… Аслида синфдош бўлган Нўъмонжон ва Шаҳзода севишиб турмуш қуришганди. Ёшлар икки йилча Нўъмонжоннинг ота-онаси билан бирга яшашди. Уларнинг бахтли оиласига ҳамманинг ҳаваси келарди. Бирин-кетин туғилган қизлари Озода ва Шаҳризода бу бахтнинг тумори янглиғ икки ёшнинг гўзал муносабатларини янада мустаҳкамлади. Икки севишган қалб бу орада биргалашиб, шаҳар марказидан икки хонали уй сотиб олишди. Уларнинг меҳр-муҳаббат, қувончга тўла турмуши беш йил давом этди.
Аммо уларнинг бахтига кўз тегди. Учинчи фарзандини дунёга келтираётган вақтида кутилмаганда қон босими кўтарилган Шаҳзода ва кутилган ўғил бола чақалоқнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмади.
Охири бўлмади. Бу эзгин кайфият унинг соғлигига салбий таъсир қилди. Нўъмонжон ўттиз ёшга етмай нафас сиқилиш касаллигига чалинди. Орадан ўтган бир йил давомида тузалиши қийин кечаётганди. Ўғлининг аҳволидан қаттиқ хавотирга тушган отаси Шокир ака ўғлини ҳаво алмаштириш ва даволаниш мақсадида Россияга бориб келишга кўндирди. Нўъмонжон шу баҳонада Россияга келди.
Ўзи даволанаётган клиникада стоматолог ўрни бўшлигини билгач, шу ерга ишга жойлашди. Самарқандга қайтиб борса, яна аёли эсига тушиб қийналиши, озроқ муддатда юртдан узоқда бўлса, ўзини ўнглаб олиши балки осонроқ кечишини тахмин қилган яқинлари унинг бу қарорига қарши чиқишмади. Йигитнинг яхши мутахассислигини англаган клиниканинг бош шифокори Вадим Леонидович уни синов муддати билан ишга қабул қилди ва яшаши учун битта хона ажратиб берди.
Мана, келганига ҳам икки йилча бўлиб қолди. Нўъмонжон иш бошлаган дастлабки кунларда клиникада қоровуллик қиладиган Каримжон билан танишди. Мусофирликда танишган, бир-бирига тенгдош бўлган икки йигит тез тил топишиб,дўстлашиб кетишди.
Нўъмонжон клиникага қайтгач, Каримжондан Дилоромнинг тақдири ҳақида эшитди. Каримжон суҳбат охирида ачинганча “Яхши қиз эди-ю, бир адашди-да. Унинг ҳаётини бузган номарднинг ўзи бўлса автоаварияда вафот этди,” — деди.
Нўъмонжон анчагача жувоннинг бошидан кечган воқеалар ҳақида мулоҳаза қилиб ўтирди. Бошида аёлнинг ўйламай иш қилганидан хафа бўлди. Кейин эса нимагадир кўнглида Дилоромга нисбатан ачиниш пайдо бўлди. Дилоромнинг телефон рақамини ёзиб олганига хурсанд бўлди. ”Кўнгли синиқ, қийналган аёлга ўхшайди. Гоҳ-гоҳида телефонлашиб, ҳол-аҳвол сўраб тураман”, — дея ўйлади. Кейинчалик телефонда суҳбатлашиш жараёнида Дилоромнинг Россияга ишга келиб, анча қийналганини билди. Ўзи билмаган ҳолда кундан-кунга Дилоромга боғланиб бораверди.
Дилором бўлса унинг кечинмаларидан асло хабари йўқ, унинг қўнғироқларини юртдош бир инсоннинг ҳол сўраб, мадад бўлиб туриши деб тушунарди. Бир ойча вақт ўтиб, уни Каримжон излаб келиб қолди. Дилором бу йўқловнинг сабабини тушунмади. Аслида Нўъмонжон ўзи боришга ийманиб, Каримжондан Дилоромдан хабар олишни илтимос қилганини жувон хаёлига ҳам келтирмади.
Каримжон ундан ҳол-аҳвол сўради, ”Уйдан бериб юборишибди” — дея ҳолва ва шўрданакни бериб, Татьяна Алексеевна билан бироз суҳбатлашиб ўтирди-да, хайрлашиб кетди. Ўн кунлар ўтиб, Каримжон яна келди. Қўлида ширинлик, шарбатлар солинган катта сумкани Дилоромга берди. Уларнинг қариндошлигини биладиган бекаси ҳеч нарса демаган бўлса-да, Дилором бу ташрифларнинг сабаби ҳақида ўйлаб қолди. ” Ҳа,янгамнинг укаси. Қолаверса, юртдошмиз. Мусофирчиликда мендан хабардор бўлишни ўзи учун бурч деб билгандир, — “ деган хулосага келди.
Аммо учинчи бор Каримжон уни излаб келганда, Дилоромнинг энсаси қотди.”Нимага бу бунча серқатнов бўлиб қолди? Нима истайди ўзи мендан?” Худди унинг кўнглидан ўтганини сезгандай, Каримжоннинг ўзи гап бошлади.
— Дилором, сиз билан муҳим бир масалада гаплашиб олишим керак.
