Фуқуролар мурожаатларига муносабат, уларнинг топталган ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш, ғайриқонуний чиқарилган қарорларни бекор қилиб, адолатни қарор топтириш ҳақида гап кетганида устоз шоир Абдулла Ориповнинг ана шу мисралари ёдимга тушаверади. Жуда топиб айтилган, донишмандона хулоса.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Вертуал қабулхонаси халққа ўзини қийнётган муаммолар, дуч келаётган ёки бошидан ўтган ҳақсизликларни Давлат Раҳбарига етказиш имконини бермоқда. Шу муносабат билан Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов раҳбарлигида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш устидан назорат ўрнатиш ва уни мувофиқлаштириш Хизмати» фаолияти йўлга қўйилган.
Гап — ҳар бир мурожаатни ўрганиш ёки текшириш масъулияти юкланган ва ишонч билдирилган мутахассиснинг, яъни устоз шоир таъбири билан айтганда “учинчи одам”нинг масалага муносабатида. “Учинчи одам”нинг холис, адолатли, Давлат Раҳбари қўйган талаб, кутган натижаси нуқтаи назаридан ёндашганлиги сабабли ижобий ечим топган, фуқароларнинг бузилган ҳақ-ҳуқуқлари тикланганлигини, муаммолари бартараф этилганини одамлар миннатдорчилик билан эътироф этмоқди.
Лекин “учинчи одам”нинг вазиятдан манфаатдорлик мақсадида фойдаланиб қолмаслигига ҳам ҳар доим кафолат бериш қийин. Шикоятда кўтарилган масала асосли бўлиб чиқса қайсидир амалдорнинг курсисига ёки мавқеига дахл қилиши эҳтимоли бўлса у қўл қовиштириб ўтирмаслиги, “учинчи одам” билан “тил топишишга” астойдил ҳаракат қилиши, барча воситаларни ишга солиши турган гап. Мурожаат унинг республика, вилоят ёки туман ташкилотларида ишлайдиган собиқ курсдоши, собиқ ҳамкасблари, таниш-билишлари фаолиятига дахлдор бўлса-чи?! Ёки собиқ курсдошлар, ҳамкасблар, таниш-билишлар орага тушса-чи?! Унда иш янада осонроқ “битади”.
Очиғи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан асоссиз қабул қилинган қарорлар, адолатсиз чиқарилган ҳукмлар устидан норозилик акс этган мурожаатлар замиридаги ҳақиқат осонликча юзага чиқмайди. Порахўрлик, ўзаро манфаатли ошна-оғайнигарчилик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш, айбларини хаспўшлаш бор жойда ўзгалар манфаати, холислик, ҳақиқатга умид боғлаш жазирама ёзда ёмғир кутишдай гап.
Болалик пайтимиз ҳар ҳафта “Телевизион минатюралар театри” ҳажвий дастури бериларди. Ён-веридаги, ҳаётда юз бериб турган камчиликлар, иллатлар ҳажв тиғи билан фош этилиши сабабли ҳамма уни сабрсизлик билан кутарди. Ундаги бир интермедияда хотирам панд бермаса, база директори — Эргаш Каримовнинг кабинетига база қоровули — Садри Зиёвиддинов ҳовлиққанча “Иван Кузьмич, Иван Кузьмич”лаб кириб келиб база ёнганини маълум қиларди. “Чўчитиб юбординг-ку. Ёнса. Ёнибди-да. Шунга шунча воҳимами?”, дерди база директори пинагини бузмай ва бироздан сўнг “Макентошим турибдими?”, деб сўрарди. Энсаси қотган қоровул ўзини кулгидан тиёлмай “Бутун бошли база ёнади-ю макенгтош қоладими”, деб жавоб қайтарарди. База директори “Нима, нима дединг! Менинг макентошим!”, деганча чап кўкрагини чангаллаб қоларди. Шахсий манфаатни жамоат, давлат манфаатидан устун қўядиган шахс қиёфасини бундан-да ёрқин ифодалаш мушкул.
Бундай тоифалар ҳозир ҳам кам эмаслигини ҳамма билади.
Умр бўйи юқоридан кимни туртсалар тепкилаб, кимга гул тутсалар олқишлаб кун кўрган, юқори раҳбатининг пойига патак бўлиб, исми-шарифини ҳар куни неча марта такрорламаса егани-ю юргани татимай ишлаган ва шу “фазилати” туфайли амалга эришган, турли лавозимларда ишлаб халққа зиғирчалик наф келтирмаган, минбарларда ҳалоллик, тўғрилик, меҳнатни қадрлаш ҳақида оғиз кўпиртириб, юритилаётган сиёсат, қабул қилинаётган қарорлар мақсад-моҳиятига ҳамду сано ўқиб, амалда ўз манфаатидан бошқасини ўйламаган муттаҳамлар ҳозир ҳам баъзи бир паст-баланд амал курсиларида ўтиришибди. Бундайлар чилдирма қайси усулда чалинса, дарҳол ўша мақомда елка учиришнинг росмана ҳадисини олишган.
Бир пайтлар Бухорога айрим нуфузли лавозимларга четдан тайинланган кишилар қўларида бир сидра кийими солинган дипломат билан бориб уч-тўрт йил, балки ундан кўпроқ муддат ишлаб қайтаётганларида кўч-кўронларини қатор “КамАЗ”ларда ташиганлар бор. Уларни баъзи бир амалдорлар қучоқ очиб кутиб, қаерга борса орқасидан “лаган” кўтариб юришди. Шарафига зиёфатлар ташкил қилиб “фалончи ака билан ўтирдик”, дея оғизларидан бол томиб мақтаб юрганлар бўлди.
Албатта кутиш, “лаган кўтариш” беҳудага эмас, мақсад: пинжига тиқилиб иш битириш, манфаат кўриш эди.“КамАЗ”лардаги юклар амалдорнинг ёки “лаган кўтарган”ларнинг пешана тери эвазига топган пуллари ҳисобига олинган эмас. Пора эвазига кимларнингдир “ҳожатларини чиқариш”, кимнидир амалга қўйиш, амалини кўтариш, кимларнингдир айбларидан “кўз юмиш” ва бошқа йўллар билан орттирилган бисот. Булардан ташқари чўнтакка киргани эса ўзларига-ю Оллоҳга аён. Фаолиятига холисона баҳо берсангиз ҳозир ҳам “лаган кўтарган”лар иззатидагилар, “лаган”ликни касб қилиб олганлар, уларнинг замонага мослашган моҳир издошлари назарингизга ташланади.
Шахсан мен яқиндан билган ана шу тоифадаги биркиши лавозим теггач кўз ўнгимда босар тусарини билмайдиган, оғзини идора қила олмайдиган манфаатпараст, мансабпарастга, ҳаммага ақл ўргатадиган, қисқаси, тамомила бошқа одамга айланган. Энди у тилда ўзгариши мумкин, лекин дилда ўзгаришига ақлим бовар қилмайди. Қадимгилар “Бировни синамоқчи бўлсанг амал ёки бошлик бериб кўр”, деган гапни жуда топиб айтганларига кўп бор имон келтирганман.
Назоратни кучайтириш, қарор ёки қонун қабул қилиш, маъруза ўқиш, охиратдаги жазосини тушунтириш, қасам ичириш билан порахўр ҳалолга айланиб, манфаатпарастнинг нафси тийилиши қийин. Замон, сўров, муносабат ўзгарганини теран англаб, тегишли хулоса чиқарадиганлар, иш услубини талаб этилаётган йўналишда ўзгартирадиганлар ҳам бор. Лекин бу иллат қонига сингганлар ниҳоятда ҳушёрликни ошириб, янада эҳтиёткор бўлади.
Илгари қабулига бирор масала билан кирган фуқарога “қуруғи” билан иш битмаслигига ўзи шаъма қилса, энди иши тушган кишининг “тилга кириши”ни ёки бирор ишончли одамини ўртага қўйишини кутади. Қарабсизки, воситачининг ошиғи олчи! Порахўрлик, қонунбузарлик мамлакатда биз тасавур этгандан ҳам чуқур издиз отиб кетганлигига бугунги кунда мамлакатда олиб борилаётган сиёсат, Ҳаракатлар стратегияси, “Дунё ўзбеклари”да берилаётган материаллар орқали ишонч ҳосил қилмоқдамиз.
