Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигига (1-мақола)
Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигига
Буюк санъаткор Комилжон Отаниёзов ҳақида эсимда қолганхотиралар
Комилжон Отаниёзовни “буюк санъаткор” деб атаганимиз ҳақида мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, “санъаткор” калимаси кўпинча хонандаларга нисбатан қўлланилади.
Лекин “санъаткор” калимаси кўпчилик касбларга нисбатан ҳам:“Cўз(адиблик)ни, меъморликни, мусаввирликни, деҳқончиликни, спортни ва бошқа-бошқаларни санъат даражасига кўтарди” каби ҳам ишлатилади. Айтмоқчиманки, ҳар бир касбнинг эгаси ўз илми ва маҳорати асосида, касбини ривожлантирабориб, уни санъат даражасига кўтариши мумкин.
Ўзининг хонандалик, созандалик, бастакорлик маҳорати билан уни санъат даражасига кўтараолган кам сонли хофизларнинг бири (балки пешвоси ҳам) шубҳасиз Комилжон Отаниёзовдир.
Мўътабар китобларда: “Ҳар қандай Расул Набийдир, ҳарқандай Набий эса Расул эмас” дегани асосида, ҳарқандай хонанда ва ижрочини ҳам санъаткор дейиш жоиз эмас.
Комилжон акани қандай таниганим ҳақида
Бу йил 100 йиллиги нишонланадиган, “Ўзбекистон булбули” деб тан олинган буюк хофиз, созанда, бастакор ва шоир, Ўзбекистон, Туркманистон, Қарақалпоғистон ва Татаристон ҳалқ артисти, Буюк хизматлари учун ордени соҳиби, Комилжон Отаниёзов 20 июль 1917 йилда, Хоразмдаги таниқли уламолардан бири бўлган Отаниёз охун хонадонида таваллуд топган.
Радиода Комилжон Отаниёзов куйлаганда отам айниқса берилиб тинглар эдилар ва бизларга ҳам: -Тингланг, Комилжон куйлаяапти — дер эдилар. Шу-шу, мен ҳам Комилжон Отаниёзов санъатининг ихлосманди бўлиб қолдим.
Раҳматлик отам Комилжон аканинг шарафига 1958 йилда туғилган биринчи набирасига Комилжон деб ном қўйган ва “Комилжон Отаниёзовга обориб бунинг оғзига туфлатаман” деб юрарди. Отамнинг набираси Комилжон Хасанов санъаткор бўлмасада, бригадир сифатида ном қозанди.
Ўрта мактабнинг 7-8 снифларида ўқиган кезларимда райондаги таниқли хонандалардан бири — Галди Ортиқов мактабимизга мусиқа ўқитувчиси бўлиб келди. Ўшанда биринчи марта ҳақиқий торни қўлимга олиб кўрдим.
Мусиқа ўқитувчиси мендаги мусиқага бўлган қизиқишни ва қобилиятни дарров пайқади ва: -Бу соҳада устозинг ким? — деб сўради. Мен ўзига хос бир фахр билан: — Устозим Комилжон Отаниёзов — дедим. Мусиқа ўқитувчиси менга ҳавас билан анойи бир қаради-да: -Ноҳатки, Комилжон акани кўрганмисан? — деб сўради. -Кўрганман, лекин гаплашмаганман — дедим, мен.
Аввал музика ўқитувчиси, кейин барча ўқувчилар кулиб юборишди, мен эса қип-қизариб кетдим. -Бунга уялмагин, ҳозир бунақа (увайсий) шогирдлар кўп. Комилжон ака билан мен ҳам гаплашмаганман, лекин ўзимга устоз деб хисоблайман. Мана энди бу мактабда Комилжон аканинг шогирдлари иккита бўлдик — деди.
Мен Комилжон Отаниёзов билан учрашиш ва унинг билан суҳбатлашиш бахтига Тошкентда аспирантлик йилларим(1973-1975)да муяссар бўлганман. Биринчи марта уни Дошўғизлик иқтисодчи олим, Абдулла Сафаевнинг дала ҳовлисида учратганман.
Шу кундан бошлаб Комилжон ака иштирок қиладиган кўпчилик ерларда унинг қўлини ювдириш, чой, овқат қўйиш ишлари билан асосан мен шуғулланардим. Ёши катта ва мўътабар одамлар билан мулоқатда бўлиш, уларга хизмат қилиш одобини менга раҳматлик отам ўргатган эдилар.
1973 йилда филолог олим, Аҳмаджон Сафоевнинг ишчилар шаҳарчаси массивидаги ҳовлисида бўлган бир маракада, Комилжон ака ўтирган уйга хизмат қилиш учун бошқа бир йигитни қўйишган. Унинг хизматларидан, айниқаса, одобидан Комилжон аканинг кўнгли тўлмаган ва мени топишларини буюрган.