Жувон унга ҳайрон бўлиб қаради. ”Тинчликмикан? Ё уйдагиларга бирон нарса бўлибдими?” Унинг нигоҳларидаги хавотирни илғаган эркак атрофга аланглаб, суҳбат учун қулайроқ жой излади. Дала ҳовлининг четроғидаги ҳаммаёғи очиқ айвончага қараб ”Мана шу ерда ўтириб, суҳбатлашсак бўладими?” дея сўради. Дилором ҳеч нарса демай, ўша ерга қараб юрди. Ўриндиққа ўтириб, Каримжонга саволомуз қаради.
— Дилором, узр. Менга бу ҳақда гапириш қийин. Лекин гапирмасам бўлмайди. Мен…мен сизга совчи бўлиб келдим.
— Дилором, синглим. Мени нотўғри тушунманг. Мен сизга ёмонлик қилиш, ёки қачонлардир менга турмушга чиқмаганингиз учун қасд олиш ниятим йўқ. Мен дўстим Нўъмонжонга сизни сўраб келдим.
Бу энди мутлақо кутилмаган гап эди. Аёл ўзини йўқотиб қўйди.
— Нималар деяпсиз? Нўъмонжонга? Нега менга бунақа гапларни айтяпсиз? Бошим очиқлиги учун рози бўлади, деб ўйлаяпсизми? Ёки мусофирчиликда юрган аёллар ҳақида ёмон хаёлларга борадиганлар хилиданмисиз?
-Дилором, нимага мени охиригача тингламаяпсиз? Жаҳлингиз чиқмасин. Нўъмонжоннинг ҳам сиздай боши очиқ. Унинг хотини учинчи боласини дунёга келтираётганида вафот этган. У сизни ёқтириб қолибди. Дўстим жуда яхши инсон….Каримжон гапини тугатолмади. Дилором кафтлари билан юзини тўсиб, тўсатдан ўкириб йиғлаб юборди.
— Мени тинч қўйинглар. Мен..мен яқинда уйга кетаман. Турмушга чиқиш ниятим йўқ, — йиғи аралаш сўзлади жувон. — Опангизнинг мени шунча азоблагани каммиди? Энди қолганига сиз ҳам менга азоб бермоқчимисиз?
Каримжон унинг йиғисидан ғалати бўлиб кетди. Дўсти сабаб бундай чигал масалага аралашиб қолгани учун ўзидан хафа бўлди. Шундай бўлса-да, кўнглидаги гапларини гапиришга аҳд қилди.
— Мендан хафа бўлманг. Икки ёрти бир бутун бўласизлар, деб ўйлагандим. Дўстимнинг юзидан ўтолмаганим учун бу ерга келдим. Унинг икки қизига она меҳри жуда зарур. Сиз ҳали ёшсиз. Барибир кимгадир турмушга чиқасиз. Чунки ёлғиз аёлга тиргак бўладиган мард эркак лозим. Ўша кўришган кунимиз Нўъмонжонга ҳаётингиз ҳақида гапириб бергандим.
— Бўлди, бас қилинг. Демак дўстингиз мени енгилтак аёл деб билади. — Чинқириб юборди Дилором.-Мен сизни бошқа кўришни ҳам, эшитишни ҳам ҳоҳламайман. Менга ҳеч қанақа эр керак эмас. Асабимга тегманг.
— Дилором,ўзингизни босинг. Ҳоҳламасангиз, сизни ҳеч ким мажбурламайди. Мендан узр. Хафа бўлманг илтимос. Бу суҳбатни бўлмади, деб ҳисобланг. Яхши қолинг. Каримжон шундай деб мулзам бўлганча, дала ҳовлининг кичик дарвозасига қараб юрди.
Аёл унга жавобан ҳеч нима демади. Хайрлашишни, уни кузатишни ҳам истамай, кафтларини юзига босиб ўтираверди.
Татьяна Алексеевна деразасидан уларнинг суҳбатларини кузатиб турганди. Каримжон чиқиб кетиши билан ҳовлига чиқиб, Дилоромнинг ёнига келди.
Тўлиб турган Дилором кимгадир ёрилмаса бўлмайдиган аҳволда эди. Қисқароқ қилиб ўз тақдири ҳақида Татьяна Алексеевнага гапириб берди. Шу пайтгача бу ҳақда гапиришга имкон ва шароит бўлмаган эди.
— Тушунарли. — Татьяна Алексеевна унга ачиниб қаради. — Лекин қариндошингдан бекорга хафа бўляпсан. У ростдан ҳам сенга яхшилик қилмоқчи бўлибди. Ҳаёт жуда мураккаб. Ёнингда ҳамроҳинг бўлмаса, якка ўзинг жуда қийналасан.
Кўнгли бўшаган Дилором ҳеч нарса демай, уйга қараб юрди. Ичида “Яхшилиги бошидан қолсин. Турмушга чиқиш ниятим йўқ мени. Менга ҳеч ким керак эмас. Тавба, шунақа нияти борлигини билсам, умуман гаплашмасдим”, — деб ўйлади. Бирданига кўз ўнгида Алишернинг жилмайиб турган қиёфаси жонланди.
Бу орада яна икки ойча вақт ўтиб, қиш яқинлашди. Нўъмонжон бир неча бор қўнғироқ қилган бўлса-да, Дилором жавоб бермади.
Ассалому алайкум Исмат ака сайтингиз мухлисиман.Иложи булса Мохигул Назарованинг Гунох киссасини хар куни бериб борсангиз.