Абдиҳамид Парда ижодидан: ЎЗБЕК ГАМЛЕТИ ҲАҚИДА (Шукур Холмирзаев ёди)
Ў З Б Е К Г А М Л Е Т И
Умри узоқ, парвози баланд эркин сўз муаллифи ҳақида
Мен чиндан ҳам Гамлетман,
ўзбекларнинг Гамлетиман.
Шукур ХОЛМИРЗАЕВ.
1.
“Шукур Холмирзаев замондошлари хотирасида”[1] (Шукур Холмирзаев замондошлари хотирасида. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, Т. 2010 йил.) тўпламининг мутолаасига киришдиму буюклар ҳақидаги хотиралар ҳам буюк ихлос билан ўқишига ишонч ҳосил қилдим. (Тўплам 350 бетдан кўрпоқ. Етмишга яқин катта-кичик қалам аҳлининг хотиралари жамланган. Қатор эсселар қисқартиб босилган. Шукур аканинг қизи Сайёра билан телефонда гаплашганимда кўп хотиралар сиғмай қолганини айтди. Шукур акани талабалик йилларидан танийдиган пискентлик пенсионер Пўлат Халиловнинг Пискент тумани газетасида босилган Шукур ака тўғрисидаги хотираларини унинг электрон почтасига юбордим.)
Асарлари ҳамон қўлма-қўл ўқилаётган ва бундан кейин ҳам наинки юксак бадиият, айни замонда чинакам инсонийлик мезони вазифасини ўтайдиган адибимиз ҳаққоний қиёфасини тасаввур қилишда мазкур тўпламнинг аҳамиятини таъкидлаш ортиқча. Бу атоқли адибмизнинг “мукаммал таржимаи ҳолини яратиш” (Шодмон Отабек) йўлидаги муҳим қадам сифатида қадрли. Буни қарангки, бу борада, аввало, севимли адибимизнинг ўзи мушкулимизни осон қилади. Шукур аканинг қуйидаги эътирофини келажак авлод учун тақдим этган академик Бахтиёр Назаровдан ҳар қанча миннатдор бўлсак оз:
“- Мен Гамлетман, — деди Шукур ака қайси бир куни чойхўрлик қилиб ўтирганимизда. – Мен чиндан ҳам Гамлетман, ўзбекларнинг Гамлетиман. Гамлетсимон, Отеллосимон, Макбетсимон. Ромео ва Жульетта дейсизми, ўзимиздаги Лайли, Мажнунларни оласизми, ҳаётда, адабиётда шундай шахслар, қаҳрамонлар пайдо бўлдими, бас, улар ўтгандан сўнг руҳлари, адабиётдаги издошлари барча халқларнинг ичига, кўнглига тарқалиб, сингиб кетади, деб ўйлайман. Натижада кўплаб халқларнинг ҳаётида, адабиётда ана шундай шахслар, қаҳрамонлар пайдо бўлади, — деди Шукур ака”.
Шукур аканинг феъл-атворидаги гамлетона ғурур, ор-номус, теран фалсафий мушоҳадагўйлик ўлмас асарларида ҳам ёрқин ифодасини топган. Кимсан Шукур Бурҳон раҳбарлиги остида, мамлакатнинг марказий Ҳамза театри саҳнасида Шукур Холмирзаев талабалик йилларида Гамлет ролини, қолаверса Тагор асарлари қаҳрамонлари ролини ижро этгани атоқли адиб сифатида шаклланишида алоҳида аҳамият касб этгани шубҳасиз. Жаҳон театр санъатининг дурдона асарларидан бири “Гамлет” трагедиясида умумбашарий муаммолар — бадиий тимсоллар воситасида акс эттирилган. Шукур Холмирзаев ҳам буюк Шекспирнинг Гамлети сингари ҳаёт-мамотнинг умумбашарий муаммоларини ҳал қилишга бутун ҳаёту ижодини бахшида этди.
2.
