"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Анвар Сайрамий: НОХУШ ҲОДИСАЛАР СИЛСИЛАСИ (Сафар саргузаштлари)

Сафар таассуротлари... | 10/03/2017 09:17-     15674 марта ўқилди

Анвар Сайрамий
Сафар саргузаштлари.
Нохуш ҳодисалар силсиласи.
1994 йил, 12 сентябр. Жалолобод шаҳри. Тўхтағул кўчаси 24 уйда жойлашган “Жалолобод тонги” газетаси мухаррири Б. Ғозибоевнинг қабулхонасида журналистлардан Ў. Матқосимов ва газетанинг яна бошқа ижодий жамоалари даврасида камина билан учрашув бўлиб ўтмоқда.
Алар томонидан берилган саволларнинг аксарияти сафаримнинг асл мақсади, Қозоғистондаги шу кунги шароитлар, босиб ўтган йўлларимдаги қизиқарли саргузаштлар ва яна ўзларининг қизиқтирган мавзудаги сўроқлардан иборат эди. Шунингдек ўзимнинг қаламимга мансуб ғазалларим, рубоий ва фардларимдан ҳам тингловчиларга қироат билан ўқиб бердим.
Самимий ва дўстона учрашувимиз якунида – “ Анваржон – деди, мухаррир – бизга шеърларингиз намуналари битилган қоғоздан ташлаб кетсангиз, албатта газетамизнинг навбатдаги сонларининг бирида ёритган бўлардик. Ва яна сафарингизнинг якуни ҳам бизни қизиқтиради, албатта, шу ҳақида сиздан хат – ҳабар кутиб қоламиз”…
Ўш шахри томон елиб борарканман мотоциклимнинг моторидан кутилмаганда қандайдир шубҳали овоз эшитилди.
Вилоят худудига кириб боришим биланоқ мотор ўчди – қолди. Ғилдираклар айлана – айлана бир жойга бориб тўхтади. Эгардан тушиб техникамни йўлдан чеккароққа оламанда моторнинг олд қисмидаги қопқоқни очиб кураман.
Контактни ишга солиб турувчи эбонитдан ясалган шестернянинг тишлари синиб кетганлигини пайқадим.
Бисотимда ундайн эҳтиёт қисм йўқлиги сабаб мотоциклимни шатакка олиб бўлсада бирон – бир аҳоли пунктига етиб олиш, ўша жойда созлаб йўлда давом этишдан бошқа чорам ҳам йўқ эди.
Шатакка олувчи техника ё мотоцикл, жуда бўлмаганда енгил машина бўлмоғи даркор, акс ҳолда улкан машиналарга улаш ҳаёт учун ўта хавфли эканлигини яхши хис этардим.
Кўзлаган техникаларим ўтгандагина қўл кўтараман. Баъзи тўхтаб ўтганлари эса трослари бўлмаганлигидан узрларини билдириб жўнаб қолардилар.
Хуллас, қуёш ботишига оз фурсат қолгач йўл чеккароғига ўтиб қозиқ қоқиб палатка тикаман. Ўрин – тўшакларимни ёйиб тунаш учун жой тайёрлайман.
Ногаҳон, бир енгил машина Ўш тарафдан келди – ю, айланиб палаткам рўпарасида тўхтади.
“Саяқатчы” – деди у машинаси эшигини очаркан. Палаткамдан чиқибоқ дарров танидим.
Бу ўша, чамаси икки соатлар аввал троси йўқлиги туфайли ҳижолатда кетиб қолган қирғиз йигити эди.
“Палаткани йиғиштириб мен билан юринг деди жиддий равишда – Ўш шаҳридан ўн чақирим берироқда Керметов деб аталмиш бизнинг қишлоқ жойлашган, қўшнимиз ҳам Урол мотоциклларни созлашда ўта уста йигит. Эрта билан мотоциклингизни созлаб йўлга солиб юборамиз. Сиз ташвишланманг. Юринг энди!”
