Одил Ёқубовнинг издоши, Муҳаммад Али сафдоши, Исмат Хушевнинг устози
Бош муҳаррир ва Давлат маслаҳатчиси бўлган Аҳмаджон Мелибоев — 70 ёшда!
Суратда: Аҳмаджон Мелибоев (чапдан тўртинчи) Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов билан «Оқ сарой»даги учрашувда…
Исмат Хушев:
Одил Ёқубовнинг — издоши,
Муҳаммад Алининг — сафдоши,
Исмат Хушевнинг — устози
Суратда: Аҳмаджон Мелибоев Абдулла Орипов ва бошқалар билан бир пиёла чой устида…
Аҳмаджон Мелибоев 70 ёшда…
1.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг буюк Одил Ёқубовдан кейинги Бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев етмиш ёшга тўлибди.
Профессор Лазиз Қаюмов раҳбар бўлган «Ўзбекистон Маданияти» газетаси ўрнида ташкил этилган «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» номли янги ҳафталик нашрни ўзбек зиёлилари катта қувонч ва ҳаяжон билан кутиб олган эдилар.
Даставвал Асқад Мухтор Бош муҳаррир бўлган бу газета — Одил Ёқубов раҳбар бўлиб келганидан сўнг Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари орасида энг нуфузли ўринлардан бирини эгаллади.
Уни нафақат зиёлилар, балки бутун ўзбек халқи севиб ўқий бошлади. Унда чоп этилган мақола ва матнларда — жамиятнинг энг оғриқ ва азобли муаммолари дадил қаламга олинар ва токи адолат қарор топмагунча газета ҳам сира тинчимас эди…
2.
Ростов Дон шаҳрида ўтган бир ярим йиллик ҳарбий хизматим якунига етиб, баҳор ойида заҳирага бўшатилганимдан сўнг Ўзбекистонга эмас, балки Михаил Шолоховнинг она юрти — Вешенская станицасига борган эдим.
«Ўзбекистон санъати» журнали Бош муҳаррири, ёзувчи Нурали Қобул ташаббуси билан таниқли ўзбек журналисти Анвар Жўрабоев Дон казаклари юртига бориб, Шолохов билан учрашиб, унга зарҳал чопон кийгизгани ҳақидаги хабарни ўқигандаёқ мен ҳам бу муборак гўшаларга боришни юрагимга тугиб қўйган эдим.
Лекин минг афсуски, мен борганимда, Михаил Шолохов вафот этган эди. 24 май — унинг туғилган куни эди. Унга бераман деб олган алвон гулларимни энди унинг қабрига қўйдим. Сўнг бир ҳафта шу ерларда қолиб кетдим.
Менинг Ростов Дон шаҳридаги ҳарбий хизматимни тугатиб, Ўзбекистонга бориш ўрнига суюкли ёзувчимни излаб, бу ерларга келганимни эшитган Григорий Мелеховдек жасур казак ўғлонлари ва Натальядек соҳибжамол Дон қизлари атрофимда парвона эдилар.
Вешенская станицасидаги ана шу бир ҳафталик бетакрор ва унутилмас сафарим маҳсули ўлароқ дунёга келган «Шолохов Ватанида» номли хотираларимни Одил Ёқубов «Сталин ва Шолохов муносабатлари» рукни остида «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида чоп этган эдилар.
Бу менинг Ўзбекистондаги энг нуфузли газетада эълон қилинган биринчи — жиддий ва салмоқли мақолам эди.
Айтиш мумкинки, Одил Ёқубов шу мақола билан — эндигина ҳарбий хизматни ўтаб, ўз юртига қайтиб келган, ҳали ҳеч ким танимаган бир йигитни оммага танитган, ўзбек журналистикасига «Исмат Хушев» деган китоблик бир йигит кириб келаётганини элу-юртга маълум қилган эдилар…
3.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси обрў эътибори ошиб бориши бараварида унинг Бош муҳаррири Одил Ёқубовнинг ҳам халқ орасидаги нуфузи бениҳоя ортиб борарди.
Адабиёт газетаси обуначилари сони миллионлардан ошиб кетди. Ижодкорлар учун бу газетада ўз ижодини эълон қилиш, журналистлар учун эса шу нашрда ишлаш — чексиз бахт ва саодат, мислсиз обрў ва эътибор мезонига айланди.
Кўп ўтмай Одил Ёқубов — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раис бўлиб кўтарилиб кетди. У кишининг ўрнига эса бахти кулган инсонлардан бири — Аҳмаджон Мелибоев Бош муҳаррир бўлиб кўтарилиб келди.