Шукур Холмирзаевни биринчи марта қачон кўрганимни эслай олмайман. Талабалик кезларимда ҳикоя машқ қилардим. Кимдир маслаҳат берганмиди, хуллас, битта ҳикоямни кўрсатиш учун ўша кезларда Шукур акани ахтариб уйигача борганман – Олой бозорига яқин жойда, Детский мир орқасидаги тўққиз қаватли бинонинг 6-7-чими қаватда яшаркан. Янглишмасам, қиш эди. Оёғимда қўнжили ботинка билан борганим эсимда. Шукур ака уйида экан – остона хатлаб кирдим. Одатдаги тортинчоқлигим боисми, ичкарига киришга журъатим етмади. Бекор журъатсизлик қилган эканман. (Бир ишни бошлаб, охирига етказмаслик иллатидан ҳамон қутила олмадим. Кейинчалик ҳикоя тақдири билан қизиқмадим.) Ўшанда сал дадилроқ бўлиб, Шукур ака билан бир дастурхон атрофида лоақал бир соат гаплашганимда, ва Шукур ака каби етук адиблар этагига ёқтирса-ёқтирмаса, елимдай ёпишиб олганимда, бугун яхши шеър ёзиш ташвишидан қутилган, яхшими-ёмонми ёзувчи бўлган бўлармидим? Бежиз бу гапни айтаётганим йўқ. Ёш Муҳаммад Юсуфнинг суяги – ўз даврининг таниқли адиби Назир Сафаров хонадонида қотган. Фолкнернинг адиб бўлиб кетишига қайсидир адиб билан биттагина улфатчилик кифоя қилган. Бундай мисоллар кўп. Хуллас, ёш ёзувчи-шоирларга катта авлод, устоз қаламкашлар этагидан маҳкам тутишни маслаҳат бераман.
Кейинчалик кўп жойларда дуч келдим. Тошкент кўчаларида учратардим — бошида шляпа, қўлида саквояж. “Жаҳон адабиёти”да ишлаб юрган пайтимда ҳам расмий суҳбатдан нарига ўтмаганмиз – Шукур ака журналга бир-икки марта ҳикоя олиб келганди. Ўшанда ҳам ош-қатиқ бўлмаганман. Набижон Боқийнинг кулбасида бир кеча тунаганимда хуфтонга яқин ширакайф Шукур ака келиб қолди – бирон соат маъруза қилди. Бу йигирма йиллар олдин бўлган воқеа. Нималар дегани ёдимда йўқ. Ўртада шу арафада бирон гап ўтганми, мезбон меҳмонга рўйхушлик бермаганди. Меҳмон чиқиб кетгандан кейин “дардисар” деди-да, орқасидан “лекин фақат мана шу одам астойдил ижод қилаётир!” деб айтган гапини текислагандай бўлди.
Буни қарангки, Шукур Холмирзаевнинг Дездемонаси – турмуш ўртоғи Саида опа билан бирга ишлаганман – ёнма-ён таҳририятда. Опа жуда хаёли аёл, дея комил ишонч билан айта оламан. Синиққан қиёфаси ҳамон кўз олдимда. Давр талаби билан опа билан савдо ишларида ҳам ҳамкорлик қилганмиз. Шукур Холмирзаевнинг буюклигини у пайтлар мен ғофил билмасдим. Аксинча, Саида опадан анча сирларни билиб олган бўлардим.
3.
“Гегелни ўқиган одам ақлли бўлади деб ТошГУнинг фалсафа бўлимига шўри қуриб тушиб қолган” (ўзининг эътирофи) ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст ўз хотираларида Шукур Холмирзаевга “Адабиётнинг бахти” деб таъриф бераркан, шундай ёзади:
“Қолаверса, Шукур Холмирзаев талабалик чоғида Гамлетни ўйнаган, деган афсона юрарди.
