Путин Ўзбекистонга нега бормади?
Россия президенти Марказий Осиёга ўз сафарини якунларкан, айни шу савол унинг Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонга уч кунлик ташрифи манзарасида матбуот энг кўп эътибор қаратган нуқталардан бири бўлди.
Президент Владимир Путин тожикистонлик ҳамкасби билан тушлик чоғида Туркманистон раҳбарига ҳам қўнғироқ қилиб, гаплашиб олганига оид хабарлар эса, бу савол атрофидаги қизиқишни янада кучайтирди.
Устига устак, бу — Россия раҳбарининг Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти этиб сайланиши ортидан минтақага қилган илк сафари бўлган.
Тафсилотлари видеолавҳамизда — назардан қочирманг.
Айнан Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни ўтган йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон президент сайловидаги ғалабаси билан қутлаган ва ўз мамлакатига сафар қилиш учун таклиф қилган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлган.
Россия томони расмий Тошкент бу таклифни хушнудлик билан қабул қилганлигини баён қилган.
Ўзбекистон янги раҳбариятининг бундан буёғига Россияга мойил ташқи сиёсат олиб боришини башорат қилган минтақавий экспертлар эса, президент Мирзиёевнинг илк ташрифини айнан Москвага амалга оширишини ҳам башорат қилишган.
Улар бунга қисман Ўзбекистон янги президентининг Россия раҳбари билан яхши алоқаларга эга асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов билан қудачилик ришталарини билвосита сабаб ўлароқ ҳам келтиришганди.
Аммо…
Расман қасамёд келтиришидан қарийб уч ой ўтаётган эса-да, Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон янги президенти ўлароқ аниқ қачон қай бир давлатга ташриф буюриши ҳануз мавҳумлигича қолмоқда.
Яқинда бу давлатларнинг Россиядан ташқари, қатор Марказий Осиё давлатлари — Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон ҳам бўлиши мумкинлигига оид хабарлар пайдо бўлган.
Россия Президенти Владимир Путиннинг уч Марказий Осиё давлатига қилган ва ҳарбий, иқтисодий, сиёсий мақсадларни кўзда тутиши айтилган сафари айни шу хабарлар манзарасида амалга ошганди.
Бундан ташқари, президент Путиннинг сўнгги ташрифи Россия минтақадаги геосиёсий манфаатларини кўзда тутиб, қўшни Афғонистонда фаоллашиш, Ғарб эса, айни шу мақсад билан Афғонистонда ўз аскарлари сонини яна ошириш истагини изҳор этаётган бир пайтда кузатилган.
Россиялик экспертлар эса, президент Путин сафарининг нега фақат уч Марказий Осиё давлати билан чегаралангани сабабини Ўзбекистон ва Россия раҳбарларининг сўнгги учрашувларига унча кўп бўлмагани, бундан ташқари, тез орада президент Шавкат Мирзиёев ўзининг Москвага ташрифи кўзланаётгани билан изоҳлашган.
Ўтган йил куз ойида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ўлими сабаб, аввал Россия Бош вазири, унинг ортидан, президент Владимир Путин ҳам Самарқандга ташриф буюришган, ўша пайтда муваққат президент ва мамлакат Бош вазири бўлган Шавкат Мирзиёев билан мулоқотлар олиб боришганди.
Орада томонлар ўртасида телефон мулоқотлари ҳам бўлиб ўтганига оид хабарлар олинган.
Дипломатик мувозанат
Айни шу воқеъликни кўзда тутиб, Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Россия раҳбарининг нега Ўзбекистонга ташриф буюрмагани сабабини расмий Москванинг дипломатик мувозанат сақлаш истаги билан изоҳлайди.
«Путиннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига сафар қилиб, Ўзбекистонга кириб ўтмаслиги — Мирзиёев, Ўзбекистон расмий ҳокимиятига қўшимча босим бўладики», бу ташриф, — «биз сизни кутаяпмиз, чунки сиз боришингиз керак эди, сиз бизга ваъда берган эдингиз, деган бир сигнални бериши мумкин».
