Рустам Шоғуломовнинг ўлими: парвоз ва инқироз… (“Ёднома” туркумидан) 4-қисм
Исмат Хушев
Рустам Шоғуломовнинг ўлими: парвоз ва инқироз.
ёки
Қудратли матбуот вазирининг уч фожеаси.
Мен Шоғуломовнинг некрологини Аъло Маҳсумовичдан ошириб ёзолмаслигим мумкин.
Рустам Шоғуломов ўлими менга бутун совет даври матбуотини яна бир бор кўз ўнгимда гавдалантирди.
Гарчанд ўзим ҳам ўша давр руҳиятининг маҳсули бўлсам-да, Шоғуломов каби гигант шахсларнинг ҳаётдан кетиши қоронғу осмон бағрини тилиб ўтган чақмоққа ўхшайди.
У бир зум бўлса-да, бу тубсиз ва зулмат қоплаган осмонни қоқ иккига бўлиб ёритиб ўтади.
Бугунги ўлим – Шоғуломовлар династиясининг машҳурлигига муайян нуқта қўйиши табиий…
Яна бир неча соатлардан сўнг “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушевнинг Ўзбекистон давлат матбуот қўмитасининг ўн беш йиллик раиси Рустам Шомуродович ўлими муносабати билан ёзилган таҳлилий мақоласини ўқийсиз.
Исмат Хушев: Рустам Шоғуломовнинг ўлими: парвоз ва инқироз – Ёднома
Исмат Хушев
Рустам Шоғуломовнинг ўлими: парвоз ва инқироз.
Қудратли матбуот вазирининг уч фожеаси.
Республиканинг “бош цензур”и ўзи яратган қонун қоидалар қопқонига ўзи ҳам тушди…
(Давоми, мақоланинг тўлиқ қисмини қуйидаги линк (ҳавола) да ўқишингиз мумкин)
31.
2003 йилнинг март ойларида Олий таълим вазири, академик Саидаҳрор Ғуломов мени олий таълим тизимида янги очилган “Миллий таълим” газетаси Бош муҳаррирлигига таклиф қилди.
Бу пайтда мен раҳбарлик қилаётган газета ношири, Ташқи иқтисодий алоқалар вазири Элёр Ғаниев сиёсат шабадасига ўйнаб, мени “Ҳамкор” ва “Деловой партнер Узбекистана” газеталари Бош муҳаррирлигидан бўшатган эди.
Саидаҳрор Ғуломов Президент девонидан Бош муҳаррирликка номзод сўраганида, Муҳаммаджон Раҳмонов унга мени тавсия қилган экан.
Лекин мен Элёр Ғаниев нашрига раҳбар бўлганим боис у кишининг таклифини қабул қилолмай тургандим.
Ишдан бўшаганимдан хабар топган Саидаҳрор ака эртаси куниёқ мени – ”Миллий таълим” газетасига Бош муҳаррир қилиб тайинлади.
Кабинет, енгил машина ва ходимлар олишим учун штатлар ажратди. Мен ғайрат билан янги газета фаолиятини бошлаб юбордим.
Элёр Ғаниев ишдан бўшатган шаккок ва бўйсунмас журналистни бесўроқ ишга олганидан ғазабланган Бош вазир ўринбосари Ҳамидулла Караматов ўз назоратидаги вазир Ғуломовга мени ишдан бўшатишни топширади.
Караматов бу ерда ўз ҳамкасби Ғаниевнинг ҳам олдидан ўтиб, кўнглига қараган бўлиши керак. Ўшанда Элёр Ғаниев вазир бўлиш билан бирга, айни пайтда – Бош қазир ўринбосари ҳам эди…
Лекин бевосита назорат қилувчи раҳбари бўлса-да, Бош вазир ўринбосарининг айтганини Саидаҳрор Ғуломов қилолмаслигини ётиғи билан Ҳамидулла Караматовга тушунтирган.
– Исмат Хушевни ўзим бу лавозимга таклиф қилдим. Розилигини анча кутдим. Энди уни бирдан бўшатолмайман, – деган…
Саидаҳрор Ғуломов – Ички Ишлар вазири Зокиржон Алматовнинг қудаси бўлиб, икковининг ҳам Ўзбекистон Олий раҳбариятида обрў-эътибори жуда баланд эди…
Олий таълим вазирининг бу шаккоклигини икки қудратли Вице-Премьерлар ҳазм қилолмай, Рустам Шоғуломовга мурожаат қилишади…
32.
