Қўқон шаҳар хокимига мурожаат (Бошқа ҳокимлар ҳам ўқисин)
Қўқон шаҳар хокимига мурожаат
(Бошқа вилоят ва шаҳар хокимлари ҳам ўқисин)
2017 йил апрел ойи охирига келиб Қўқон шаҳар сиёсий ҳаётида бир қатор ўзгаришлар руй берди. Бошқа соҳа раҳбарлари ўзгариши билан бир қаторда, ва ниҳоят жонажон шаҳримизга янги Хоким тайинланди. Янги хоким тайинлангани шаҳар аҳолиси томонидан катта ҳаёжон ва умидлар билан кутиб олинди.
Деярли 6 йил давомида шаҳар “хоким”сиз яшади. Денгизда сардорсиз кема шамол қаёққа эсса ўша ерга йўналганидек, шаҳар 6 йилни тентираб ўтказди. Тўғри, қандайдир кимса хоким эканлигини ҳамма биларди-ю, аммо исми ким, қиёфаси қанақа эканлигига хокимиятга иши тушмаган ёки мазза-матрасаси йўқ мажлисларга қатнашмаганлар билишмас эди.
Келинг, шу ўринда хокимлик институти ташкил қилингач, Қўқонда кимлар хоким бўлганини бир эслаб ўтайлик. Кишининг кимлиги, баҳоси унинг бошқаларда қолдирган таъсуроти билан боғлиқ. Бекорга жаноза маросимида “Фалончи қандай одам эди” деб сўрамайдилар.
Қўқонга турли йилларда раҳбарлик қилган мулозимлар ҳокимлар ҳақида қўқонликлар бугун қандай фикрда?
Хокимларимиз ҳақида оддий шаҳар аҳолиси қуйидагича таассуротга эга:
-
Ҳожиқул Тўрақулович Мавлонқулов, 1991-1999 йиллар. Бу киши ҳақида ҳалқда турлича ҳотиралар қолган. Масалан, хокимлиги давомида шаҳарга кўзга кўринарли инвестицион проектлар жалб қилмади. Пойтахт билан алоқаларни “оч қорним – тинч қулоғим” шаклида юритган. Шаҳарга катта пул ҳам тортмаган, шу туфайли юқоридагиларга хунук кўринмай 9 йил лавозимда қолди. Ўзига қолса яна қоларди-ю, шов шувли тарзда депутатлик курашида ютқазди ва амалдан кетди. Лекин йиллар ўтиб шогирди орқали бошқарув тизгинини яна қўлига олиб кўради-ю, оқибатда эса Республикада биринчилардан бўлиб қамалган хоким унвонини қўлга киритади. Хокимлиги даврида шаҳардаги барча, бирор фаолият ёки уй жой учун, корхона ва дўкон учун ажратилиши мумкин бўлган ерларни пуллаб битирган. Порахўрлиги санъат даражасида эди.
-
Абдухаким Султонович Хўжаев, 1999-2004 йиллар. Юқоридаги кучли профилли хокимдан кейин унга осон бўлмаган. Бировни бир тийинга олмасди. Бугун деярли ҳеч ким номини билмайди, эсламайди ҳам. Ана кетаман, мана кетаман деб, қўрқиб, писиб 5 йил хокимлик қилди. Сотгани бу бечорага хеч ер қолмаган эди, иложини топди. Автобус бекатларини хусусийлаштириб, ўрнини сотди. Лақаби “астановка хоким”. Жуда пасткаш, ўзиям кўкармаган, бошқани ҳам кўкартирмаган. Фаолияти давомида биргина шаҳар марказий ўйингоҳи қурилишидаги мажбурий “жонбозлиги” билан эсласак бўлади. Шу қурилиш уни адойи тамом қилди, ҳатто укаларини ҳам шу қурилиш туфайли банкрот қилиб кетди.
