Тожикистонлик ўзбекзабон адиб, таниқли таржимон Омонбой Жуманов Тожикистон Ёзувчилар иттифоқининг Садриддин Айний номли адабий мукофоти билан тақдирланиши барча тожикистонлик ижодкорлар, жумладан, Тожикистон Республикаси Ҳукумати нашри – «Халқ овози» газетаси ижодий аҳлининг ҳам қувончига сабаб бўлганлиги рост.
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ҳамиша зиё аҳлига, журналистларга алоҳида эътибор қаратиб келади. Уларнинг меҳнатлари муносиб тақдирланиши ўша эътибору ғамхўрликнинг натижаси эканлиги табиий.
Омонбой Жумановни «Халқ овози» газетасида фаолиятим бошлангандан буён яхши танийман. Инсонийлик бобида у киши камсуқум, камтаринликни отахон-шоримиз Ўлмас Жамолдан ўзига юқтирган, барчага бирдек – меҳр-муҳаббат билан муомала қилишлари, энг аввало, ўзларини ҳурмат қилишлари билан ажралиб туради. Ижодкорлик соҳасида Омонбой Жуманов заҳматкашлик, ҳалолкорлиги билан эътиборга тушганлиги ҳақиқат.
Адибнинг битикларида ҳаёт ҳақиқати ётади. У киши асаридаги қаҳрамони билан бирга нафас олади, сюжетларда кезади. Шунинг учун ҳам, Омонбой аканинг асарлари самимий чиқади ва ўқувчининг кўнглини забт этади.
Адабий дўстлик – абадий дўстлик, дейдилар. Бу йўналишда Омонбой Жумановнинг хизматлари беқиёс. Айниқса, тожик-ўзбек халқлари ўртасидаги дўстлик кўпригининг янада мустаҳкам, устувор ва гўзал бўлишида адибнинг катта ҳиссаси бор.
Тожик ёзувчиларининг асарларини ўзбек тилига, ўзбек ижодкорларининг асарларини тожик тилига ўгиришда Омонбой Жуманов бугун республикамиздаги энг етук таржимон эканлиги ҳар биримизга маълум. Омонбой ака шунчаки таржимон бўлмай, балки таржимада асарнинг мазмун-моҳиятини сақлаб қола олиш маҳорати билан ҳам ажралиб туради.
Омонбой Жумановга мазкур мукофот Ато Ҳамдам ва Леонид Чигринларнинг «Эмомали Раҳмон жасорати» номли китоби, Саттор Турсуннинг «Жасур қиз», «Эътироз» ва «Қазо» асарлари ҳамда бошқа таржималари учун берилган.
Адиб бундан олдин «Афсонаҳои халқи тожик» китобини «Қайсар чумчуқ» номи билан ўзбек тилига таржима қилиб, Тошкентда кўп нусхада чоп эттирганди. Айни пайтда эса, Омонбой Жуманов Ато Ҳамдамнинг «Роҳи абрешим» китобини таржима қилиш билан машғул ва уни Тошкент шаҳридаги «Жаҳон адабиёти» нашриётида чоп эттириш ниятида.
Омонбой Жуманов таржимасида чоп этилган таниқли ёзувчилар Ато Ҳамдам ва Леонид Чигринлар қаламига мансуб «Эмомали Раҳмон жасорати» китоби эса, мустақил Тожикистонимиз тарихида ёрқин саҳифа бўлганлигини таъкидлаш ўринлидир. Давлатимиз бошлиғи фаолиятига бағишланган бу йирик асарни ўзбек тилига ўгириш учун катта жасорат ва масъулият талаб қилинганлиги табиий. Адибда шу жасорат ва масъулият уйғунлашганлиги у кишини ютуқлар сари бошлади.
Барча тожикистонлик ижодкорлар номидан Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси, маҳоратли таржимон Омонбой Жумановни бу юксак мукофот билан қутлаб, у кишининг ижодий ишларига муваффақиятлар тилаймиз.
Искандар МАҲМАДАЛИЕВ,
Тожикистон Республикаси Ҳукумати нашри
— «Халқ овози» газетаси масъул котиби.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
Ўхшаш мақолалар йўқ.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни
МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.