“Миллий таълим” газетасининг учинчи сони чоп этилиши арафасида Рустам ака мени ҳузурига чақирди.
Бордим.
– Нима қилиб юрибсан, Хушев, тинч юрасанми, йўқми? – ҳузурига киришим билан бақира бошлади Шоғуломов.
– Сен бугундан бошлаб Бош муҳаррир эмассан. Газетанг чоп этилмайди! – деди Рустам ака. – Бу даргоҳга қайтиб қадамингни босма, Олий Таълим газетаси ҳам йўқ, Исмат Хушев ҳам йўқ энди. Қаердан келган бўлсанг, ўша ерга йўқол. Қишлоғингга жўна. Тамом вассалом…
Мен ҳайрат ва ҳасрат билан унга тикилиб қолдим.
Кечагина, Президентга яқин бўлганимда, менга қуллиқ қилиб, “Исмат Маҳмудович!” деб ялтоқланиб юрган одамнинг қалбида менга нисбатан шунча ғазаб ва нафрат борлигини билмаган эканман…
Рустам ака тинмай нималарнидир валдирар, мени еб қўйгандай важоҳат билан кабинетидан ҳайдаб чиқараркан, остонадан узоқлашаётганимда ҳам орқамдан хунук гаплар билан сўкиниб, шанғиллаб қолди…
33.
Шоғуломовнинг гапи рост бўлиб чиқди. Газетамнинг учинчи сони чоп этилмади.
Бу ишларнинг бошида Олий таълим вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Қосимов турганини билардим. У Саидаҳрор акага вазирлик тизимида газета очиш шарт эмас деб бир неча маротаба айтганини, газета нашр этилишига қарши эканини эшитгандим.
Саидаҳрор ака билан ўринбосари орасида зимдан кураш мавжуд бўлиб, Рустам Қосимовнинг алоқаси Ҳамидулла Караматов билан жуда яхши эди.
Кейинчалик Қосимов Олий таълим вазирининг биринчи ўринбосарлигидан тўппа тўғри Караматовнинг ўрнига ўтиб, Бош вазир ўринбосари бўлади.
Эртаси куни Вазирликка борсам, Саидаҳрор ака касал бўлиб, уйда ётганини айтишди.
Демак, ҳаммаси тушунарли.
Бош вазир ўринбосари Ҳамидулла Караматов, Ғуломовнинг биринчи ўринбосари Рустам Қосимовлар бир бўлиб Саидҳарор акани сиқувга олишган…
Телефон қилсам, уйга келинг дедилар. Бордим. Кўрпа тўшак қилиб ётган эканлар.
Хорижда яшаётган кейинги ўн йил давомида Саидаҳрор аканинг ўша маҳзун ҳолатини ҳеч унутолмадим.
У киши менга ўша куни Караматовнинг кабинетида бўлиб ўтган ҳамма воқеаларни бирма бир сўзлаб бердилар.
У кишининг кўзларидаги чуқур мунг, юзларидаги чексиз бир ҳасрат, сўзларидаги узуқ юлуқлик – олдин мен Саидаҳрор акада сира кузатмаган асабий ва тушкун бир кайфият менга жуда ёмон таъсир қилди.
Менинг масаламда юқорида бўлган бор гап сўзни чексиз бир дард билан очиқ ойдин айтиб беришлари – Саидаҳрор аканинг одамгарчилигидан, ҳалоллигидан, одиллигидан далолат берарди.
Шу билан бирга у кишининг ўз раҳбарлари ҳақидаги бу нохуш гап сўзларни айтаётганидан тўғри сўз инсон сифатида қийналаётганини ҳам сезиш мумкин эди.
У киши қийналиб, қийналиб чексиз бир алам ва изтироб билан гапирар, менинг эса мамлакат олий раҳбариятидаги бу жаллод мулозимларга нисбатан ичимда нафрат кучайгандан кучайиб, тўпланиб борар эди…
34.
Ўша куни мен Саидаҳрор акага ортиқ савол бермадим. Шундоқ ҳам ҳаммаси тушунарли эди.