-
Маъруф Азамович Усмонов, 2004-2006 йиллар. Шаҳар аҳли том маънода ҳоким нималигини шу одам боис билди, таниди. Фаолияти энг қисқа, лекин энг самарали. Орадан 11 йил ўтган бўлишига қарамай катта-ю ёш шу одамни эслаганда юраги ҳапқириб кетади. Ҳар бир Қўқонлик бу одамни ўз оила аъзосидек яқин қўради. Бу одамга хурмати баланд. Ўзидан аввалгилар туфайли ҳалқда хоким лавозимига уйғонган салбий таассуротни ижобий томонга ўзгартира олди. Пул қилиш учун эмас, ҳалққа хизмат қилишни ният қилгани биринчи фаолият кунидан аён бўлди. Айнан Маъруфжон Усмонов даврида Қўқонни чеҳрасини ўзгартириш бўйича дастур тузилди, катта бунёдкорлик томон дастлабки қадамлар ташланди. Энг асосийси бу одам ҳалқда умид уйғотди. Ҳалққа қарши эмас, ҳалқни ёнида бўлди. Қўқон Янги Бозори худудида бошланган ҳалқ норозилигини жуда босиқлик ва чиройли тадбир билан бостирди. Қонли намойишга айланиб кетишига йўл қўймади. Ўша куни эртасига ҳамманинг оғзида Хокимнинг ҳалқ билан пиёда хокимиятдан Янги Бозорга бирга боргани шаҳарда дув-дув гап бўлди. У ўша куни шаҳарни ҳақиқий хокимига айланди. Кейинчалик тадбиркорлар, хунармандлар, турли соҳа вакиллари билан ўтказган йиғилишлари, уларни дардига қўлоқ солгани, амалий ёрдам бергани, ўша пайтдаги шаҳардаги рухият… Эҳ, қайси бирини айтай. Солиқ ва ИИБ ходимларига тадбиркорга тегма, эй банк, сен порасиз кредит бер дея очиқ ҳалқчил чиқишлари барчага умид берган эди. Ҳамма эртанги Қўқондан кўп нарса кута бошлади. Айниқса сўнги 50 йилнинг энг қаҳратон қиши унинг даврига тўғри келди. Шаҳарнинг барча нуқтасига узлуксиз табиий газ ва электр етказиб берди ва ҳалқ ўша қиш қийналмади. Лекин минг афсуски, Қўқонда орқасидан ҳалқни эргаштира оладиган, бирлаштира оладиган, кучли Лидер шахс пайдо бўлаётгани Пойтахтга ёқмади, шаҳардаги бойлардан яхшигина пора олиб ўша пайтда Маъруфжон Усмоновни номи улуғ, лекин пассив лавозимга, Тошкентга чақириб олдилар. 2017 йил апрелидан Республика Судялар Олий Кенгаши Раиси лавозимига тайинланди. Фаолиятига омад.
-
Ҳаётхон Салимович Каримов, 2006-2008 йиллар. Ҳалқда “бузоқча” лақаби билан эсланади. Тизгини устози Ҳожиқул Мавлонқулов қўлида эди. Қўқон бойлари Маъруфжон Усмонов даврида йўқотган кучларига, мавқеларига Ҳаётхон Каримов даврида ортиғи билан эга бўлдилар. Шу даврга келиб нимани ҳохласалар қўлга киритдилар. Сал қолса хокимият биноси худуди ҳам бойларга тортиқ қилинаётган эди, кеч бўлсада тўхталиб қурилган бино бузиб ташлангани ҳали ҳали ҳаммани ёдида. Бу киши ҳарбийларча формани кийиб пахта далаларида бўй кўрсатди. Агар сиёсий тадбир бўлса жонини жабборга берарди. Шаҳарга фойдаси тегмади. Устози билан бирга жиноий жавобгарликка тортилди, сиёсий ҳаёти тугади. Бугун биров эсламайди.
-
Шухрат Ўринбоевич Собиров, 2008-2011 йиллар. Ички ишлардан чиққанлиги учун ўзини мелиция ходимидек тутди. Ҳалққа жуда совуқ, потенциал жиноятчидек муомала қиларди. Ҳаётхон ака даврида бўшалиб кетган хокимият тизгинини маҳкам тутди. Ҳаммани обориб обкелди. 15 суткага қамайман дея таҳдид билан бошқарарди. Айниқса Маъруфжон Усмонов бошлаб берган ва тасдиқланиб пул ажратилган Қўқонни реконструкция ва ободонлаштириш лойиҳасини амалга оширишда таҳдидкор қамаб ташлайман усули жуда қўл келди. Бузди буздиларда шавқатсизлиги билан ном чиқарди. Шаҳарнинг бугунги “чиройи”, ўзгариши унинг номи билан тарихда қолди. Энг катта хатоси шаҳарни дарахтсиз шип-шийдон қолдириши бўлди. Кейинчалик мелиса хокимни фазилатлари юқоридагилар назарига тушди ва Фарғонада ҳам шу ишларни ўзингиз қойиллатиб беринг дея Фарғона Вилоят Хокими биринчи ўринбосари лавозимига кўтардилар.
