"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Исломга: Анвармирзо йўллар соғинч саломин, Жамол аканг айтар ширин каломин…

Адабиёт | 01/04/2017 11:24-     11281 марта ўқилди

Ислом Холбой
Ҳурматли Исмат Хушев!
Устозимиз Жамол Камол ижод намуналаримни “Дунё ўзбеклари”да эълон қилишни тавсия қилдилар ва оқ йўл сифатида, менга бир шеър ҳам бағишладилар.
Маъқул бўлса, эълон қиларсиз. Маъқул келмаса ҳам, хафа бўлмаймиз! Аввалдан раҳмат!

 

* * *
(Жамол Камол сурати)
Жамол Камол
Ўзбекистон халқ шоири
Ислом Холбой, укам, доим омон бўл,
Юксал яна, алломаи замон бўл.
Яхшини сев, ёмонларга ёмон бўл,
Баҳс айласак, ҳамиша биз томон бўл…
Сенинг меҳру саҳоватинг кимда бор?
Сидқинг ила садоқатинг кимда бор?
Сўз мулкида маҳоратинг кимда бор?
Ислом Холбой, укам, доим омон бўл.
Буюк Қуръон маънолари беадад,
Таржимаси тайёр бўлди ниҳоят,
Ёнимизда турдинг чекиб машаққат,
Ислом Холбой, укам, доим омон бўл.
Ишон, ҳали даври даврон келгуси,
Ўн китобинг бирдан нашр бўлгуси,
Халқинг буюк адиблигинг билгуси,
Ислом Холбой, укам, доим омон бўл.
Анвармирзо йўллар соғинч саломин,
Жамол аканг айтар ширин каломин,
Қутлуғ бўлсин кечган ҳар бир айёминг,
Ислом Холбой, укам, доим омон бўл!
29.03.2017
Дўрмон
Жамол Камол
Ўзбекистон халқ шоири
* * *
(Ислом Холбой сурати)
Ислом Холбой шеърлари
Партиянинг аскари
Меҳри баланд эди фирқага,
Чин юракдан эди коммунист.
Қучоқ очиб кутиб олганди,
Инқилобни бўлғуси чекист.
Бир ўқ билан учта қуённи
Урмоқликни кўзлади Қаҳҳор.
“Лол” этмоқни чўтлаб дунёни,
Олтмиш ёшда чиранди бекор.
“Партиянинг аскари эмас,
Онгли аъзосиман” деди у.
Зал титради қарсаклардан маст,
Қалқди ҳисдан оломон, ёҳу.
Орттирмоқчи бўлди шуҳратин,
“Қаҳҳор” деган номнинг оламда.
Садоқатин этмасин баён,
Турар эди аждар комида.
Қалбидаги учинчи мақсад –
Бўлмоқ эди тузумга маддоҳ.
Кўпроқ олмоқ истарди мадад,
Судхўрдан наф кутгандай суллоҳ.
Чаппа кетиб омад поезди,
Аксил мазмун касб этди фикр.
Ўз буқаси ўзини сузди,
Буни ҳеч ким этмайди зикр.
Керак эмас эди файласуф,
Ўз ишини биларди замон.
Қулдан чиққан хожа таассуф
Советни ҳам айларди пайҳон.
Деворини танимас эди
Ўшанда ҳам жоҳил оломон.
Қодирийни сотган Қаҳҳорни
Ҳалигача дерлар қаҳрамон!
2009 йил.
* * *
Бир сўз дедим…
Бир сўз дедим, оташдай бир сўз,
Ғунча бўлиб лаблар қизарди.
Гўё қуёш чиқиб фалакдан –
Ёноқлардан нурлар сизарди.
Кулиб боқди осмондаги ой,
Маъюсликни қилгандай ханда.
Юлдузларда ўзгача чирой,
Шаҳло кўзлар мафтун этганда.
Жунжиктирар кузнинг шамоли,
Банддан барглар узилиб тушар.
Ҳаприқаман, ҳаприқади у,
Сийнасидан каптарлар учар.
Ўн саккиз йил йўл юрдик ёниб,
Орамизда бир бўсалик жой.
Лаблар лабга етмайди, ҳайҳот,
Етмагандай қуёшга ҳеч ой.
Ердан қалин бир тангалик жой,
Йилларга тенг бўлса бир бўса.
Наҳот, васл боғида ҳижрон –
Дарди ила ошиқлар ўлса…
1980 йил.
* * *
Минбар
Минбар сўзлар, бутун бино лол,
Депутатлар боқарлар ўйчан.
Олий Мажлис шифтида ҳилол,
Юлдуз санаб минбар кўп чечан.
У қошини чимирса қатъий,
Залда фасли қиш сурар ҳукм.
Демак, қарор жуда ҳам жиддий,
Барча тишин қисишга маҳкум.
Томоқ қирса ғазабдан минбар,
Юракларнинг ўйнар палласи.
Қиёфалар тундлашар баттар,
Тушиб кетар муфти салласи.
У ийиса, истаса ҳазил,
Силкинади барчанинг қорни.
Кўзи боқар қандилга фозил,
Дўндиргандай катта бир корни.
У чанқаса, ҳўлласа томоқ,
Кекирдаклар ликиллай бошлар.
Бирдан эснаб, эригани чоқ,
Залдагилар кетини қашлар.
Алжиб бирпас олганида тин,
Бир нуқтага жамланар ҳамма.
Қулоқ тутиб оғзига секин,
Гурим чиқса, бўларлар танба.
Хуррак отиб, чокдан чиқса ел,
Зал улкан бир бурун бўлади.
Олқиш йўллар, қарсак чалар эл,
Юртда катта байрам бўлади…
2006 йил.
* * *
Малак
Умр бўйи изладим сени –
Қулинг бўлай, дедим, бир соат.
Қаршингда тиз чўкмоқлик учун
Қирқ йил этдим сабр-қаноат.
Менинг билан қолгани – исминг,
На сувратинг, қиёфанг аён.
Ҳаловатим, тинчим йўқолди,
Ишқинг қалбга тушгандан буён.
Хаёлимда яшадинг, малак,
Учратмадим қайтиб ҳаётда.
Сўроқласам, дедилар ҳайрон,
Эй девона, ҳумо қаёқда?
Бировларда ёноғинг гул-гул,
Яна кимда оҳу кўзларинг.
Атиргуллар бўй олган сендан,
Булбулларда сирли сўзларинг.
Аъмолингни минг бурждан йиғиб,
Бир нуқтага жам этмоқ мушкул.
Осмонингда юлдуздай чақнаб,
Юрак портлаб кетмаса буткул.
Умр бўйи изладим сени –
Қулинг бўлай, дедим, бир соат.
2006 йил.
* * *
Зўриқиш
Дераза ортида бариси хира,
Хонадон бекаси ҳали ҳам уйғоқ.
Тўрт девор ичида эски хотира,
Пардага гул солар қирмиз тунчироқ.
Булутга тутилган ойдай – синиқ нур,
Ошиққа қолгани қоронғи, мавҳум.
Чойгумдай биғиллар фироқда шуур,
Чорасин топмаган юрак – қайнар хум.
Дарахтлар тагида пойлар қора тун,
Тиззалар қалтираб, оёқ увишар.
Гирдобда қолгандай хаёллар бетин
Чирпинпар, айланар, жунбушга тушар.
Ҳислар толвос уриб, ғовлайди мия,
Қовоқларни босар оғир зўриқиш.
Ана, нурни тўсиб, кўринди Соя,
Чордоққа қўнгандай адашган бир қуш.
Ҳаво етишмайди, сиқилар ўпкам,
Тиниқиб пишмаган фикрлар ҳалак.
Кимдан хато ўтди, билмайман, эркам,
Мен ҳамон ошуфта, ҳамон жонҳалак.
Чув туширган асли ўзимни ўзим,
Домига тортмоқда ичимдан тўлғоқ.
Кўзда ёш, бўғзимга тиқилган сўзим,
Азобларга гувоҳ маъюс тунчироқ.
Шифтга учиб чиққан безовта бир руҳ
Каби жовдираймиз икки бояқиш.
Қовушмасак йўқдир оламда шукуҳ,
Кечирган умримиз лаззатлари туш.
Хаёлда липиллар олис хотира,
Гоҳо яқин келар, гоҳ кетар йироқ.
Аёл изтироби тонгдай бокира,
Ғамлар ариб, юзин очсин тунчироқ.
2007 йил.
* * *
Кўзларингни чизмоқлик учун…
Кўзларингни чизмоқлик учун,
бўйнимга тош осиб малагим –
қароқларинг тубида бир тун
нафас чиқармасдан куйлагум.
Қошларингга топинмоқ учун
қанот боғлаб ҳислардан юрак –
бир зарбада кўксимни йиртиб,
ойни қучиб тушмоғи керак.
Киприкларинг лашкари учун,
қилич тоблаб тушда шуурдан –
ранг танласам жигарим тилиб,
фаришталар ажраса ҳушдан.
Лабларингнинг шароби учун,
кўза олиб ҳассос кулолдан –
тўйиб ичмоқ бўлади жоиз
жаннатдаги оби зилолдан.
Тишларингнинг дурлари учун,
лабларингга ўзимни осиб –
қонлар қуссам, қорайса қуёш,
парвоналар кетсалар тўзиб.
Руҳиятим бузуқ тарози,
соатдайин созлагин, санам.
ҳар нарсанинг яхшидир ози,
кўп гапирдим, сўйлагин сен ҳам…
2007 йил.
* * *
Ҳайкал
Минг йилларки, барчага аён,
Замон ардоқлайди даҳони.
Вале аввал ўлдириб, сўнгра,
Қадрлайди – берар баҳони.
Совуқ тошдан, йўндириб ҳайкал,
Пойларига гулларни тўшар.
Хотирига нутқ сўзлаб чучмал,
Етмаганин ёнидан қўшар.
Миллат айтар даҳога олқиш,
Орден берар йўқ жонга қўша.
Уялади ҳайкал бояқиш,
Юзларига хижолат тоша.
Мақтовлардан ийиб бадани,
Тошни босар шунда совуқ тер.
Нотиққа кўз тикади, яъни:
“Мени қайта кашф этдинг сен”, дер.
Оламоннинг меҳри-ла тошни
Жонлантирар минбардан нотиқ.
Юрай деса, тирик даҳони
Осадилар, буниси ортиқ.
Тишин қисиб тош қурғур, бесас,
Қовоқ уйиб туради мағрур.
Замонларга даҳолар эмас,
Салобатли ҳайкаллар зарур.
2006 йил.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус

Ўхшаш мақолалар йўқ.

МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

3 комментария

  1. Akmal:
    02/04/2017 в 01:34-

    Qdiriyni Abdulla Qahhor sotganini qaerdan bilasiz? Shu haqda kuproq informatsiya bersangiz.

    Ответить
  2. Бекмурод:
    01/04/2017 в 15:51-

    Ким бу Ислом Холбой? Илтимос, у ҳақда батафсил маълумот берсангиз. Шеълари
    гўзал битилган экан.

    Ответить
  3. Tangriyor:
    01/04/2017 в 13:19-

    Жамол Камолга битта саволим бор. Сиз нега Тангримни эсдан чиқардингиз?

    Ответить

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.