Ҳалима Худойбердиева: Сабаб бўлдим бағрингизга қўнган доғларга…
Ҳалима Худойбердиева
Сабаб бўлдим бағрингизга қўнган доғларга,
Бекор бўлди менга кўнгил қўйганларингиз.
Боғингизда мени кўриб ўзга боғларга,
Битта битта учиб кетди суйганларингиз…
(1968)
Оқарганда сочлар эслаймиз
Сархуш баҳор, куз ўтганини.
Кимларнидир рад этганмиз биз,
Кимлар бизни рад этганини.
ЎЗИМИЗНИНГ БОҒЛАР
Дунёнинг қай бурчи, йироқ боғларда,
Олмалар қизарар бетиним.
Хазонрез хаёллар босган чоғларда,
Мен тиниб,
Воз кечиб ўйлару ташвишдан
Қачондир боғларда ғарқ пишган
Қип-қизил олмаларни эслайман.
Оҳ, бизнинг боғларга баҳор келган кез,
Гўдакдай тез,
Тошқиниб гуллади олмаларимиз.
Қуёшнинг нурини борича ичиб,
Шу қуёш нурича лаззатин кучи
Бўлгандир эҳтимол, сезмагандик биз.
Тотиб ҳам кўрмадик баъзисин лоқайд.
Отдик баъзисини тишлаб бир, икки.
Биз беғам, сезмадик, ҳатто қайси пайт
Ўча бошлаганин боғларнинг кўки.
Ва лекин бу баҳор, беминнат яратар
Баҳор, яратувчим, сенга минг қуллуқ.
Уфқларда қуёш
Ҳеч гап бўлмагандай қип-қизариб ботар,
Бағрида олов бор, аммо зарда йўқ.
Яратувчим, яна яратар бегумон,
Бизнинг кўҳна боғлар шундай гулласинки,
Қон рангида қизарсин олмаларимиз.
Ранги қонинг қиздириб, қуритсин тинканг.
Бунга-ку ишонч бор, кўк майса дийдорин,
Куртаклар бўртигин қўмсамайди ким?!
Баҳор-ку тўкади аямасдан борин,
Аммо, баҳоргача узоқ-да, дўстим.
Майли,
Боғлар гул очсинлар, безавол, қулф урйб,
Улар ўз ватанин буркарлар нурга.
Ўзга чаманларнинг гуллашини кўриб,
Ўзимизнинг боғлар тушар хотирга.
1967 йил 3 октябрь
ЮРАГИМДА БАРГЛАР ШИВИРИ
Ўз дунём ичида боғларни яратдим.
Сўлиб битдилар.
Тафаккур кучидан тоғларни яратдим.
Нураб кетдилар.
Боғларим ўрнида хазонлар, супурдим,
Барг, хазон.
Тоғларим ўрнида тепалар, жим турдим.
Дилда қон.
Куйдим мен, аммо кул бўлмадим, қайталаб
Тупроққа тўкдим мен, манглай тер, дил қоним.
Майса, кўк майсалар унда зап,
О, жоним!
Қийнадинг дейсанми, тўғри-ку,
Ўйласанг менда ҳам гунох йўқ,
Шу кичик юрагим бўлса қув,
Яшасак беғалва, кўнгил тўқ.
Бегона ташвишу жабрга,
Уйқуда ўтса ҳам умр бир кун
Кетмоқ шарт сўнгги уй-қабрга.
Шундай, ҳа, маҳкам бўл, сен жоним.
Елкага
Ҳали кўп юкларни юклармиз,
Кўп хазон боғларни тиклармиз,
Кўтара олмасмиз юкни гоҳ,
Ва ёки туйғумда қулар тоғ.
Шунда яна янгидан
Тафаккурда тоғлар яратишимиз,
Сўлган боғлар ўрнида яшил-яшил,
Дарахтлари шовуллаб турган боғлар яратишимиз керак,
О, менинг қаттиқ жоним!
Ишонаманки,
Сен чидаб берасан бу талабларга жим.
Юрагимда барглар шивирлаётганга ўхшайди,
Демак,
Яратилажак безавол боғларимнинг
Илк ниҳоллари куртак ёзаяпти,
Боғлар гуркираб қад кўтараяпти юрагимда,
Барглари яшил-яшил боғлар…
1967 йил 3 октябрь
БИЗНИНГ ТОҒДА
Тоғ бошида рўмолим қолди,
Ўша-ўша тинчим йўқолди.
