«Ўлмас қоялар »романимнинг жанжалидан сўнг (1981 й) мени Ўзбекистонинг биринчи раҳбари Шароф Рашидов қабул қилдилар.
Ўшанда Шароф Рашидов менга (бу суҳбатда Оқил Умрзоқович Салимов ва Сарвар Олимжонович Азимовлар иштирок этишган) замонавий мавзуда бир асар ёзинг, деган эдилар.
«Қора дўлана» 80-йиллар бошида «Ёшлик »журналида чоп этилган. Бирда, телефонда ёш дўстим Паҳловон Содиқ «Мен студент пайтимда «Қора дўлана»ни ўқиганман. У ўз замонида шов -шувга сабаб бўлган» деди.
«Қора дўлана» босилгандан бери орадан 34 йил вақт ўтди.
Уни янги ўқувчилар ҳукмга ҳавола этишга ўзимда бир истак сездим.
Эврил Турон,
12 июнь, 2017 йил,
Бўстонлиқдаги “Оқтош” санаторияси
Қора дўлана
роман
Эврил Турон
(Мамадали Маҳмуд)
Киши ўзининг аянчли аҳволидан
қутилишни истаса, бундай истак натижасиз
қолмайди.
Петрарка.
Чумоли юришдай имиллаб кунлар ўтаверди. Ширин Одил Ёқубни ўқиб чиқди. Али унга Лев Толстойни, Жек Лондон, Виктор Гюголарнинг асарларини олиб келиб берди. У “Мартин Иден”ни ўқиркан, унинг орасидан юпқа варақ чиқди. Бунга қуйидагилар битилган эди:
“Ўзини ҳурмат қилмайдиган киши эркин
бўлолмайди”.
Ж.Ж. Руссо.
“Ҳамма нарса бой берилган тақдирда ҳам ҳали
олдинда келажак бор”.
К. Боуви.
“Фақат ўзи учун яшаш – инсонийликни
суиистеъмол қилишдир”.
В. Шекспир.
“Тирикмисан, ҳали ҳеч нима йўқотмагансан”.
Р. Роллан.
— Онам ҳақида бир китоб ёзасиз.
— Олдин ўзларини кўрай-да, Гулюз.
— Сўз беринг, — қиз гул-гул ёниб кулди.
Мен унинг пардоз-андоз кўрмаган чечак мисол тиниқ юз-кўзларига таажжубимни яширолмай тикиларканман, ихтиёрсиз бир тарзда кўнглимдан ушбу сўзлар кечди:
“Мунчалар очилиб сўзлаяпти бу қиз? Яна зарра тортинмай. Гўя мен билан минг йилдан бери танишдай? Ғалати. Яна самимий, хушчақчақ. Яна қурмагирнинг ҳар бир ҳаракат, сўзи ўзига ярашиб турибди”.
— Мунча тикиласиз, Мамадали ака? Кўзингиз тегади, — шарқираб кулди Гулюз. – Ё мани жини-пинни деб ўйлаяпсизми? Ман энг соғлардан ҳам соғман. Характерим шунақа. Ҳамма мени биринчи кўрганда, Сиздек таажжубланади. Бу менга ёқади. Бундан мен завқ оламан. Ўзларини яширмай яшаётганларни олқишлайман. Онамнинг айтишларича, ман янги ўзбекман. “Янги ўзбек”… Бу нима дегани ўзи? Мен қандай бўлсам, шундайман. Яъни ўзимман. Яъни мени Тангри қандай яратган бўлса, шундайман. Замон, МАКОН, Тузм деганлари ўзгартиролмайди. Мен енгилмасман!..
— Сиз ҳам менга ўхшаб мақтанчоқ экансиз, Гулюз, — дедим ва ўз сўзимдан ўзим завқланиб кулдим.
Қўрқоқ одамдан чин ёзувчи, чин шоир, чин олим чиқмайди. Ҳеч замон.
Бадиий адабиётда Сиз биринчи марта “Боғдон қашқири”да “Босмачи”ларни ўз юрти, ўз эли учун курашган ботирлар қилиб кўрсата билгансиз. Буни онгли, синчков ўқувчи ўрамалар орасидан кўра олади.
