"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Абдиҳамид Пардаев: УСМОННОМА (Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимга)

Адабиёт | 02/07/2017 06:10-     10167 марта ўқилди

Abdixamid Pardayev

УСМОННОМА
Ўзбекистон халқ шоири Усмон АЗИМга
Усмон Азим шеърияти – ўзбек адабиётида ўзига хос ҳодиса.
Бу ўзига хослик шиддат, жўшқинлик, мажознинг қуюқлиги билан характерланади.
Шоир шеърияти моддият ва руҳият курашидан
баҳс этади. …шеърхон Усмон Азим шеърияти воситасида
Руҳ одами билан учрашади. …шеърлари марказида
безовта Руҳ одами туради.
Илҳом Ғаниев, Нодира Офоқова.


Назмий биродарлик фарзин бажариш
Бобида эрта-кеч тортарман ташвиш.
Замондош шоирлар ичра, албатта,
Усмон Азим, Сиздан қарзим бор катта!
Талабалик пайтим Сизга бериб қўл,
Ғойибона, рости, олганман “Оқ йўл”;
Дастлабки машқларим топиб эътибор,
Радио орқали янграган илк бор.
Усмон ака қўллаб, мен ҳам ҳар қалай
Гонорар олганман шунда бир талай.
Шуҳрат Домла меҳрин қозонган акам, —
Усмон Азим каби саркаш шоир кам!
Нечун қадрламай салоҳиятин,
Билар ҳаёт-мамот чин моҳиятин.
Қалбин кенглигин сайр этар пиёда,
Илҳомин завқ-шавқи ҳар он зиёда.
Чиқса ҳам ҳаёт тизгини қўлидан,
Қайтмас ҳалокатли қалтис йўлидан.
Аркони давлат ҳам бўлган бир замон,
Ҳар не акобирдан зиёд то ҳамон.
Давлат ишларига У ҳам, алқисса,
Ҳазрат Навоийдай қўшган чўнг ҳисса.
Сиёсатдан олис деманг ҳеч бу он,
Ҳамон эл-юрт билан бир тану бир жон!
Жўшқинлик, шиддату мажозлар кони
Шоҳ байти безовта руҳлар макони.
Оташин муаззин каби сарсари
Даъват қилар юксак комиллик сари!
Майдонда от сурар Алпомиш бўлиб,
Ҳайқирар аксари Гамлетдай тўлиб.
Учар лабларидан юлдуздай сўзлар,
Қалби гулхан аро чин айтиб бўзлар.
Қироат қилса шеър машҳур қоридай,
Титрар жону танлар сато торидай.
Ўргамчак даҳри дун ўрар гар рўзин,
Озод этар мисли сарбоздай ўзин.
Кесар бор занжир, бор кишанни эзар,
Қуллар ўлкасида лочиндай кезар!
Ажалдан даҳшатли ажалга кўнган,
Ёнар ким шоирдай Қақнусга дўнган!
Янграса ҳам золим амир хандаси,
Тангри бандаси У, Тангри бандаси!
Армонли ҳаётда ёмон ҳолланган,
Кўнглига қулликка, Тангрим, ёлланган!
Кишанбанд ҳақиқат қошида қоим,
Шоирга мадад бўл ўзинг, Худойим!
Болаликдан ҳасрат бор йўлин тўсган,
Мен сағирдай бобо қўлида ўсган.
То ҳамон минг дарду алам ҳамхона,
Юрак билан ёлғиз яшар мардона!
Кўнгил гулшанида мунаввар чироқ,
Барча чироқлардан ёрқин ҳам йироқ
Юлдузлар ўтида боши машъалдир,
Юраги наврўзу руҳи ҳамалдир.
Замин зах қаърида оёқлари муз,
Гар жонда саратон, қисматида куз!
Ҳаёт теккизолмас ерга курагин,
Ва лекин бешафқат йиртар юрагин!
Машраби саргашта бошда минг таёқ,
Товонлари қонаб, жим, ялангоёқ…
Даҳри дун, йўлларинг буткул унутган,
Руҳин қайноқ йўлин қўшқўллаб тутган.
Фиғону фарёди аланга-нордай
Тафтидан тош тақдир эрийди қордай.
Мўъжиза майдони шеърият, соҳам,
Тўлғаниб шеър айтса, тебранар тоғ ҳам!
Юртга, қонин сўрган бурга-бит каби,
Суйкалар “Ватаним!” дея ит каби!
“Қаҳратон эмас, бу — қоннинг совуши”
Недан огоҳ этар мискин товуши?!
Куйлар писанд қилмай талафотларни
Фалак, юлдуз… ҳатто ҳашаротларни!
Кимни ром айламас ғаройиб фусун
Сўзининг сеҳридан туғилар афсун!
Нечун таъзим қилмай шоир қаршида,
Бепардоз йиғлар ғам олий Аршида!
Маҳкум то қиёмат ғамдан пастликка,
Дучор арзон фоже – англанмасликка.
Юраги олдида — бесабр ёлқин! –
Улуғ музлар аро митти бир ёнғин!
Ўжар ўғлони у Сурхон воҳасин,
Эгаллаган ижод турфа соҳасин.
Беором уммондай чин ижодкор Зот,
Наср бобида ҳам сурар дадил от.
“Алпомиш”и кино ичра қалқиган,
Саҳна узра Чўлпон бўлиб балқиган1.
…
Усмон Азим ашъоримиз қояси,
Ғолиб ялов Озодликдай ғояси.