Мен аввал бу тафсилотга эътибор бермаганман. Мактаб театри, турли “билимдону зукколар” тирбанд қилган саҳналар… Бунақа ҳаваскорлар атрофда тиқилиб ётарди. Кейинроқ, раҳматли Шукур Бурҳон билан суҳбатимиз соз тушган пайтлар англадимки, Шукур Холмирзаевнинг ҳаваскорлар театрида кўрсатган ўйини ҳавас чегарасидан чиқиб кетган экан. “Шу боланг бекор қилди, — деб ўксинарди Шукур Бурҳон, — ундан иккинчи Шукур Бурҳон чиқиши мумкин эди.
Шукур Бурҳоннинг одати шу эди – кимдандир арази ёки хафалиги бўлса бас, ўзидан сал четга суриб гапирарди.Ёзувчи Шукур Холмирзаевнинг кутилмаганда “боламга” айланиб олганига ажабланмадим. Гап шундаки, у ўзининг туғишган укаси Убай Бурҳонни ҳам тез-тез менга ҳадя қилиб турарди: “Санинг Убайинг”, “анави Убайинг бор-ку!…” ва ҳоказо.
Бир куни телевизордан Етим Бобожонга юксак баҳо бериб дўриллаганини бугун ҳам завқ билан эслайман: “Манинг бунақа буюк актёр бўлиб етишганимда Ярим Бобожоннинг хизмати катта”.
Шукур Бурҳон шунча таланти, савлати ва деҳқонча қувлиги баробар, шу қадар содда эдики, айтган гаплари мақтанчоқлик эканини билмасди. У ўзининг баҳосини, қадрини, яъники Шукур Бурҳон ягона эканини яхши биларди – шу холос.
Ўзи билган ва севган ягона Шукур Бурҳоннинг ёнида “иккинчи Шукур Бурҳон” бўлмаганидан росмана ўкинганини ўйласам бас, Шукур Холмирзаевнинг адабиётга берган меҳри кўлами кўз ўнгимда янада кенгаяди. Кейинги замон адиблари орасида адабиётга энг содиқ одам Шукур Холмирзаев эканини яна бир марта англайман” (Ўша тўплам, 64-65-бетлар).
4.
Хотиралар тўпламини синчиклаб ўқиган ҳар бир китобхон Шукур Холмирзаев устозлардан муносиб сабоқ ола билганига ишонч ҳосил қилади. Барча буюк шахслар сингари буюк адиб ва шоирларни ҳам давр етиштиради. Ўзбекистон халқ артисти Шукур Бурҳонов, академик Матёқуб Қўшжонов сингари устозлар Шукур аканинг даставвал инсон, қолаверса Шахс сифатида шаклланишида бебаҳо ҳисса қўшган. Мен Шукур аканинг буюк ёзувчи эканига ҳавас қилиш асносида шундай буюк ёзувчини етиштирган она халқимизнинг чексиз ижодкорлик салоҳияти қошида қайта-қайта таъзим қиламан. Бинобарин, буюк шахслару алломалар бетимсол халқ куч-қудратининг ҳамиша ёрқин кўзгуси ҳисобланади.
Шукур ака устози академик Матёқуб Қўшжоновнинг қуйидаги насиҳатини шиор қилиб яшаганини эсселаридан бирида эътироф этади:
— “Ҳамма нарса Адабиёт учун” деб ҳисоблашинг керак. Абдулла Қаҳҳорнинг бир гапи бор: “Бошқа соҳалардан пул топиб, адабиётга едиргин”, дейди. Адабиёт – холис-фидойи одамларнинг иши. Ҳаёти ҳам дейиш мумкин.
