Суратда:«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси махсус мухбири Исмат Хушев (чапдан биринчи) ёзувчи ва ҳуқуқшунос Исфандиёр, Нурмат Латибжонов (Андижон), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси котиби Муҳаммад Солиҳ, Ёзувчилар уюшмаси раиси ёрдамчиси Ҳамроқул Асқар ва Уюшма раисининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари, ёзувчи Мамадали Маҳмудовлар Ёзувчилар союзи қошидаги «Инқилоб хиёбони»да, 1988 йил, Тошкент.
1-боб
ҚУЛУПНАЙ ҲАНГОМАСИ
ЁКИ СССР ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИНИНГ БИРИНЧИ СЪЕЗДИГА ЙЎЛЛАНМА
(Рафиқ Нишонов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби бўлган сиёсий даврга қисқача шарҳ)
1.
…Рафиқ Нишонов раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети аста-секин матбуот эркинлигини бўғишга киришди.
Матбуотда мадҳиябозлик, ура-урачилик авж олди. Республикада пишиб етилган ижтимоий муаммолар тўғрисидаги танқидий фикрлар ошкора айтилмайдиган бўлди.
Албатта, жамият карахт ҳолда бўлса, уни бошқариш осон бўлади, бироқ «қайта қуриш» бошлангандан сўнг ўтган икки-уч йил ичида одамлар ўйлашни ўрганган, энди халқ оқ-қорани таний бошлаганди.
Бундай уйғониш фаслида сўз эркинлигининг, матбуот эркинлигининг бўғилиши худди варақлаб қайнаётган дошқозоннинг қопқоғини ёпиб, устидан тош бостириб қўйиш билан баробар эди…
2.
Ҳеч кутилмаганда Фарғонада хунрезлик бошланади.
Бу хунрезликнинг сабабларини республика раҳбари Рафиқ Нишонов СССР Халқ депутатларининг съездида: «Бозорда сотувчи билан харидор бир стакан қулупнай талашиб жанжаллашиб қолибди», деб изоҳламоқчи бўлади.
«Наҳотки, бир стакан қулупнай учун Ўзбекистонда одамлар бир-бирларини ўлдираётган бўлса? деб ажабланишади депутатлар…
3.
Аслида Фарғона фожиалари бошланмасдан илгари Тошкентда бошқачароқ кўринишдаги норозиликлар келиб чиққанди.
Яъни, халқ ўз дардини матбуот орқали изҳор этиш имкониятидан маҳрум этилгач, оломон бўлиб кўчага чиқиб, норасмий ташкилотларнинг орқасидан эргашиб кетади.
Ўз-ўзидан равшанки, матбуотда дадилроқ мақолаларни чиқариш имкониятидан маҳрум бўлиб қолган журналистлар, ижодкорлар ҳам бирин-кетин норасмий ташкилотлар сафига бориб қўшилаверади.
Жумладан, ўзим ҳам норасмий ташкилотлар уюштирадиган митингларда, намойишларда фаол қатнаша бошладим.
Бундай ташкилот раҳбарлари, албатта, мени қучоқ очиб кутиб оладилар.
Чунки Исмат Хушевни энди халқ яхши таниб қолган эди. Таниқли кишилар эса энди-энди қаддини ростлаётган норасмий ташкилотларга сув ва ҳаводек зарур эди.
4.
Ўша пайтларда ғарбона шеърий стили билан таниқли бўлган шоир Муҳаммад Солиҳ демократик сайловлар асосида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси котиби вазифасига сайланганидан сўнг ўз атрофига бир гуруҳ ижодкор, зиёли ва талабаларни тўплаб «Бирлик» халқ ҳаракатини тузади.
«Бирлик»нинг ўша пайтлардаги фаолларини кўпчилик билади.
Менимча, уларни номма-ном санаб ўтиришга ҳожат йўқ. Фақат бевосита бизнинг «жангнома»мизга алоқадор бўлса, айрим фаоллар ёки бошқа шахслар тўғрисида махсус тўхталиб ўтармиз.
