Уруш кўрмаган миллат ёки МХХ раисига ўринсиз маломат
Исмат Хушевнинг «МХХ раиси Рустам Иноятов сиёсий портретига шарҳ»ини ўқиб…
Хурматли Исмат Хушев!
Сизга ва сайтингизга Ҳурматим баланд. Аммо сўнгги пайтларда Сизни мутлақо тушунмай қолдим. Ўзингиз бир вақтлар меҳр ва муҳаббат билан мақтаган, «Мингчинор» ресторани ҳудудида машинангизга наша ташлаб, тўҳмат билан ҳибс этганларида МХХ раиси Сизга катта ёрдам қилиб, ноҳақ ва адолатсиз ҳибсдан озод этганини ўз мақолаларингизда қайта ва қайта эътироф қилгансиз. «Озодлик» ва «Дунё ўзбеклари»даги чиқишларингизда ҳамиша бу идора ва унинг раисини беармон ҳимоя қилиб келдингиз.
Охирги пайтда эса МХХ раиси ҳақида фақат ва фақат салбий ва ҳақоратомуз материаллар бера бошладингиз. Мен Сиз ва МХХ раиси ўртасидаги алоқаларни ҳам, ораларингда нима рўй берганини ҳам билмайман. Аммо мен — Сизга эътиқод қўйган мухлис сифатида — идеал журналист деб билганим — Исмат Хушевнинг ўз жонини қутқарган инсонга нега бундай муносабат билдираётганини сўрашга ҳаққим бор деб ўйлайман.
Ҳаётда ҳар нарса бўлиши мумкин. Балки Сизга — Сиздан фойдаланиш учун атайлаб ёмонлик қилишгандир. Аммо! МХХ раиси (у ҳам одам!) Сиздек журналистни жонини сақлаб қолган инсон ўз қудрати ва салобати билан, имконияти билан туриб-туриб бирдан Сизга ёмонлик қилиши ақлга сиғмайди…
Биласизми, мустақил терролог-аналитик сифатида дунё террористик ташкилотлари тарихини ўрганар эканман, золим ва мазлум ортида ҳамиша зулмни уюштирган учинчи тараф борлигини кўрганман. Балки мен ноҳақдирман. Лекин, билганим шуки, Сиз ва МХХ бир-бирингизга қарши қимор ўйнамоқдасиз. Ким ютишини биласизми қиморда? На Сиз ва на рақибингиз. Қиморда ўйнаган эмас Ўйнатган ютади. Балки бу ахборот урушингизда ё Сиз ёки МХХ ютар.
АММО ЮТҚИЗГАН МИЛЛАТ БЎЛАДИ, ДАВЛАТ БЎЛАДИ.
Рустам Иноятовнинг сиёсий портретида “Уруш кўрмаган миллат” деган мақолани тилга олган экансиз. Сиздан илҳомланиб, шу номни олиб мен ҳам бир нарса ёздим. Мен Сизни Мард инсон деб биламан. Умид қиламанки, Сиз ўз фикрларингизга қарама қарши бўлган бу мақолани ҳам чоп этасиз.
Ҳурмат билан муаллиф…
«Дунё ўзбеклари»дан:
Муаллифнинг икки йил муқаддам “Оқ ва Қора” телелойиҳасини кўриб уч нарсага эътибор қилган эдим. Биринчиси, ўша пайтда бундай залворли лойиҳанинг эфирга кетиши учун камида МХХ унинг ортида қўллаб-қувватлаши керак деган ўй. Иккинчиси, деярли маддоҳлар салтанатига, ботқоғига айланган ўша даврда бундай юксак тафаккур маҳсулини яратиш учун чинакам истеъдод соҳиби бўлиш керак эканлиги. Учинчиси, ўшанда Герастратни алдаб уни охири ибодатхонага ўт қўйдирган учинчи тараф ҳақидаги мушоҳадалар.
Мақола ёзган муаллиф қайси соҳа вакили эканини зукко ўқувчи англаб етган бўлса керак. Мустақил терролог-аналитик кимлигини куч ишлатар ва махсус хизмат соҳаси ходимлари яхши билишади.
Яширмаймиз, биз бу муаллифни яхши таниймиз. У илгари бизда турли ном ва тахаллусда бир қатор мақолалар эълон қилган. Ушбу мактуб келгандан кейин унинг турли сайтларда берилган аввал ёзган маколаларини ҳам беришга қарор қилдик. Мақсадимиз — ўқувчиларимиз токи бу муаллиф уйлаб топилмаган эканлигига амин бўлсинлар.
Энди бевосита хатда кўтарилган масалалар хусусида. Ҳа, биз Рустам Иноятовдан кўп яхшилик кўрганмиз. Буни ҳеч қачон яширмаганмиз, унутмаймиз. Орқамиздан номардларча пичоқ урилганидан кейин бу идора ва унинг раисига муносабатимиз кескин ўзгарганини ҳам тан оламиз. Айни дамда бу пичоқни урган қўлнинг кимларга бориб тақалиши хусусида ҳам тахминларимиз, аста-секинлик билан бизга етказилаётган маълумотлар ҳам бор. Ҳаттоки буни ким нима мақсадда ташкил этганлиги ҳам аён бўлмоқда.
Дунёда доимо бўлган Ҳақ ва Ботил Урушида биз Ҳақ тарафда турдик. Ўзимизни Ҳақ билганимиз учунгина эмас! Ҳар доим халқимиз ҳаққини ҳимоя қилиш Ҳақ иш эканлигини билганимиз учун! Ҳақ тараф бўлган инсон мард бўлади. Биз ҳамиша мардлик принципига амал қилиб келдик. Бу мақолани ҳам мардона бир шаклда ўқувчиларимизга тақдим этамиз.
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
3 июль, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…
УРУШ КЎРМАГАН МИЛЛАТ
ёхуд
ПАРАДОКС. АММО, АЧЧИҚ ҲАҚИҚАТЛАР…
«Зулм кўрмаган инсон озодликка лойиқ эмас!»
Ал-КАВОКИБИЙ
“Ибодатларнинг энг улуғи — киндик қони тўкилган Ватанга қилинган тоатдир!”
Нажмиддин КУБРО
Миллат – бу даража. У даражага етмоқ учун тўдадан оломонга, оломондан халққа айланмоқнинг оловли ва изтиробли йўлидан ўтмоқ лозим.
Мусо алайҳиссалом яҳудийларни Мисрдан олиб чиқиб кетгандан сўнг уларни узоқ давр чўлларда олиб юради. Кўпи қирилиб кетади. Қийинчиликка дош беролмайди баъзи бирлари. Баъзилари ўз ахмоқгарчилиги, баъзилари тежамкор бўлмагани сабаб, баъзилари нафси ўпқон отиб ўлиб кетади. Аммо узоқ давр азобу уқубатга ҳам маънан, ҳам жисмонан бардош берганларигина омон қолади. Бугунги яҳудийлар ўша омон қолганлар авлодларидир. Шу сабаб бўлса керак, бу миллат жуда иноқ ва ҳақпарвар. Ҳар қандай мусибатни енга оладиган, бардоши метин миллат бу.