Ашъори бўлмаса ҳам анъанавий,
Ва лекин қиммати юксак маънавий.
Аксар тизмалари сарбастга мойил,
Шеърият саҳнида чўнг чинор, қойил!..
Бойсун тоғларининг бургути Ўзи,
Озод руҳияти, Озод, ҳур сўзи!
Замон ғарқ қилса ҳам занжидай терга,
Шоирлик қадрин ҳеч урмаган ерга.
Ёзар шоҳ каломин қутлуғ қон билан,
Барча замон-макон сийлар шон билан.
Тилию дилида армонли наво,
Сохта юртпарастлик, даъво нораво.
Тоғлар қоплонидай феъли жангари,
Маддоҳлик қилмас ҳеч кимлар сингари!
Нуқсондан ҳолимас гар қай бир сатри,
Ўзга Усмон Азим ашъорин атри.
Абдулла Орифдай доно эмас гар,
Не шеърий санъатни забт этган заргар!
Рауф Парфи каби эмас гар дарвеш,
Рауф Парфи каби ошиқ кўнгли реш!
Машҳур эмас гарчи Эркин Воҳиддай,
Яратган шайдоси Машраб — зоҳиддай!
Достон қилса кўнглин доғи-нақшини,
Енгар айтишувда Қодир бахшини.
Ҳам Усмону кабир, муаззам Азим,
Исми учун қилса арзир минг таъзим.
Ҳамон ишқ боғида навраста толиб,
Ўжар аҳли назм сардори ғолиб!
….
Халқ шоири бўлган эллик ёшида,
Ё Раб, ўйнар минг бир сиртмоқ бошида!
Ҳисобга олмаса дилда минг доғин,
Қалин қор босмаган кўнгил чорбоғин.
Очирмаса ҳамки гоҳ замон кўзин,
Эркин Аъзам каби бермас ҳеч сўзин.
Икки қаноти ҳам куйгану бироқ
Учар барчамиздан баланду йироқ.
Само айлаб чексиз кўнгил хонасин,
Етти дафтар қилган “Куз” афсонасин.
Масрурман шеър-ашъор оғусин ялаб,
“Куз”ни баён қилай Сизга ҳижжалаб.
…
Самовий қувончи ивиб йиғидан,
Юрагин тозалар дун балчиғидан.
Ёлғизланар ҳамон ёлғиз дунёси,
Ғамин оқизолмас замон дарёси.
Қиличдай кескир Шоир Оғам диди,
Ҳар сатрида чақмоқ ғам-ғусса ҳиди!
Самандар аланга ичра ҳам дуркун,
Қатл чангалида куйлар туну кун.
Ғариб ҳоли аҳли қаламга аён
Яшар минг бир чаён билан ёнма-ён.
Санъат Тангрисининг тутган баридан,
Омон чиқар минг бир зиндон қаъридан.
Шеърият арслони… сиғмас таъбирга
Дутор-танбур билан қон йиғлар бирга!
Очиқ Шоир қалби, марҳамат – ореn,
Асир айлар сирли Полонез, Шопен!
Шашмақом янграса, қўшилиб бўзлар,
Қалбин қонин ичиб гуллайди сўзлар!
Шоир каби бўлмас мардум қон бағир,
Юкчи елкасидай юраги яғир!
Тарзига аҳли эл ҳайрон қарашар,
Ғаним қисмат билан қасдлашиб яшар.
Бошида минг бир тегирмон айланар,
Ютгани юз мингта аждар шайланар.
Ва лекин тушса ҳам самодан минг тош,
Минг бор ёрилса ҳам эгилмас бу бош!
Гумон топилиши бундай жонфидо
Қотил тошни мақтаб яшар бенидо.
Қўш ҳайдар — кесакка чориғин илиб,
Омочи поралар бағрин минг тилиб.
Қўш ҳайдар — қаро ер тарс-тарс ёрилар,
Қони билан ҳаёт йўли қорилар.
Шон-шуҳрат тожига мендай интилар,
Хизматкор дунёдан буюк ишқ тилар.
Изтироб чеккани учун дўзахий
Шеърлар насиб этар – илоҳий ваҳий!
Муҳими, ошуфта юраги нотинч,
Рақиб каби таъқиб қилар ишқ — соғинч!
Бу кун ҳар қадамда киракаш-такси,
Ўзига бегона шеърдаги акси.
Ёз терлаб тер тўкар умрин боғида,
Қиличин қайрар қиш кўнглин тоғида!
Қонун-қоидани олмайдиган тан
Шоир каби бўлмас дарвеш беватан.
Севги уммонида қалбин лангари,
Адолат жангида ёвқур жангари.
Кўзида ёши – ишқ, бағрида — зори,
Барги хазон, эвоҳ, заъфар узори!
Ғамдан кўзин узмай боқар бу ботир,
Ҳеч нени унутмай яшар баҳодир.
Сузар наҳанг каби ашъор наҳрида,
Гоҳ баҳор, гоҳ хазин кузак баҳрида.
Тунлар ойни босар бағрига анҳор,
Бахт каби боғида гуллайди баҳор.
Шеърин сеҳри билан юрагим тўлар,
Йиғлаш илмин пухта ўрганса бўлар.
Ва лекин бамисли оташин қуёш
Куйдирар кўзидан томган томчи ёш!
Кўрганмисиз сиз ҳеч шундай Усмонни
Кафтига сиғдирар чексиз осмоннни!