Қувонганимдан ўрин тўшакларимни наридан – бери йиғиб мотоцикл кажавасига жойладим ва кеч қоронғусида Керметов қишлоғига, ўша қирғиз йигитининг хонадонига кириб бордик…
Мотоцикл созловчи уста ташрифимиздан хабар топган шекилли, эрта тонгдан келиб мотордан шикастланган детални чиқариб қўлимга тутқазаркан – деди. “Амаки – бундай деталь мендада йуқ, дўконларданми ёки бозорданми топиб келасиз, кечга келиб албатта ўрнатиб бераман”.
Детални қўлга олдимда, автобус бекатига бордим. Бори – йўғи биргина “Пазик” русумли машина Ўш – Керметов – Ўш йўналиши бўйича қатнаганлиги сабабли анча кутишимизга тўғри келди.
Ва ниҳоят автобус келди ҳам. Машинага чиқарканман, — “Биродар – дедим ҳайдовчига, мен бир мусофирман, Ўшгача элтиб қўйинг, илтимос!”
Ёвқараш қилганча ҳайдовчи жавоб ҳам бермай машинасини юргизиб кетди. Мен ҳам ўриндиқларнинг бирига бориб жойлашиб олдим.
Автобус Ўш бозори ёнгинасидаги бекатга келиб тўхтади. Эндигина тушмоқчи бўлиб турган ҳам эдимки ҳайдовчи ўзига монанд баланд бўйли ўзбек йигити билан машинадан тортиб туширдиларда, қўлтиқлаганларича қаёққадир судраб кетардилар…
“Ҳой одамлар, ҳой мусулмон бандалари, мени ерга қўйинглар! Қаёққа десангизлар ҳам ўз оёғим билан бораман. Ахир ён – атрофдагилар нима дейишади, уятку ахир” – дейман уларга зорланиб.
Бозордан унча узоқ бўлмаган чеккароқда полиция таянч пункти бўлиб каминани ўша жойга олиб бордилар. Кабинетида стол ортида ўтирган катта лейтенант гавдасига мос бўлмаган тезлик билан ёнгинамда пайдо бўлди.
“Хўш, кимсиз!, Қаердан келдингиз, ҳужжатларингиз” – савол кетидан саволлар ёғдирарди.
Ҳалиги икки ўзбек йигитлари эса, гўё мен қочиб қоладигандек эшик олдида “девор” мисол тўсганча турардилар.
Киссамдан чет эл паспортини, журналистик гувоҳномамни ва яна Қозоғистон ДОССАФ М. К. томонидан берилган хужжатларни чиқариб катта лейтенантни қўлига тутқаздим.
“Мен саёҳатчиман! – дедим, полиция ҳодими ҳужжатларимни синчковлик билан текшираётган бир пайитда,- дунё кезиб юрибман”. Яна Керметовда бир қирғиз йигитнинг хонадонида қўнганлигим, ва улар мотоциклимни тузатиб йўлга солиб юборишда кўмак кўрсатиш билан бирга маънавий ёрдамларинида дариғ тутмай ўз биродарларидек илиқ муомлада бўлганликларини айтиб бердим.
“Хуш келибсиз амаки! – деди ниҳоят ўша катта лейтенант, бу йигитлар андек янглишибди чоғи. Узр, яна бир бор узр. Демак, саёҳатчиман денг, ҳа яхши, яхши. Ўзингизга аён, ҳозирги шароитда эл – юртда бирмунча нотинчлик бўлиб турибди – да. Узир саёҳатчи амаки. Яна журналистман денг!?”
Охир – оқибат, яхшиликча хушлашиб тарқалишдик.
Вилоят ДОСААФ раисига кўмак сўраб учраганимда, дўконларда у деталь йўқлиги сабабли, белгим кунлари бозорда эҳтиёт қисмлар сотилмаслиги боис, фақат якшанба куни пешиндан кейин келиб олажаклигимни айтдилар.
ДОСААФ жойлашган бинодан ташқарига чиқарканман вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида шаҳарнинг “Қурвонжон додхо” кўчаси 224 уйда жойлашган ”Ўш садоси” тахририятига қараб йўл олдим.
Бош мухаррир А. Абдуғофуров қабулида бўларканман айниқса рубоий ва фардларимни камоли диққат билан тинглаб “Яшанг юрткезар шоир” – деди. Ўрнидан туриб, ёнимга келгач, ўз бағрига босганча, “Бу асарларингиздан қолдириб кетинг, газетамизнинг яқин сонларининг бирида албатта босиб чиқарамиз” – дедилар.