“Бир неча йил муқаддам Исроилга борганимда икки ҳолатнинг гувоҳи бўлиб ҳайратда қолганман. Биринчиси, кўчанинг ўртасида кетаётганимизда авиасирена чалиб юборди. Ғазо тарафдан турган еримизга қараб ракета учиб келаётганини кўрдик осмонда. Даҳшатдан қотиб қолдим тўғриси. Аммо, Исроил тарафдан учган иккинчи ракета уни осмонда уриб портлатиб юборди. Енгил тортдик. Атрофга қарасам кўчада турган аксарият яҳудийлар олдидаги боласини қучоқлаган ҳолда тик турибдилар. Кейинчалик бизни меҳмон қилган исроилликдан бундай яшашдан қўрқмайсизларми, ундан кўра Канада ёки АҚШ ёки Европа мамлакатларидан бирига кўчиб кетсангиз бўлмайдими деб сўрадим. Жавоби мени ҳақиқатда уларга нисбатан ҳурматимни оширди: “Биз бу тарихий Ватанимизни қўлга киритгунча неча юз йиллар азоб кўрганимизни фақат биз биламиз. Ўлсак ҳам, шу ерда, тик ҳолда, боламизни қучоқлаган ҳолда, боламиз билан бирга ўламиз (ваҳоланки яҳудийлар ўз боласини жуда қаттиқ яхши кўришади. Муаллиф)! Аммо на биз ва на болаларимиз жонимиз омон қолиши учунгина Ватанни ташлаб кетмаймиз!”… (дўстимнинг хотираларидан).
Иккинчи ҳолат: Ғазодаги араблар исроилликлар билан қир-пичоқ бўлиб уруш давом этиб келаётганини биламиз. Ва бу уруш қиёматга қадар давом этиши уламоларимиз гувоҳлигича Қуръони Кариймда ҳам қайд этилган. Лекин мен ўз кўзим билан Исроил давлати ичида яшаётган арабларни кўрдим. Улар яхши ишларда ишлаб юришибди. Болаларини қўрқмасдан мактабга жўнатишади. Бемалол яшашади. Парадокс. Аммо ҳақиқат…
Ана шуларни ўйлар эканман, раҳматли Ғайбулла Ас-Саломнинг “Ўзбек бўлинг, ўзбек бўлинг аммо яҳудий бўлинг!” деганида нимани назарда тутганини англагандай бўламан…
Нима деб ўйлайсиз латифа кулдириш учунми ёки йиғлатиш? Қанақалигига боғлиқ албатта. Келинг, Сиз билан мени аввал кулдириб, йиллардирки йиғлатиб келаётган бир латифани эсга олайлик: ажали етиб ё беажал ўлган бир банда савол-жавобдан сўнг дўзахга кириши маълум бўлибди-ю, қайсидир иши учун азоб даражасини ўзи танлаш ҳуқуқи берилибди. Дўзах мулозими уни усти қопқоқ билан ёпиб қўйилган, унинг устидан оғир тош бостирилган, қайнаб турган қозон олдидан олиб ўтибди. Банда сўрабди қозонда ким бор? Жавоб: Яҳудийлар! Нега усти ёпиқ ва тош босилган? Жавоб: улар бир бўлиб ҳадеб қопқоқни очишга ҳаракат қилишади. Худо кўрсатмасин биттаси чиқиб кетса бас, қолганиниям олиб чиқиб кетади! Иккинчи қозонга яқинлашишибди. Қозон оғзи ним очиб қўйилган. Савол: ичида ким бор? Жавоб: Руслар. Савол: Чиқиб кетмайдими? Жавоб: Жуда эринчоқ миллат. Сан чиқ, ман чиқ қилиб бир-бирига ташлаб ётаверади… Учунчи қозонга яқинлашишибди. Оғзи очиқ. Савол: Буларчи? Жавоб: Ўзбеклар. Савол: Ие нега усти очиқ?! Жавоб: Қўявер, биттаси чиқаман деса ўнтаси оёғидан тортиб қайтаради…
Нега биз бундаймиз?! Бунақамиз?! Сўзимизда турим йўқ! Ўзимизда турим йўқ! Қатъият йўқ?!
Нега биз тўрт сўм фойда кўрасан деса, алданаётганимизни била туриб, нафсимиз учун алданишга тайёр бўламизу, натижа расво бўлиб Қонун олдида жавобга келганда соддадилмизда, мени алдов йўли билан алдашди деб талмовсираймиз?!
Ўзимизни тентакка соламиз!
Бетайин танишимиз болаларини етим қилиб, қирққа кирганида 18 ёшли жононга уйланса, бориб ошини ейишга уялмаймизу, орқасидан ахмоқ деймиз?! Камига бахт оқшомига бориб унга теша тегмаган чиройли гаплар билан бахт тилашдан ўзимизни тиёлмаймиз?!
Нега биттамиз китоб ёзсак, иккитамиз мақтаб мақола ёзсак йигирматамиз танқид қиламиз?!
Соҳамизда, илмда кашфиётни кимдир, ҳаммаслагимизми, шогирдимизми биздан устунроқ ва аълороқ, илгарироқ натижага эришса кайфиятимиз бузилади-ю, бунинг шарафига бериладиган банкетда маза қилиб кайф-у сафо қилиб ўтирамиз?!
Нега бу жирканч иллатимиздан ўзимиз ор қилмаймиз?!
Хотинини Дубайга “ишга” жўнатиб, тагида “мерс”и бор акахон, укахонларни маърака мавридда даъюслигини билган ҳолда, тўрга ўтқазамиз?! Ваҳоланки, уни маъракага таклиф қилиш эмас, умуман маҳалладан қувиб солиш керак эмасми?!
Нега ҳаракат ва қатъият керак жойда ўзимизни узоқни ўйлайдиган, шошмай иш кўрадиган, бағрикенг феълликка солиб, қилинадиган зарур ишни пайсалга соламизу, узоқни ўйлаб, шошмай қилинадиган ишни шошма-шошарлик билан расво қилиб қўямиз?!
Жамиятимизда онг ва шуурга нисбатан хуружлар, маънавий хавфсизлик масаласида пайсалга солиб бўлмайдиган тезкор амалий чора-тадбирларни шошмасдан секин амалга оширишга ҳаракат қиламизу(!), терроризм ва экстремизмга қарши реал тадбирларни узоқни кўзлаб, ақл ва тафаккур билан ишлаб чиқиш ва реал амалга ошириш жараёнини, қайсидир “дежурный” ташкилот қошида жамоатчилик Кенгаши тузиб, унинг чора-тадбирлар Дастурини Вазирлар Маҳкамасидан тасдиқлатиб, ташкилотларга тарқатиб, уларнинг ҳисоботини тўплаб, тепага тақдим этишдангина иборат деб ўйлаймиз?!
Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Занги Ота, Саййид Оталаримиз бору, нега диний экстремистлар орамиздан чиқмоқда, ичимиздан бегоналарнинг иддаоси учун ўзиникиларни қирадиганлар чиқмоқда?! Нега?!
Диний жаҳолатга қарши кураш чора-тадбирларини ишлаб чиқишни махсус мутахассислар эмас, на омма психологиясини, на оммавий манупиляция фанларидан хабари бор ташкилотлардаги ходимларга қилдирамизда, нега самарали натижа кутамиз?! Бу ҳам иш бермагандан кейин Вазирлар Маҳкамасидан қайта ва қайта “фалон ишнинг самарадорлигини ошириш” грифи остида Бош Вазир ўринбосарларининг юзлаб баённомаларини чиқараверамиз?!
Нега экстремизм балосига қарши курашда идеологик курашнинг атом бомбаси саналган тариқатдан фойдаланмаймизу, идеологик танклар билан қуролланган рақибга қарши ўқ ёй даражасида бўлган примитив ва алмасоқдан қолган баённомалар чиқариш ва телеканалларда халқ безиб қолган давра суҳбатлари ташкил этиш йўллари орқали курашамиз?! Нега?!!!
