Сув — тириклик ва ҳаёт, фаровонлик, тўкин-сочинлик манбаи, десак, муболаға бўлмайди. Юртимизда зироатчилик асосан суғориш йўли билан олиб борилилиши сабабли сув азалдан бебаҳо неъмат ҳисобланади. Истиқлол йилларида мамлакатимизда сувдан оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мустақилликнинг илк давридаёқ сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш мақсадида “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани эса қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, сув ресурсларидан унумли фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Президенти томонидан қабул қилинган 2009 йил 10 августдаги «Фарғона ва Зарафшон водийларида сув ресурсларини бошқариш лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ чора-тадбирлар тўғрисида»ги 1172-сонли ва 2012 йил 12 июлдаги «Фарғона ва Зарафшон водийларида сув ресурсларини бошқариш лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 1786-сонли қарорлар Наманган вилоятида ҳам сув таъминотини такомиллаштиришнинг пойдевори бўлди.
Юқоридаги қарорлар доирасида Косонсой туманидаги «Булоқбоши» насос станцияси ҳам қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. 1975 йилда қурилиб, 40 йилдан ортиқ хизмат қилган ва шу вақт ичида ҳам жисман, ҳам маънан эскирган ушбу иншоотни қайта қуришга 11 миллион 931 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди.
Осиё Тараққиёт банки иштирокидаги бу йирик лойиҳага республика Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги буюртмачи, «Кубота-Ортекс» Япония-Буюк Британия қўшма консорциуми бош пудратчи этиб тайинланди.
Уч йил давом этган қурилиш-монтаж ишлари натижасида насос станциясига Япониядан насос агрегатлари, Жанубий Кореядан электр двигателлар ва Ҳиндистондан электр ва гидрожиҳозлар олиб келиниб, ўрнатилди. Умумий узунлиги 16,9 километр бўлган бешта канал реконструкция қилинди. Секундига бор-йўғи 6 куб метр сув чиқариш ҳолатига келиб қолган насос станциясининг қуввати бугунги кунда 13,2 куб метрга етказилди.
Насос станцияси 48 метр баландликка сув кўтариб беради ва беш минг гектар майдонни бир маромда сув ресурслари билан таъминлаш имконини яратади.
Яна бир муҳим жиҳат: бу ерда ишловчилар учун барча шарт-шароитлар яратилди, илгаригидай муҳандис-техниклар қора мойга ботиб ишлашмайди, барча операциялар пульт орқали бошқарилади.
Наманган вилоятининг бошқа бир тумани – Уйчидаги «Қизил равот-2» насос станцияси қурилиши ҳам жадал олиб борилмоқда. 14,3 миллион АҚШ доллари миқдорида чет эл инвестиция маблағлари йўналтирилган мазкур иншоот қурилиши шу йилнинг охирида ниҳоясига етказилади.
Дилмурод Жумабоев,
Наманган
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Ўхшаш мақолалар йўқ.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни
МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.