Яна ўша кўча 209 уйда жойлашган “Ош жаңырығы” тахририятида ҳам бўлиб, бош мухаррирнинг илтимосига биноан “Эл тааны, Жер тааны” мавзусида учрашув ташкил этдик.
Берилган турли саволларга атрофлича жавоб қайтаргач, хайрлашув чоғида иштирокчиларидан бири, — “ Акажон, сизга бир маслаҳат, шаҳримиздан бирмунча чеккароқда Ўзган номли аҳоли пункти бор, у қишлоқда анча – мунча тарихий обидалар мавжуд, саёҳатингизни асл мазмунини янада бойитган бўлардингиз” – деб қолдилар. Автобусга ўтириб Ўзган томон йўл оламан. Қандайдир сув омборини айланиб ўтиб машинамиз қишлоққа кириб борди.
Автобусдан тушибоқ бозорга кирдим. Гарчи ҳеч нарса харид қилиш ниятим йўқ эсада нарҳ – наво билан қизиқиб ўзимиз томондаги қийматлар ила солишдириб бораман.
Бошқа жойлардаги каби бу ерда ҳам одамлар гавжум. Олди – сотти авжида.
Гўё баъзи фильмлардаги бозор савдогарларини эслатувчи “об қолинг, кеб қолинг” сўзлари сотувчилар томонидан бот – бот айтилмоқда.
Бозорнинг нариги чеккасига ўтарканми ногаҳон мен турган жойдан андек узоқроқда бир мактаб биноси кўзга ташланди.
Беиҳтиёр ўша томонга юриб кетдим. Мактаб пештоқидаги “Хуш келибсиз” ёзувига кўзим тушгач ўзбек мактабларидан бири эканда – деган хулосага келаман.
Касбим ўқитувчи бўлганлигиданми қандайдир бир куч ўша томонга етаклаб кетди.
Мактабнинг илмга чанқоқ ўғил – қизларини, жажжигина бошланғич синф ўқувчиларини кўрмак ва яна алар билан мулоқотда бўлмоқ илинжида илм даргоҳи ичкарисига қадам қўяман. Муқаддас даргоҳга кирар эканман дарс пайти бўлганлигидан вестюбилда ва коридорда ҳечким кўринмас, фақат синф хоналаридан ўқитувчи – ўқувчиларнинг оҳистагина товушлари эшитилиб турарди.
Деворлардаги осиғлиқ жиҳозларни бирма – бир кўздан кечириб юриб қабулхона эшиги олдидан чиқиб қолдим.
Эшикни оҳиста тақиллатиб ичкари кираман ва либослари ўзига бирам ярашган ўрта бўйли котиба қизга кўзим тушади.
“Келинг, марҳамат!” – дея ўрнидан тураркан саломлашгандан сўнг ташрифим сабаби билан қизиқди.
“Директор ўзларидами?” – дея савол бераман котибага.
“Ҳа – дейди ҳалиги котиба ва директорнинг хонасига кириб бирмунча дақиқалардан сўнг чиққач –марҳамат қилсинлар, директор сизни қабул қилишларини айтдилар” – деди.
Деворда осиғлиқ ойнага қараб сочларимни тўғирлаб, уст – бошларимга назар ташлайман ва эшикни оҳиста тақиллатаман. Остона хатлаб ичкарига кираман.
Ўзбек мактаби бўлганлигидан мулоқатимиз она тилида бошланди.
“Саёҳатчиман денг” – деди ўрнидан туриб каминани стуллардан бирига ўтиришимга ундаркан ҳалиги йигит.
“Амирхамза Жалилов, танишдирди ўзини, ўрнидан чиқиб келиб мен билан бақамти ўтираркан директор.
“Сўраганни айби йўқ – дейдилар, қаердан келдингиз, саёҳатингиздан кўзлаган мақсадингиз” — мулойимлик билан сўз қотди мактаб раҳбари.
Кўрган – кечирганларимдан бирма – бир гапириб бераман.