Хуллас, мен ҳам норасмий ташкилотнинг ғоявий етакчиларидан бирига айлана бошладим десам, муболаға бўлмайди.
Шу ўринда яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб қўйиш лозим: «Бирлик» халқ ҳаракати ўзининг норасмий йиғилишларида, митингларида оломонни фуқаролар урушига ёки бошқа бир ғайриқонуний ҳаракатларга даъват этмасди, балки одамларни қонун билан белгилаб қўйилган, Конституция доирасидаги ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирарди.
Қолаверса, Орол муаммосига, Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши масаласига жамоатчиликнинг диққат-эътиборини жалб этмоқчи бўларди.
Биз ана шундай мавзуларга бағишланган митингларда оташин нутқ сўзлардик.
Биласиз, мен маълум муддат «Пионер эрталиги»да ишлаганман, нутқим яхши, тингловчиларни дарров ўзимга жалб қилиб оламан.
5.
«Бирлик» уюштирган энг катта митинг Тошкентда, илк бора Чуқурсойда бўлган эди.
Ўша митингда, агар адашмасам, ўн — ўн беш минг нафарга яқин халқ вакиллари тўпланган.
Ажабки, тингловчилар энг кўп қарсаклаб олқишлаган нотиқ мен бўлган эдим.
Сўзловчилар ҳам одамлар орасида туришарди, баландроқ шоҳсупа ҳам қўйилмаганди. Шу боис гапираётган одамнинг товуши эшитиларди-ю, бироқ бўй-басти кўринмасди.
Мен ҳаяжон ва ҳайқириқ билан гапира бошлаганимда майдон тўлқинланиб кетди ва атрофимни одамлар доира шаклида қуршаб олишди.
Мен микрофонга гапираман, одамлар тўлқини эса келиб мени кўмиб-қуршаб олаверади.
Шунда: «Эй, ҳалойиқ, нарироқ қочинглар, мени халқ кўрсин!» деб ҳайқирганимни ҳозирга қадар дўстларим менга эслатиб туришади.
Давлат хавфсизлик қўмитаси ходимлари ўша митингни ҳам видеосуратга олишган экан, кейинчалик ўзимга қўйиб беришганди.
Қизиқки, Чуқурсойда сўзлаган айрим парчаларни тез орада «Озодлик» радиоси орқали эфирга бериб юборишади. Энди мен норасмийлар орасида ҳам машҳур бўла бошлаган эдим.
6.
Бу ёғига Марказқўм икки фронтда кураш олиб боришга мажбур бўлади: бир томондан – матбуот эркинлигини бўғиш билан шуғулланса, яна бир томондан – норасмий ташкилотларни таъқиб эта бошлайди.
Аслида, ҳатто матбуотни ҳам оқилона бошқаришга ожизлик қилаётган Марказқўм республикамизда тартибсизлик, беқарорлик бошланишига қулай шароит яратиб беради ва зўр бериб норасмий ташкилотларни ҳар томонлама сиқувга ола бошлайди.
Аниқ эсимда, ўша пайтларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети «КПСС аъзоси бўлган шахсларнинг норасмий гуруҳларга ҳайрихоҳлиги тўғрисида» махсус қарор қабул қилади. Ана шу қарор асосида Исмат Хушевнинг масаласи «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг очиқ партия мажлисида кўрилади.
Иброҳим Ғафуров мени ҳимоя қиладиган инсон эди. Янглишмасам, Ваҳоб Рўзиматов бошланғич партия ташкилотининг котиби эди.
Хуллас, мажлисга менинг масалам қўйилди. Марказий Комитет ҳам, газета раҳбари Аҳмаджон Мелибоев ҳам менга партиявий жазо берилишини истайди. Чунки мен норасмий митингларда нутқ сўзлайвериб ҳаммани безор қилишга улгургандим.
