўтарилиб кетгани учунми, норозилик билдириб, тўполон бошлайдилар.
Ўша кунларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Бюро йиғилиши чақирилади. Р.Н.Нишонов Қашқадарё раҳбари Ислом Каримовни йиғилишдан чиқариб юборади: «Агар анави жўжахўрозларингизни дарҳол тинчитиб келмасангиз, масалангизни Бюрода муҳокама қиламиз!» деб огоxлантиради у.
— Абдулла Орипов билан университетнинг Маданият саройига бордик, – деб давом этди Ислом ака. – Тошкентда ўқийдиган барча қашқадарёлик талабалар шу ерга тўпланган экан. Уларни гиж-гижлайдиган айрим домлалари ҳам бор эди. Қайсар ёшлар билан уч соатга яқин юзма-юз суҳбатлашдик. Жуда қийин бўлди. Лекин, охири тил топишдик.
Ўшанда Абдулла Орипов менга жуда катта ёрдам берган эди. Унинг студентлар орасида обрўйи баланд экан…
(Ўша учрашув тўғрисида Маҳмуд Сатторовнинг «Миллий тикланиш» газетасининг 1998 йил 17 август сонида босилган «Озодлик элчиси» номли мақоласида батафсил маълумот олишингиз мумкин: – И.Х.)
— Тўғри, Ислом ака, шеър ўқиб, даврани ром этиб олиш масаласида Абдулла Ориповга тенг келадиган шоир йўқ. Лекин одамгарчилик масаласида…
— Шошманг, сиз билан мана бундай келишиб олсак, – деб Ислом Абдуғаниевич гапимни бўлди, – ука, бугундан бошлаб майда гаплардан устун туринг. Биз миллатнинг улуғ вакиллари ҳақида фақат яхши гапларни айтишга ўрганишимиз керак!
Очиғини айтсам, жуда қаттик ўсал бўлдим. Ахир, кечагина «миллатнинг улуғ вакиллари»дан бири бўлмиш академик Сахаров тўғрисида ножўя гапларни айтиб юборган депутатларимизнинг не аҳволга тушганини ўзим кўрдим-ку!
Аслида, Ислом ака мени эмас, балки ноҳақ ҳақоратланган Сахаров ҳаққи-ҳурмати меҳмонхонада яширинча ётиб юришимга рухсат бермадими?
Мен қашқадарёлик депутатларга ажратилган хоналардан бирига жойлашган эдим. Агар менинг «подполье»даги ҳаётим республика раҳбариятининг қулоғига етиб борса, оқибати ёмон бўлиши аниқ эди.
Лекин Ислом Абдуғаниевич буюкликни ҳимоя қилгани учун бутун масъулиятни ўз зиммасига олганди…
Мен бўлсам, кечаги саъй-ҳаракатларимни унутиб, бугун яна бир буюк инсон тўғрисида майда гапларни «дастурхон» килиб ўтирибман. Эҳ, нодон бола…
3.
Мен ўз фикр-хаёлларим билан овора бўлиб ўтирган чоғимда тўсатдан ҳашаматли “Люкс” номер эшиги зарб билан очилди-ю, Ислом Абдуғаниевичнинг хонасига Аxмаджон Мухторов эмин-эркин кириб келди.
У ўзини шу қадар эркин тутардики, остонадаёқ товушини баланд кўтариб шеър ўқиб кирди:
«Юргил, далаларга кетайлик, дўстим,
Диққинафас уйда ётмоқ пайтимас…»
Шу ўринда Аҳмаджон Мухторов билан бизнинг муносабатимиз тўғрисида қисқача изоҳ бериб ўтишим керак.
Бу зот республикада Журналистлар уюшмасининг раиси эди.
Назаримда, бу лавозимга мен «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида иш бошлаганимдан кейин сайланганди.
Чунки «Саодат» журналида «Паркентдан келган хатлар» мақолам босилгач, Журналистлар уюшмаси раисининг ўринбосари Назиров менга қарши от қўйган кезларда А.Мухторов умуман аралашмаганди.