Улар мени, севган касбим ва ғуруримни оёқ остига олиб топташган, тақдиримни ҳеч иккиланмай ер билан яксон қилишган эди.
Ўшанда менга кўп нарсалар маълум бўлди. Ўзбекистон ҳукуматидан, Президентдан илк маротаба қаттиқ ранжидим.
(Саидаҳрор ака мени кечирсин. У киши менга ишониб айтган бу маҳкама сирларини кўчага олиб чиқишга ҳаққим йўқ эди. Айтмаслигим керак эди. Лекин бугун мажбур бўлдим…)
Кўзимга ҳеч нарса кўринмай қолди. Газетамни ёпиб, мени кўчага ҳайдаб юборган мулозимларга нисбатан нафратим жуда кучли эди.
Ватанда бошим урилди.
Одатда бундай пайтларда кўплар инсульт ёки инфаркт бўлиб, ўлиб кетади.
Баъзилар бу адолатсизликларга чидолмай, ўз жонига қасд қилиши ҳам мумкин.
Лекин мен курашиш ва адолатга етиш йўлини танладим.
Мен азалдан тақдир зарбаларига осонлик билан бўйин эгадиган, таслим бўладиган анойилардан эмас эдим.
Мен ўшанда бу дунёни остин устун қилиб, ағдариб ташлашга ҳам тайёр жангговар ҳолатда эдим.
Номимни, ғурурим ва севган касбимни оёқ ости қилган олий табақали мулозимларга нисбатан қалбимда қасос олиш, курашиш иштиёқи туғилди…
35.
Талабалик йилларимда Лермонтовнинг гўзал бир шеърини ўқиган эдим:
– Мен яшайман сенга қасдма қасд! – дейди шоир.
Мен ҳам иззат нафсим ва ғуруримни оёқ ости қилган мулозимларга нисбатан қасдма қасд яшашни, курашишни хоҳлардим.
Исмат Хушев нималарга қодир эканини уларга кўрсатиб қўйишни истардим.
Улар мени денгиз юзидаги бир хас ва ё чўп қатори ўзларининг бешафқат тўлқинлари билан қирғоққа итқитиб ташламоқчи эдилар.
Мен ёлғиз ва чорасиз қолдим.
Менга ҳамдард керак эди.
Лекин ҳамдард ва ҳамфикр одам бу Ватанда қолмади. Ўз сўзимизни айтиш имкониятидан маҳрум қилишди.
Матбуот майдонидан бебаҳра қилиш – Исмат Хушевни ўлдириш билан баробар эди.
Ўзбекистонда менга ўхшаб ўз касбидан, соҳасидан ноҳақ жудо қилинганлар оз мунчами?
Мана шуларнинг ҳаммасига Қосимов, Шоғуломов ва Караматовга ўхшаган чаламулла вазир ва қўмондонлар сабабчи.
Кейинги 20 йиллик матбуот фожеасига эса бевосита раҳматли Рустам Шоғуломов айбдор эди.
Рустам аканинг жойлари жаннатдан бўлсин.
Лекин ўзбек матбуотидаги мен юқорида тилга олган барча бедодликлар, ноҳақлик ва адолатсизликларга сабабчи бўлиш – не тонгки, Рустам Шоғуломовнинг чекига тушди.
Бунга эса унинг чаламуллалиги, журналистика касбига бегоналиги сабаб бўлди.
Ижодкор одам ҳеч қачон бундай қабиҳликларга қўл урмаслиги керак эди.
Бу одам эса матбуот вазирлигини – Чингизхоннинг катта бир қиличи деб билди.
Одамларнинг тақдирини янчиш, чопиш ва бурдалаш, истаган нашрни ёпиш ва лицензиядан жудо қилиш деб тушунди бу вазифани.
Мен ана шу иллатга қарши курашнинг ягона йўли – уларнинг башарасини бутун дунё кўзи олдида очишда деб билдим.
Мен шу йўл билан олий раҳбариятда менга нисбатан қилинган бу адолатсизликни давлат раҳбарига етказмоқчи бўлдим.
Президентга бу гап сўзлар етса ҳақиқат тикланади, ҳамма нарса ўз ўрнига келади, деб деб ўйладим.
