Матназар ака ҳақида гапириб беринг, дейишларидан қочаман. Чунки, у ҳақда гапиришга менинг ожизлигимдан ташқари устознинг улуғлиги ҳам имкон бермайди. Матназар акадай самимий шахс ҳақида унга мос самимий сўзларни топиш ниҳоятда мушкул. Устозни унинг ўзидан бошқа ҳеч ким аниқ таърифлай олмаса керак.
Шоирнинг сиймоси ўзи қоғозга муҳрлаган сатрлар орсидан қалқиб чиқаверади:
Матназар ака нега дунёни тез тарк этди? – деган савол ҳамманинг бошини қотирди. Бунга ҳар ким ўзича жавоб излади. Аслида бу – Оллоҳнинг иродаси. Лекин Оллоҳ кимнидир, ниманидир сабабчи қилиб қўяди-ку. Бу саволга ҳам устознинг ўзи жавоб беради:
Йўқ, ҳеч қачон мени кексайтирмас вақт,
Бефаҳм тингловчи мени ўлдирар.
(“Бахшининг ўйлари” шеъридан)
Уни бефаҳм тингловчилар ўлдирди, десак устознинг руҳига озор етиши мумкин, тўғрироғи, устоз ўзини бефаҳм тингловчи ва сўзловчиларга қурбон қилди. Бир мисол: Огаҳий ҳазратларининг таваллуд санаси арафаси эди. Таниқли олимлардан бири телевизорда чиқиб ҳазратнинг номини бузиб талаффуз қилди. Шунда устоз қаттиқ хафа бўлди. Юзлари буришиб, анча пайт ўзларига келолмади. Навоий, Бедил, Фузулий каби сиймоларни доим тилидан қўймасдилару, Огаҳий ҳазратлари ҳақида гап кетса, баъзан нафасини ичга ютиб ўтирар ёки хос жойлардагина гап очар эдилар. Огаҳийни шу даражада яхши кўрардилар-ки, ҳатто номларини ҳам эзозлаб меҳр билан тилга олардилар. 80- йилларнинг охирларида устоз Огаҳий ҳазратларининг таваллуд санасини олдиндан бизга эслатиб қўйдилар. Шу куни Қиётга боришимизни тайинламадилар. Биз бормаган эдик. Кейинги учрашганимизда нега бормаганимиз билан қизиқдилар. Биз “вақтимиз бўлмади” дедик. Шунда у “ота-боболаримиз ҳар куни беш вақт намоз ўқишга вақт топганлар, биз ҳеч бўлмаса йилда бир марта вақт топишимиз керак” дедилар. Биз у пайтларда устознинг Огаҳий ҳазратларига ихлоси шу қадар баланд эканини билмасдик. Кейинчалик ҳар йили 17 декабр куни устозга қўшилиб улуғ ҳазрат зиёратини канда қилмайдиган бўлдик. Устоз шу куни эрта тонгдан яхши кийиниб олар, соатига тез-тез қараб, вақт секин ўтаётганидан ўзини қўярга жой тополмасди. Йўлга чиққандан кейин ҳам Қиётга етиб боргунча ошиқарди. Қайтишда эса ўтказилган тадбирдан кўнгли тўлмай, Огаҳий ҳазратларининг бўй-бастига муносиб катта ишлар қилиниши кераклигини айтиб, қилинган ишлар жуда оз эканлигидан афсусланиб, ҳорғин бир аҳволда келиб ўзини диванга ташларди.
Матназар акадан бир дўсти: Сиз Полвон пийримизни таржима қилдингиз. Мабодо у киши тушингизга кирмадиларми? – деб сўраганида, устоз бир оз ўйланиб: Тушимга-ку кирмади-доғин, кирганда ҳам ҳеч кимга айтмаган бўлардим – деган эканлар.
Паҳлавон Маҳмуднинг:
Қилғучи ибодатни ниҳон дўст, чин дўст
деган мисраси Матназар ака ҳақида айтилгандай туюлаверади менга.
КАМТАРЛИКДАГИ БУЮКЛИК
Бир куни устознинг невараси мутолаага халал беришдан тинчимади. Бу пайт уйларида уни овутадиган одам йўқ эди. Бола биз таклиф қилган ширинлик ва ўйинчоқларга қарамади. Мен унга пул узатган эдим, устоз менга ўқрайиб қаради. “Пул берма, шунга ўрганиб қолади” дедилар. Устоз невараларини тиззаларига олишини, эркалашини сира тасаввур қилиб бўлмасди. Болаларга ҳеч қачон бола бўлиб гап айтмас, худди катталарга гапиргандай гапирар эдилар. Марямжон опанинг айтишича, Таганрогдан ё бошқа олис ерлардан узоқ муддатда келганида ҳам фарзандларини бағрига босмаганлар. Отасига пешвоз чиққан болаларининг пешонасидан силаб, “жоллимисан” деб уйига кириб кетаверарканлар. “Сиз болаларингизни яхши кўрмайсиз, улар билан қучоқлашиб кўришмадингиз, деб уришсам, “ичдан яхши кўраман” дердилар, шунда мен “ичдан яхши кўришингизни улар билмайдилар” десам, “улар ҳам ичида биладилар” деб мени тинчлантирар эдилар” дея эслайди устознинг умр йўлдоши. Музаффар отаси ҳақда шундай хотирлайди: “Кўчада таёқ есанг, манинг ёнима галиб юрма” дерди акам. Бошқа пайтларда ҳам: Ўз муаммонгни ўзинг ҳал қил, дердилар. Энди билсам, бизларни қотириш учун шундай қилар эканлар. Бироқ, ўзлари бизларга сездирмай биз учун шундай ишларни қилар эдиларки, унга раҳмимиз келарди. “Ака, ўзингизни қийнаб шу ишни қилманг, десак, асло қулоқ солмасдилар. Бир ишни қасд қилса ҳеч ким уни йўлдан қайтара олмасди. Акамнинг бизлар учун нималар қилиб кетганини энди тушуниб етаяпман. Янги иморатга ниятлаб оғир темир жиҳозларни дўкондан олиб ҳавонинг иссиғида қанчалик қийналиб пиёда кўтариб келганлари ёдимга тушса, ҳозир ҳам эзилиб кетаман. Биз учун жонини аямасдилар.”
