Дадахон Ёқубов: Кулги жамиятни нуқсонлардан тозалайди…
ДАДАХОН ЁҚУБОВ: КУЛГИ ЖАМИЯТНИ НУҚСОНЛАРДАН ТОЗАЛАЙДИ…
Ассалому алайкум, Исматжон дўстим!
Энг аввало Сизни, кулги куни билан табриклаб қўйишни лозим топдим. “Кулинг, дўстлар, умрингиз узоқ бўлади”, бу ибора ўзбек халқининг буюк кулги устаси Юсуфжон Қизиқ Шакаржоновга тегишли бўлиб, йиллар давомида яшаб, охори тўкилмай, қадри тушмай, ўз долзарблигини сақлаб келмоқда. Дарҳақиқат, кулгига эҳтиёж катта. Устозмиз, масалчи адиб, профессор Муҳтор Ҳудойқулов: “Кулги жамиятни нуқсонлардан тозалайди”, деб ҳақ гапни айтган эдилар. Менинг Университетни тугаллаётган пайтда ёзган дипом ишим “Наштар” ҳажвий журнали фаолиятига бағишланган бўлиб, домла Мухтор Ҳудойқулов илмий раҳбарим эдилар.
“Ура-ура!” замони ўтиб кетди, дея бугунги кунимиздаги унутилган қадриятларимизни тиклашга чақираётган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг даъвати кўпчилигимизни ғафлат уйқусидан уйғотиши шубҳасиз. Давлатимиз раҳбари куни кеча ўтказилган видеселектор пайтида “Ўзбекистон”, “Ёшлик” телеканали, “Ахборот” кўрсатуви фаолияти қониқарсиз эканлигини таъкидладилар. Бу ҳақиқат, аччиқ бўлса ҳам ёш ҳамкасбларимга мен ҳам шу фикрга қўшилганлигимни айтиб ўтаман.Бу дастурларда бошқа ҳорижий каналлардан шаклан ва мазмунан кўчириб олган”Шоу”лардан бошқа хеч қандай жанрнинг ўзи йўқ. Ахборот дастурларида бадиийлик, хатто журналистика жанрларининг йўқлиги ҳаммани ажаблантиради. Қани фелъетон, қани ҳажвия, қани лавҳа, умуман хеч нарса йўқ. Журналистика факультетини, Санъат институти, Миллий Университет, Чет тиллар институтини битирган мутахассислар ОАВ ёки телерадио, кино, реклама студиялари, муҳарририятларига ишга кира олмайдилар. Дордан қочган, ўз мутаҳассисликларини ташлаб журналистлик, мухбирлик қилаётганлар билсинки, бу соҳада иқтидор камлик қилади. Мутахассислик билимларини ҳам назарий, ҳам амалий эгаллашлари лозим.Талабалар ижодий идораларга биринчи курсданоқ бириктириб қўйилиши керак.
Аслида Ўзбекистон Республикаси учун Журналистика ва медиа университети жуда зарур. Матбаа ва ноширлик, босмахона мухандислиги, дизайнерлик, графика, реклама, режиссёрлик,радио-телемутахассисликлар, газета ва журнал, хужжатли кино маҳсулотлари, реклама, менежерлик ва бошқа мутахассисликларни бошини бириктириш вақти келганга ўхшайди. Кино масаласида Ҳужжатли кино таназзул ёқасида, бадиий кинода “ҳажвий” журналлар чиқмаганига 30 йилдан ошди, ”Муштим” бармоққа айланган, Шунча телеканал бир бирини такрорлаб ётибди, давлат маблағлари бекорга совурилмоқда. Бўлар бўлмас “ҳамкасбларимиз” оиласини боқишга ҳам мадорсиз. Оз бўлсину, соз бўлсин, деганларидек, ура-урани йиғиштириб, Ватан равнақи учун ҳизмат қиладиган, ҳар ким ўз касби-кори (қўлидан келадиган иши) билан шуғулланадиган пайт келганлигини раҳбаримиз қайта-қайта таъкидламоқдалар.
Мен ҳам кулги кунида жиддийлашмай, кулдириб гапирганим яхши, албатта. Кулги бу–ўзимизнинг устимиздан, камчиликларимиздан кулиш, “Танқид – келажак меваси”, дегани. Дўст ачитиб, кулдириб, куйдиради, дегани ҳам шу бўлса керак.
