Тошпўлат Йўлдошев: Шарқшунос олим Шоислом Шомуҳамедов хотираси
Шарқшунос олим Шоислом Шомуҳамедов хотираси
Севимли устоз Шоислом Шомуҳамедовни кўрган, билган ҳарқандай одам бу улуғ зотни эслаганда, жозибали асарлари, чет тиллардан ва хусусан форсчадан ўзбекчага ўгирган беназир шеърларини ўқиганда дили кўтаринкиликка, ўзи ҳаётни янада севиш бахтига ошно бўлади.
Мен Тошкент давлат университети Шарқшунослик факультетида ўқиган даврларда домла форс филологияси кафедраси мудири, факультет декани бўлганлар. Шарқ тиллари ўрганиладиган бўлимларнинг (8-9та) ҳар бирида 8-10та, бутун факултетда эса 450тагача талаба ўқирди.
Педагогик коллективимиз ихчам, озгина бўлсада созгина малакали ва ўта талабчан устозлардан иборат эди. У пайтларда фақат ўқиган талабалар яхши баҳо ва стипендия оларди. Таниш билишлик, пора у пайтларда ёт бўлиб, иш бермасди.
Ота оналари катта амалдор, республикада хизмат кўрсатган нишондор, обрўли арбоблар бўлса-ю, болалари дангаса, ўқишни уддалай олмайдиган бўлса, у курсда қолдириларди ёки университетни тарк этишга мажбур этиларди.
Чет тилларни тегишли мамлакатлардан таклиф этилган устозлар, тарих, география, иқтисод, фалсафа, халқаро алоқаларга оид ва бошқа фанлардан университетимиз факултетлари, махсус институтлар, Москва, Ленинград ва шу сингари шаҳар олийгоҳларидан таклиф этилган малакали профессорлар бизга махсус ёки факултатив дарслар ўтишарди.
Даргоҳимиздан факултетимизни битирган ва меҳмон дипломатлар, марказий вазирликлар, университетларда ишлаган Ўзбекистонлик ва ўзга юртлар фан ва маданият арбоблари ташрифи, талабалар билан учрашув маросимлари аримасди.
Меҳмонларнинг бир қисмини Шоислом ака кириш сўзи орқали таништириб, маъруза эшитишга ҳам вақт топардилар. Биз кўпинча севган устозимизни ижодий изланишлари мавзусида суҳбатга тортишга ҳаракат қилардик.
Фирдавсий, Рудакий ижоди, Умар Хайём рубоийларидан янги таржималар ҳақида Шоислом ака бирор жойда маъруза қилишларини билиб қолсак, ўша ерга бориб, уларни эшитишга ҳаракат қилардик. Маърузалари яхши кино ёки спектаклдан ҳам афзалроқ кўринарди.
Бизнинг араб тили ва шарқ тарихи бўлимимизда устоз дарс бермаганлар. Лекин сал кам икки йил мобайнида факультет комсомоллари етакчиси бўлганим боис, декан хонасида ўтказиладиган кенгаш ва учрашувларда, студентлар ҳаёти, давомати ва ўқишига оид суҳбатларда студентлар вакили сифатида қатнашган пайтларим бўлган.
Шоислом аканинг маъмурий вазифалари, таълим дарслари тиғиз бўлишига, ҳамкасблар билан ижодий ва анъанавий учрашув ва ўтиришлар кўп бўлишига қарамасдан ўта самарали ижодга вақт топа олиш қобилиятлари мени жуда ажаблантирарди.
Шоислом ака бир томондан иш кўзини биладиган уддабурон ташкилотчи, замонавий педагогика санъатини пухта эгаллаган мауллим бўлсалар, иккинчи томондан кўнгли ва нияти пок, ҳарқандай одамнинг кайфиятини кўтара оладиган хушчақчақ, камтарин инсон сифатида ўзларини намоён этганлар.
Мен шарқ халқлари буюк мутафаккирлари улкан адабий ёдгорликларини ўзбек китобхонларига беназир маҳорат билан таржима этиб инъом етган, ватанида ва чет элларда обрў эътиборга сазовор бўлган ажойиб шогирдларни вояга етқазган йирик, заковатли шарқшунос олим Шоислом Шомуҳамедовнинг таълимини олган, ёнларида юриб маълум ютуқларга эришган бахтли одамлардан бириман.
Устозни ҳар доим қалбимда ардоқлаб, кези келганда дўст биродарларга бу улуғ зотнинг ижодлари ва ажойиб инсонийлик хислатлари ҳақида мақтаниб гапириб юраман.
Шогирд Тошпўлат Йўлдошев
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