Дилором янги йил олдидан Бухоронинг етти пири ётган зиёратгоҳларни айланишни ният қилди. Тезроқ уй-жойли бўлишни, тиниб-тинчиб ўз уйида ўтиришни истар, шу сабаб руҳан мадад олиш, тинчланиш учун улуғ жойларга бормоқчи эди. Шу мақсадда вилоятга келган меҳмонларни буюртма асосида зиёратгоҳларга олиб борадиган автобуснинг вақтини аниқлади-да, уйига келиб бу ҳақда онасига айтди.
Дилбар опа қизининг мақсадини эшитиб, хурсанд бўлиб кетди. Кўпинча тушкун кайфиятда юрадиган қизининг бугун ўзгача бир кайфиятда эканлиги онанинг кўнглини кўтарган эди.
— Ёлғиз ўзинг борасанми,қизим? — сўради у. — Соғлигим кўтармайди-да, бўлмаса сен билан бирга борардим.
-Онажон, Гулзода ва Севинчни ҳам ўзим билан олиб кетсамми, деб турибман. Эртага тонгда йўлга чиқамиз, насиб бўлса. — жавоб берди жувон. Кейин онасига далда берди. — Тузалиб кетсангиз, кейинги гал албатта бирга борамиз.
Эртаси куни вақтли туриб,жияни ва қизчаси билан Бухоро шоҳбекатига борган Дилором лозим автобусни топиб, чиқиб олишди. Бироздан кейин автобус тўлгач, ҳайдовчи етти пирлар сардори Хўжа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг қабри жойлашган Ғиждувонга қараб йўлга чиқди.
Автобусда тахминан ўттизтача эркак-аёл бор эди. Эрта саҳардан бошланган зиёрат Вобкент, Ромитан туманлари бўйлаб 4-5 соатча давом этди. Чунки Бухоронинг машҳур етти пирларининг қабрлари туманларда жойлашган. Дилором Севинч ва Гулзода билан бирга ўтириб келаётгани учун ўзи учун нотаниш бўлган йўловчиларга деярли эътибор бермади. Аммо уни кимдир кузатиб тургандай бўлаверди.
Яна қайтиб Бухоро шаҳри орқали Когон туманида жойлашган охирги манзил, яъни еттинчи пир Баҳовуддин Нақшбандий зиёратгоҳига бориш вақтида зиёратчиларнинг автобуси тушлик қилиш мақсадида йўл четидаги ошхона ёнида тўхтади. Гулзода Севинчни кўтариб, аммасидан олдинроқ тушди. Бошидаги рўмолини тузатиб, уларнинг орқасидан бораётган Дилоромнинг кўзи таниш чеҳрага тушиб, ҳайрон бўлиб қолди.”Нўъмонжонми? У бу ерда нима қилиб юрибди?” — хаёлидан кечирди у.
Нўъмонжон уни эрталабоқ кўрган бўлса-да, бегоналар олдида гапириш ноқулай бўлгани учун жимгина кузатиб келаётганди. У икки-уч кун сабр қилиб, Дилором билан гаплашиб олиш учун қулай имкон излаётганди. Кеча Динара унга қўнғироқ қилиб, Дилоромнинг зиёратга отланганини билдирганди.
Дилором ошхона ёнида ўзига тикилиб турган Нўъмонжонга қараб, юраги ғалати бўлиб кетди. ”Наҳотки,мени излаб келган бўлса? Аммо нега? Мен унга умид берадиган бирор сўз айтмаган бўлсам? ”
Бошида Нўъмонжоннинг уни излаб келганидан, зиёратга бориш вақтини ҳам аниқ билганидан ҳайрон қолган бўлса-да, бу янгасининг иши эканлигини тез илғаб олган Дилором тез-тез юриб, унга яқинлашди.
— Ассаломулайкум.
— Яхшимисиз, Дилором? Зиёратлар қабул бўлсин, — деди Нўъмонжон бироз ўнғайсизланиб. — Кейин қўшиб қўйди. — Мен ҳам Бухоронинг улуғ жойларини кўриб кетай, деб келгандим.
-Ҳа, раҳмат яхшиман. Юринг, овқатланиб олайлик. — Дилором уни ёнидан ўтиб ичкарига кирди-да, -“келинг” деганча жияни ва қизи ўтирган чеккадаги столга бориб ўтирди. Ошхона иссиққина экан. Аммо табиатан тортинчоқ бўлган Нўъмонжон якка ўзи ўтириб овқатланди.
Тушликдан сўнг яна ҳамма автобусга чиқди. Баҳовуддин Нақшбандий зиёратгоҳи янги таъмирлангани сабаб таниб бўлмас даражада ўзгариб кетибди. Ниҳоят зиёрат тугаб, Бухорога кириб боришди. Шоҳбекатда Нўъмонжон Дилоромга яқинлашиб, секингина “Гаплашиб олишимиз керак. Илтимос, йўқ деманг,” — деди. Жувон бу муносабатга нуқта қўйиш мақсадида бўлгани учун рози бўлгандай бош ирғаб қўйди-да, қизи ва жиянини таксида уйга жўнатиб юборди.
Ичкарида одам сийрак эди. Дилором бўш ўриндиқлардан бирига бориб ўтирди. Нўъмонжон унга рўбарў ўтириб, гап бошлади.
-Дилором, нима мақсадда келганимни билиб турган бўлсангиз керак. Хуллас, мен сизга уйланмоқчиман. Ҳаво совуқ бўлса-да, шу гапни айтгунча, эркак терлаб кетди. — Иккимиз ҳам ҳаёт кўрган одамлармиз. Менимча…
-Лекин мен турмушга чиқиш ниятим йўқ. Бекорга овора бўлиб шунча жойга келибсиз… -Дилором шартта унинг гапини бўлганча, жойидан турди. — Мен уй олиб, болаларим билан бирга яшашни истайман. Хайр,соғ бўлинг.
Жувон жойидан туриб кетмоқчи бўлди. Лекин Нўъмонжон унинг қўлидан тутиб, кўзларига тик қаради.
— Тўхтанг. Ҳаётда ёлғиз ўтмасангиз керак. Бошингизда кимдир паноҳ бўлса, яхши эмасми? Мен сизни бахтли қиламан. Бу учун ҳамма нарсага тайёрман.
Дилором силтаниб қўлини бўшатиб олди-да, “Мен сизга ишонмайман” деганча, югургудек бўлиб шоҳбекат ташқарисига чиқди. Нўъмонжон нима қилишини билмай ўн дақиқача қотиб турди-да, унинг орқасидан юрди. Унинг кўнгли бўм-бўш бўлиб қолган, жувоннинг бундай кескин сўзларидан ранжиб, кайфияти тушиб кетди.
Уйга қайтган Дилором яна онасининг мазаси қочганини, бироз олдин ”тез ёрдам” олиб кетганини жиянларидан эшитиб, қотиб қолди.
— Нимага бундай бўлди? — сўради у Фарҳоддан.
— Билмайман, аммажон. Эрталаб бибим яхши эдилар. Онам билан нималарнидир гаплашиб ўтирдилар. Кейин мен бироз мизғиб олай, деб хоналарига киргандилар. Онам чой олиб кириб, чақирсалар жавоб бермабдилар. — йиғламсираб жавоб берди Фарҳод.
— Кейин-чи?
— Онам “тез ёрдам” чақирдилар. Кейин дадамга телефон қилдилар. — Фарҳод энди йиғлаб юборди.- Врачлар “иккинчи инсульт “деб айтишди. Онам ҳам бирга кетдилар. Қўрқиб кетяпман, аммажон.