Ортиқ умри ёнмас идораларда,
Ҳаёт-мамоти шоҳ ибораларда.
Бағрингиз қилманг қон сўраб ҳар важин
Кесар пешонасин минг битта ажин!
Минг бир дардга нишон бағриқон Оғам,
Юрагин пайдар-пай тешар минг бир ғам.
Безган даҳри дун бор аъмолларидан,
Бор умиди кўнгил шамолларидан.
Қонли кўз ёш айлар қисматин баён,
Жами сирли сўзлар сирлари аён.
Дўзах дер даҳри дун ташию ичин,
Ёлғон — барча омад, барча ҳасрат — чин!
Хаёли гар ашъор юлдуз-ойида,
Минг бир ғам вафодор итдай пойида.
Дард-ҳасрат, шабнамдан юзу кўзи хўл
Бағрин ватан тутар узатмасдан қўл.
Алишмас дунёни қалбин тахтига,
Ҳавас қилма, эй дўст, шоир “бахти”га!
Ашъор мулкида гар султон-шоҳаншоҳ,
Қуюндай чарх урар, чекар минг бир оҳ!
Аҳли шеър, дўстим ай, гар айтсам холис:
Яқин ҳар юракка, ҳаётдан – олис!..
Кўнглига қайтса ҳам самога тегиб,
Мағрур бошин асло ўлтирмас эгиб.
Нишон ишқ тиғига кўкрак-кураги,
Бутун маъбуд тилар ярим юраги.
Аҳли шеър, сиз учун сирли кўринган
Ғилмон — самовотдан заминга инган.
Она ер гулларин ҳидлаб тўймайди,
Бош олиб кетгани соғинч қўймайди.
Ҳушёрлик заҳмидан юраги безган,
Боғланган кўз билан кезгани-кезган.
Шоир каби бўлмас банда басири,
Икки олам ичра севги асири.
Нони ҳам қорилган қора қонига.
Жодусиз яшамоқ теккан жонига!
Қайнаб тошар қалби бамисли вулқон,
Фожеа сатридан қон томчилар, қон…
Тўрт сатр шеър битган барча билади:
Ҳар шоир қассобдай қалбин тилади!
Шоир паймонаси тўлгунча куйлар,
Юраги ёрилиб ўлгунча куйлар!
Телба атворидан чекиб минг заҳмат
Бир умр чидаган хотинга раҳмат!
…
Самодан ҳам улкан минг бир дард қучиб,
Парвоз қилар енгил лочиндай учиб.
Даҳри дун бор дардин олар ўзига,
Тик қарар шер каби қисмат кўзига.
Во ажаб, наинки ўнгу ҳушида,
Тақдир бўронлари гувлар тушида.
Имонин қўшқўллаб тутар ёвга оч,
Эвоҳ, ҳамон бисёр минг бир Ялавоч!
Адолат сўзимиз туҳматга йўяр,
Аҳли ижод бағрин “ижодкор” ўяр!
Эвоҳ, сафимизда ҳамон бир талай,
Тожу тахт пойини ялар минг малай.
Агар айтаверсам улар ишини,
Эси оғар ҳатто оқил кишини.
Зоғу заған билан қовушмас булбул,
Хачиру хар билан чиқишмас дулдул.
Кучдан қолиб ҳоли бўлса ҳамки танг,
Айёр тулки каби арслон қилмас жанг.
Ҳолдан тойса қўяр барига нуқта,
Мардонавор бургут ҳар иши пухта.
Қонхўр қашқирлар ҳам соҳиб диёнат,
Тўдасига асло қилмас хиёнат.
Вале дуо кетган башар элига,
Ишониб бўлмас ҳеч банда феълига.
Ҳамон жаҳолатнинг чоҳига ботиб,
Одамзот кун кўрар бир-бирин сотиб.
Ҳовуч тупроқ билан тўлар гар кўзи,
То тирик вале ҳеч тўймайди ўзи!
Юксак мансаб тегиб қолса ногаҳон,
Тангрилик даъвосин қилар бу шайтон.
Аҳли дониш ҳукми ҳамон беомон,
Назоратсиз банда шайтондан ёмон!
Тож-тахт атрофида минг битта тулки,
Уларда Сиз каби шер-арслон мулки.
Бугун ҳатто ошкор бўлмас ҳеч йиғлаб,
Бағримиз пинҳона юрармиз тиғлаб.
Кўринмас кўзларда гарчи бу кун нам,
Ва лекин бағримиз қон йиғлар, Ошнам!
Илҳом билан гарчи майдай жўшармиз,
Марҳумлар сафига ўзни қўшармиз.
“Боғларда беэга қора тулпор — тун”
Қора тулпор қилган сизни ҳам мафтун.
Шоир куни ўтмас ашъору шеърсиз,
Дунёси – осмонсиз, замини – ерсиз!
Гардуну даҳри дун… оти кўп дунё,
Букилган, эгилган зоти кўп дунё.
Шам каби минг ёниб, минг бора ўчар,
Шиддати шовуллаб баётга кўчар.
Сокин саодатнинг шарпасин тинглаб,
Афсунгар ашъорлар битарсиз минглаб.
Арслондай чеки йўқ гар шиддат-азмин,
Сирдарёдай сокин, Заминдай вазмин.
Гар юкин ташлаган олам кифтига,
Чироқдай осилар ҳар уй шифтига.
Минг бир неъмат дунё ичра беғубор,
Вале шоир учун ёлғиз алам бор.