Устознинг уйларига юрак ҳовучлаб, дорда юргандай борардик. Устоз қанчалар бағри кенг бўлмасин, ёнларида хато гапириб қўйиб унга озор етказишдан қўрқар эдик. Устознинг нафақат ҳар сўзи, ҳар бир ҳатти-ҳаракати ҳам маъноли эди. Биз ҳам шунга монанд ҳаракатланишга тиришардик. Касал ётганларида олиб борган нарсамизни ўзларига кўрсатмасликка ҳаракат қилардик. Кўзи тушса хижолат бўлиб албатта бир гап айтарди. Беозор сўзларни топиб айтарди. Устоз матбуотда биз ҳақимизда бирон гап айтган бўлса, уни кўргани қуруқ қўл билан боришга қарор қилардик. Матбуотда айтган гапига жавобан “совға-саломга” ўхшаб қолмасин деб ҳеч нарса олмасдик. Касаллинмасларидан олдин уйларига борганимизда қўлларимизда китиб, газета ё қоғоз бўларди. Қўлларимизда бошқа нарсанинг бўлиши, гарчи устозга алоқаси бўлмаса ҳам, у кишига халақит бериши мумкин эди. Устозга атаб бирон нарса олиб боришни хаёлимизга ҳам келтира олмасдик.
Устоз кўпгина шоирларнинг қўлёзмаларини машинкада кўчириб валоят ва республика матбуотига беришдан чарчамас эдилар. Бундан муаллифларнинг ўзлари мутлоқо бехабар қоларди. Ижодкор бошловчими, кексами унга фарқи йўқ эди. Кимнинг ижодида йилт этган бир жумла топилса, дарҳол унга телефон ёки хат орқали билдиришга ошиқарди. Кимни кўрса саломдан кейин “ёзаётирмисан” дерди. Кимки нохушланса ё анчадан бери кўринмай қолса ёнларига бир-икки ижодкорни олиб хабар олгани уйига борарди. Йўқлаётган одами шаҳар марказидами, вилоятнинг чекка қишлоғидами, йўл қийинчиликлари ва бошқа муаммолар тўғрисида ўйлаб ҳам ўтирмасди. Борган жойида камтарона ўтирарди. Уй эгалари бирон муҳим юмуш билан банд бўлса, кўмак берарди. Устознинг қадами теккан ханадон эгалари хурсанд бўлиб, узоқ ватгача “бизнинг уйга Матназар ака келиб кетди” деб фахрланиб юрардилар. Фахрланувчилар устознинг салоҳиятини билмасдилар, уни сиртдан кўриб, оддий сўзларини эшитганлар, холос.
Матназар ака меҳмонга борса, ўтирадиган жойни кўпинча, зийраклик билан ўзи танларди. Мезбонни ҳижолатга қўймасликка устамон эди. Тўсатдан бориб қолинган бази уйларда ғариб дастурхон атрофида ҳам устоз ташаббусни ўз қўлига олиб, ҳамманинг эътиборини дастурхонга эмас, суҳбатга – сўзга тортарди. Хайрлашаётганда уй эгасининг узрҳоҳлигини ювиб кетувчи сўзлар айтиб, ўтиришнинг ижобий томонларини таъкидлаб, ҳаммани баробар қаноатлантириб кетарди.
УСТОЗНИНГ СИФАТЛАРИ
* * *
Матназар акада ҳар кимнинг савиясига қараб гаплашиш қобилияти бор эди. Зерикарли одам билан ҳам мазмунли суҳбат қура оларди. Бундан мамнун бўлган савиясиз одамлар “Матназар ака менинг фалон гапимни тасдиқлади” дея мақтаниб, ўзича “мен ҳам Матназар ака даражасида фикрлайман” деган хулосада юрардилар.
* * *
Мен Матназар аканинг руҳсиз, сўлғин, мудраб ўтирганини, эснаганини, хўрсинганини кўрмаганман. Кайфиятсиз, асабий, хорғин ва ғамгин бўларди-ю руҳсиз бўлмасди. Энг оғир аҳволда, гапиришга қийналиб ётганида ҳам руҳи тетик эди. Ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан, ҳаётдан ҳам, ўлимдан ҳам заррача нолимади. Ўлимдан қўрқмайдиган ҳаётсевар эди.
* * *
Бузрукларнинг асарлари олдида ҳаяжонланмасди. Уларни оддий китобларни ушлагандай ушларди. Буюм ёки буюкларни идеаллаштиришга йўл қўймасди.
Отаси билан фахрланишини пинҳон тутар, отаси ҳақда деярли гапирмасди. Биров сўраса, камтарона қисқа жавоб берарди. Отасини қанчалар эъзозлашини юзидан ва сўзидан билиб бўлмаса ҳам изидан билса бўларди. Масалан, ўз исмини кичик ва отасининг номини тўла бош ҳарфларда ёзилишига қаттиқ эътибор қиларди. Кейинги пайтда барча ғазалларидаги Матназар деган номни АБДУЛҲАКИМга алмаштирди. Невараларига Матназаров деган фамилия беришга оёқ тираб қарши турди. Бутун авлодининг Абдулҳакимов ва Абдулҳакимовалар бўлишини васият қилиб қаттиқ тайинлади.
Отаси билан боғлиқ бир воқеа: Матназар ака ўсмирлик пайтида Хоразм телевидениесида шеър ўқиб, отасини хурсанд ҳолда кўриш умидида уйига кириб келганида отаси унга хавотир билан қараб: Матназар, эшитдим, кўрдим шеър ўқиганингни. Машойихларнинг бир гапи бор, “машҳурликда кулфат бор деган” дебди.