“Сиз ўша жойда… Мен ҳозир – ҳозир-дедида ташқарига чиқиб хонани тарк этди. Бирмунча вақтдан сўнг хўжалик ишлари бўйича муовинини бошлаб келдида (кейинчалик суҳбат жараёнида билиб олдим), – “Сиз бу йигитча билан гурунглашиб ўтира – туринглар, мен эсам чойхонага бориб ош буюриб келаман” – деди.
Рад жавобим бесамар кетди, ўз сўзида туриб олган бошлиқ бизни ҳоли қолдириб чиқиб кетдилар.
Иложсизликдан ҳалиги нотаниш кимса билан турли мавзуларда гаплашиб ўтирдик.
Маълум муддат ўтгач қўлида ош кўтариб кириб келган Амирхамза стол устига лаганни қўяркан, чўнтагидан бир шишада ароқ ҳам чиқариб қўйдилар.
“Келганингиз жуда яхши бўлдида, бир отамлашамиз энди” – деди каминага боққанча…
Хона эшиги тақиллаб, бир қирғиз йигити кириб келди ва “Агар Магамет тоққа бормаса, тоғ Магаметни излаб келарканда. Биродариазиз намунча бизни йўқламай қўйдингиз” – деди салом – аликлардан сўнг директорга юзланиб.
“Ҳазил – мутоиба”лардан кейин стол атрофидан жой эгалланди.
“Танишинг – деди Амирхамза каминани кўрсатиб, — Қозоғистондан келибдилар, журналист эканлар”.
Мен билан танишган ҳалиги шахс, залварли саволлар “ёғдириб” каминани “тергов” этабошладилар.
Ароқ қуйилиб тарқатиларкан навбат менга келгач узримни айтаман, “Майли таомингизга қаршилигим йўқ, ва лекин мана бу нарсага зўрламасинлар”.
“Магомет”ни йўқлаб келган “Тоғ”нинг менга бераётган саволларидан охир – оқибат тоқатим тоқ бўлдида-дедим, ҳалиги прокурорсифатга, “Йигитча, эртами – индин мен ҳақимда “Ўш садоси” ва “Ош жаңырығы» газеталаридан батафсилроқ маълумот оласизлар, келинг энди, ош совимасин, ҳаловатда тановул этайлик».
«Вилоят газеталаримизга интервю бериб ҳам улгурдингизми, ҳа яхши, қани чойдан олинг» — дея анча «юмшаган» бўлди ҳалиги прокурорсифат йигит.
Ош тугаб, дастурхонга фотиҳа қилинди. Тарқалишимиз чоғида, ўша прокурорсифат Амирхамзага юзланиб – деди. «Манабу меҳмонимизни машинангизга ўтқазинг – да, тарихий обидаларимизни бирма – бир кўрсатиб чиқинг».
«Яхши — деди қандайдир итоаткорлик билан мактаб раҳбари, — барча – барчасини кўрсатиб чиқаман».
Хонани бирин – кетин тарк этишга шайланарканмиз кутилмаганда Амирхамза бош кийимини излаб қолди.
У ёқ – бу ёққа назар соларкан, ногаҳон, — «Ҳа боягина сизнинг кабинетингизда қолдириб кетибманку» – деб қолди, «тарвузни қўлдан туширганча» Амирхамза. Асрор очилди қолди.
Прокурорсифат мактаб раҳбарига шундай бир нигоҳ билан тикилдики; Амирхамза нима иш қилиб қўйганини кейинроқ тушиниб етди.
«Демак, ош баҳонаси билан у шахс бир йўла давлат хавфсизлик биносида ҳам бўлиб улгурган эканда»-дейман ўз-ўзимга.
Сўзимни исботи сифатида айтишим мумкинки, бош кийимини, яъни шляпасини айнан ўша бинодан олиб чиқиб сўнгра қишлоқнинг диққатга сазовор жойлари билан танишишда давом этдик…
Вилоят ДОССАФ биносидан керакли детални қўлга олганимча Керметов қишлоғи томон ошиқаман.
Мотоцикл устаси техникамни созлаб улгурганда деярли кеч бўлиб қолганди.
Шундай эсада, йўлга отланаман. Андижон томон мотоциклимни ҳайдаб борарканман Ўш шаҳри чеккароғида бир ошхонага кўзим тушди – ю, ўша ерда кечки овқатни тановул қила – қолай деган фикрда уловимни тўхтатдим.
