“Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаевга шеърий мактуб
jahonadabiyoti@list.ru
“Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири
Шуҳрат Ака РИЗАЕВга
Шеърий мактуб
Ассалом, эй Шуҳрат ака, ассалом,
Бахшида Сизга минг самимий калом.
Сизни чин юракдан Оға десамми,
Туғишгандай яқин тоға десамми?!
…
Бизга ҳам[1] журналдан жой бердингиз Сиз,
Эъзозлаб тулпору той бердингиз Сиз.
Ёзибсиз бир дунё қалам ҳақи ҳам,
Қошингизда минг бор таъзим қилсак кам.
Мени муҳтожликдан озод қилдингиз,
Вайрона Каъбани обод қилдингиз[2].
Биз ҳам бу даргоҳда ишлаган қулмиз,
Озод ака[3] билан қишлаган қулмиз.
Ким учун саодат, ким учун кулфат
Рауф ака билан бўлганман улфат.
Кайфи ошса бўлар қонга ҳам ташна
Низом Комил билан бўлганман ошна.
Мирпўлат Мирзони отам дегайман,
Отамдай бағри кенг Ҳотам дегайман!
Амир ака етмиш яшарли бола,
Устозга менинг бор меҳрим ҳавола.
Назира опанинг ўрни ҳам аъло,
Безагай ҳар юксак тўрни ҳам аъло.
Аломат Дилдора опанинг сўзи,
Марям Ёқубованинг баайни ўзи.
Файзи Шоҳисмол мулойим доим,
“Суйган бандам!” десин Худойим доим!
Ортиқ Абдулла ҳам менга йўл берган,
Меҳрибон устоздай холис қўл берган.
Устозлар рўйхати каттадан-катта,
Сиз ҳам бу рўйхатда борсиз, албатта.
…
Қошингизга шитоб чопа олмадим,
Қўнғироқ қилиб ҳам топа олмадим.
Ниҳоят ўйладим, кўп бўлмай диққат,
Шуҳрат акага ҳам йўллай шеърий хат.
“Хурсанд қилиш учун калом топмадим,
Хатдан аъло совға-салом топмадим.
Мактубки энг аъло дурдан ҳам аъло,
Ҳаттоки беғубор нурдан ҳам аъло.
Зотан, хазинангиз гавҳалар кони,
Бебаҳо жавоҳир, жавҳарлар кони.
Бисёр имомларнинг тоат-тақвоси,
Бисёр дўсту ёрлар эзгу дуоси.
Бисёр содиқларнинг ибодати ҳам,
Тоат-ибодатдай ҳуш одати ҳам.
Анбиёлар тортган риёзат бисёр,
Авлиёлар қилган ибодат бисёр.
Неки бўлса рўйи заминда аъло,
Сиз учун тупроқдай қадри йўқ асло.
Бироқ алам билан тортилган фиғон,
Каби аъло туҳфа бўлмас ҳеч қачон.
Наздимда Сизда йўқ ҳеч бир муаммо,
Илтижо, ёлвориш топилмас аммо.
Шу боис хатга ғам солиб жўнатдим,
Алам-армонларим олиб жўнатдим.
Сиз учун чикора минг ҳамду сано,
Ва лекин муқаддас минг дарду фано[4]”.
(Алишер Навоий. “Лисон ут-тайр”, СХLV боб, муаллиф табдили ва эскиртиши.)
…
Гап-сўзлар қуш каби учиб кетади,
Мактуб иқболга ҳам ҳатто етади.
Биздан ёдгор бўлиб қолар шубҳасиз,
Муносиб баҳосин олар шубҳасиз.
Яратган эгамнинг бу ҳам ҳиммати,
Яратган ҳимматин юксак қиммати.
Кимларга номалар йўлламадим мен,
Кимларни шеър айтиб қўлламадим мен.
Ҳиммат қилар дея мен нотавонга,
Шеърий хат йўлладим Хосиятхонга.
Умрим панд бермаса шитоб қилгайман,
Шеърий номаларим китоб қилгайман…
…
Зангори экранда бийронсиз аксар,
Бизнинг кулбада ҳам меҳмонсиз аксар.
Қай куни экранда яна балқдингиз,
Тарих ичра елкан каби қалқдингиз.