Ана шундай шонли ва суронли кунларнинг бирида, не тонг ва ё не бахтки, Исмат Хушевга ҳам бир муддат ана шу улуғ ва муборак даргоҳ — Адабиёт газетасида журналист бўлиб ишлаш бахти насиб этди…
4.
Аҳмаджон Мелибоевни мен ўшанда илк бора кўриб, танидим.
У киши ниҳоятда самимий ва олийжаноб инсон эдилар. Адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров у кишининг биринчи ўринбосарлари эди. Биз уларнинг ҳар иккаловини ҳам ўзимизга устоз деб билганмиз.
Маматқул Ҳазратқулов, Маҳмуд Саъдий, Ёқубжон Хўжамбердиев, Мурод Абдуллаев, Камол Матёқубов, Рашид Раупов, Ашурали Жўраев, Нафиса Нуъмонова, Муҳаббат Туробова, Гулчеҳра Умарова, Дилором Исмоилова, Абдунаби Ҳайдаров, Абдўмумин Тиловов, Карим Баҳриев, Бекқул Эгамқулов, Ибрат Сафоев, Асрор Мўминов ва бошқалар шу икки устоз раҳбарлигида бир оила аъзоларидай иноқлик ва қувноқликда ижод қилардик.
Аҳмаджон ака ҳеч қачон бировнинг кўнглини қолдирмасди, ноҳақ ранжитмасди. Қадди қомати келишган, истараси иссиқ, аския ва ҳазилга ўч, айни пайтда — оғир, босиқ ва мулоҳазали раҳбар эдилар.
У кишидаги камтарлик ва камсуқумлик — бошқа жуда кўп Бош муҳаррирларда йўқ эди…
5.
Аҳмаджон Мелибоев Адабиёт газетасига Бош муҳаррирлик қилган дастлабки йилларда Ёзувчилар юшмасининг аъзоси эмас эди.
Ҳолбуки, газета Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг нашри бўлиб, унга раҳбар бўлишни жуда кўп ёзувчилар орзу қиларди.
Адабиёт оламидаги ана ўша «гуруҳвоз»ларнинг таъсирига берилибми, билмадим, бир гал уюшма йиғилишларининг бирида Аҳмаджон акани танқид қилиб, у кишига ташланиб қолганман:
— Шунча истеъдодли ёзувчилар турган бир пайтда, ҳали ҳатто уюшма аъзоси ҳам бўлмаган бу кишини Адабиёт газетасига раҳбар бўлиб келиши нотўғри бўлган… — деб уялмай-нетмай нутқ сўзлаганман.
Ҳолбуки, ўтган қатор йиллар Аҳмаджон Мелибоев Адабиёт газетасига баъзи бир мана-ман деган ёзувчилардан ҳам, уюшма аъзоси бўлган алломалардан ҳам кўра ўн карра, юз карра дурустроқ ва афзалроқ раҳбарлик қилганини исботлади…
6.
Кейин тақдир экан — Ислом ака боис омадим чопиб, ўзим ҳам кўтарилиб кетдим.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 1990 йил 5 январь сонида «Янги нашрларимиз» рукни остида янги лавозимдаги Исмат Хушевнинг «Аввал иқтисод…» номли мақоласи эълон қилинади.
Шунда Аҳмаджон Мелибоев барча гина кудуратларни унутиб, чин юракдан менга оқ йўл тилаган эди:
Редакциядан илова:
Газетамизнинг собиқ мухбири, фаол журналист, «Номус ўғрилари», «Иффат керакми?», «Ижодкорга ҳурмат шуми?», «Маҳкумалар», «Прокурорни қандай қўлга туширишди?» сингари кўплаб ахлоқий-маънавий мавзудаги мақолалар ва фельетонлар муаллифи И.Хушевни янги журнални нашр этишга жалб этилганлиги билан муштарийларимиз номидан самимий қутлаймиз».
(“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1990 йил 5 январь сонидан).
«Ҳаёт ва иқтисод» журналига Бош муҳаррир бўлиб, беш йил ишладим.
Лекин бирор киши мени: «Иқтисодни тушунмаган бу одам нега Иқтисод журналига раҳбарлик қилади?» — деб гапирмади, танқид қилмади.
Ҳолбуки, танқид қилиши, худди мен бир пайтлар Аҳмаджон акага нисбатан қилган лўттибозликни қилиши, мени ранжитиши мумкин эди.
Назаримда, мени бу лавозимга шахсан Ислом Каримов кўтаргани учун ҳам мени аяшган, янаям аниқроқ айтсам, истиҳола қилишган, кўнглимга қарашган.