Aгарчи бу онамнинг фикрлари бўлса ҳам, мен ҳам асарингизни ўқиганимда буни илғадим. Менинг айрим курсдошларим ҳам…
— Сиз қайси факультетда ўқияпсиз, Гулюз?
— Тарихда, сўнгги курсда. Менимча, Мамадали ака, эътиқод қудратидан буюкроқ қудрат ер юзида йўқ. Енгилмас Юсуфбек образи ҳам шуни тақозо этади. У ўз эътиқоди йўлида Шўрони ёқлаган ўз ўғли Аҳмадбекдан ҳам кечади. Мамадали ака, “Боғдон қашқири”ни қайта ишланг.
Сохта сатрларни олиб ташланг. Сарлавҳаси ҳам ярамайди. Ўзгартиринг. Менимча у “Туманли кунлар” деб аталса, қисса руҳига мос тушади.
— Бошлиғимизга сўз бериб келгандим-да, Гулюз. Бошқа сафар. Бўлмаса мени ишдан ҳайдайдилар.
— Икки соатча олдин Ширин Эшимовна Зулфия хоним билан телефонда гаплашувдилар. Бахтга қарши ўша пайт уларни Марказқўмгами, фанлар академиясигами, аниқ билмайман, чақириб қолдилар.
— Сиз буни қаердан биласиз?
— Ҳузурларида эдим.
— Мабода Сизга…
— Мана, мен Сизнинг қаршингизда қўриқчидек турибман-ку ока, — Гулюз
— Ёзувчи билан гаплашиш иштиёқи… – У зарра хижолат чекмади. Билъакс ўз сўзидан илҳомланиб, кулди.
— Олдинлари бирон ёзувчи…
— Йўқ, бундай шарафга муяссар бўлмаганман, — у мени бўлиб, тағин кулди.
— Турган-битганингиз сир…
— Сиздан энг муҳимини бекитаяпман, қани топинг-чи?
— Полчимасман, Гулюз.
— Афсус.
— Мен уйга кета қолай.
— Сўз бердингиз-ку.
— Айнидим.
— Нимага?
— Кеч қолсам, автобус бўлмайди, таксига пулим йўқ, Юнусобод узоқ, бундай қор ўрамида уйга яёв етолмайман.
Менинг гапим Гулюзга ёқмади. У мени юзинг-кўзинг демай, савалади:
— Сизга Нобел мукофотига лойиқ имконият туғилаётганда, бу нима деган гап? Ўзини ўйлайдиган кишидан ёзувчи чиқмайди. Чин ёзувчи ўз ташвиш-ғамларию майда-чуйдалардан устин туради. Яёв дейсиз? Сизни уйингизга ташлаб қўяман. Бизникида қолсангиз ҳам бўлади. Эрксевар Сизни зериктирмайди.
— У ким?
— Укам.
— Отангиз уйдамасмилар?
— Раҳматли бўлганлар, томоқ ракидан, — бирдан Гулюзнинг юз-кўзларига ғам-қайғу т ошди. Мен ноўрин саволимдан пушаймон едим.
Лифтда гап-сўз пастга эндик.
Бироз юриб, университет этагига – машиналар қўналғисига келдик. Оқ “Волга”ни бир қаричдан ортиқ баландликда қор босган. Гулюз маторни қиздиргунча, мен латтада машина устию ойналарини артиб, тозаладим. Сўнг усти-бошимни қордан қоқиб, Гулюзнинг ёнига ўтирдим. Тун ердан ёруғликни ҳайдаган. Симёғочларга ўрнатилган чироқлардан таралаётган хира ёғдулар қор билан қоришароқ йўлни ғира-шира ёритмоқда. Дорхон сари ёдик. Гулюз сўқоқдан кўзини узмаган ҳолда, армонга қотилган ғамли овозда:
— Янглишасиз, уруғи тоза бўлса, бузилмайди. Мана, масалан, ўсимликлар оламига боқинг: сара буғдойдан сара буғдой унади.
— Парваришга боғлиқ.