Мирзо Улуғбекнинг сўзларин олис,
Яна бир бор эсга олдингиз холис:
“Замонамиз ғоят нозик. Ҳар ёқ хатарнок!
Бизга лозим забардастлик, бирлик ва идрок.
Бу фурсатда оломонга ғалаён солиб,
Бизга қарши қўзғатганлар бизга дўст эмас.
Улар Темур хонадонин ёвуз душмани,
Бундай овоз зиндонлардан чиқмай бўғилар”[5].
(Шайхзода. Асарлар. Олти томлик, учинчи том. “Мирзо Улуғбек”, тарихий фожиа. Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Т., 1972-йил, 165-бет. “Мирзо Улуғбек” драмасининг Самарқанд драма театрида қўйилишига бағишланган кўрсатувда Шуҳрат ака Улуғбек Мирзонинг шу сўзларини келтирди.)
…
Сиз билан наинки биз кўзтанишмиз,
Ижод оламига пайваста эшмиз.
Ҳатто омад кулиб отамлашганмиз,
Бағримиз кенг очиб Ҳотамлашганмиз.
Эсимдан чиқмас ҳеч ноябрь ойи,
Дўрмон боғи ичра Боқийнинг жойи,
Пешайвон бағрида кўҳна чорпоя,
Токлар бошимизга соларди соя.
Давранинг тўридан жой олгансиз Сиз,
Қаршингизда Эркин Аъзам билан биз.
Палов дамлаш билан андармон Боқий,
Камина бўлгандим Сизларга соқий.
Салгина қизишиб, шишганим ҳам рост,
Суҳбат асносида пишганим ҳам рост.
Ғафур Ғулом домла шубҳасиз даҳо,
Дедингиз: “Шум бола” жуда бебаҳо.
Машҳур романлар ҳам бир кун ўқилмас,
“Шум бола”ни бироқ эл канда қилмас.
Ўшанда мен бунга қўшилмагандим,
“Шум бола” қийматин сал билмагандим.
Шоирона қанча таърифлар қўшиб,
Имон-эътиқоддан сўзладим жўшиб.
Эътироз кўнглингиз сиқди дафъатан
Бироз жаҳлингиз ҳам чиқди дафъатан…
Кейин бу асарни кўп бор ўқидим,
Ҳаттоки такрор ва такрор ўқидим.
То ҳамон қўлимдан қўймайман сира,
Қайта-қайта ўқиб тўймайман сира.
Ниҳоят кўнглимда йўқ сира гумон,
Озод ака билиб айтган бир замон:
Юксак Ғафур Ғулом домла муҳтарам
Маҳорат бобида Марк Твендан ҳам[6].
Афсоналар айтар, айтар нақл ҳам,
Шоҳларга ўргатар ҳатто ақл ҳам.
Қадимий Тошкентнинг манзаралари,
Айёр шум боланинг минг хил ҳунари.
Қоравой ҳар дарахт баргида юрар,
Юксак юлдузни ҳам бенарвон урар.
Бас келар Сарибой сингари зўрга,
Ҳаттоки тириклай тиқади гўрга.
Қўшмачи ҳожини қилар оломон,
Унга ҳаммол бўлар соддадил Омон.
Кимларнидир авраб гўё қанд берар,
Нашавандларга ҳам ҳатто панд берар…
“Шум бола” наинки нодир китоб бу,
То абад безавол қодир хитоб бу!
…
Э.Аъзам ишончин оқладингизми,
Докторлик ишингиз ёқладингизми?..
Сиз билан хаёлан суҳбат қиларман,
Сиз каби мен ҳам ўз бағрим тиларман:
Ғаройиб замона одамларимиз,
Оқилу девона одамларимиз.
То ҳамон гувоҳмиз зулм, зўрликка,
Тўнғиз қавмига хос бўтқахўрликка.
“Бўтқа маданият”[7] ғолибдай бу кун,
Қай қавм ғўрликка толибдай бу кун.
Тўғри бўлсин қодир Тангрининг кўзи,
Бу балодан бизни асрасин ўзи.
…
Ижод аҳли бироз чекинган каби,
Барча ин-инига бекинган каби.