Порахўрликдан дод деймизу, ҳақ-ҳуқуқимизни талаб қилишдан кўра уч-тўрт сўм бериб тезроқ ишни битиришдан ўзимизни тиёлмаймиз?! Нега?!
Ватан – Она, қучоғида бахтиёрмиз деймизу, тушимизда чет элда яшашни кўрамиз?! Нега?!
Ароқхўр қўшниси отасиз боласини катта қилаётган аёл номусига тажоввуз қилаётганда, ўн ёшли бола нима қиларини билмай онасига тармашаётган разилнинг орқасига қўлидаги пичоқ билан уриб ўлдирса, аффект ҳолати, у, бу деб оқлагандай бўламизу, болалар калониясига маҳкум этамиз. НЕГА?!
Ахир у ўз онасини, ўз номусини ҳимоя қилдику!!!
Нега биз унга жасорат медали бериш ўрнига колоннияга ташлаймиз???
Ахир Ватан ҳам Онаку! Унга биров тажоввуз қилса, ҳимоя қилиш учун душманни ўлдириш мумкину, онанинг номуси учун ўлдириш жиноятми?!
Нега бундай ҳолатлар ҳақида жамоатчилигимиз жим ўтиради?! Оқсоқоллар жим ўтиради. Ҳа десанг, ҚОНУНда, дейди. Ахир Қонунни ёзаётганлар ҳам одамку. Инсонку!!! Муаммони кўтарсанг, ҳаракат қилсанг, дардингни эшитадиганлар топиладику!
Ҳеч бўлмаса Конституцион судда ёзма мурожаат кўриб чиқиладику!
Йўқ! Оқсоқоллар жим. Ўзидан қўрқади.
Яшаганини яшаб ошаганини ошаб бўлган, йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ бўлса ҳам қўрқади.
Нимадан қўрқишини билмайди. Лекин қўрқади.
Кечагина ҳали йигирманчи аср бошида келажаги буюк бўлиши мумкин бўлган миллатни хор ва зор айлаган, саводхони борки йўқ қилган, сургун қилган, миллатни парчалаб, ўзларидан хоин чиқишини алқалаган Рус империяси, оқлар, қизиллар ҳукумати, кейин собиқ Совет тузумини қумсайдиганлар нега орамизда ҳалигача кўп?!
Нега Ватанда бир муаммо бўлса хаспўшлаб дунёга жар солиб мазза қиламиз?! Нега у гап ҳали тўғрими йўқми, холисми нохолисми бу билан қизиқмаймиз?!
Нега чет элдаги аксарият “мустақил ўзбек журналистлари” учун холислик дегани фақат камчиликларни ёзиш бўлиб қолди?!
Нега “замонавий журналистлар” учун фақат тузумни ёмонлаш, “кирдикорларини” фош этиш — демократик тамойилгина эмас яшаш тарзи, ҳаётий қадриятига айланаяпти?!
Ўзимизда ўғлимиз куч қудратга тўлган онда Ватанга хизмат, юрт тинчлиги йўлида шаҳид кетсанг розиман ўғлим деб армияга жўнатишга ирода тополмайдиган, 1999 йил феврал фожеаларида йўлидан чиққанини отиб кетаётган террористларни тўхтатишга, олдин кесиб чиқишга жасоратимиз етмаган ҳолда бугунги осуда ҳар кун ва ҳар туннинг, ҳар соатнинг қўриқчиси бўлаётган Миллий Хавфсизлик Хизматини “фош” этишдан нега завқланамиз?!
Нега?!!!
Бу ақидапарастлик балоси дейсизми, кийиниш балоси дейсизми (ҳижоб ёки калта ва беҳаё кийимми фарқи йўқ!), охирги пайтларда Тошкент вилоятида авж олиб кетган аёллар диний экстремистик гуруҳлари, ҳужралар муаммоси дейсизми барининг ортида илмсизлик ва жаҳолат сабаб эканлигини қачон англаб етамиз?!
Бу фожеъаларнинг олидини олишнинг ягона иложи аёлларимиз, қизларимизни энг аввало дунёвий кейин диний илм олишларини давлат бошқарув механизмлари орқали, қўполроқ қилиб айтганда, ихтиёрий-мажбурлаш — яъни кучли психологик-ижтимоий реклама орқали қизиқтириш йўлларини яратишимиз лозимлигини қачон тушунамиз?!
Қиз болалар учун ҳам Олий ўқув юртларига киришда қўшимча имтиёзлар яратиш эҳтиёжи аллақачон етилиб келганини қачон англаймиз?!
Умуман аҳолисининг асосий қисми ёшлардан иборат, ҳар йили камида 500 минг мактаб, коллеж, лицейни битирадиган ёшлари бор мамлакат Олий ўқув юртларида йилига 50-60 минггина талаба қабул қилиниши, қолганлари бекорчи бўлиб қолиб бошқа мафкура, ақидапарастлик, наркомания, фаҳш, иш излаб бошқа юртларга кетиш иллатлари юқиши мумкин бўлган, ўз потенциал ва ёшликка хос энергиясини қаёққа сарф этишини билмаётган ижтимоий хавфга мойил ижтимоий қатламга айланишини қачон ҳис этамиз?!
Қачон бир пайтлар умуман узоқни ўйламай ёпиб юборилган сиртқи таълим, бугун жамият ва ёшлар эҳтиёжманд бўлган хусусий университетлар очилади?!
Қачон замонавий таълимнинг масофада ўқитиш каби янги усулларини жамиятда қўллашни бошлаймиз?!
Қачон замонавий давлат бошқаруви ва омма маънавияти мафкураси технологияларидан 50 йил ортда қолиш “қадриятимиздан” воз кечамиз?!
Майли хусусий университет ва институтларда таълим даражаси давлат Олий ўқув юртидан паст бўлсин!
Майли Давлат ишхоналарида иш тополмасин ёшлар! Аммо, ҳеч бўлмаса озгина тафаккури кенгаяди-ку!
Ҳеч бўлмаса озгина илм оладику!
Ҳеч бўлмаса ўзини ўзи сал кўпроқ ҳурмат қила бошлайдику!
Ўқиган одамга хос фикрлашга интиладику!
Ҳаётда дизориентацияликдан, пессимистликдан қутуладику!
Ҳеч бўлмаса кетмонни ерга тўғри урушда илмийроқ ёндашадику!!!
Энг қизиғи, хусусий университетларни очиш учун Давлат қонун қабул қилса бас! Ўзбек феномени шунақаки, давлатдан пул сўрамайди, фойда келишини билса бўлди!
Ўзи пул топиб, ўзи амалга оширади. Парадокс. Аммо ҳақиқат…
Ва бу ҳолат 88 фоизи мусулмон, виждон эркинлиги Конституцияда кафолатланган, авлиёлар юрти Ўзбекистонда содир бўлмоқда. Парадокс. Аммо, ҳақиқат…
Нега боламиз ўлса йиғлаймизу, миллатимиз маънан ўлаётганини кўриб индамай тураверамиз?!
Нега???!!!
Буларнинг барчаси Оллоҳнинг зам-замида покланиб, иблиснинг этагини тавоф қилиш эмасми?!
Жавоби эса оддий:
БИЗ — УРУШ КЎРМАГАН МИЛЛАТМИЗ!!!