Демак, ўша лавозим вақтинча бўш турган бўлса ҳам ажаб эмас.
Кейин мен Журналистлар уюшмасига аъзо бўлиш учун ариза бердим. Лекин уюшманинг Тошкент вилояти ва шаҳри бўйича котиби бўлган Н. Насимов (ўша пайтларда «Тошкент ҳақиқати» газетасининг бош муҳаррири эди): «Ие, ука, ҳали матбуотда ишлаётганингизга беш йил тўлмабди-ку! Беш йил ишлаганингиздан сўнг уюшмага қабул киламиз», — деб аризамни қайтаради.
Шунда кимдир: «Аxмаджон Мухторовга учрашинг, чапани ва дангалчи одам», — деб маслаҳат беради.
Мен «Кишлок ҳақиқати» газетаси жойлашган бешинчи қаватга чиқдим ва рухсат сўраб, бош муҳаррирнинг хонасига кирдим.
Аҳмаджон акага мақсадимни тушунтирдим.
Бахтимга, ўша кунларда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида менинг Ўзбекистондаги яккаю ягона хотин қизлар қамоқхонаси ҳақида xикоя қилувчи «Маҳкумалар» номли мақолам чоп этилиб, шов-шув бўлаётганди.
Аҳмаджон Мухторов ҳам ўша мақолани ўқиган экан.
— Э-э, Исмат Хушев ўзингизми? Табриклайман! Бўш келманг, ука! – деб дарҳол керакли телефон рақамини терди-да, «Тошкент ҳақиқати» газетасининг котибасидан: – Нўъмон борми? – деб сўради.
Бироз сукут сақлагач: – Нўъмон дўстим, «Адабиёт»нинг жума кунги сони борми? «Маҳкумалар» номли мақолани ўқидингми? Энди ўқиётган бўлсанг, бўпти, сенга ярим соат муҳлат бераман, ярим соатдан кейин яна телефон қиламан. Қолган гапларни ўшанда гаплашамиз, – деб трубкани жойига қўйди.
Аҳмаджон ака котибасига чой дамлашни буюрди. Чой дамлангач, ўзи менга чой қўйиб узатди. Ярим соатлар чамаси уёқ-буёқдан суҳбатлашиб ўтирдик. Сўнг тағин Нўъмон Насимовга телефон қилди.
— Қалай экан? Зўрми? Зўр бўлса, шундай мақола ёзган йигитни яна беш йил куттириш шартми? Шарт эмас! Дарҳол ҳужжатларини ҳозирлаб аъзоликка қабул қилинсин! – деди қатъий оҳангда.
Дарҳақиқат, уч кундан сўнг мен Ўзбекистон журналистлар уюшмасига аъзо бўлдим.
Орадан хийла вақт ўтгач, «Олим бўлиш осон…» номли танқидий мақолам «Совет Ўзбекистони» газетасида босилиб чиқди.
Бу мақоланинг чиқишига Аҳмаджон Мухторов қарши эди, лекин нима учун қарши бўлганини ҳозиргача тушунмайман, сабабини ҳам билмайман.
Хуллас, ўжарлигим тутиб ўша мақолани чоп эттирдим.
Менимча, Ўктам Усмонов ўзининг потенциал рақибидан, яъни Аҳмаджон Мухторовдан шу йўсинда ўч олганди.
Чунки Аҳмаджон Мухторов ниҳоятда обрўли ва истеъдодли раҳбар бўлиб, у республиканинг биринчи рақамли газетаси – «Совет Ўзбекистони»га бошлиқ бўлиши эҳтимолдан xоли эмасди.
Шу лавозимга энг муносиб номзод ҳисобланарди. Ў.Усмонов эса буни биларди. Ва xоказо…
Кўп ўтмай Аҳмаджон аканинг ташаббуси билан «Қишлоқ ҳақиқати»да мен маънавий бузуқликда айблаган одамни оқлаб, мақола эълон қилинади…
Матбуот оламида зимдан аёвсиз давом этадиган ички зиддиятларни у пайтлари мен яхши билмасдим. Шу боис ўзим билмаган ҳолда Аҳмаджон Мухторов душманларининг тегирмонига сув қўйган эдим…
Мана, ўша можаролардан сўнг биз «Россия» меҳмонхонасида, боз устига, Ислом Абдуғаниевичнинг хонасида учрашиб колган эдик.