Лекин адабиёт ўлмайди асло,
Шоирсиз эл бағри тўлмайди асло…
Сиз ҳам тортмоқдасиз шу йўлда заҳмат,
Устоз, Отангизга раҳмат, минг раҳмат!
…
Қадрларман Шуҳрат Ризонинг таъбин,
Ахир ўтагансиз Ойбек мактабин.
Сиз каби бадиий диди нозик кам,
Қизлар ашъорига мафтунман мен ҳам.
Йигитлар назмида кибру ҳаво бор,
Қизлар назмида қай дардга даво бор.
Шоиралар бир тан табиат билан,
Йигитлар жанг қилар жамият билан.
Шоиралар кўнгил дардин куйлар пок,
Шоирлар назмида музаффар идрок.
…
Ҳалима Опадай шоира сара,
Ғафур Ғулом каби тортади наъра.
Кўнгли гарчи нозик қилдан қолишмас,
Сабру матонатда филдан қолишмас.
Ёзганда кўксига тиғ уриб ёзар,
Қаламни қонига ботириб ёзар.
Наинки мардона эрга ўхшайди,
Во ажаб, ярадор шер[8]га ўхшайди.
Наинки ҳозир ҳам айқирар, ё Раб,
Ҳатто қабрида ҳам ҳайқирар, ё Раб!
…
Нодираи замон Ҳалима Аҳмад,
То ҳамон шеър битар тортиб минг заҳмат.
Ашъори Машрабдай минг жунунга бой,
Бир замон қўлидан мен ичганман чой.
Даврамизда ҳилол-малика мисол,
Сармаст айлагандай айёми висол,
Хаёл оғушида сузарди аста,
Наздимда атвори туюлди хаста.
Биз билан бўлса ҳам ҳамнафас бирга,
Ботинан ошина илҳомдай сирга.
Аё дўст! Шоирга баҳо бер холис,
Хаёл осмонида яшайди олис!
Оташ-алангадан яралган жисм,
Гар булбул сингари муштдай бир қисм,
Вале ашъор билан синоатга бой,
Қалблар осмонида балқар мисли ой.
Ҳалима учун йўқ сарҳад-канора,
Ҳижрон ҳам наздида гўзал тарона.
Ақл бовар қилмас шоира лобар,
“Ғамни ҳам қувончни севар баробар!”
Бебақо дунёда бақо қидириб,
“Яшар жон қушига ғамни едириб!”
Дунёда бормикан орзулари қон,
Ҳалима қалбидай шиддатли вулқон!
Шоҳ байти зарбидан жоним қақшайди,
Шоира юрагин сўйиб яшнайди!
Муҳаббат каштасин безар бу чевар,
“Дўзах оловида куйиб ҳам севар!”
Бу асли армонли ҳар дил хатидир:
“Азоб ишқ-муҳаббат мамлакатидир!”
“Исмини яширган бир ғариб гулга,
Бағрини едирар ошиқ булбулга!”
Сарбаланд парвози, етмайди хаёл,
Ҳатто муҳаббатдан юксак ҳур аёл!
Дунё зиндонида умиди қаро,
Руҳи бошин олиб кетган кўк аро,
Нобуд бўлса ҳамки музаффар аслим,
Мард каби ҳеч қачон бўлмагай таслим!
Минг бир дарду алам билан ҳамхона,
Ҳаёт дўсту мамот тутинган она!
Бағрида минг йиллик хунлар уйғонур,
Бўғизланган қаро тунлар уйғонур.
Сўраманг сиз уни мендай аъмодан,
“Қидирганлар топар юксак самодан”.
Фиғони кўзларим ёшин айлар сел:
“Кўзи кўр ишқим кел, кел, ажалим, кел!”
Ёлғизлик чоҳининг дурдона моҳи,
Етти иқлимни ҳам титратар оҳи.
Шеърият осмонин порлоқ кавкаби,
“Фироқнома” битар Нодира каби.
…
Жўмардлар зотидан кин-ҳасад нари,
Шеър мафтуни дўстим Баҳром сингари,
Ташнаҳол сипқордим “Умид соясин”,
Дилга муҳрладим шоир ғоясин.
Барчамиз бағрига олар она ер,
Дилнура[9]ни йўқлаб йиғлаб ёзган шеър.
Шоҳ ҳам ҳавас қилар шоир тожига,
Марсия ҳам битган Асқар ҳожи[10]га.