Дуч келади унга қай овчи,
Қайси сайёҳ, қайси йўловчи.
Тоғ бошида рўмолим колди,
Ким бор эди, у этди насиб,
Ўтмадими оҳулар босиб.
Қолмадими ёмғир остида,
Сархуш, тоғнинг баланд-пастида,
Ким юрганди, у этди насиб.
Кундуз телпак кийган чавандоз,
Ҳадик тортмай юрагингни ёз.
Отинг нечун гижинглар бу пайт,
Рўмолимни сен олдингми, айт?
Қундуз телпак кийган чавандоз.
Учқур бўлар тоғ йигитлари,
Яна рашкчи уларнинг бари,
Сен улоқда ўзгил улардан,
Бир йигитдай рашк ҳам қиларсан?
Учқур бўлар тоғ йигитлари.
Огоҳ бўлгил яна бир сирдан,
Сен курашга тушарсан қирда,
Совриндорни йиқитганинг дам,
Отам сенга қилгайдир карам.
Сен курашга тушарсан қирда.
Шу шартларни бажарсанг, ўғлон,
Жайрон кўзга фидо бўлсин жон.
Сўнг рўмолим олсанг, майлига.
Бизнинг тоғда қолсанг, майлига,
Шу шартларни бажарсанг, ўғлон!
1967 йил 22 апрель
ДОРИЛАМОН КУНЛАР КЕЛДИ…
Онагинам!
Дориламон кунлар кулди, шафакдари ол,
Қаён боқсанг, шайланишлар ва созлашлар тор.
Олча гулин кўзларингга суртасан беҳол:
«Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор».
Сўлғин-сўлғин лабларингдан учаркан шу сўз,
Отагинам хаёлимда ростлай бошлар қад.
Дориламон кунларга қайт, онам, юмиб кўз,
Ўксик дилда бошланмасин десанг қиёмат.
Бу табиат суюмлидир ҳам кўзлари кўр,
Гоҳ шаробдан, гоҳ оғудан қилар бизни маст.
Белгинангга тиргак бўлай, онажоним, тур,
Дориламон қуёшга боқ, унга қасдма-қасд.
Юзинг ардоқли қуёшдай иссиқ ва маҳваш.
Кўзларингда умид ёнар тикилган они,
Қорли кунлар билан кетсин дилингдаги ғаш,
Қизғиш, лола ранг қоплайдир бу кун дунёни.
Бу дунёнинг қир-дарасин хосияти мўл,
Ерни яланг оёқ боссанг яйрайди танинг.
Яшамоқ — бир тансиқ таом, унга урсанг қўл,
Борган сари очиладир иштаҳанг санинг.
Боғлардаги етилгуси ҳар мевали шох,
Ризқдир бизга, ризққа доим дил илинжлиқдир.
Ўғлонларинг келар, ана, очишиб қучоқ,
Ўғлонларинг мева қадар бир ширинликдир.
Онагинам!
Ўзинг тортма давралардан, эл чорлаганда,
«Тирикликнинг байрами», деб созланганда тор.
Ўзинг сўлғин лаблар билан пичирлагандай:
«Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор».
1967 йил 10 декабрь
ЖУФТ ШЎХЧАН КЎЗ
Ойдин кеча. Юлдуз милдирар,
Ойдин кеча. Чарақлар само.
Жуфт шўхчан кўз мени ўлдирар,
Яна ўзи тирилтирар аммо.
Севмасам гар улар боққан тоб,
Оғир гуноҳ, кўзга қўнгай гард.
Севсам бўлмас ўтига чидаб,
Оҳ, ўртоқжон, бу қандайин дард?!
У чақнаса менга тинчлик йўқ,
У чақнаса дудсиз куяман.
Чақнамаса мен ғамга тўлиқ,
Чақнамаса қора кияман…
Кўкда юлдуз маъсум милдирар,
Пастда жуфт кўз мени ўлдирар…
1967 йил 14 декабрь
МЕНИ УНГА…
Мени унга «бунда бор» деманг,
Дийдорингга ташна, зор деманг.
Аллақачон келар экан-у,
Йўл тўсармиш, ғурур, ор деманг.
