Соғ-саломатмисиз, оила аъзоларингиз ҳам тинчми? “Дунё ўзбеклари”ни минглаб мухлислар севиб ўқишяпти. Сиз билан танишганимизга ҳам 30 йил бўлибди. Кўп фазилатларимиз ўхшайди. Аммо Сизда қатъийлик кўпроқ. Тушкунлик ўрнига кураш ва интилишдан ҳузур топасиз. Келажакка умид билан боқасиз. Баъзан эса адашганларга, бойларга, беэътибор мулозимларга йўл кўрсатиш ниятида фикрлар айтасиз. Ҳаёт сабоқларини факт ва далиллар асосида исботлашга интиласиз.
Аммо инсон –у инсон, унинг вазифаси адашмоқликдир, деган гапларни эсламасликка ҳаракат қиласиз. Баъзи бир сиёсий воқеаларга эътибор қаратиб, шундай фикрга келдимки, ақлли таклифнинг тескарисини амалга ошириш сиёсатчининг асосий функцияси бўлса керак, деб ўйлаб қоламан.
Улар оддий одамлар кўрган ва идрок этган нарсаларни кўрмайдилар. Охири ўзларини ўлмайдиган одам деб ўйлаб қолишади. Ҳамма нарсанинг ибтидоси ва интиҳоси бор. Ибтидода интиҳо учун шароит ҳозирлаган инсон бахтли бўлади. Ундайлар кам.
Сизнинг китобингизни ўқиб, нафақат камина, балки миллонлаб қалблар сабоқ теришмоқда. Умр сабоқларини… Омад кам, ютуқ кам, умр кам, орзу кўп, ният кўп,ғам-андуҳ кўп. Аммо сўзимиз бор, ўзимиз бор. Мухлислар бор.
Руҳий кечинмаларимни “Дунё ўзбеклари”га юборяпман. Чоп этсангиз мамнун бўлар эдим. Мухлислар эътибори, балки бахт шу бўлса керак…
Ҳурмат ила дўстингиз Дада Зафар
БАХТ ДЕГАНИ…
Дилим маҳзун, кўнгил ғаш,
Лоқайдман бор оламга.
Тақдирим кимга ўхшаш,
Тўлиб кетган аламга.
Пешонамга битилган,
Неки бўлса кўрарман.
Бахт эшиги бекилган,
Ҳақдан ножот сўрарман.
Бахт дегани ҳўп талаш,
Қувонч куйдирар оташ.
Ўрнин ғамга бўшатар,
Буёғи шунга ўхшаш.
ЙЎҚ…
Тиғи ўткир яроқнинг,бир нафас ҳам тини йўқ,
Ўтмас яроқ кўл кесар, бунин ҳам талқини йўқ.
Эзгулик тўла қалбнинг, ўзгага тўсқини йўқ,
Ўзгани ўзидек кўрар, шубҳага замини йўқ.
Яхшилик бирла номин, ҳам нонини топгайдир,
Меҳнат-ла ўтар умри, юзда ғам, ажини йўқ.
Фирибгарни дўст тутиб, кўплар қолар қон ютиб,
Шайтонга малай бўлар, умрининг тайини йўқ.
Мусичанинг ёри бор, мусичадек жони бор,
Тухумларин асрашга,битта дуруст ини йўқ.
Қалампир таъми аччиқ, ҳар таомга лаззатдир.
Аччиқ сўз дўст танбеҳи, дорининг ширини йўқ.
Булутлар зар безакдир, шамолнинг касби наққош,
Гуллар солайин деса, осмоннинг кошини йўқ.
Ҳовузда йўқдир қопқоқ, кўрпада енг не қилсин,
Улар каби энг зарур, ошпичоқнинг қини йўқ.
Кўнгли очиқ одамни, адаштирмоқ осондир.
Солиҳлар ичра балки,бир бағри бутуни йўқ.
Дада Зафар соддадил, атроф ўргамчак тўри,
Имонидан бошқа бир, дилида таскини йўқ.
ДЕБ
Бу юртда яхши кўпдир, ёмонлар ҳам топилур,
Кимлигим билмасман аммо,куларлар ардона деб.
Кимда бўлса гар юмуш, мен ҳозир у нозирман,
Эркалатар баъзилар, бесамар мардона деб.
Мискинлар дилин овлаб, саҳоват қилсам агар,
Топилар насиҳатчи, бу ишлар ҳуфёна деб.
Тўйга айтарлар мени, бу маросим савдодир,
Даллол ишим битказар, ўлчанар тўёна деб.
Бир кун бошга тушди иш, чақимчи чақди ёмон,
Дўстлар қилдилар ташвиш, ўзи шўр пешона деб.
Кўксимда қатор орден, тақмагандим ҳеч қачон,
Суд аҳли бўлди ҳайрон,кулдилар афсона деб.
Жавоб ўрнига ашъор, ўқидим қисқа қилиб,
Сўзим кесди прокурор, телба бу девона деб.
Мажлис аҳли чалғиди, менинг устимдан кулиб,
Жазони тайин этди, сўзинг бир баҳона деб.
Бизнинг иш жазо бериш, адаб ёт мактабдадир,
Оқловчига ошди ташвиш, ечармиз “дўстона” деб.
Тилим узун суяксиз, бошим чиқмас ғалвадан,
Баъзан ўйлаб қоламан, мен сиғмас замона деб.
Дада Зафар ҳам бир кун, куларсан чин юракдан,
Яхшиларнинг яхшиси, ёмонман бир дона деб.
БЎЛҒАЙ
Қастдан агар зулм айласа, гуноҳи азим бўлгай,
Мазлум бўлса гар бегуноҳ, паноҳи азим бўлгай.
Билар-билмай адашсалар, кечирарму одамлар,
Авф айламоқ Аллоҳга хос , унга ҳамд-таъзим бўлғай.
Дилозорлар дилим эзса, қон йиғлатса гоҳида,
Бағрикенглик қалқонимдир, табассумда юзим бўлғай.
Ёмонлардан нари юргум, яхшилардан ҳамроҳ излаб,
Ким кимлигин билмоқ мушкул, зеҳн-идрок лозим бўлгай.