ЧЎПЧАКВОЗ АҚШ ёхуд “Ўзбекистон ислом ҳаракати”га океанорти эътибори хусусида
“Ироқ ва Шом ислом давлати” деган ном билан майдонга чиққан халқаро террористик ташкилот ўз номидан “Ироқ ва Шом” сўзларини олиб ташлаб, “Ислом давлати”га айланди. Дунёда кенг миқёсда исломофобия (ислом динидан, мумулмонлардан қўрқув) келтириб чиқариш учун бундан “мақбулроқ” ном топиш имконсиз деса ҳам бўлади. Сурияда Башар Асад ва мухолафатчи кучлар ўртасида узун замондан бери давом этиб келаётган, охири кўринмаётган қуролли можарода учинчи тараф сифатида ўртага чиққан бу феноменнинг “керакли пайт”да, “керакли жой”ларда бўй кўрсатаётгани унинг пайдо бўлиш ва фаолият олиб бориш режасининг ўта мукаммал тузилгани, Ислом дини ва мусулмонлар бир четда қолиб, ўз муаллифларининг геосиёсий ва геоиқтисодий манфаатларига хизмат қилаётгани равшан бўлади.
Тарихий тажрибалардан келиб чиқиб шуни ишонч билан башорат қилиш мумкинки, “Ислом давлати” қилаётган хунрезликлардан, зулмдан, таҳдиддан башар аҳлини ҳимоя қилишни ўзига буюк шараф деб билган халқаро ҳамжамият тинчлик кучлари яқин даврда Сурия ҳудудига киради ва қонли зиддиятга якун ясайди. Бу орада, Башар Асадни ҳам ҳукуматдан ағдаришга мухолафатчиларга мадад бериб ўтилади. Лекин, якунда минг афсуслар билан қайд этиладики, террорчиларни тўла бартараф этила олмади, улар бошқа ҳудудга кўчиб ўтишди…(очиғи, бу параграфда истеҳзо сабаб қўштирноққа олиниши шарт бўлган сўзлар кўплигидан, буларнинг бари ўрнига, демоқчи бўлган фикримизни қўштирноққа олсак!)
Илк ҳадаф – Сурия ва Ироқ, ортидан Болқонлар, кейин Россия Кавкази, навбатда Марказий Осиё… Тахминларга кенг очиқ бу мавзу. ”Ислом давлати” номи остидаги глобал террорнинг пропискасини шундай тез ўзгартирса бўладики, мисли бу уч ўлчамли оламдан ташқарида рўй бергандек намоён бўлади. Маълум кучларга бўйсунувчи медиа империялари ҳукмронлиги остидаги бугунги ахборот асрида ҳар қандай террорнинг ўчоғини, даражасини, инсониятга хавфини ахборот маконида белгилаб берилмоқда. Буқани ўзига жалб қилган тореадор сингари, негадир, террористлар ҳам ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда, ўз кирдикорларини кенг намойиш этиб бормоқдалар. Эътиборга молик хусус, ўз ғояларидан кўра, ваҳшийликларни тарғиб этишга кўпроқ уринишмоқда.