Майли, бунда мени бор денглар,
Қўлларида сайроқ тор денглар.
«Севилгандай нигоҳи сирли —
У тинч эмас, бир гап бор» денглар.
Кўзи қора, қуралай, тенгсиз,
Кокиллари бурама, денг Сиз.
Шундай ҳурилиқолар ерда
Сира ёлғиз юрама, денг Сиз.
Шунда ўзи излаб келади,
Ҳузуримга бўзлаб келади.
1967 йил 14 декабрь
* * *
Ўчган ўтни ёндирма қайта,
Ёмон, ёмон унинг ёниши.
У қизишиб, гурлаган пайтда
Мушкул уни ўчирмоқ иши.
Илтимосим, қайта ёзма хат,
Ўйнатмасин юракни нидо.
Биз бир фурсат бўлганмиз улфат,
Ва мангуга айтганмиз видо.
Айбдор сенми ё мен гуноҳкор,
Суриштирмоқ пайтимас, дўстим,
Ёз-у, бизнинг дилга чўккан қор,
Дил қорини ким кўрибди, ким?!
Кўникканман энди барига,
Энди мен шод қўшиқ айтаман.
Эътиқодим занжирларига
Зарб теккизма энди қайтадан.
Кеч гуллаган экинлар совуқ
Изғиринда бўладир нобуд.
Қайта ёқма сен ҳам ўтни, йўқ,
Кул қиладир бизларни у ўт.
1967 йил 20 май
* * *
Сочларимга нигоҳ солмай ўт,
Нигоҳингдан ўйга толгайман.
Сен тасодиф боқарсан, йигит,
Мен сочим-ла боғлаб олгайман.
Тасодифдир ва балки ҳавас,
Жилмайишу бошинг сараги.
Аммо билмайсанки, шу нафас
Қўлгинамга тушар юрагинг.
Мен ғижимлаб ўйнарман ёмон,
Ёндирмаса, қилмас бўлса хун.
Мудроқ ҳислар топмасдан омон,
Чангалимда сўнадир бир кун.
Сочларимга нигоҳ солмай ўт…
1967 йил 20 май
ЭНДИ У…
Бир ўтда, бир ўтда, оҳ, ёндим,
Ва лекин
Ҳиссимни яширмоқ истайман.
Қадримни оширмоқ истайман.
Қандай бахт, инондим, инондим.
У мени севади, оҳ, ортиқ
Изларим ўпгудай, ўпгудай.
Бир нигоҳ қилсам, бас, мен тортиқ
Изимдан гўдакдай чопгудай.
Чопди у, куйлади сержаранг
Мен лоқайд кўрсатдим ўзимни.
Асаби тортилди кўп таранг,
Гоҳ ёшлар тўлдирди кўзини.
«Йигит ҳам йиғларми дунёда», —
Тўнимни тескари киярдим…
Ва ғурур кундан-кун зиёда,
У бўлса куярди, куярди.
Шу алфоз ўтаркан кундан-кун,
У бир кун «бас» деди барига.
Энди мен куярман, оҳ, дилхун,
У лоқайд юрагим зорига.
Қалқимас кўзида ҳатто мунг,
Бу қандай бедодлик ишқдан сўнг?!
Энди у…
Ҳиссини яширмоқ истайдир,
Қадрини оширмоқ истайдир.
1967 йил 12 май
БИР ДАҚИҚА
Биз учрашиб, ажралишган бир дақиқани —
Ўтмиш қори кўмиб кетди, бўлмайди кураб.
Фақат хотирга тушганда титрайди таним,
Кўзларимдан аччиқ ёшлар кетар тирқираб,
Мени эслаб сиз ҳам хомуш тортар эмишсиз,
Сезмасин деб кўз ёшингиз артар эмишсиз.
Бу ҳам бир бахт, бошқа-бошқа дунёда юриб,
Унутилган бахтни қўмсаб, тўксак агар ёш.
Йиллар бизнинг қўша изни кетгач супуриб,
Йиллар танҳо дилимизни қилиб кўйгач фош,
Ёш тўкамиз, бу ёш энди бахтни ёд қилар,
У юракдан қон сингари сирқиб томчилар.
Бу ҳам бир бахт, бирга бўлсак бизлар, эҳтимол,
Агар қисқа бўлмасайди ўшал дақиқа,
Бунча оғир бўлмасайди бу дўзахий ҳол,
Сиғинмаган бўлардикми бугунгидақа,
Сезиб туриб бўлишимиз кўп ўтмай жудо,
Бир-бировга олов янглиғ кўриндикми, ё?
Ўша куни мен насиҳат қилдим кўп совуқ —
«Ранжимангиз, йўлимизнинг айрулиги рост».
Аммо бугун бу гапларга ўкинганим йўқ,
Вақти-вақти келиб шундай эслайман, холос.
Бу эсламоқ тароватли, хароботли зап —
Сайроқ қушинг ўз қўлингда жон бергандай гап.
Бир дақиқа…
Ортда қолган қоп-қора тун бағридаги нур,
Барча шукуҳ, азоб учун Сенга ташаккур.
1967 йил 7 октябрь
КИЙИКЛАР
Биз бир тоғнинг кийиклари
Қаттиқлиқда тошлармиз.
Чопаркан қоялар сари,
Енгил уча бошлармиз.
Биз бир тоғнинг кийиклари
Тоғ гулидай ёввойи.
Кўп гўзалдир уфқдан нари
Оқ чўққилар ғаройиб.
Биз бир тоғнинг кийиклари
Бири қувган бирини.
Нондай суйиб ўпгай бари
Оёқ қўйган ерини.
Биз бир тоғнинг кийиклари
Қолмайлик, деб чоҳида —
Кетиб сайёҳлардан нари
Беркинурмиз гоҳида.
Биз бир тоғнинг кийиклари
Тоғда бизнинг ризқи рўз.
Учсак дилдан ҳасрат арир —
Майли қуёш, майли муз.
Биз бир тоғнинг кийиклари
Тошларда шавқ-оҳимиз.
Ғам йўқ, туёқ қорни ёриб,
Нурда ёнса шохимиз.
1968 йил 18 февраль
КЎНГИЛ, ҚЎЛИН БОҒЛАБ…
Кўнгил, қўлин боғлаб одам аҳлини,
Банду-банд қилади тағин муҳаббат.
Бир кун йўлдан уриб соғлом ақлини,
Дардманд қилади тағин муҳаббат.
Чироққа уринган парвонасимон —
У келса қизғанмай дилимни тутай.
Мен ўзим шу дарднинг ҳосиласиман,
Майлига, шу дардда дунёдан ўтай.
Аждодим ҳаёт деб, ишқ деб очган сўз,
Авлодим ҳам ундан ўйларга чўмсин.
Шу дард оқибати мен очганман кўз,
Сўнг дам тағин шу дард кўзимни юмсин.
1968 йил 18 февраль
* * *
Қаро кундан дилим тонган, нурдир, тозадир бу ишқ,
Кўзларимда ўтдай ёнган ердир, фазодир бу ишқ.
Билмам, унинг қўли абад силармикан сочимни —
Балки пешонамга битган бало-қазодир бу ишқ.
1968 йил 18 февраль
ХОТИРА
Қўйиб юбор, ортга тортма, севги эртаги,
Мен бу уйдан чиқиб кетай қоқиб этагим.
Кулгуларни кулдик, йиғи бўлди йиғланиб.
Кетай энди, қўйгин, бироқ қўймас остона,
Ҳали мени қийнамоқдан тўймас остона,
Оёқларим остонада қолди михланиб…
1968 йил 18 февраль
* * *
Сиз топмишим, йўқотмишиммас,
Сор лочиним, ожиз қушиммас.
Сиз дунёда рост деб тутганим —
Тутолмаган ёлғон тушиммас.
Сизга фидо бўлмоқ истайман,
Сиз деб адо бўлмоқ истайман.
Аста-аста йўқотмай Сизни,
Бирдан жудо бўлмоқ истайман.
Таранг тортмоқда симлар, айтинг, —
Хаёлларга толсинлар, айтинг.
Сиз — жон, олса жоним қийнамай,
Бирданига олсинлар, айтинг.
Сиз топмишим, йўқотмишиммас…
1967 йил 8 июнь
* * *
Хайр энди,
Ортикдир битта сўз,
Номимни атама,
Юлдузим, бўлсанг-да ёнимда —
Бир юлдуз бор йироқ бир юлдуз —
Мен ишқин асрайман жонимда.
Мен энди…
Кетаман.