Лирик чекиниш. Ўша пайтдаги митинглар кўпинча Марказқўм яқинидаги жойда – Ленин номидаги майдонда бўларди. Пойтахт милициясида масъул вазифада бўлган полковник Ўрайимжон Абдуғаниев мегафон кўтариб юрарди. Гоҳ-гоҳ: «Ҳов, Исматжон, болаларингни қайтар!» деб ҳазиллашиб қўярди, тартиб-интизом сақланишини илтимос қиларди.
Айниқса, СССР Халқ депутатлигига алтернатив номзодлар сайланадиган бўлгач, биз – матбуот ходимлари юқоридан кўрсатилган номзодларни эмас, балки халқ кўрсатган номзодларни қўллаб-қувватлар эдик.
Шундан кейин юқоридагиларга биз отнинг қашқасидек танилиб, ёмон кўриниб қолардик. Албатта, сайлов жараёнида рўй берган барча ноҳақликлар тўғрисида ёзган мақолаларимиз матбуотда босилмасди.
Хусусан, Муҳаммад Солиҳнинг номзоди СССР Халқ депутатлигига қўйилганда унга қарши содир этилган қаршилик ва кўзбўямачиликлар ҳақида “Ошкораликка қарши ошкора кураш” номли мақолам атрофида ана шундай шов шув кўтарилади.
Норасмий гуруҳлар эса менинг мақолам чоп этилишини талаб қилиб, Марказий Комитетга босим ўтказишади. Мен учун тўполон бошланади.
Шундай бир пайтда бошланғич партия ташкилотида мени партиядан ўчириш тўғрисида кетма-кет мажлис чақирилди.
Иброҳим ака мени турли йўллар билан ҳимоя қиларди.
Ҳатто бир куни Маҳмуд Саъдийга: «Исмат келса, мажлисга кирмасин. Чунки ҳозир Марказқўмдан одам келади, яна Хушевнинг масаласи кўрилади. Агар ўзи кўздан йўқолиб турса, йўқ одамни партиядан ўчириш ҳақида қарор қабул қилиб бўлмайди», деб тайинлайди…
7.
Мен кўздан узоқроқ юрайин деб, Қашқадарёга ижодий сафарга жўнадим ва у ерда 102-Қарши миллий-территориал сайлов округидан СССР Халқ депутатлигига ким сайлангани, қандай машмашалар бўлгани тўғрисида мақола учун маълумот тўплаб келдим.
Яширмайман, бу ижодйи сафар ҳужжатларини ҳам Бош муҳаррир ўринбосари Иброҳим Ғофуров ёрдамида расмийлаштирган эдик…
Бу пайтда Қашқадарёда обкомнинг биринчи секретари Ислом Каримов эди.
Биласиз, биринчи китобнинг сўнгги қисмида ёзганимдек, биз Дадахон Ёқубов билан Қашқадарёга борганимизда у киши билан учрашиб, суҳбатлашиб қайтган эдик.
Энди яна Қашқадарёга боришга тўғри келди. Лекин бу сафар мен Дадахон акага ўхшаб, сафаримни обкомнинг биринчи котиби билан учрашишдан эмас, балки улар сиқувга олган номзод билан учрашишдан бошладим.
Гап шундаки, Қашқадарёда обком томонидан бригадир Мели Ҳакимов номзоди депутатликка кўрсатилган бўлиб, етти нафар райком котиблари унга «ишончли вакил» этиб тайинланган эди.
Ташаббускор халқ гуруҳи томонидан депутатликка номзоди кўрсатилган «Шўртангаз» конлари бошқармаси бошлиғи Тўлқин Омонов эса маҳаллий раҳбарлар томонидан ҳар томонлама сиқувга олинади, матбуот ҳам халқ кўрсатган номзодни қоралаш билан машғул бўлади.
«Қизиғи шундаки, қатор қаршиликларга қарамай, областда Тўлқин Омоновга берилган овозлар сони саксон етти фоизни ташкил этди.