Лекин мен Аҳмаджон аканинг кўнглига қарамадим, у кишини хафа қилиб қўйишим мумкин деб ўйламадим. Шаккоклик ва худбинлик қилдим.
Бу дунёда бировларнинг кўнглини бировларнинг иғвосига учиб оғритмаслик лозимлигини жуда кеч англаб етдим.
Лекин Аҳмаджон ака менга нисбатан бирор марта ҳам ёмонлик қилмади, гина сақламади, мени бир пайтлар ноҳақ танқид қилган эдинг деб юзимга солмади…
7.
Аҳрор Аҳмедов деган ношир дўстим бор.
Аҳмаджон Мелибоев билан бир жойдан — Олабуқадан. Тошкентда кўпчилик уларни ака-ука деб ўйлайди. Лекин аслида бундай эмас, улар бир қишлоқдан, холос.
Бир гал Аҳрор мени ўз юртига меҳмонга таклиф қилди. Ўшанда эндигина қамоқдан чиқиб, ишсиз ва руҳсиз юрган кунларим эди. Кўнгли ярим, бир айланиб, ҳаво алмаштириб, юрагини ёзиб келади деб ўйлаган чоғи.
Аҳрорнинг азиз ва меҳрибон ота онаси, оила аъзолари билан кўришиб, уларникида меҳмон бўлганимизда юзларидан нур ёғилиб турган, оппоқ соқоллари ўзига ниҳоятда ярашган хизрсифат бир мўйсафид киши билан танишдим.
Аҳмаджон Мелибоевнинг акалари экан. Улар оилада беш ака ука бўлиб, Аҳмаджон Мелибоев уларнинг кенжаси экан. Иқтисод фанлари доктори, профессор Одилжон Олимжонов ҳам Қирғизистоннинг Намангонга туташ — Олабуқасидан.
Бир ҳафта давомида улар бизни роса меҳмон қилишди. Ноҳақ ҳибс боис шикаста бўлган ва яраланган ўксик дилимга малҳам бўлишди.
Ўшанда Олабуқадан Тошкентга қайтар эканман, Аҳмаджон акадай меҳригиё, бағри дарё инсонни бир пайтлар ноҳақ ранжитганим учун ич-ичимдан қаттиқ изтироб чекдим…
8.
Бугун ўйлаб қарасам, Аҳмаджон акага ёшлик ва ғўрлик қилган пайтларим кўп бўлган экан.
Бу эҳтимол, менинг «Адабиёт» газетасида муқим ишламаганим билан боғлиқ бўлса керак. Мен редакцияда вақтинча ишга олинган бўлиб, доимий ишга ўтказиш масаласида Бош муҳаррир билан орамизда қора мушук ўтган эди.
Мен ҳамиша «вақтинча» ишлайдиган ходим бўлиб қолишни истамасдим. Аҳмаджон ака эса мени «доимий» қилиб ишга олишга шошилмасди…
Кейинчалик, ўзим Бош муҳаррир бўлиб билдимки, раҳбар одам кимни қайси ишга олишни, бировларнинг тазйиғисиз, ўзи ҳал қилгани маъқул экан.
Яна шуни билдимки, бир жамоада ишлагандан кейин, ҳар хил гуруҳлар таъсирига берилмай, ўз раҳбарингга қулоқ солиб — одобли ва эътиборли, хушмуомилали бўлиб ишлаш керак экан.
Масалан, мен ўзим Бош муҳаррир бўлган жамоада бирорта ҳам ходимнинг ўзимга нисбатан шаккоклик қилишига йўл ҳам қўймадим, изн ҳам бермадим. Бундай ҳатти ҳаракатларни сезган заҳоти, сўраб нетиб ўтирмай, уларни ўша заҳотиёқ ишдан ҳайдаб юборганман.
Менинг ана шу бежилов мулозимлик шаштим ва қатағоним олдида Аҳмаджон Мелибоев юз карра, минг карра бағри кенг ва тоқатли, ҳур фикрли ва димократик раҳбар эканлар…
9.
Аҳмаджон аканинг қўлларида ишлаганимда йўл қўйган хатоларим кўп бўлган.
Қуйидаги воқеа ҳам ана шу «аламзадалик»нинг навбатдаги кўриниши бўлса, ажаб эмас.
Аҳмаджон Мелибоев «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасига Бош муҳаррир бўлганларида Собиржон ака исмли тошкентлик ҳайдовчилари бўларди. «13-81 ТНВ» рақамли, оқ рангдаги «ГАЗ 31» волгасида юрардилар.
