«Инсон ўз омадининг қай томондан келишини билмас экан, билганида у фақат ўша томонга илдамлайверарди…» бу жумлани катта бир адибнинг асарида ўқигандим. Ростдан ҳам йигит кишига берилиши муқаррар бўлган уч марталик омад, унинг уч ёнидан кириб келаркан. Икки кун аввал дўстларимга «Ўзбек эмас» деган шеъримнинг қадами қутлуғ келганини мақтаниб тургандим. Кеча эса, фавқулодда пойтахтга — раҳбарият ҳузурига чақиришди. Табийки, ич-ичимдаги ҳаяжон юрагим тубигача тушиб, мени ўз туйғулари билан сел этмоқда эди.
Тонг саҳарлаб Тошкент сари отландим…
Пойтахт остонасида мени марҳум устоз санъаткоримиз Охунжон Мадалиевнинг яқинлари кутиб олишди. Билсам, мендаги ҳаяжон уларда ҳам шунчалик экан.
Дастлаб, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси сари йўл солдик.
Мамлакат ижод аҳлининг кошонасига айланган уюшма дарвозаси олдида ҳалқимизнинг ардоқли шоири Ботиржон Эргашев мени қарши олдилар. Илиққина салом-аликдан сўнг устозлар давраси ошиқдик.
… уюм-уюм китоблар билан лиқ тўла хонада ижод илинжида хаёл суриб ўтирган Ўзбекистон Ҳалқ шоири Сирожиддин Сайиднинг хаёлларини бўлиб, хона эшигини қоқдик. Худдики, аввал ҳам мен билан ҳамсуҳбат бўлиб юргандек, Сирожиддин аканинг чеҳраси ёришиб, жуда мамнун кайфиятда қарши олдилар.
— Эй келинг Ўлмасбек! Шеърларни ёзиб, ўзингиз қаерларда юрасиз-а?!
Устознинг шу биргина эътирофи-ёқ мени бошимни кўк қадар кўтарди.
— Шоирнинг бир омади келса шу-да, шошириб қўяди. Қани ўтирингчи, Ўлмасбек…
Жуда самимий ва илиқ суҳбат бошланди. Қарийиб ярим соат давом этган суҳбат асносида Сирожиддин аканинг хонасига ташриф буюрган, мен таниган ва танимаган шоирларга мени «Ўзбек эмас» деб таништиришлари эса, чинакам шоирона ташбеҳ бўлди. Қизиғи, шу биргина сўз билан улар мени салкам таниб олишаяпти.
Суҳбат сўнгида уюшма раҳбариятидан Мустақиллик байрами муносабати билан бир қатор ижодий топшириқлар олдим.
Кейин эса, Ўзбекистон Ҳалқ шоири, сенатор Иқбол Мирзо қабулида бўлдик. Иқбол ака билан суҳбатимиз жуда самимий кечди. Гурунгнинг авжида Иқбол сўраб қолдилар:
— Дарвоқеа, китобингиз борми?
— Ҳа устоз бор, яқинда чиқардим…- шоша-пиша ўзим билан олиб келган китобимни узатдим.
— Раҳмат Ўлмасбек! Бу менга бўлса кераг-а?
— Ҳа албатта устоз, сизга бу!
— Дастхат ҳам қўйиб берингда…
Китобнинг биринчи саҳифасига икки қаторгина самимий сўз ёздим-да узатдим.
— Энди яна битта китобингиздан беринг.
Қўлимда сўмкани ҳарчанд титкиламай, китобимдан бошқа тополмадим.
— Тугабди устоз. Сирожиддин ака, Маҳмуд акаларга бергандим. Эссиз, кўпроқ олиб келмабман…
— Сирожиддин акага дастхат қўймагандингизми? — ярим ҳазил, ярим жиддий оҳангда сўради.
— Йўқ, қўймагандим — ҳижолатда нимадир демоқчи эдим-у, тилимга бошқа сўз келмади.
Шу пайт Иқбол ака шахд билан хонасидан чиқди-ю, уч дақиқа ўтар — ўтмай қўлида менинг «Ёмғирой»им билан кириб келди.
— Китоб ўғирлаш гуноҳ эмас-а, Ботиржон? — Иқбол ака шундай дея Ботиржон ака Эргашевга жилмайиб қўйди.
— Энди бу китобга дастхат ёзинг — устоз шундай дея, столи устидаги бежирим ручкаларини узатди.
— Ўзбекистон Бош Вазири Арипов Абдулла Ниғматовичга деб ёзинг!
Ҳам ҳайрат, ҳам таажжуб билан Иқбол акага юзландим. Бу қарашим замиридаги « қандай бўларкан» деган маънони уқди, шекилли Иқбол ака яна ўктам овоз билан таъкидлади.
— Ёзинг, ёзинг Ўлмасбек! Ҳукуматимиз раҳбари сизнинг ижодингизни ўқимоқчи.
«Ёмғирой»нинг илк саҳифасига «Ўзбек эмас» шеъримнинг тўрт сатрини ёзиб, «Мамлакатимизнинг бугуни Сиз каби инсонлар қўлидалиги — бизнинг бахтимиздир!» дея имзо чекдим.
Иқбол ака китобимни олиб, варақлай туриб:
— Сиз бахтли шоирсиз! Ҳали-ча ҳеч бир ҳаваскор шоир Ҳукумат раҳбарига дастхат ёзиб бермаган. Бу борада, сиз биринчи бўлдингиз.
«Инсон ўз омадининг қай томондан келишини билмас экан, билганида у фақат ўша томонга илдамлайверарди…» бу жумлани катта бир адибнинг асарида ўқигандим.
Фақат, шуни билдимки, бу галги омадим ўнг ёнимдан келди, назаримда. Илоҳим, қолгани ҳам ўнгидан келсин!
Шу ўринда пойтахт ташрифида менга мададкор бўлган, ҳамроҳлик қилган ардоқли шоиримиз Ботиржон Эргашевга ҳамда марҳум устоз санъаткоримиз Охунжон Мадалиевнинг жиянлари Азизбек Холбоевга ўзимнинг чексиз ташаккуримни билдираман!
Тошкентдан қайтар эканман, машина радиоприёмникида Қиличбек Мадалиев ижросидаги « Ўзбек эмас» жаранг соча бошлади. Ёнимдаги йўловчи ҳамроҳларим эса, шофёрга :
— Овозини баланд қилиб қўйинг ука — дея илтимос қилишди.
Менинг эса, кўзларимга билинар- билинмас ёш қалқиди.
Бу қувонч ёшлари эди.
Бу ифтихор ёшлари эди…
Офтоб сеҳри ортар ойдин ҳилол билан,
Сарбаланд тоғ чашма билан, зилол билан.
Не тонг, парвоз қилса ашъор осмонида
Икки шоир бахти бутун Иқбол билан.