— Минг парвариш қилсангиз ҳам, сифатсиз дондан сара дон ололмайсиз. Ҳайвонот дунёси ҳам шундай. Наслдор отдан наслдор от туғилади. Инсоният олами ҳам шундай. Мирза Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, Гулбадан бегимлардан ота-оналари ҳеч нарсани аямаганлар. Агар уларнинг уруғлари тоза бўлмаганда Жалолиддин Мангубердидан улуғ ботир чиқармиди? Гулбадан бегим “Ҳумоюннома”ни ёзолармиди? Мирза Улуғбек жаҳонда тенгсиз олим деб тан олинармиди?
Сиз эркалаш билан тўғри тарбия оралигидаги айроликни кўра олмаяпсиз. Иккови бир-бирига яқин бўлса ҳам, бошқа- бошқа нарсалар. Ота-она боласидан ҳеч нарсани аямаса, бу ортиқча эркалашга кирадими? Йўқ. Имконияти бўлса, олиб берсин. Аммо болани тўғри тарбиялашни унутмасин.
Шуни айтайки, олтин бузилмайди.
— Фикрларингизда мантиқ бордай.
— Мантиқ… – истеҳзоли кулди қиз.
Қор қалин ёғаётгани учун йўл ҳаракати суст. Тозалагич “Волга” ойнасини зўрға-зўрға тозалашга улгураяпти. Ўрдага яқинлашганимизда, Гулюз яна отаси тўғрисида сўз очди:
— Адамлар астроном эдилар. Қуёш тизими бўйича докторлик диссертациясини ёқлаганлар. Бундан икки йилча аввал (кечқурун) хонтахта атрофида чой ичиб ўтирарканмиз, осмон жисмлари бўйича сўз очиб қолдилар:
— Менинг узоқ йиллик кузатувим ҳамда фаразимча Қуёш теграсида тўққизтадан ортиқ планета айланаяпти. Миллион-миллион чақиримлар йироқда, мангу аримас қоронғиликлар қаърида бўлгани учун, биз уларни кўролмаяпмиз. Замон келади, кўра оладиган асбоб-ускуналар яратилади. Шунда, балки, мен ҳақ бўлиб чиқарман.
— Мумкин, — дедилар онамлар, — ҳатто фантазиялар ҳам ҳақиқатга айланаяпти-ку. Сизда бу фикр бежиз туғилмаган, — онамлар адамларга ишонардилар ва уларни ҳар оқил ишда қўллаб-қувватлардилар. Адамлар бундан илҳом ва руҳ олардилар.
Яна шуни Сизга айтишни истайман, Мамадали ака, бу китоб ёзишингизда керак бўлади. Онамлар адамларни Мирза Улуғбек билан Али Қушчи асарларини тадқиқ этишга ундаганлар. Менимча, Сиз журналист сифатида ўқигансиз, Мирза Улуғбек Самарқандда Ер юзида биринчи марта Ҳисоблаш Марказини яратганлар. У Оврўпага кўприк бўлган, Галилей, Коперник, Кеплер каби олимлар Улуғбек даҳосидан етишиб чиққанлар. “Зижжи Кўрагоний” олам астрономларига академия вазифасини ўтаган. Беқиёс Темур ҳоқон империяси тобора бўлакланиб борган. Ўзаро низо,
фитна, урушлар авж олган. Илмда тенгсиз Улуғбек ўлдирилган. Тала-тўплар бошланган. Буюк астроном олим Али Қушчи нодир китоблару қўлёзмалардан бир қисмини олиб, Туркияга қочишга мажбур бўлган…
Эл билган (юзаки билган) бу нарсани Сизга айтишимдан мақсадим шуки, ҳозир дунёда шов-шувга сабаб бўлаётган “Улуғбек осмони”, “Қушчи йўли” китоблари адамларнинг узун-узун йиллик ўрганишларию, изланишларининг меҳнат меваларидир. Бу илмий-оммабоп асарлар…
— Ий, тўхтанг-тўхтанг, Гулюз, — дедим мен ҳаяжонланганимдан унинг гапини бўлиб, — Сиз профессор Элтузар Турғуновнинг қизлари бўласизми?
Эрксевар оқ-сариқдан келган, ўртадан сал баланд бўйли, қад-қомати ихчам, камгап йигит эди. У феъл-атвори жиҳатидан ҳам Гулюздан кескин фарқ қиларди.