1967 йил 9 май
* * *
Ўйламангки, унинг қалби йўқ —
Кўпни севар, кўпни кўзлайди.
Ҳамма билан бўлса ҳам дўст, шўх —
У бир дардкаш қалбни излайди.
Ҳаёт такрор учраштираркан,
Кимни «сен»лаб, кимни «сиз»лайди.
Йўқ, уларга бермайди у тан —
У бир дардкаш қалбни излайди.
Дерсиз «ошиқ»лари эмас кам,
У, қанчаси унга сўзлайди».
Дил розларин тинглаб туриб ҳам —
У бир дардкаш қалбни излайди.
Ёки деманг «қиш совуғидай, —
Унга яқин юрган музлайди».
Ўзгаларга ҳарорат бермай —
У бир дардкаш қалбни излайди.
Деманг, маъюс тортиб қолган дам —
«Унутган ошиғин эслайди».
Ишончини ҳамон қилмай кам,
У бир дардкаш қалбни излайди.
1967 йил 8 июнь
* * *
Фақат омад камдан-кам жуда,
Юрамиз биз топиб, йўқотиб.
Гоҳо ясоғлиқ от устида,
Гоҳ пиёда, чангларга ботиб.
Яшилланар умр дарахтимиз,
Сарғаяр ҳам бевақт ёғса қор.
Шундай, гоҳо тожу-тахтлимиз,
Гоҳ кечириб бўлмас гуноҳкор.
Изҳори дил қиладир қушлар,
Биз уларни этмасмиз писанд.
Овунтирар бизларни тушлар,
Оҳ, у тушлар гоҳ берадир панд.
Гоҳ қип-қизил гулларга кўмиб,
Бир олам бахт йўллайдир олам.
Сипқорармиз кўзимиз юмиб
Зардоб тўла қадаҳларни ҳам.
Гоҳ кулиб, гоҳ қўл силтаб, куйиб
Ўтказармиз бунинг барини.
Ҳаётнинг шан марҳамати-ю
Рутубатли алдоқларини.
Оқарганда сочлар эслаймиз
Сархуш баҳор, куз ўтганини.
Кимларнидир рад этганмиз биз,
Кимлар бизни рад этганини.
1967 йил 8 июнь
УЙГА
Уйдан чиқдим, юракка жойлаб
Изтиробу аламлардан куч.
Шўхчан шамол тургандай пойлаб —
Остонада келар менга дуч.
Чиқдим, худди қўрғошиндай зил —
Зил бир юкни уйда қолдириб.
Остонада шафақ ним қизил,
Ёнабошлар шодлигим кўриб.
Тузинг ҳаққи, мени кечиргил —
Қололмадим бир умр сенда.
Дил қушимни эркин учирдим —
Шундай истак бор эди менда.
Ўзинг кечир, айблама мени,
Оҳ, сенга кўп қўшиқ айтардим.
Учмоқ бўлган куйим, дардимни —
Деворларинг лоқайд қайтарди.
Дунё гўзал, дунё қандай кенг —
Истайманки уфқига етсам.
Айт, маъқулми, ҳисларим менинг
Тўрт деворга ем бўлиб кетса.
Ким ўт бўлмас менинг ёшимда,
Лоқайд ўтган бу ёшда ким бор?
Туғёнли ўт ўйнар бошимда —
Туғёнларга туғён қўшгим бор.
Шулар сабаб, оппоқ тонг чоғи
Уфқ қизариб ёнаётган дам —
Мен тарк этдим иссиқ қучоғинг,
Ортиқ энди айблама сен ҳам!
Тузинг ҳаққи, мени кечиргил.
1967 йил 14 декабрь
ОТАМ ХОТИРАСИГА
Ўриб олар ўроқчи ўғлон.
Р. Ҳамзатов.
Шовуллаган буғдойзорда чалғи бўш ётар, дўстлар,
Чалғини занг босган, э воҳ, кетсин чалғининг занги.
Уни отам тутганида қувонар эди кўзлар, —
Бу кун эса 6у савдоли дунё ишин қарангки,
Ахир буғдой ўримида ундан устаси йўқ-ди,
Тош қотдиму билмай қолдим, бу ҳол ҳақми, хатоми?
Қай кун у ўзидан устун ўроқчига йўлиқди
Ва у худди буғдойдайин ўриб кетди отамни…