Исмат Хушев: АДАБИЁТ КУШАНДАЛАРИ (Баҳром Рўзимуҳаммадни ўқиб)
АДАБИЁТ КУШАНДАЛАРИ
Ёшлар шеъриятидаги якрангликдан хафсалам пир бўлиб, юқоридаги сарлавҳа билан таъна-маломатларга тўла мақола ёзмоқчи бўлдим. Айрим фикрларни қоғозга туширдим ҳам. Бироқ шундан нарига ўтолмадим.
“Шарқ юлдузи” журналининг ўтган йиллардаги сонларидан бирида шоир Баҳром Рўзимуҳаммаднинг “Янги авлод овози” рукни остидаги саволларга берган жавобларини ўқиб, ўша фикрлар яна ғалаён қила бошлади.
”Мен чин шоирлар ёлғизликда қийналиб яшайдилар, деб ўйлайман”, – дейди Баҳром Рўзимуҳаммад. Тарихнинг гувоҳлик беришича, пешонасига маърифатпарвар султонлар битилган Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Огаҳийни истисно қилганда, аксарият мумтоз шоирлар қисмати аянчли бўлган. Ўзга юртда султон бўлгандан ўз юртида ултон бўлишни афзал билганига қарамай Бобур Мирзо бош олиб кетишга мажбур бўлган, Ёркентда умргузамронлик қилган мусофир Фурқатнинг аччиқ ва аламли тақдирига ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. Бобораҳим Машраб билан Нодиранинг фожиали қисматидан сўз очмай қўя қолай.
Афсуски, бу шафқатсиз анъана ХХ асрда ҳам турли шаклларда узлуксиз давом эттирилди: асрнинг аввалидан сўнгги йилларига қадар.
Адабиётга мана шундай шафқатсизларча муносабат назаримда ҳамон давом этаётгандай.. Бинобарин, Баҳром Рўзимуҳаммаднинг аламли, бироқ ҳаққоний фикрларига қулоқ тутинг:
“Физикада инерция тушунчаси мавжуд. Дейлик, машина мотори ўчириб қўйилса, инерция боис кўп вақтларгача ҳаракатланаверади. Айниқса, тепаликдан тушаётганида… Бугунги кунда Сўз кишиларидан мутлақо ўзгача асарлар кутиш мақсадга мувофиқ эмас. Адабиёт кеча кимнинг ёнида турган бўлса, бугун ҳам унчалик олис масофага бош олиб кетиб улгурмади. Шу сабабдан ҳам, дейлик, модернист дея қараладиган ижодкорларга у қадар кўп ишонишмайди”.
Шоирнинг бу эътирофи собиқ шўро тузумига хос бўлган, ҳатто ижодкорларни ҳам дўсту душманга ажратадиган бемаъни мафкурани эслатмайдими? Балки Баҳромнинг: “Ҳозирги вақтда қишлоғимиз болалари, дейлик, Аҳмад Аъзам, Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон каби ёзувчиларнинг асарларини ўқиш тугул, исм-шарифларини ҳам билишмайди”, деган гапларида шоирона муболаға бордир. Худога шукр, Интернет замонида мактаб ўқувчилари фақат матбаа китобларга қараб қолган эмас. Бироқ унинг “модернист дея қараладиган ижодкорларга у қадар кўп ишонишмайди”, деган фикрига қўшилмай илож йўқ.
Баҳром Рўзимуҳаммад, Абдували Қутбиддин сингари модернист шоирларга ҳам юксак унвонлар берилсин, матбуот, телевдение ва радиода уларнинг ижоди ҳам кенг тарғиб қилинсин, деб даъво қилмоқчи эмасман. Ҳолбуки бу шундоғам давр талаби ҳисобланади. Ҳамма бало шундаки. модернист ижодкорларга ишонқирамай назар солиниши, уларни ижодига ёшларнинг эътиборини сусайтиради. Бу эса адабиёт равнақига тўсқинлик қилади. Бугунги кунда қатор қўшиқнависларнинг аксарият қофиябозликдан иборат жилд-жилд китоблари қайта-қайта чоп қилинаётгани, уларга турли мансабу унвонлар улашилаётгани ёш қаламкашларни ҳам боши берк енгил шон-шуҳрат кўчасига бошламайди, деб ким кафолат бера олади?
Ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида “Сабр дарахти” чоп этилгандан кейин бирорта йирик шеърий тўплами нашрдан чиққанини кўра олмай Рауф Парфи армон билан ўтиб кетди. Худога шукур, бугунги кунда унинг шеърий тўпламлари қайта-қайта босилмоқда. Бироқ беназир шоирнинг китоблари чоп этилмаган салкам ўттиз йиллик даврда қанчадан-қанча ёшлар унинг ижодидан бебаҳра вояга етди. Қолаверса, Рауф Парфи шеърияти ҳар қанча мақтовга лойиқ эканидан қатъий назар мумтоз шеъриятга айланганини ҳам унутмаслик керак. Янги давр янги шеърий оҳанглару янгича шеърий шаклларни талаб қилаётир. Бизнинг ёш шоирларимиз эса ҳамон аксарият бармоқ вазни, Рауф Парфи таъбири билан айтганда “тўртбурчак” шеърнинг каталагида, исканжасида тутқун бўлиб қолаётир.
Ҳаёт ранг-баранглиги билан гўзал. Шеърият ҳам. Бизга қўшиқчи шоирлар ҳам, уларнинг дилбар, таронадай оҳангдор шеърлари ҳам сув ва ҳаводай зарур. Анъанавий услубда ижод қиладиган шоирларга ҳам Худо қувват берсин. Уддасидан чиқибдими, қандини урсин! Бироқ бугунги кунда шоирларнинг пешқадами модернист шоир деб аталаётган, бироқ адабиётдаги тадрижийлик тақозоси билан шундай услубда ижод қилаётган Баҳром Рўзимуҳаммад эканидан ҳам кўз юммайлик, ахир. Ҳаммамиз “Адолат!”, “Адолат!” деб айюҳаннос солиб дунёни бузишга ҳам тайёрмиз. Бироқ ҳамиша ва ҳар доим адолатли бўлишга келганда, турли мақомга йўрғалай бошлаймиз.
Адабиётшунослар ҳам, шоиру адиблар ҳам маҳаллийчилик, тарафкашлик, манфаатпарастлик, кўролмаслик, ғаразгўйлик каби сон-саноғи йўқ иллатлардан қутиламизми, ёки кўрсак ҳам кўрмаганга, билсак ҳам билмаганга олиб, “бетимнинг қалини жонимнинг ҳузури”, дея мунофиқлик қилиб юраверамизми?! (Англашимча,) Баҳром Рўзимуҳаммад билан росмана баҳслашгани, ҳаттоки даҳанаки жанг қилганидан қатъий назар уни туғилган куни билан табриклаш учун ўзини енга олган Хуршид Даврон сингари адолатнинг кўзига тик қарайдиган Шахслар қачонгача бармоқ билан санайдиган даражада оз бўлиб қолаверади?!
Тўғри, Баҳром Рўзимуҳаммад ҳам авлиё эмас. Унинг матбуотда билдираётган айрим фикрларига мен ҳам тўла қўшилмайман. “Шарқ юлдузи”да босилган суҳбатда қайд этган: “Саксонинчи йилларнинг биринчи ярмида овозага айланган Рауф Парфи қаламига мансуб “Қайтиш” китоби янги бир авлод шаклланишига йўл очиб берган. Шахсан мен Рауф Парфини авлодбоши сифатида қадрлаганман”, деган фикрини баҳсталаб мулоҳаза деб биламан. Адабиётга саксонинчи йилларда кириб келган қаламкашлар авлоди шаклланишида Рауф Парфининг ҳам таъсири катта бўлгани шубҳасиз. Бироқ мазкур ўн йилликка мансуб ижодкорлар оёққа туриб олишида 70-йиллар авлоди ижодининг ҳам таъсири катта бўлган. Агар биз 70-йиллар авлоди ижодини эътибордан соқит қиладиган бўлсак, адабиётдаги тарихий силсилани кўр-кўрона, қасддан узиб қўйган бўламиз. Бинобарин, Баҳром Рўзимуҳаммаднинг бугунги бетакрор шеърияти шаклланишида 70-йиллар авлодининг алоҳида хизматини унутишга адолат юзасидан ҳаққимиз йўқ.
Адабиётимиз, бинобарин шеъриятимиз юксалиши йўлида кўламли ишлар қилинаётир. Бироқ бу ишлар ҳар жиҳатдан холис ва бенуқсон бўлиши керак. Зотан, тарихда қатор асрлар “адабиёт кушандаси” бўлиб келди. Ниҳоят бу шармандали тамойилга нуқта қўйилсин…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада, 3 июль, 2017 йил…
2 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГШарҳ қолдириш
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
БАХРОМ АКА БН ЖУДА ЯКИНМАН БОШКА ДУНЁ…СИЗГА РАХМАТ
Исмат Хушев: “Адабиётимиз, бинобарин шеъриятимиз юксалиши йўлида кўламли ишлар қилинаётир. Бироқ бу ишлар ҳар жиҳатдан холис ва бенуқсон бўлиши керак. Зотан, тарихда қатор асрлар “адабиёт кушандаси” бўлиб келди. Ниҳоят бу шармандали тамойилга нуқта қўйилсин…”