* * *
Дардини, ҳасратини бировга тўкиб солмасди. Аксинча бошқалар унинг тоза юрагига ўз дардини ахлат каби тўкишга ҳаракат қиларди. Устоз бу дардларнинг тоза қисминигина юрагига қабул қиларди. Баъзан нопок одамлар билан бир даврага тушиб қолса, даврани тарк этмай, охиригача чидаб ўтирарди. Улар билан бемалол суҳбат қуриб, ўз кўнглига гард юқтирмай, уларнинг ҳам кўнглига озор бермай даврадан чиқиб кета оларди.
* * *
Бирон одам ҳақида гап очилса, унинг фақат ижобий томонларини айтишни хуш кўрарди, салбий томони ҳақида кимдир сўзлаб қолса, пешонаси тириша бошларди. Ёмон кўрган одамлари ҳақида умуман гапирмасди. Устоз қийсидир одам ҳақида бир оғиз илиқ гап айтмаган бўлса, у албатта расво одам бўларди ёки уни одам деб бўлмасди. Биров ҳақида гапираётганда, ўша одам ёнимизда ўтирибди, деб фараз қил, шу гапларни унинг юзига айта олсанг шу ерда айт, деб бизга насиҳат қиларди. Ҳаттоки, ўйлаб турган гапингни бошқалар эшитиб турибди деб тасаввур қил, дер эди. Гапираётганда суҳбатдошининг ёнидагиларни ҳам ҳисобга олиб, ҳар сўзини уларнинг кўнглига мослаб ўлчаб, бичиб айтарди. Сўзни тиғдай моҳирона, у билан бировнинг кўнглини яралаб қўйишдан жуда эҳтиёт бўлиб ишлатарди. Нолойиқ кимсалар устознинг нозик кўнглига қўл солмоқчи бўлса, харсангдай солдомли сўзларни қўрғон қилиб, бегонани кўнглига яқинлаштирмасди. Бировнинг кўнглини қандай авайласа, ўз кўнглини ҳам шундай авайларди.
* * *
Кўп ичилган, ҳамма кўнглига эрк бериб тубанлашган давраларда ҳам Матназар ака барибир Матназар акалигича қоларди. Қуюшқондан чиққанларни ҳар қандай жойда, ҳатто ўз уйида ҳам тартибга чақириб, эсини киритиб қўярди. Унга ҳеч ким эътироз билдирмасди, билдиролмасди.
* * *
Матназар ака камера ёки фотоаппарат олдида келса, оддий одамга айланиб қоларди. Унинг асл қиёфасини акс эттирган биронтаям суврат ёки видиотасвир йўқ. Рассом дўстлари неча бор сувратини чизмоқчи бўлишди. Устоз рухсат бермадилар. Ўзларига билдирмай тасвирга олмоқчи эдик. Сезиб қолишларидан қўрқиб журъат этолмадик. Устознинг ноҳақликни кўрганда бутун вужудини қамраб оладиган вулқондай залворли титроғи(ана шу фазилати ўғли Музаффарга ўтган), тошни ҳам бўлиб юборгудек қаҳрли овози, ўқдек қарашлари; дастурхон устидаги ширин такаллуфлари, чўккан ва яра кўнгилларга таскин ва малҳам бўлгувчи мулойим сўзлари, ўткир ҳазиллари, даврани тўлдириб яйраб (бошқаларни ҳам яйратиб) ўтиришлари, русча шеърларни мароқ билан берилиб ўқишлари, ҳамма-ҳаммаси фақат замондошлари кўз олдида муҳрланиб қолди.
* * *
Қўл кўтариб дуо қилишга уқувсиз эди. Ҳар бир ишни ихлос билан қилишга ўрганган устоз ошкоро дуода оз бўлсада юзакилик бордек ўнғайсизланарди. Аслида, устознинг ҳар сўзи дуога ўхшарди ёки дуонинг ўзи эди.
* * *
Шариатда рухсат этилганидан бошқа ҳолларда ҳеч қачон ёлғон гапирмасди. Қилган ишини бировдан яшириш лозим бўлганда у одам қизиқиб сўраб қолса, ёлғон тўқишни пасткашлик деб биларди. Бундай ҳолларда сўровчига бўлган воқеани айта олмаслигини айтиб узр сўрарди. “Сен шу нарсани билмаганинг яхши” дерди.
* * *
Навоий, Бедил, Румий мутолаасида чарчаш нималигини билмас, ўқиган сари кучга тўлиб борарди. Ёнида ўтирган биз тез чарчаб қолардик. Биз илтимос қилмагунча мутолаани тўхтатмасди. Савияси паст одамлар билан гаплашганда тез чарчаб қоларди. Дармони қурирди.
* * *
Устоз инсон зотининг барчасини ўзига яқин тутиб, дўстона муносабатда бўлавергани оқибатида фаросатсиз кимсалар ҳам ўзини унинг қалин дўсти деб билиб, арзимаган гаплар билан устознинг вақтини олар, кераксиз маслаҳатлар сўрар, ҳатто ақл ўргатиб асабига ҳам тегарди. Кетиш хаёлига келмайдиган бундай нусхаларни устоз ширин сўзлару тансиқ таомлар билан сийларди. Энг иззатли меҳмон қаторида кўрарди. Гарчи ўша нусха ўз уйида устозни беҳурмат қилган бўлса ҳам.
* * *
Устоз билан танишиб ҳамсуҳбат бўлганларнинг ҳаммаси Матназар аканинг энг яқин кишиси менман деб ўйларди. Ростдан ҳам ҳамма унга қалбан яқин эди. Аммо унга фикран яқинлашиш жуда қийин эди. У фикран жуда юксакда турарди. Бироқ жўн саволларга ҳам эринмай чиройли жавоб берарди.
* * *
Матназар акада кучли ҳаё бор эди. Бепарда гапларни айтиш, эшитиш у ёқда турсин, пардаси юпқароқ гапларни эшитганда ижирғаниб қўярди. “Авлиёлардан бири ўз аёли олдида бурун қоқмас экан, шунинг учун унга авлиёлик берилибди” деган гапни кўп такрорларди. Бир куни ҳавонинг иссиғида чўмилишга бордик. Устоз сал нарироққа кетиб ёлғиз чўмилдилар.