— Укам боксга ҳам қатнашади, ҳозирча Ўзбекистон чемпиони.
-Опа кўп мақтавормангда одамни, илтимос.
— Китоб ёзганларида бу нарса ҳам керак бўлади, ука, — деди меҳрибон овозда ва сўнг Туркия туркларига хос одатда мендан сўради, — чой ичасизми ёки қаҳва?
— Кун совуқ, қаҳва маъқулроқ.
Эрксевар бир қулоч кенгликдаги узун столга оппоқ терги ёзди. Унга наматак ранг “буфет”дан олтин тусли таленкалар, қошиқчалар, бардоқлар ва яна Француз шоколадларига тўла биллур идишни ҳам олиб қўйди. Гулюз Хитой қизлари тасвирланган нафис чинни чойнакка Бразилия қаҳвасини тайёрлаб кирди.
-Ҳали замон онамлар келиб қоладилар, — деди Гулюз антиқа бардоқларга қаҳва қуйгач, — ман ош дамлайман. Эрксевар, сан меҳмонни зериктириб қўймагил, — у тиззаларини ёпиб-ёпмаётган енгсиз атлас кўйлагини шитирлатиб ошхонага йўналди. Эрксевар унга меҳр билан жавоб қайтарди:
— Ҳаракат қиламан, опа.
Биз яшин тезлигида юксалаётган АҚШ, сўнгра Оврўпа, кўпроқ Буюк Британия ҳақида қўнишдик. Инглиз тили хусусида ҳам тўхталдик.
— Бу жаҳоншумул аҳамиятга эга тил, — деди Эрксевар, — у ер юзи элларнинг бир-бирлари билан кўприкдек боғлаб турибди. Америкадек етакчи давлат тили ҳам инглизча. Биз ўзбеклар уни ўргансак ютамиз.
— Тўғри, Эрксевар.
Уни қўллаганимгами, ёғуд у мени “Боғдон қашқири” қиссам орқали билганигами ва ёки ёшлик шижоатими, билмадим, кўнглидаги гапни яширмай айтди:
— Америка билан Оврўпага эргашиш истаги билан яшайман.
— Фақат онгли тарзда…
Гапимиз узилди. Хонани яшнатиб Ширин хоним кирди. Унинг умр баёнини ўқиганман, ёши элликда. Лекин у менга қирққа етиб-етмагандек ёш
ҳам гўзал кўринди. Ширин хоним гўё мени узун замонлардан бери танийдигандек ўзига яқин олди. Елкамдан қучди ва меҳрга қотилган қайноқ овозда:
Мен унинг сўзларидан тиниқ самимиятни туйдим. Кўнглим яйради. У ҳам буни ҳис этди. Очилиб гаплашиб ўтирарканмиз, палов олдидан Гулюз тергига нон, аччиқ-чучук, “Баржоми”, бакал, рюмкалар ва яна таленкалару қошиқ-санчилар олиб келиб қўйди.
— Вискига ҳушингиз қалай? – деб сўради Ширин Эшимовна, — кўнгилхушликка, чарчоқни ҳам ёзади.
— Жиндай-жиндай бўлса, майли, Ширин хоним.
— Мени, ўзимизнинг ўзбекчамизча “Опа” деб атайверинг.
— Майли, опа.
Ош олдидан икки марта митти қадаҳларда (Ширин хоним билан мен) виски ичдик. Танамиз яйради. Ширин хонимнинг тиниқ юзларида алвон ранглар жилоланди. Кўзлари порлади. Шунда, ихтиёрсиз бир тарзда менинг бошимдан ушбу сўзлар кечди:
“Худди бўлиқ, сувга мўл ерда ўсган ўсимликлардай тўкис ҳаёт ҳам одамга кўркамлик, соғлиқ, тетиклик бағишлайди, уни яшартиради. Ширин хонимнинг ўзи ҳам гўзал, болалари ҳам. Миялари ҳам тиниқ, тиллари ҳам бурро. Энг муҳими: Қорадан оқни ажрата олишаяпти… Булар миллатимизнинг келажаги… Қишлоқларда бунинг акси. Ширин хонимлардек яшаш учун уларда шароит ҳам, маблағ ҳам, муҳит ҳам йўқ.