Шоир каби бўлмас телбавор хуштор
Ишқдан ўзга кенглик руҳи учун тор!
То умри номусу ордан иборат
Безавол Шоирим солган иморат!
Бахш этиб илҳомга ихтиёрини,
Кашф этар тўлғонган дил диёрини!
Усмон Азим шоҳид: учрашар гоҳи
Аллоҳ амри билан арвоҳлар роҳи!
Ҳамон меҳр – етим, муҳаббат – басир,
Бахт – афсона, поклик – зўрликка асир.
Қишда қақшагандай Огаҳий мироб,
Қишу ёз Шоирни бувнар изтироб.
Баҳор осмонидай тиниқ-озода
Аҳли шеър юраги – эрка шаҳзода.
Баҳор. Бошимизда балққан камалак
Қаҳратон томидан кўчган сумалак.
Эзгулик-Ёвузлик ўйнар паллада,
Усмон Азим аксар ёзар баллада.
…
Аланга-ўт айлаб шоир нафасин,
Туман торайтирар дунё қафасин.
Амрига мунтазир қиш ҳам, алҳазар,
Декабрь устига оқ чойшаб ёзар!
Юрак ёши билан кўкарар боғи
Япроғу илдизу баргу тупроғи.
Ўзга Усмон Азим таври, гуруҳи
Самода сарафроз музаффар руҳи!
Боғ узра эгилиб рангин камалак
Йўнғичқа сочига тақар жамалак.
Во ажаб, йўнғичқа ям-яшил хаёл
Бўса ҳадя айлар навжувон аёл.
Тақдир ёмғирлари тинмай тонггача,
Видо айта йиғлар сўнгги онгача.
Ҳамон билганидан қолмас кўр-басир,
Тақдир сўз айтишга қолдирмас ҳеч сир.
Шоир минг армони бағрига инган
Қизғалдоқлар умри гўзал тўзинган.
Самарқандга қайтган Темур қўшини
Булутлар тоғларга босар тўшини.
Наврўзи оламнинг райига қараб,
Чорбоғлар нозланар шохларин тараб.
Баҳор, мангу боқий мусаввар аслим,
Сеҳрингга эрксевар Шоир ҳам таслим!
Куртаклар бағрида гар армон-дарди,
Ғолиб чақмоқ каби руҳият марди!
Юксалар қалдирғоч каби дафъатан,
Не тонг, ўлимни ҳам олмаса ҳеч тан!
“Қиш – ғанимлар қаҳри, дўстлар доғи — куз”,
Эй Ҳамид, сен ҳам “КУЗ” каби девон туз!
Охири вой енгил ҳар шуҳрату шон,
Тақдирга тенг сўзга фидо айла жон.
Илҳом завқи сармаст айлаб май каби,
Ошуфта юрагинг сайрат най каби.
Жаҳон бор жоҳидан бўлмасанг жудо,
Сенга очмас раҳмат эшигин Худо!
…
Мансабдор ҳар нозим лазовим қули,
Дарвеш шоир кўнгил боғин булбули!
Гар бағри тўлар минг аччиқ аламга,
Гўё мулки каби қарар оламга!
Сирғалар навдада шаббода қўли,
Дунё дами узра тириклик йўли.
Шоир на унвон, на эътибор тилар,
Сўз билан мангулик сари интилар.
Довон ошар ҳаёт карвони собит,
Бир қўлида бешик, бирида тобут.
Қайтара олмас гар собит йўлимдан,
Соғинч изтироби оғир ўлимдан.
Руҳ самода, танни тортар ер таги,
Атиги уч ойлик бахт – ёз эртаги!
Хазон ели эшик қоққани чоғда,
Фасли ёз жонига қасд қилар боғда.
Боғин парваришлар шамол – тароқчи,
Хизматида ҳар тун Етти қароқчи!
Дарду алам пешлар қиличдай дидин,
Тасодиф ютар гоҳ сўнгги умидин.
Қайноқ қалби жўшқин уммонлар сатҳи,
Фикру зикри калом иқлимин фатҳи!
Тўзим бер, Раббано, озурда жонга,
Тансиқ бахт ҳаттоки келмас меҳмонга!
…
Сизга қанча ҳавас қилсам ҳамки оз.
Шеърият саҳнида қиларсиз парвоз.
Не ғам, бўлмаса гар содиқ дўстингиз,
Кўнглингиз тўқ, йўқ ҳеч каму кўстингиз.
Тўйлар қилиб элга ошлар берарсиз,
Ризқингиз беармон яйраб терарсиз.
Қайга борманг ерда қолмас гапингиз,
Кўксарой, мустаҳкам ўнгу чапингиз!
…
“Тўғрини синдириб замон муттаҳам,
Гар қилар эгрини шоҳга муҳтарам”1,
Кимки тахт соҳибин олар қўлини,
Худо ҳиммат қилиб очар йўлини.
Ким шоҳ суҳбатига етишар бир бор,
Икки олам ичра бўлмас аксар хор.
Юзин ўгирса ҳам гар соҳиби тахт,
Ҳаётин гулзорин тарк этмас ҳеч бахт.
Жоду десаммикан ё десам сеҳр,
Сарбаланд тожу тахт бамисли меҳр
Мунаввар айлаб бор жумла жаҳонни,
Мўътабар айлагай баҳраманд жонни.
Боқий ҳикмат дониши маолийдан:
“Қуёш – зар баркаш даргоҳи олийдан!”
Салтанатда ҳатто зардан узанги,
Маъмур — насиб қилган заррадай занги!
