Андижон: Муҳаммад Юсуфнинг Марҳаматдаги қабри ва уйига зиёрат…
ЯНГИ АНЪАНА
(қабристонга кириш эшиги олдида)
Андижон вилоят ижодкорларининг “Нафосат” клуби бу йил ҳар ойда бир марта сайлгоҳларда мушоира ўтказишга келишишган эди. Бу сафарги анжуманни бир овоздан Маҳаммад Юсуфнинг ота уйини зиёрат этишга қарор қилишди. Чунки ўтган ойда рўза туфайли бу анъанавий анжуман қолдирилган эди.
Келишилган пайтга клубдошлар катта кўтаринки кайфият билан йиғилдилар. Барча йиғилгандан кейин клубнинг жонкуяр аъзоси, бундай тадбирлар масъули, профессор Абдуқодир Нурмухаммад ўғли Саттаров Марҳаматга бориб келиш учун транспорт масаласини ҳал қилгач, қувноқ кайфият билан сафарга отландик.
Йўлга ҳали чиқмай туриб ижодий мулоқот бошланган бўлса йўл-йўлакай яна бу қизиқарли суҳбатлар, мунозаралар эркин кўринишда давом этди. Ҳатто ижодкорлар машинада шеър ўқишнинг имкони бўлмагани учун ёзиб келган шеърларининг қўлёзмаларини бир-бирига кўрсатиб боришарди.
Машинада турли латифагўйлик, хангомалар айтиш, катта ижодкорларнинг ҳаёти тўғрисида савол-жавоблар бўлар, ёшлар биринчи марта бундай ажойиб сайрдан ўзида йўқ шодлиги кўзларидан кўриниб турарди. Машинадаги кайфият ва суҳбатларни четдан гувоҳи бўлган одам худдики бир катта оила саёҳат қилгани кетяпти экан дейиши мумкин эди.
Марҳаматга етиб борилгач, биринчи шоирнинг қабрини зиёрат айлаб, унинг ва шоирнинг ўтган аждодлари руҳига қуръон тиловат қилдилар.
(Мухаммад Юсуф қабри ёнида)
Зиёрат пайтида эсдалик учун қабр бошида ва қабристонда суратга тушдилар.
(қолган суратлар пастда) Қабристондан кейин шоирнинг уйига ташриф қилинди. У ерда ҳозирда истиқомат қилаётган шоирнинг укаси оиласи билан кўришиб, Муҳаммад Юсуфнинг ота уйидаги суратларни кўриб яна бир бор суратга тушдик.
(Мухаммад Юсуфни укаси билан уни хонадонида)
Қайтишда Асаканинг “Чўнтагида” ош буюриб, ош пишгунча мушоира қилишди.
Камина ижодкорларга сўз берар эканман, ҳар бирининг Муҳаммад Юсуфга аталган шеърлари борлигини яхши билардим. Аввалдан эълон қилмасам ҳам мушоиранинг асосий мавзуси Муҳаммад Юсуф бўлди. Шоирларимизнинг шоирга аталган шеърларини тинглагач анъанавий мавзули китобимизнинг бир бобини “Муҳаммад Юсуф хотираси” деб номлашга келишдик.
Мушоирада сўзлаган кекса шоир Комилжон Ҳакимов, Суҳайлий, Фарид Усмон, Турғун Тўра, Иброҳимжон Аҳмедов, Абдуқодир Саттаров , Тўлқин Абанов, Муроджон Қодиов, Одилжон Худойбердиев, Мирзомаҳмуд Ботиров, Абдунаби Абдураҳмоновлар ҳам Муҳаммад Юсуф тўғрисидаги хотиралари ва унга бағишланган шеърларидан ўқиб бергач, бошқа ижодкорлар ҳам бу мушоирани давом этдилар.
Айниқса ёшларнинг шеърларида ҳали жуда мукаммал бўлмаса ҳам жуда самимий ва шоирга бўлган катта ихлос сезилиб турарди. Айниқса булар ичида ёш шоиралардан Ҳолида Ҳасанова ва Ойшабонунинг шеърлари кўпчиликка маъқул бўлганини кутилмаганда чалиниб кетган қарсаклардан сезиш мумкин эди.
Андижонча “Чўнтак” ошини еб бўлгач мен бу анжуманимиз ҳар сафаргидан қувончли, қизиқарли бўлганидан ташқари бизни янада бир оиладай бирлаштиргани, ёшлар катталарни, катталар ёшларни яна ҳам яқинроқ танигани, орамиздаги яқинлик яна бир неча поғонага кўтарилгани, бу сафарги камчиликларни келгуси сафарларимизда ҳисобга олишимиз, бундай сафарларнинг клубимизни бир оиладай жипслаштиришда катта аҳамияти борлиги ҳақида гапирганимда барчаси жуда катта мамнуният қабул қилишди билан маъқуллашди.
Анжуман ниҳоясида клубимизнинг “Эъзоз” ансамбили учун ёзган янги ғазалимни кўпчиликнинг тасдиқидан ўтказиш учун ўқиб бердим.
УМР
Меҳр берсанг сенга чин дўст бўлар бегоналардан ҳам,
Ўзини ўйлаган айро бўлур ҳамхоналардан ҳам.
Боқиб кийим ва бойликка баҳо берма ҳар инсонга,
Чиқар Машраб каби доно гоҳи девоналардан ҳам.
Элу юртга фидо қил жон, ишинг шуҳрат учун қилма,
Кечар халқим даҳоман деб, юрар мардоналардан ҳам.
Ҳеч ўксинма қолиб четда, гўзал айла бутун қалбинг,
Ярақлар гул очилганда гоҳи вайроналардан ҳам.
Боболардан олиб ҳикмат, ақил уйинг чароғон қил,
Уларнинг ҳикмати қиммат турар дурдоналардан ҳам.
Муҳаббат деб фидо қилма гўзалларга ҳаётингни,
Сени хор айласа қолгай кўнгил жононалардан ҳам.
Ғани умрингни қадрига етиб вақтинг ғанимат бил,
Кетарсан бир куни кутган гўзал кошоналардан ҳам…
Мен бу шеърни айниқса кекса шоирларимиз Сухайлий ва Фарид Усмон кўригидан бир ўтишини истаб уларнинг ёнига келиб ўқиб бергандим. Уларнинг “жуда маъқул” деган тасдиғидан мамнун бўлдим ва бу ғазалнинг қўшиғини кейинги анжуманга кўпчилик эътиборига ҳавола қилишга сўз бериб, мушоиранинг сўнгги сўзини клубимиз фахри, моддий ва маънавий раҳбари Фарид Усмонга сўз бердим. У сўз олар экан, бу анжуманни ташкил этилишининг аҳамияти ва ўзига жуда маъқул бўлгани, ёшларнинг ижодида ҳам ўсиш сезиларли даражада бўлаётганини айтиб ўтди.
Шу билан бу йилги энг қизиқ ва ҳаяжонли анжуманимиз ниҳоясига етди. Анжуман ниҳоясида яна Комилжон ҳожи Ҳакимов иштирокчилар ижоди янада ривож топишини, бу анжуманни ташкил этганларга миннатдорлик, қатнашчиларнинг келгуси ижодининг ривожланишини тилаб узоқ дуо қилди…
Ғани МАЖИД,
“Нафосат” клуби бадиий
раҳбари, шоир ва носир
Биз ҳам Ҳар йили ташриф буюрамиз олтмиш етмиш Ижодкорлар билан. Устознинг оҳирати обод бўлсин.
Шоирликни суймайди жиним
Менга хавас килмагин иним…
Барча ёзган шеърим бир тилим
Хандалакка алмашаман мен…
Бундай сатрларни ёзишни узи бир махорат (замирида эса машаккат ётганлиги аник!) булса, Буюк шоиримизнинг шеърларини мутолаа килишни узи бир рохатдир…
Мухаммад Юсуфдек ёзолмас хеч ким
Мухаббат куйчиси булолмас хеч ким!
Балким юз йилдан сунг чикар ухшаши
Лек Унинг тогига чиколмас хеч ким…
Ғани Мажид: «Андижон вилоят ижодкорларининг “Нафосат” клуби бу йил ҳар ойда бир марта сайлгоҳларда мушоира ўтказишга келишишган эди». Ҳар бир вилоят, туман марказида шундай Бадиий ижод тўгараги бўлиши керак.
Муҳаббат деб фидо қилма гўзалларга ҳаётингни,
Сени хор айласа қолгай кўнгил жононалардан ҳам.
Қойил, ниҳоят СНБ ҳам жавоб ёзишга мажбур бўлибди Исмат Хушевга. Бунақаси ҳали тарихда бўлмаган…