Мудом қайнаб тошар бу тоза булоқ,
Даъватига сиз ҳам тутинг бир қулоқ:
“Кўнгил, хижобинг кий, бўлма шарманда,
Ишқдан сархуш бўлиб айлама ханда.
Ҳажр ханжарини келмоқда қайраб
Қасди бордек магар ё сен, ё манда.
Шодликдан ғам изла, ғамдан шодликни,
Оғу пинҳон эрур ҳар қандай қандда.
Оёқ остидадур гарчи бу тупроқ,
Бир кун бош кўтаргай ҳар бир баданда.
Зоғлар базми билан хазон тўлгайдир,
Булбулни беқадр этган чаманда.
Севинчми, қайғуми, ким бўлса ҳам ишқ,
Биз унга қулдирмиз, биз унга банда.
Васл чироғига кўз тутма ки, у
Сендан ҳам, мендан ҳам жуда баландда[11]”.
…
Шеър айтишда енгар қай бир мард эрни,
Унга бағишладим мен ушбу шеърни:
Боғ аро яшнайди гул,
Кутгани бийрон булбул.
Куйганлар билар ҳолин
Арилар сўрар болин!
Шоира ҳам мисли гул
Сархуш сирли ҳол билан.
Қон ютар вале бизни
Сийлар асал-бол билан!
…
Амир Навоийнинг сарбозларимиз,
Ижод майдонининг дорбозларимиз.
Биз учун қўш қанот музаффар сўзи,
Ҳамиша дуогўй Ҳазратнинг ўзи.
Сиз ёзган сингари “Искандарнома”,
“Хамса”ни ўзгача қилдим ҳангома.
Ваҳоб Раҳмон билан зарур билдик биз,
“Хамса”ни шеър билан табдил қилдик биз.
Аксари ҳолларда мисли золим шоҳ,
Боқий ҳам бу ишда бизга хайрихоҳ.
Мен билан бир йилда туғилган даҳо
С.Саййид ҳам берди юқори баҳо.
Тулкидай айёрлик буткул бегона,
Икром[12] ҳам ёрдамга тайёр мардона.
“Оммага зарур бу табдил бегумон!”
Қўллар бизни ҳатто Хайриддин Султон.
Катта ҳам, кичик ҳам хайрихоҳ аммо
“Хамса” табдилининг нашри муаммо!..
Турфа даъволардан олисмиз-олис,
Калом хизматини қилсак бас холис.
…
Жонга тегмадими журналнинг иши,
Нашр ва обуна турфа ташвиши?
Панд бермаяптими ходимларингиз,
Ҳамон алпонами одимларингиз?..
Шуҳрат Ака, айтар сўзим зиёда,
Сиз томон тикилган кўзим зиёда.
Не бахт, қиёматли оға-инимиз,
Эътиқодимиз бир, яхлит динимиз.
Майлига гоҳ ранги сомон бўлайлик,
Не бўлса ҳам мудом омон бўлайлик.
Демасман: яхши ё ёмон сақласин,
Парвардигор бизни омон сақласин.
Кун сайин сеҳримиз зиёда бўлсин,
Оташин меҳримиз зиёда бўлсин.
Ҳамиша тинч қилсин замонимизни,
Шабнамдай соф қилсин имонимизни.
Инсоф бериб дўсту душманимизга,
Жаннатдай кўрк берсин гулшанимизга.
Ҳамфикр бегидир ўйларда мудом,
Кўришиб юрайлик тўйларда мудом.
Ҳамиша ёр бўлсин юксак мартаба,
Даргоҳингиз бўлсин мисоли Каъба.
Кечиринг қай сўзим хато бўлса гар,
Кўнглим тўқ Каттадан ато бўлса гар.
Хайр дея асло қилмасман нидо,
Бу хат дўстлигимиз учун ибтидо!..
Энг яхши тилаклар билан
Абдуҳамид Пардаев,
2016 йил, март-апрель.
АМИРНОМА
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими,ҳиндшунос, қалбшунос
устоз Амир ФАЙЗАЛЛАга
Ассалом, эшоним Амир Файзулло,
Салом йўллар Сизга Ҳамиджон мулло.