Алоҳида таъкидлаш керакки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган сиёсат амалга оширилса, қўйилаётган вазифалар, қабул қилинаётган қарорлар ижроси таъминланса мамлакат адолатсизлик, ҳақсизлик, манфаатпарастлик, коррупция каби тараққиёт йўлига ниҳоятда катта ғов бўлиб турган иллатлардан халос бўларди. Чиндан ҳам юртимиз жаннатмакон, табиий бойликларга бой, замини унумдор, сахий. Уни ер юзидаги жаннатга айлантириса, фуқаролари яйраб-яшнаб умргузаронлик қилса арзийдиган ресурслар, моддий шарт-шароит мавжуд.
“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни синчиклаб ўқисангиз чиндан ҳамулуғвор ва ниҳоятда муҳим мақсадлар белгилаб берилган. Беш устувор йўналиш ичида энг муҳими менинг назаримда иккинчи—“Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари”.
Унда “суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш…”, “судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишга йўл қўймаслик бўйича таъсирчан чоралар кўриш”, “фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорлик, расмиятчилик ва лоқайд муносабатларида бўлиш ҳолатларига йўл қўйганлиги учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек, бузилган ҳуқуқларини тиклашнинг барча зарур чораларини кўриш”, “суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқи ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш” ва бошқа қатор бири бошқасидан долзарб вазифалар қўйилган.
Мен 40 йилдан ортиқ журналистик фаолиятимдан хулоса қилиб айтаманки, бу вазифалар ижросини таъминлаш осон эмас.
Муҳим жиҳати, бу йўналиш ҳаётимизнинг барча жабҳаларига, жамиятда адолат барқарорлигига, бевосита инсон қадр-қимматига дахлдор. Аксарият иллат, норозилик қонун бузилишидан, ёзилган қонунлардан баъзи ҳолларда ёзилмаган қонунлар, тартибларнинг устун келишидан бошланади. Албатта бу Ҳаракатларнинг амалга оширилиши жойлардаги катта-кичик бўғинлар раҳбарларига, бир сўз билан айтганда уларни бажаришга тилда ҳам, дилда ҳам хайрихоҳ, “юк”ни мардона зиммасига олган ва маънавий ҳаққи бор, муросасозлик йўлидан бормайдиган “учинчи одам”ларга боғлиқ.
Улар аксинча тоифадаги “учинчи одам”лар билан муроса йўлини тутиб кетмаса юртимизнинг меҳнаткаш, қаноатли сабр-бардошли халқи билан чиндан ҳам олдинга қўйилган эзгу мақсадларга, қонун устувор, адолат барқарор, инсон қадри баланд жамиятга эришиш мумкин. Бу борада матбуотнинг кучи ниҳоятда муҳим. Даврий нашрлар ўз сўзини “бурро” айта олиши, оммавий минбар сифатида аксинча тоифадаги “учинчи одам”ларни фош этиши зарур. Лавозимни масъулият эмас имконият сифатида қабул қилганраҳбарлар кам эмас.
Имонли инсон Оллоҳ жазоси муқаррарлигини англаб шайтон васвасасига учмасликка, ҳамиша раҳмон этагидан тутишга урингани, гуноҳдан тийилганидай, муттаҳам, текинхўр кимсалар виждони, имонини жиғилдонга айлантирган тақдирда ҳам матбуот шарманда қилиши, кейин тегишли органлар олдида жавоб беришларига тўғри келишидан қўрққанларидан ҳакалак отган нафсларини тиядилар. Энг муҳими, давлат Раҳбарининг ўзи матбуотни шунга даъват этмоқда.
Мулоҳазаларимга яна “Сенга инсоф берсин, учинчи одам”, дея алоҳида таъкидлаб, катта умид билан “Номутаносиблик” шеъримдан бир парча билан сўнгги нуқта қўймоқчиман:
Бу оламда адолатдир энг олий мезон,
Чин инсоннинг ҳаётига шу мезон йўриқ.
Лекин гоҳи олган киши бир ҳовуч сомон,
Жазоланар ўмаргандай хирмонни тўлиқ.
Лол қоламан баъзан кўриб дунё ишини,
Маъзур тутинг, бироз эриш туюлса таққос.
Қизиқ, гоҳи бир нинани олган кишини,
Айблайди ютган киши туяни паққос.
Жаҳонгир ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.
Ўхшаш мақолалар йўқ.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни
МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.