Ошхона хўжайинига йўлиқиб бир коса донли ош ва нон, чойни стол устига қўйиб тановул қилишни бошларканман ёнимдаги столлардан бирида икки нафар йигитчаларнинг эътибори мен, ҳамда мотоциклимда эканлигини пайқадим.
“Акахон, деди — ҳалиги икки йигитчаларнинг бири келиб ўтираркан, — ошхона мудирига журналистман, саёхатчиман дедингиз чоғи”.
Менинг бобом ҳам саёҳатчилар, айниқса сиз каби инсонлар билан суҳбатлашишни жуда хуш кўрадилар, сиздан илтимос. Бу кун албатта бизнинг уйимизда қўниб кетинг. Сизни уйимизга олиб бормасам бобомлар мени кечирмайдилар. Яна оқшом ҳам тушиб бормоқда. Эрталабдан ўзим Андижон йўлига солиб юбораман.
Кейинчалик мотоциклим рулига ёпишиб олган ҳалиги йигитларнинг бирини илтимосини рад эта олмай ва яна Андижонга тун қоронғусида эмас, балки кундузи кириб борсам яхшироқмикан – деган ўй билан унга илашиб Сулаймонтоғнинг шимолий тарафидаги тор кўчаларнинг бирида кетмоқдамиз.
Қандайдир чорраҳага яқинлашгач мотоциклимни тўхтатишга ундаган йигитча менга қараб деди. – “Акахон чорраҳадан ўнгга бурилингда чап томонда жойлашган тўртинчи дарвозага кириб тураверинг. Ўша уй бизники. Мен эсам шундай дўконга бораманда у – бу харид қилиб изингиздан етиб бораман. Яна ким билади, уйда нон ва бошқа нарсалар бўлмай қолиши мумкин. Акахон, тортинмай кириб бораверинг!”
Мотоциклимни юргизиб ўнга буриламан ва тўртинчи дарвозага яқинлашгач очиқ бўлганлиги сабабли техникамни деярли ичкарироққа ўтказиб тўхтатаман.
Қаршида, кўрпачалар тўшалган чорпояда ўтирган кампир ва келинчак хайратомуз менга боқишадилар. Эгардан тушиб уларга салом бераман.
“Сиз кимсиз! Нима юмуш билан келдингиз” — дейди кампир менга таажжубла тикилганча.
“Ҳа, – дейман берган саволига жавобан, — набирангиз бошлаб келдилар. Дўкондан у – бу нарса харид қилиб ҳозир келадилар”.
— Тасодифан ошхонада танишиб қолдик набирангиз билан. Қўярда қўймай…
-Қанақа набирам, ким бошлаб келди сизни…
Камина ҳам қайнона келин ҳам бир – биримизни тушунмаган ҳолатда турарканмиз, беиҳтиёр – “Келинг кўрпачага ўтиринг” — деб қолди кампир, келинига қандайдир имо – ишора қилганча.
Техникамни ўша дарвоза олдида қолдириб чорпояга тўшалган кўрпачага омонатгина ўтирган бўлдим.
Келин қаёққадир йўналди ва кўздан ғойиб бўлди. Кампир эса ноаниқ саволлар бераркан зимдан каминани кузатар, қандайдир ваҳимали ҳолатда саросимага тушганлиги билиниб турарди.
Кутилмаганда қаршимда жинси шим ва футболкалар кийиб олган ялангбош икки нафар йигитлар пайдо бўлди. Ва келиб чорпоянинг икки тарафида туриб олдилар.
“Кимсиз ўзи! – деди уларнинг бири ўта дағдағали кайфиятда, нима учун бу ерга келдингиз”.
— Ҳа, мен бир саёҳатчиман, ҳалиги укаларингиз мени бобоси билан танишдириш мақсадида бошлаб келдилар.
“Шахсингизни тасдиқловчи қанақа хужжатларингиз бор” – деди уларнинг бири.
Киссамдан журналистик гувоҳномамни олиб, очиб кўрсатаман.
— Сиз бу ерга қадам ранжида қилишингиздан олдин тирик чиқиб кетомаслигингиз ҳақида ўйламадингизми??
