Гулбаҳор Саид Ғани: Тошни ёриб чиқар бир куни гулим…
***
Тошлар ёрилгайми , ёрилтош бўлиб,
Ёрилтош қўшиғин куйласам тўлиб?
Тошларнинг қулоғи кар дейди шамол,
Гунгнинг дилидаги қўшиғи увол.
Куйлашга куй бору, сўзлари гунгдир,
Тошларда қулоқ бор, туйгани мунгдир.
Бир белги излайман тош сиртин силаб,
Не сир бор бағрида, топмоқни тилаб.
Ёрилтош ичидан чиқсин гулойим,
Қўшиғим куйига сўз бер, худойим.
Сеҳрли эртаклар эрисин, майли,
Йўлимдан адашдим эртак туфайли.
Эски оҳангларга қулоқ бермас тош,
Унинг сийнасида осилган бардош.
Тошни ёриб чиқар бир куни гулим —
Маҳзун куйларимга сўз топган куним.
22.06.2017
Gulbahor Said G’ani
«Беларусия дафтари» туркумидан
***
Маёнтакда сахий нур сочар ёрқин
Не-не асрларни қаритган қуёш.
Оштарп қалъасида кезаркан сокин
Кекса эманларга тутиндим сирдош.
Тарих ичра кечган не муҳораба
Жангу жадал,ур-сур кечмишга гувоҳ,
Замин кўкси чок-чок тилинган сабаб
Чиқиб келар баъзан юрагидан оҳ.
Яшил ўтлоқ бунда кенгдир бепоён,
Майса бўлиб унган балки шаҳидлар.
Орзудек майсалар бағрида шоён.
Сариқ денгиз каби момоқаймоқлар.
Кекса эманларга тутиндим сирдош,
Юракда меҳрдан қолдирди асар-
Ўзбекка ўхшайди белорус қардош —
Меҳмонни бошига кўтариб яшар!
18/05/2017.
Дукорский маёнтак
****
…га
Яшил туриб қулаган дарахт,
Баргларини тушда кўргайдир.
Қушчалар ҳам соядай карахт
Соясида жавлон ургайдир.
Балки мен ҳам шовуллаб баҳор
Баравжида синган дарахтман.
Бор бўйи-ла қулаган чинор
Шовқинида тўкилган аҳдман.
Қушчаларим тарк этган чўчиб,
Кунларимни тарк этган наво.
Тарихлардан кетганман ўчиб,
Кимга малол мен ичган ҳаво.
Бугун қайда титрайди ҳиссиз
Ишққа тўлган зангори юрак..
Кўнгил ичра инчкирар сассиз,
Япроқларим йиғлайди, ҳўнграк….
29.06.2017