Тожу тахт қошида шундан бехато
Бош эгар фуқаро, донишманд ҳатто!
Даъволарим асло деманг: аломат
Эл тахту, одил шоҳ билан саломат!
Наинки саломат, балки фаровон,
Икки жаҳон ичра яшар беармон!
Не бахт, салтанатга сиз мудом дохил,
Мени ҳам сийлаган бу сахий соҳил.
Бахтингиз, бош узра балқиган кундай,
Ҳар кимга ҳам нома ёзилмас бундай.
Ҳаёту мамоти элнинг бегумон,
Тожу тахт, Султон ҳам бўлгай, бас, омон!
…
Фасли хазон ичра ҳар шоир таъби,
Тинигай сунбула сувлари каби.
Куздан безор Ҳаёт бевадай йиғлаб,
Қалбидан жой олар юрагин тиғлаб.
Шамоллар ёш-яланг сингари елар,
Нафис кузни боққа кўтариб келар!
Шамол айвонига япроқлар сочиб,
Пойин тавоб айлар эшигин очиб.
Деразага урар барглар галасин,
Бор-будин совурар кўнгил даласин.
Қовуриб Шоирим ҳижрон доғида,
Хазон айлар умрин уй қамоғида.
Ақлу ҳуш, руҳ ила қалби ҳам уйғун
Шоири зуккодай бўлмас ҳеч туйғун!
…
Қайта ўқиб бу “Куз” фаслномани,
Кашф этдим тийнати асилномани.
Мезонлар ўтар ғам-ғуссалар ташлаб,
Ортга қайтмас умр кўнглимиз ғашлаб.
Куз. Қушлар тарк этар боғни ёндириб,
Изтироб майига минг бор қондириб.
Кўз ёшимиз қилар фасли куз булоқ,
Чавандоз Вақт учун бағримиз улоқ.
Даъватимиздан гар ёрилар гўрлар,
Писанд қилмас вале забардаст-зўрлар.
Ортиқ кутма биздан илтифот, лобар,
Ҳасратмиз, дард-алам — кузга баробар!
Бутоқларда йиртар шамол шарфини,
Чизар барглар учиб хитой ҳарфини.
Дард кирар очмасдан юрак эшигин,
Тебратар даҳри дун қайғу бешигин!
Шимол тоғларида совуқ ел кезар,
Бағримиз исмсиз ғуссалар эзар.
Боғларни ёндирар кузги аланга,
Инар қордай қиров ҳар ўт-ўланга.
Совуган руҳимиз илитолмас кун,
Соядай изма-из эргашар якун…
Оқшом дебочаси ҳар саҳар-наҳор,
Фасли хазон асли кексайган баҳор.
Бизлардан ҳам қолар азалий кашта
Ўткинчи ҳаёту турмуш синашта.
Беболта кезар куз мангу ўтинчи
Хавотирга дўнар боғу роғ тинчи!
Кекса баҳоримиз бағрига кўмиб
Куз билан йиғлармиз хазонга чўмиб.
Қайда жон залвори биздай ариган,
Ўлимдан тап-тортмай мағрур қариган.
Руҳнинг руҳдан қуюқ қаъридадирмиз,
Ҳаёту мамотдан наридадирмиз!
Бизни тополмаса, не тонг, ҳеч банда,
Яшармиз то абад олов-гулханда!
НАЗИРА
Булоқ каби оқар уйғонса боғлар,
Тош гулласа, қоплар оламни боғлар.
Бевақт завол топар уйғонса болам,
Уйғонган қалб учун тор қафас олам.
Қайда эътиқоду имон уйғонар,
Имонталаб шоир қонига қонар.
Шоирим, ҳайқирма, уйғонса гардун
Яратар бундан-да тубан даҳри дун!
…
Ярадор бағримга сепиб аччиқ туз,
Қўрқаман, ақлдан оздирар бу “КУЗ”!
Аллоҳ назаргоҳи билан сирлашиб,
Юксалдим “КУЗ” билан руҳан бирлашиб.
То илҳом париси қанотин йиғмас,
Қалбимиз дунё не, самога сиғмас!
Кўз ёшларсиз – қўшиқ, фожиасиз дард
Камёб нодир китоб “КУЗ” сингари мард.
Безаб қалб осмонин минг бир кавкаби
“КУЗ” боғу роғларин кездим руҳ каби.
Аллоҳ ошиқларин дардин давоси
“КУЗ” ичра ҳар етти иқлим ҳавоси.
Сармаст қилса ашъор афсунгар жоми,
Издан чиқар шоир қалбин мароми.
Баландбўй бўлсам ҳам бамисли терак,
Усмон Азим, Сизга етмасам керак!
Илҳом шароби гар айлаган сармаст,
Эвоҳ, дардим – баланд, нолишларим — паст!
Соат сайин ҳасрат фузундан фузун,
Воҳким, умрим – қисқа, нолишим – узун!
Об-ҳаво, нарх-наво белгилар жаллоб,
Азиз ўзлигидан кечган ҳар қаллоб!
О, шоир қисмати – “Шашмақом”! “Баёт”!
Учсак — умр тугар, куйласак — ҳаёт!
…
Ҳасратим беадад, ичимда дардим,
Забонсиз китоблар ёлғиз ҳамдардим.
“Дами хуш урмадик афғон ичинда,
Даме хуш бўлмадик ҳижрон ичинда.
Ки биз зору залилу пошикаста,
Боштин-аёқ барча аъзо шикаста.
Ичимизга шуълаи дард тутошиб,
Тутошиб деманг асло, бошдин ошиб”.
То ҳамон айланар гардун тескари,
Тақиб қилар минг бир ситам аскари.
Ҳамон муросасиз замон муттаҳам,
Тўғри гап ёқмайди туққанингга ҳам.
Бездирган зиқнафас тор доиралар,
Соғинтирган баҳсу мушоиралар.
Ўқиб хасратангез сўзларингизни,
Кўргим келар маъюс кўзларингизни.
Бўлмасак ҳам бизлар гар кўҳна улфат,
Бир тану жон айлар шеърият – кулфат!
Болалар ҳаётин қургани кетган,
Дўстлар мангуликда тургани кетган.
Хотин ҳам рўзғорнинг оқар зайлида,
Отамиз марг — хунхор қисмат майлида…
Висолдан қочармиз ҳамон сарсари,
Соғинч ичра минг йўл мангулик сари.
Карам! Карам! Карам этармикан Куз,
Ахир қисмат билан қолдик юзма-юз!
Билолмадим: кимдан, недан безорман,
Билганим: бир бағри бутунга зорман!
Сиз билан дардлашсам: бу ҳам бир рўё,
Барча мушкулларим ҳал бўлар гўё.
Қандай кечирилмас қилганмиз айб,
Қарар чап кўз билан Соҳиби ғайб?
Даъво қилмасин деб тангрилик инсон,
Наҳот бахш айлагай минг битта нуқсон?
Раво кўрган бизга беадад ғамни
Басма-бас ёқмасак босар оламни.
Ҳомер ҳазратларин кўр бўлган кўзи,
Қувғин ичра кечган Данте кун-рўзи!
Оқсаган Шекспир сингари буюк,
Аксар телба айлар ижод, о, бу юк!
Шайтоний дастурга амал қилганлар.
Насимий терисин тирик шилганлар!
Шарқу Ғарб меҳрини бирдай қозонган
Мавлоно1 муҳаббат ўтида ёнган!
Навоийдай даҳо ўтган бефарзанд,
Муқимий, Камийлар қашшоқликка банд!
Фирдавсийга, илон ёғин ялаган
Зиқна берган, Раббим, кумуш бир лаган?!
Салоҳият аҳли ашъорга негиз,
Умар Хайём каби май билан эгиз!
Қанча аҳли назм олинган боши,
Қузғунга ем, эвоҳ, қай бирин лоши.
Бир қоп сомон ҳазрат Аттор қиммати,
Кимларни қилган кўр зулм чиммати.
Қурбон талаб дея, Раббим, шуҳрат-шон,
Пушкину Лермонтов фидо қилган жон!..
Аҳли ижод қонин қонхўрдай ялаб,
Бағрин ўртар дунё манфаатталаб!
НАЗИРА
“Қўл керак – қорин тўқ юрмоғи учун,
Оёқ — хизматга шай турмоғи учун.
Ёвсифатни пойлаш учун кўз керак,
Илондай аврашга сохта сўз керак.
Қулоқ – деворга ҳам маҳфий, пинҳона,
Карликка кўнар қай бир девонхона?!
Билак ҳам номард эт-бетин чўзишга,
Бел ҳам таъзимда бир-бирдан ўзишга!
Ҳар қадамда хатар, ногоҳ келса дуч
Бартараф қилишга керак қудрат-куч!
Вале нафси қонмас юҳо даҳри дун,
Қалбга қиё боқмас – жигар-бағрим хун”!..
…
Шаккоклик омухта ашъор туфайли
Наҳот ёв шоирга замона зайли.
Ё Раб, кенглик – девор, беҳудуд – торлик,
Улуғлик — ваҳима, ўкинч – хор-зорлик!
Нечун Тангри чорлар ҳар он қошига,
Нечун осмон қулар шоир бошига?!
Шайтон қўлларида тақдир калити,
Ҳамла айлар ҳар он ғанимлик ити!
Наҳот донишмандлар дегани ҳақдир:
Ҳар ҳукмин ўтказар шоҳаншоҳ тақдир?!
Аҳли замон ичра қаҳат содиқ дўст,
Илон ҳам биз каби ташлай олмас пўст!
Мовий гулхан осмон саратон аро
Ҳижрон мулкида шеър аҳли — фуқаро!
Кўксимиздан ўтар соғинч бор йўли,
Қалбимиз чангаллар қабоҳат қўли.
Омухта кўз ёш, қон билан нонимиз,
Ёвузлик ўқига нишон жонимиз.
Ҳар шоҳ байтни дилга оятдай ўйиб,
Қурбонлиғ этармиз ўзимиз сўйиб.
Эл ичра гар машҳур шоир номимиз,
Заҳар-заққум билан тўла жомимиз!
Етишмоғи учун ягона даҳо,
Қурбон юзлаб йиллар минг бир бебаҳо!
Ҳунарманд жуфт дастин гул қилар Тангрим,
Кимларни қумри-булбул қилар Тангрим.
Ризқи бут, хотиржам ҳаттоки гадо,
Вале аҳли қалам каби йўқ адо!..
Ғарқ айлар беомон уммондай, Оғам,
Гар томчи ёш, вале қирғоғи йўқ ғам!
Бош узра беқанот йиқилган ғурбат,
Юрак, сўнгагимиз – барчаси турбат!
Учсак – дунё баланд, гар сузсак теран,
Афсона-ривоят Алпомиш эран!
