Биз томонларда тўйнинг маслаҳати камида йигирма-ўттиз кишилик зиёфат билан ўтади. Қишлоқ магазинларининг тушига ҳам кирмайдиган тансиқ таомлар – гўшт, колбаса, пишлоқ дастурхонда уйилиб кетади, арағу коньяк, вино деганингиз дарё бўлиб оқади.
Эшбой шўро ҳам тўй маслаҳатига ўзининг кўнгил етарини териб-териб айтган бўлса-да, ўттиз чоғли одам йиғилди. Қишлоғимиз “катталари” – кичикроқ хос хонада, биз – “қора қозон эгалари” ўн икки болорли меҳмонхонада ўтирдик.
Бир яшик арақни шофёрига кўтартириб Бозор ҳам келди.
– Биздан ҳозирча шугина тўёна, раис бува, – деди ва мен томонга кибрли назарини ташлагач, яна қўшиб қўйди: – Тўй куни ҳали яна гаплашамиз!
Назар пойгакроққа чўкмоқчи эди, атайлаб ёнимга, ўртароққа чақирдим. Бирпасдан кейин сўлжайиб кириб келган Қамбар эшикнинг олдида қолди. Ака-ука борди-келдини узган. Ўзи новча бўлгани билан қозиққа боғлаб олти ой боқсангиз ҳам устихонига бир тишлам эт инмайдиган бу одамга тўрдан чой, пойгакдан жой тегмай қолган. Сал ичса, қутуриб кетади, ҳунар кўрсатмасдан қўймайди. Юриш-туриши бир алфозда. Соч-соқоли – патак. Эгнидаги қирмизи кўйлагига қачон совун текканини Худо билади. Афтидан, хотини, бола-чақаси ҳам қарамай қўйган, безор бўлган.
У аввалига, “биз ичишни ташладик”, деб бироз таранг қилиб турди-да, сўнг арақни туядай симира бошлади. Назар ҳам дурустгина оляпти. Сирасини айтганда, уч ака-ука уч хил эди: сахти сумбатию ранги рўйи ҳам, феъли хўйи ҳам. Назарнинг бир силтови десаммикан, бир қайнатими десаммикан, камроқ. Дарди девонароқ. Сездирмай пуфласангиз, пуфакдек шишиб кетади. Аслида, аччиғланса, бунисининг ҳам Қамбардан пеш жойи йўқ. Қўёнчиғи тутади. Ўзи филдай. Йўлини топган бу “фил”ни ишга солиб, ҳузурини кўриб ётади. Мақтаса бас: “Назар полвон турган жойда бошқаларга хандақда биров пишириб қўйибдими!.. Қўшиқни Муҳаббат Шамаева айтсину лойни Назар полвон отсин-да, биродарлар!” Бундай гапдан кейин уста Назар шимининг липпасини ҳимариб, ўзини хандаққа уради. Бас дегунингизча лойни қорийди. Пишитиб, тепага отади. Ора-сира мақтаб турилса бўлгани: “Ў-ў, қаддингдан, Назар! Бир ўзи ўн жигитнинг ишини қилади-я!..”
Тентакка тел бер-да, қўлига бел бер.
Эшбой шўро дастурхонга овқат деганни уйиб ташлади. Зиёфатнинг учинчи таоми – қовурилган курка гўшти келганида мен бош чайқадим:
– Аҳ, шўро ака-я, шу ишингиз сал хом бўпти-да! Ҳай аттанг-а!..
Уй эгаси бу гапимни Қамбарни тадбирга бекор айтибсиз-да, деб тушунди, чамаси.
– Нима қилай, ука? Ҳамсоячилик… Ҳамманинг ўз насибаси бор…
– Тўғри-ю, лекин Назар ошнамиз анчадан бери курка гўшти емай қўйган-ку, – деб киши билмас кўз қисдим. – Хабарингиз йўқ экан-да. Мумкин эмас. Жондайгина ҳамсоянгизнинг соғлиғини ўйламабсиз-да!..
Ҳазиллашаётганимни сезиб, мезбон кулди.
– Гапим тўғрими, ошна? – дедим ёнимда қора тўнига ўраниб ўтирган Назарга қараб. – Курка гўшти, айниқса қовурилган бўлса, “сариқ”қа чалинган одамни қийнаб қўяди-да.
– Тўғри, – деди Назар. – Дўхтир бизга парҳез буюрган.
Ҳамманинг мийиғида кулги ўйнади: “Ана, холос! Курка гўшти арақдан ҳам зўр бўлади, дейишарди, рост экан-да, а?”
– Сизлар бемалол олаверинглар, – деди Назар қулт этиб ютинар экан. – Биз чой-пойни майдалаб ўтирамиз. Ўрганиб қолганмиз…
Димоқни ҳам, иштаҳани ҳам беаёв қитиқлаб турган курка гўштини маза қилиб туширдик, ичкиликдан пайдар-пай олдик. Назар девона етимдай шумшайиб, сўлагини ютиб ўтирди. Лаганлар йиғиштирилар маҳал:
– Гўшти-ку, майли, – деди тамшаниб, – лаганнинг тагидаги ёғдан бир ҳўпласам қандай бўлар экан, ошна?
– Зўр бўлади! – дедим. – Фақат кўп ичманг…
У сопол лаганни оғзига олиб бориб узоқ ялади…
Пишитган режамнинг ибтидоси синовдан ўтди…
(Давоми бор)
Ўхшаш мақолалар йўқ.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни
МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.