Яна шу каби мангу саволлар сизу бизга тинчлик бермайди…
Назаримда, савол бера олишлик ҳам ҳали имкон бор деган тасаллини беради гўё.
2-сентябр куни мен йиғладим…
Негалигини тушунтириб беролмайман.
Аммо, ўша вазиятни эсга оламан ижозатингиз билан: кеч уйланганлигим боис катта ўғлим энди мактабга борди.
Оилавий бордик. Мактаб тўла бола. Ундан кўп ота-она. Болалар кўзида ҳаяжон, қўрқув. Оталарни билмадиму, оналар болалардан кўра бошқа оналарга нигоҳи билан баҳо бермоқда. Лекин ҳамма – ота-онаю бола, барча бирдек енгил ҳаяжонда. Ўғлимни синф раҳбарига топширдик. Болалар тизилишиб, катта мактаб очилиш байрами – биринчи қўнғироқ тадбири ўтказиладиган мактаб стадионига сафланишди. Узоқдан ўғлимизни кузатаяпмиз биз ота-оналар.
Давлат мадҳияси бошланди. Кўзим ҳилпираб турган байроққа тушди.
Хаёл олиб қочди. Эҳ бу байроқ мағрур ва озод, баландда ҳилпираб туриши учун бу миллат қанчадан қанча кўргуликни бошидан ўтказмади асрлар давомида, деган изтироб ўтди танамдан.
Негадир бирдан 2004 йил 1сентябр кунида Шимолий Осетиядаги мактабда рўй берган фожеъа ёдимга тушиб кетди.
Тадбиркорлик фаолиятим юзасидан 2008 йилда ўша ерга борганимда, ўша мактабни ўша ҳолича музей қилиб қўйишганини эшитиб зиёратга бориб, фотиҳа ўқигандим.
Аммо, ўшанда ҳам у фожеъани чуқур ҳис қилмаган эканманми, кўз ёш тўкмагандим.
Аммо, етти йилгина катта қилишнинг азобини кўрган, ўғли билан яқин руҳан яқинликни ҳис қилган, боласининг нозик қалб эгаси эканлигини англаган ота сифатида 2 сентябр Ўзбекистонда туриб ўша ўтиб кетган мудҳиш воқеаънинг бутун фожеъасини, бутун юрагим билан ҳис этиб, унинг даҳшатини тўла ҳис этдим.
Кўзим озод юртнинг, озод байроғида лекин ундан ёш дарё бўлиб оқа бошлади.
Бу — ҳеч ким, ҳеч қайси давлат бундай манфурликдан суғурталанмаган ҳолда, тинчлиги омонат дунёда, тинч юрти кам дунёда, шу юртнинг тинчлигига, қисматимда шу юртнинг фарзанди бўлиб мен ва болам, оилам мана шу неъматнинг соҳиби бўлганим учун Яратганга шукроналик кўз ёшимиди, Юртнинг осойишталиги ва равнақи йўлида жон фидо Юртбоши бошлиқ бутун Хавфсизлик тизимлари фидоийларига миннатдорчилик кўз ёшимиди ёки ўша фожеъа қурбонлари-ю, гувоҳларининг изтиробига руҳий шерикликмиди…англолмадим.
Қалб қоришиқ туйғулар чўлғоғида қолди. Ҳис этганим миллатимнинг байроғи ҳар ҳилпираганда, мен янада қаттиқроқ янграётган мадҳияга баландроқ овозда жўр бўлаётган эдим.
Ўша куни мадҳия тугаши билан ўзимга ўзим берган оғир савол бердим: Биз бу куннинг қадрига қанчалик етаяпмиз?! Қанчалик бунинг неъмат эканлигини англаяпмиз?! Бу неъматга соҳиб бўлганимизни қанчалик ҳис этаяпмиз?!
Яна қайтараман биз уруш кўрмаган миллатмиз… Бир томондан жаҳлингиз чиққани аниқ: “Ўйлаб гапираяпсанми?! Энди шунчаси етмаганидек уруш бўлиши ва қонлар тўкилиши керакми?”.
Худо кўрсатмасин бу балони!
Мақсадимиз — сўзда даъво қилганимиз аччиқ ҳақиқатлар ойнасини ўзимизга қаратиш.
Айнан келажакда бу Ватанда қонлар тўкилмаслиги ва уруш бўлмаслиги учун жидду жаҳддан иборат.
Бу иддаоларимизни асослаш учун яна савол ва жавоблар беришга ҳаркат қиламиз. Зеро, бу саволлар миллатимиз ва Ватанимиз олдида берилмоғи шарт бўлган саволллардир. Бу оғир ва залворли саволлар юки балки бизни атиги 83 йил қолган 22-асрга чиқишимиз кафолати бўлар…
Келинг аввал уруш кўрганлик бахтми ёки бахтсизлик деган залворли саволга жавоб беришдан олдинроқ, озгина УРУШга тўхталсак.
Қизиқ, Инсоният тарихида рўй берган урушларнинг ҳақиқати нимада экан.
Урушлар келажак учун каффоратми ёки кафолат?
Аслида урушлар миллатлар ва давлатлар тақдирида берилган қурбонлар ва ўтмишда қилинган гуноҳлар учун каффорат бўлса, келажак учун ҳам кафолатни бера олади.
Фақат, биз урушлар замиридаги ҳақиқатларни ангалай олсаккина, бу икки нарсани қўлга кирита оламиз.
Урушлар ҳақиқати ёхуд фалсафасини англаш бу тарих фалсафасини англаш деганидир.
Афсус биз бугун бу ҳақиқатларни англаш ўрнига ўтмиш ва келажакка хиёнат қилмоқдамиз!!!
Сиз қарши чиқарсиз, тарихда нима бўлган бўлса биз ёшларимизга шуни ўргатмоқдамиз деб. Албатта, аммо тарих сатрларини кўр-кўрона варақлаш эмас, балки унга нисбатан тўғри муносабатни шакллантириш орқалигина биз учун тарих келажак кафолатини бера олади!
Шундай экан келинг урушлар фалсафаси хусусида мулоҳазаларимизни давом эттирсак.
Башарият тарихида ибтидоий чўқмордан то бугунги атом бомбасигача кўп сувлар оқиб ўтди. Афсус надоматлар бўлсиниким, Аллоҳ таоло томонидан азиз ва мукаррам қилинган Одам болалари босиб ўтган тарихий йўл — ибтидоий ўқ ёйдан, бу йўлнинг ҳозирча “финиши” бўлган “қизил мурватли” ядро қуролигача бўлди. Бугун инсон тафаккури яратган энг олий ихтиролар ҳарбий саноатлар учун хизмат қилмоқда. Қизиғи шуки — соввуқ урушнинг илк кунлариданоқ сайёрамизни порох бочкасига ўтқазиб қўйганлар, ҳамон қуролланиш васвасасида ёнмоқда. Нега шундай?!
Нега одамзод ўзи ўтирган шохни кесишни бунчалик яхши кўради?!
Тарих китобларида битилганидек илк тош қуролни қўлга киритган ибтидоий одамнинг ғолибона эҳтирослари билан рақибларига қараганда, ундан миллиард баробар кучлироқ ядро каллагининг соҳиби бўлган бугунги инсоннинг кўзлари чақнаши орасида қанчалик фарқ бор???
Жуда катта фарқ бор!!! Нега дейсизми? Чунки, ибтидоий одамнинг эҳтироси — унинг ҳаётига дахл қилувчи кучларга нисбатан ҳис қилинган музафаррият туйғуси билан қоришиб кетган!