Мен ўзимни йўқотиб қўйдим. Аҳмаджон аканинг ҳам бирдан ранг-рўйи ўзгариб кетди, шеър ўқишдан таққа тўхтади.
Албатта, Ислом Абдуғаниевич бизнинг бу муносабатларимиздан бехабар эди.
Шу боис:
— Мана шу йигитни сизга топширсам… Ўзи яхши журналист. Фақат сал қизиққон, эҳтиросга тез берилади. Агар тарбия қилсангиз, яхши инсон бўлиши керак, – дедилар самимий оҳангда.
Ўзи қорачадан келган Аҳмаджон Мухторов мени кўриб янада қорайиб кетганди, гўё ҳозир тутаб кетадигандек ғазабнок бир алфозда эди:
— Бу соплякни яхши биламан! – деди Аҳмаджон ака қўлларини бигиз қилиб. – Бетгачопар, лўттивоз бола! Яхшиликни билмайдиган кўрнамак! Бу нусхани қаердан топдингиз?!
Кўз олдим қоронғилашиб кетди.
Аҳмаджон аканинг гапларидан сўнг ўзимни бошқара олмай қолдим:
— Ислом ака, Сиз келиб-келиб мени мана шу муттаҳам одамга ишониб топширмоқчимисиз? Ахир, бу киши ўзига ўхшаган бузуқи, ахлоқсиз кимсаларни ҳимоя қилишдан бошқа нарсага ярамайди-ку! «Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин» деб бекорга айтишмаган! Бу одам ўша мақолам учун ҳамон мени кечиролмаяпти…
Тавба, ҳеч бўлмаса, Аҳмаджон аканинг ёшини ҳурмат қилсам бўлмасмиди? Йўқ, мен аллақачон қуюшқондан чиқиб кетгандим.
Менинг важоҳатимни кўрган Аҳмаджон Мухторов шартта орқасига бурилди-ю, эшикни тарақлатиб ёпиб чиқиб кетди.
Хонага оғир ва ноқулай сукунат чўкди…
Қизиқ, бу одам ичида менга нисбатан шунча гина-кудуратни сақлаб юрган экан-да?! Нега бўлмасам, тунов куни ёнма-ён туриб бемалол суратга тушди экан?
— Бир мақола ёзгандим… Кейин бу киши раддия берди… – деб ўзимни оқламокчи бўлдим.
— Майли, кейин гаплашамиз. Ҳозир бориб ўзингизни босиб олинг, – деб Ислом Абдуғаниевич мени хонасидан чиқариб юборди…
Тамом, Ислом аканинг олдида энди бир пуллик ҳам обрўйим қолмади, деб ўйладим. Энди у киши мен илтимос қилган Анвар Чориевга ҳам, Қаҳрамон Жўраевга ҳам ёрдам бермаса керак…
Камбағални эгарнинг устида ҳам ит қопади деганлари шу бўлса керак-да. Эндигина инсоф диёнатли обкомнинг биринчи котиби билан танишдим деганимда бу нима кўргилик.
Қаердан келиб қолди Аҳмаджон Мухторов бу хонага? Энди Ислом аканинг олдида нима деган одам бўлдим. Қаердан ҳам ёзган эканман ўша жин ургур мақолани.
Бунча шўр бўлмаса бу пешонам…
4.
Икки-уч кунгача ўзимнинг ёғимга ўзим қовурилиб юрдим. Ислом акага ҳам кўринмадим.
Охири бўлмади, таваккал қилиб Ислом Абдуғаниевичнинг хонасига кирдим. Беодобчилик қилганим учун узр сўрадим. Сўнг Аҳмаджон Мухторов билан ўртамизда бўлиб ўтган воқеаларни бафуржа гапириб бердим.
Ислом Абдуганиевич менинг сўзларимни диққат билан тингладилар-да:
— Бундан кейин ҳушёр бўлинг, – дедилар. – Ҳаёт зарбаларига жуда эрта учраяпсиз. «Нега шундай бўляпти?» деб ўйлаб кўрганмисиз? Характерингизни ўзгартиринг. Одам сал босиқроқ, оғирроқ бўлиши керак. Нима, ёлғиз сиз ҳақ-у, бошқалар ноҳақми? Ундай бўлса, ўзингизга бутун дунёни душман қилиб қўясиз-ку, биродар! Мен Лозицкий (Қарши горкомининг биринчи секретари) ни ишдан олишга тўғри келганда унга қарши “дастак” излаб, Қарши пединститутидаги “фаолиятингиз”ни батафсил ўрганиб чиққанман. Тўғри, менга сизнинг муросасизлигингиз, курашчанлигингиз ёқади. Фақат чегарани унутманг, ҳар қандай шароитда ҳам ўзингизни идора қилишни ўрганинг…
— Раҳмат, Ислом ака, – дедим миннатдор бўлиб.
Ислом Абдуганиевичнинг хонасидан гўё қанот боғлаб учиб чиқдим. У киши мени батамом тушунган ва демак, кечирган эди…
5.
Шу воқеадан сўнг Ислом ака мен билан Тўлқин Омоновга яна бир топшириқ бердилар.
Қашқадарё обкомининг идеология котибаси бўлиб ишлаётган Сабоҳат Мирова ҳам съезд кунлари Москвада бўлиб, КПСС Марказий Комитети қошидаги ижтимоий Фанлар Академиясидаги ўқишини тугатиб, фан номзодлигини ёқлаётган экан.
Ислом Абдуғаниевич Тўлқин Омонов билан мендан шу опанинг “ҳимояси”га бориб қатнашишни, иложи бўлса бирор нарса билан табриклашимизни илтимос қилдилар.
Биз жон жон деб Ислом аканинг топшириқларини бажаришга отландик.
Тўлқин ака йўл йўлакай гул магазинига кириб, каттакон бир гулдаста харид қилдилар.
СССР халқ депутатларига хизмат кўрсатадиган қоп қора, янги волга автомашинасида Ижтимоий Фанлар Академиясига бордик.
Сабоҳат опа билан менинг муносабатларим яхши эмас эди. Мен Қарши давлат педагогика институтида комсомол комитетининг секретари бўлган пайтларим опа билан институтдаги бир йиғилишда тортишиб қолган эдик.
Қайсидир бир масалада институт партия ташклоти йиғилишида иштирок этаётган опа кутилмаганда менга кўзи тушиб қолиб: «Сиз бориб эшикнинг орқасида пойлаб туринг, биров залга кирмасин, биз коммунистлар билан гаплашиб олишимиз керак» — деб қолди.
Ўша пайтларда институт комсомол комитети котибларини раҳбарлар аксар ҳолларда шунқа майда чуйда ишларга сафарбар этар ва бу одатий ҳолга айланиб қолган эди.
Лекин мен бундай ноҳақликка чидай олмасдим. Комсомол котибининг обрў эътибори бўлиши керак ва майда чуйда ишларда катталарга югурдаклик қилмаслиги керак деган ақидада собит эдим.
Шунинг учун ҳам опа мени эшикка пойлоқчиликка боринг деганида, ўрнимдан туриб кескин раддия берган ва “Қачондан бўён комсомол комитетининг секретари сизга югурдак бўлиб қолди?” деб қаттиқ эътироз билдирган эдим…
Мана энди, на чора, Москвада опани кандидатлик билан табриклашимиз керак бўлиб қолди.
Мени кўриб Сабоҳат опанинг ранги учиб, камон қошлари чимирилди.
“Ислом ака юбордилар. Табриклаймиз!” деганимдан сўнг бир оз очилди, лекин охиригача эмас…
Тўлқин Омонов олган гул менинг қўлимда эди. Шу ҳол вазиятни бир оз юмшатди. Гулни оларкан, опа ярим табассум қилди…
Гул барибир яхши нарса. Сабоҳат опа ўзи гўзал аёл эди, гул билан янада очилиб кетди.
Аразлар унутилиб, гиналар йўқолди. Фурсатдан фойдаланиб, Қаршидаги шаккоклик учун опадан узр сўрадим…
Сўнг опа ҳам яхши кайфият билан хайрлашдилар…
6.
Орадан яна бир неча кун ўтди.
Бир куни Ислом ака мени шошилинч йўклаб колдилар.
Хоналарига чиксам, эшикларини ёпаётган эканлар, кўлларида дипломат-сумка.
Юкларини олмокчи бўлдим, лекин кўнмадилар.
— Овора бўлманг, енгил, – дедилар.
— Бирор ёққа кетяпсизми? – деб сўрадим.
— Ҳа, Тошкентга бориб келишим керак. Лекин менинг «йўқ» бўлиб қолганимни биров билмагани маъқул. Ҳатто Тўлқин Омонов ҳам…
— Хўп, – дедим.
Шу пайт бошқа бир хонадан Навоий вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби Ефимов чиқиб келди. У киши ҳам «параднўй» кийиниб олганди. Биз бош ирғишиб сўрашдик. Ефимов орқа эшикдан ташқарига олиб чиқадиган лифт томон юрди.
Ислом Абдуғаниевич чўнтагидан йигирма беш сўмлик бир пачка яп янги, ҳали бели букилмаган пулдан бир донасини чиқариб менга бердилар:
— Шаҳарлараро телефондан фойдаланган эдим, ҳақини тўлай олганим йўқ. Илтимос, сиз хонам телефони учун ҳақини тўлаб қўйсангиз. Биз шошиб турибмиз – дедилар Ислом ака. – Хўп, хайр!
— Хайр! – деб мен уларни лифтгача кузатиб бордим.
Шундай қилиб, Ислом ака шошилинч равишда Тошкентга учиб кетдилар…
7.
Дарвоқе, Ислом ака ўша кунлари: «Бизни Горбачёв ўз ҳузурига чақириб, Р.Нишоновни Миллатлар Советига раис қилмокчимиз, илтимос, унинг номзодини қўллаб-қувватланглар, деди. Яқин кунларда Нишонов Миллатлар Советига раис бўлади», — деган эдилар.
Мен бўлсам, одатдаги чарслигимга бориб: «Бирорта муттаҳамни унинг ўрнига қўядилар-да», — деган эдим. Шу гапимни эшитиб Ислом ака ялт этиб юзимга қараганди-да, маъноли кулимсираб қўйган эдилар.
Худо ҳаққи, мен у пайтларда Нишоновнинг ўрнига ким раҳбар бўлишини мутлақо билмасдим…
Боз устига, Ислом Абдуғаниевичнинг шу лавозимга тайинланишини хаёлимга ҳам келтира олмасдим. Бизнинг муносабатларимиз шу қадар самимий эдики, республика раҳбари билан ҳам шундай самимий муносабатда бўлишни, менимча, ҳеч ким тасаввур этолмаса керак…
8.
Бугун орадан йиллар ўтиб, Ислом аканинг Москвадан “ҳеч ким билмасин” деб Ефимов билан Тошкентга шошилинч келиб кетиш сабабларини англагандек бўламан…
Бу сабаблардан бири — Сиёсий Бюродагиларга Ислом ака, назаримда, Қашқадарё билан Бухорони қўшишларига қарши бўлган расмий ҳужжат ва хариталарни етказиб берган бўлиши керак.
Чунки ўша пайтларда Рафиқ Нишонов ташаббуси билан бу икки вилоятни яна қўшиш компанияси бошланган бўлиб, ҳатто Қашқадарёлик раҳбарлар Бухорога бориб қўшма йиғилишларда иштирок ҳам этишган эди.
Эшитишимча, Сиёсий Бюродагилар Ислом Каримовдан бу икки вилоятни қўшиш масаласида фикр сўрашганда у киши қарши чиққан ва ўз фикрини исботловчи бу ҳужжатлар шунинг учун ҳам зудлик билан Москвага етказилиши лозим бўлган…
Бу сирли сафарнинг бошқа сабаблари менга қоронғу…
9.
Москвада ҳали съезд тугамаган эди.
Бир кеча кундузга Тошкентга келиб кетган Ислом ака Ўзбекистонда яна нима иш қилган бўлиши мумкин, бу энди ёлғиз Оллоҳга аён…
Чунки орадан кўп ўтмай у киши Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг — биринчи, Ефимов эса — иккинчи котиби этиб тайинланишларини ҳисобга олсак, уларнинг бу “сирли” сафарлари янада муҳим аҳамият касб этгандек бўлади…
10.
СССР халк депутатларининг биринчи съезди ҳам тугади. У ўз ишини майнинг 25 куни бошлаб, роппа роса ўн уч кундан сўнг – июнда якун топди.
Биз — Ўзбекистонлик 108 нафар СССР халқ депутатлари билан бирга бир самолёт бўлиб, Тошкентга қайтиб келдик.
Ишхонага бордим.
Ҳар хил миш-мишлар қулоғимга чалина бошлади.
Афтидан, менинг партиявий масалам тез кунларда тағин муҳокама қилинадиганди. Бечора Иброҳим Ғафуровнинг ҳам боши қотганди. Энди у мени қандай қилиб ҳимоя қилишга ҳам ҳайрон эди.
Бу асаббузарликлар менинг ҳам жонимга теккан эди. Ҳамма нарсага қўл силтаб, яна Москвага қайтиб кетгим келарди.
Ўзбекистондаги қоронғу ва зулмат кунларимнинг адоғи ҳеч кўринмасди.
Ўркач ўркач тўлқинлар орасида лангари ва компасини йўқотган кемадек қайга боришимни билмай, лолу ҳайрон, кўнгли вайрон эдим. Кўнглимга чирок ёкса ёришмасди. Қоронғу кунларим янада қуюқлашиб, унинг охири кўринмасди. Ташқарида қуёш, жазирама иссиқ, лекин менинг ичим негадир ёришмасди.
Қоронғуликдан бошим чиқмай қолди…
11.
Ана шундай дилтанг кунларимнинг бирида ҳозирги Мустақиллик кўчасидаги «газета корпуси»дан чиқиб: “Нима қилмок керак” деган ўйлар гирдобида юргандим. Хаёлларим паришон эди.
Партиядан ўчирсалар бутун ҳаётим остин устун бўлиб кетишини яхши билардим. «Нима қилмоқ керак:» деган саволга эса ҳеч жавоб тополмасдим…
Шу пайт кутилмаганда рўпарамдан «Правда Востока» газетасининг бош муҳаррири Рубен Акопович Сафаров чиқиб қолди. У ҳам ўзини норасмий ташкилотларга тарафдор этиб кўрсатиб юрарди, ҳар қалай, мен билан муносабати яхши эди.
— Ҳозиргина Марказқўмнинг Пленуми тугади, – деди у нохуш кайфиятда. – Сенинг юртдошинг Компартиянинг раҳбари этиб сайланди…
Бир муддат серрайиб қолдим. Дарвоқе, бугун Марказқўмнинг Пленуми бўлиши керак эди-ку!
Рубен Акоповичнинг бу гапидан — гўё қоронғу кечанинг ярмида қуёш чарақлаб чиққандай бўлди. Унинг бу кутилмаган хушхабари қоронғулик ва зулмат чўлғаб олган юрагимни яшнатиб, нурли ва мунаввар ҳислар га тўлдириб юборди.
— Наҳотки, Ислом Абдуғаниевич биринчи котибликка сайланган бўлса?! – дедим қулоқларимга ишонмай.
— Ҳа, Каримов сайланди, деяпман-ку, – деб таъкилади Рубен Акопович.
— Рубен Акопович! – дедим ҳаяжонланиб ва бир сакраб Сафаровнинг бўйнига осилиб олдим. У бўлса менинг оғирлигимни кўтаролмай, чўккалаб колди…
— Исмат, нима бало, ақлдан оздингми?! – деди Рубен Акопович кўзларини катта-катта очиб…
Сафаров тамомила гангиб қолган эди. Унинг шу бир оғиз хабари билан омадсиз ҳаётимнинг қоронғу кечалари ичидан ногаҳон қуёш чарақлаб чиққанини ҳамсуҳбатим қаёқдан билсин?
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг ҳозиргина тугаган Пренуми менинг ҳаётимда дабдурустдан бахтли ва мунаввар кунлар эшигини очиши мумкинлигини ич ичимдан ҳис қилиб турардим.
Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида биринчи котибликка сайлангани ҳақидаги хушхабар балки унинг ўзидан ҳам кўпроқ мени қувонтирган бўлса, не ажаб.
Чунки, бу ҳолат — Ислом аканинг елкасига қанчадан қанча кутилмаган вазифаларни ортса, менга эса олам олам қувонч бахш этарди, холос.
Бутун дунё кўзимга бошқача – янада ёруғ ва жилвакор бўлиб кўрина бошлади.
Саратон қуёши бошим узра янада сержилва нур сочар, бутун атроф нақшин гулларга безалгандай, ҳаёт бир зумдаёқ байрамона тус олиб улгурган эди…
Ўша онда ич ичимдан мени қувонтирган ушбу хабарни балки ҳозир тўла тўкис тавсиф қилиб бера олмасман. Лекин қалбим бир зумдаёқ мунаввар нурга чўлғанган, оппоқ туйғуларга бурканган эди.
Ҳаёт ростдан ҳам қизиқ.
Менинг кўзларимда қувонч порласа, бу хабарни менга етказган одамнинг нигоҳларида хавотирлик ва таҳлика зуҳур эди. Менинг ҳаётимда қуёш чиққан бир пайтда, унинг қуёши ботиб бораётган эди.
Чунки уни ҳозирги лавозимига кечагина тайинлаган шахс ўрнига энди бошқаси келган эди. Эртага унинг тақдири нима билан тугашини унинг ўзи ҳам ҳали билмасди…
12.
Тарих фанлари бўйича Академикликка сайланган Рубен Акопович Сафаров яхши ва истеъдодли одам эди.
Уни кеча ишга тайинлаган шахс ўрнига — мутлақо тескари протатип бўлган, янги ва шижоатли шахс келди.
Ҳақиқатдан ҳам Нишонов — Москвадан келиб республикани тўрт беш йил террор қилган Гдлян гуруҳини ўз қучоғига олган шахс бўлиши билан бирга, айни пайтда Сафаровнинг ҳам яхши дўсти эди.
Сафаров Ўзбекистондан қанчалар яхши қадр топган бўлишига қарамай «Дашноқ» чиларга қайсидир маънода хайрихоҳ эди, вазият туғилиши билан улар тарафга ўтиб кетди.
Бир неча йилдирки, республиканинг энг улкан ва таъсирчан рус газетаси «Прадва Востока» унинг етакчилигида Гдлян группасининг ахборотномасига айланиб қолди.
Энди янги раҳбар «дашноқчи»ларга қандай муносабатда бўлиши Рубен Акоповични ўйлантирмай қўймасди, албатта.
Сафаров асли етмишинчи йилларнинг бошида «Андижанская правда» газетасининг муҳаррирлигидан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети пропаганда ва агитация бўлими мудирига биринчи ўринбосар бўлиб келган эди.
У айни пайтда Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг бевосита куратори ҳам эди.
Бу ердан етмишинчи йилларнинг охирларида Зиёд Есинбоев (Госкомиздат) га биринчи ўринбосар қилиб юборилади.
Сўнг Рафиқ Нишоновнинг бевосита тавсияси ва Гдлян группасининг хайрихоҳлиги билан «Правда Востока» газетасига Бош муҳаррир этиб тайинланади.
Бу газета ўз вақтида юксак мавқега эга эди. Ярим миллион ортиқ нусхада чоп этиладиган ва бутун иттифоққа тарқаладиган ниҳоятда нуфузли газета эди.
Энди шундай газетанинг Бош муҳаррири янги раҳбарнинг кўнгида нима гаплар борлигини ҳали билмасди.