-
Акрам Анорқулович Абдуллаев, 2011-2017 йиллар. Қандай хоким бўлганига бошқалар тугул ўзи ҳам тушунмади. Лидерликни л-си йўқ эди. Борую йўғи билинмади. Лекин яхши пул ишлаш учун ажойиб манбаа топди. Кўп қаватли уйлардаги болалар майдончалари, гаражлардан бўшаган майдонлар, кўп қаватли уй икки ён тарафи, атрофи, қўйинки сал кенглик топдими дарров сотди. Натижада шундоқ ҳам бир бирига яқин қурилган, биринчи қавати, ертўласи турли дўкон, сартарошхона, аптекага айланган кўп қаватли уйлар нафас олиб бўлмайдиган ҳолатга келди. Унинг даврида газ таъминоти, электр энергия, ичимлик суви таъминоти, йўллар ҳолати кескин ёмонлашди. Ишсизликни камайтириш бўйича ҳеч қандай жонбозлик кўрсатмади. Қачон қараманг кабинетда йўқ. Бирор улфати билан пивохўрлик қилиб вақт ўлдирди. Савиясиз, орзў ҳавассиз одам экан. Охири кетига тепки еб кетди.
-
Рахматали Қамбарович Жалилов, 2017 йил апрел ойидан.
Муҳтарам Рахматали Жалилов. Лавозим муборак бўлсин. Хокимлик жуда шарафли ва маъсулиятли лавозим. Юқорида сиздан олдингиларни фаолиятидан ҳалқда қолган тасаввурни айнан сиз учун келтириб ўтдим. Турли хил касб, турли хил характердаги кишилар эди. Ҳаммасини ҳалқ билиб кўриб, шунга мос баҳосини ҳам бериб бўлди. Сизнинг таржимаи холингиз, ҳаёт йўлингиз, аввал ишлаган жойларингизни инобатга олсак, сиздан жуда умидлимиз кўп.
Юқорида келтирилган гаплардан хулоса чиқара олишингизга ишонамиз. Шаҳар аҳолиси кўнглида яхши баҳо оладиган хоким бўлинг дея тилак билдирамиз. Дастлабки сиз ҳақингиздаги фикрлар ижобий. Бекорга Президент сизни тайинламади. Қўқон ва қўқонликлар бошқа ҳамюртларидан кам эмас, Тошкентдан, Андижондан, Самарқанддан кам эмас. Улар ҳам сифатли хизмат кўрсатилишига, одилона бошқарувга лойиқ. Шаҳар бир даврлар жуда катта худуд учун пойтахт вазифасини ўтаган, ўз даврининг маънавият ўчоғи бўлган. СССР даврида ҳам шаҳар бутуниттифоқ миқёсида ҳам саноати ривожланган, юқори инфратузилмага эга шаҳар сифатида хурматга сазовор гўзал шаҳар эди. Афсуски мустақилликдан кейин атайин шаҳар ўстирилмади. Маъруфжон Усмонов даврида сал қимирлаш бошландию, узоққа чўзилмади.
Бугун шаҳар туман марказини эслатади. Замоновий шаҳарсозлик талабларига умуман жавоб бермайди. Бечора камсонли туристларни кўриб эҳ алданганлар дейман. Улар ҳаёлларида тарихда ҳатто Хитой империясидан солиқ олган, хонлик маркази, Қўқон мухторияти пойтахти, мустақил Ўзбекистонни сўлим табиатли, баҳово туризм марказини кўрамиз деган умидда келадилару, минг пушаймон бўлиб қайтиб кетадилар. Туристни қўяверинг оддий Тошкентлик ҳам Қўқонлик танишларидан бу шаҳарни таърифини эшитиб бир зиёратга келадию, хафсаласи пир бўлади. Хўш ким шундай аҳволга солди Қўқонни?