Демак, қашқадарёликлар энди кўп нарсаларни тушуниб етган кўринадилар.
Биз эса худди шу ўринда област раҳбарлари ҳам халқни менсимаслик ва уни чалғитиш ёмон оқибатларга олиб келишини яна бир бор ўйлаб кўришларини истардик», деб ёзган эдим «Сайлов сабоқлари» номли мақоламда.
(«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 1989 йил, 7 апрель сонидан)
Зудлик билан иккинчи марта мажлис чақирилиб, тағин Исмат Хушев масаласи кўрилади.
Лекин бу сафар овозлар иккига бўлиниб, «ўчирилсин» ёки «қолдирилсин» деган қарор қабул қилишнинг иложи бўлмайди.
Сезиб турардимки, учинчи марта мажлис чақирилса, партиядан ўчирилишим аниқ эди.
Партияга қанчалик қийналиб, не-не курашлар эвазига етишганимни ўзингиз яхши биласиз. Шу боис бошқаларга ўхшаб «фирқа билетим»ни отвориб кетолмасдим.
Елиб-югуриб нажот йўлини қидирдим. Одил Ёқубовнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаётган қадрдон дўстим Ҳамроқул Асқардан ёрдам сўрадим. У менинг атрофимда бўлаётган машмашалардан хабардор эди.
У мени дастлаб Муҳаммад Солиҳнинг ҳузурига олиб кирди. Сўнг учаламиз Одил Ёқубовнинг олдига кирдик.
«Коммунистлар орасида ҳам бизнинг вакилимиз бўлиши керак», деб аввал Ҳамроқул мени Одил акага роса таърифлади. Шундай курашчан йигитга жавр бўлаётганини тўлиб тошиб ҳикоя қилди.
Сўнг Муҳаммад Солиҳ уни қўллаб қувватлади.
Менинг атрофимда бўлаётган гап сўзларнинг бир учи Одил акага ҳам аллақачон етган экан.
Ўзаро маслаҳатлашилгандан сўнг мени газета номидан СССР Халқ депутатларининг тарихий биринчи съездини ёритиш учун Москвага – командировкага жўнатишга қарор қилдилар.
Маълумки, «Адабиёт ва санъат» газетаси Ёзувчилар уюшмасининг органи эди.
Яъни, уюшма раҳбарининг топшириқларини газета Бош муҳаррири бажариши шарт эди. Ажабки, Аҳмаджон ака мени Москвага командировкага юборишга рози бўлди.
Бироқ, мен съезд арафасида Москвага етиб борган бўлсамда, аммо бевосита съезд ишида қатнашадиган журналистларни рўйхатга олиш (аккредитация) аллақачон тўхтатилган экан.
Кремлдаги СССР Халқ депутатлари съезди қошидаги матбуот секторидан рўйхатдан ўтиш учун ўн кун бурун ариза бериш лозим экан. Лекин мен ўн кун бурун съездда қатнашишни хаёлимга ҳам келтирмаган эдим.
Шунинг учун мутасадди ўртоқлар: «Мана, «Россия» меҳмонхонасида депутатлар билан яшайверасиз, сизга махсус хона берилади. Ресторанда ҳамма қатори бепул овқатланасиз», дейишди.
Ресторанда мен ўтириб овқатланадиган столни кўрсатишди, кўкрагимга тақиб юрадиган – «Пресса» деб ёзилган лавҳани ҳам беришди. Стол устига тўрт кишининг номи ёзиб қўйилганди.
Хуллас, мен депутатлар фойдаланадиган барча имтиёзларга эга бўлдим-у, фақат съезд залига киролмасдим, холос.
Депутатлар ҳар куни эрталаб съездга жўнашса, мен Москва четидаги «Лужники» деган майдонга йўл олардим. Регионлараро депутатлар гуруҳининг қароргоҳи ҳам «Россия» меҳмонхонасида жойлашган эди…
10.
