Ф.-м.ф.д. СобирТўлаганов: Таълим тараққиёти тўғрисида таклифлар
Ф.-м.ф.д. Собир Тўлаганов: Таълим тараққиёти тўғрисида таклифлар
(Президент Ш.М.Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига юборилган.)
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Ҳукумат бугун эътибор қаратиши лозим бўлган муаммолар ўта кўплиги ҳаммага маълум. Халқимизнинг ҳаётий эҳтиёжини қондиришга доир масалалар, албатта, биринчи даражали долзарб. Бироқ, мақсадимиз истиқболда юртимизни ривожланган мамлакатлар қаторига етказиб олиш экан, таълим савиясини кўтармасдан туриб бу мақсадга эришиб бўлмаслиги Сизга ва мутасадди мулозимларга яхши аён. Шу нуқтаи назардан, яқин вақтда, Ҳукумат таълимдаги ахволни чуқур мухокамага олиб чиқишига ва таълимни ривожлантириш чораларини кўришига ишончим комил. Бу ишонч боис, математика фанларидан кўп йиллар дарс олиб бориш баробарида, таълим жараёнидан ҳабари бўлган ва уни таҳлил қилган мутахассис сифатида, таълимни ривожлантириш тўғрисидаги айрим таклиф-мулохазаларимни соха мулозимлари эътиборига ҳавола қилмоқчиман. Шуни ҳам таъкидлашни истар эдимки, бу таклифлар, мутлақо, шахс ёки гуруҳ манфаатига қаратилган эмас.
1). Республикамиз таълимидаги чуқур ислохатни олий ва ўрта махсус таълимдан бошлаш керак, зеро юқори савияли педогогларни тайёрламасдан туриб мактабларда ўқитиш даражасини кўтариб бўлмайди.
Олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига талабалар қабул қилишдаги “таниш-билишчилик”, “зўри ёки зари борларга бўлган имтиёз” узил-кесил йўқ қилинмагунча таълим сифатини юқори даражага кўтариш мумкин эмас. Муаммо шундаки, бу “имтиёзлилар”нинг талаба бўлишликларини оталиққа олган деканлар ва ректорлар, бу талабалар ўқишни юқори баҳолар билан (юқори билим билан эмас) тугаллаши учун ҳам оталиқни давом этдиришади.
Зикр этилган “оталиқ” масъулиятини бажариш учун эса, ташқаридагилар тасаввур қилиши қийин бўлган даражада, таълимни ҳар тамонлама издан чиқаришга тўғри келади.
Ушбу мурожаатда олий таълим муассаси бошқарувчиларининг бундай “ижодкорликлари” тафсилотига тўхталишга зарурат йўқ, албатта. Қисқаси, олий таълимда ўқиш-ўқитиш ночор ахволга келганининг, кадрлар тайёрлаш Миллий дастурини рўёбга чиқариши керак бўлган “поезд бошқа изга тушириб юборилгани”нинг асосий сабаби шунда.
Таълимда, ислохат амалга ошишининг зарурий шарти сифатида, шу масала ҳал этилиши лозим.
2). Республика фани, теҳникаси даражаларини, юрт иқтисодини халқимизнинг иқтидорли фарзандлари юксалтириши мумкин.
Юқори босқичда ўқиш учун, албатта, маълум даражада қуйи босқич таълим билими эгалланган бўлиши зарур. Бироқ, бугунги кунда, таълим сифати паст бўлган таълим муассасалари кам эмас. Шундай муассасаларда ҳам иқтидорли ёшлар кўп. Бундай ёшлар юқори босқич билим даргоҳига қабул қилинса, тез орада улар қуйи таълимдан етишмаган билимларини тўлдириб олишга ва бошқалардан чуқурроқ билим эгаллашга қурбилари етади. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, академик лицей ва олий ўқув юртларида қабул имтиҳонларида, абитуриенларнинг фикрлаш қобилиятини аниқлашга қаратилган (чуқур билим талаб қилинмайдиган) саволлар хажмини муҳим кўпайтириш керак.
3). Математика фанларини етарли ўзлаштирмасдан туриб, табиий фанларни, ахборот теҳналогияларини чуқур ўрганиб бўлмайди. Ҳозирда, иқтидори етарли
бўлган олий маълумотли кадрларнинг кўпчилиги ҳам, касбий фаолиятида, математикадан билимлари етарли эмаслиги туфайли қийинчилик ҳис қилишади.
Умуман, фан-теҳника ривожи учун математика фанларини ўқитишни тўғри йўлга қўйилиши муҳим ахамиятга эга. Бугунги кунда кўп олий ўқув юртларида математика фанларини ўқитилиши талаб даражасидан йироқ. Қачонлардир тузилган дастурлар неча бора қисқартирилиб-ўзгартирилиб, қайси соҳа мутаҳассисликлари учун математиканинг қайси мавзулари муҳим экани ҳам эътибордан четда қолган. Ўқитаётган фанини ўзи тушиниб етмайдиган ўқитувчиларни ҳам кўплаб учратиш мумкин.
Таълим муассаси маъмурияти, хатто муассаса илмий кенгаши, умуман олганда, олий математика кафедраси мудирлигига номзоднинг лаёқатини, танловдан ўтаётган ўқитувчининг математик савиясини аниқлаш имконига эга эмас.
4). Ўқувчи- талабалар билим эгаллашида дарсликлар сифати муҳим экани ҳаммага маълум. Бироқ, совет идеалогиясидан қутилиш “шиори” остида, совет даврида нашр этилган кўплаб математика дарсликлари ҳам йўқ қилиб юборилган. Ҳозирда дарсликлар етишмайди, фойдаланилаётган математика дарсликлари ичида мутлақо нолойиқлари ҳам кўп. Чала саводлик билан ёзилган, талаба-ўқувчилар фойдаланишига тавсия қилиб бўлмайдиган дарсликларга, ўқув қўлланмаларга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Бундай дарслик- қўлланмалар қўлёзмалари ҳам, чоп этилишидан аввал, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг, нашрга руҳсат берувчи, мувофиқлаштирувчи кенгаши кўригидан ўтган, албатта.
Бу айтилганлардан келиб чиқадиган хулосалардан бири шуки, ОЎМТВ математикадан талабалар фойдаланишига тавсия этиладиган адабиётларни баҳолаш имконига эга эмас.
Математикадан дарсликлар етишмаслиги муаммоси, ҳозирда, чет тилларда мавжуд бўлган энг лойиқ адабиётларни, қурби етадиган математиклар тамонидан, ўзбек тилига ўгириш билан ҳал этилиши лозим.
5). Соғлиқни сақлаш вазирлигига, хориж мамлакатларида фаолият олиб бораётган, юқори малакали врач юртдошларимизни юртимизга қайтариш чорасини кўриш хақида, берилган топшириқ халқчил қарор бўлди. Бироқ, олий таълимда математика фанини ўқитилиши фундаментал ўрин тутиши мутасаддиларга яхши маълум. Таълимни оғир хасталикдан қутқариш учун олий таълимда математика фанларини ўқитилишини ўнглаш муҳим. Бунинг учун эса, фақат юқори савиядаги математиклар уддалайоладиган, мавжуд бўлган катта хажмли муаммолар ҳал этилиши зарур. Ваҳоланки, катта салоҳиятли кўпгина математикларимиз хорижий мамлакатлар олий ўқув юртларида на фақат дарс беришаяпти, балки илмий даражали кадрлар ҳам тайёрлашаяпти. Уларнинг аксарияти, юртимизда ўз салоҳиятларини ишлатишга, ҳақиқий билим беришга имкон бўлмаётганидан, қадрларига “йиғлаб” шундай оғирликни ўзларига олишга мажбур бўлишган. Хорижда фаолият олиб бораётган юқори салоҳиятли математикларимизни, Ўзбекистонга қайтиб, олий таълимни ривожлантириш учун ҳисса қўшишга чорлаш керак.
6). 1997 йили, Республикамизда кадрлар тайёрлаш масаласини барча иқтисодий ислохатларнинг устивор масаласи деб эълон қилинганда, Р.Ф.А. нинг ҳақиқий аъзоси Ш.А.Аюпов ва камина, “Таълим ва тарбия” журналида, олий таълим сифатини ошириш борасида қатор долзарб муаммолар кўтарилган, мақола эълон қилган эдик[1]. Мазкур мақолада, у муаммолар ечимлари ҳам таклиф этилган эди. Бугунга қадар ўша муаммолар кучайса-кучайди, пасайгани йўқ. Ўша мақолада таклиф этилган муаммоларнинг ечимлари хануз актуаллигини йўқотмаган.
7). Умуман, таълим тизимидаги у ёки бу фан бўйича профессионалликка даҳлдор барча масалалар ечимлари, таълим тизими мулозимлари ёки мувофиқлаштирувчи кенгашлар тамонидан эмас, балки шу фаннинг етук мутахассислари жамоаси (мактаби) тамонидан кўрсатилиши лозим.
Математика фанларини ўқитилишидаги муаммолар кўламини яхши тасавур қилган мутахассис сифатида шуни аниқ айтишим мумкинки, математиканинг ўқитилишини замонавий талаб даражасига кўтариш учун, академик Ш.А.Аюпов бошчилигида, етук математикларимиздан ката ишчи комиссия (гуруҳ) ташкил этиш керак. Ш.А.Аюпов, Республикамиздаги қайси математик нимага қодир эканини яхши тасаввур қилучи, хар тамонлама мукаммал олим.
Олий таълимдаги, математика фанларини ўқитилишига таалуқли ҳамма муаммолар (қабул имтиҳонлари, кафедра мудирларини танлаш, фанлар дастурлари, ўқитувчиларни танлаш, ўқитувчиларга юклатиладиган мажбуриятлар ва хоказо) ечимлари шу комиссия тамонидан ишлаб чиқилиши (ҳал этилиши) лозим. Зеро, бу санаб чикилган муаммоларнинг хар бири етук профессионалларнинг ҳамкорликдаги катта меҳнати билан ок илона ҳал этилиши мумкин.
Олий таълимдаги ислохатга шундай масъулият билан ёндошилсагина, кўп вақт ўтмай, таълимда қайта ислохат масаласини кўтаришга зарурат туғилмайди.
[1]. Ш.Аюпов, С.Тўлаганов. Олий ўқув юртларида олий математика фанини ўқитилиш савиясини кўтаришнинг баъзи муаммолари. Таълим ва тарбия. 1997, №1-2, 5-13.
Ҳурмат ила, Собир Тўлаганов.
2017 йил, Март ойининг15-куни.
Мурожаат рақами:
95768-s/17
F.-m.f.d. Sobir To’laganov: TA’LIM TARAQQIYOTI TO’G’RISIDA TAKLIFLAR
(Prezident Sh.M.Mirziyoyevning virtual qabulxonasiga yuborilgan.)