Амирқул Карим: Шоир дўстим Мухтор Комил ҳақида сўз… (“Ўтганлар ёди”)
ШОИР ДЎСТИМ МУХТОР КОМИЛ ҲАҚИДА СЎЗ
МУХТОР КОМИЛ (1960-2016)
Бир шоир бор эди. Китобини чиқариш ҳақида ўйлолмасди. У ёш шоир бўлмай қолган эди. У катта шоирлар рўйхатида ҳам йўқ. Чунки ундан олдинги ёш шоирлар узоқ вақт “ёш шоир” бўлиб юришди. Танқидчилар аввалига катта шоирларни мақтадилар. Кейин ўрта ёшдагиларни 20 йилча мақташди. Улар “кашф қилган” ёш шоирлар ҳам 30 йилча бировларга навбат беришмади. Қўр ва давра адабиёти гоҳида миллат адабиёти, деб талқин қилинаверди.
У каби ҳақиқий, туғма шоирларга на давра, на минбар тегмади. Чунки “тан олинган” шоирлар 2-3тадан ижод намуналарини чиқарган (албатта, давлат ҳисобидан). Уй ва дала ҳовли олишга ҳам улгуришганди. Мен айтаётган шоир буларга қизиқмасди. Шеър ёзганидан хурсанд эди. Кўча кўйдаги бир инсонга, деҳқонга гоҳ “шеър ўқинг”, деса, айтарди. Адабиёт ҳам аслида ўшалар учун деб биларди.
У ёзганда табиий ёзарди. Зўриқмай, сохталик қилмай ёзарди. Дала гуллари ҳақида у “бу гуллар бозоргир эмас, бу гулларни севса бўлади” деб ёзган эди.
Шоирнинг феъли бор эди. У аввалига менга ҳам чидаб бўлмас даражада қайсар бўлиб туюлган. Шунданми, у билан танишган куним ўзим ишлаётган ёшлар газетасида уни матбуотда танқид ҳам қилганман. “Айримлар бировларнинг қалбида гулхан ёқиб қўйиб, сўнгра ўша гулханда исиниб юрадилар”, деб ёзганман.
Муҳаббат гулханини Ўзи ёқмаса, ёқиб бўлмаслигини билмасдим.
Дўстим Охунжон Мадалиев унинг шеърини қўшиқ қилганида, бутун мамлакатга ўша қўшиқ овоза бўлганида ҳам у қувонмади.
Юракнинг бир банди узилган кеча,
Асрлар қадарли чўзилган кеча,
Чимилдиқ ичида сенинг ўрнингда
Ўзга бир келинчак сузилган кеча,
Йиғладим, йиғладим, йиғладим..
Такдирму бошимда ўйнаган қамчи,
Сочингми армоним учган арғамчи.
Чорлагандай бўлар кимдир олисдан,
Наҳотки сенмисан ўшал алдамчи.
Билмадим, билмадим, билмадим.…!
Бошимни боғлашди, боғландим, жоним,
Қалбимни доғлашди, доғландим жоним,
Сенинг ҳузурингга бормоқчи бўлиб,
Неча бор чоғландим, чоғландим, жоним,
Бормадим, бормадим, бормадим…
Менинг шеърий машқларимни яхши кўрарди. Аммо “ўзингиз ўқиманг, ўқиёлмайсиз”, деб дашном берарди.
Мен каби тўкис ишга ҳам киролмаган. “Тўлиқсиз олий” (У Миллий университетнинг Журналистика факультетида сиртдан ўқиди) маълумотнома билан бир муддат Ўзбекистон телевидениесида хизмат қилди. Кўп ўтмай, қисқаришга тушиб, ишсиз бўлиб қолди.
Шу-шу ишга жойлаша олмади.
Давралар, адабий гурунглар унинг “иш жойи”га айланди.Яҳё Тоға, Ҳалима Аҳмад, Жамол Сирожиддин, Нурлилло Остон, Зебо Мирзаева, ва бошқа дўстлари унинг ижодини ҳурмат қилишар, аммо матбуотда чиқишига кўмаклашолмаган эдилар.
Унинг шеърларидан намуналарни у 48 ёшга тўлганида дўстим Амир Худойберди билан бирга “Қашқадарё баёзи”нинг 1-жилдига киритишга улгурдик. Рости, у танлаган шеърлардан кўнглим тўлмаганди.
Мана ўша шеърлардан бири:
Санам, ҳажринг ила ёндим,
Яна парвона ошиқман.
Тониб ёнингда уйғондим,
Тағин бегона ошиқман.
Санам, сен зору фарёдим,
Бахтимсан, борим, барбодим,
Кел-эй, кел кўнгли ободим
Дили вайрона ошиқман.
Ишқ китобин ўзим очиб,
Сўнг кулдим тўзғитиб, сочиб,
Паноҳингга келдим қочиб,
Ажаб девона ошиқман.
Бор десанг борлигим ёлғон,
Тушим, бедорлигим ёлғон,
Ишон, Мухторлигим ёлғон,
Ўша.. афсона ошиқман….
Анча йилларни у билан елкадош ўтказдик. Давраларнинг гули, укаларнинг акаси бўлиб оларди у зудликда. Сохта мулозаматни ёқтирмас, ҳар қандай “буюк”ни бирдан ерга тушириб қўярди.
Мен унинг бу феълини кўп танқид қилганман. “Сиз дилозорлик қилаяпсиз”, дердим. Мен ёшлар газетасининг “Ижодкор ёшлар” бўлимида хизмат қилганимданми, барча ёзадиган ёшларнинг машқларини кўраётганимда, аввало, уларнинг ижобий жиҳатларини таъкидлар¸ кейин камчиликларини кўрсатар, билганимча, “адабиёт сирлари”ни ўргатар эдим. Мухтор ака (у мендан 5-6 ой катта эди) эса, бировнинг машқини кўриши билан “ука, сиз ўзингизни ҳам адабиётни ҳам қийнаманг. Ёзишни йиғиштиринг. Сиздан шоир чиқмайди. Яхши шеърларни ўқиб юришингизни ўзи катта гап”, деб айтиб қўя қоларди.
“Бекор қилдингиз!” деган гапимга Мухтор Комил кулимсираб: “Агар шу гапдан кейин ҳам ёзса, шоир бўлади, қўяверинг”, дерди.
Дўстим, (уни шундай деб атасам бўлади. Чунки у менга ҳеч қачон хиёнат қилмаган).Негадир бу дунёда дўстим борми ўзи, деб савол берсам у биринчи бўлиб ёдимга келади.
Хуллас, унинг оиласидан узоқда ўн йиллаб юриши мени қийнарди. Бир куни ўғли ишхонамизга кириб келди.
– Дада, катта бўлдим, уйланяпман, тўйда бош бўлинг, деди.
Тўйларни бирга ўтказдик. Келин бениҳоя оқила аёл. Уларни қайта кўриштирдик.
Шоирнинг дабадарлиги ниҳоясига етгандек эди. Аммо бир гал Тошкентга қайтиб келди. “Шеър ёзолмаяпман. Бахт мени ўлдирди”, деди.
“Шоир бўлмасангиз ҳам яхши инсон бўлиб қолинг”, дедим.
Гапим унга ёқмаганини билардим. Қашқадарёга қайтиб кетди.
Бир гал у яшайдиган туманга шеърият тадбирини ўтказишга бориб қолдим. “Шу ерда ажойиб шоир яшайди. Мухтор Комил давримизнинг энг гўзал шоирларидан бири”, деб эътироф этдим.
Мен ошириб юбормаган эдим, деб ўйлайман.Зеро мана бу сатрларга эътибор қаратинг:
Маҳзун бир қушга айлансам,
Учиб кетсам, учиб кетсам.
Ширин бир тушга айлансам,
Сўнг ёдингдан ўчиб кетсам.
Маҳзун маҳзун нидо қилсам.
Маҳзун қушлар қаторида
Кета кетгунча йўлларда
Кўз ёшимни ичиб кетсам.
Тиконлар ичра хор ётсам,
Уйғонсам гулнинг ёдида.
Ногоҳ булбуллигим англаб
Фиғон қилсам, чўчиб кетсам.
Хаёл ёлғон муҳаббат рост,
Менинг чеккан азобим рост,
Ўзимни сенда топдимку
Наҳот сендан кечиб кетсам….
Ҳамма шеърларини келтириб, Сизларни зериктирмоқчи эмасман. Хуллас, у энди орамизда йўқ. Бизга дийдорни қиёматга қолдириб, чин дунёга равона бўлди. Орамизда Ёзувчилар уюшмаси ҳам билмайдиган, 50-60 йил яшаб ҳам китоби чиқмаган гўзал шоирларимиз бор, демоқчиман холос. 13-15 ёшга кирмай “Бешта китобим чиқди”, деб бировларга пул бериб шеър ёздириб, ота-онасининг маблағи эвазига адабиётни ҳам карвонсаройга айлантираётганларга инсоф тилаб ёзаяпман бу сатрларни. Шеърингизни солиштириб кўринг. Шундай дилбар нарсалар ёза оласизми? Мухтор Комилнинг адабиётга кириш мезони тўғрими?…
Ҳофиз дўстим Адбурашид Исоқов Мухтор КОМИЛнинг 5 та шеърини қўшиқ қилган.. Дўстимнинг ҳақига дуо қилишларингизни сўрайман…
Амирқул КАРИМ

Ассалому алайкум Амирқул. Мухтор Комил – ҳақиқий шиор, том маънодаги инсон эди ва уни ўз туғишган укамдек кўрардим. 2004 йили (охирги маротаба кўришганимиз шекилли) Андижонга исириқ сотгани келганди! ИСИРИҚ!!! … Бошқа гаплари ёзолмай қолдим….кўзимга ёш келяпти…. Худойим Мухтор Комилнинг руҳларини шод қилгин, жойларини жаннатдан қилгин, овмин!!!!!!!!!!!!!!!
Раҳмат Амирқул! Мухтор Комил катта шоир эди қадрига етмадик, у ҳеч кимга сездирмай орамиздан кетди. Жойи жаннатда бўлсин.