Тўрақул Йўлдошевнинг: «Киндик қони томган ер» номли китоби ҳақида
Ушбу китоб муаллифи Тўрақул Йўлдошев катта ҳаёт йўлини босиб ўтган, турмушнинг аччиқ-чучугини татиб кўрган табаррук отахонлардан. Ярим асрдан ортиқ вақт давомида турли лавозимларда ишлаб, эл-юртга хизмат қилган.
Китобда Т.Йўлдошев ўзи бошидан кечирган, ўзи гувоҳ бўлган маъмурий буйруқбозлик, тазйиқ, зўравонлик, мустамлакачиликка асосланган собиқ совет тоталитар тузумининг кўзбўямачилик, ишлаб чиқариш, иқтисодий тараққиётга катта зарар етказган, ташаббус ва фикр эркинлиги бўғилган, пахта яккаҳокимлиги, қўшиб ёзиш, ҳайбаракаллачилик авж олган яроқсиз бошқарув усулларини қаламга олган.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.Каримов раҳбарлигида бу иллатларга узил-кесил барҳам берилгани, ўзбек халқи ўз она ерининг ҳақиқий эгасига айлангани, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар туфайли эркин ва озод Ўзбекистон катта тараққиёт йўлига чиққанлигини мамнуният билан ёзади. Буни китобнинг «Миллат халоскори», «Дунёда адолат бор экан», «Одамларга меҳрибон бўлинг!», «Элнинг нони бутун бўлсин» ва бошқа бобларида аниқ мисоллар билан далиллаб беради.
«Халқимиз ўтмиш сабоқларидан тўғри хулоса чиқариши, мустамлакачилик асоратига тушмаслик, миллий қадриятларни эъзозлаш, озод ва эркин яшаши учун ҳам бу зарур», дейди муаллиф. Китобдаги хотираларни ўқир экансиз, уларда муаллифнинг киндик қони томган ер – ўзи туғилиб ўсган замин, она юртга бўлган муҳаббати, меҳнаткаш, хокисор халқига чуқур ҳурмат-эҳтиромини ҳис қиласиз.
Абдураҳмон ЮЛДАШЕВ,
Тошкент вилояти, Қибрай тумани.