Энди “Ислом давлати”ни бир ёнга қўйсакда, уни Марказий Осиё билан боғлашда қўлланилаётган бошқа бир ноқонуний гуруҳ – “Ўзбекистон ислом ҳаракати” ҳақида сўз юритсак. Бу ҳаракатнинг эътиқод эркинлиги устувор бўлган Ўзбекистонда ислом давлати қуриш хаёлларини, шитоб билан ривожланиб бораётган юртимиздаги мавжуд дунёвий тузумни ағдаришни ўзига мақсад қилганини, айнан мана шу умум фикрига зид қарашлари учун бир қисм юртдан қочганлардан бошқа ўзига хайрихоҳ топа олмаётгани барчага аён. Лекин, диққат тортадиган нуқта шуки, бу ҳаракат ўз номидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда диний давлат қуриш ғоялари билан фаолият юритиб келарди. “Ислом давлати” номидаги гуруҳ пайдо бўлди-ю, “Ўзбекистон ислом ҳаракати” глобаллашув йўлига кирди-қўйди. Бу нимадан далолат? Ёки халқаро театр саҳнасида уларнинг роли ўзгардими? Балки, Марказий Осиёнинг вақт ўтиб, “Ислом давлати” “нишони”га айлантириш учун, бу минтақага боғловчи кўприк керак бўлиб қолгандир? “Ўзбекистон ислом ҳаракати” “Ислом давлати” ва “халифа”га содиқлик эълон қилгани оддий тенденциядек туюлганди. Аммо, ўтган ҳафтада бўлиб ўтган воқеалар занжири парда орқасини бироз ёритгандек бўлди.
Дастлаб АҚШда қўлга олинган “Ўзбекистон ислом ҳаракати” аъзосининг Барак Обамага суиқасд уюштиришни режалаштиргани ҳақидаги хабар оламга ёйилди. Ортидан Ҳаракатнинг Қўшма Штатларда қатор террористик қилмишларни режалаштиргани ҳам халқаро медиада кенг ёритилди. Ўзбекистонда ислом давлати қуришни режалаб юрган бу уюшган гуруҳга Америкада террор ёхуд Обамани ўлдириш нега керак бўлиб қолди деган савол, минг афсуски, ҳеч янграмади. Дунё сиёсатини остидан кириб, устидан чиқадиган сиёсий шарҳловчилар дарров, “Ислом давлати” байроғи остидаги “Ўзбекистон ислом ҳаракати”нинг Марказий Осиё учун катта хавф эканини таъкидлашдан нарига ўтмадилар. Демак, Афғонистонда яшириниб юрган бу ҳаракат аъзолари кичик бир қимирлаш содир этишлари дарров минтақадаги хавфнинг умумийбашарий эканини эътироф этишга ва бу ҳудудга халқаро кучларни ташлашга замин яратади. Қандайдир йўл билан АҚШ президентига суиқасд уюштиришдек хомхаёлни (!) ташкил этишга йўналтирила олган “Ўзбекистон ислом ҳаракати” эртага яна маълум кучларнинг илтимоси, талаби, ёки ҳадяси эвазига минтақага “халқаро кучлар жалб этилиши шарт бўлган, “Ислом давлати” террористик ташкилоти таркибидаги террористлар ҳаракати мавжуд террор ўчоғи” номини олиб бермаслигига ким кафолат беради? АҚШ эса ёш болани олабўжи билан алдагандек, жаҳон жамоатчилигини “Ўзбекистон ислом ҳаракати” бу “Ислом давлати”нинг бир бўлаги эканлигига, фаолият майдони дунёнинг исталган нуқтаси бўлиши мумкинлигига, демократик тамойилларнинг Ер юзидаги кафили – АҚШ президенти ҳаётига суиқасд уюштиришни мақсад қилган бу ҳаракат халқаро ислом террорининг Марказий Осиёдаги бўлинмаси эканлигига ишонтирмоқчи. Бу эса, бу ҳаракатга қарши кураш шиори остида бу ҳудудга кириш, қаддини тиклаб бораётган Россия ва иқтисодий-сиёсий дев куч – Хитой яқинида илдиз отиб, яна бир неча йил уларнинг уйқусини нотинч қилишга уриниш режасидан бошқа нарса эмасдек туюлади.
