Ҳамроқул Асқар: “Жаннат Оналарнинг оёғи остидадир..,” (Ҳадисдан)
Ҳамроқул Асқар
АЁЛНИ АРДОҚЛА
“Жаннат Оналарнинг оёғи остидадир..,”
Ҳадис
Аёлни ардоқла, кўзларингга сурт,
Унинг ул покиза бармоқларини.
Аёлни ардоқла, кўз ёшдан арит,
Худо ёрлақаган яноқларини.
Аёлни ардоқла, кўнглига қара,
Аяма, ер юзин гавҳарларини.
Ҳофиздай танти бўл, холига бахш эт,
Дунёнинг энг гўзал шаҳарларини.
Аёлни ардоқла, кўкларга кўтар,
Самонинг энг тоза кенгликларига.
Аёл иззатини қилмаса агар –
Ишонма ёлғончи тенгликларига.
Оналар пойига поёндоз айла,
Жаҳон салтанатин байроқларини.
Аёлни ардоқла, саждагоҳ деб бил,
Пайғамбар сиғинган оёқларини.
Онам де, синглим де, ёрим де., ёлбор,
Эъзгу оятларни шивирлаб лабинг.
Шунда кўкрагингдан тарқалиб ғубор –
Меҳру муҳаббатдан пок бўлар қалбинг.
1989 йил.
Ҳамроқул Асқар
МУБОРАК
Шоҳидага
Эй, руҳимнинг ҳамшираси,
Гўзал волидаси полопонимнинг.
Эй, кўнглимнинг фариштаси,
Эй, Момо Ҳавоси хонадонимнинг –
Яхши кунлар муборак!
Бу кунларни Тангрим Сизга берипти,
Ортимиздан қолар изга берипти,
Сизга бериптими., бизга берипти –
Яхши кунлар муборак!
Сиздан келса меҳру вафолар яхши,
Сиздан келган жабру жафолар яхши,
Сиз ичган булоқлар, сафолар яхши –
Яхши кунлар муборак!
Аслингиз покиза, наслингиз тоза,
Ҳар лаҳза, ҳар нафас, фаслингиз тоза,
Гўзал рухсорингиз васлингиз тоза –
Яхши кунлар муборак!
Бизнинг исм бул кун Сизнинг исмдир,
Сизнинг жисм бул кун, бизнинг жисмдир,
Бу гўзал ёғдулар Сиздан тилсимдир!
Яхши кунлар муборак!
Эй! Боғларни найсонлаганим,
Доим кечикканим, пайсаллаганим,
Менинг тортинчоғим, тайсаллаганим –
Яхши кунлар муборак!
Эй, салга кўнгли нурланиб,
салга кўзи намланган,
Бу дунёда не сир бор
бари Сизда жамланган –
Эй! Кўкни ерга қаратганим,
кулса нурлар таратганим,
Ўзи суюб яратганим –
Яхши кунлар муборак!
8.03.99.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