Машҳур механизатор Турсуной Охунова ҳаёт бўлганида 80 ёшни қарши олган бўларди.
Ўтган ҳафтада Тошкент вилоятининг Чиноз туманида машҳур пахтакор, икки карра меҳнат қаҳрамони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган механизатор Турсуной Охунова таваллудининг 80 йиллиги нишонланди.
Меҳнатсеварликнинг ёрқин тимсоли
Бугунги ёшларнинг кўпчилиги бу аёлни яхши танимаслиги мумкин. Аммо, катта авлод вакиллари бу аёлни жуда яхши танишади. Бир пайтлар унинг номи тилларда достон бўлган, у ҳақда қўшиқлар куйланган. У ўзининг куч-ғайрати, меҳнатсеварлиги, интилувчанлиги билан заҳматкаш ўзбек аёлининг ёрқин тимсолига айланган эди. У навниҳол ёшлик чоғларидан бошлаб, трактор кабинасига ўтирган, далада тинимсиз тер тўккан, ҳар куни тонналаб пахта териб, бошқаларга ўрнак кўрсатган, ана шу меҳнати сабабли шуҳрат қозонган, қисқаси фақат ҳалол меҳнати билан жуда катта марраларни забт эта олган чинакам қаҳрамон эди.
Турсуной Охунова 1937 йил 20 майда Чиноз туманидаги Эски Тошкент қишлоғида деҳқон оиласида туғилган, болалигидан суяги меҳнатда қотган, бутун ҳаётини, тақдирини дала билан, она Ер билан боғлаган эди. У ўзбек аёллари орасидан биринчилардан бўлиб, механизация мактабига ўқишга киради, қишлоқ хўжалиги техникалари сирларини пухта ўрганади.
Ҳали йигирмага тўлмаган қизнинг пахта териш машиналарини эпчиллик ва маҳорат билан бошқариши, ҳар куни белгиланган нормадан ошириб пахта териши ҳаммани ҳайратга соларди. У даставвал пахта териш машинаси механик ҳайдовчи бўлиб ишлади, кейин эса, узоқ йиллар ўзи туғилиб ўсган туманда пахтачилик бригадасини бошқарди. Маълумотларга кўра, 22 ёшида, 1959 йилги пахта мавсумида ўз пахта териш машинаси билан 210 тонна пахта терган. Бу ўша давр учун ўзига хос рекорд кўрсаткич эди. Кейинги йилда у 250 тонна пахта териш мажбуриятини ўз зиммасига олиб, бу режани ҳам ошиғи билан бажарди: бу гал бир мавсумда 322 тонна пахта териб, шахсий рекордини янгилади.
Фаол ва ташаббускор эди
Турсуной Охунова қишлоқ хўжалиги техникаларини такомиллаштириш ва модернизациялашга ҳам ўзининг ҳиссасини қўшди Унинг иштирокида икки қатор вертикал шпинделли пахта териш машиналари конструкцияси яратилди ва жорий қилинди.
Унинг номи тез тилга тушди. Унга ўша даврнинг қатор юксак унвонлари берилди, бир қатор йирик мажлисларга делегат қилиб сайланди. У уч муддат узлуксиз равишда мамлакат олий кенгаши депутати бўлди, ҳатто Олий Кенгаш раиси ўринбосари лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди.
Унга собиқ иттифоқнинг турли ҳудудларидан мактублар келар, кўпчилик тенгдошлари уни меҳнат мусобақасига чорлар, у ҳақда матбуот нашрлари турли мақолалар чоп этар, радио ва телевидениеда кўрсатув ва эшиттиришлар бериб бориларди.
Турсуной ая давлат ишларида ҳам, далада ҳам, оилада ҳам ўз зиммасидаги вазифаларни масъулият билан уддалаб келган. У турмуш ўртоғи, Султон ота Шерматов билан беш фарзанд — ўғиллари Қаҳрамон ва Жаҳонгир, қизлари Муҳаббат, Марҳамат ва Ҳилолаларни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказди. Фарзандлар бугунги кунда турли соҳаларда меҳнат қилиб, эл корига яраб келишмоқда.
Яхшидан ном қолади
Турсуной ая ўзи кўп бор таъкидлаганидек, оддий, содда, меҳнаткаш халқнинг фарзанди эди. У бутун меҳрини, муҳаббатини далага, меҳнатга бағишлаганди. Ўша давр сиёсати эса, ҳар бир фуқародан ана шундай фидойиликни, меҳнаткашликни талаб этарди. Шу боис унинг номи барча аёлларга ибрат қилиб кўрсатилди. Бутун мамлакат бўйлаб унинг издошларини кўпайтиришга ҳаракат қилишди. Тан олиш керакки, Турсуной аянинг номидан даврнинг сиёсий мафкураси йўлида усталик билан фойдаланилган.
Акс ҳолда, у “социалистик меҳнат мусобақаси”да ўз жонини ҳам аямай, эртаю кеч меҳнат қилиб, саломатлигидан эрта айрилмаган, оғир хасталикка чалиниб, қирқ етти ёшида ҳаёт билан видолашмаган бўларди. У 1983 йилнинг 21 сентябрида саратон касаллигидан вафот этди.
Турсуной аяга истиқлол кунларини кўриш насиб этмади. Эҳтимол, у узоқроқ яшаганида, айни дамга қадар мустақил ватанимиз равнақи йўлида ҳам фидокорона меҳнат қилган, юртимиз қишлоқ хўжалиги ривожига муносиб ҳисса қўган, бугунги кундаги фермерлик ҳаракатининг пешқадам вакилларидан бирига айланган бўларди.
Нима бўлганда ҳам Турсуной ая ўзининг ҳалол меҳнати, ибратли ҳаёти билан ёрқин из қолдириб кетди. У яшаган қишлоқда ҳаётлик чоғидаёқ опага ёдгорлик ўрнатилган эди. Бугун ҳам ушбу ёдгорлик пойида анвойи гуллар сочилган.
Ҳа, эзгулик, жасорат, ҳалоллик ҳар доим эъзоз ва эътибга сазовор…