Тонгдан-шомгача иш.
Фикрлашга ҳам вақтлари йўқ.
Қорадан оқни ажратишларига ҳам…
Пахта иши…
Сув текин иш…
Тергилари нонга ҳам ялчимаяпти.
Хотинлар ўттиз ёшларида қариб қолишаяпти.
Эркаклар ҳам.
Болалар жўякларда туғилиб, жўякларда ўсишаяпти.
Худди ёввойи ўтлар бўғган сувга, парваришга зор ўсимликлардек бужмайиб ўсишаяпти.
Аянчли ҳаёт.
Очундан узилиб қолишган…
Юрт тиконли сим билан ўралган.
Эл тиконли сим орасида инграяпти.
Бош бошқон бундан лаззат олади:
“Ўлиб кетмайдими, — дейди ичида, — қулоғим тинч”.
Унинг йиртқич, очкўз соялари уни қувватлайди:
“Юрт тинч бўлса бўлди-да, бизга муҳими шу”.
Бироқ мунофиқ бошқон ичида илон ғужғон ўйнаётганини сездирмайди. Тилида мана бу сўзни такрорлашни яхши кўради: “Халқимизга хизмат қилиш йўлида жонимни ҳам аямайман”. Соялар буни шиорга айлантирадилар: “Халқимиз бахти – бизнинг бахтимиздир”.
Иркит журналистларнинг таъсирларида элдан чиққан ички сотқинлару маддоҳлар ўз яшаш тарзларига, олчоқ бошлиқларга ҳамду-санолар айтаяптилар:
“Еганимиз олдимизда, емаганимиз кетимизда”.
“Тинч яшаяпмиз, Оллохга шукр”.
“Компартиямизга раҳмат”.
Манфур бошлиқни эса
Пайғамбар даражасига кўтаришаяпти,
Тангри даражасига кўтаришаяпти:
“Бундай раҳбар минг йилда бир туғилади”,
“Уни бизга Худо етказди”,
“У билан озод, обод яшаяпмиз”…
Аммо
Ҳар қадамда ёлғон,
Ҳар қадамда бўҳтон,
Ҳар қадамда туҳмат
Ҳар қадамда адолатсизлик,
Ҳар қадамда порахўрлик,
Ҳар қадамда зулм,
Ҳар қадамда қамоқ,
Ҳар қадамда ўлим…
Бу бузғунчиликнинг бошида Бош бошқоннинг ўзи турибди.
Унинг қонсираган соялари турибди.
Йўқликдан силлалари қуриганларнинг меҳнатлари эвазига Бош бошқон қутириб яшаяпти.
Соялари ҳам…
Швецария, Америка, Дубай… Ҳамма чет эл банкларида элдан ўғирланган олтинлару миллионлар, миллиардлар… Яна беқиёс қасрлар…
Агар мен қудратда бўлганимда, биринчи галда қишлоқ ҳаётига катта эътибор берардим.
Қишлоқ – миллатимиз илдизи, қон томири.
Қишлоқ билан биз тирикмиз.У бизни боқади, кийинтиради.
Уни Оврўпа қишлоқлари даражасига кўтармай туриб, шаҳарларга қанча зеб бермайлик, миллат сифатида юксала олмаймиз.
Иккинчи галда деҳқон елкасига юк бўлаётган ортиқча вазирликлар, бирлашмалар, бошқармалар, уюшмалар, ташкилотлар, яна кўплаб қаланғи-қасанғи тузилмаларни йўқ этардим.
Учинчи галда ўн миллионларга эга бўлмиш (ишлаб чиқаришга алоқаси йўқ, боқиманда) КГБ, МВД, умуман куч ишлатар тизмлари штатларини етмиш фоизга қисқартирардим. Қамоқхоналарни ҳам…
Улардан тежалган маблағларни қишлоқ хўжалигимиз билан илм- фанимизни ривожлантиришга ишлатардим. Яна оғир, енгил саноатимизни шакллантиришга ҳам …
Маошни ҳозиргига нисбатан ўн баравар кўпайтирардим. Бу иш унуми ва сифатини кескин оширади.
Эл қанча бой бўлсп, давлат шунча кучли бўлади.
