Исмат Хушев: Давлат маслаҳатчисининг тагига сув кетди
Исмат Хушев:
Давлат маслаҳатчисининг тагига сув кетди
“Ўзбеккино” мулозими ростдан ҳам ўз жонига қасд қилдими ё уни ўлдиришдими?
Продюссор ва режиссерларнинг пайтавасига нега қурт тушди?
Бу жиноятларнинг энг асосий режиссери ким ?
“Озодлик” радиоси хабарига шарҳ
1.
“Озодлик” радиоси хабарига кўра, “Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамияти мулозимларининг катта миқдордаги давлат маблағини ўзлаштирганликлари ва айни пайтда у ерда ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан кенг кўламли текшириш олиб борилаётгани тилга олинган. Нуфузли радио журналистлари фикрича, бу кўзбўямачилик ва кино учун ажратилган катта миқдордаги маблағ ўзлаштирилишида Давлат маслаҳатчисининг қўли борлиги кўриниб қолган. Уларнинг таъкидлашича, айни пайтда “Ўзбеккино” маъмурлари ўзларининг қудратли ҳимоячилари бўлмиш Давлат маслаҳатчиси билан ҳамкорликда – Комиссиянинг йўлини тўсиш ва кўнглини овлаш билан овора.
Бу уларнинг қўлидан келармикан?
2.
Хўш, “Дунё ўзбеклари” бугундан эътиборан худди “Озодлик” каби ўз назоратига олган бу масалада – Адолат қарор топармикан?
“Ўзбеккино”нинг бир гуруҳ каззоблари ўртасида давлатнинг миллиард миллиард пулларини осмонга сочган шоввозлар ҳақидаги хабар Президент столига етиб борармикан?
Нашримизнинг бугундан эътиборан диққат марказида турадиган энг асосий мавзу шу бўлади.
3.
Хўш, Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов раҳбарлик қилаётган бошқа соҳаларда аҳвол қандай? У раҳбарлик қилаётган етакчи соҳалардан бири – оммавий ахборот воситаларидир. Шу жумладан – Ўзбекистон телевидениясининг шармандали аҳволга тушганлиги ҳам кўпчиликка аён. Ўзбек матбуоти юз йиллаб тўплаган обрў эътибори бошига қисқа муддатда сув қўйиб улгурилди. Бу соҳаларга мутасадди бўлган маслаҳатчиси ўз креслосида янада мустаҳкам ўтириш учун матбуотни – кўп йиллик тиклаган обрў эътиборидан мосуво қилди.
Матбуот жиловини – матбуот душманлари қўлига бериб қўйди. Ўзбекистонда матбуот кушандаларининг ихтиёрисиз бирор бир сатр чиқмайдиган бўлди. Сўнгги фелъетон Тупроққўрғон қабристонига кўмилганига ҳам йигирма йил бўлди. Хайриддининг ҳам яқинда тахтга чиққанига йигирма йил бўлади…
Эндиликда ўзбек матбуоти – ёмон қовуннинг уруғидай кўпайиб, мазмун моҳияти, мундарижа ва сифати ниҳоятда пасайиб кетди. Совет даврида – атиги тўрт юз ном атрофида бўлган, нисбатан мазмунли нашрларимиз бугунга келиб – бир ярим мингдан ҳам ошиб кетди. Озроқ қоғоз қаҳатчилиги қўлимизни тутиб турибди, акс ҳолда уларни икки мингга етказиш ҳам ҳеч гап эмас.
Лекин матбуотнинг сони ошган сайин – мазмун моҳияти ер билан яксон бўлди. Бу ҳақда, хусусан, МХХ ташаббуси билан ўтган йили ҳужжатли фильм ҳам суратга олинган ва Ўзбекистон телевидениясидан бир неча маротаба намойиш ҳам этилган эди. Лекин ўшанда ҳам ўзбек матбуоти таназзулининг бошида турган Хайриддин Султонов сувдан қуруқ чиқиб кетди.
Чунки, кўпгина маълумотлар Президент столига етиб бормади…
4.
Хайриддин Султон тасарруфида бўлган – кўпчиликнинг назаридан четда қолаётган яна бир “деҳқончилик” майдони борки, буни ким билмаса билмас, лекин Ўзбекистон Олий ўқув юртларининг раҳбарлари яхши билишади. Чунки, Ўзбекистонда журналист кадрлар тайёрланадиган олий даргоҳ жилови аллақачон Хайриддин Султоннинг “текин томоқ” қозонига айланиб улгурган. Олий ўқув юртларининг журналистика факультетларида ўзига хос “қабул қоидалари” мавжуд бўлиб, тест имтиҳонлари олдидан бўлажак талабалар “ижодий кўрик” чиғириғидан ўтишади.