Э-ҳе-ее, 1989 йилги Москва мен ўқиб юрган 1980-1982 йиллардаги Москвага асло ўхшамасди.
Сиёсий Бюро аъзолигига номзод бўлган Борис Ельцин юқори лавозимлардан ҳайдалиб, «портфелсиз вазир» («Госстрой» раиси) лавозимидан ҳам истеъфо берган бўлса-да, лекин халқ орасида ниҳоятда машҳур эди.
Регионлараро депутатлар гуруҳида Андрей Сахаров, Анатолий Собчак, Гавриил Попов, Сергей Станкевич, Николай Афанасьев, Александр Гаер, Александр Болдирев каби донг таратган сиёсатдонлар бор эди.
Москва менинг ҳаётимга мисли кўрилмаган бир тўлқин олиб кирди.
Мен Тошкентда кўриб юрганим – демократик ҳаракатлар «чепуха» бўлиб қолди.
Лужникидаги издиҳомда юз минг, юз эллик минг одам тўпланиб: «Елцин! Елцин! Елцин!» деб қичқирганда юрагимиз бўғзимиздан отилиб чиқиб кетаман дерди.
Горбачёв атайлаб Москванинг чеккасидаги катта бир майдонни митингчиларга бериб: «Ўша ерда қанча қичқирсаларинг қичқираверинглар!» деб қўйган экан…
11.
Қизил майдон билан СССР Халқ депутатлари съезди ўтаётган Кремльнинг атрофлари қуршаб олинганди.
Лекин Регионлараро депутатлар гуруҳининг вакиллари Кремлга киргунча ва у ердан чиқиб келиб то «Россия» меҳмонхонасига етиб келгунча, уларнинг оёқлари остига гуллардан пояндоз тўшаларди.
Халқ икки томонга тизилишиб, Сахаровни, Елцинни гулларга кўмиб юборарди.
Чунки съезд ишлари тўғридан-тўғри эфирга узатиларди. Депутатлардан кимлар нима деганини одамлар кўриб турарди: яхши гапирганлар олқишланарди, тескаричи сафсатабозлар лаънатланарди.
Москва – митинглар шаҳрига айланиб қолганди. Биз ҳам демократия қанақа бўлишини ўз кўзимиз билан кўриб, унинг таъсиридан сархуш бўлиб кўтаринки руҳда юрардик.
Москва нимаси билан менинг ҳаётимда ўчмас из қолдирди?
Биринчидан, мен бу азим шаҳарда Борис Ельцин билан учрашдим. Бу алоҳида мавзу бўлади.
Иккинчидан, Андрей Сахаровдан уни ҳақорат қилган ўзбек депути учун ўзбек халқи номидан кечирим сўраш бахтига муяссар бўлдим. Бу ҳам алоҳида мавзу бўлади.
Учинчидан, мен митинглар қанақа бўлишини ўша ерда кўрдим. Демократик кучлар бирлашиб, қандай курашиши лозимлигини англадим.
Демократия шамоллари одамларни нақадар озод, ҳур қилиб қўйишини кўрдим: ўзингизнинг мингта, миллионта муаммонгиз бўлиши мумкин, лекин кайфиятингиз кўтарилиб, осмонда учиб юрасиз!
Шу қадар қудратли куч экан инсон озодлиги!
Озодлик, эркинлик ва ҳақиқий демократия нима эканини ва у қанақа бўлишини мен Москвада билдим ва кўрдим!
Замонлар ўтади, даврлар ўтади, аммо Москвада бўлиб ўтган СССР Халқ депутатларининг биринчи съезди тарих саҳифаларида зарҳал ҳарфлар билан абадул абад ёзиб қўйилади!
Бу – инсониятнинг маънавий ва мафкуравий қуллик занжиридан халос бўлиш йўлидаги қутлуғ қадами эди.
12.
Ҳозир Канададаги муҳожирлик ҳаётимни ўша — Москвадаги демократик руҳнинг давоми деб биламан.
