— Ҳа, майли. Қишни ўтказиб, баҳорда келсангиз яна ишингизни давом эттирсангиз ҳам бўлар балки. Татьяна Алексеевна нима деяпти?
— Мабодо қайтиб келсам, яна уникида ишлашим мумкинлигини айтди.-деди унга жавобан Дилором. — Аммо мен қайтиб келмасам керак. Яна ким билади?
Аёллар аввал автобусда, кейин метрода аэропортга етиб боришгунча, вақт тушликка яқинлашиб қолди. Энг яқин рейс индинга экан. Дилором чипта сотиб олгач, яна суҳбатлашиб бирга қайтишди. Жувон ўзича онасига сюрприз қилмоқчи бўлиб, қачон бориши ҳақида айтмасликка аҳд қилди. Эртаси куни дўконларни айланиб, яқинларига совғалар сотиб олди.
… Дилором Бухоро аэропортига келиб қўнган самолёт зиналаридан тушаркан, юртини қанчалар соғинганини ҳис этди. Тонгданоқ бу ерда одам гавжум эди. Аэропортнинг ёруғ чироқлари, қорақош, қоракўз ҳамюртларни кўриб, бирдан кўнгли ёришди. Оёғига ғилдиракча ўрнатилган каттагина сумкасини судраганча, ташқарига чиқди. Жувон ”такси”лардан бирига ўтириб, манзилни айтди-да, ич-ичидан қувониб кетди. Ҳозир онасини, қизи Севинчни кўради.
Акасининг уйи қаршисида таксидан тушаркан, дарвоза ёнида турган “Тез ёрдам” машинасини кўрди. Таксичига пул беришни ҳам унутиб, дарвозага қараб чопди. Унинг катта сумкасини багаждан олган ҳайдовчи йигит орқасидан эргашди. Жувон сумкасига қўл суқиб, қўлига илашган пулларни унга тутқазди-да, сумкасини шундоқ дарвоза ёнига қолдириб, ичкарига шошди. Шу пайт онасини “носилка”да кўтариб чиқаётган шифокорларга, уларнинг орқасидан келаётган Одилбек ва Динарага кўзи тушди. Дилбар опа чеҳраси оппоқ оқарганча ётар, кўзлари юмуқ эди.
— Нима бўлди онамга? Онажон, кўзингизни очинг. Мана, мен келдим.-Дилором ичидаги фарёдини куч билан босиб, чўккалаганча онасининг қўлларини ушлади. Одилбек келиб уни қўлидан ушлаб турғазишга ҳаракат қилди. Дилором жойидан туриб, акасини қучоқлаб олди. Титраганча салом берди.
-Синглим, онангизнинг юраклари касалланган. Бунинг устига қон босимлари ҳам бор экан. Инсультнинг алаоматлари сезиляпти. Ҳозир касалхонага олиб борсак, аниқ ташҳис қўйиш мумкин. — деди кўзойнак таққан шифокор эркак.
— Менам бирга бораман, — Дилором ўйлаб ўтирмай онаси билан боришга қарор қилди.
— Ўзим бораман, Дилором. Сен ҳозиргина йўлдан келдинг. Уйга кириб дамингни ол. — деди Одилбек эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда. — Кўп ваҳима қилаверма. Динара, Дилоромни уйга олиб кир.
Янгасига эргашиб, уйга кирган Дилоромнинг хаёли онасида эди.
— Нима бўлди, онамга? – сўради янгасидан.
— Охирги пайтларда бироз мазалари йўқ. Яқинда касалхонага ҳам ётиб чиқдилар. — Жавоб берди янгаси. — Яхши келдингизми?
Онасининг аҳволини кўриб, ўзини йўқотиб қўйган Дилором янгаси билан тузукроқ кўришмаганидан хижолат бўлиб, Динара билан қучоқлашиб кўришаркан, Севинчни сўради.
-Қизингиз Гулзоданинг хонасида ухлаб ётибди. Ҳозир олиб келаман. — жавоб қилди янгаси.
— Ўзингиз яхши юрибсизми, янгамулло? Қизим сизларни қийнаб қўймадими? Жиянларим ҳам ухлашяптими, дейман?
— Ҳа, ухлашаётганди, уйғотдим. Севинчингиз жуда тўполончи бўлган. Ҳозир кўрасиз. — Жилмайиб жавоб берган янгасининг яхши томонга ўзгаргани сезиларди.
Шу пайт эшикдан Севинчни кўтарган жияни Фарҳод кириб келди. Дилором ўн уч-ўн тўрт ёшлардаги жиянини қучоқлаб кўришди-ю, қўлидан қизчасини олди. Қизалоқ ётсирамай, онасини маҳкам қучди. Уч ёшли Севинчнинг кўпроқ отасига тортгани билиниб турарди.
-Қизим,яхшимисан? Мени танидингми? — сўради Дилором қизчасини қучоқлаб тиззасига ўтқазаркан.
-Шифокор тўғри айтибди. Онам ростдан ҳам инсульт бўлибдилар. Аммо худога шукур, кўзларини очдилар. Сени келганингни айтдим. Фақат…
-Нима фақат? Тинчликми? Мени қўрқитманг, ака.
— Онам унча яхши гапиролмаяптилар. Бироз муддат даволанишлари лозим экан, — Одилбек хомуш аҳволда шундай деди-да, эшикка қараб юрди. — Ҳозир ишхонага бир ўтаман-у, қайтиб шифохонага бораман.
-Менам бораман, — шундай деганча Дилором ҳам жойидан қўзғалди.
-Ҳозир болалар ҳам мактабига кетади. Мен ишхонамга телефон қилиб сал кечроқ боришимни айтаман, — деди Динара. — Касалхонага бирга бориб келамиз, Дилором…
(Давоми бор)
Ўхшаш мақолалар йўқ.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни
МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.