* * *
Ўта озода эдилар. Доим ғусл билан юрардилар.
* * *
Марямжон опанинг такидлашича, ҳар куни уч соатдан ортиқ ухламас эканлар.
* * *
Вақтни аниқ айтиш одати бор эди. Соатимизни яшириб, “Матназар ака, соат неча бўлди” деб сўрардик. Бироз ўйланиб туриб “фалондан фалон дақиқа ўтди” дерди. Соатимизга қараб текшириб кўрганимизда бир-икки дақиқадан ортиқ янглишмас эди.
* * *
Матназар ака оғир бемор ҳолидаги яқинларини кўришга бормасди. Дард кўчгандан кейин ёки соғайиб уйига келганидан сўнггина хабарини оларди.
* * *
Матназар ака азага борганда жим ўтирарди. Сўзлаш зарур бўлганда бошқа мавзуда бир неча сўз айтарди. Марҳум ҳақида умуман гапирмасди. Юпатувчи сўзлар айтиб азадорнинг кўнглини тўлкинлантиришни истамасди. Орадан бироз муддат ўтиб, майитнинг суяги совумагунча унинг фазилатлари ҳақида ҳам гапиришдан сақланарди.
Суҳбатлашиб ёки китоб ўқиб ўтирганда кимнингдир қазоси ҳақда хабар келса, паст овозда “яхши одам эди” деб қўяр ва суҳбат мавзуси ёки мутолаада давом этарди. Мен Матназар ака афтидан яқинларининг ўлимини унчалик ўзига оғир олмаса керак, деб ўйлардим. Юзидаги хотиржамлик миямга шундай хулосани қуйиб қўйганди. Марямжон опанинг хотирлашича, устоз руҳи суйган одамнинг жанозасидан келиб, бир ўзи бир хонада сиқилиб қаттиқ изтироб чекар, қайғудан бошини кўтара олмай ўтирар эканлар. Эшикдан биров кириб қолса, дарров бошқа одамга айланиб, очиқ чеҳра билан қарши оларкан. Устоз ҳаёт вақтида биз буни билмасдик.
* * *
Марямжон опа ҳикоя қилади: Матназар меҳмон кутишда ўта сабрсиз эди. Олдиндан дастурхонни безатиб қўйиб, тез-тез соатига қарайверар, тинмай эшикдан кириб-чиқаверарди. Меҳмон кечикса асабийлаша бошларди. Қанча уринмай уни тинчлантира олмасдим. “Вақтида келолмас экан, нега ваъда беради? Кечикишини менга бир оғиз билдириб қўйса бўлмайдими?” деб йўқ меҳмонни койишдан тўхтамасди.
Матназарнинг чиройи доим меҳмон билан очиларди. Бир неча кун уйимиз меҳмонсиз қолса, Матназарнинг юзи булутлашарди. Ишдан келишим билан уйдагилардан имо-ишора орқали “акаси”нинг кайфиятини сўраб билардим. “Очиқ” бўлса, ҳаммамиз чараққос, “булут” бўлса, оёқ учида кириб-чиқардик. Ёнига боришга ҳеч кимнинг юраги дов бермасди. “Чой ичасизми?” деб сўраб кўриш учун бир-биримизга “”сен бор, сен бор” деб турардик. Бундай пайтда дўстларидан бири келиб қолишини истаб икки кўзимиз эшикка термуларди. Меҳмон келиши билан “акаси” чароғон бўлиб, уйдагиларга ҳам меҳри тошиб кетарди. Меҳмондан ҳеч нарсани аямасди. Оқтиқларга ниятлаб яшириб қўйган мазали егулик бўлса ҳам “олиб чиқ” деб буюрарди. Баъзи кунлари уйга меҳмон чақирганини айтиб менга овқат тайёрлашни тайинларди. “Уйда меҳмонга арзигулик нарса қолмади. Сиз буёғини ўйламай доим меҳмон чақирасиз. Мен уларга хизмат қилишга қийналмайман. Бироқ, дастурхонимиз сизнинг обрўйингизга мос бўлиши керак-ку, десам, “акаси” менга, меҳмон ризқи билан бирга келади, сен борингни пиширавер, келадиганлар менинг дастурхоним учун эмас, сўзим учун келидиган одамлар. Биз овқат учун эмас, суҳбат учун тўпланишамиз, деган гапларни айтарди. Матназар вали экан. Айтгани доим тўғри чиқарди. Онда-сонда меҳмонсиз қолмаса, уйимиз доим одамсиз бўлмасди. Ризқини ҳам Худо етказиб турди.