Бу чиғириқни одатда – “Хайриддин Султон чиғириғи” дейишади. Мана шу “чиғириқ”дан ўтганларгина талаба бўлиш ҳуқуқини қўлга киритишади. Бу “чиғириқ”нинг ёзилган ва ёзилмаган ўз “ўйин ва найранг”лари бор. Ўтган йилларда Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетида Хайриддин Султон яратган “чиғириқ”нинг миси очилиб қолди. Журналистика факультетига қабул қилинганларнинг катта қисми, журналистик иқтидор тугул, умуман журналистик ҳаваснинг ҳам кўчасидан ўтишмаган экан.
Лекин улар Хайриддин Султоннинг “чиғириғи”дан мувффақиятли ўтишган. Лекин бу “чиғириқ” атрофида кўтарилган шов шувлар узоққа бормади. Университетнинг собиқ ректори – тез орада порахўрлиги билан қўлга тушиб, жиноий жавобгарликка тортилган Ғайрат Шоумаров кўкрагини кўндаланг қўйиб, Хайриддини ҳимоя қилиб қолди. Хуллас, у бўлди, бу бўлди – кимдир ишдан кетди, кимдир қамалди, бироқ Хайриддинга гап тегмади.
Чунки “Чиғириқ” ҳақидаги асосий гап яна Президент столига етиб бормади…
5.
Хайриддин Султонов бошқарадиган йўналишнинг яна бир қирраси – адабиёт ва санъатга – маънавиятимизга бориб тақалади. Адабиёт ва санъат майдонида қандай шармандали ўйин бўлаётганини нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳон афкор оммаси кўриб билиб турибди. Қарийб чорак асрлик мустақиллик йиллари давомида – мустақилликнинг бутун бир кўламини кўрсатадиган бирор бир арзигулик асар дунёга келмади. Нафақат адабиётда – нафақат проза, поэзия ва драматургияда, балки кино, музика санъати ва рассомликда ҳам аҳвол ачинарли тус олди.
Ваҳоланки, Хайриддин Султонов – Президент олдидаги ҳар бир мулоқотда Мустақилликнинг бутун манзаралари ва бўйи басти билан битилаётган оламшумул асарлар ҳақида тоғ – тоғ ваъдалар бериб, бу ваъдасига давлат раҳбарини ишонтириб келди. Унинг бу ваъдалари – “Бу йил бўлмаса келгуси йил эшшакни албатта гапиртираман!” – деб подшонинг хазинасидан бир қоп тиллони ўмарган Афандининг ваъдасига ўхшайди.
Бундан хабардор бўлган Афандининг таниш билишлари: “Тақсир, қандай қилиб эшшакни гапиртирасиз, лоф ҳам эви билан бўлсин-да” – деб унга дашном беришганида, Афанди ҳам ҳеч иккиланмай: “Келгуси йилгача ё эшшак ўлар, ё пошшо ўлар” деб қутулган экан. Хайриддин Султон қилаётган ишлар – Афандининг ўша “доно” мушоҳадасига ўхшайди. “Донишманд” давлат маслаҳатчисининг мушоҳадалари бу сафар ҳам иш берармикан?
Ҳаммаси – Президент столига у ҳақдаги бор гапнинг етиб боришига боғлиқ!
6.
Чунки “доно” сиёсатчи – давлат хазинасидан ташқари энди ўз қўли остидаги хазиналар тагига ҳам бирма бир сув қўйиб бўлди. Текширувлар тугамасдан ўз жонига қасд қилган ёки аввал ўлдириб кейин “Ўзбеккино” дарвозасига осиб кетилган продюссорнинг сирли ўлими – Хайриддин Султоновга ҳам бориб тақаладиган кўринади.
Фақат бундан Президент хабар топармикан?
7.
“Ўзбеккино”даги махинация ва юлғичлик овозаси, продюссор мулозимнинг сирли қазоси – бу катта жиноятнинг тепасида турган бош “режиссер”ларнинг талвасасидан далолат.
Айтарлик ва арзигулик кинодан дарак йўқ, лекин давлатнинг кино истиқболига ажратилган миллиард миллиард пуллари қаёққа оқиб кетганлиги ҳақида ҳам калаванинг учини топиш осон эмас. Чунки, калаванинг учи эса тобора юқорига – Давлат маслаҳатчиси тўқиган ўргимчак инига қараб ўрмалаб боряпти.
Лекин бу ахборот бор бўй-басти билан Оқ саройнинг Бош соҳиби – муҳтарам Президент қулоғига етиб борармикан?
8.
“Ўзбеккино”да кутилмаганда, сирли равишда ўз жонига қасд қилган мулозим охиргиси бўлмаса керак. Бу ердаги аниқ – тиниқ маълумотларга қараганда, Давлат маслаҳатчиси дастидан жонига тўйганлар талайгина.