Редакцияда навбатчиликда қолган ходимларни ярим тунда Бош муҳаррирнинг хизмат машинаси уйларига олиб бориб қўярди.
Биз Собиржон ака билан жуда иноқ эдик. Бир гал у кишининг Аҳмаджон акадан ранжиб қолганини эшитдим. Бош муҳаррирни шошилинч Президент девонига чақириб қолишганида Собиржон ака йўловчи ташиб, кира қилиб юрган экан.
Ўз вақтида боролмагани учун Девондан гап эшитган Аҳмаджон ака ўз ўрнида Собиржон акани койиган. Ҳолбуки у киши узоқ йиллардан бўён редакцияда ишлаган, Одил Ёқубовни ҳам олиб юрган.
Шунда мен: «Ранжиманг ака, ҳали ўзим Бош муҳаррир бўлиб келсам, истаганча вақт бераман, кира ишлаб оласиз» деб, Собиржон аканинг кўнглини кўтаргандим.
Фаришталар «Омин!» деган экан, юқорида ёзганимдек, Ислом Каримов ҳокимиятга келиб, мен ҳам кўтарилиб кетдим.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасига эмас, балки «Ҳаёт ва Иқтисод» журналига раҳбар бўлдим. Бир куни Собиржон ака ҳузуримга келиб қолди. Ўша ҳазил аралаш айтган гапимни эслатди. Қарасам, жиддий айтаяпти.
Кейин ўша ваъдамга биноан у кишини ишга олдим.
Аҳмаджон акадан сўрамадим ҳам…
10.
Бугун, Тошкентдаги Бош муҳаррирлик лавозимларининг бир нечтасини кўриб, матбуотга беармон раҳбарлик қилиб, энди серҳаяжонли ва шовқин суронли ҳаётимнинг маълум бир «истанцаси»га келиб тўхтадим.
Энди бир қадар тинчиб қолган «Канада» номли умрим бекатидан туриб, Ўзбекистонда ўтган ўт-оловли йўлларимга назар соларканман, йўл қўйган хато ва камчиликларим яққол кўзга ташланади.
Аҳмаджон Мелибоевни Ёзувчилар уюшмаси йиғилишида маънан ҳаққим бўлмай туриб, ноҳақ танқид қилганим учун, у кишидан сўрамай-нетмай ҳайдовчиларини тортиб олганим учун, ёшлик ва бебошлигим, худбинлик ва шаккоклигим учун мудом ўзимни айбдор сезаман, хижолат чекаман…
11.
Бугун Тошкентдаги ҳамкасб дўстларимдан бири билан гаплашиб қолдим.
Аҳмаджон аканинг етмиш ёшга тўлишини, келаси шанба куни Тошкентдаги мўҳташам ресторанларнинг бирида шу сана боис ширин бир тадбир бўлишини билдим.
21 асрда интернет олами инсоният учун яратган афсонавий имкониятлардан бири шуки, ҳозир бир сўз айтсангиз ё ёзсангиз, бир дақиқа ичида уни бутун дунё эшитади, ўқийди, билади.
Мен бугун бу дил розларимни ёзишдан мақсад — шаккок ва худбин Исмат Хушевни журналист бўлиб шаклланишида ўз муносиб ҳиссасини қўшган устозим Аҳмаджон Мелибоевни қутлуғ ёшлари билан муборакбод этиш ва шу баҳонада у кишидан — қўлларида ишлаган пайтимдаги хато ва камчиликларим учун яна бир бор узр сўрашдан иборат.
Аҳмаджон ака бағри кенг, меҳри дарё ва кечирувчан одам.
Менинг олис Канададан туриб ёзган бу самимий дил сўзларимни ўқиб, ширингина жилмайиб қўйишлари табиий…
12.
Аҳмаджон ака «Адабиёт» газетаси Бош муҳаррирлигидан Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси лавозимига кўтарилиб кетдилар.
Беш ўн йил Ислом ака билан бирга ишлаб, давлат раҳбарининг шоҳлик ва ҳукмдорлик мактабидан сабоқ олиб, яна ўз ўринларига қайтиб келдилар.
Назаримда, у киши Девонда ишласалар ҳам, «Адабиёт» газетасига ўзлари раҳбарлик қилиб турган эдилар. Ва бир кун келиб салтанатдан тушганларидан кейин, яна ўз ўринларини бориб эгалладилар.
Шу ўринда яна бир гап.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасига бугунги кунга қадар беш таниқли ижодкор раҳбарлик қилди: Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Аҳмаджон Мелибоев, Саъдулла Ҳаким ва Сирожиддин Саййид…
Инсоф билан айтганда «Адабиёт» газетасига Одил Ёқубов ва Аҳмаджон Мелибоев Бош муҳаррир бўлиб ишлаган йиллар бу нашр Ўзбекистонда энг кўп ўқиладиган нашр эди. Албатта, бу энг аввало — давр ва сиёсий тузумга боғлиқ жараён.
Одил Ёқубов раҳбарлик қилган ўтиш даврида, сўнг Аҳмаджон ака бошчилик қилган мустақилликнинг дастлабки йилларида «Адабиёт» газетасининг обрў эътибори ниҳоятда баланд эканини бугун ҳеч ким инкор этолмайди…
13.
Бугун Аҳмаджон ака — Ўзбекистон Миллий университети домласи, биз бир пайтлар ўқиган журналистика факультетида «Матбуот» кафедраси мудири.
Мен бугун олис Канададан туриб, университетда Аҳмаджон Мелибоев қўлида таҳсил олаётган, ўқиётган талабаларга ҳавас қиламан. Уларнинг ўрнида ўзимни, ўт-оловли ёшлигимни кўргандай бўламан. Улар ўзларига насиб этган бу иқбол ва толе қадрига етишларини истайман.
Аҳмаджон акадай улуғ ва ҳайратомуз инсонлар билан ҳамсуҳбат ва замондош бўлиш уларнинг энг олий бахти эканини — ўз вақтида шу олий саодат қадрига етмаган муҳожир журналист номидан эслатиб ўтмоқчиман.
Узоқ йиллар «Адабиёт» газетасига раҳбарлик қилган, Ислом Каримовдек ўта мураккаб ва зиддиятли, инжиқ табиатли, айни пайтда бетакрор давлат раҳбари билан бирга ишлаш бахтига муяссар бўлган ажойиб инсон Аҳмаджон Мелибоевга олис Канададан туриб сиҳат саломатлик, бахт саодат ва узоқ умр тилаб қоламан.
— Етмишга ҳам тўлиб қўйибмиз, — деб ўксиниб юрманг, Аҳмаджон ака. Сиз ҳали ҳам қирқ ёшдаги қирчиллама йигитдай навқирон ва кўркамсиз.
Доим шундай бўлиб қолинг, илоҳим…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
Торонто шаҳри, Канада
14 март, 2016 йил, Якшанба…
Миллий Университет, журналистика факультети доценти Аҳмаджон Мелибоев…
Аҳмаджон Мелибоев Ўзбекистон Миллий университети йилилишида…
Аҳмаджон Мелибоев, Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обилжон ва адабиётшунос олим Маҳмуд Сатторов…
Аҳмаджон Мелибоев Турсун Али ва шогирдлари даврасида
Аҳмаджон Мелибоев аудиторияда…
Аҳмаджон Мелибоев шогирди Қандилат Юсупова билан…
Аҳмаджон Мелибоев журналист Ҳаким Сатторов ва шогирдлари даврасида
Суратда: Аҳмаджон Мелибоев ўзи кафедра мудири бўлган Журфак Нарўзида факультетнинг гўзал декани билан — 21 март, 2016 йил, Тошкент шаҳри.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
3 шарҳ
Submitted on 2016/03/14 at 15:25
Аҳмаджон акани чин юракдан табриклаймиз. Камтарин ва камсуқум устознинг умри узун, соғлиги барқарор бўлсин. |
|
Submitted on 2016/03/14 at 13:39
Олисда бўлсангда, ўтган дамларни эслаб, хатоларингни мардона тан олган ҳолда Аҳмаджон акани юбелейлари билан самимий қутлаб гўзал тилаклар билдирганинг учун раҳмат! Бу ибратли ишларнингни қўллаган ҳолда биз ҳам кўпчилик ўзбек журналистларининг устози, донишманд, бағри кенг самимий инсон Аҳмаджон Мелибоевни табаррук ёшлари билан табриклаб, соғу – омонлик, узоқ умрлар тилаймиз…
|
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
“Одил Ёқубов – издоши,
Муҳаммад Али – сафдоши,
Исмат Хушев – устози”
Маъно бузилган. Гўе “Исмат Хушев – Мелибоевнинг устози” деган маъно англашилади. Менимча учта иборада ҳам “нинг” қўшимча қўшилиши керак.
Одил Ёқубовнинг – издоши,
Муҳаммад Алининг – сафдоши,
Исмат Хушевнинг – устози
“Дунё ўзбеклари”дан:
Майли, келинг, Сиз айтганча ҳам бўла қолсин…