ТЎЙ КУНИ ЮГУР-ЮГУР
Вазирдаги катта тўйхонада Содиқжон Иноятовнинг тўйида ўтиргандик. Матназар ака қулоғимга шивирлади: Соат саккизда “саккизинчи канал” мен ҳақимда кўрсатув беради. Улуғбек Собиров телефон қилиб айтди. Кўришга иштиёқ эмасману эртага Улуғбекка телефонда миннатдорчилик билдириб қўйишим керак. Кўрсатувни кўра олмадим десам, унга ҳурматсизлик бўлади. Соат саккизга яқинлашганда ёнимиздагиларга билдирмай, очиқ ҳавода айланиб келишни баҳона қилиб бу ердан чиқиб кетамиз, деди. Узримизни айтиб, сал ноқулай бўлсада тошкентлик меҳмонлар орасидан суғурилиб чиқдик. Шу ерлик дўстларимиздан бирига эргашиб телевизор сари шошилдик. Тўй эгасини безовта қилмаслик учун беш-олти жой нарига ўтиб бир уйга кирсак, телевизори “8-канал”дан кўрсатмас экан. Шошиб бошқа уйга кирдик. Уйда ҳеч ким йўқ, ҳаммаси тўйда шекилли, чақириғимизга ҳеч ким жавоб бермади. Энди орқага бурилиб кетмоқчи эдик, ичкари хонадан касалванд бир киши чиқди. Муддаомизни англаши билан дарҳол телевизорни ёқишга тутинди. Экран ёришган заҳот электр чироқлари ўчиб қолди. Асабимиз таранглашиб кўчага чиқдик. Зулматга чўмган уйлар орасидан узоқда чироқлари ёниқ дўкон кўринди. “У ерда телевизор бор”, деди шеригимиз ва олдинда чопиб кетди. Инсультни ўтказган Матназар аканинг ўнг қўл ва ўнг оёғи яхши ишламасди, оқсоқланиб югурарди. Мен устозга ёрдам беришдан ожиз эдим. У жисмонан ёрдамга қўл узатган одамни ёқтирмасди. Ҳар қандай ҳолатда – оғир аҳволда ётганида ҳам қийналиб бўлса-да ёнбошига ўзи ағдариларди, ҳеч кимдан, ҳатто ўғилларидан ҳам ёрдам сўрамасди. Ёнимдаги буюк бир инсоннинг қийналиб бораётганидан, ўзимнинг чорасизлигимдан бағриб эзиларди. Ичим потирлагани билан устоздан ўзиб кета олмасдим…
Агар биз бу хабарни бошқаларга билдирганимизда бутун бошли тўйхонадан устознинг юзи учун беш-олти кишигина бизга ҳамроҳ бўларди. Бордию устоз шу ерда бўлмаса, тўйхонани ҳеч ким тарк этмасди. Шеър эшитаман деб уйма-уй югурадиган битта ҳам одамни мен ҳали учратганим йўқ. Аммо, Мексика сериаллари бошланган дақиқада тўйларда фақат уч киши – келин билан куёв ва биттагина ашулачи қолганига кўп бор гувоҳ бўлганман.
…Кўрсатувнинг охирини бўлсада кўриб қолиш илинжида дўконга халлослаб кирдик. Хайрият, энди бошланаётган экан. Кўрсатувни тамомлаб, ҳеч нимани кўрмагандай тўйхонага қайтдик.
“Битта даҳони юзага чиқариш учун бутун бир халқ минг йил тайёргарлик кўради” деган эди устоз. Уни таниш учун яна минг керакка ўхшайди, менинг назаримда. Бир кун келиб одамлар “шундай инсон билан замондош бўлган эканмиз, ёнида юриб билмаган эканмиз”, десалар ажабмас.
СЎНГГИ КУНЛАР
Марямжон опа дард тўла оҳангда ҳикоя қилди: “Бир куни… инсульт қайталамасдан бир-икки кун олдин… ҳеч ерда ҳеч гап йўқ, Матназар акангизнинг йиғлаган товуши эшитилди. Ҳеч қачон йиғламас эдилар, юрагим ёрилиб югуриб бордим. Ҳа, не бўлди, деб сўрасам, жавоб бермасдан фақат йиғлайверди. Матназарнинг йиғлаганини биринчи марта қўриб турардим. Сабабини билмай мен ҳам унга қўшилиб йиғлайвердим. Етим ўсган болалигидан бошлаб, то шу кунгача бошидан ўтган кунларни айтиб бир кеча-кундуз йиғлади. Сўнг бошқа йиғламади. Шундан сўнг хавотирланиб уни ёлғиз қолдирмайдиган бўлдим. Бир ўзи ёлғиз қолса, сиқиладиган бўлди. Унинг учун биздан кўра дўстлари азизроқ эди. Уни бу дунёда дўстларининг дийдори тутиб турарди.”
Урганч туман касалхонаси, 4-хона. Устознинг у ерда эканлигини маълум одамларгини биларди. Сабаби, Матназар ака ҳар гал касалхонага кетаётганида ҳеч кимга айтмасликни оиласидагиларга қаттиқ тайинларди. Унинг бу одатини яхши билган дўстлари касалхонага тасодифан эшитган бўлиб борарди. “Тасодиф”чилардан бири узоқдаги дўстларидан салом олиб келганини айтганида, устоз унга жавобан: “Сиз ҳам уларга менинг бу ердалигимни сездирмасдан салом айтинг. Эшитсалар овора бўлиб келишга уринадилар, келолмасалар, боролмадим деб баттар қисиниб юрадилар,” деди. Дард кундан кун зўрайиб, нафас олиши қийинлашиб қолганида ҳам ҳузурига келган киши олдида ўзини тетик тутарди. Шу кунларда Тошкентдаги дўстларимиз бизга тез-тез телефон қилиб, устознинг аҳволини сўраб турдилар. Уларнинг ҳаммаси бир хил гапни такрорларди: Устознинг аҳволи оғир деб эшитиб, Марямжон опага телефон қилсам, Матназар аканинг қувноқ овози эшитилди. Касал одамга ҳечам ўхшамаяпти. Касаллиги ҳақида ўзларидан сўраш ноқулай. Нима бўлди, ўзи?
Устоз бировга заррача оғирлиги тушишини истамасди. Бирон нарса керак бўлса Маямжон опадан илтимос (!) қилар (буюриш эмас, сўраш эмас, фақат илтимос қилиш… тағин ўз аёлидан), умр йўлдоши узатган ҳар бир нарса учун раҳмат айтишни канда қилмас эди.
Устоз 2010 йил 18 сентябр шанба куни соат 19 яримларда охират сафарига йўл олган бўлса, мен бу воқеадан уч кун олдин ёнларида эдим. Сешанба куни уйларида тунаб, чоршанбада қайтиб кетгандим. Хайрлашаётганимда яна бир кун қолишимни илтимос қилди, бироқ зўрламади. Суяниб ўтирган ҳолида нигоҳини ерга қадаб “мендан тез-тез хабар олиб туринглар” деди. Орага бир оз жимлик чўкди. Кейин: “Жуманазар кўринмай кетганига кўп вақт бўлганди. Яқинда келиб, ўтирмасдан кетиб қолди. Энди тез-тез келиб тураман, деб ваъда бериб кетди. Биламан, энди у келмайди,” деди ғамгин бир ҳолда. Ҳар қачон устоз қуюқ хайрлашарди. Шу сафар эшикдан чиқаётганимда жимгина термулиб қараб қолди.