Матёқуб Қўшжонов башорат қилгандек, “адабиёт, халқ олдида мукаммал асарлар яратишдек вазифани” шараф билан уддалаган, “ёшига нисбатан эрта улғайган, ижод дарди, алами ва қувончларини ҳам жуда эрта ҳис қилган ва бир умр шу ҳиссиётларига содиқ буюк ёзувчи” (Тўлепберген Қайипбергенов таърифи) Шукур Холмирзаев сийратини чизишда тўплам ҳаммуаллифлари ҳамфикр экани ҳам улкан адибимиз шахсининг нақадар беқиёслигидан далолат беради. Ўзбекистон Қаҳрамони, устоз Абдулла Орипов “Мен бундай иродали, меҳнаткаш ёзувчини кам учратганман” дея ҳайратланса, қатор муллифлар сингари Эркин Аъзам “ҳаётда ҳам, ижодда ҳам камёб ҳодиса экани”ни таъкидлайди. Назар Эшонқул эса айни фикрни яна ҳам теранлаштиради: “Адабиётда истеъдодлар талайгина бўлади. Истеъдодларини турли соҳаларга сарфлайди. Аммо ҳам ҳаётда, ҳам ижодда шахслар камдан-кам туғилади. Бу иккиси муқояса келганда, адабиётда Шукур Холмирзаев ва Рауф Парфилар туғилади”.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов унинг “ҳақиқий адабиёт фидойиси, ҳақиқий адиб” эканини яна бир карра эътироф этса, шоир Абдумажид Азим “катта ирода, жасорат, сабот-матонат, журъат билан ўз улуғвор мақсадига эришган”, “собит эътиқод соҳиби” – Шукур Холмирзаевни ҳақли равишда “ўзбек прозасининг биринчи рақамли ёзувчиси” сифатида эҳтиром билан тилга олади.
Аксариятимиз инсон бахт учун дунёга келади, деган ишонч билан умргузаронлик қиламиз. Шукур Холмирзаев сингари атоқли адибларнинг фидокорона ҳаёт тарзи эса инсон бахт учун эмас, балки синов учун дунё келишига ишонтиради – ўзбек Гамлети бўлиш қанча фахрли бўлса, ундан юз чандон зиёда машаққат талаб этади.
Ўткир Ҳошимов: “Шукур ҳақиқий адабиёт фидойиси, ҳақиқий адиб эди. Қўша-қўша участкалар солмади, қўша-қўша машиналар олмади, саунали дачалар қурмади. Нуқул ижод қилди… Бир гапи ҳеч эсимдан чиқмайди. Қандайдир йиғилишга анча кечикиб келди. Ёнма-ён ўтирибмиз. “Нима бўлди?” десам, “автобусга чиқишга пулим қолмабди” деди”.
Такрор айтаман: Шукур Холмирзаев Адабиёт Фидойиси эди!”
5.
Эркин Аъзам бир куни суҳбатлашиб ўтирганимизда “Шукур ака боди” эди деб қолди. Мен бу таърифни Шукур аканинг тўғрисўз бўлганига йўйдим – кўксини қалқон қилиб адабиёт гулшанини истеъдодсиз ғаламислардан қўриқларди. Бинобарин, Дон Кихот сингари феъли бўлганига ажабланмадим. Рауф Парфи ҳам шундай эди. Нортўхта Қилич “фикр билдиринг”, деб бир даста шеърларини тутқазганда, қисқа ва лўнда фикр билдирган экан: “Нор! Тўхта! Қил! Ич!”
Бироқ Эркин Аъзамнинг таърифида жон бордик. Қўрқ қа қўпол Шукур Холмирзаевдан ўринли нолиганларни кўрганман.
Носир Фозилов ўз хотираларида ёзади: “Шукурда шундай бир характер бор эдики, эгри маслаҳатни кўтаролмасди, айни чоғда тўғри гапни ҳам тез қабул қилолмайдиган қайсарликка мойил одати бор эди. Баъзида эса маслаҳатинг тўғри бўлса, агар шунга кўзи етса, мардларча тан олиб, кечирим сўрашни ҳам биларди”.
6.
Шодмон Отабоекнинг таъбири билан айтганда, Шукур Холмирзаев ва Рауф Парфи – ХХ асрнинг икки буюк дарвеши эди.