Қишлоқ хўжалигимиз, илм-фанимиз, оғир, енгил саноатимиз юксалмаса, биз ҳеч қачон АҚШ, Оврўпа ва ёки Жапўн сивилизацяси даражасига кўтарила олмаймиз.
Тўртинчи галда Пахта ишини Америка тажрибасидан келиб чиққан ҳолда қўл меҳнатидан озод этардим. Бунинг натижасида хотин-қизларимиз, болаларимиз пахта қуллигидан, пахта офатидан қутилардилар. Пахта саноатимиз ҳам гуркираб ўсарди.
Бешинчи галда бир сиқим ҳам пахтамизни хом ашё сифатида чет элга соттирмасдим. Уни ўзимизда ишловга қўйдиртирардим. Олмон технологияси асосида тўқимачилик саноатимизни қуроллантирардим. Тикув-бичув ишларимизни ҳам Оврўпа билан беллашадиган даражага кўтарардим”…
Олтинчи галда қишлоқ уй-жой масаласини бошдан-оёқ ислоҳ қилардим. Оврўпа даражасида. Уларда яшаш учун бутун қулайликлар туғдирардим:
Газ, иситгич, иссиқ-совуқ сув, туалет, электр қуввати…
Еттинчи галда нефт-газни то ўзимиздан ортмагунча ёт юртларга соттирмасдим.
Электр-энергияни ҳам…”
Гулюз катта чинни лаганда ош олиб кирди. Ўйим тарқади. Ширин хоним менга:
— Хаёл дунёси ширин, — деди жилмайиб.
— Узр, Ширин опа, — хижолат бўлдим мен.
— Хаёлни ер юзида ҳеч қандай қудрат бўғолмайди, енголмайди. Бундан фақат ўлим айро. Хаёл чин дунё. Унда одамнинг орзу, умид, армонлари, тилак, истак, режалари пишади. Ундан буюк кашфиётлар туғилади… Менинг университетга киришимдан тортиб, то ҳозирги яшаш тарзимгача, яъни ҳаётимдан не кечса, ҳаммаси хаёлим меваси. Шубҳасиз, асарларим ҳам… Ўйлайманки, ҳозир сиз ҳам эзгу истаклар билан хаёлга берилдингиз. – У худди менинг кечинмамни билиб олгандек, кўзимга сезилар-сезилмас синчковлик билан майин боқди.
— Яхши ният билан яшаган одамни Тангри ҳам қўллайди, — деди, — эл бежиз: “Яхши ният – ярим мол” деб айтмайди. Қаттиқ ишонч, қаттиқ ҳаракат бўлса, у бутун бўлади…
Паловни иштаҳа билан едик.
— Ош мазали бўлибди, Гулюз, — дедим, — Раҳмат!
— Опамнинг қўлидан ош есам, егандай бўламан, — Эрксевар Гулюзга меҳр билан боқди.
— Менинг асал қизим пазанда, — мақтади Ширин хоним ҳам, — у ҳар бир ишни кўнглидан қилади, уйга ҳам гард юқтирмайди. Мен унга суяниб қолганман.
Тергига фотиҳа қилиб, Ширин хонимнинг илмий, тарихий, фалсафий, бадиий китобларга бой кутубхонасига кирдик. Узун суҳбат қурдик… Бунинг натижаси ўлароқ “Умр сўқмоқлари” деган очерк ёздим. У Зулфия хонимга манзур бўлди ва журналда босилди.
Зулфия хонимнинг маслаҳати, Гулюзнинг қизиқтирувчи ва ҳам Ширин Эшимованинг оғир ҳаёт йўли мени шу китобни ёзишимга сабаб бўлди. Бунинг учун мен Ширин хоним билан кўп марта мулоқотда бўлдим. Шу жараёнда уни Ватанни беқиёс севгувчи толмас бир инсон сифатида билдим. Бу менда унга нисбатан теран меҳр уйғотди.