Эртаси куни Хоразм телевидениеси ходимлари Гавҳар Ибодуллаева билан устозни тасвирга олиш учун келганларида “мени диванга ўтқазинглар, диванда ўтириб гапираман” деганлар. Ўша пайтда устоз ҳамма билан ётган жойида гаплашар, ҳар бир аъзосини ҳаракатлантириш минг азоб эди. Унинг шунча вақт диванда ўзини тутиб ўтирганига Маямжон опа ҳам ҳайрон. Тасвирга олмоқчи бўлсалар, “аввал овқатланиб олинглар, иш кейин бўлади” деганлар. “Аввал тасвирга олайлик, овқатни сўнг еймиз, сиз толиқиб қолманг” десалар ҳам кўнмаган. То ходимлар овқатланиб бўлгунларича диванда кутиб ўтирган. Бу устознинг тасвирларда сақланадиган энг сўнгги сўзлари экани ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Уни келиб кўриб кетаётган ҳамма одамнинг миясида “Матназар ака албатта тузалиб кетади, ҳали узоқ яшайди” деган фикр бор эди. Эртасига, жума куни устоз ҳақидаги кўрсатувнинг биринчи қисми намойиш этилди.
Шанба куни… Ҳеч кутилмаган, ҳеч ким ўйламаган… ҳаммамизни ларзага солган кун. Устозни касалхонага олиб борадилар. Муолижалар наф бермагач, кечқурун уйига олиб келадилар. Кўзлари юмулган, тилдан ҳам қолган эдилар. Уни меҳмонлар ўтирадиган катта хонага ётқизадилар. Бир пайт устоз кўзларини очадилар. Кўзлари билан имлаб яқинларини чақирадилар. Кимга нигоҳини қадаса, ўша одам ёнларига келади. Устознинг чап қўл бармоқлари қимирлайди. Бу “қўлингни бер” дегани эди (валлоҳу аълам). Қўлига жойлашган қўлни аста сиқиб, киприклари билан “мендан рози бўл” ишорасини қиладилар. “Розиман, сиз ҳам мендан рози бўлинг” деган жавобни эшитгандан кейин унинг қўлини қўйиб юбориб, бошқа қариндошига кўзларини тикадилар. У ҳам ёнларига келиб ўтиради. Шу ерга йиғилган яқинлари билан шу зайилда видолашиб бўлгач, муборак кўзларини мангуга юмадилар.
Устознинг шундай сатрлари эсга тушади:
Кетиб олсам, бир кетиб олсам
Дунёга мен қайтиб келмайман…
* * *
Ўтиб кетади деб ким айтди мени,
Сенинг юрагингда қолиб кетаман…
Хоразмнинг ардоқли шоири 2010 йил 19 сентябрда Урганч туманидаги Шаҳобиддин бобо қабристонига ўз ота-онаси ёнига дафн қилинди.
Юқоридаги тўртлик иқтидорли рассом ва ҳайкалтарош Соли Қодиров томонидан устознинг қабр тошига ўйиб ёзилди.
ОҒИР КУНЛАР БОШЛАНДИ
2010 йил мен учун оғир келди. Бир йўла икки устоздан айрилдим. Том маънода айтсам, ўзи бор-йўғи иккита устозим бор эди. Уларнинг ўрнини энди ҳеч ким босолмасди. Ўша йили эрта баҳорда устоз Садриддин Салим Бухорийни оллоҳ ҳузурига чақирганини ҳали тасаввуримга сиғдира олмай юрганимда – кузак бошида Матназар акадан ҳам ажралиш мен учун кутилмаган, англаб бўмайдиган ҳодиса бўлди. Бу воқеа менда довдирашга ўхшаш, ўзни йўқотишга яқинроқ ҳолатлар билан бирга масулиятни сезиш ҳиссини ҳам пайдо қилди. Одоқ араваси қўлидан тортиб олиниб, энди мутақил қадам ташлашга мажбур болага ўхшаб вужудимга дадиллик ўрнашди. Ғойибдан келган ана шу дадиллик устознинг мотами юкини кўтаришимда руҳимнинг устуни бўлди.
Матназар ака орамиздан аста-секин кетди. Аста-секин кетди, деганимнинг сабаби, гарчи, ўша соатдаёқ Тошкент, Қозоғистон, Туркманистон каби жойларга телефон қўнғироқлари қилинди; эртаси куни эрталабдан “8-канал” орқали халққа билдирилди; шу куни дафн маросимига келган минг-минглаган одамга кенг кўча торлик қиларди. Шунга қарамай, олти ойдан кейин ҳам, бир йилдан кейин ҳам қишлоқлардаги кўпчилик одамлар менга “хотира кўрсатувида Матназар акани кўрсатишди, оламдан ўтдими ё англашилмовчиликми?” деб савол беришарди. Ҳатто, баъзилари “кейинги пайтда устозинг телевизорга тез-тез чиқадиган бўлиб қолди, яна биронта унвон олдими ё?” – дейишарди ҳам. Устознинг ўлими ҳақидаги хабар тезкор ахборот воситаларининг кўмагида бир йил деганда бутун воҳа одамларининг қулоқларига тўла етиб борди. Устоз орамиздан аста-секин кетгани сабабли вафотининг мотом юки ҳам халқ бошига аста-секин тушди. Шундай оғир юк бирданига тушса, остида қолганларни майиб қилиши мумкин. Кутилмаган мудҳиш хабардан қанча одам ўзига келолмай юрди. Устоз вафотидан сўнг қанча инсонлар учун оғир кунлар бошланди. Мотом юки қанча одамнинг юрак-бағрини эзиб яралади. Нима бўлса Марямжон опага бўлди.