Яна икки қутбга ажраб бораётган дунёда “Ислом давлати”га қарши курашда турли коалициялар шаклланаётгани ажабланарли эмас. Ўзбекистон ўз ҳудудий жойлашуви ва Шанхай Хавфсизлик Ташкилоти аъзолигидан келиб чиқиб, бу борада Россия ва Хитой билан ҳамкорлик қилиши мантиқлироқ бўларди. Аммо, иккинчи ёнда “Ислом давлати”ни дунёга кенг ёйилишидан келиб чиқиб, унга қарши доимий кураш орқали кўпроқ минтақаларда ўз аскарий мавжудлигини таъминлашга уринаётган АҚШ ва унинг иттифоқдошлари бор. Ўзбекистонга АҚШ томонидан тортиқ этилган ҳарбий техникалар етиб келиши орқасидан юртимизга ташриф буюрган Америка давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Розенблюмнинг Ўзбекистоннинг “Ислом давлати”га қарши кураш ҳалқаро коалициясига қўшилишини сўраши (бу таклифни юқорироқ мавқедаги вакил қилса ҳам бўларди) масаланинг моҳиятига янада ойдинлик киритади. Коалицияга қўшилмаслик, устимизга халқаро терроризмни маълум кучлар томонидан гиж-гижланишига олиб келиши мумкин. Қўшилиш эса, охирги кучлари Қирғизистондан бир неча кун аввал олиб чиқилган, Марказий Осиёда ўз стратегик позицияларини йўқотишга бошлаган АҚШга халқаро терроризмга қарши кураш шиори остида яна минтақадан бошпана беришни талаб этиб қолиши мумкин.
Ягона йўл, ШҲТ (Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти) доирасида эҳтимолий сценарийлар учун пухта ўйланган, коллектив хавфсизлик чора-тадбирларини ишлаб чиқиш. Сабаби, Ўзбекистондек катта бозорда йирик ўйинчига айланган, ҳамкорликлар кўлами кундан кунга ортиб бораётган Хитой, яқиндагина империалистик қарашлари сабабли Украинада ўз позициясини йўқотган, Ўзбекистондек йирик давлатда унинг манфаатларидан ўз манфаатларини устун қўйиш минтақада ўз обрўсини йўқотиш билан тенг эканини англаб турган Россия, Ўзбекистоннинг хавфсизлиги ўз хавфсизлигига тенг эканини теран ҳис этаётган Қозоғистон билан бирликда терроризмга қарши кураш, АҚШ ва унинг иттифоқдошлари билан ҳамкорликдан самарали бўлиши шубҳасиз…
Мен бу хакда неча йилдан бери гапираман, Украина ва Суриядан кейин АКШ Урта Осиеда уруш учогини очмокчи ИГИЛ еки Ислом давлати жангарилари кули билан деб. Бу куриниб турган нарса. АКШ КХДР билан уруш очмайди, бу дуне жамоатчилигини чалгитиш маневри, демак бошка бир нарсани уйлашмокда амалга ошириш учун. Сурия энди уларга керак эмас,Украина хам .Бойликлари тортиб олинди, Ирок ва Ливия каби. Энди навбат боскинчилик килиб бойликларимизни тортиб олишУзбекистон ва Козокстонга, Туркманистонга хам кириб утишади.Худони узи бизни асрасин!!!!!
Мен бу хакда неча йилдан бери гапираман, Украина ва Суриядан кейин АКШ Урта Осиеда уруш учогини очмокчи ИГИЛ еки Ислом давлати жангарилари кули билан деб. Бу куриниб турган нарса. АКШ КХДР билан уруш очмайди, бу дуне жамоатчилигини чалгитиш маневри, демак бошка бир нарсани уйлашмокда амалга ошириш учун. Сурия энди уларга керак эмас,Украина хам .Бойликлари тортиб олинди, Ирок ва Ливия каби. Энди навбат боскинчилик килиб бойликларимизни тортиб олишУзбекистон ва Козокстонга, Туркманистонга хам кириб утишади.Худони узи бизни асрасин!!!!!
Бу мақола террорчиликни ошкора ҳимоя қилиш бўлибди. Жума Намонгоний ва Тоҳир Йўлдошлар бу кетишда миллий қаҳромонга айланса ажаб эмас!