Замондошимизнинг қаҳр ва кибрга тўла нигоҳида эса — ўзга инсонлар устидан ўқилган ёвуз ҳукмдан ўзга нарса йўқ!!!
Ядро эрасининг дояларидан бўлмиш Энштэйн бир пайтлар “Учинчи жаҳон урушида билмадиму, тўртинчи жаҳон урушида ўқ ёй ва найзалар ишга тушади!” деб, иддао қилганди. Учинчи жаҳон уруши — яъни совуқ уруш даврида гегомон давлатлар томонидан кучсиз давлатлар ҳудуди ҳарбий полигонларга айлантирилибгина қолмай, балки кучли давлатларнинг ядро потенциали ошиб боради. Эйнштейндан шу нарса англанадики, кимдир “қизил мурватни” босса бас! Бари Голливуд фильмлари хотимасидек “THE END” бўлади.
Бу дегани — ушбу хотимадан омон қолган инсоният яна қайта тош давридан ўз ҳаётини бошлайди. Ўша ўқ ёйларга эҳтиёж сезади- деганидан ўзга нарса эмас!
Аллоҳдан фантастик Америка фильмларидагидек даҳшатли тош даврига қайтиш ценарийсининг ижрочиси бўлмаслигимизни сўраб қоламиз!
Урушлар нега бўлади?
Нега тарихда юксак тараққий этган давлатлар империялар ҳатто миллат сифатида шаклланмаган қабилалар ҳужуми туфайли барбод бўлганлигининг гувоҳи бўламиз?!
Бу каби тарихларни варақлар эканмиз, фарзандларимизга қуруқ тарихий фактларни тушунтиришга ҳаракат қилиб, у ёки бу томоннинг эҳтиётсизлиги, ёхуд қудратли экани билан изоҳ берамиз инқироз сабаби сифатида.
Бизнинг тарихимиз ҳам бу каби аянчли сюжетлардан ҳоли эмас. Келинг яқин тарихимиздаги руслар босқинини таҳлил қилишга уриниб кўрсак. Эътибор беринг: бир пайтлар Ўрта Осиё ҳудудида учта хонликка эга Ватанимиз сарҳадлари Чор Россияси томонидан босиб олинганди. Машҳур рус шоири А.С. Пушкин қайд этишича Петр II ўлими олдидан икки нарсани амалга ошира олмаганлиги учун армон билан кетаётганини айтган: “Прут яқинида 1711 йилдаги жангда Туркиядан енгилганлиги ва Бекович-Черкасскийнинг 1717 йилдаги Хивага ҳарбий юриши тор-мор этилганлиги учун қасос ололмаганлигига қаттиқ афсус чекаман!”.
Европа билан қиёслаганда ҳар томонлама анча кучсиз ҳисобланган бу давлат — вақти келиб яна Ўрта Осиёга юзланди.
Бу шунчаки босқинчилик юриши эмас эди! Улар Ўрта Осиё туфайли ўзларини миллат сифатида янгидан кашф этдилар. Бунинг исботи сифатида Ф. Достоевскийга мурожаат қиламиз: “Европага биз қашшоқ қариндош ва қул бўлиб келдик. Европа йўлларида шапкамизни тутиб тургандан кўра, ўзимизни Шарққа урганимиз афзал!…
…Россия ўзи учун Осиёни очса, икки юз йиллик танбаллик ва маҳмаданагарчиликдан қутулади. Агар Европада бизни татар деб билган бўлсалар, Осиёда бизни европалик деб танишади. Осиёни маданийлаштиришга киришсак, охир-оқибатда бу бизнинг руҳимизни кўтаради ва биз ўзимизнинг ким эканлигимизни англаб оламиз…
Биз ўзимиз ўз еримизда илмлар соҳасида чаласаводмиз. Осиёга кириб борсак, биз у ерларда арбоблар саналамиз, бизда мустақил иш юритиш руҳи уйғонади, биз уддабурон халқ бўлиб қоламиз! Европада дум бўлгандан кўра, Осиёга бош бўлган афзал!”.
Ёзувчининг бу орзулари Ўрта Осиё мисолида рўёбга чиқди. Рус миллати ҳақиқатдан ҳам тарих саҳнасида ўзини ўнглаб олди ва ҳамон олдинда кетмоқда. Буни тан олмай иложи йўқ!
Бир ўйлаб кўрайлига: Бизнинг миллат нега ўшанда мустамлакачилар томонидан хўрланди???
Тарихчиларимиз бу саволга кўп жавоб берган. Биз бу жавобларга юзланмасдан тарих ва урушлар фалсафаси асосида жавоб бермоққа ҳаракат қиламиз: Бу даврда жаҳолат авж олиб, ҳукмдорлар ўз ҳарамидан чиқа олмай қолди. Миллат илмсизлик ботқоғида қолиб, жамиятда ахлоқсизликлар урчиди. Бу жараёнларни Қодирийдек ҳали ҳеч ким таъсирлироқ қаламга олмаган бўлса керак. Айнан миллат юз тутган разолат ва жаҳолат туфайли ўзга бир қавм келиб уни босди ва қул қилди. Биз бугун мустамлакачиларни қарғаб ваъзхонлик қиламиз. Аммо, бу даҳшатлар ўша даврдаги инқирозли аҳволимиздан эканлигига кам эътибор қаратамиз. Тарихимизнинг стратегик моҳияти ҳам айнан миллатимизнинг ўша даврлардаги ҳарактери ва авҳолини англашимизда намоён бўлади аслида.
Юқрорида тилга олинган ядро қуролига эга бўлган ва бутун дунёнинг устидан ўз ҳукмини юритмоқчи кучларга қарам бўлмаслигимиз ва тарихий инқирозларимиз қайталамаслиги учун ҳам, биз бу ҳақиқатлардан қўрқмаслигимиз керак бўлади!
Миллатнинг аянчли авҳолини англаган жадидлар унинг саодатини илм ривожида деб билди ва миллий уйғониш ҳаркатини бошлаб юбордилар. Аммо кеч бўлганди. Жадид уламолардан бўлган Мунавар Қори ҳам бир мақоласида «Ҳуррият берилмас, олинур. Ҳеч нарса ила олуб бўлмас, фақат қон ва қурбон илагина олуб бўлур!» каби фикрларни берганда адашмаганди.
Сўзимиз исботи сифатида Алихонтўра Соғунийга мурожаат эҳтиёжи пайдо бўлади: “Даҳрийлар давлатининг бошланғич даври 1918 йилдан 1925 йил орасида бутун Ўзбекистон ўлкалари бўйича «босмачи»лар отида чиққан қўзғолончилар кўпаймиш эди. Буларнинг энг машҳурлари эса Хўқанддан Эргаш; Марғилондан Мадаминбек, Шерматбек; Андижон, Ўш, Ўзган томонлардан Холхўжа, Охунжон, Абдураззоқ; Намангандан Омон Полвон ва бошқалар эди. Буларнинг барилари қоронғи халқ ичидан чиққан қора ботирлардан бўлиб, «Ўрис кофирларни йўқотиб, Ислом очамиз», дейишдан бошқани билмас эдилар. Юқорида номлари ёзилмиш қўрбошилар қўл остиларида ёнар ўтдек ботир юракли, жон фидо ўзбек йигитларидан оз деганда 10 мингдан ортиқ киши борлиги маълум эди.