Ислом Каримовнинг раҳбарликка келиши Рафиқ Нишонов «одами» ҳисобланган Сафаровнинг ташвишга солгани тушунарли эди…
Ҳатто беминнат қуёш ҳам дунёнинг ҳамма нуқтасига баравар нур сочиб турмаслиги аниқ. Бир томонда баҳор ва ёз бўлса, бошқа томонда куз ва қиш бошланиши табиий экан.
Шунга айтсалар керак-да: “Дунёнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши мунаввар” деб.
Назаримда, менинг ҳаётимда мунаввар кунларим бошланган эди…
13.
Рубен Акопович билан хайр хушни ҳам эсдан чиқариб, қувончимни дўстларим билан баҳам кўриш учун редакцияга югурдим.
Шодон кайфиятда ишхонага кирсам, газета ходимларидан Абдимўмин Тиловов, Бекқул Эгамқулов, Абдунаби Ҳайдаров, Камол Матёқубов, Рашид Рауповларни учратдим. Ёзувчи Нодир Норматов ҳам шу ерда экан.
— Кетдик, оғайнилар, бугун бизнинг кўчамизда байрам! – деб ҳайқирдим. – Юринглар, бугун мен сизларга ресторанда зиёфат бераман!
Уларни шундоққина «газета корпуси»нинг ёнидаги «Зарафшон» ресторанига бошлаб кирдим.
Чўнтагимда юз сўмча пулим бор экан. Оғайниларим билан шинам бир жойга ўтирдик-да, официанткага энг тансиқ таомлар ва мўл-кўл ичимлик олиб келишни буюртма бердик.
Меҳмондорчилик бошланди. Зиёфат зўр бўлди.
Чамамда, газетамизда ишлайдиган айрим ходимлар: «Исмат ишдан кетишни бўйнига олибди, шекилли. Кетар жафосига тўйиб ичишни ният килган кўринади. Майли, бола пақирнинг кўнгли чўкмасин», деб ўйлаётган бўлишса керак…
14.
Ресторандан ширакайф бўлиб чикдик. Ҳамкасблар билан хайрлашдик.
Мен тўппа-тўғри Марказий Телеграфга бордим. Бир четда ўтириб телеграмма ёздим. У пайтларда шошилинч телеграммалар фақат рус тилида ёзиларди.
Телеграмманинг ўзбекча маъноси мана бундай эди:
«Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби И.А.Каримовга!
Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!
Марказқўмнинг биринчи котиби этиб сайланганингизни эшитганимдан сўнг менда партияга, қайта қуришга ишонч яна пайдо бўлди!
Исмат Хушев».
Москвадаги мулоқотларимиз пайтида мен ҳам, Ислом Абдуғаниевич ҳам Ўзбекистон раҳбариятидан кўнглимиз тўлмаётганини кўп бора бир -биримизга очиқ-ойдин айтган эдик.
Мен ўз телеграммамда айнан ўша гапларга изоҳ бериб ўтган эдим…
15.
Ислом Абдуғаниевич 1989 йилнинг 23 июнь куни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари этиб сайланади.
Ўзбекистон тарихида янги давр бошланади.
Бироз ўтиб, Ислом Каримов мамлакат президенти этиб сайлангач, устозим Маҳмуд Сатторов айтган бир гап ёдимда қолган: «Яратганнинг марҳаматини кўринг: қўймижоз ўзбек халқининг пешонасига йўлбарсмижоз подшо битказди…»
Суратда: журналист Исмат Хушев (чапдан биринчи) СССР халқ депутатлари ва Кремлни қўриқлаш полки офицерлари билан, май, 1989 йил, Москва.
(давоми бор)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Исмат ака, Ислом Каримов президент булиб уз фаолиятини бошлаганида махаллий рахбарларнинг ишларини текшириб турадиган «Давлат назорати»( «Госконтроль») ташкилотини тузган эди. Нега уша ташкилот тугатилди, олдига куйилган вазифани бажара олмадими?. Агар имкони булса, шу хакда маълумот берсангиз. Олдиндан рахмат.