Бажармасак илҳом амрин гар аъло,
Минг битта балога айлар мубтало.
Бошимизда минг бир маломат тоши,
Бирикмас ҳеч аҳли ижодкор боши.
Мастона шеърият шароби билан,
Севармиз ҳаётни сароби билан!
Кимлар узлатнишин Набижон каби,
Қаландарфеъл — Рауф Парфилар таъби!
Минг битта жон билан тўламай божин,
Наҳот кийиб бўлмас шон-шуҳрат тожин?!
Яшамас ким Шукур Холмирза бўлиб,
Мангулик наҳрида оқмасми тўлиб!
Тоғай Мурод каби от сурмай якка,
Йўл солиб бўлмасми ҳеч бир юракка!
Ёлғизлик дастидан ичмай минг бир жом,
Наҳот насиб этмас висоли Илҳом?!
Ягона гар аҳли ижод илдизи,
Юлдуздай йироқ бир-бирдан юлдузи.
Ким бор биздай жонин койитадиган,
Куй-қўшиқ диёрин бойитадиган.
Армон бағрин ўртар бу инингизни —
Ёлғиз жангчи қилиб яратган бизни!
Вале ишқ мулкининг султон-хонимиз,
Калом лашкарин бош қўмондонимиз.
Ҳазратим хитоби қонун, вассалом,
Беназир ҳар шоир – малик ул калом!
Хайли кўнгил чиқмас фармонимиздан,
Минг баҳор кўз очар армонимиздан.
Котибмиз Яратган эгам ўзига,
Очилмас эшик йўқ шоир сўзига.
Бежиз “Ғайб ул-лисон” эмас номимиз,
Девни ҳам маст қилар назмий жомимиз.
Аксар тан олмасмиз дуч келган динни,
Шеър билан олармиз Чину Мочинни.
Гар турфа мазҳабдан олисмиз, олис,
Бани башар билан яктанмиз холис.
Адолатдан бўлак яловимиз йўқ,
Муҳаббатдан бўлак оловимиз йўқ.
Биз учун муқаддас ҳар элат-миллат,
Вале муросасиз ғаним ҳар иллат.
Аҳли башар ичра топган эътибор,
Ҳар аҳли ижод мулк-мамолики бор!
Тубанлик чоҳидан узилган шоир,
Ростлик ичра қайта тузилган шоир.
Фикру зикри ҳар он тозадан тоза,
Аҳли жаҳон жон деб олар андоза!
Руҳимиз камалак рангин, ранг-баранг,
Қалбимиз оташи афсунгар оҳанг.
Адолат чақмоғи зулфиқоримиз,
Ғаррон шеру арсон номус-оримиз.
Барча ғампарварлар табибларимиз,
Мозий-келажакда ҳабибларимиз!
Сувориймиз, бўрон мерос-маҳримиз,
Қамчилар бўронни ҳатто қаҳримиз!
…
Бағир қонин ичар мисли Чингизхон
Наҳот Шеър ҳам оғу — энг гўзал ёлғон?!
Машраб каби бошда ўйнамай минг дор,
Наҳот насиб этмас илоҳий дийдор?!
Шеърият саҳнида топган эътибор
Наҳот ҳар Нодира ўз қотили бор?!
Қодирий, Чўлпондай, наҳот минг рақиб
Қилиши шарт ҳар бир шоирни таъқиб?!
Мушкул саволимга ким ҳам жавоб дер:
Бу юртга сиғмаган Мирзо Бобур – шер!
Шоир қишлоғидан бўлмай бадарға,
Бўлмасми мангулик мулкида дарға?!
Тушимизга кирмас олтину кумуш,
Сўзни куйлатишдек лаънати юмуш
Билан тонглар отар, қораяр минг шом,
Манглайда муҳрдай шоири бадном!
Кўнгил зиндонига қамалган шоир,
Қирқ ямоқ юраги ямалган шоир.
Зулфиқор десамми ғилофу қинсиз,
Ё лочин десамми бошпана, инсиз!
Ашъор минорасин чиқиб учига,
Комил ишончимиз калом кучига.
Минг бир шеърпарастга келсак ҳамки дуч,
Қўш қанот ҳеч ақлбовар қилмас куч.
Гар биздай ғуссага инсон ғарқи йўқ,
Лашкармиз — ҳаёту мамот фарқи йўқ!
Фарҳод каби кўҳи андуҳ қалъамиз,
Ахтари ишқ маёғу машъаламиз.
Мурувват аҳлидай емак йўқ асло,
Футувват аҳлидай демак йўқ асло!
Бир тану бир жон Ҳақ зиёси билан,
Ғаниммиз даҳри дун риёси билан!
Зулм-зўравонлик гар узун дасти,
Забардаст адолат-шижоат масти!
Жаҳолат ва ғафлат гарчи беомон,
Ҳақиқат-тафаккур ғолиб бегумон!
Жўмард сафимиздан олса агар жой,
Мўътабар ҳатто мўр мисли офтоб-ой.
Тагимизга ғаним сув қуйган сайин,
Юксалармиз терак сингари тайин!
Тубсиз ўпқон узра учармиз қушдай,
Ҳаёт-мамотимиз босириқ тушдай!
Қисмат бўлса ҳам жобирлар жобири,
Енголмас, бизлар — собирлар собири!
Бало дашти ичра юксак тахтимиз,
Аҳли дил, бахтсизлик – иқбол-бахтимиз.
Бало либосимиз, бешигимиз ҳам,
Жаннат дарбозаси, эшигимиз ҳам.