Майли ҳиссиётга берилмайлик. Буёғига нима қилиш керак шундан гаплашайлик. Албатта бундан буёғига сизнинг ва хукуматимизнинг шаҳримизга қараши ижобий бўлар. Катта режалар тузилибди, катта пул ажратилар экан, ҳали шаҳарни танимай қоларканмиз дея ҳамма суюниб юрибди. Гап йўқ. Режалар амалга ошсин. Шундай бўлсада, бизнинг ҳам сизга баъзи таклиф, мулоҳазаларимиз бор. Улкан режаларингизга буларни ҳам қўшиб, инобатга олсангиз фойдадан ҳоли бўлмайди.
Демак шаҳарда кўзга яққол ташланадиган камчиликлар хусусида мулоҳазалар ва баъзи таклифлар қуйидагилардан иборат:
-
Шаҳарда кўплаб шаҳри равнақига бефарқ бўлмаганлар бор. Ҳамманинг ҳам сиз билан учрашиб дарди ёки таклифини айтгани имкони йўқ. Сизнинг ҳам ҳар бир дақиққангиз қадрли. Замонавий воситалардан фойдалансангиз. Масалан “Телеграм”да саҳифангиз бўлса ва бу ҳамма жойда эълон қилинса, аҳоли дардини, таклифини шу телеграмдан сизга билдирса. Уларни саралаб, сизга тақдим қилиш учун ишчи гуруҳ тузинг. Кўрасиз, зўр эффект бўлади. Ўз ўзидан шаҳарни барча ерида кўзингиз бўлади. Ҳалқни ўзи сизга муаммоларни очиб, ҳал қилиш йўллари бўйича таклифларини ёғдиради. Порталдан кўра телеграм зўр натижа беради. Видео ва расмлар билан асосланган турли таклиф, муаммоларни ўрганиб фаолиятингизни юритсангиз, чинакам хоким бўлишингиз мумкин.
-
Юқоридагига қўшимча хокимлик сайти очинг. Мавжуд сайт ўлик. Буни жонли қилиш керак. Сайт сизнинг фаолиятингизни қамраб олсин. Ҳам портал вазифасини, ҳам ахборот бериш вазифасини ўтасин. Қўқон садоси ва Мулоқот ТВни бунга бирлаштиринг. Шунингдек сайт Қўқоннинг тарихи, бугуни ва келажак режалари ҳақидаги маълумотлар билан бойитилсин. Сайтда бугуннинг қаҳрамонлари, ўз соҳасининг усталари фаолиятларига ўрин берилсин. Бу фикрни яна узатиш мумкин.
-
Яна бир жиҳат. Маълумки Қўқон ўз шоир ва ёзувчилари билан донг таратган. Чунки сўзнинг ҳақиқий қийматини билади қўқонлик. Ҳам гапга уста ва ҳозиржавоб. Лекин бунинг учун шундай муҳитни шакллантириб берувчи хукмдор хомий зарур. Сиз давримизнинг Амир Умархони бўлинг. Қўқондаги ёш шоирлар, ҳаваскор ёзувчиларни асарларини тўплам ҳолда чоп этиш ишларини йўлга қўйиш мумкин. Бунинг учун ҳар йили танлов эълон қилинади ва танловда ҳолиб мақола, ҳикоя ва шеърлар тўплам шаклини олади, Қўқон Садосида, Хокимлик сайтида ва шаҳар типографиясида чоп этилиб эълон қилинади ва мактаб, коллежларда кенг тарғиб қилинади. Натижада ижодкорлар тўлқини вужудга келади.
-
Интернет нашрлари, Озодлик радиоси, Кун.уз, Дарё.уз сайтлари орқали Қўқон муаммоларига оид сўнги 2 йиллик эълон қилинган хабарларни йиғдириб таҳлил қилинг. У ерда ҳам анча мунча ҳолатлар бўйича фикрлар бор.
-
Кўп қаватли уйлар атрофини эгаллаб олаётган бино-иншоатлар масаласи. Шу масалага алоҳида эътибор кўрсатсангиз. Кўп қаватли уй аҳолиси ҳам сал нафас олишга ҳақли, бунинг учун бўш майдонлар зарур. Истеълоларни тўхтатинг.