“Ие; — дейман уларнинг бу каби кутилмагандаги қўпол муомласига ҳайрон бўлиб- бошлаб келган укангиз келсин, ҳаммасини тушиндириб берадилар. Бобонгиз атоқли саёҳатчи бўлган эканларку ахир.
Бобом билан албатта учрашдираман, йўқса мени койийдилар” – дедилар – ку”.
— Қани ўша йигит?
— Ҳозир келиб қолсалар керак; у – бу нарсалар харид қилишга кетгандилар.
— Сиз жаноб, гапни олиб қочмангда, муддаонгизни айтинг. Нима мақсадда келдингиз бу хонадонга!
— “Айтяпманку, укангизлар айтганидек бобонгиз саёҳатчи бўлгани сабабли, бизнингдек кишилар ила суҳбатлашишни хуш кўрарканлар, сайл – саёҳатлар борасида гурунглашиб эрталабдан Андижонга етиб бормоқчиман”- деб. Икки спортчиларга ўхшаш бу йигитлар бир – бирларига маъноли назар ташлаб қўяр ва яна қўпол дағдағага ўтардилар.
Хуллас, бошлаб келган ҳалиги йигитчанинг энди келмаслиги аён бўлди. Қалтис “ҳазил” қилган йигитнинг асл мақсадини энди тушиниб етгандим. Демак, алдаган.
Ўз – ўзимга унсиз саволлар бераман. Нима сабабдан бундайин қалтис ишга, ўта ҳатарли юмушга қўл урдилар экан. Муддаолари нима? Кераги бормиди ўзи!
“Укалар, — дейман ёнимдаги йигитларга мотоциклимдан “Ўш садоси” газетасини келдириб уларнинг назарига ҳавола этарканман, мен бир мусофирман, ғаразли ҳеч қандай ўйларим йўқ. Фақат анави густоҳфаҳимларнинг сўзларига ишониб бу хонадонга келиб қолдим чоғи”. Сизларни бу каби ташвишга қўйганлигим учун узр сўрайман. Ва лекин менда ҳеч қанақа гуноҳ йўқ…
— Шоирмисиз, шеърларингиз ҳам берилибдику бу газетада:
Қарагинчи ўша турган мотоцикл билан ўзларининг расмларини ҳам берибдилар” – деди шу чоққача унсиз ўтирган кампир ҳам газетадаги расмга ишора қиларкан.
Қаёқдандир келинчак пайдо бўлдию, йигитларга қарата “Отахонимиз меҳмонни ҳузурларига чорлаяптилар” – деб қолди…
Чоқроқ ҳужра тўрида қават – қават кўрпачалар устида тасбеҳ ушлаганча ўтирган нуроний отахон бир қўзғалиб олдида саломимга алик олгач ёнгинасидан жой кўрсатдилар.
Суҳбатлашиб анча вақтгача ўтирарканмиз бу хонадон соҳибини ё табиб, ёки бўлмаса диний илм ғояларини тарқатувчи шахсларнинг бирига йўйгандай бўлдим.
Қандай бўлганда ҳам Отахонимиз ўзининг мулоимлиги, кенг атрофлича фикрлашлари, одамийлиги ва касби – корининг қандайдир жумбоқлиги билан қалбимдан сирли бир инсон сифатида ўрин олиб улгурди…
Эртаси, соат ўн бирлар чамасида эсон – омонликда Андижон шаҳрига етиб Навоий шохкўчаси, 71 уйда жойлашган “Андижоннома” тахририятига кииб бораман. Бош мухаррир А. Абдуллаевнинг ўз дасхатлари битилган китобларидан олиб, муқбирларидан М. Норхўжаевнинг хонасида турли мавзулордаги суҳбатимиз қизигандан – қизиди.
Кейинчалик эса 23 сентябр 1994 йил “Андижоннома” газетасининг №55 (17028) сонида ўша Норхўжаевнинг қаламига мансуб “Мотоциклда илҳом париси изидан” номли каттагина мақола, мотоцикл қошида туширилган расм ила босилиб чиқарилгач, каминанинг уйига Қозоғистонга юборилибдилар.
1996 йил январ ойи.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус

Ўхшаш мақолалар йўқ.

МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.