"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Моҳигул Назарова: Гуноҳ (кичик қисса) 12. Кутилмаган учрашув

Адабиёт | 01/07/2017 15:31-     31760 марта ўқилди

12. Кутилмаган учрашув
Салимани уч соатга яқин полиция идорасида ушлаб туришди. Дилором полициячиларга пора бериб уни олиб чиқмоқчи бўлди-ю, аммо улар Дилором берган минг рубль пулни писанд қилмай, беш минг беришини талаб қилиб туриб олишди. Боши қотиб қолган аёл нима қилишини билмай кўчага чиқди. Уйига пул  жўнатмаган бўлсайди, ҳозир  полициячиларга  улар сўраганини берган бўларди.
Бироз ўйланиб тургач, бекаси Татьяна  Алексеевнага қўнғироқ қилиб ёрдам сўрамоқчи бўлди. Шу қарорга келиб,  сумкасидан қўл телефонини олди. Шу пайт ўзига яқинлашиб келаётган кўринишидан ўзбекка ўхшайдиган икки эркакка беихтиёр  кўзи тушди.
Улардан бири кўзига иссиқ кўриниб, яхшилаб  қаради. Ҳа, у адашмаган, янгаси Динаранинг укаси, бир пайтлар ўзига совчи қўйган Каримжон аёлнинг қаршисида турарди.
  • Дилором, сизмисиз? — ҳайратга тўла овозда сўради Каримжон. — Бу ерларда нима қилиб юрибсиз? Қачон келгандингиз Питерга?
 — Ассаломуалайкум. Яхшимисиз, Карим ака? Келганимга саккиз ойча бўлиб қолди. Янгам айтмаганмидилар? — кутилмаган учрашувдан турли ҳислар оғушида қолган Дилором сўрашаркан, ўзини бироз ноқулай ҳис қилди.” У  Алишер акамнинг вафотини эшитган бўлса керак. Мени писанд қилмагандинг, Россияга қатнаб ишлайди, олий маълумотли эмас, дегандинг. Мана ўзинг ҳам келиб қолибсан-ку,бегона юртга”, деяётгандир деб   ўйлаб, ич-ичидан зил кетди. Аммо Каримжоннинг нигоҳида таъна сезилмасди.  Унинг ёнидаги баланд бўйли, буғдойранг,қора қош эркак бўлса унга синчков нигоҳларини тикиб қараб турарди.
  • Нима қилиб юрибсиз, бу ерларда? Қаерда ишлаяпсиз? — сўради Каримжон.- Тинчликми, полиция идораси ёнида турибсиз?
Дилором дугонаси Салима билан шаҳарга пул жўнатиш учун келишганини, аммо дугонасининг ҳужжатларида камчилик борлиги  сабаб полицияда ушлаб туришганини, беш минг рубль талаб қилишаётганини ҳам айтиб ўтди. Каримжон гап қўшмай уни тинглади-ю, ёнидаги жўраси билан ичкарига кириб кетди. Бироз  вақт ўтгач, Салимани эргаштириб қайтиб чиқишди. Салима кўчага чиқиши билан Дилоромни қучоқлаб олиб, раҳмат айтди.
-Хўш, энди нима қилмоқчисизлар? — сўради Каримжон уларга жилмайиб қараб тураркан.
-Карим ака сизга катта раҳмат. Бизга катта ёрдам бердингиз. Пулингизни албатта қайтарамиз, — миннатдорчилик билдирди жувон. — Энди нима қилардик. Уйга кетамиз-да. Яъни, ўзимиз яшайдиган жойга борамиз.
 -Бегона юртда учрашиб қолибмиз. Сал нарироқда ўзбекча таомларни жуда мазали қилиб  пиширишади. Келинглар, бирга тушлик қиламиз. Кейин биз сизларни кузатиб қўямиз, — деди Каримжон. — Йўқ деманглар, илтимос.
Унинг ёнидаги индамай турган эркак ҳам “Йўқ деманглар,.юринглар. Бизга шерик бўласизлар,” — деб қўйди.
Дилором нима дейишини билмай қолди. Рози бўлса ўзини ноқулай ҳис қилади, бормаса дугонасига ёрдам берган Каримжон  ранжиши мумкин. Салима бўлса, унга бир қараб олди-да,”Биз кетишимиз керак эди-ку. Ҳа майли.Тушлик қилсак қилармиз”, — дея дугонасининг номидан ҳам розилик билдирди.
