Исмат Хушев: Ўзбек мухолифатининг саксон ёшли Оқсоқоли…
Ўзбек мухолифатининг саксон ёшли Оқсоқоли
“Ўзбек мухолифати ҳақида ҳикоялар” туркумидан
“Дунё ўзбеклари”дан:
Бугун хориждаги ўзбек мухолифати фаолларидан бири Ёдгор Турлибеков таваллуд топган кун.
Ёдгор акани нафақат Қашқадарёда, балки бутун Ўзбекистонда яхши билишади ва ҳурмат қилишади.
Мен хориждаги Ёдгор акага ўхшаш ёши улуғ ва мўйсафид кишилар ҳақида ўйлаганимда – бир этак набираларига ўз Ватанида эртак айтиб, хўрозқанд ё музқаймоқ ялатиб юриши лозим бўлган “Бобожон”ларнинг муҳожиротга кетишини мутлақо нотўғри деб биламан.
Она Ватанидан олис ва бегона юртларда – хорижда умргўзаронлик қилиш ва муҳожирликнинг аччиқ нонини еб юриш – ёшларга, борингки, ўрта ёшдаги кишиларга ярашиши мумкин.
Бу ҳам вақтинча, доим эмас…
Бугун АҚШда умргўзаронлик қилаётган Ёдгор ака, агар адашмасам, ўзбек мухолифатининг хориждаги энг ёши улуғ ва мўйсафид вакили бўлсалар керак. Шунинг учун ҳам гоҳи гоҳида у кишига қўшни Канададан қўнғироқ қилиб, ҳол аҳвол сўраб тураман.
Яқинда Ёдгор ака қувонч билан АҚШ фуқароси бўлганларини, янги Америка паспортини олганларини қувонч билан айтиб қолдилар. Баҳодир Чориев каби қўли ва кўнгли очиқ бўлган ҳотамтой укаларининг меҳри ва муруввати боис бегона юртларда бўлсалар ҳам – ёлғиз ва қаровсиз қолмаганларини кўзда ёш билан, миннатдор бўлиб сўзладилар.
Лекин фақат менинг қўнғироқ қилиб, ҳол аҳвол сўрашим, Баҳодир Чориев каби иймон-эътиқодли мухолифат етакчиларининг саксон ёшли мўйсафидни сўраб суриштириб, ҳолидан хабар олиб туриши етарли эмас.
Ўзбек мухолифатини она Ватан сўроқлаши лозим. Давлат ва ҳукумат уларга қўнғироқ қилиб, ҳол аҳвол сўраши, мамлакат дарвозаларини секин аста мухолифат аъзолари учун очиши керак.
Ўзбек мухолифати Ўзбекистонга душман эмас. Ватан ташқарисидаги мухолифат, таъбир жоиз бўлса, Ватан ичкарисида ўзбек халқининг жонини олиб, қонини сўриб ётган порахўр ва муттаҳам мулозим лардан юз карра, минг карра яхшироқ ва афзалроқдир.
Хориждаги ўзбек мухолифатини ёт элларда бирин кетин ўлдириб юборамиз деб ўйлаган калтабин снбчилар хато қилишади. Бу манфурлик ва манқуртлик учун тарих уларни ҳеч қачон кечирмайди!
Ўзбек ҳукумати хориждаги ўз сиёсий мухолифлари билан музокара юритиб, тил топишиб, уларни она-Ватанга қайтарадиган яхши ва ёруғ кунлар келишини орзу қиламан.
Янги Ўзбекистон раҳбарияти ва дунё ҳамжамияти босими остида шундай улуғ ва муборак кунлар келишига ишонаман!
Ёдгор ака таваллудига қайтадиган бўлсак, бугун Турлибеков саксон ёшга тўлдилар.
Мен у кишининг 75 йиллигига атаб бундан бундан беш йил муқаддам бир шеър ёзган эканман.
Бугун шу шеърни ўзгартирмай яна бир бор нашр этишни лозим деб билдим.
Туғилган кунингиз муборак бўлсин, Ёдгор ака!!!
Исмат Хушев
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири.
29 апрель, 1017 йил, Торонто шаҳри, Канада.
Ёдгор Турлибековнинг 75 ёшга тўлиши муносабати билан
Менинг икки акам бор…
Менинг икки акам бор,
Етмиш тўрт ва етмиш беш.
Иккиси ҳам исёнкор,
Бири – Сиёб, бири – Кеш.
Бири – Ислом, бири – Ёдгор,
Бири – илҳом, бири – тождор…
Бири юзин ювса терда,
Бири шарбат, сутда ювган.
Эрк талашиб Она ерда,
Бири қочган, бири қувган.
Бири – гадо, бири – шоҳдир.
Бири садо, бири – оҳдир…
Бири ҳақ деб дилин доғлар,
Номи мухбир – илму толиб.
Бири дунёни сўроқлар,
Шаҳаншоҳдир ҳануз ғолиб…
Бири – шодлик, бири – ҳасрат,
Бири – мардум, бири – ҳазрат…
Бири доим тахт кўзлаган,
Ўчдир таъқиб, хусуматга.
Бири эса бахт излаган,
Мухолифдир ҳукуматга.
Бири – сардор, катта бойдир,
Бири – абгор, ҳоли войдир…
Бири асло эгмас бўйин,
Лекин содиқ виждонига.
Бири учун давлат – ўйин,
Чегара йўқ имконига.
Бири – ғолиб, бири – мағлуб,
Бири – толиб, бири – маҳбуб!
Бири ялар туз ва рўё
Бошқаси-чи – шакар-қанд.
Ажаб, бири – Қашқадарё,
Иккинчиси – Самарқанд…
Бири – соғлом, бири – бемор,
Бири – сархуш, бири – бедор…
Бири тахтдан кетмайди ҳеч,
Йигирма беш йилки – хондир.
Бири четда – эртаю кеч,
Юрак бағри тўла қондир…
Бири – Ислом, соҳиб давлат,
Бири – илҳом, қуруқ савлат…
Менинг икки акам бор,
Етмиш тўрт ва етмиш беш.
Бири ғолиб ва қасоскор,
Бири содда, кўнгли бўш…
Бири сайёд, бири оҳу,
Бири фарёд, бири ёҳу.
Менинг икки акам бор…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
29 апрель 2012 йил, Торонто шаҳри, Канада.
3 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГШарҳ қолдириш
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Таваллуд кунингиз муборак булсин, Ёдгор ака! Сизни Исмат Хушев эсламаса бу ўзбек мухолифатиман деганлар ҳеч қачон эсламайди. Улар одамгарчиликни ҳам, каттага ҳурматни ҳам тамом эсдан чиқариб қўйишди. Яхшиям Исмат Хушев ва Дунё ўзбеклари бор экан бу дунёда.
Muholifatga aloqasi yo`q Ismat Xushevning o`zbek muholifati haqidagi yozganlarini o`qib, har gal bu kishiga qoyil bo`laman. Ismat Xushev mustaqil jurnalist bo`lib ham o`zbek muholfatidan ming karra k`op ish qilayapti.
Edgor aka Turlibekovni tavallud kunlari bilan tabriklayman. Edgor aka sog boling, uzoq umir koring. Ilohim k`organ tortgan azoblaringiz ortda qolgani rost bolsin…