Ўйладимки, мен хориж идоралари ва ё элчихоналарида матбуот анжумани ўтказсам, президент уларни жазолайди, адолат қарор топади деб.
Лекин мен хато қилган эканман…
36.
Саидаҳрор ака билан хайрлашиб, қалбим тўла дард ва ҳасрат билан кўчага чиқарканман, бошим ғувиллаб, бир зум гаранг бўлиб турдим.
Наҳот энди ҳаммаси тугаган бўлса.
Шоғуломовнинг: “Миллий таълим ҳам йўқ, Исмат Хушев ҳам йўқ! Қаердан келган бўлсанг, ўша ерга жўна!” – деган даҳшатли ўшқириғи қулоқларим остида жаранглай бошлади.
Отам ҳаёт бўлганида бундай нарсаларга парво ҳам қилмасдим.
Етимлик ёмон экан.
Китобга бориб отамнинг қабрини қучоқлаб йиғлагим келди.
Шунда беихтиёр ғойибдан отамнинг насиҳатлари элас-элас қулоғимга чалингандай бўлди:
– Ўзингни қўлга ол, ўғлим. Ҳаётнинг бундай ўйинларига ҳали кўп дуч келасан. Ўзингни қўлга ол…
37.
Қаерга қарамай йўллар кесилган. Ҳаёт сўниқ, келажак нурсиз бўлиб кўрина бошлади.
Беихтиёр Америка, Германия, Франция каби давлат элчихоналари ҳақида ўйлай бошладим.
Оёқларим қандай қилиб АҚШ элчихонасига олиб келганини сезмай қолдим.
Мен бу қутлуғ даргоҳга олдин ҳам кўп келган эдим.
Лекин олдинлари олий мартабали мулозимларга, Бош муҳаррир ва таниқли ўзбек журналистлари шарафига у ёки бу сана боис бериладиган расмий зиёфатларда иштирок этиш учун келардим.
Энди эса улардан мадад истаб, адолат истаб келган эдим.
Элчихонага келарканман, йўл йўлакай бутун умрим, ҳаётим кўз ўнгимдан бир бир ўтгандек бўлди.
Одатда биринчи қадамни ташлаш ҳамиша оғир бўлади.
Мен нотўғри қилаётганимни, адолат исташнинг бирдан бир йўли хориж элчихонаси эмаслигини яхши билардим.
Лекин менда бошқа чора қолмаган эди.
Мен нима қилиб бўлса ҳам, тақдиримни, ҳаётимни, истиқболимни оёқ ости қилган, топтаган Олий раҳбариятдаги мулозимларга ўзимнинг кимлигимни кўрсатиб қўйиш ва ўч олиш ҳисси билан яшардим.
АҚШ элчихонасига боришим – Ўзбекистон шароитида – тубсиз бир жарга, жаҳаннамга боришим билан баб баробар эди.
Ислом Каримов бундай қалтис қадамни сира кечирмаслигини ҳам яхши билардим.
Лекин энди менга барибир эди…
38.
Бу не адолатсизликки, журналистика ва ижод соҳасидан тамомила узоқ бўлган маънавияти саёз бир гуруҳ сенинг тақдирингни ҳал қилса, нимани ёзиш ва нимани ёзмаслик кераклигини, қандай газетани чиқариш ва ё чиқармаслик кераклигини сенга ўргатса?
Не кулфатки, бу бедодлик ўша Караматов ва Шоғуломовларга ўхшаган маънавият соҳасидаги жаллодлар қўлига ўтиб қолди.
Ижодкор бўлмаган одамгина жаллод бўлади. Чунки у ўзининг креслосини йўқотиб қўйишидан қўрқади.
Шу соҳанинг тасодифий одамларигина шундай қилади. Салласини ол деса, калласини олади.
Хоҳласа ишдан бўшатади, хоҳласа газетангни тўхтатиб қўяди, ёпади. Хоҳласа бутун ҳаётингни хонавайрон қилади.
Инсоф ва диёнат қани?
Совет даврида ҳам бундай эмас эди. Ҳеч ким бесабаб кўчага ҳайдаб юборилмас эди.
Менга мустақилликдаги ана шу бедодлик қаттиқ таъсир қилди.
Орият ва ғурур – мени яна тамомила жанговар ҳолатга қайтарди қўйди. Менга куч берди.
Ўша куч мени етаклаб олиб бордиэлчихонага.
Менинг тақдиримни, орзу умидларимни оёқ ости қилган мулозимларни янчиш учун борган эдим элчихонага.
Ўша топда АҚШ элчихонаси жаҳаннам бўлса ҳам борардим.
Кураш излаб бордим. Жаннат излаб эмас…
39.
Элчихона масъулларга учраб, ҳукуматга қарши матбуот анжумани ўтказмоқчиман дедим.
“Фридум Хауз” (“Озодлик уйи”) да ўтказишга келишдик.
Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча хорижий оммавий ахборот воситалари, журналистларга хабар берилди…
40.
“Шарқ” нашриёт матбаа концерни Бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов билан қўшни эдик.
У ҳам мен каби “Оқ сарой” атрофида – “Анҳор” бўйидаги ҳукумат уйларида яшарди.
Рустам Шоғуломов уни излаб кечаси уйига келибди. “Исматни қайтар, агар матбуот анжумани ўтказса, ҳаммамизнинг уйимиз куйиб кетади” деб ваҳима қилибди.
Аҳрор менга Шоғуломовнинг “дағдағаси”ни етказди. Лекин мен бир нарсага киришсам, қайтадиган йигит эмас эдим.
Аҳрор буни яхши биларди.
Рустам акага ҳам шуни айтган: “Исмат қайтмаса керак” деб.
– Президент ҳаммамизни ҳайдаб юбориши мумкин. Журналистлардан ҳали ҳеч ким ҳукуматга қарши матбуот анжумани ўтказмаган, – дебди титраб-қақшаб Шоғуломов.
Хуллас, мен қайтмадим.
“Матбуот анжумани” да ҳали ишдан олинмаган – амалдаги Бош муҳаррир сифатида ўз журналистик фаолиятимни амалга оширишда тўсқинлик қилганликлари ва газетамни тўхтатиб қўйганликлари учун Бош вазир ўринбосари Ҳамидулла Караматов, матбуот вазири Рустам Шоғуломовларнинг истеъфосини талаб қилдим.
Анжуман катта шов шув бўлди. Уни “Озодлик” ва “ББС бутун дунёга беармон тарғиб қилди, ёйди.
Бу – 2004 йилнинг энди ўрик гулга кира бошлаган, кўклам яқинлашиб қолган март ойининг бошлари эди…
41.
Орадан йиллар ўтди.
Ўша “Озодлик уйи”да ўтказган матбуот анжуманидан сўнг кўп ўтмай мен Тошкентни тарк этишга мажбур бўлдим.
Москвада олти ой яшадим.
Сўнг Канада давлатидан сиёсий бошпана беришди.
Орадан роппа роса ўн йил ўтиб, Президентнинг қаҳри юмшаб, ниҳоят менинг Ўзбекистонга боришимга рухсат берилди.
Тошкентда Ислом Шоғуломовнинг оғир касаллигини айтишди. Кўргани бормоқчийдим, оиласи бадфеълроқ аёл, шарт эмас дейишди.
Ўзбекистонга келганимни эшитган Рустам Шоғуломов ҳайратини яширмабди: – Исмат Тошкентга келган бўлса, демак юқоридан рухсат беришибди-да. Ўзи асли яхши йигит эди. Айтинглар, мен уни кўрмоқчиман, уйга келсин, – дебди.
Қанча одамларни совға салом билан бориб кўрдим. Ҳол ва аҳвол сўрашдим. Уларни соғинганимни яширмадим.
Шукрилла Мирсаидов ва Алишер Азизхўжаевларнинг хонадонига бориб, уларнинг руҳи покларини ёд этиб, таъзия изҳор қилдим.
Лекин уйига таклиф қилиб кутган, бир неча бор кўрмоқ истаб, сўроқлаган собиқ матбуот вазирини кўришга боролмадим, оёғим тортмади…
42.
Мен ҳали Рустам ака узоқ йиллар яшаса керак деб ўйлаган эдим.
Тошкентдан қайтганимдан кўп ўтмай – Ислом Шоғуломовнинг, орадан бир йил ўтар ўтмас, мана энди – Рустам аканинг ҳам вафот этганини эшитдим.