Канададаги бугунги ҳаётим, бу ерда ўтаётган умрим — Москвада бошланган демократия сабоқларининг меваси бўлса ажаб эмас.
Бир сўз билан айтганда — кўзим Москвада очилган эди. Мен ҳақиқий демократияни Москвада кўрган ва таниган эдим.
Ана шу танишув ва ана шу сабоқ мени охир оқибат Канадагача олиб келди.
Лекин бу ҳаётнинг охири эмас-ку. Ҳали яхши кунлардан умидим бор.
Исмат ака, сиздан узр сурайман-у, лекин, шуни айтишни маъкул курдим, Ельцин хозирги пайтларда Россияга жуда катта зарар етказган сиёсий арбоб хисобланади. Менда эътироз киладиган далил йук. Чунки, мен уша пайтлари Россия яшаб узим гувохи булганман, качонки МВФ ёки халкаро бошка банк кредит бергандагина доллар курси бир равонга келар эди. Россия Ельцин пайтида факат кредит хисобига курар эди. Тан олиш керак, Ельцин демократами ёки партократми, лекин Россияни кетига утказиб кетди. Хар хил чурчаклар жанжалдан кейин тугилади, лекин хакикатга тик караш хар бир виждонли инсонга фарздир.
Ismat aka, ko’rmagan narsangiz qolmagan ekan. Qanday ajoyib erkinlik damlari. Afsus Karimovdek ozodlik,erkinlikdan o’larday qurqadigan Ykkahokim mamlakatni ulkan hibisxonaga aylantirdi. Erkinlikni his qilgan odam yana qayta tutqunlikka qaytmaydi.
Juda to’g’ri fikir Nishonov g’alati odam edi, bir tomon yonib ketsa ham parvoiy palak bo’lib xotirjam o’tiruvrardi. Mana bir misol Yoshlar bilan uchrashuvda Buxoralik asperant ismi xotiramdan ko’tarilibdi Nishonovni so’kdi u eshitmaslikka olib o’tiroverdi.
Oqqan daryo yana qayta oqadi digan gap bor. Shu tarixiy damlarda ham munosib o’rin egalagan ekansiz. Armonsiz yshagansiz faqat sizga havas qilsa arziydi.
Исмат ака, сиздан узр сурайман-у, лекин, шуни айтишни маъкул курдим, Ельцин хозирги пайтларда Россияга жуда катта зарар етказган сиёсий арбоб хисобланади. Менда эътироз киладиган далил йук. Чунки, мен уша пайтлари Россия яшаб узим гувохи булганман, качонки МВФ ёки халкаро бошка банк кредит бергандагина доллар курси бир равонга келар эди. Россия Ельцин пайтида факат кредит хисобига курар эди. Тан олиш керак, Ельцин демократами ёки партократми, лекин Россияни кетига утказиб кетди. Хар хил чурчаклар жанжалдан кейин тугилади, лекин хакикатга тик караш хар бир виждонли инсонга фарздир.
Ismat aka, ko’rmagan narsangiz qolmagan ekan. Qanday ajoyib erkinlik damlari. Afsus Karimovdek ozodlik,erkinlikdan o’larday qurqadigan Ykkahokim mamlakatni ulkan hibisxonaga aylantirdi. Erkinlikni his qilgan odam yana qayta tutqunlikka qaytmaydi.
Juda to’g’ri fikir Nishonov g’alati odam edi, bir tomon yonib ketsa ham parvoiy palak bo’lib xotirjam o’tiruvrardi. Mana bir misol Yoshlar bilan uchrashuvda Buxoralik asperant ismi xotiramdan ko’tarilibdi Nishonovni so’kdi u eshitmaslikka olib o’tiroverdi.
Oqqan daryo yana qayta oqadi digan gap bor. Shu tarixiy damlarda ham munosib o’rin egalagan ekansiz. Armonsiz yshagansiz faqat sizga havas qilsa arziydi.