Афсуски, бу қаҳрамон болаларимизнинг онгларини очиб ишга солғудек, ҳар ишга ярамлик сиёсий раҳбар бўлғудек бирорта кишимизнинг йўқлигидан, ташкилий равишда очиқ бир мақсадни олға қўйиб иш олиб боришолмаганликдан мамлакатимизнинг бахтсиз энг ботир ўғиллари ҳар ерларда душман қўллари билан отилиб чопилиб, бекорга йўқотилдилар!”.
Миллат тарихида бундай сиёсий йўлбошчи узоқ кутилди…
ВА НИҲОЯТ ИСЛОМ КАРИМОВ ТИМСОЛИДА ТАРИХ САҲНАСИГА ЧИҚДИ.
Шубҳасиз, Ўзбекистонимизнинг мустақилликни қўлга киритиши ҳам фақатгина(!) Ислом Каримовнинг жасорати билан боғлиқ!
Биргина 90-йилларнинг бошларидаги миллатлараро низолар гирдобидан миллатни асраб қолганлигининг ўзи бир тарих ҳисобланади!
Собиқ Иттифоқ парчалангандан кейин кўпгина халқаро сиёсий экспертлар Ўзбекистон энди миллатлараро урушлар гирдобида қолади деб жар солишганди. Тожикистон фуқаролар уруши гирдобида қолганида эса Америкаликлар ёзишди: “Бу қонли уруш аслида Ўзбекситонда бўлиш керак эди. Аммо, Ислом Каримов халқини бу балодан сақлаб қолди!”.
Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. 2000 йилда Ўзбекистонда АҚШ нинг ҳарбий базаси очилгани ёдингизда бўлса керак. И. Каримовнинг бу қарорини кўплар танқид остига олишди. Втан ташқарисида ошкора, Ватан ичида эса қўрқоқларга хос тарзда пинҳона.
Аммо, Геостратегик жиҳатдан ўта муҳим қарор эди бу!
Чунки, ўша пайтда қирқ минглаб толиблардан иборат жангарилар мамлакатимиз чегарисига келиб, ҳамла қилишга тайёр бўлиб турган эдилар. Ўзбекситон бу даврга келиб Ўрта Осиё миқиёсида энг кучли ҳарбий салоҳиятига эга армия соҳиби эди. Шу жиҳатдан олиб қарагалнда, БМТ минбаридан туриб жаҳонни терроризм муааммосига қаратиб, бу борада АҚШ га ҳарбий база масаласида ёрдам бериши шартмиди дейди кўпчилик.
Ҳа, шарт эди!
Ўзбекистон айнан ўша йиллари жанубий чегаралардан бўладиган ҳар қандай жангариларнинг ҳужумини қайтара оларди.
Каримов эса ундай қилмади.
Тасаввур қилинг Каримовнинг ўрнига “Бухоро ва Самарқанд меники” деб, айюҳаннос солаётганлар бўлганида нима қиларди?
Бизнингча, иккаласи ҳам ўзининг армиясини қудратини намоён қилиш иштиёқида ўз қуролли кучларини урушга тиқиш эҳтимоли 100% га жуда яқин.
Каримов эса миллат болаларини бу қонли урушга чорламади. Миллатининг фарзанди жонини азиз билди.
Оқилона сиёсат билан чегарадаги бу хавфни бартараф қилди.
Кейинчалик 2005 йилда АҚШ ҳарбий базасининг Ўзбекистондан чиқиши бутун дунёнинг тушига ҳам кирмаган, кутилмаган ҳодиса бўлди.
Бу ҳам Ислом Каримовнинг узоқни кўра олиш истеъдоди туфайлидир!
Энг қизиғи, америкаликлар ўз ихтиёри билан энг асосий стратегик маконни ташлаб чиқмадилар(!).
Балки, улар чиқариб юборилдилар!!!
Ва бу тарихий воқеъа эди. Таҳсинга лойиқ тарихий воқеъа!!!
Яна бир бор қайтараманки, турли интернет сайтларидаги МХХни обрўсизлантиришга, уни гўёки “фош” этишга қаратилган информацион-провакацион хуружлар ўз спецификасига кўра мамлакатда вазиятни де-стабиллаштириш, жамиятда парокандаликни вужудга келтириб чиқишга, давлат институтини ағдаришга қаратилган хуруждир!!!
Ғаззолийнинг бир гапи эсимга тушиб кетди: Сотқин бўлишинг учун хиёнат қилишинг шарт эмас, ахмоқ бўлишинг етарли!
Cиз хоинлик ёки хиёнат ҳақида кўп эшитгансиз. Ватанга, дўстга, оилага, ўз яқинларига ва эътиқодига хиёнат қилиш бу оғир маънавий жиноят ҳисобланиб тарих доим хоин ва хиёнаткорларни қоралаб келади. Тарихда Ваттанни ва миллатни сотганлар ҳақида жуда кўплаб ҳикояларни ўқиганмиз таъсирланганмиз уларнинг аксарияти ёв босиб келганида ожизлик қилиб кўзига ё жони ёки моли ва оиласи кўриниб Ватанига хиёнат қиладилар. Келинг биз ҳам хиёнат тушунчасини Ватан ва миллат доирасида олиб қараймиз. Миллатнинг юлдузлари бўлган давлат сиёсати ва маданиятида муҳим ўрин тутган инсонларнинг Ватанига қилган хиёнати тилларда достон бўлади чунки, улар халқнинг назаридаги инсонлар ҳисобланади. Тушунган бўлган бўлсангиз керак сўз миллатнинг ичидан чиққан зиёлилардан бўлган хоинлар ҳақида. Шу ўринда савол туғилади яқин ўтмишда бўлган Шўролар давлатида энг кўп отилган ва қамалган зиёлилар қайси миллатдан чиққан? Топдингиз албатта ўзбеклардан чиққан. Уларни ким сотган? Бугун ҳамма айбни Сталин ва унинг НКВД сига ағдарамиз. Нима 37-йил отилган зиёлилар ёзган ўзбекча сатрларни НКВД жосуслари ўрганиб улар замиридаги анти совет ташвиқотни англаганмидилар. Асло йўқ. Яна ўша юқорида тилга олинган латифадаги дўзахдаги қозон ундаги ўзбеклар ёдимизга тушади. 37-йил тажрибаларидан миллат хулоса чиқармади бир бирини сотишда давом этди. Эсланг Шўролар даврида миллатга қолаверса унинг зиёлиларига жуда кўп фидойиликлар қилган Шароф Рашидовни ким сотди. Афсуски биз билган машҳур зиёлиларимиз. Бу қачонгача давом этади? Хоин ва сотқинлар миллатнинг зиёлилари ичидан чиқар экан биз тарбиялаётган фарзандларимиздан нима ҳам кута олардик? Бу хоинлик унсурлари миллатнинг характерида ва моҳиятида акс этган экан биз ўзгаришга маҳкуммиз. Бўлмаса ўша халқ мақолида айтилганидек, нима экасак шуни ўраверамиз ўраверамиз, балки қиёматгача ўрарамиз…
Хўш бундай ҳолатга тушушимизга нима сабабчи? Ахир биз саводхон миллатмизку. Зиёли миллатмизку! Шу ерда ўзбекнинг саводхонлик даражаси қандай деган саволга тўхталсак. Бугун ўзбек нима ўқияпти, нималарни кўраяпти ва нималар ҳақда ўйлаяпти? Бугун ўзбек “Даракчи” ўқияпти, телеканалларида “Даракчи” ни реклама қилаяпти, стадионларида, маданият саройларида Эркин Воҳидов ёки Абдулла Орипов шеър ўқимаяпти балки “Божалар” ёки “Уммон” концерт бераяпти. Бугун ўзбек миллат юлдузи бўлган шоир ёки ёзувчининг 70 ёки 80 йиллик юбилейида эмас балки, кечагина саҳнага чиққан қўшиқчининг юбилей концертида ўтирибди. Бугун ўзбек сариқ матбуотнинг ашаддий ўқувчисига айланди. Ўзингиз айтинг “Даракчи” ва “Ҳордиқ”нинг ашаддий ўқувчиларидан нима кута оламиз? Мактаб ўқувчиларидан ижтимоий сўров ўтказиб сўрангчи “Жаҳон адабиёти”, “Тафаккур” ва “Шарқ юлдузи” каби журналлар борлигини билармикан? Билмайди ҳам. Чунки бу журналлар 30 миллионлик халқ учун тиражи 2000 га ҳам етмаганидан кейин қаердан ҳам билсин.
Катта авлод вакиллари билан гаплашсанг нуқул ёш авлоднинг қўлига китобни қайтариш имконсиздек туюлаётганини эътироф этади. Наҳотки юксак технологиялар даврида асрлар давомида дунёга китоб берган аждодларнинг бугунги ворислари қўлига китобни қайтариш имконсиз бўлса. Мафкуравий хуруж ва маънавий таҳдидлар ҳақида гапирганимизда доимо барча, жумладан биз ҳам Ғарбни айблаймиз. Аммо, Европа давлатларида бўлган инсонлар билишади — бугун якка жинсли никоҳларни қонунийлаштирган, фаҳш ҳаётий қадриятга айланган Европаликнинг 10 тасидан 5 тасининг қўлида китоб кўрасиз. Парадокс. Аммо ҳақиқат…
Телеканалларида фақат шоу бизнес юлдузлари ва коррейс сериаллари таъсирида улғаяётган миллат фарзандларининг келажакдаги қиёфаси қандай бўлади? Бу тарғибот ва ташвиқот билан биз 22 асргача бора оламиз деб ким кафолат бера олади айтингчи ким!? Мана сизга миллатимизнинг саводхонлик даражаси… Кундан кунга телевизордан айрилолмайдиган бўлиб бораяпмиз. Афсуски аччиқ бир ҳақиқатни англамаяпмиз: БУГУН ҲАМ, ЭРТАГА ҲАМ, БУНДАН ЮЗ ЙИЛ КЕЙИН ҲАМ ТЕЛЕВИЗОР КЎРАЁТГАНЛАРНИ КИТОБ ЎҚИЁТГАНЛАР БОШҚАРАДИ!!!
Биз кўп саволлар бердик. Хафа бўлманг, бу саволларни аслида ўзимизга бердик. Энди охирги саволимиз жуда ҳам оғир. Зеро, айтадиларки бермоқнинг олмоғи ҳам бор яъни берилган саволлар жавобидан келиб чиқадиган оқибатлар янада аниқроқ айтганимизда миллатимизнинг келажакдаги қиёфаси ва ўрни қандай бўлади? Келажак ҳақидаги футурологик мулоҳазаларимиз аввалида бугун жаҳон саҳнасида рўй бераётган воқеликларга эътибор қаратишга жазм қилдик. Бунинг сабаби бугунги глобаллашув шароитларида тобора торайиб бораётган дунёмизнинг қайси бир чеккасида рўй берган ҳодисот бизнинг ҳаётимизга таъсир қилмай қўймайди.
Жорий йил дунё аҳлини кутилмаган сиёсий можаролар ва зиддиятлари билан кўнглига ғулғула солиб қўйди десак янглишмаймиз. Алббатта дунё саҳни ҳеч қачон зиддиятлардан ҳоли бўлмаган. Бир ёқда Украина бўҳрони бўлса бир ёқда Яқин Шарқдаги можаролар. Бугун Ғарб афкор оммаси ўз эътиборини Украина шарқига қаратган бир пайтда биз эътиборимизни Яқин Шарққа қаратмоқчимиз. Янада аниқроқ қилиб айтганда Ироқ, Сурия ва Ливанда жанглар олиб бораётган Ироқ ва Шом ислом давлатининг бутун мусулмон оламига қолаверса жаҳон тинчлигига рахна солувчи ёвуз куч эканлигига қаратмоқчимиз.
Умуман олганда Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескин ўзгариши 2001 йилнинг сентябрь воқеалари билан боғлиқ. Эгизак биноларнинг портлашидан сўнг АҚШ ва Европа терроризимга қарши уруш эълон қилганди. Мана бу воқеага ҳам 13 йил бўлаяпти бу йиллар оралиғида терроризмга қарши кураш даъвоси туфайли бир неча юз минг инсон ҳаёти зомин бўлди. АҚШ ва НАТО қўшинлари Ироқ ва Афғонистонни олди ҳам диктатор Саддамни ҳам қатл қилишди аммо тинчлик бу ўлкалар учун орзулигича қолмоқда. Шунчаси етмаганидек араб мамлакатларида инқилоблар тўлқинининг вужудга келишига нима дейсиз. Бу инқилоблар “Араб баҳори” дея иддао қилинди. Аслида “араб инқирози” эмасми бу?
Суриядаги Асад режимига қарши мухолиф жангариларни Ғарб янада аниқроқ қилиб айтганда АҚШ қўллаб қувватлади. АҚШ нинг “World Net Daily” интернет ахборот агентлиги маълумотига кўра бугунги Ироқ ва Шом Ислом Давлати жангарилари 2012 йилда Иордания ҳудудида АҚШ ва Туркия ҳамкорлигида ҳарбий тайёргарликдан ўтказилган. Яна бир маълумот “Рэйтер” агентлиги немисларнинг “Der Spiegel” газетасининг 2013 йил март ойидаги сонига таяниб, Иордания ҳарбий базасида 3 ой мобайнида 200 жангари АҚШ томонидан тайёрланганини ва бу режага мувофиқ “Озод Сурия армияси” номи билан 1200 жангари тайёрланаётганини маълум қилади. 2013 йилнинг март ойида эса Британиянинг нуфузли нашри “Guardian” Иордания ҳарбий базасида Германия ва Франциянинг инструкторлари томонидан Асад режимига қарши жанговор гуруҳлар тайёрланаётгани хабари берилди.
Бу амалиётларнинг натижаси Ироқ ва Шом Ислом Давлати ўлароқ саҳнага чиқди. Бир неча йил олдин турклар уларга ёрдам берган бўлса энди бу жангарилар Туркиянинг ўзига таҳдид солмоқда. Мусулмон Шарқидаги бу уруш аслида исломга қарши қаратилган даҳшатли урушлардан биридир. Шундай экан мусулмон Шарқида бўлаётган бу қонли урушларнининг моҳиятидан халқимизни огоҳ этишимиз керак.
Халқимиз онгига тинч ва осойишта ҳаётимизни тараннум этувчи шукроналик ҳиссини интернетдан кўчирилган ижтимоий роликлар асосида тайёрланган ўта саёз медиа маҳсулотлар ёки ток шоулар билан сингдира олмаймиз.
