“Жаҳон адабиёти” журнали Бош муҳаррири, таниқли адабиётшунос олим ва ёзувчи Шуҳрат Ризаев Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов билан…
“Жаҳон адабиёти” шарофати
Бу даргоҳ менинг ҳаётимда ҳам ўчмас из қолдирган. Ташкил қилинган дастлабки йилдаёқ журналга ишга кирганимга қарамай узоқ ишлай олмадим. Лекин гап сон эмас, сифатда.
Дастлабки суҳбатда Озод ака Шарафиддиновнинг синовидан ўта олмаганман. Бўкага туташ адирларда, офтобнинг тиғида кетмон чопавериб, занжилардай қорайиб кетганимга ишора қилиб, мендан кейин Мирпўлат акага: “Бу ўзбек тилида чиқадиган журнал бўлса, Африкадан келган одам ишлай олмайди”, деб ҳазиллашган экан. Бироқ шунга қарамай 1997 йилнинг куз ойларидан бирида Озод ака мени ҳам қўл остида бевосита хизмат қилаётган шогирдлари сафига қўшиб олди.
Иш бошлаганимга ҳеч қанча бўлмай, кейинги йилнинг иккинчи ойида деярли ишга чиқмадим. Кенжа ўғлимизнинг дунёга келиши анча қийин кечди. Салкам бир ойлик умрим туғруқхонаю беморхоналарда ўтди. Ишга чиқмаганимга қарамай менга маош ёзилган экан. Маошни олдиму Домланинг олдига тушдим. Нима учун ишга чиқмаганим сабабини Домлага тушунтирдим. “Ишламаган одам маошни қандай оламан?” деб бир даста пулни Домланинг олдига қўйдим. Домла: “Бир оғиз телефон қилиб қўйсангиз бўлмасмиди?” деб дакки берди. Ортиқ қаттиқ гап гапирмади.
-Аҳволингиз тушунарли, пулни олмайман, деб олифтагарчилик қилманг. Сизга ҳозир сариқ чақа ҳам асқотади. Бундан кейин такрорланмасин, боринг, ишингизни қилаверинг, — деб чиқариб юборди.
Шу асно яна ишга шўнғиб кетдим. Журналда кечган йилларни ҳаётимнинг юлдузлари онлари деб комил ишонч билан айта оламан. Жуда аҳил жамоа бўлганмиз. Домла ногирон бўлгани сабабли ҳар доим ҳам ишхонага келавермас, журнал ишларини уйдан туриб бошқарарди. Бошқарув Домланинг қўлида бўлгани билан ташкилий ишлар билан унинг ўринбосари Мирпўлат Мирзо шуғулланса, масъул котиб Файзи Шоҳисмоил журнални бевосита нашрга тайёрлаш билан машғул бўларди.
Файзи Шоҳисмоил эски қадрдоним эди. Файзи ака билан бир неча йил республика радиосининг чет элларга эшиттиришлар бўлимида ота-бола бўлиб ишлаганмиз. Файзи ака менинг эркалигимни кўтарар, ҳар доим ишда бўлишимни кўпам талаб қилавермасди. “Жаҳон адабиёти” журналида ҳам яйраб хизмат қилдим. Бунинг устига Рауф Парфи, Назар Эшонқул каби атоқли шоиру адиблар билан бир жамоада меҳнат қилаётганимдан бошим осмонда эди. Жамоамизда хашаки одамнинг ўзи йўқ эди. Таниқли таржимон Амир Файзулла, таниқли адабиётшунос олим, Озод аканинг содиқ шогирдларидан бири Ортиқбой Абдуллаев. Кейинчалик Озод аканинг қадрдонларидан бири, бағридарё Раҳматилла Иноғомов ҳам сафимизга қўшилди.