“Ўзбеккино”даги давлат ажратган миллиард миллиард пулларни устамонлик билан ўзлаштиришнинг Бош режиссери аслида ким бўлди экан? Эндиги навбат кимники?
“Ўзбеккино”да юз берган фожеали ҳолатнинг даҳшатли манзаралари – Президент столига етиб борармикан?
9.
Сўнгги йилларда Хайриддин Султонов Тошкентнинг энг нархи баланд бўлган “Наврўз” тўйхонасида икки уч маротабалаб – Марказий Осиёнинг ярмини чорлаган ва довруғи оламга таралган тўйлар ўтказди.
Бу тўйларда санъаткорлар турнақатор бўлиб туришди. Зиёфатдан столларнинг бели букчайиб қолди. “Наврўз”даги бундай шоҳона тўйлар – юз миллион сўмдан камга тушмаслигини тўй ўтказганлар яхши билади. Ахир “Наврўз”даги ҳар бир ўриннинг ўзи юз минг сўм!
Давлат маслаҳатчисининг ойлик маоши қанча экан? Ахир совет замонида ҳам Марказий Комитет раҳбарлари тўй қиларди. Лекин бу тўйлар қаерда ва қачон ўтганлигини халқ билмасди. Хайриддин ўтирган кабинетнинг ўтмишдаги соҳиби Оқил Умрзоқович Салимов 15-20 йиллик раҳбарлиги даврида бирор марта дабдабали тўй қилганлигини халқ тугул, унинг қўлида ишлаганлар ҳам эшитган эмас.
Ҳатто Шароф Рашидов тўрт қизи ва ўғли Илҳомни қаерда ва қачон тўй қилганини ташқаридан ҳеч ким билган эмас. Рашидов билан боғлиқ ишларни текширган Москва комиссиясининг ёзишмаларига кўра – қизларининг тўйида 60-70 кишига, ўғли Илҳомнинг тўйидагина 96 кишига стол тузатилганлиги ҳақида “расмий ахборот” мавжуд. Худди мана шу 96 киши “Рашидовчилик” тамғаси билан Москванинг “Қора дафтар”ига тушган эди…
Ахир совет даврида ва ундан кейин ҳам совет даври раҳбарлари ва хусусан мустақиллик бошида Президент Ислом Каримовнинг ўзлари ҳам “Дархон”да камтарона ош берганлари кўпчиликка маълум. Мен бу тўйда шахсан иштирок этганман. Республиканинг биринчи раҳбари бўла туриб ҳам Ислом ака “Наврўз”дек – Ўзбекистоннинг довруғли бош тўйхонасида тўй қилишга журъат этмаган эдилар.
Лекин у кишининг қўлидаги мулозим – мулойим хунук Хайриддин Султон сўнгги йилларда фақат “Наврўз”нинг ўзида икки маротаба карнай сурнайли – дабдабали тўй ўтказди. Ҳар бир тўйнинг нархини биз юқорида айтиб ўтдик. Қайта такрорлашга ҳожат йўқ.
Ўз хизмат вазифасига кўра бундай нокамтарлик ва дабдабавозликнинг олдини олишга даъват этилган Хайриддин Султонов ўтқазган тўйларнинг довруғи – Ўзбекистонда аллақачон достон бўлиб улгурди.
Лекин афсуски бу “достонлар” Президент столига етиб бормади…
10.
Сўнгги йилларда Давлат маслаҳатчисининг бевосита раҳбарлигида бўлган маданият, маърифат, адабиёт ва санъат соҳаларида юз берган фожеали ҳолатларнинг тўлиқ манзараси тугул, унинг шамоли ҳам Президент столига етиб бормаётган кўринади. Бу сирнинг боиси нимада?
Унинг камида иккита сабаби бор: Биринчидан, Хайриддин ўзи табиатан ғоятда устамон йигит. У ҳар сафар Президентнинг дарғазаб кайфиятини осойишта қабул қилиш билан унинг атрофдагиларни ҳам кўнглини топишга устаси фаранг бўлиб кетди.
Иккинчи асосий сабаб, Президент столига бундай ахборотни етказадиганларнинг асосий қисми – Темур Алимов салтанати даврида мана шу мансабларни эгаллаган шахслардир. Хайриддин Султонов эса ана шу команданинг асосий бўғинига мансуб бўлиб, ва ҳамон Темур Алимов командасининг байроғи остида турибди.
Бу қудратли команда ҳали ҳам Президент атрофида яратилажак оби- ҳавони тўла назорат қилиб турибдилар. “Ўзбеккино”даги “портлаш”дан кейин ҳам шундай бўлиб қолармикан?
Ҳар ҳолда бу сафар устамон давлат маслаҳатчисининг тагига ростдан ҳам сув кетганга ўхшайди…
Исмат Хушев,
Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
1 июль 2014 йил. Торонто шаҳри, Канада,
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