Ўшанда “Исматга айтинглар, уйга келсин!” деганида Рустам ака нималарни ўйладийкин?
Исмат келган бўлса, энди кўп ҳақиқатлар очилади деб ўйлаган бўлиши ҳам мумкин.
Ким билади дейсиз, балки, бўлиб ўтган можораларда ўзининг айби йўқлигини айтмоқчи бўлгандир.
Ё ўзи ҳам кексайган чоғида ҳукуматдан кўнгли қолиб, эмигрант бўлишни ўйладимикан?
Чунки, эшитишимга қараганда Рустам ака умрининг сўнгги йилларида ёлғизланиб қолган, ҳамма ундан ўзини олиб қочган.
Жўшқин давраларга, атрофидагиларнинг қўл қовуштириб, таъзим қилиб туришига ўрганиб қолган мулозим учун бу жуда ёмон қисмат…
На чора. Ҳаёт шундай бешафқат экан!
Нимани эксанг – шуни ўрасан. Осмонга тупурасан, лекин қайтиб юзингга тушади…
Ўжарлигим қурсин, ўшанда Рустам акани бориб кўрмаганимга ачинаман.
Ҳар қанча бўлса-да, унинг сўнгги сўзини эшитиш менга армон бўлиб қолди…
43.
Бизнинг диний ақидамиз марҳумлар ҳақида ёмон сўз айтишга изн бермаса-да, лекин бугун бу тартиб қоида – Шоғуломовлардек мураккаб тақдирли шахсларга тааллуқли эмас деб ўйлайман.
Сабабаки, давлат ва халқ тақдирига алоқадор шахсларнинг бутун ҳаёт йўли ҳамманинг кўзи ўнгида – шаффоф бўлиши керак.
Токи, давлат ва халқ устидан иш юритиш бахтига муяссар бўлган шахслар ўзининг нафақат умри давомида балки, бу оламдаги ҳаётидан кейин ҳам ортидан қандай из қолдираётганликларини унутмасинлар.
Токи, иккинчи умри даврида халқ уларни лаънатламаслиги учун бу дунёда ҳар бир қадами устида ўйлаб кўриш заруриятини ёдда тутсинлар.
Албатта, бу ҳаммага ҳам насиб этавермайди.
Ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандалармиз…
44.
Умр оқар дарё деганлари рост. Ҳаёт бир тутам деганлари тўғри.
Рустам Шоғуломовга баҳо берганимизда у яшаб ўтган сиёсий даврдан келиб чиқиб баҳо беришимиз керак.
У ўз даврининг илғор ва фаол, жўшқин ва оташин солдати эди.
Жамиятда ҳукмрон бўлган сиёсат ва унинг лидерига доим садоқат ва муҳаббат билан хизмат қилди.
У ўзидан кейин нима бўлиши билан қизиққани йўқ. У бугунги куни билан яшади.
Унинг ҳам қалбида биз билган ва билмаган армонлари бўлиши табиий.
Лекин нима бўлганида ҳам Шоғуломовлар номини ўзбекистонликлар ҳали узоқ йиллар эслаб юришади.
Шуларни ўйлаганда – сўнгги бир йил ичида олдинма кейин тириклик оламини тарк этган ака-ука Шоғуломларнинг охиратлари обод бўлсин, жойлари жаннатдан бўлсин деб, майда чуйда гиналарни унутган ҳолда, дуо қилгим келади…
(тамом)
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
21 – 31 январь, 2014 йил,
Торонто шаҳри, Канада давлати,
Шимолий Америка қитьаси…
Сурат биринчи маротаба “Озодлик” радиоси томонидан матбуотда эълон қилинган.
http://dunyouzbeklari.com/
2 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГШарҳ қолдириш
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Shog’ulomovlar ikkinchi umrini xotirlaydigan ish qilgani yuq. Sovet davrida yshagan davlat arboblari ibratli ish qilganlari talayginadir. Shaxsiy hayt va faqat o’zi uchun yshaganlarni hech kim islamaydi.
Ismat aka!
Qoyil sizga! Miyami bu yoki 10 TB lik hard drive mi? Biz hali 30 ga kirib xotirani yuqotyammiz 🙂