Гар ошно эмасман висолингизга,
Ҳамиша ҳамроҳман хаёлингизга.
Соғ-омон бормисиз бақувват-бардам,
Отиб турибсизми баимкон ҳар дам.
…Хасталик ҳолимни танг айлади, танг,
Ҳам дўсту ғанимдан йироқман, аттанг!
Сиз каби дўстлардан йироқман, йироқ,
Бағримга ғаровдай ботар боз фироқ.
Дўсту ёр дийдори, дўстлар дийдори,
Тетик ҳам хастанинг малҳам, мадори.
Қайси бир тил билан айтай: уй олдим,
Уй эмас, минг ташвиш, минг бир ўй олдим!
Гарчи нону ошдан кўпам камим йўқ,
Қадрдон дўстларсиз хуррам дамим йўқ.
Гарчи атрофимда кўп яхши-ёмон,
Ҳамдард тополмадим Сиздай то ҳамон.
Гоҳ журнал, гоҳо дарс бергани бориб,
Илоё, ҳеч қачон қолмангиз хориб.
Арзигай ҳар қанча қилсак-да ҳавас,
Таржима бобида борми Сиздай ас!
Мирзо акам тутиб қуйруғингиздан,
Олиб қўйган чиқар уруғингиздан1.
Бутун бир оила ташвиши ҳамон,
Қаддингиз тоғ каби эзарми ёмон.
Омон юрибдими Қамар Хон Раис,
Ҳамон эгардами Каримжон сайис?!
Бош суқиб тургандир Музаффар Аҳмад,
Калампо қарчиғай Раҳимжон Раҳмат.
Кимлар ўтиб кетди ки мен бехабар,
Кимларнинг бошида ҳамон тош-табар.
Аҳли олам учун бобомерос иш,
Ҳамон авжидами амал талашиш.
Қай манфур пашшадан фил ясаб катта,
Ҳамон тубанлигин қилар, албатта.
Қўлдан қўлга ўтиб пора-ришвалар,
Қилар фоҳишалар ҳамон ишвалар.
Ҳамон қаердадир “Ура! Ура!!!ми”,
Қай қаттол итдан ҳам баттар ҳурами!?
Бозорларда қизиб олиш ҳам бериш,
Ҳамон машаққатми ризқу рўз териш.
Тенгри лутфи билан юришганда ов,
Дамлаб турибсизми чойхона палов.
Сувга солиб ёки қора қозонни,
Кемирмоқ қисматми тараша нонни.
Ҳамон дастингизда бир ойлик чипта,
Кезарсиз боз Ўттиз олтинчи “Жип”да.
Қай бир автобуслар тирбандми ҳамон,
Киссавурлари ҳам борми соғ-омон.
Ҳамон авжидами ҳасад-хусумат,
Ҳамон тил-забонсиз соқовми уммат.
Ҳамон ҳирс-шаҳватнинг хуружи ғолиб,
Лайлию Мажнунми талаба-толиб.
Ҳамон ака-ука талашиб мерос,
Ёвлашарми қаттол ғайридинга хос.
Кимларларнинг измида муқаддас калом,
Ҳамон алданарми лақма-гўл авом.
Ҳамон хор дунёнинг бир камми иши,
Ҳозиру нозирми оғули ниши.
Ҳамон ёнма-ёнми тўй билан мотам,
Ҳамон эртакларда яшарми Ҳотам.
Наҳот муаммолар ётар қалашиб,
Наҳот ёвлашар эл дунё талашиб.
Комилликдан инсон йироқми ҳамон,
Гоҳ қуриб, гоҳ яна қиларми вайрон?!
Қайларда гуриллаб уруш олови,
Одамзот бўларми одамзот ови.
Турмушнинг муштига чидамай кимлар,
Кўпайиб борарми есир-етимлар.
Гар бисёр гадолар кўча-кўйларда,
Нону ош хорми боз қай бир тўйларда.
То ҳамон ит-мушук қайнона-келин,
Букарми қиличдай куёвнинг белин.
Қизигандан қизиб шўх-шаън давралар,
Чанги қоқиларми астар-авралар.
Наҳотки, қўланса ғийбат, кин, низо,
Бадбин кимсларга боз тансиқ ғизо.