Мамлакатимиз тарихида ҳажвий- юмористик асарлар битган адиб кўп бўлган. Кейинги юз йилликда Абдулла Қодирийнинг “Тошпўлат тажанги”дан тортиб, Саид Аҳмаднинг “Қаҳрамонлар”игача, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”сидан Муҳтор Худойқуловнинг ҳажвий персонажларигача, Неъмат Аминов, Саъдилла Сиёев, Ориф Фармоновнинг ҳажвий-юмористик ҳикоялари-ю, Элбек Мусаев, Алп Жамол, Саид Анварнинг “Жиблажибон”игача эслашимиз мумкин.
Ҳажв қилишни билган халқнинг ўз миллий жанрлари ва сўз санъати мужассам. Лоф, аския, айтишув, пайров, латифа, театр саҳналарида Ҳамид Ғуломнинг “Тош болта”си, Саид Аҳмаднинг “Фармонбиби”си, Эркин Воҳидовнинг “Олтин девори” ва бошқа комедия асарлари ҳам барчага таниш. Ўзбекистонда дунёда биринчилардан бўлиб телевизион минатюралар театри фаолият олиб борган.
Луғатларда минатюра “кичик бадиий асар” ёки “тасвирий асар” сифатида қўлланилади. Телевизион минатюралар театри эса янги замонавий-миллий жанр сифатида дунёга келган эди. Таниқли адиб Элбек Мусаев ва режиссёр Эргаш Каримов раҳбарлигида халқимизнинг комик актёрлари худди шу ерда ижод қилишган. Комедия фильмларида суратга тушган Ҳасан Йўлдошев, Садир Зиёвуддинов, Турғун Хонтўраев, Наби Собиржонов, ва Абдуҳолиқ Мамарасуловлар халқимизнинг севимли артистларига айланишган.
Кейинги пайтларда телевизион минатюралар театри экранда кўринмай қолди. Фақат “Учрашув” деган оқ-қора тасвирдаги фильмни такрор-такрор намойиш қилишади. “Ҳандалак”, “Шўрданак”, “Қалпоқ”лар ҳам бор, аммо улар телевизион минатюралар театри эмас-да! Умуман, ҳозир саҳналарда мукаммал ҳажвий асарлар жуда кам, уларни ижро этувчи актёрлар маҳорати ҳақида гапирмасак ҳам бўлади.
Бу борада адибларимиз ҳам, режиссёру актёрларимиз ҳам фаолроқ бўлиши лозим. Ўзингизга маълум, халқимиз сўзга, фикрий қочирмаларга ниҳоятда уста. Ахир, аския санъати ЮНЕСКО номоддий маданий ёдгорликлар рўйхатига киритилган.
Турмушимизда учраб турадиган нуқсонларни фош қилишда ҳажвий томошаларнинг ўрни бор. Ўзингизга маълум, давлатимиз раҳбарининг Фармонига кўра, “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатуви қайта тикланадиган бўлди. Бу асарда ҳам новелла жанридан фойдаланилади. Айниқса, одамлар ўртасидаги турли муносабатларни акс эттириш, нуқсонларни танқид қилишда мазкур бадиий кўрсатувнинг аҳамияти катта. Бу ҳам халқона, ўзбекона жанр.
Телевизион минатюралар театрига келсак, ҳақиқий миллий жанр, уни телеэкранда ҳам, саҳналарда ҳам намойиш қилиш мумкин. Ҳудди латифага ўхшайди, аммо замонавий томоша. Ҳозир ёшлар ичидан етишиб чиқаётган комик актёрлар ҳам оз эмас. Яхши асарлар ҳам етарли. Фақат кўплашиб ишлаш, тамошабинлар талабини бажаришимиз зарур. Айниқса, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да ўзига хос мулоқот тили бўлган кулги жанридан кўпроқ фойдаланишимиз, кулдиришимиз, нуқсонларни фош этишимиз лозим бўлади.
Айтгандек, “Маҳаллада дув-дув гап” фильми санъатимиз ва кулги, комедия жанри ривожига ҳисса қўшган асар сифатида тилга олинади. Унда эл севган актерларимиз Лутфихон ая Саримсоқова, Раҳим Пирмуҳамедов, Раззоқ Ҳамроев, Марям Ёқубова, Ҳамза Умаров ва бошқалар қатнашишган. Улар драматик образни ҳам, кулгили қиёфаларни ҳам мукаммал ижро эта олганлар. Режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг бу фильми мумтоз фильм намунасига айланган. Устоз режиссёримиз “Маҳаллада дув-дув гап” фильмининг 2–қисмини суратга олаяптилар.Насиб этса, ушбу янги асарни ҳам биргаликда кўп йиллар кўриб юрсак, ажаб эмас.Ҳажвий қўшиқлар бутунлай йўқ бўлиб кетди. Фақат онда сонда Муҳаммаджон Шокиров, Шерқўзи Ғозиевни куйлаб туришини ҳисобга олмасак, бу ишларнинг ҳам тоби йўқ. Алижон Ҳолиқовдек карикатура усталаримиз ижоди унутилган. Ёшлар расмларининг намуналари ОАВ ва телевидениеда кам кўрсатилади.Ҳажвий театр асарлари кам. Шеърлар, шаршлар, ҳажвлар йўқ. Лоф унутилган,аския сўниб бораяпти. Гап кўп менда ҳам, иш оз!
Дўстим Исматжон! Сиз ўта жиддий ижодкорсиз. Аммо ушбу ҳазил аралаш жиддий мулоҳазаларимни “Дунё ўзбеклари”га етказсангиз жуда ҳушнуд бўлар эдим.
Бир сўз билан кулги кунида Юсуфжон қизиқ Шакаржоновнинг “Кулинг дўстлар, умрингиз узоқ бўлади”деган иборасини ,устозларнинг “Кулги инсонни ҳам, жамиятни ҳам нуқсонлардан тозалайди, деган фикрларига қўшиб, Сизларга ҳажвий жанрларда битилган ижод намуналаримдан юбормоқдаман.
Ҳурмат ила Дадахон Ёқубов.
ОРҚАГА ЎН ҚАДАМ, ОЛДИНГА ЎН ҚАДАМ…
( ҳажвий ҳикоя)
… Олий ўқув юртини мененжерлик мутахассислиги бўйича тамомлаганман. Бирча қатори яхшироқ ишга жойлашиш илинжида эдим. Одам замонларида яхши иш излаган, мансаби ва обрўси ошиши учун интилган одамларни “амалпараст” деб танқид қилишган. Бундай фазилатли ходимларга салбий баҳо берилган. Ахир генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскарми? Ана шундай орзулар оғушида юрган пайтимда курсдошим Абдураҳмон келиб қолди. У ўзига ҳам, менга ҳам иш топибди. Шаҳардаги кичкинагина “Супурги” шикатига менежерлар керак экан. Бу ширкат асосан бозорларда турли-туман супургилар, ахлат оладиган белкураклар, оташкураклар ва шу каби озодалик юмушлари учун мўлжалланган анжомларни сотишга мўлжалланган экан.
Айтишларича, мамлакатимиздаги чангютгич ишлаб чиқарувчи заводнинг дилери ҳисобланар экан. Аммо корхонада асосан оддий ибтидоий супургиларнинг бозори чаққон экан. Шаҳар коммунал хўжалигига ҳам, хонадонларга ҳам, идораларга ҳам арзон супурги жуда зарур-да.
Корхона бўлим бошлиғи бизни ишга қабул қилар экан, узоқ суҳбатлашди. Аммо бизни ишга олишини сезиб турардик. Чунки корхонада бирорта ҳам олий маълумотли менежер йўқ экан. Ёши олтмишларга яқинлашиб қолган бу одам бизга савол беравериб бошимизни қотириб ташлади.
-
Супургининг қандай турларини биласиз, — деб у менга юзланди. Мен ҳам ўйламай-нетмай: “ойимларнинг супургиси”,- деб юбордим. У хоҳ-хоҳ отиб кулди ва дўстим Абдураҳмонга юзланди. У имтиҳонда жавоб бераётган талабадай, билса-ю, билмаса сайрай кетди:
-
Супурги оддий озодалик анжоми бўлишига қарамай, унинг тарихи минг йилларга бориб тақалади. Савдогарлар Жанубдан Шимолга кураклар олиб бориб сотишса, албатта, қор кураш учун, Шимолдан Жанубга супургилар олиб келишган. Унинг турлари кўп. “Ойим супурги”, “Шоҳ супурги”, сунъий толадан ишлаб чиқарилган тароқ супурги, ҳатто темирдан ишланган бешиликларнинг онаси ҳам супурги бўлади.
-
Бўлди-бўлди, тушунарли, — деди бўлим бошлиғи. – эртадан ишга тушаверинглар!
Шу тариқа иш бошладик. Абдураҳмоннинг тили бурро эмасми, корхонада супургилар янада яхши сотила бошлади. Унинг устига интернетга ҳам эълон қўйган экан, бир ой ичида корхона омборлари бўшаб қолди. Боласи тушмагур, қишлоқма-қишлоқ, далама-дала юриб супурги экувчилар ва тайёрловчиларни топиб, бизнесимизни бир неча марта кенгайтирди. Ойлик маоши чиқди. Ҳисоблаб кўрдим, бўлади! Сўнгра ҳамкасбим Абдураҳмон қанча маош олганлиги билан қизиқдим. У мендан роппа-роса бир ярим марта кўп маош олибди. Бироз жаҳлим чиқди. Ўз дўстимга нисбатан хасатим ҳам келди. Тўппа-тўғри бўлим бошлиғининг ёнига кириб дардимни, эътирозимни билдирдим. У бошини кўтарди, ўқиб ўтирган қўлидаги китобни столга қўйди.
-
Мана бу китоб “Мансаб ва хизматчи обрусини режалаштириш” деб номланган. Уни америкалик олим Кейт Лоренц ёзган, — деди у.
-
Менинг маошимга Америка олимининг нима алоқаси бор, — дедим мен куюниб.
-
Мана бу сенга умумий дафтар, кундалик тут. Ишларингни режалаштириб борасан, -деди бошлиқ.. – Ёз!
-
Нимани,- дедим мен ҳайрон бўлиб.
-
Эсингдами сизларни Абдураҳмон иккалангизни ишга олган куним сен дўстингга нисбатан бир қадам орқага кетган эдинг! Ёз! Биринчи: муомала маданияти. Одамлар билан хушфеъл муомалага киришиш!
-
Э, ёзиб нима қилдим! Агар шу маошим кўпайиши учун сабаб бўлса майли ёзганим бўлсин!
Мен раҳбаримнинг сўзларини дафтаримга ёза бошладим: “олимларнинг тадқиқотлари шундан далолат берадики, ишчи-хизматчиларнинг кўпчилиги қайси соҳада бўлишларидан қатъий назар хушмуомала, меҳрибон, самимий, ҳамкасблари билан ҳамкорлик қилишга интиладилар. Ҳатто уларнинг малкаси кам бўлса ҳам мулоқот ва ҳамкорлик учун бундай одамлар муносиб саналадилар. Кекчи, вайсақи, инжиқ ва қўпол одам эртами-кечми кўпчиликнинг назаридан қолади. Ундай одамлар учун мартаба зинапоялари ёпиқ бўлади”.
Шу тариқа бошлиқ ёнидан жимгина чиқиб кетдим. Кундалик дафтаримни эса иш столимнинг устига отиб юбордим. Кунлар, ойлар ўтиб борарди. Абдураҳмон чопгани чопган. У қаёқдаги янги ғояларни ўйлаб топарди. Энди у супурги ширкатида кўча супурувчилар гуруҳини тузибди. Команда бўлиб ишлар эмиш. Маоши ҳам меникидан икки баробар кўпайибди. Мен эса одатдагдек “фахр киши панада” деб аста хизматга бориб-келиб юрибман. Ишсизликдан зерикиб кетдим. Бўлим бошлиғининг ёнига кирдим.
-
Менга ҳам бир тузукроқ иш беринг, — дедим.
-
Яхши, — деди у. – сен кўча супурувчилар гуруҳига раҳбарлик қил. Абруҳмон сафарга кетаяпти. Шаҳар коммунал хўжалигига янги хизмат турларини хориж тажрибасидан ўрганиб келади.
Супурувчилар гуруҳи билан ҳиёбонларни тозалаётган эдик, гуруҳимиздаги бир чиройли қизга кўзим тушди. Бошлиғим ўргатганидек, унга хушмуомалик билан муносабат билдирмоқчи бўлиб унинг ёнига бордим ва сўз қотдим:
-
Супургингиз ўзингизга жуда ярашиб турибди-да. У менга тик қараб “ади-бади” айтиб ўтирмади. Супургининг сўтаси билан бошимга урди. Кўзимдан ўт чақнаб кетди. Бор-э, деб ишни ҳам ташлаб, бошлиқнинг ёнига кирдим. У яна ҳалиги китобга тикилиб ўтирарди. У менинг ғурра бўлган пешонамга кўзи тушгач, нималардир деб тўнғиллади:
-
Икки қадам орқага!
-
Икки қадам орқага қоча олмас эдим, ахир ариқ бор эди, -дедим мен. У бир қўли билан кўзойнагини ушлаб, бошини сарак-сарак қилди. Ўтиринг дегандек имо этгач, деди:
-
Дафтар қани, — деди у. – Оч кундалигингни, ёз! Иккинчи, — у кўзойнок устидан кўзларини менга лўқ қилиб қараркан, қўлидаги китобдан парчаларни ёздира бошлади. “Гуруҳда ишлашни билмаслик ёки хоҳламаслик! Сен бола буюк ёзувчи ёки рассом бўлганингда эди, бир ўзинг ижодни қотирар эдинг. Бизнесда ёлғиз отнинг донғи чиқмас, донғи чиқса ҳам чанги чиқмас. Сен гуруҳ аъзоларини бошқаришда уддабиронлик қилиб, ҳар бирининг вазифасини тўғри тақсимлашинг зарур эди. Ҳозирги замон бизнесида ўзаро ваколатларини алмаштириб туриш муваффақият гарови саналади. Ахир сен Сумбулойнинг супургисини қўлидан олиб, унинг ўрнига супура бошлаганингда эди, обрўйининг анча ошарди.
-
Ахир сиз мени гуруҳ раҳбари этиб тайинлагансизку?
-
Сен бола, у қилдинг, бу қилдинг, — деб бошлиқ анча койиди. Сўнгра, деди:
-
Шаҳар коммунал хўжалиги идораси билан имзолаган шартноманинг энг муҳим шартларидан бирини ўз вақтида бажарилишини таъминламадинг!
-
Ишнинг сифатини мақташдику, — дедим мен.
-
Буни ука, масъулиятсизлик дейдилар, — дея бошлиқ мени сўроққа тутарди. – сен ишни қачон тугаллашинг даркор эди?
-
Чоршанба куни!
-
Баракалла, қачон топширдинг?
-
Жума куни.
-
Ҳа-а, икки кун кечикди. Сифати осмонга чиқиб кетса ҳам вақтида адо этилмаган иш мижозни қониқтирмайди. Кейинги сафар бу мижоз сендан қочади, сармоядан қуруқ қоласан, ўз навбатида, ҳамкасбларинг ҳам сенга муҳим ишларни юклашга шубҳа қиладилар. Буни халқда хайтдан кейин ҳинани қаерга қўй дейди?
-
Қўйинг ака, менга тўғри момала қилинг,- дедим мен норози бўлиб.
-
Майли дафтарингга ёзиб қўй. Ишинг уч қадам орқага кетди. Буни масъулиятсизлик, лабзсизлик деб атайдилар.
Мен ғижиниб асабим таранглашган ҳолда бошлиқнинг ҳузуридан чиқиб кетдим. Ўз хонамга кириб олиб, узоқ ўй суриб ўтирдим. Ҳамкасбларимнинг саволларига тўнғлиқ билан жавоб қайтардим. Тўғрисини айтсам, улар ҳам кейинги пайтда мендан қочадиган бўлиб қолдилар. Баъзилар ҳатто саломлашмайдилар ҳам. “Бу ердан бўшаб кетаман”, деб ҳаёлимдан ўтказдим. Кўнглимни ёзиб, бироз дардимни тшкиш ниятида таниш-билишларга телефон қоқа бошладим. Шу пайт бўлим бошлиғимени чақириш ниятида телефон қилибди. Гўшак банд бўлганлиги боис хонамга унинг ўзи кириб келди. Мен худди шу пайтда телефон орқали Сумбулойнинг бошини қотираётган эдим.
-
Иш пайтида шахсий ишлар билан шуғулланиш одобдан эмас,- деди бошлиқ жаҳл билан. – Хизмат телефони, компьютер хизмат вазифаси учун қўйилган. Шахсий масалаларни ечиш учун эмас. Мана шу ҳафта давомида сенинг сўзлашувларингни ўргандим. Ахир Лондонга икки марта, бир марта Нью-Йоркка, таниш-билишларингга телефон қилибсан. Ойлик маошингдан сўзлашув нархи бир неча марта қимматлигини биласанми? Мени кечиргин-у, сенинг суҳбатларингни ёзиб олишга мажбур бўлим. Мени ёмонлаб гапирибсан. Майли. Гап бунда эмас. Бу хизмат телефони. Дафтарингга қуйидагиларни ёзиб қўй! “Ишингнинг орқага кетиши учун ташланган тўртинчи қадам шу. Бешинчиси эса ўз қобиғингга ўралиб олиб, ишхонада нималар бўлаётганлигини ҳам билмайсан. Дўстинг Абдураҳмон ширкатимизда анча обру қозонди, молиявий ахволимиз яхшиланди, корхонамиз кенгайди. Ишонаман. Дўстинг Абдураҳмон ҳали хизмат зинапояларидан янада юксакликка кўтарилади. У менинг ўрнимга бошлиқ этиб тайинланди. Мен эса шаҳар ободонлаштириш бошқармасига бошлиқ бўлиб кетаяпман. “Супурги” корхонасининг ахлат ва чиқиндиларни қайта ишлаш тажрибаси бутун мамлакатимизга ёйилди. Чиқиндиларни қайта ишлаш заводини қуриш ташаббуси ҳам Абдураҳмондан чиққан эди. Булардан хабаринг борми?
-
Йўқ!
-
Ана, сен ширкатимиз фаолияти билан боғлиқ маълумотлардан хабарсиз экансан. Бу эса яна орқага ташланган бешинчи қадам саналади.
-
“Орқага ташланган қадамдалар” ҳам жонимдан ўтиб, хиқилдоғимга келди дедим мен тутоқиб. Ахлатларингиз ҳам, супургиларингиз ҳам ўзингизга сийлов. Мен бўшашга ариза ёзаман!
-
Бу нимадеганинг, -деди бошлиқ.- Мен бошқа жойга кетаяпман. Дўстинг Абдураҳмон билан тил топиб ишлаб кетарсан.
-
Ҳа, айтгандек, дедим мен унга кундалик дафтаримни тутар эканман. – Энди бу менга керак эмас. Худога шукур танбеҳларингиздан қутуладиган бўлим.
-
Энди ука, қизишма! Хизмат поғоналаридан ўсишни орқага тортиб турадиган ўнта қадам бор бештасини ёзиб олган эдинг. Яна бештаси қолди. Улар қаерга борма, нима иш қилма, сен билан бирга бўлади. Улардан қочиб қутулолмайсан. Яхшиси қолганларини ҳам ёзиб ол. Бу нуқсонлардан қутул. Аҳир кежалак сизларники, ёшларники. Мен бироз ўйланиб турдимда бошлиқ сўзлари ўринли эканлигини ҳис эта бошладим.
-
Майли айтинг ёзиб оламан, — дедим.
-
Аммо чидайсанда бола! Бу тажрибалар кичик бир мисол бўлса ҳам ҳаётингда асқотади, — деди бошлиқ. – Чидайсанми?
-
Ҳа.
-
Иш пайтида Сумбулойнинг ёнидан кетмайсан. Биламан уни севасан, муносабатларинг ҳам жиддий. Худо хоҳласа тўй қиламиз. Аммо уйланмаган, бўйдоқ йигит бўлсанг ҳам худди шу – ишдаги ишқ обрўйингга путур етказади. Барча сенга эътиборини қаратган, миш-мишлар кўп. Яқинда Турсунали билан қиз талашиб, муштлашиб кетибсизлар. Ҳамкасбларнинг ортиқча диққатини тортмоқлик, миш-мишлар ҳам орқага ташланган яна бир қадам саналади. Лавозим беришларида бу ҳам қандайдир тўсиқ бўлиши аниқ. Шу сенга керакми? Буни орқага ташланган олтинчи қадам дейдилар. Энди еттинчисини айтай! Ёзиб бораяпсанми? Ўзига ишонмаслик. Мана бўшайман дейсан. Ўзингга ишонмасанг, сенга бошқа ким ҳам ишонарди. Ўйламай-нетмай қилинган баъзи тадбирлар бир, икки марта омадингни берар, охири вой. Аммо чуқур ўйлаб, сўнгра қилинган таваккалчилик ҳам обрўйингни ошириши мумкин. “Бундай ишни ҳеч қачон қилмаганман…” дейиш ўрнига “уриниб кўраман” дейиш афзал. Муваффақиятсизликдан қўриқмаслик зарур. Ўта эҳтиёткорлик ҳам инсон ўсиши учун орқага ташланган қадам, чекинишдир. Энди орқага ташланган саккизинчи қадам ҳақида. Бу мақсадсизликдир. Ишинг юришмаяптими, демак, сенинг кўзлаган мақсадинг йўқ. Узоқ муддатга мўлжалланган вазифаларни белгилаб олиш, кундалик ишларни шундай режалаштириш зарурки, фаоллигинг ошган сари мақсад томон қадамба-қадам яқинлашиб бораверасан. Шунда сен бетартиб ва тасодифий оқибатлардан ҳоли бўласан.
Иш юзасидан кўтарилиш ва мартаба ошиши учун тўсиқ ҳисобланган, орқага ташлансан тўққизинчи қадам ҳақида гапирсам, бу одамнинг ташқи кўринишига эътиборсизлиги ҳисобланади. Балки бундай ёндашув адолатдан эмасдир. Аммо одамлар ўртасидаги ўзаро муносабатлардан ташқи кўриниш, либос ва ёқимтойлик ҳам алоҳида ўрин тутади. Яхши ташқи кўриниш оддий муносабатларда ҳам, ишда ҳам ҳатто ишқ-муҳаббатда ҳам ишонч уйғотади. Шу боис, Сумбулой кўпроқ Турсунали билан ишлашни хуш кўради. Сен эса юзингни буриштирасан, қўполсан. Тинмай сигарет чекасан, кийимларинг ғижим. Энди, болам орқага ташланган ўнинчи қадамни ҳам ёзиб қўй! Бу шошқолоқлик ва енгилтакликдир. Мана йўлаклар, лифтлар, айвонларда сен бемалол бақир-чақир қилиб юраверасан. Деворнинг ҳам қулоғи бор дейишади. Қаерда, қачон, кимга нима ҳақида гапиришни билиш зарур. Ҳазил-ҳузулнинг ҳам маълум чегараси бўлиши зарур. Мисол учун, менга лақаб қўйибсан. Тўғри келган хизматчига менинг камчилик ва нуқсонларимни гапиришни яхши кўрар экансан. Нима эди…ҳа, эсладим. Мен Арасту эмишман. Китобларга ёпишиб олган файласуф эканман. Сени кўп қийнар эканман. Тўғри, мен камчиликларимни айтган одамни ҳурмат қиламан. Аммо бошқа бошлиқлар бунга қандай қарайдилар, билмадим. Сўз эркинлиги – демократия қўлга киритган ажойиб ғалабалардан биридир. Аммо унинг меъёридан ошиб кетиши, сени хизмат мансабидан обру-эътибордан, аниқроғи иш жойингдан жудо қилиши ҳам мумкин!
Шу тариқа йиллар ҳам ўтди. Кекса бошлиғим нафқага чиқиб кетди. Сарғайиб кетган кундалик орқага эмас, олдинга ташланган ўн қадамга айланди. Эндиликда мен шаҳа ободонлаштириш бошқармаси бошлиғиман. Аниқроғи, менинг хусусий “Супурги” ширкатим мамлакатимиздаги энг бадавлат корхоналардан биридир. Унинг хорижда ҳам бир нечта шўъбалари бор. Оилам ва бола-чақаларим келажагини ўйлаб доимо ҳаракатдаман. Яқинда “Сумбулой” деб номланган янги ширкат очдик. Кундалигимни эса набирамга инъом қилдим. Унга ёзилган ўгитлар орқага эмас, олдинга ташланган ўн қадамга айланган. Собиқ бошлиғимни, устозимни тез-тез эслаб тураман,
Кечирасиз, сизга ажратган вақтим тамом бўлди. Ярим саонатдан сўнг Хитойга учиб кетаяпман. У ердаги супурги заводи бутун дунёни супурги билан таъминламоқда. Мен эса унинг инвесториман. Дўстим Абдураҳмон корхона раҳбари. У тажрибали менежер. Шу боис ундан ҳам ўз марҳаматимни дариғ тутмадим, саломат бўлинг!
ПАШША ҚЎРУВЧИЛАР УЧУН ЎН МАСЛАҲАТ…
Газетамиз муштарийлари сизнинг маслаҳатларингизга қизиқиб қолишди. Суҳбатни танишувдан бошласак.
-
Мен билан танишувдан фойда йўқ. Ўтган сафар “Ўн қадам орқага, ўн қадам олдинга” деб номланган мақолангиздан кейин тинчлигим йўқолди. “Супурги” етиштириш орзусида бўлган тадбиркорлар ҳузуримга келавериб, ишдан қўйишаяпти. Куни-кеча устозим – Арастуни йўқлаб келдим. Устоз нафақада бўлсалар ҳам, ўз фалсафий изланишларини давом эттираяптилар.
-
Сир бўлмаса, устозингизнинг асл исм-шарифларини айтинг. Мақолага тиркаб қўяман, — деди мухбир менга тикилиб туриб.
-
Баракат Тижоратов.
-
Исми жисмига монанд экан, — деди мухбир. – сиз ҳам бирор мақсад билан устоз ҳузурига боргандирсиз.
-Ҳа. Кейинги пайтда корхонамизда пашша қўрувчилар кўпайиб кетди.
— Тушундим,- деди мухбир. Ҳеч бир иш қилмасдан, маош оладиган хизматчилар демоқчимисиз.
— Ҳа! Бунинг ҳам йўриқномаси бор экан. Устозга мен баъзи ходимларимнинг иш вақтидаги хатти-ҳаракатлари ҳақида айтиб бердим. Улар илмий асарлар ёрдамида бундай холатларни изоҳлаб бердилар.
— Демак, бу суҳбатимизни “Пашша қўрувчилар учун ўн маслаҳат” деб номласак.
— Ўзингиз биласиз.
— Устоз Колумбия университети профессори Эрик Абрахамсоннинг “Ишдан бўйин товлаган Микаланжело” деб номланган китоби асосида маслаҳат бердилар.
— Ундай хизматчиларнинг бағридан ўтсангиз бўлмайдими, — сўради мухбир.
— Бунинг иложи йўқ, -дедим мен. –Ахир улар ҳеч қандай ишни бажармасдан маош олиш услубини биладилар. Уни оддий иш берувчи фахмлаши мушкул. Шу боис устознинг ҳузурига ташриф буюрган эдим.
Мисол учун, Турсуналини олайлик. Унинг қачон ишга келиши-ю, кетиши менга маълум эмас. Унга топшириқ бера олмайман. Демак, пашша қўрувчилар учун биринчи маслаҳат. Бошлиқ қачон идорада бўлишингизни билмаслиги зарур.
Иккинчи маслаҳат. Уйингизда ишланг. Узоқда бўлсангиз бошлиқдан камроқ танбеҳ эшитасиз.
Учинчи маслаҳат. Иш жойингизда камроқ бўлинг. Идорада ишлаётган бўлсангиз тез-тез ҳожатхонага чиқинг, чекишни кўпайтиринг, қаҳвахонада вақт ўтказинг, ҳамкасбларингиз ёнига меҳмонга боринг, бошлиқ сизни топа олмаса топшириқ ҳам бера олмайди.
Тўртинчи маслаҳат. Сизнинг овозли почтангиз хабарларга тўлиб кетсин. Демак, ишингиз кўплигидан унга жавоб қайтара олмагансиз.
Бешинчи маслаҳат. Ўзингизни ишга шўнғиб кетгандай кўрсатинг. Сиз бу ишларни дўндиришни истайсиз, аммо бажара олмасангиз шунда бошлиқ ушбу ишни бошқа ҳамкасбингизга ҳам топширади.
Олтинчи маслаҳат. Махсус топшириқ бажарилиши муддатини атайлаб узайтиринг. Шунда сиз бошқалар қила олмаган ишни бажариш имконига эга бўласиз. Бу юмушни адо этиш учун қанча вақт зарурлигини ҳамкасбларингиз қаёқдан билсин.
Еттинчи маслаҳат. Маълум бир топшириқни бекор қилиш усулидан фойдаланинг. Бошлиғингизга мазкур топшириқни бажара олмаслигингизнинг объектив сабабларини ширинсўз ва такаллуф билан тушунтиринг.
Саккизинчи маслаҳат. Бошлиғингиз назарида ниҳоятда ишга кўмилиб кетгандек тасаввур уйғотинг. Биров сўраса, бошимни қашлашга ҳам вақтим йўқ, деб жавоб қайтаринг.
Тўққизинчи маслаҳат. Ҳамкасбларингиз дўндириб бажарган ишда сизнинг улушингиз борлигини тез-тез ёдга солиб туринг.
Ўнинчи маслаҳат. Маош олишда ҳаммадан олдинроқ ҳаракат қилинг.
-
Кечирасиз, деди мухбир. Бу маслаҳатлардан кимга фойда-ю, кимга зарар? Турсуналининг ишлари қандай?
-
Э, гапирманг,- дедим мен. У Баҳона топа олмай қолди. Олдингидан яхшироқ ишлаяпти. “Пашша қўрувчилар учун ўн маслаҳат” ходимлар билан ишлашни режалаштиришимга ёрдам берди. Кейинги якшанбада яна устози-аввал, замонамиз Арастуси билан учрашаман. Кечирасиз, қабулхонамда Турсунали бор экан, уни зудлик билан қабул қилишим зарур. Саломат бўлинг!
-
«Дунё ўзбеклари» учун махсус