-
Ҳозирда катта йўл бўйида жойлашган кўп қаватли уйлар биринчи қаватлари бўлсин, ёки алоҳида қурилган дўконлар бўлсин, тратуарларни эгаллаб олганлар. Кабобхона, музқаймоқхона, салқинлаштирувчи ичимлик, озиқ овқат шаҳобчалари тратуарларни ўз савдо майдончалари сифатида тасаррув қилмоқдалар. Ёш болалар, аёллар у ерлардан ўтгани ноқулайликларга дуч келмоқдалар, хижолатдан катта йўлда юришга мажбур. Шу туфайли турли авария ҳолатлари, пиёдаларни уриб юбориш холатлари вужудга келмоқда. Фарзандларимиз учун хавотирдамиз.
-
Спиртли ичимлик билан савдо қилувчи дўконлар учун кўп қаватли уйлар биринчи қаватидан рухсат берилаётганлигига қандай баҳо бериш мумкин. У ерга кимлар, қандай аҳволда келиши маълум. Бу уйларда вояга етаётган ёш авлод тарбиясига бу дўконлар қандай таъсир кўрсатишини нимага ҳеч ким ўйлаб кўрмайди? Бундай дўконларга рухсат беришда жойлашган ўрни эътиборга олиниши, тарбия ўчоқларидан узоқроқда бўлишини таъминлаш керак эмасми. Оила энг катта тарбия ўчоғидир.
-
Ёшлар ўртасида тамачи, наркотик, спиртли ичимликлар, фоҳишабозлик иллатларини кенг қулоч ёзгани ҳеч кимга сир эмас. Буларга қарши кескин чоралар кўрилишига бош қош бўлинг. Шаҳарда, қайси мавзе, қайси уйларда наркотик моддалар савдоси, фоҳишабозлик ўчоқлари мавжуд эканлигини ёш боладан сўрасангиз ҳам айтиб беради. Бугун қўшмачилар ўз маблағларини легаллаштириш учун ароқ дўконларни ҳам айнан ўз фаолият худудларига, домларига қуриб олмоқдалар. Пул бегона бўлмасинда. Психотроп таблеткалар савдоси шаҳарнинг “Косманавт” чорраҳаси ва “Янги Бозор” дан “Оптом”га ўтиш йўлагида аёллар томонидан амалга оширилиши сир эмас. Тунги клублар ва дискотекаларда ҳам нормал ёшлар ўтирмайди. У ерлар фаҳш ва кайфу сафо учун тузоқларга айланган. Энг сўнги ва тез тарқалаётган ифлос одат бу “Кальян Центр”лар. Шаҳарнинг колеж-лицейлар атрофига ана шундай чилимхоналар очилган ва очилмоқда. Ачинарлиси қизларимиз ҳам уялмай чилимкашга айланмоқдалар. Келажакнинг кашанда ва наркоман авлоди шу ерларда етиштирилмоқда.
-
Йўллар масаласи. Тўғри охирги пайтда катта йўллар таъмирланмоқда, ямалмоқда. Охиригача шундай кетсин. Шу билан бирга маҳалла оралари ҳам таъмирга муҳтож. Шунга эътибор қаратсангиз кўпчиликни дуосини олган бўлардингиз.
-
Маълумки шаҳримизда 11 та расмий масжид ишлаб турибди. Ҳалқимиз у ерларда эмин эркин ибодатларини қиляптилар. Шунингдек мазкур масжид ходимлари томонидан ҳалқимизга диний хизмат (никоҳ, жаноза, фатволар) кўрсатиб келинмоқда. Аммо географик жиҳатдан қараганда шаҳарнинг “Город”, Абу Таййиб Ҳўқандий, Чархий, эски 10-автобаза, Янги Бозоргача бўлган худудда масжид йўқ. Ҳеч бўлмасам шу худудларнинг маркази Чархий худудига 1 масжид қурилиши шарт. Охирги пайтларда бу ерларга қўплаб кўп қаватли уйлар тушди. Шаҳар аҳолисининг салмоқли қисми шу худудларда яшайди. Шунингдек бутун бошли Муқумий шаҳарча, унгача бўлган худуд ҳам диний хизматдан мосуво. У ерда тайёр масжид биноси турибди. Шуни ишга туширса бўлади. Кўп сонли қария отахонларимиз жума намози учун узоқ жойларга бориб юрмасди, никоҳ ва жаноза хизматларидаги сарсонликлар бартараф бўлар эди.
-
Кўча чироқлари барча йўллар бўйларига ўрнатилган, аммо бирор амалдор келмаса деярли ёқилмайди. Шаҳар хусусий дўконлар чироқлари эвазига ойдинлатилмоқда. Шунингдек шаҳримиздаги тарихий обидалар, архетектура ёдгорликлари ҳам ташқи томондан прожекторлар, кучли ёритгичлар томонидан алоҳида ёритилса. Шаҳар кечки кўриниши учун жуда чиройли бўлар эди. Шаҳримиз меҳмонлари ва туристлар учун ҳам бу катта реклама бўлган бўларди.
-
Мамлакатимизда 1 май Фавворалар куни. Афсуски шаҳарда мондилик фаввора йўқ. Бори ҳам ишлатилмайди. Келинг кейинги Фавворалар кунини шаҳарда бунёд қилинган бир биридан чиройли фавворалар билан кутиб олайлик.
-
Шаҳардаги катта катта бинолар олдини тўсиб, кўринишни бузиб турган иншоатларни йўқотиш керак. Масалан Ҳамза Музейи олдига қурилган беўҳшов хожатхона биноси, масалан темир йўл идораси олдидаги парк майдонига қуриб олинган гуёки музқаймоқхона. Бечора иншоат пиво ҳам сотди, кабоб ҳам. Бунақа бино ва иншоатлар тиқилиб ётибди. Зийрак кўз билан шаҳарни бир айлансангиз ўзингиз амин бўласиз. Бинолар эстетик жиҳатдан ҳам шаҳарга кўрк бериши лозим эмасми. Шу ўринда Амир Темур мавзесида бобомизга атаб қўйилган монумент жуда бечора, қинғир қийшиқ, хунук аҳволда. Қайси дидсиз чизган тархини. Энг арзон усулда печат қилиб тортиб қўйилган портрет. Бобомизни улуғлаш деганда шуми эътибор. Шуни бутунлай олиб ташлаш керак. Бобомиз бундай масхара бўлишга нолойиқ.
-
Газ идораси ва электр тармоқлари идораларидан ҳамма шикоятчи. Ҳалқ пулини тўлаяпти, аммо мазкур ташкилотлар ҳали ҳам талаб даражасида хизмат кўрсатмайди. Айниқса газ идораси аҳоли бўйнига қарз илиб қўйишни жуда ҳавосини олган. Бу идоралар аҳоли билан ишлашдаги муносабатини ўзгартирсин. Электр тармоқлари алоқа телефонини умуман кўтармайди. Бетартиб ва огоҳлантиришсиз тармоқдан узулишлар ҳақида маълумот берувчи йўқ, бунинг натижасида айниқса бу қиш мавсумида 10 лаб ҳамшаҳарларимиз фожеали ҳолатда вафот этди.
-
Аҳолини ўзида ҳам шаҳарни обод сақлашга, сув ҳавзаларини ифлос қилмасликка оид тарғибот ишларига бош қош бўлинг. Қурилиш мавсуми бошланди. Кўчаларга қурилиш учун тўкиб қўйилган қум уюмлари барчани уй уйларигача кириб, ифлослантиради. Сой ва ариқ бўйида истиқомат қилувчилар ё оқова сувини ёки чиқиндиларини бемалол сув ҳавзаларига тукиб кетаверадилар. Маҳалла ҳам бунга бефарқ. Маҳаллалар қум уюмлари ва чиқинди ташлаш бўйича назорат ишларини кучайтирсин.
-
Албатта хоким фақат мавжуд коммунал муаммолар билан ўралашибгина қолмасдан шаҳарга янги уфқ очиб бериши керак. Катта саноат проектларини шаҳримизга олиб келинг, бунинг учун ҳаммани тинг қўйманг. Иш билан бандлик аҳолининг ўзига юклаб қўйилди. Ваҳоланки битта катта корхона бизда очилса 1000-лаб йигит-қизлар иш билан таъминланади.
Мани ишга олсин,беш йилда шахар жуда яхши томонга узгармаса, отимни бошка куяман…