Озод Шарафиддиновни ҳам устоз, ҳам раҳбар сифатида ҳурмат қилардик. Домла ўз фикрини ўтказа олар, қолаверса жамоа фикри билан ҳам ҳисоблашарди. Бир куни журналнинг навбатдаги сонини режалаштириш мажлиси бўлди. Домла ўзи таржима қилган белорусиялик адиблардан бирининг уруш мавзусидаги каттагина ҳикоясини фикр билдириш учун Назар Эшонқулга берган экан.
-Назар, шу ҳикояни навбатдаги сонга киритсак бўладими? – деб сўради.
Назар Эшонқул ҳикоянинг савияси унчалик яхши эмаслигини, бинобарин журналда чоп этишга арзимаслигини дадил айтди.
Домла Назар Эшонқул билан тортишиб ўтирмади:
-Арзимаса, киритмаймиз, — деди-да навбатдаги масала муҳокамасини бошлади.
Домла журнал ишига раҳбарлик қилиш билан бирга тинимсиз тарижма қилар, кечки пайт бироз ҳордиқ чиқариш учун бирон баҳона билан бизларни уйига таклиф қиларди. Иш вақти тугагандан кейин Мирпўлат Мирзо раҳбарлигида бир машина бўлиб Домланинг уйига йўл олардик. Домланинг шаҳар марказидаги кўп қаватли бинонинг учинчи қаватида жойлашган шинам хонадонида ҳам кўп марта меҳмон бўлганмиз. Домланинг китобсеварлиги ҳақида афсонаомуз ҳикоялар бежиз эмас. Шаҳардаги хонадонининг бир йўла икки хонаси китоблар билан лиқ тўла эди. Шаҳарнинг четроғидаги ҳовлига кўчганидан кейин у ерга ҳам танда қўйдик. Кечки соат олтилар атрофида Домланикига етиб борсак, шу билан хуфтондан ўтгунча қолиб кетардик. Суҳбат асносида журналда босиладиган навбатдаги асарлар муҳокама қилинар, қолаверса адабий жараён, мамлакатимизда, жаҳонда бўлаётган воқеалар хусусида баҳс бўларди. Домланинг турмуш ўртоғи, таниқли таржимон Шарофат опа Қўшбоева тайёрлаган таомларни қайта-қайта раҳматлар айтиб кўп бор тановул қилганмиз. Опанинг пазандалигига тан берганмиз. Домла турмуш ўртоғини эъзозлаб, “Сиз” дея мурожаат қилиши биз учун алоҳида ибрат эди.
Устозимиз Озод Шарафиддинов ўзига ҳам, бизларга ҳам ўта талабчан бўлган. Ҳаддан ташқари талабчанлик қилганда бироз нолийдиган бўлсам, Амир ака: “Ҳали Озод аканинг дакки-дашномларига ҳам зор бўламиз, ғанимат”, дея мени юпатарди.
Ўша йилларда “Жаҳон адабиёти” журнали атрофида бутун адабий жамоатчилик чарх уриб парвона бўларди, деб комил ишонч билан айта оламан. Қолаверса, Рауф Парфини излаб келадиган сон-саноқсиз муридларининг барчаси, албатта, “Жаҳон адабиёти” журнали дарвозасига бош урарди.
Таржимага анча қўлим келиб қолгани журналда жуда қўл келди. Республика радиосида ишлаб юрган кезларимда устозимиз Тўлаганхўжа Тўхтаев: “Бу ҳам бир ҳунар!”, дея менга қўймай таржима қилишни ўргатгани ниҳоят наф берди. Журналдаги ижодий кайфият таъсир қилдими, дастлаб Рабиндранат Тагорнинг бир туркум лирик шеърларини таржима қилдим. Таржима Рауф Парфига ҳам маъқул бўлди. Жуда равон чиққани учунми, бироз рашк қилганини ҳам пайқадим. Рауф ака шеърият бўлими мудири бўлгани учун таржимамни узоқ ушламади, журналда тез чиқиб кетди.