Эзгулик, Ёвузлик ҳамон қилиб жанг,
Галма-гал бир-бирин ҳолин этар танг.
…Қуш каби қамалиб қафасга, инга,
Камина айландим томошабинга.
Кундузи ухлаб боз, зим-зиё тунлар,
Самовот қаъридан тинглайман унлар.
Талатўп ҳаётдан йироқман гарчи,
Ҳамон Ҳақиқатга даъваткор, жарчи.
Ҳам тилу дилимда Раҳмон, Раббано,
Ҳамон ахтараман ҳаётдан маъно.
Гоҳ теле, гоҳида радио ғоят,
Ранг-баранг оламдан сўйлар ривоят.
Эрта-кеч ҳамроҳим китоб, турфа хил,
Кўҳна қадрдонлар аҳилмиз, аҳил.
Кезиб куй-қўшиқлар салтанатини,
Кашф этдим ўзбекнинг зўр санъатини.
Ҳатто ақлу хушдан айро бегона,
Басма-бас тинглайман қўшиқ-тарона.
Битмаган бўлса-да гарчи уйимиз,
Дардимизга дармон қўшиқ-куйимиз.
Осон тутманг асло бу инингизга,
Битта сирни айлай қулоғингизга:
Майна қилар аҳли оламга ёйсак,
Аксарият ҳамроҳ менга митти сак!
Омбор қўриқлаймиз у билан бирга,
Ўртада ялоқ ҳам, ҳам бит, ҳам бурга.
Ортимдан чопар тез осилиб тили,
Итвачча бўлса ҳам покиза дили.
Менга панд беришни ўйламас сира,
Дўқ уриб, кўнглимни айламас хира.
Бардошли, барига қилар қаноат,
Гарчи ит қавмидан, сеҳр-синоат.
Мўлтираб ки мудом нону ош тилар,
Ялаб хоки пойим кўнглим хуш қилар.
Шалпайган қулоғи узундан-узун,
Нигоҳида хасрат фузундан-фузун.
Эҳтимол, умидвор камина каби,
Самимий дўст топиш эзгу матлаби.
Мирпўлат акадай талаб қилмас иш,
Ва ё Домла каби қайрамайди тиш.
Кимлардай эрта-кеч ўйнамас нарда,
Маҳмуд Йўлдош каби эмас серзарда.
Шоҳ Исмоил каби “уф” тортиб юрмас,
Касби кори, бироқ беҳуда ҳурмас.
Муҳаммад Ҳайдардай асло сири йўқ,
Ғоят зоти тоза – гина-кири йўқ.
Порсохон акамдай тақмас кўз ойнак,
Камина учун заб қалқону пойнак.
Назмихон опамдай елиб-югурмас,
Қайси бир танноздай бедаво сурмас.
Безбет муаллифлар сингари асло,
Бошимда эрта-кеч бўлмайди бало.
Алиева каби сузмайди кўзин,
Гулнора сингари тутмас ҳеч ўзин.
Иноғомов каби сипо ҳам эмас,
Ортиқбой акадай мулойиммас, бас!
Вазири аъзамдай асти кеккаймас,
Бироқ Илҳом Султон каби энкаймас.
Рауф Парфи каби шўрлигим бева,
Карвондан адашган сўққабош тева.
Собир Жаббор каби бир қарич бўйи,
Фоҳиша сингари жуфтлашиш ўйи.
Қайси бир акамдай ҳовлиқар баъзан,
Елиб-югуриши бамисли Тарзан.
Мана бу гапимга маҳалла гувоҳ,
Низом Комил каби “итлик” қилар гоҳ!
Қай бир амалпараст акам мисоли,
Иссиқ жойни тусар мудом хаёли.
Тўйганин билмас ҳеч, ҳеч нафси қонмас,
Қилган гуноҳидан ва лекин тонмас.
Қадди сал пакана сассиқ такадан,
Ёши анча кичик Қодир акадан!
Гар митти бўлса-да эмас ҳеч ахта,
Барсукова каби ишига пухта.
Шоҳида опадай араз унга ёт,
Ҳасад ҳам хусумат, ғараз унга ёт.
Жонрид Абдулладай бағри бепоён,
Тоҳир Қаҳҳордайин феъли ноаён.
Оёқлари эгри, бамисли майиб,
Зоҳир Аълам каби турар жилмайиб.