Оммавий ахборот воситаларида ҳануз сиёсий шарҳ деган нарсанинг ўзи йўқ. Ахир халққа дунёда бўлаётган сиёсий жараёнларни ўзимизнинг стратегик манфаатларимиз доирасида етказиш керак эмасми? Биз бермасак ҳам ахборотга бўлган эҳтиёж бошқалар манфаатларини ифода этувчи ахборот манбалари томонидан қондирилади. Айнан араб инқирозига ҳам дастлаб ахборот хуружлари сабаб бўлди. Бу вазиятда халққа ахборотни етказмаслик умуминсоний меъёрларга ҳам тўғри келмаслиги барчамизга маълум. Бугун дунё миқиёсида тарқалаётган ахборотлар айсбергнинг сув остидаги қисмига ўхшайди. Айсбергнинг асосий сув остидаги қисми эса асл ахборот хисобланади. Биз ҳатто айсбергнинг сув устидаги қисмини ҳам кўрсатмасак миллатимизни ахборот хуружларига алданишига йўл қўйиб қоламиз.
Миллатга бугун дунё сиёсатида кечаётган жараёнларни англатишдан мақсад уни дунёда узилиб қолмаслигини таъминлашдир. Нега дейсизми бугун гегомон давлатлар келажакка хозирлик кўришаяпти. Дунёнинг бутун бойликларига эга чиқиш ва ўзларининг наздидаги “Янги дунёвий тартиб” ларини қарор топтириш васвасасида ёнмоқдалар. Ғарб дунёсининг ахборот воситалари ҳам айнан шу мақсадда иш олиб боришмоқда. Бизнинг давлатимиз ҳам бу дунёдан ҳоли эмас экан биз келажжакка ҳозирилк қилувчи кучларга миллатимизни бериб қўймаслигимиз керак. Шундай экан давлатимиз ва миллатимизни сақлаб қолишимиз учун нима қилмоқ керак?
Бу каби залворли саволларнинг ягона жавобини жавоҳир каби излаб охири Аҳмад Донишнинг бисотидан топгандек бўлдим: “Дунёда ягона эзгулик бор бу илм! Дунёда ягона ёвузлик бор бу илмсизликдир!”.
билмайман. Аммо, билганим олдинга қўйилган жуда кўп оғир саволларни ечмоқ, изтиробларни енгмоқ учун жуда кўп ишларни амалга оширмоқ керак.
Миллат онги ва шуури бунга қанчалик бардош бера олади буни ҳам билмайман. Билганим ҳеч нарса қилмаслик гуноҳ. Кечирилмас гуноҳ. Ҳеч бўлмаса бугун биз нимадандир бошлашимиз керак. Шунда юқорида тилга олганимиз миллий руҳиятимиздаги қусурларни бартараф этиш болаларимизга насиб этар. Ёки уларнинг болаларига…
Бугун ишни ҳеч бўлмаганда, тинчлик ва осойишталикка шукур қилишдан, Онгли равишда шукур қилишдан, тушуниб етиб шукур қилишдан, англашдан, Президентга қуруқ қарсак ва ҳайбаракалла билан эмас ҳар биримиз ўз ишимизнинг профессионали бўлиш орқали дастак бўла олишимиз мумкинлигини англашдан, Махсус хизмат ходимлари, аскарлар эса барчамизнинг хавфсизлигимиз учун ҳар куни жонини гаровга қўядиган жондошимиз эканлигини, улар миллатнинг ардоқли боласи эканлигини англашдан бошлашимиз зарур!!!
Охирги пайтда қаттиқ танқид қилинаётган МХХ — бу фақатгина унинг раиси Иноятов эмас, бу ташкил топганига йигирма йилдан ошган ташкилотгина эмас! МХХ – уч ярим минг йиллик Давлатчилик тарихига эга Давлатнинг уч ярим минг йил давомида суяниб келган суянчидир! МХХ – ташкилот сифатида Амир Темур мукаммаллаштирган ташкилотдир! МХХ – факатгина кечаги КГБ эмас! МХХ – коррупционер ва халққа зулм ўтказувчилар тўдаси эмас! МХХ – ақли ва заковати етук, Ватан деса, Давлат деса кўзини чирт юмиб жонини берадиганлар, кўксини ўққа тутганлар, Ватан учун шаҳид кетганлар хизмат қилган ва қилаётганлар мавжуд Даргоҳдир!
Тарихга бир назар ташланг, исталган Давлатни йиқитиш учун энг аввало нима қилинган?! Махсус хизматлар обрўсизлантирилган. Натижада улар кучсизлашган ва ўша мамлакатда Давлат парчаланган. Албатта, МХХ шаънига ҳар хил гап айтаётганлар ноҳақ дея олмайман. Ўз дардини ҳар ким ўзи билади. Аммо! Бутун бошли Давлат тақдири ва обрўси масаласи шахсий манфаатлардан устун эмасми?!
Иноятовни мен шахсан танимайман. У даражадаги давраларни кўрмаганман. Аммо, буюк бир тарихга эга Давлатни қайта ташкил этишда Ислом Каримовнинг ёнида Ватанда тинчликни таъминлаш учун йигирма йилдан зиёд масъул шахс бўлиш оғир. Бунинг учун қанча матонат, заковат ва ирода керак бир Худога аён. Онгли бир фуқаро сифатида мен бу инсонни Ҳурмат қиламан!
Ҳамма тизимда ўз ваколатидан ўз манфаати учун фойдаланганлар ҳамиша бўлган. Ҳамда ҳамиша жазосини олган. Бундан кейин ҳам шундай бўлади. Лекин махсус хизматни обрўсизлантириш ҳеч қачон Давлат учун яхшилик билан тугамаган тарихдан. Аччиқ, аммо ҳақиқат бу.
Бир ўйлаб кўрайлик: Ўрта Осиёнинг марказидаги, геостратегик жойлашувига кўра энг асосий етакчи рольга эга, яқиндагина ҳукумат алмашган мамлакатда махсус хизмат раҳбарини обрўсизлантиришдан манфаатдор кучлар йўқмикан? ИККИ ТАРАФДАН БИРИ БЎЛИБ ЎЙНАГАН ЭМАС, АСЛИДА ЎЙНАТГАН ЮТИШИНИ УНУТМАСЛИК КЕРАК.
САИД АБДУЛАЗИЗ ЮСУПОВ
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
С.А.ЮСУПОВ — муаллифми ёки ташкилотми. Маънили, мақсадли баҳс яхшида., энди Исмат Хушев не деркин…
Уруш курмаган миллат хакидаги мулохазаларга кушиламан. Лекин мхх ва унинг раисини оклашига умуман кушилмайман. Жавоб мхх идорасидан йозилгани билиниб турибди. Бунинг учун рахмат. Лекин Исмат Хушевни йош бола куриб, гуйо учинчи одам бизларни уриштирган деган эртак тукилган. Бу идора жиноятси ва котил идора. Исмат Хушев тугри йозган хамма нарсани. У олдинрок йозиши керак эди бу нарсаларни. Шунда раиснинг замлари бу даражада жиноят боткогига ботмасди.
Муаллифга савол шуки, «Шубҳасиз, Ўзбекистонимизнинг мустақилликни қўлга киритиши ҳам фақатгина(!) Ислом Каримовнинг жасорати билан боғлиқ!» деганингиз нафақат лаганбардорлик, ҳатто кулгили ҳам бўлибди.
1991 йили референдумда Каримов бошлиқ Ўзбекистонликларнинг салкам 90 фоизи мустақилликка қарши овоз бермадими?
Иттифоқ таркибидаги қайси Республика мустақил бўлмади?
Мустақиллик учун аввало Худога, қолаверса СССРни қулатган Горбачевга рахмат айтиши керак сизлар улуғлаётган «Мустақиллик меъморлари»