Бир кун Комилжон ака мендан: -Ўғлим бу одобни ким ўргатган сенга? — деб сўрадилар, мен: -отам ўргатганлар — дедим. У киши отам тўғрисида батафсил эшитганларидан кейин:
-Ҳа, эсимга тушди, мен ёш пайтларимда Боғотлик Абдулла қори билан бизникига тез-тез келиб, отам билан гаплашиб ўтирар эдилар. Мен уларга хизмат қилардим — деб эслади.
-Дунёнинг ишларини қаранг, бугун сен бизга хизмат қилаяпсан”, дедилар. Шундан куйин Комилжон аканинг менга бўлган муносабати янада самимийлашди.
Бир куни меҳмонлар келишдан олдинроқ менинг музикага бўлган қизиқишим тарихи, ҳозирги олиб бораётган илмий тадқиқотларим ҳақида сўраб ўтириб: Ахмаджон, майли номзодлик ҳимоянгни ҳозирги ишларинг билан қилавергин-у, лекин пахта билан ҳам ишлагин. Чунки пахта Ўзбекистон ҳалқининг нони бу — деганлар.
Устоз таҳорат олишга чиқиб кетганларида Комилжон ака 1963 йилда ёзиб музикага солган “Юртим Хоразм” ашуласини завқ билан ҳиргойи қилиб турганимда беҳосдан қайтиб келдиларда, кулиб: -Анча-мунча пишиб қолибсан — дедилар.
Мен унинг кафияти яхшилигидан фойдаланиб: -Комилжон ака, ундай бўлса менга ҳам бир фотаҳа (дуо) бериб юборинг — дедим. Ўз қўлларини дуога очиб: -Кўтар қўлларингни — дедилар. Мен ва бу ердагиларнинг барчаси ўринларидан туриб қўлларини дуога очдилар.
-Илмингдан барака топ, Омин Оллоҳу акбар! — дедилар, ҳаммамиз беихтиёр қўлларимизни юзларимизга тортдик ва ҳайрон бўлиб унга қарадик. У кулиб жойига ўтирди, ва ҳозир тушинтираман, деди.
-Яхши санъаткор, олим, мусаввир, актёр, ёзувчи, шоир, бастакор ва шу кабиларга истак ва меҳнат билангина эришиб бўлмайди. У нарсалар истеъдод дейилади ва камдан-кам одамларга бериладиган Аллоҳнинг неъмати ҳисобланади.
Сенга Парвардигор катта истеъдодни илм борасида берган кўринади, шуни маҳкам тут! Майли, бир ёнингда санъат, бир ёнингда адабиёт ҳам бўлсин, улар ҳеч қачон зарар қилмайди — дедилар.
Мен унинг маслаҳати билан иш кўриб, илмни маҳкам тутдим. Санъат ва адабиёт ҳамрохим бўлди. Беш-олтита шерлар ёзиб айримларига куй ҳам басталадим ва ўзим биринчи ижрочиси бўлдим.
Менинг қаламимга мансуб бўлган “Хоразм бўлмаса нетардинг дунё?!” шеъри мен басталаган куй асосида 1994 йилдан бери тўй ва тадбирларда, радио ва телевиденияда таниқли хонандалар томонидан куйланаётгани ҳам бор гап.
Хулоса шуки, санъаткор бўлмасамда, мен ҳам Комилжон аканинг “Илмингдан барака топ!” деган дуосини олганман, шу боис уни ўзимнинг устозларимдан ҳисоблайман. Бу ҳақида, машҳур ёзувчи ва шоир, адабиёт соҳасидаги ҳалқаро Махтимқули мукофоти лауреати Аннақули Нурмаммедов ўзининг “Пайғамбар ёш қутлуғ бўлсин”, шеърида шундай ёзган:
Наслини олибдир, буюк Ўғизхондан,
Ал-Хоразмийдан, Махтимқули уммондан.
Хофизлик сирини, устози Комилжондан,
Минг ҳунар қўлинда, сайрон Хоразмий
Матмурот Солоев, Ортиқ Отажонов, Гавҳар Матёқубова, Омон Матчон, Абдулла Сафаев ва бошқа кўпгина шогирдлари каби мен ҳам суратларга тушгандим Комилжон акалар билан. Афсуски бу суратлар Тошкентдан Африкага, Африкадан Хоразмга, Хоразмдан Тошкентга, Тошкентдан Англияга кўчишларим натижасида бир-бир йўқолиб кетди.
Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларига келиб Комилжон акалар ҳақида “Хоразмликнинг онаси бу 20-асрда Комилжондай хофизни, Досовдай раисни, Соподай полвонни туғмайди” деган нақл (мақол) пайдо бўлган Хоразмда. Мен буларнинг учаласи билан ҳам яқин мулоқатда бўлганман.
Энг қизиғи шуки, ростдан ҳам уларга тенг келадиган хофиз, раис, полвон нафақат 20-асрда, ҳатто хозиргачада туғилмади Хоразмда. Бундан ҳам қизиғи, бу учаласи ҳам 1917 йилда туғилиб, 1975 йилда вафот қилишди. Тўғри, Сопо полвон яқингача тирик эди, лекин у 1975 йилдан полвон сифатида ўлган эди. Яна бир қизиғи шуки, бу учаласи бирбирларини хушламас эдилар.
Комилжон ака топқир-аксиячи ҳам эдилар
1974 йилда А. Сафаев Ўзбекистон Фанлар Академияси мухбир аъзолигига ўз номзодини қўйиши муносабаит билан Фанлар Академияси президенти бошлиқ бир неча академикларни уйига (зиёфатга) таклиф қилди.
У пайтлари Комилжон аканинг ўнг қўли ва оёғи касал эди, шунинг учун Ортиқ Отажонв кўпинча унинг ёнида тор чалиб ўтирарди. Таклиф қилинган меҳмонларнинг деярли барчаси етиб келган эди. Фақат президент Обид Содиқов Марказқўмга чақирилгани учун кечикаётган эди. У келгунча озроқ ашула, озроқ суҳбат бўлиб турди. Мен ўшанда ҳатто академиклар ҳам Комилжон акани ниҳоятда ҳурмат қилишларининг гувоҳи бўлганман.
О.Содиқов ҳали эшикдан кирмасданоқ Комилжон ака: -Туринг ҳаммангиз, илм подшоси келди — дея ўзи ҳам ўрнидан қўзғалди (лекин биров кўмаклашмаса ўзлари ўрнидан туришга қийналар эдилар). Барчалар тикка туришди.
Обид ака югира келиб: -Комилжон ака сиз турманг, илм подшоси ким бўлибди, санъат султонининг олдида — деди-да уни ўрнидан туришга қўймади, ўзи унинг ёнига ўтирди. Мен ўшанда улуғ инсонларнинг ҳазиллари ҳам улуғ бўлишининг гувоҳи бўлганман.
Раҳматлик Комилжон ака Хоразмчасига айтганда “жавобчи” яъни топқир-аскиячи одам эдилар. Бир марта ўзи аскияни бошлаб ўзи ютқазиб қўйганининг гувоҳи бўлганман. Бу қуйидагича содир бўлганди:
Тенгдош дўстимиз Йўлдош Сапаев 1973 йилда Консерваторияни сурнай бўйича тамомлаб Комилжон Отаниёзов гуруҳида сурнайчи бўлиб ишлай бошлади.
1974 йилда Йўлдош Комилжон ака бошлиқ бу гурухни уйига (Боғот район, Маданият қишлоғи) зиёфатга таклиф қилди. Ҳардоимгидек, мен Комилжон аканинг хизматида ҳозир эдим.
Комилжон аканинг гурухида созанда, раққоса, хонандалардан ташқари Хударган ака каби масхаравозлар ҳам бор эди. Хударган ака Комилжон акалар тенгқури эди. У “Хударган тўқ-тўқ”, “Хударган зитир” номлари билан машҳур эди.
Комилжон ака уни кўп киноялар эди. Ўша зиёфатда Комилжон ака унга: “Хударган сен ҳам санъаткорми? Бор билган нарсанг “Истонсада бир пари, ўлдирсаё ўлдирсин”, шу ҳам санъат бўлдими?!” деб унга кун бермади. Охийри Хударган аканинг жонидан ўтди шекилли, -“Сенинг айтган ашулангни биров айвончага қош (ёғоч) қилаяптими? Сен ашула айтганда биров кулмайди, аксинча, сувора айтганингда одамлар эснашга тушади. Менинг ҳар бир сўзимга, ҳаракатимга одамлар маза қилиб кулади. Санъаткорнинг вазифаси одамларни хушнуд қилиш бўлса қайсимиз яхшироқ санъаткор?” деди. Комилжон ака унинг бу сўзига жавоб топаолмади…
Комилжон Отаниёзов “Время”ни тўхтатган жасур ва имонли одам эди
То мустақилликка эришгунича, Ўзбекистон телевидениеси ўз кўрсатувларини эфирга узатганида Марказий Телевидениенинг “Время” дастурини олиб кўрсатишга мажбур эди. “Время” дастури бошланган онда барча ўзбек дастурлари тўхтатилиши лозим эди.
Тошкентнинг “Бошлиқ» маҳалласидаги теледастурларни эфирга узатиш республика идорасининг 1967 йилги «ТВ-зона 4» деган дафтарида бир ЧП (Фавқуллода ҳодиса) қайд қилинган. Бу дафтарда ëзилишича, ўша йилнинг ноябрь ойи кунларидан бирида “Время” программаси эфирга узатилмасдан унинг ўрнига Комилжон Отаниëзов концерти берилган. Бу ҳол эса қуйидагича содир бўлганди.
Времянинг вақти кирган пайтда Комилжон Отаниëзов ашула айтиб турган эди. Бирдан Комилжон Отаниëзов ашуласини тугатмасдан Время бошлаворди. Икки минут ўтар ўтмас Времяни тўхтатди-да, яна Комилжон ака ашула айтиб юборди. Тўрт минут ўтар ўтмас яна Время кўрсатиб юборди. Ундан кейин яна Комилжон ака ашула айтди. Ашулани телевизор тугагунча айтди ўзиям.
Хоразмий домланинг Комилжон Отаниёзов ҳақидаги хотираларини ўқиб бу одамга қоил қолдим.
Эътибор берсангиз домла Комилжон акадан: «Илмингдан барака топ! Адабиёт ва санъат ҳамроҳинг бўлсин» деган дуо-ю ўгитлардан бошқа кўрган нарсаси йўқ.
Комилжон ака тириклигида унга қанчалик хизмат қилган, вафотидан кейин эса унинг портретларини ишлатиб, уни устозим, дея тарғиб қилишдан чарчамаяпти.
Демак Хоразмий домла нафақат Комилжон аканинг ўгитларига, ва шунингдек Навоий ҳазратларининг ҳам: «Ким-ки сенга бир ҳарф ўргатса ранж ила, ҳаққин адо этаолмассан юзминг ганж ила» деган ўгитига ҳам содиқ экан.
Илоҳим барчамизга Хоразмий домладей содиқ шогирд бўлиш насиб қилсин!
Ман Хоразмлиман, ёшим 80 га яқинлашди, чоққонман Худога шукур. Мақолада айтилган, Комилжон ака, Досов, Сопо полвон, Хударган тўқ-тўқ, Ҳожихонлар билан кўп ўтиришганман.
Менинг ҳам Комилжон акалар ҳақида хотираларим бор эди. Лекин у хотиралар Аматжон Хоразмий укамизнинг бу ёзган хотиралари соясида қолиб кетиши учун, уни яхшиси ёзмадим.
Бир ҳисобдан тўғри ҳам қилдим, Комилжон акага ўхшаган тарихий шахслар ҳақида ҳарким ҳам ёзган нарсаларни печать қилавериш тўғри бўлмайди.
Аматжон укамиз ўзининг илми ва тўғрисўзлиги билан ҳалқ ичида тан олинган одам. Улуғ одамлар тўғрисида шундай одамлар ёзса ярашади.
Маданият вазирлиги ва олимлар диққатига!
Манашу мақолада, мўътабар китоблар асосида муаллиф: «Ҳарқандай хонанда ва ижрочини ҳам санъаткор дейиш жоиз эмас!» деб таъкидлаган ва бу янги ва фалсафий таъкид.
«Ҳар тош қазган Фарход бўлмас!», деганларидай ҳар хонанда, раққоса санъаткор эмас. Улар аввал ўз ижросини санъат даражасига олиб чиқсин, шундайлар «Санъаткор» дейилсин.
Мени ажаблантирадиган нарса шуки, нимага бундай таклиф катта санъаткорлардан, ҳеч бўлмаса санъат соҳаси олимларидан эмас, қишлоқ хўжалиги соҳаси олимидан чиқаяпти.
Катта раҳмат, муаллифга ҳам, «Дунё ўзбеклари» га ҳам.
Мақоламисан, мақола бўлибди. Мен ҳам Комилжон ака санъатининг мухлисиман. Манашу мақолани ўқиб уни яна бир бор кашф қилгандай бўлдим.
Бу мақолани санаткорман деб юрганлар қайта ва қайта ўқиши керак. Шунда ҳа деб фонограмма айтмай Комилжон акаларга ўхшаб ҳалол хизмат қилишар балки.
Комилжон акага ўхшаб, ҳеч бўлмаса ўртадан тушган пулдан тўй эгаси ва камбағалларга бериб дуо олишса Комилжон акага ўхшаган буюк санъаткорларнинг руҳи поклари қўллар уларни.