Рауф Парфи умрининг сўнгида Тошкентнинг бир четидаги ишчилар ётоқхонасида, товуқхонадай каталакда яшади. Уни холасининг қизини уйидан, яъни куёви шоир Чоршаъмнинг уйидан сўнгги манзилга кузатдик. Тобутни машинага ортишнинг ҳам ҳожати бўлмади – анҳор устига ташланган кўприкдан кунчиқар тарафдаги Минор қабристонига қўлма-қўл, елкама-елка олиб ўта қолдик. Масжидга кираверишдаги мўъзаж масжид олдида Рауф аканинг тобутини бир томонидан авайлаб ушлаганча ерга қўярканман, рўпарамда Эркин Аъзамга кўзим тушди.Ўша пайтда жиддий ташкилотда ишлардим. Тобутни баравар ерга қўйганимиздан кейин Эркин ака менга юзланди:
-
Бошлиғингиз қани!
Шукур Холмирзаев, ҳаётининг қаттиқ ижод билан шуғулланган қатор йилларини , Рауф Парфидан ҳам қийин шароитда яшаб ўтди. Унинг Тошкент яқнида, Ёзувчиларнинг Дўрмон боғидаги “Бойсуни”ни ўз кўзим билан кўрганман – ерга ёпишган икки хонали кулба, кўпроқ омборхона, оғилхонага ўхшарди.
7.
Ёзувчи Тилаб Маҳмудов хотираларидан: “Ҳаяжонли учрашувлар”.
“Дўрмондаги Ёзувчилар боғига етиб борганимда узоқдан кўзга ташланган иморатлардан бири Шукурники бўлса керак, деб ўйладим. Суриштирсам, мен қайрилган кўчанинг бошланишидаги битмаган иморат биқинида мунғайиб турган чорбоғ уники экан. Дарахтлари чакалакзор бўлиб кетган боғ. Атроф темир панжара билан ўралган. Омонатгина ўрнатилган тахта эшик ичкаридан занжирланган. Тахталари тақур-туқур қилаётган эшик оша Шукуржонни чақирдим. Машинани қўйиш учун у ёқ-буёққа аланглаб, салқинроқ жой излаётган эдим, дарахтлар орасидан иштончан одам кўринди. У мени таниди чоғи: “Эй, сизмисиз, биз бу ёқдамиз”, — деди-да, келиб эшикни очдию, орқасига ўгирилиб кетаверди. Сершох наъматак тагидан бош эгиб ҳовлисига ўтдим. Мен айвон зинасига яқинлашгунча Шукуржон ичкарига кириб кўйлак кийиб чиқди. Биз қучоқлашиб кўришдик. Келганимдан хурсанд бўлганини яширмай, очилиб кетди. Эгилган дарахтлар, наъматаклар оралаб боғ ичига кирдик.
Айвон олди гулзор, сал нарида бўғзигача суғорилган икки ариққа помилдори, булғор қалампири экилган. Боғ ичи салқин. Боғда тик туриб сигарет чекдик, сўнгра айвонга қайтдик. Иккига беш метрли, қачон таъмирлангани номаълум айвон. Унда эски диван, пастак стол. Столда чойнак-пиёла, суви қочган нон бўлаклари, “Нескофе”нинг қатор бўш идишлари…
Диван устида қатор қўлёзмалар солинган папкалар, ёзувчининг қоралама ёзувлари… Тўрда алмисоқдан қолган кресло, устига сахтиён кўрпача тўшалган. Шукур мени шу жойга таклиф қилди. Ўзи айвон чеккасида турган табуреткага ўтирди. Фотиҳадан сўнг Шукуржон ўрнидан турди-да, “Юринг, Тилаб ака, биз яшаётган аппартементни сизга бир кўрсатиб қўяй”, деб мени ичкарига бошлади. Кираверишдаги эшик орқасида қўлда ишланган электр пилта. Назаримда, унда чой ҳам қайнатилади, овқат ҳам пиширилади… Плита олдидаги стол устида машинка, қўлёзмалар… Деворга қоқилган катта-катта михларга унинг тоза кўйлак, шимлари, шлаяпалари илиб қўйилган. Ўнг томонда яна бир стол, устида 5 сўм, 10 сўмлик пуллар, улар орасида бир доллар ҳам бор. Ичкаридаги хонада узун каравот устида нимдош кўрпа-тўшаклар, кўринишидан бу ер ётоғи”.