Балойи ишқ очган қалбимиз кўзин,
Афсунгар айлаган ҳар шоир сўзин.
Даҳри дун даъф қилар гар мисли бўри,
Яқин йўлатмас ҳеч қалбимиз қўри!
Бошимизда минг бир санги маломат,
Биз санги маломат билан саломат.
Нурафшон соғиниш билан кечамиз,
Назм – нозанин ёр, наср- чечамиз!
Кафтда юрагимиз буд-нобудимиз,
Эл мулки ашъору шеър бор-будимиз!
Гар қисмат қалбимиз торларин узар,
Гулшани кўнглимиз боғларин бузар,
Бехазон ёв ёлғон ёвуз шамоли,
Гар йироқ юлдуздай инсон камоли,
Гар жабр отини қўйганлар сабр,
Гар қай юртдош, диндош бамисли габр,
Гар сабр бесабр парчаларимиз,
Гар қақшар хунолуд дарчаларимиз,
Гар қисмат ханжари курагимизда,
Гар адолат йиғлар юрагимизда,
Майи ваҳдат билан мастона-сармаст,
Теран уммон – саёз, баланд осмон – паст!
Қисмат гар қасдлашиб берар минг бир панд,
Ҳар пандин қилармиз шаккар, болу қанд!
Йўлсизлик чоҳида ҳансираб толдик,
Камтарлик сабоғин кибрдан олдик.
Бошимизга ёққан бало тош каби,
Қалбимиз кўзларин очар мош каби!
Ёритмасак ҳам эл зим-зиё рўзин,
Ҳар дилга битармиз ҳуррият сўзин.
Ташналик қилса ҳам ҳолимиз хароб,
Дуч келган булоқдан ичмагаймиз об.
Йироқмиз олқишу нақоратлардан,
Али зулфиқори ҳақоратлардан!
Тап тортмай девордай қаттиқ нурашдан,
Қайтмасмиз ҳар хоин билан курашдан.
Буғдой кўкарсин деб бўлармиз баҳор,
Пишсин деб ёнармиз ёз шому наҳор.
Ер ором олсин деб бўлармиз куз ҳам,
Эл ором олсин деб қаҳратон-муз ҳам!
Изтироб – онамиз, қалбимиз – ватан,
Муҳаббат мулкида жон не, ҳатто тан!
Тутармиз Эътиқод-Имон қўлидан,
Юрмасмиз ёлғону риё йўлидан.
Дунё, аҳли дунё бизлардан йироқ,
Чорлар Оллоҳ васли мунаввар чироқ.
Ажалдан тап тортмас бизнинг фатонат,
Қоядай мустаҳкам собит матонат!
Гар сарсон-саргардон ҳақир жисмимиз,
Самода руҳимиз — олий қисмимиз!
Узилган даҳри дун минг бир риштаси,
Ҳамроҳимиз Тангрим ҳур-фариштаси.
Оҳ ила солармиз оташ жаҳонга,
Ҳатто ҳар жонсизга, не ҳар бир жонга!
Қасдма-қасд даҳри дун заҳар зангига,
Айландик ҳикмату дониш сангига!
“Шайдо дийдамиздан томса қатра ёш,
Лаъл бўлар ер узра жумла тоғу тош.
Лайли каби ҳар лафзимиз дилафрўз,
Мажнун каби ашъоримиз жигарсўз!
Пора бағримизда минг доғ лоладай,
Чашмимиз чашмаю шўх шалоладай.
Қалбимиз аланга, қуёш оташин,
Борон сиришкимиз, оҳимиз яшин.
Тўлса фарёдимиз ила гар дайр,
Ёқавайрон ҳатто ҳар ваҳшу тайр”.
“Ҳеч қачон бўлмагай шоир хизматкор,
Бизда Тангри берган олий ҳуқуқ бор”.
Савдогардай савдо қилмай нархини,
Ёзармиз минг дарду бало шарҳини.
Қалблар кўзи билан кузатувчимиз,
Бир кам дунё ишин тузатувчимиз.
Алвидо, бетайин тартибот-тархлар,
Аҳли шеър адолат шамширин чархлар!..
ИЗҲОРИ ДИЛ
Қошимизда лаъли хандон бўлса бас,
Бошимизда моҳи тобон бўлса бас!
Не алам, гар бўлмаса мақсад гули,
Дардга дармон минг бир армон бўлса бас.
Не алам маст қилмаса васлин майи,
Офати жон дилга ҳоқон бўлса бас.
Шавкату шон, мансаб-унвон не даркор,
Ишқ зарбидан доғи пинҳон бўлса бас!
Насли ишрат бизга бегона асли,
Дийда ҳайрон, бағри вайрон бўлса бас!
Оби кавсар деб ичармиз заҳри об,
Ҳар оҳимиз минг бир девон бўлса бас!
Дўзах минг бир азоби ҳам чикора,
Қиёматда боғи жинон бўлса бас!
Панд беролмас минг бир шайтон бегумон,
Раҳбонимиз Раҳим-Раҳмон бўлса бас!
Жудо қилдинг Парфимиздан, ё Худо,
Бахтимизга Усмон омон бўлса бас!
Булбули бийрон Ҳамид оташзабон,
Яхши-ёмон минг беомон бўлса бас!
Абдуҳамид ПАРДАЕВ,
2010 йил, март-апрель.
https://www.facebook.com/profile.php

Ўхшаш мақолалар йўқ.

МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.