  • Унда кетдик, — деди Каримжон йўл бошларкан. — Мана шу кўчадан қайрилишда ажойиб ошхона бор. Овқатлари роса ширин. Ҳатто тандир сомса ҳам бор.
 Ошхонада бошида унча гаплари қовушмай турган бўлса-да, кейин суҳбатлари қизиб кетди. Аввал бир косадан нўхатли шўрва ичишди.  Орқасидан сергўшт сомса келди. Аччиққина кўк чой ичиб, бироз суҳбатлашишди. Маълум бўлишича,  иккинчи эркакнинг исми Нўъмонжон бўлиб, асли самарқандлик экан. Шартнома асосида Санкт-Петербургдаги  стамотология поликлиникаларидан бирида ишлайдиган  Нўъмонжон “Тишларинг оғриб қолса, бемалол келаверинглар”, -деб ҳазиллашиб, аёлларга ўз  “визитка”сидан  берди. Каримжон эса ўша поликлиникада қоровуллик қилиш билан бирга, шаҳардаги савдо дўконларига маҳсулот тарқатадиган фирмалардан бирида ишларкан. Каримжон гап орасида Дилоромнинг телефон рақамини сўраб олиб, телефонининг хотирасига сақлаб қўйди.
 Салима билан қайтишаркан, автобусда  Дилором дугонасига бир пайтлар Каримжонни “ўқимаган” деб камситганини, янгаси билан бўлган можароларни гапириб берди. Фақат оиласини ташлаб, Алишерни танлаганини айтиб бергиси келмади. Унинг эрини вафот этган  деб биладиган Салима бўлса,”Инсон ўз тақдирини билмайди-да. Шунақа бўлишини билсангиз, бошиданоқ Каримжонга турмушга чиққан бўлардингиз. Шундай эмасми?” — деб сўради.
-Ким билади,дейсиз? Ростдан ҳам ҳаётнинг турли синовлари кўп экан,-хўрсиниб қўйди Дилором.
— Қиз болани илк бора сўраб келадиган совчиларни фаришталар бошлаб келади,дейишади. Биз бўлсак ўша пайтда ёшлигимиз сабабми, бунақа нарсаларга эътибор бермаймиз. Ҳа,майли дугонажон. Сиқилманг. Ҳали болаларингиз катта бўлиб, қанотингизга кирса, бу кунларни унутиб ҳам юборасиз, — Салима дугонасининг елкасидан қучиб қўйди.
 Дилором “Илоҳим айтганингиз келсин”, — деди-ю, ичидан зил кетди. Илҳом ҳеч қачон унга болаларини бермаса керак. “Майли, бермасаям ҳар замонда бир кўришиб туришга рухсат берса рози бўлардим, — ўйлади аёл. -Кейинчалик сал каттароқ бўлишса, балки мени кечиришар.”
 Яшаш жойларига етиб боришганда Татьяна Алексеевна ундан бунча  узоқ қолиб кетишгани учун хавотир олганини айтди. Саша бўлса унинг бўйнига осилиб, соғиниб қолганини айтиб бидирлади. Дилором ҳам уни маҳкам бағрига босди. Фарзандларидан узоқда бўлгани учун у Сашага меҳр қўйган эди.
 Орадан икки кун ўтиб, Нўъмонжон унга қўнғироқ қилди. Жавоб бериш ё бермасликни билмаган Дилором бироз ўйланиб турди-да, яшил тугмачани босди.
   — Алло, Дилором,яхшимисиз? Ишларингиз яхшими?
   — Раҳмат. Ҳаммаси яхши. Ўзингиз тузукмисиз? Чарчамай юрибсизми?-сўрашди Дилором.
    -Дилоромхон, агар бирор муаммо туғилса, бемалол айтаверинг. Ҳужжатлар масаласидами, ё бошқами билдиринг. Қўлдан келганча ёрдамлашамиз. Мусофир юртда аёл кишига жуда қийин. Буни тушунаман.
 -Раҳмат, Нўъмон ака. Ҳозирча ҳеч қандай муаммо йўқ.
 — Майли, узр агар безовта қилган бўлсам. Соғ бўлинг, Дилоромхон.
  -Раҳмат, хайр.
     Дилором  бу қўнғироққа унча аҳамият бермади. ”Ҳа,энди юртдош бўлгандан кейин ҳол-аҳвол сўради-да. ”- ўзича ўйлаб қўйди. Нўъмонжон унга ҳар икки-уч кунда қўнғироқлашиб, ҳол-аҳвол сўраб туришни одат қилди…
(Давоми бор)

Ўхшаш мақолалар йўқ.

МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.