Ширин хонимнинг сўзи билан романда жой номларию исмларни ўзгартирдим. Унга бадиий ранг бердим. У ўтган асрнинг саксонинчи йилларида “Қора дўлана” номи билан “Ёшлик” журналида қисқартирилган ҳолда чоп этилди. Йўқса уни босмасди. СССР замони эди…
Бу !”Қора дўлана”нинг тўлиқ нусхаси. Тангри умр берса, иккинчи китобни ҳам ёзаман. Шунга Ширин хоним билан узвий алоқадаман. У ҳозир нафақада. “Турон” кечмиши устида ишлаяпти.
Гулюзнинг бир ўғил, бир қизи бор. У Американинг Техас штатида, университетда ўқитувчи, профессор. Эри Ботир ҳам.
Эрксевар онаси билан бирга яшаяпти. Фан доктори. Суюкли хотини Ёғду унга бир ўғил, икки қиз туғиб берган. У тез-тез Буюк Британияга бориб туради, университетларда йиқиқ Туркистон ҳақида лекциялар ўқиб қайтади.
Эшим зўр Нурбекни ахлатга қорганидан кейин совхоз директори, Оққоя тумани биринчи котиби лавозимларида узоқ замонлар ишлади. Улусга, етим-есирларга ўз кўмагини аямади. Шу сабали юздан ошган бу чол эл ҳурматида: уни “Эшим оқсоқол” деб атайди.
Агарчи Нурбек ориятсиз бўлса ҳам, ўша – сўнгги воқеадан кейин, тўғрироғи, шармандали суратлар айрим қўлларга тушгандан кейин чўкиб қолди. Ичкиликка ружу қўйди. Катта ишдан кетган куни уни ёмонлаб “Совет Ўзбекистони”га мақола ёзди. Уч боласи (фарзандлари ўзидан бўлганига шубҳа қиларди) билан хотинини ташлаб кетди. Бошқа бир бузуқ аёлга уйланди. Одам сифатида ҳам, хонанда сифатида ҳам эл назаридан қолди. Миш-мишларча ҳозир у кўр эмиш, ҳассада ер титкилаб юрармиш.
Сайдалим милиса Холидага уйланди. Ундан ҳам фарзанд кўрмади. Пора билан қўлга тушди. Қамалди. Топган-тутгани Холидага қолди. Қамоқдан кейин Холида уни ўша Сизга таниш Кадишевадаги уйга қўймади. У бошқа эр тутган эди.
Ҳолида қўшмачи ёшини яшаб ўлди.
Битди.
«Дунё ўзбеклари»дан:
Шу кунларда бутун дунёдаги ўзбеклар саъй ҳаракати билан Тошкент вилоятининг энг сўлим ва баҳаволи гўшаларида дам олаётган суюкли ёзувчимиз Мамадали Маҳмудовга бу ажойиб романи учун олис Канададан туриб миннатдорчилик билдирамиз.
Бахтимизга доим соғ ва саломат бўлиб юришларини Яратган Эгамдан сўраб қоламиз…
Афсуски! узбек романчилиги ва романчилари Абдулла Кодирий каби романчилардан жуда жуда узокларга кетиб колишган..балки хозирги укувчиларни савияси хам шунга ярашадир…
Мактабда ўқиб юрган пайтларимда» Ёшлик «журналида «Қора дўлана»ни Ширин Ҳамида қўшмачининг уйидан чиқиб кетган жойигача ўқиганман. Ўшанда бу асар менда катта таассурот қолдирган бўлса-да, охирида асар қаҳрамонларининг ҳаёти сўнггигача очиб берилмагандай туюлганди. Мана, орадан 30 йилча вақт ўтиб, асарни тўлик, вариантини ўқидим. Мамадали Маҳмудов ўзбекнинг буюк ёзувчиси сифатида туйғулари алдаган қизнинг фожеасини жамиятнинг иллатлари билан қўшиб, моҳирона тасвирлаган. Охирида Шириннинг ҳаёти ўз ўрнига тушгани, ёмонларнинг эса жазо топгани менга таскин берди. Эврил Туронга саломатлик, узоқ умр тилайман. Асарни тўлик, ҳолда ўқиш имконини берган «Дунё ўзбеклари»га эса миннатдорчилик билдираман…
Афсуски! узбек романчилиги ва романчилари Абдулла Кодирий каби романчилардан жуда жуда узокларга кетиб колишган..балки хозирги укувчиларни савияси хам шунга ярашадир…