Устознинг ўғли Музаффар отасининг ҳар бир маракасида кимнидир кўрсатиб: Анави одам ким? “Отанг билан қадрдон эдик. Уйингизга кўп келганман” деяпти. Сиз танийсизми? – деб мендан сўрарди. Мен ҳам танимаслигимни айтардим. Бундай нотаниш қадрдонлар сони ҳар бир марака ва тадбирларда кўпайиб борарди. Айрим биродарларимиз уларнинг баъзиларидан шубҳалана бошлади. Ўзини қадрдон қилиб кўрсатувчилардан бўлса керак, деб ўйлашди. Аммо, масала ойдинлашгач, гумонлари тарқаб кетди. Биз устознинг дўстларидан ўндан тўққиз фоизини биламиз, деб юрардик. Вафотидан кейин ўндан бирини ҳам билмаслигимиз аён бўлди. Устоз Урганч заминида бўй кўрсатиб, илдизлари Хоразм, Тошовуз, Қорақалпоқ диёрларини қамраб олган гужумга ўхшарди. Илдизи етган жойлардаги барча соҳа вакилларининг билимдонлари билан фикрлашиб, дўстлашишга улгурган экан. Бошқа вилоятларда ва мамлакатимиз пойтахтида, шунингдек, Туркманистон, Қозоғистон, Эрон давлатларида, Таганрог, Москва шаҳарларида дўстлари борлигидан хабаримиз бор. Аммо уларнинг сони қанчалиги ёлғиз Худога аён. Дунёнинг биз тилга олмаган кўпгина жойларида ҳам танишлари ва мухлислари оз эмаслигига шубҳа йўқ.
Устоз вафотидан кейин ана шу масала пайдо бўлди. Аслида бу гап аввалдан кўпчиликнинг қалбида бор эди. Ўзларидан ҳайиқиб ҳеч ким айтолмасди. Ўшанда тилини тийиб юрганлар энди ичида борини тўкиб сола бошлади. Кимларнинг назарида Матназар ака ўз қадрини топмаётгандек, кимларнингдир назарида унга ортиқча баҳо берилаётгандек туюларди. Устоз ўзининг камтарона ҳаёти ва самимий сўзлари билан ҳар икки томоннинг исён олови кўтарилмасдан олдин сув сепиб турарди. Энди бўлса шу олов авж ола бошлади. Биринчи томоннинг – устоз ихлосмандларининг ҳовури жуда баланд. Иккинчи томондагилар яъни “Сулаймон ўлиб қутилган девлар” кўзадан ташқарига чиқиб олгани билан ичидагини ташқарисига чиқара олмай юрибдилар. Улар оқимга қўшилиб устозни мақташдан бошқа чора тополмаяптилар.
Биринчи томондагиларни тушунса бўлади. Уларнинг мақсадлари тоза ва талаблари тўғри. Бироқ, улар орасида бироз ҳаддидан ошувчилар борлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Иккинчи томондагиларнинг эътирозлари тегирмонига айнан шулар ўзлари билмасдан сув қуйиб юборадилар. Иккинчи томон вакилларининг ўзини икки тоифага ажратиш мумкин. Биринчи тоифанинг эътирозлари устозга эмас, мухлисларига қаратилган. Улар устознинг ҳурматини жойига қўйишади, лекин ортиб кетишини ҳоҳламайдилар. Чунки, биринчи навбатда ўзларининг ҳурмати ҳақда қайғурадилар. Иккинчи тоифа ҳақида гапирмаган маъқул. Устоз таъбири билан айтганда “улар ҳам ўз кунига соғ бўлсинлар.”
Энди мақсадга кўчайлик: Устоз ушбу мақолани ўқиб қолсалар, сўзимиз бошида келтирган таърифлардан қайси бирини қабул қилган бўлардилар? Албатта охиргисини. Аммо, ошириб берилган таърифларнинг барчасида ҳам бир чимдим бўлсада ҳақиқат борлигини тан олишимиз керак. Юқоридаги таърифга лойиқ одамлар фақат ўтмишда эмас, ҳозирги замонда ҳам бўлишини истаган мухлислар донишманд, даҳо, авлиё деб аталувчи бир зотни Матназар АБДУЛҲАКИМ қиёфасида кўрганлар. Нега улар айнан Матназар акани танладилар? Чунки, устоз биз билган одамлар ичида энг мукаммали. Унда инсонга хос бўлган фазилатларнинг барчаси мужассам эди. Айтилаётган таърифларга устоздан бошқа лойиқ номзод йўқ эди.
Аслида, ҳар бир жон Аллоҳнинг буюк мўъжизаси ва ҳар бир оддий одам Ҳазрати Инсон эмасми?
МУЛОҲАЗАЛАР
* * *
Мухлисларининг ичида катта кўпчилиги устозни ўзининг энг яқин кишиси деб билади. Бу – уларнинг фикри. Устоз-чи? Кимларни ўзига энг яқин деб билади. Менимча, бу масалада ўша яқинлар билан орадаги масофа анча узоқ кўринади. Ва устоз ўзлари таржима қилган буюкларга ораларидан қил ўтмас даражада яқин бўлиб қоладилар.
* * *
Устознинг кўп такрорлайлиган бир гапи бор эди: “Луқмони Ҳаким ҳам ўзимизга ўхшаган одам эди, бироқ билмаган нарсаси ҳақида гапирмасди, деган экан замондошларидан бири.”
Устоз ҳам ўзимизга ўхшаган одам эди, фаришта эмасди, бироқ… Ҳамма гап ана шу “бироқ”да. Шу бир сўзнинг ичида кўп нарса бор. Шу сўз гўёки бир тилсим. Уни оча олмай қанча зукко одамлар оввора.
…бироқ, одамларнинг ҳеч бири унга ўхшамасди. Уни фаришталар қаторига қўшиб бўлмасди. Фаришталар ёнида одам, одамлар ёнида фариштага ўхшарди. Унда фариштанинг сифати бор эди. У умри давомида Инсонларга мажозий маънода сажда қилиб яшади.
* * *
Устозни даҳо десак бўлармикан? Менимча, индамаган маъқул. Агар, даҳо эди, десак, сал хато қилган бўламиз. Борди-ю, даҳо эмас эди, десак, кўпроқ хато қилган бўламиз, менинг назаримда.
УСТОЗ ҲАЁТИДАГИ ҲАЗИЛЛАР
ИККИ ХИЛ ҚЎЛ
Матназар ака касалхонадан келган куни уйларига бордим. Иккимиз бирга чой ичиб ўтирардик. Ўнг қўли яхши ишламасди. Устоз туздонга қўл чўзмоқчи эди, қўллари унчалик ёзилмади. Мен дарҳол туздонни олиб узатдим. Устоз хижолат бўлмасин деб ҳазилга бурдим:
– Қўлингиз қанчалар узун-а!
Устоз бирдан кулиб юборди ва:
– Тўғри, лекин, калта қўл ҳам баъзида керак бўлиб қолади, – дедилар.
ДАЛИЛ
Шуҳрат Маткарим шундай ҳангома қилади: Тўйдан чиқиб, машинада Хонқадан келаяпмиз. Кайфият аъло. Машинанинг тезлиги ҳам кайфиятимизга мос. Йўл четидаги дарахтлар кўзимиз қироғидан лип-лип ўтиб турибди. Матназар ака гап бошлади:
– Шуҳрат! Одамнинг маймундан тарқагани ростга ўхшайди. Ишонавер, далил келтирмоқчиман. Ҳозир ҳув анов дарахтга кўзим тушганда, шунинг бошига чиқиб бир гўзал билан қувлашмачоқ ўйнагим келиб кетди. Агар маймундан тарқамаганимизда бу фикр миямга келмаган бўларди.
ЁНИДА БИТТАСИ БОРМИДИ?
Ёзувчилар уюшмасининг эски биносига Гурландан етиб бордим. Матназар ака ўз ўрнида китоб ўқиб ўтирарди. Шуҳрат ака бир иш билан кетиб, тушдан кейин келиши керак экан. Салом-аликдан кейин суҳбатимиз узоқ чўзилмай эшикдан Шуҳрат ака кириб келди. Мен билан сўрашиб бўлгач, устозга қараб: Суюнчи беринг, – деди. Устоз унга савол назари билан қаради. Улар ўртасидан савол жавоб бошланди:
Дўстларидан эшитганим бир воқеа эсимга тушди: Яқин жўраларидан бирининг оиласида жанжал бўлиб, ҳеч ким уларни муросага келтиролмабди. Жанжалга сабаб, хотини эрининг корейс аёл билан юрганини билиб қолибди. Бир-неча дўстлари келиб “Бу ёлғон гап, биз ишонмаймиз, миш-мишларга ишонаверасанми” деса, аёл “ўзим кўрдим” деб шаштидан тушмабди. Охири улар Матназар акани чақирибдилар. Шунда устоз: Корес билан юрганига шукур қил, корейс миллатига онда-сонда кўзинг тушади. Ўзбек аёл билан юрганида, ҳамма ёғинг ўзбек, ҳар ўзбекни кўрганда асабинг бузилаверарди, деб аёлни тинчлантиришга муваффақ бўлган экан.
Матназар ака учун бундай сўзлар деҳқончилик эди. Айни пайтда сўз устознинг қудратли қуроли эди.
УСТОЗНИНГ АРМОНЛАРИ
Армон сўзини шартли равишда, иложсизликдан ишлатаяпман. Касалхонада ётганиларида Марямжон опа: “Бугун ҳеч нарса емадингиз, мана шу овқатдан озгина бўлсада есангиз яхши бўлар эди” дедилар. Устознинг бирдан асаби қўзиди. Пичоқ суққандай қилиб: “Марямжон! “Эди” дема! Ҳеч қачон армон билан сўзлама! – дея огоҳлантирдилар. Ушалмаган орзулари кўп эди-ю битта ҳам армони йўқ эди. Устоз Бедилдан кейин Румий таржимасига қўл урмоқчи ва “Таржимон талқинлари” рукнидаги илмай ишларини давом эттирмоқчи эдилар. Ғазалларини кўпайтириб алоҳида китоб қилишни, яна бир китоби фақат ўқитувчиларга бағишланган шеърлар бўлишини, Аҳад Назар таҳаллуси билан ўз ҳаётидаги латифаларни ёзиб бир китобга жамлашни орзу қилган эдилар. Вафотидан чамаси бир ойлар олдин уйларига боргандим. Дераза токчасида турган бир китобни олиб беришимни илтимос қилдилар. Олиб бердим. Уни авайлаб ушлаб, у ёқ-бу ёғини кўриб, яна жойига қўйишимни сўрадилар. Янги чиққан китоблар устознинг уйига сувдай оқиб келарди. Қалам тутган одам борки, китоби чиқиши билан устозга етказишга ошиқарди. Токчадаги китоб шулардан бири эди. “Буларни соғайганимдан сўнг ўқирман,” дедилар. Бироз жимликдан сўнг: “Мен энди чарчадим. Беш-олтигина китоб ёзиб чарчаб ўтирса, одам уяларкан. Ёзган китобларингни ғишт тергандай тахтлаб қўйиб чарчасанг! Кейин чарчадим десанг арзийди. Мен ижоддан чарчамадим. Мени касаллик чарчатди. Соғайсам, ҳали бироз режаларим бор, шуларни амалга ошираман. Бедилдан яна бир қадар таржима қилгудек кучим бор.”
Устоз бу гапларни дадиллик билан айтди. Энди ижод қилолмаслигини билдирмаслик учун, менинг кўнглимни чўктирмаслик учун айтаётганини мен у пайтда яхши англамас эдим.
Устоз ижоднинг кенг майдонига энди чиқиб олган эди. Ҳаммамизга маълум уч йўналишда қилган ишлари кўзлаган мақсадининг дебочаси холос. Унда бўйи баробар қилиб китоблар ёзгудек куч ва салоҳият бор эди.
Бир куни ёшлик пайтида Тошовуз томонда бир дарвешни кўрганлигини эслаб “Сўнгги дарвеш” деган мақола ёзишни кўнглига тугиб қўйганлигини айтди ва дарвешлик ҳақида ҳам бироз тўхталди. Ўша суҳбатдан Мурод Иброҳим қалбига бир чўғ тушган экан, устоз вафотидан сўнг мана бу шеърни кўтариб келди: