"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Қўқондаги Эркин иқтисодий ҳудуд ҳақида икки хил фикр: Тўғри — Нотўғри… Ким ҳақ?

Бош мақола | 13/03/2017 16:08-     31653 марта ўқилди

Қўқонда Эркин иқтисодий ҳудуд қуриш учун уйлар ва боғларни бузмоқдалар

феврал 23, 2017


Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида ҳокимият Эркин иқтисодий зонага жой очиш учун ўнлаб дала ховли ва тижорат масканларини ёппасига бузишга киришди. Айни ҳудуддаги кўп йиллик боғлар бузилмоқда. Бу эса шу ҳудудда яшовчи аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.
​Қўқонлик тадбиркор Бахтиёр ака бундан ўн йил аввал шаҳарнинг Муқимий мавзесидаги ташландиқ ҳудудда отасидан мерос қолган ерга кўчат экиб боғ яратган, у ерга иморат қурган.
Энди эса шаҳар ҳокимияти шу уйни ва боғни бузиш учун унга уч кун мухлат берган, ерни эса давлатга топширишни талаб қилмоқда.
— Менга бу ер дадамдан мерос қолган. Саксонинчи йиллар охирида, ўша пайтни пули билан 300 рублга дадамни номларига олинган бу ер. Ҳужжатларим қўлимда. Ҳужжатни ҳокимиятга кўрсатсам «муддати ўтиб кетибди», дейди. 2008 йилда шу 4 сўтик ерга 50 туп гилос экдик. Ўтган йили мевага яхши кирганди. Уларни энди кесишмоқчи. Огоҳлантириш хати юборишибди, «уч кун ичида ўз ҳисобларингдан ҳаммасини бузасизлар», деяпти. Эвазига бизга ҳеч нарса беришмас экан, — дейди Бахтиёр ака.

 

Қўқон ҳокимияти уй ва дарахтларни бузиш учун уни эгаларига уч кун мухлат берган.

Қўқон ҳокимияти уй ва дарахтларни бузиш учун уни эгаларига уч кун мухлат берган.
Қўқонлик Шарифа опа ҳам Озодлик билан суҳбатда Муқимий мавзесида дала ховлиси бузиб ташланаётгани, ҳокимият эса компенсация бериш тугул бузилган уй қолдиқларини ҳам олиб чиқишни бўйнига қўйганини айтди.
— Бузиб ҳамма кераксиз ахлатларни олиб чиқиб, ерни бўшат деяпти. Бузмасанг ўзимиз бузамиз, бузганимизни пулини ҳам сизлардан оламиз, деяпти, — дейди Шарифа опа.

 

Қўқонда 700 гектар майдонда Эркин иқтисодий зона барпо этилади.

Қўқонда 700 гектар майдонда Эркин иқтисодий зона барпо этилади.
Ўтган йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистоннинг тўртта жойида, жумладан Қўқонда ҳам янги Эркин Иқтисодий зона ташкил этиш ҳақида қарор чиқарганди.
Шу зонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи цехлар, тўқимачилик, гиламдўзлик, пойабзал фабрикалари, фармацевтика, озиқ-овқат, қурилиш материаллари ва автомобил саноати корхоналари ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Қўқоннинг Муқимий мавзесида барпо этилажак Эркин иқтисодий зона 700 гектар майдонни эгаллайди.
Шаҳар ҳокимиятининг исми сир қолишини истаган мулозимининг Озодликка айтишича, зона ҳудудида ўттизга яқин уй бузилмоқда, бузилаётган уйларнинг аксари кадастрда расмийлаштирилмаган ноқонуний иншоотлардир.
— Фақат ўзбошимчалик билан қурилган қурилмалар бузиляпти. Ҳужжатсиз қуриб ташланган ноқонуний қурилмалар. На Кадастр ва на Архитектура бошқармасидан рухсат берилган. Ҳужжати бўлса Учкўприк туманидан ер ажратилади. Учта уй эгасига уйи бузилгани учун Учкўприкдан 6 сўтикдан ер ажратиб бердик. Қолганларни ҳужжати йўқ. Биз ҳозир у ерда қурилиш ишларини бошлаб юбордик. Сув, газ, свет тортиб, эркин иқтисодий ҳудудни қурамиз, темир йўл боради. Қурилиш ишлари шиддат билан олиб бориляпти. Келаси йилни март ойига битади. Темир йўл боради у ерга, — деди ҳокимият мулозими.
Қўқоннинг Муқимий мавзесида уйлари бузилишига қарши чиқаётганлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ва прокуратура томонидан кучли босимга учраётганликларини ҳам айтишмоқда.
Кўпчилиги бу босимга ён берган ва уйлари бузилишига рози бўлган.
Қўқонлик Бахтиёр ака эса уйининг бузилиши ва ерининг асоссиз тортиб олинишини айтиб, президент Шавкат Мирзиёев қабулхонасига арз қилгани ва ундан жавоб кутаётганини айтади.
— Шавкат Мирзиёевдан умидимиз. Бузилган иморатларимизни компенсациясини талаб қиламиз, — дейди Бахтиёр ака.

 

Шаҳар ҳокимиятининг исми сир қолишини истаган мулозимининг Озодликка айтишича, зона ҳудудида ўттизга яқин уй бузилмоқда.

Шаҳар ҳокимиятининг исми сир қолишини истаган мулозимининг Озодликка айтишича, зона ҳудудида ўттизга яқин уй бузилмоқда.
Фарғоналик инсон ҳуқуқлар ҳимоячиси Абдусалом Эргашевнинг айтишича, ҳокимият Эркин иқтисодий зона қуришдек йирик лойиҳага қўл урар экан аҳоли манфаатларини ҳам эътиборга олиши кераклигини айтади.
— Уяси бузилганда қуш ачинади. Одамларку баттар ачинади уйи бузилса. Кадастри борми, йўқми бу одамларни юрагига жуда катта дард бўладиган нарса. Менимча, ҳокимият шунча катта лойиҳани қуришга бел боғлаган экан уйи, мулки, ери шу ҳудудга тушиб қолганларни рози қилиши керак эди. Сих ҳам кабоб ҳам куймайдиган қилиб одамларга трвон пули бериши керак эди, — дейди Абдусалом Эргашев.
Ўзбекистонда янги қурилишлар одамларнинг уйлари бузилиши, аҳолининг норозилиги фонида кечади.
Бундай ҳолларда ҳокимият милиция ходимларини ишга солгани ва яшовчиларни уйларидан чиқаришга жалб этгани аввал кўп кузатилган…
ОЗОДЛИК
Иқтисодий тараққиётимизни кўролмаётганлар
Ҳар бир ривожланган давлатлар ўзининг барқарор иқтисодига эга.
Иқтисодий ислоҳотлар мамлакатнинг жаҳон хамжамиятида ўз ўрнига эга бўлишида асосий воситалардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон ҳам танлаган йўлидан барқарор суратлар билан бориб, ривожланаётган давлатлар қаторига кириб бўлди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида эркин иқтисодий зоналар ташкил этилган. Бу хорижлик инвесторларни мамлакатга жалб этиб, давлатнинг иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамламоқда.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойишига асосан Республиканинг 4 та ҳудудида эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиши бошлаб юборилди. Шулардан бири «Қўқон эркин иқтисодий зонаси»дир. 700 гектардан ортиқ майдонни эгалловчи мазкур ҳудудда кўплаб саноат корхоналари, ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиб, минглаб иш ўринлари яратилади. Чет эллик инвесторлар учун катта имтиёзлар жорий этилади.
Бунинг натижасида ҳам иқтисодий барқарорлик ҳам ахолининг бандлик даражаси ошади десак, асло муболаға бўлмайди. Ҳозирда мазкур ҳудудда иқтисодий зона учун жой ҳозирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу ерларнинг қўплаб қисми «Олтин нихол» боғдорчилик ва полизчилик уюшмасига қарашли бўлиб, боғлар ташкил этилган.
Баъзи фуқаролар томонидан мазкур ҳудудларга боғ ташкил этишнинг ўрнига уй-жойлар барпо этилиб, яшаб келинмоқда. Эндиликда мазкур ерлар иқтисодий ҳудудга кириши натижасида, ноқонуний қурилган уйларни буздириш ишлари олиб борилмоқда.
Аммо жахондаги энг кучли ёлғонларни тарқатувчи «Озодлик» радиоси мазкур масала ҳақида ҳам ўзининг навбатдаги бўхтонларини тарқатди. Эмишки Қўқон шаҳар ҳокимлиги огоҳлантириш бериб, тез фурсатда уйларини бузиб ташламоқда, одамлар уйсиз қолмоқда деган иғвони тарқатди.
Аслида эса мазкур ерлар фуқароларга фақат боғдорчилик қилиш учун ажратилган бўлиб, бу ерларга хеч қандай уйларни қуриш мумкин эмас, қурилган уйларнинг на кадастр хужжатлари бўлган, на рухсатномалари.
Шунинг учун мазкур уйлар ноқонуний қурилмалар ҳисобланади, лекин «Озодлик» радиоси масалани чуқур ўрганмасдан кимларнингдир гаплари асосида ёлғон маълумот тарқатди. Экилган дарахт кўчатларига келинадиган бўлса, мазкур фуқаролар бу кўчатлардан кўп йиллар давомида катта даромад олишган ҳамда ер ва мол мулк солиғи бўйича давлатга хеч қандай тўловларни амалга оширишмаган.
Бу эса фуқароларга компенцасия пулларини бермасликка асос бўлади.
Иғвогарлар радиоси мазкур жиҳатларга эътибор қаратмасдан, ўзининг ёлғонларини тарқатиб иқтисодий ривожланишимизга тўсиқ бўлмоқда. Аммо бу урунишлар зоя эканлигини барча билади, чунки Ўзбекистон ўзининг танлаган иқтисодий йўлидан хеч қачон қайтмайди.
Шамшод Мамажонов,
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан

Ўхшаш мақолалар йўқ.

МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.