Ялқовдай кун бўйи ухлайди гоҳи,
Бизникидан бироқ оз айб-гуноҳи.
Гарчи ит, ростини айтсам гар Сизга,
Оқибат бобида дарс берар бизга.
Хотин жафо бўлар, бироқ ит вафо,
Кўҳна нақлга тан бердим, бебаҳо.
Мен каби қашшоқроқ итимнинг куни,
Минг битта ташвишнинг эмас тутқуни.
Ҳар не ундовимга юрар мулойим,
(Ёмон кўздан уни сақла, Худойим!).
Айтмасам ҳам аён боз ўзингизга,
Итни асло солиб бўлмайди изга:
Харом-харишга ўч юҳолар каби,
Нажас-нажосатдан қайтмайди таъби.
Мўминман, гар Бобик бошимга бало,
Айрим итфеъллардан минг бора аъло.
Уни етаклашдан қилсам-да гар ор,
Кун ора тун бўйи каминага ёр.
Суйган соҳибига мудом фидойи,
Яхши гапнинг у ҳам биздай гадойи.
Бағоят итсевар ўрис халқини,
Англаб етгандайман сирли нақлини.
Кучук деманг асло гўё фаришта,
Ётар жойин мудом тутар саришта.
Ҳар не зарурият: кичик ё катта,
Ҳоли жойга бориб қилар, албатта.
Устоз! Хавотирим бироқ йўқ эмас:
Ит гўштига ўчлар еб кетмаса бас!
…Аравани олиб қочдим гар жуда,
Турфа даъволарим деманг беҳуда.
Кулбам битиб, келиб қолса гар гали,
Барчангиз меҳмонга чорларман ҳали.
Хатни қисқа қилсам, хулласи калом,
Барчага етказинг соғинчли салом!
2001 йил, 20 ноябрь.
[1] Устоз Мирпўлат Мирзо билан биргаликда таржима қилинган Нобель мукофоти совриндори Светлана Алексиевичнинг “Уруш аёлларнинг иши эмас” асарининг “Жаҳон адабиёти” журналида босилгани назарда тутилади.
[2] Ҳазрат Навоий қаламига мансуб: “Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, / Онча борким Каъба вайрон бўлса обод айлагай”, байтининг муаллиф эскиртиши.
[3] Ўзбекистон Қаҳрамони, устоз Озод Шарафутдинов журналга бош муҳаррир бўлган кезларда мен ҳам мазкур жамоада маълум муддат хизмат қилганман.
[4] Алишер Навоий. “Лисон ут-тайр”, СХLV боб, муаллиф эскиртиши.
[5] Шайхзода. Асарлар. Олти томлик, учинчи том. “Мирзо Улуғбек”, тарихий фожиа. Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Т., 1972-йил, 165-бет. “Мирзо Улуғбек” драмасининг Самарқанд драма театрида қўйилишига бағишланган кўрсатувда Шуҳрат ака Улуғбек Мирзонинг шу сўзларини келтирди.
[6] Қаранг: “Хавфсизлик бош мезон бўлса…” Адабиётшунос олим Шуҳрат Ризо билан суҳбат. “Тафаккур” журнали, 2010 йил, 3-сон, 11-бет.
[7] Шуҳрат Ризаев “Тафаккур” журналининг 2010 йил, 3-сонида босилган “Хайрихоҳлик бош мезон бўлса…” мақоласида русча “масскультура” иборасини “бўтқа маданияти” тарзида талқин қилган.
[8] Ҳалима Худойбердиеванинг:
Ич-ичида арслон ўкириб,
Сиртдан майин жилмайган аёл,
сатрига ишора.
[9] Мумтоз қўшиқларнинг беназир ижрочиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган хонанда Дилнура Қодиржонова.
[10] Шоир Асқар Маҳкам.
[11] Ҳалима Аҳмедова. Умид сояси, шеърлар. “Ниҳол” нашриёти, Т., 2008 йил, 76-бет.
[12] Шоир Икром Искандар.
-
Амир аканинг таржима бобида ғайрат-шижоат билан ишлашини айтганимда «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррир ўринбосари Мирпўлат Мирзо одатий сўзамоллик ила ярим ҳазил, ярим чин қилиб: