Ёқубжон Хўжамбердиев: Қандай ажойиб дамлар эди-я!…
“Дунё ўзбеклари”дан:
Ёқубжон ака билан “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бирга ишлаганмиз. Камтар ва камсуқум, кўнгли ниҳоятда тоза, дилкаш ва самимий инсон. У кишининг бирор марта ҳам бировга қаттиқ гапирганини ва ё қўполлик қилагинин кўрмаганман, эслайолмайман.
Кеча у кишидан хат олдим:
“Ассалому алайкум, қадрли укам Исматжон!
Яхшимисиз, оилангиз, болаларингиз соғ-саломат юришиптими? Биздан сўрасангиз, Худога шукур, соғ-омонмиз. Менинг “Журналист қалами билан…” сарлавҳали мақоламни “Дунё ўзбеклари”да чоп этилганидан бошим осмонга етди. Ундан рухланиб қуйидаги туркум шеърларим хамда “Болосоғун” номли достонимни сизга тавсия этишга журъат этдим. Биргаликда ишлаган пайтларимиз, ўтказган вақтларимизни кўп эслайман. Қандай ажойиб дамлар эди-я!…
Ёқубжон”
Яширмайман, хатни ўқиб, кўзларимга ёш келди. Кўнглим бузилди. Ростдан ҳам қандай ажойиб дамлар эди. Бугун энди у дамлар ҳам хотирага айланиб қолди. Мен учун эса нафақат у дамлар, балки Ватаним ҳам хотирага айланиб қолиши мумкин…
Шавкат Мирзиёев менга бундай оғир ва фожеали қисматни раво кўрмаса керак деб умид қиламан…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
3 июль, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…
Ёқубжон Хўжамбердиев (1947)
Ёқубжон Хўжамбердиев 1947 йили Ўш вилоятининг Сузоқ қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг филология факультетини битирган. Илк китоби 1981 йили «Зарурат» номи билан чоп этилган.
Таниқли шоир ва таржимон мустақиллик арафасида кечган қайта қуриш йилларида ўзбек матбуотида пайдо бўлган истеъдодли журналистлардан биридир. 1990 йилда чоп қилинган «Ўзбеклар иши» асарига совет давридаги ўзбек халқи кечирган ҳаётни тасвирлаган эссе ва мақолалар кирган. Ёқубжон Хўжамбердиев 1990 йилда Қирғизистоннинг жанубида рўй берган этник тўқнашувлар сабаблари ва оқибатлари ҳақида ёзган мақолалари билан танилган. У, шунингдек, Набижон Боқий билан биргаликда 1998-йилда таниқли ёзувчи Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохонов қаламига мансуб «Чўққида қолган овчининг оҳи-зори» асарини ўзбек тилига ўгирган.
Ёкубжон Хўжамбердиев
Абдулла Ориповга
Марсия
Аршингизга етдингизми Абдулла ака?
Бу дунёдан кетдингизми Абдулла ака?
У дунёнинг сўроқлари қанчалар
огир эди, ўтдингизми Абдулла ака!
Ўзбек сўзи етим бўлди, Сизсиз ушбу кун,
Шеърият ҳам туюлади тузсиз ушбу кун.
Тупроққа қоришди назмий ғунчалар,
Табиатнинг баҳори йўқ, кузсиз ушбу кун.
Ростга дўнди “узоқ йиллар яшаш армони”
Ростга дўнди янги шеърлар бошлаш армони.
Муҳлисларни маҳзун этар ончалар,
Сўнгги дамда видолашув, хўшлаш армони.
Шошилтириб қўймадингиз соҳир қаламни,
Қирқ ҳадисни ёзган ўша зокир қаламни,
Тўлганмиди паймонангиз шунчалар,
Ёт элларда йўқотдингиз охир қаламни.
Шиддатингиз ўзингизга хўп аён бўлди,
Бу бойир халқ кунлар келиб оломон бўлди.
Сиз қолдингиз, ўтди не ўткинчилар,
Маҳкум юртда ҳар сатрингиз ғалаён бўлди.
Бир таскин бор, кўтардингиз сўзин ўзбекнинг,
Шоҳ байтлар очиб кетти кўзин ўзбекнинг,
Борардингиз, шошмасангиз бунчалар,
Топганида ўзин, ўзин, ўзин ўзбекнинг.
Рахиманинг оқ пахтаси
Кўп бўлди сарлавҳа ёзилганига,
У пайтлар Рахима дуркун қиз эди.
Эгатта онасин кириб ёнига,
Пайкалда гўёки, қўш юлдуз эди.
Кечарди оқ тонглар, сўлим кечалар,
Кечарди қаро тун, меҳнаткаш тунлар.
Ғўзага осилиб ўтди чечалар,
Ўттизга кирмайин бўлиб ўтинлар…
Рахима не қилсин, шу юрт фарзанди,
Бир йигитнинг эшигини гуллатди.
Бор эди унинг ҳам орзуси, дарди,
Дардларини алла айтиб ухлатди.
Тонгда эса тугун қўйиб бошига,
Ҳар кунги йўлини қайта босади.
Қарамайди пахта қари, ёшига,
Бир чеккага беланчагин осади.
Қайтарида ўт кўтариб чарчайди,
Молига яйлов йўқ, қўлда боқади.
Пул бўлар деб сутни ўзи ичмайди,
Ўчоғида ўтин-тезак ёқади.
Бугунгидек газ-электр афсона,
Нолимади, арз қилсинми кессакка…
Яшаб ўтди шундай Раҳима она,
Бошин қўйиб этагида кўсакка.
Бу гапларга ишонмассиз сиз ҳали,
Дейсиз, оширманг кўп, қилманг ваҳима.
Лек хамон шу момиқ, оппоқ пахтани
ўстирар қўйнида қай бир Рахими…
Ўзимизнинг ўзбекларга
Баъзида ўзига сиғмайди одам,
Дашту далаларни қумсайди кўнгил.
Баъзида ўзига йиғлайди одам:
“Дардларингни болам , юракка ўйгил,
Қўшни юртда акам, укам бор дема,
Ота юрт лойқасин зилол деб билгин.
Ўзингники эрур сен тушган кема,
Сиғинсанг бир Оллох, бир юртга сиғин.
Юрт излаб кўтарма кўчу кўронинг,
Сен қумсаган жойлар асли бир рўё..
Яшаркан авлодинг, ўлмас забонинг,
Кўгарт денгиз булар, Чангат бир дарё.
“Қора тош”дай чағир,мағрур туриб бер,
Ғийбат тошларини отганларга сен,
Пайт топсанг , Манасдан достон ўкиб бер,
Ғолиб Алпомишни сотганларга сен.
Баъзида ўзингга сиғмасанг агар,
Сабр қил, куч сўра Мозор бувадан.
Баъзида ўзингга йиғласанг агар,
Йиғлама, юпатмас келиб Қувадан”.
*****
Дунё бўйлаб сочилди ўзбек,
Пахтасидай очилди ўзбек.
Дорга эмас, не тонг бир куни,
Ғўзасига осилди узбек.
Ипак йўлдан карвонлар ўтар,
Карвон тўла бийронлар ўтар.
Ёлғонларга ишониб э, вох,
Не бир доно ҳайронлар ўтар.
Осмон баланд ер эса қаттиқ,
Умр бўйи ёлғонга тортиқ.
Мардикорга кетган аёллар,
Куйган қулдир эрлардан ортиқ.
Шундай кечар кундуз кечалар,
Ростни ечар сим-сим кўчалар.
Хаёт шу, деб ўтиб боради,
Иложини топмай нечалар.
1980й
*****
Сағирларнинг бошин силаган одам,
Тўгри бўлса ёвни йўлаган одам.
Яхшиликка товон тўлаган одам,
Бизда бўлмай, қайда бўлади!
Қайда учрар аскияга тайёр сўз,
Ўз ўрнида нишдай теккан айёр сўз.
Улуғлашга чўнтакларда бисёр сўз,
Бизда бўлмай, қайда бўлади!
Кенг феъл- кетмас давлат яшаб ўтганлар,
Нонмас,буғдой сўзга ташна ўтганлар.
Хайрон бошларини қашлаб ўтганлар,
Бизда бўлмай, қайда бўлади!
1980й
*****
Мен сени эслаб ёзайин,
Сенга дей, тунги шеъримни.
Ёмғирлар шунчалар майин,
Сийпалар туққан еримни…
Ёмғирча қилдимми ҳиммат?
Қай аъмол қолди ёдингда?
Бордир бир азалий ҳикмат:
Қадри йокдир
Оқса ариқ олдингда.
Тўртликлар
Юрагим бир куни ҳувиллаб колди,
Суйганим ўзгани энди суяди,
Оҳиста порлаган чироқ йўқолди,
Чироғим ўзгага энди куяди.
*****
Ким айтади: қорлар ёғилиб,
Босилади қанчалаб излар.
Хушёр бўлгин, кетма қоқилиб,
Қор остида “тирик” илдизлар.
*****
Осмон узоқ, ер қаттиқ дема,
Юрагингни кемирганда дард.
Дунё асли дард тўла кема,
Еру осмон ҳар доим ҳамдард.
Ўзбаким
Ўзбак маҳалласи Қоҳира шаҳрига
Султон Қайтбай (1468-1496йй) даврида
қўшилди ва ўша вақтнинг машҳур
амрларидан бўлган Ўзбак ибн Татиш
исмидан келиб чиқиб “Ўзбак
маҳалласи” деб атала бошланди.
“Хидоят” журнали 2008йил январ сони.
Ўзбаким, ёралиқ кечмиш фарзанди,
Биттими, сел оққан жарохатларинг?
Тарихда неча бор бўлдинг арзанда,
Неча бор бузилди фароғатларинг.
Кулиб қўйиб кетабердинг йўлингда,
Ҳар босган изингда унди боғ-роғлар.
Темурнинг қиличи гарчи, қўлингда,
Қалбда-чи, хилпирар яшил байроқлар.
Ўсмоқлаб сўрадим, фаранг сайёҳдан,
Билурми юртингда туркларнинг чоғин?
— Замонлар ўзгарди, билсин қаёқдан
биз унутдик, деди, Темур сабоғин.
Фаранг-ку, ўзга дин, ўзга миллатдир,
Унутиб қўйдик-ку, ўзни ўзимиз.
Ўзбакнинг кечмиши сирли хилқатдир.
Ўзбакнинг ўзаги Рабғўзий, ўғиз.
Хуросон — туркигўй элнинг дилбанди,
Ҳар кўнгил тубида дурри маоний.
Адаб дунёсини этароқ банди
Шу юртда янгради ўзбак Навоий.
Ўзбакнинг давруғин Ҳабиб Абдулло
Ўшдан туриб елкасида кўтарди.
Тафсир бўлган Қуръон – каломи Оллоҳ
Қорасув бўйида яшнаб кўкарди.
Ўзканд[1] эди, Туркистонинг қопқаси.
Не-не ёвлар бунда келиб тиз чўкди.
Қай бир кун Ўзканднинг жасур боласи[2]
Ўзбакнинг номини фалакка чекти.
Саноққа рақибнинг етмас бармоғи,
Юлдуздай сержило халқим даҳоси.
Чўлпону Қодирий битта ирмоғи
Эрурким Жаҳоний Ўзбак дарёсин.
Нечун сиз ўралиб оласиз ахир,
Шунчалик тормиди бийик бағрингиз.
Ўзбакнинг ўзбаксиз егани тахир,
Тахирдир егани қирғиз қирғизсиз.
Ҳу, ана, бир қадам туққан қишлоғим,
Қўл чўзсам етмайди, кимга заволи…
Қовуриб ташлаган ўзимнинг ёғим,
Совуриб ташлаган замон шамоли…
Чингиз оға, Одил Ёқуб аймоғим,
Зорланардим Қаҳҳор тирик бўлганда.
Ўзбакнинг ўзбакка борми етмоғи,
Соғинч-у, аламга кўкси тўлганда.
Ўзбаким, юммагил ибрат дийдасин,
Қатордаги норларинга ташла қўл.
Ўзингники ўз кўзингни ўймасин,
Қайда бўлма, кимса бўлма – ўзбак бўл.
Ўзбекистон чегарачиларига
Остона
Осмон баланд, Ер эса қаттиқ,
Чегарада Қуёш тик келган.
Чегарада гап сиғмас ортиқ,
Учраб турар йиғлаган, кулган.
Чегарада назокат бўлмас,
Бунда қонун доим устувор.
Хафа бўлманг, кўнгил тўлмаса
Кўнгилнинг ҳам чегараси бор.
Осмонларга термилар бола,
Чегарада қуёш тик келган.
Неварамнинг қўлида лола
Шу қаттиқ заминда очилган…
Чегара бу — уйга остона!
Қўшиб ёзинг
Тақдирда бор бўлса, йўқ экан илож,
Қондаги ҳикматдан пешонада тож.
Наҳотки, қўшмаса тўҳтайди ривож.
Унда сизлар соатларни қўшиб ёзинг.
Яшалмаган ҳаётларни қўшиб ёзинг.
Соқи билан Боқи кетишган қайга?
Алифни калтак деб, учдими Ойга?
Кетдими Отчопар ёки Олойга?
Мактаб деб бозорларни қўшиб ёзинг,
Ўнгланмаган мозорларни қўшиб ёзинг.
Фалонча одамни соғайттик суюб,
Пашшани йўқотдик, сувга ўт қўйиб,
Қўйларга ем қилдик, бўрини сўйиб,
Тузалмаган касалларни қўшиб ёзинг,
Тўпланмаган асалларни қўшиб ёзинг.
Дарёлар боғланди, йўлларни қурдик,
Оролни қуритиб, қумларга қордик,
Бу ишни ким қилди, бизлар ҳам кўрдик,
Кирим-чиқим, йўриқларни қўшиб ёзинг,
Очилмаган қўриқларни қўшиб ёзинг.
Дунёда рақамдек бийрон сўз йўқдир,
Тўғрини кўргани тийрак кўз йўқдир,
Ўзини чалмаган бирон ўз йўқдир,
Қанча қолди? Собитларни қўшиб ёзинг,
Келаётган тобутларни қўшиб ёзинг.
Одам нега келар ёруғ дунёга,
Тик боқмаса зулм, ёлғон, риёга,
Интилмаса нинадек ҳам зиёга,
Барчасига лоқайдларни қўшиб ёзинг,
Бу ҳақдаги қайдларни ҳам қўшиб ёзинг.
* * *
Сен ўйлайсан:
Қалдирғочлар
Учар шунчаки,
Капалаклар
Гулдан-гулга
Қўнар шунчаки…
Аслида
Қалдирғочлар
Ризқ теради.
Капалаклар
Гулни қўшар
Гулларга
Фақат сенга
Туюлади
Улар шунчаки…
* * *
Тушун дедим ёзганимни,
Шундан ҳадеб ёзавермадим.
Игнада қудуқ қазганимни
Дастурхондай ёзавермадим.
Энди ханжар — пушаймоним,
Қачон ханжар кечиргандир.
Хатларимга қўшай жоним
Десам, бошдан кечиргандир.
Қиё боқмай ўтар бўлди,
Юрагидан кўчиргандир.
Билмайин қон ютар бўлдим,
Қайси бахши кўчиргандир.
* * *
Нега тақдир шундай бўлди?
Ким айбдор? Сўрар юрак.
Севишганлар Ойдин кўлда
Ҳайрон бўлиб турса керак?
Ойдин кўлни қайдан билай,
Сўрангларчи Ойдан, билай.
Севишганлар Ойдин кўлда
Нима қилган вой, мен ўлай…
Севишганлар Ойдин кўлда
Сирларини сувга айтишган.
Хориб-чарчаб узоқ йўлда
Бола билан уйга қайтишган.
Тўртликлар
Аслида дунёнинг иши чигалмас,
Риштани узганлар энди жигармас.
Боболар ҳаёти оина турур,
Нечукким одамзот ҳеч бир тузалмас.
* * *
Фарзандга солиҳлик она-отадан,
Руҳият ўтади қондан, танадан.
Войдодким, бир куни кўрдим балодай
Жоҳилнинг чиққанин солиҳ онадан.
* * *
Эй Зоҳид, дўзах-ла қўрқитма мени,
Сиртимдан сир олиб ўқитма мени.
Кўнглимдан кечганин қайдин билурсен,
Амалсиз сўзингга чўқитма мени.
* * *
Касал берар ўзи суйган бандасига,
Шифосин ҳам элтар ўраб жандасига.
Эй худойим, нима берсанг қабулдамиз,
Учратмагин одамнинг шармандасига.
* * *
Саҳарда уйғониб “Шукрулло” дедим,
Кимга мен қилайин “Тавалло” дедим.
Шамолда селкинган бир баргни кўриб,
“Шукрулло”, Тавалло” эй Олло, дедим.
* * *
Дунёдан кўз юмуш шунча оғирми?
Булбулнинг ҳолидан ғунча оғирми?
Жаннатинг олдида эгам, бу дунё
Ўчоқда тўзғиган кулча оғирми?
* * *
Сенинг суратингда раҳматни кўрдим,
Не раҳматки, онча заҳматни кўрдим.
Билмам, тирик зот ичра йўқ бундайин,
Гўёки аршдаги Аҳмадни кўрдим.
* * *
Эй соқий, сенинг ишинг жому майда эмасму?
Ғам-андуҳдан илма бўлган найда эмасму?
Яшаб-яшаб иқрор бўлдим шу бугун.
Дунёнинг бор иши шу иккидан майда эмасму?
* * *
Кел дединг, ёнинга оқшом борайин,
Икки қўлда кўза-ю, жом борайин.
Холим танг, жондан ўтди ҳижронинг,
Йўқ дема, эмаклаб тамом борайин.
* * *
Шеърият шоирнинг кўнгил иши,
Бой бўлганми бундай ишдан ҳеч киши.
Давлатманд шоирлар борлигин айтма,
Кўнглимас, уларнинг ўткирдир тиши.
* * *
Кўзингни чирт юмиб қайга борасан,
Оҳимни ёлғон деб, ўйга борасан.
Ёшингни сўрашга тилим бормайди,
Биламан, бир куни тўйга борасан.
* * *
Ситамгар деб, куйлашади шоирлар,
Нималарни ўйлашади шоирлар.
Сал бўш қўйсанг, қўлингдан ушлаб
Четга тортар уйлашади шоирлар.
* * *
Ана гулзор, гул баргида капалак,
Бу гулми ё гул рангида капалак.
Сен учавер, гулдан гулга қўниб сен,
Қолма фақат гул чангида капалак.
* * *
Қачон бир дарди ҳолим эшитдинг сен,
Менсиз ишинг доим пишитдинг сен.
Кетдик энди икки томон оқибат,
Қолипни кўчирдинг ёр, ғиштдин сен.
* * *
Мен сенингдек дилозорни кўрмадим,
Ўзимдек ҳеч сенга зорни кўрмадим.
Дунё шундай: олди-сотди
Сену мендек бир бозорни кўрмадим.
* * *
Кечар кундуз аро кечар бу тунлар,
Кечар ғамлар аро бағри бутунлар.
Ҳеч кечмади васлинг йўлида хабар,
Унутдинг, воз кечдинг мендан бутунлай.
* * *
Уч кунгача анҳор бўлиб кўриндинг девор,
Уч кунгача сув бўлиб, сел бўлиб оқдим.
Эй кўзларим, пардаларни кўтариб юбор,
Мен шунчаки, деворларга анҳордай боқдим.
* * *
Турибсан — қўлингда гуллар,
Йўловчига қиё боқмайсан.
Ҳар кўнгилда муҳаббат гуллар,
Биламан, гул билан кўнглим боқмайсан.
* * *
Келганим шу ердир кўча ва кўча,
Ичганим бўлди-я, шу ёвғон кўча.
Бошимда қордай оқ сочлар ўсса-да,
Юракни ўйнатар олис бир кўча.
[1] Ўзганд — ҳозирги Қирғизистон худудидаги Ўзган шаҳри.
[2] Қирғизистонлик ўзбек космонавти Солижон Шарипов.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