8.
Шукур Холмирзаевнинг Шолохов деган лақаби ҳам бўлган экан. Эҳтимол, ҳар икки адиб бир сана — 24 мартда туғилгани боис унга шундай ардоқли лақаб берилгандир? Лекин Шукур ака Толстойга кўпроқ маҳлиё бўлган. Буни “Танҳолик” ҳикояси исботлайди.
ХХ асрнинг 90-йиллари, “ўтиш даври” оғир кечди. Бизларни “қўймижоз” деб маломат қиладиганлар кўпайди. Бу қавмнинг ичида “ҳақиқатни айтадиган мард йўқ!” дегувчилар кўпайди. Ўша кезларда бундай таъналарга мен ҳам қўшилардим. Кейинчалик ўйлаб кўрсам, жўжани шошиброқ санаган эканман. Ҳукумат таркибидаги мансабдорлар ҳақиқатни …нинг юзига айтгани учун мансабидан дарҳол бўшатилган. Ҳақиқатни айтган таниқли санъаткорлар уй қамоғига ҳукм қилинган. Халқ ҳақида қайғуриб, маломатга қолган, ҳатто бошидан айрилган мард инсонлар юртимизда ҳамма замонда бўлган ва улар ҳозир ҳам борлиги учун фақат шукроналар айтаман. Бинобарин, 1998 йилда “Тафаккур” журналида Толстойнинг подшо Алексадр II га мактуби таржима қилиб босилди. Шукур Холмирзаев таржимаси. Шукур ака Толстой бобо бўлиб ўша кездаги давлатимиз раҳбарини огоҳлантирганди: “Биродар, сал ўйлаб иш қилинг! Бундай давом этаверса, қон тўкилади!” Башоратни қарангки, ярим йил ҳам ўтмади: Тошкент марказида портлашлар рўё берди, қон тўкилди.
“Танҳолик” ҳикоясида Толстой тилидан муаллиф оламшумул фикрларни ўртага ташлайди: “Нега Аллоҳнинг паноҳида ҳамма эркин, бир-бирига дўст бўлиб яшамаслиги керак? Йўқ, ана шундай яшашимиз лозим. Севги! Ҳамма ҳаракатларимизнинг замирида шу – севги ётиши керак. Санъатнинг энг улуғ вазифаси эса – инсонларни бирлаштириш, бир-бирига биродар қилишдан иборат”.
Толстой тимсолида Шукур Холмирзаев яна таъкидлайди: “Уялиш яхши. Ўз шоҳингнинг қилмишларидан уялиш, нафратланиш яхши”. Яна: “Биласизларми, черковдаги руҳонийларнинг кўзбўямачилиги, давлатга, подшога батамом қул бўлиб қолганлари, подшоларимизнинг аксилинсоний сиёсатларига хизмат қилишлари қаерда кўринади?..”
9.
Шукур Холмирзаев ҳикоялари ватанга оташин муҳаббат билан йўғрилган. “Хоразм, жонгинам” ҳикоясидан:
“…ўша минорлар, эски карвич деворлар, тор кўчалар, сағаназор мозорлар мени тортди.
Мен ўша ерга бораман.
Балки… балки бу бир ҳолатдир.
Лекин мен туғилган юртимни кашф этдим: у тап-тақир чўл, саҳро бўлиб қолгандаям – менинг тупроғим экан. Ўлиблар кетмайманми ўша ерда!”
10.
Устоз Бахтиёр Назаров ўз хотираларида Шукур Холмирзаев сингари атоқли шоиримиз Рауф Парфининг ҳам шахси ва ижодига хос “миллатпарварлик” хусусиятини алоҳида тилга олади. Қолаверса, гамлетона адолатпарварлик, жасорат, шижоат, фидокорлик, “дунёни мукаммал кўриш”дек (Абдулла Орипов) юксак мақсадга, “ҳаётнинг, адабиётнинг ўзгармас ўлчамларига” (Набижон Боқий) садоқат борасида ҳам ҳар икки Устоз ҳаёти ва ижоди келгуси авлодлар учун беназир дорилфунун вазифасини ўташи шубҳасиз.
Хотираларда қайд этилгандек, буюк адибимиз фавқулодда меҳнатсеварлиги билан ҳайратлантиради. Бинобарин, талабалик йилларида Шукур ака дорилфунунда таҳсилни давом эттириш баробарида драма тўгарагида фаол иштирок этади — Шекспир, Тагор драмалари асосида саҳналаштирилган томошаларда асосий қаҳрамонлар тимсолини яратади. Айни пайтда ижодий фаолият билан жиддий шуғулланади. Ҳикоя-қиссалари турли даврий нашрларда пешма-пеш нашр қилинади.
“Шукур Холмирзаев мағрур одам эди. Гарчи қаҳрамонларига қўшилиб минг алвонда турланса-да, замонга мослашиб кета олмади. Балки шунинг учун ҳам умри қисқа бўлди.
Шукур ака кўрган беҳаловат, биринчи қарашда ўта бетартиб ҳаётда аслида қаттиқ тартиб ҳукмрон эди. У адабиётга ҳалол, беғараз ва бетаъма хизмат қилди. Хизмати эвазига иззат талаб қилмади”, — дея устоз адибни эҳтиром билан эслаган таниқли ёзувчимиз Мурод Муҳаммад Дўстнинг хотира мақоласи: “Унга тузукроқ меҳр кўрсатолмаган бўлсак, бу – бизнинг айбимиз”, деган армон билан якунланади.
Бу армон қайсидир маънода тавба-тазарру тусига ҳам эга. Бироқ “Адабиёт ойини мис товоққа алишмаган” (Иброҳим Ғафуров) Шукур Холмирзаев ҳеч кимнинг илтифотига зор бўлмаганига тўплам ҳаммуллифлари китобхонни ишонтиради. Қолаверса, Шукур Холмирзаев она халқимизнинг буюк меҳрига заррача шубҳа қилмай яшади ва айни меҳрнинг оташин тафти билан мардона ижод қилди. Мавлоно Муқимий: “Келур охир сани ҳам йўқлагудай бир замон яхши” дея қоронғу қисматини нурли келажак умиди билан ёритишга уринган бўлса, Шукур Холмирзаев халқимизнинг эҳтиромига қайта-қайта сазовор бўлгани хотиралар тўпламида ҳаётий воеқалар мисолида ўз исботини топган. Бинобарин, адибимиз Шойим Бўтаев “Ихлос” хотира-ҳикоясида шифокор Жўрабек ака шахсан Шукур Холмирзаев шарафига зиёфат уюштирганини, уни азбаройи эъзоз билан кутиб олганини мамнуният билан ёзади:
“Жўрабек ака элбурутдан башорат қилгандек роппа-роса соат беш яримда у яшайдиган кўп қаватли уйнинг подъездига етиб келдик. У ердаги манзарани кўриб, мен бу ерда бошқа бирон тадбир ҳам бўлса керак деб ўйладим. Нега деганда подъезд олдида бир хил атлас кўйлакдаги тўрт-бешта қизалоқлар нон ва туз ушлаб туришарди. Орқароқда бошқа одамлар ҳам тўпланишган эди. Жўрабек ака Шукур акани қўлтиқлаб тикка нон-туз тутиб турган атлас кўйлакли қизалоқлар томон бошлади.
Улар ҳам нон-туз тутганча бир овоздан:
-
Хуш келибсиз! — дейишди.