Кейин Озод аканинг таклифи билан индонезия ёзувчиси Марах Руслининг “Ситти Нурбая” романини таржима қилдим. Атоқли адибимиз Абдулла Қодирийга замондош Марах Руслининг романи ҳам асосан муҳаббат мавзусида эди. Бу романни таржима қилиш асносида адибларнинг ижодий оламига кириб бордим ва ижод сирларини ўзимча кашф қилдим. Таржимон бошқа тилда яратилган асарни қайтадан ўз тилида яратади, деган ҳикматга тан бердим. Романни таржима қилиш асносида кўнглимдан кечган шавқу завқни ифодалашга ожизман. Бинобарин, шундан эътиборан наинки адибу шоирларга, шунингдек моҳир таржимонларга ҳам алоҳида эҳтиром билан қарайдиган бўлдим.
Файзи Шоҳисмоил нафақага чиққандан кейин журналда бир муддат масъул котиб лавозимида ишладим. Бошим билан ишга кўмилиб қолдим. Ўша йилларда мен билан бирга ишлаган дўстларимдан бири “Ҳамид ака, сизга шу ташвишлар керакмиди?” деб дакки ҳам берди. Мен бу лавозимда узоқ ишламайман, бир ярим-икки йилга чидаб берсам, бас, деб жавоб бердим. Гапимга фаришталар омин деган экан.
Масъул котиб бўлиб ишлаб юрган пайтларимда таниш-билиш шоиру адиблар, таржимонларнинг асил қиёфаси кўз олдимда гавдаланди. Улар ичида Низом Комилни алоҳида ҳурмат қила бошладим. Низом ака ўзига ёқмаган асарни таржима қилмасди. Таржима қилган асарларини эса тамомила ўзлаштирар, росмана ўзбекча асарга айлантирарди. Қолаверса, корректурани ҳам ўзи қойиллатиб ўқиб берарди. Аксарият адиблар, таржимонлар корректурани ўқишдек жуда зарур, бироқ қора меҳнатдан ўзини олиб қочарди. Низом ака эса ўз таржимаси токи нашр қилинмагунча барча заҳматни биз журнал ходимлари билан бирга баҳам кўрарди. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид “…Бир мутаржим хокисор” мақоласида маҳоратли таржимонга жуда тўғри баҳо берган: “Низом Комиловни илк кўрган киши: “Шоир бўлса керак”, деб ўйлайди. Иккинчи бора кўрганда: “Мумтоз адабиёт бўйича олиму фозил одам”, деган хулосага келади. Яна бир маротаба суҳбатлашса: “Замонавий шеъриятнинг катта билимдони, бекин, беғараз, софдил ва меҳрпарвар бир мунаққид билан танишиб қолдимми?”, деган хаёлга боради”.
Энг муҳими, “Жаҳон адабиёти” хазинасидан баҳраманд бўлдим. Ўқувчилик йилларимда Чеховнинг айрим тўпламларини ўқиганимга қарамасдан чет эл адибларининг асарларидаги бегона геогафик атамалару исму шарифлар ихлосимни қайтариб, уларнинг асарларини ҳар доим ҳам қўлимга олавермасдим. Кейинчалик эса бунинг акси рўй берди: асосан чет эл адибларининг асарларини ўқишни одат қилиб олдим.
“Жаҳон адабиёти”да узоқ ишламаган бўлсам ҳам кейинги ҳаётимни бу журналсиз тасавуур қила олмайман. Бинобарин, кейинги йилларда қатор адиблар, публицистлар, файласуфлар асарларини таржима қилдим. Уларнинг аксарияти “Жаҳон адабиёти” журналида босилди.
Журнал кейинги йилларда жаҳон адабиётига бағрини яна ҳам кенгроқ очаётир, қолаверса республикамиздаги таржимонларнинг янада кенгроқ доирасини қамраб олаётир. Натижада “Жаҳон адабиёти” журнали бугунги кунда қўлма-қўл ўқиладиган саноқли нашрлардан бирига айланди. Дарҳақиқат, “Жаҳон адабиёти” битмас-туганмас хазина. Бу хазина маънавий ҳаётимизни йил сайин янада бойитиб бораётгани эса фақат таҳсинга сазовор.