Шавкат Мирзиёев ҳали Ўзбекистон муваққат президенти экан, ташқи сиёсатда марҳум Ислом Каримов «концепциясига содиқ қолишлари»ни баён қилган.
Ўзларининг бундан буёғига ҳам кўпқутбли ташқи сиёсат олиб боришларига ишора қилган.
Расмий Тошкент эса, сўнгги йилларда минтақада ўз таъсирларини кучайтиришга интилаётган Россия бўладими ва ёки АҚШ, глобал ўйинчи давлатларга нисбатан ўзининг беқарор ташқи сиёсати билан танилиб келган.
Янги президенти бошқаруви билан кечаётган қарийб уч ой ичида Ўзбекистонга Россияники баробарида қатор юқори мартабали АҚШ расмийлари ҳам ташриф буюриб улгуришган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча сешанба куни Тошкентга амалий ташриф билан келган Россия Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин билан учрашган.
Тошкентдан олинган хабарларга кўра, томонлар экстремизм, терроризм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш масалаларини муҳокама қилишган.
Аммо ўз мустақиллигини эълон қилиши ортидан айнан Ўзбекистон билан Туркманистон расмий Кремлдан маълум «масофа сақлаш», расмий Москванинг таъсиридан холи сиёсат юритишга ҳаракат қилиб келаётган саноқли собиқ Шўро давлатларидан бирлари бўлишади.
Минтақавий таҳлилчиларга кўра, улар эга бўлган иқтисодий потенциал, ўз вақтида Россиянинг ҳарбий ҳозирлигидан халос бўлишга муваффақ бўлишгани ва Россияга бевосита чегарадош эмасликлари икковлонга бу каби имкониятни берган.
Россиянинг таъсиридан холи эканликлари эса, ҳам Ўзбекистон ва ҳам Туркманистонга нисбатан мустақил ташқи ва ички сиёсат олиб боришларига асос берган.
Биринчи сафар
Франциядан сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимовнинг энг сўнггида «халқаро тажрибага» таяниб, «янги давлат раҳбари қай бир мамлакатга сафар қилишининг геосиёсий аҳамияти катта» бўлишига алоҳида эътибор қаратади.
«Мана шу биринчи ташрифдан давлат, янги ҳокимият ўзини объект сифатида кўраяптими ва ёки ўша халқаро сиёсатнинг субъекти сифатида кўраяптими, маълум бўлади».
«Агар, кучли-қудратли давлатларга ташриф буюрадиган бўлса, ўзини ўша давлатга нисбатан объект сифатида кўраётган бўлади. Лекин ён-атрофидаги, ўзидан нисбатан заиф бўлган, ўзининг сиёсатини ўтказишни хоҳлайдиган давлатга, агар, сафар қиладиган бўлса, ўзини сиёсий субъект сифатида ва сафар қилган давлатини ўзининг объекти сифатида кўраётган бўлади», — дейди суҳбатдошимиз.
Шу ўринда Ўзбекистонга раҳбарининг «уч-тўрт давлатга сафари» ҳақида сўнгги пайтларда бўй кўрсатаётган хабарларга тўхталаркан, суҳбатдошимиз, «бу ерда спекуляция, дезинформация, нотўғри маълумотлар кўп бўлди», деркан, «менимча, биз бу жараённи кузатишимиз керак», — дея сўзларига якун ясайди.
Минтақавий таҳлилчилар наздларида, ортга юбораётган пуллари Ўзбекистон иқтисоди учун муҳим аҳамият касб этувчи ва расмий манбаларда сонлари бир миллиондан ортиши айтилувчи меҳнат муҳожирлари расмий Тошкентнинг Россияга қарамлигини белгиловчи яккаю ягона омил бўлади.
Аммо, айни муаммо, ўн йилларки, ўзининг ечимини ҳукуматлараро бир даражада топмай келади.
Расмий Тошкент эса, яқин-яқингача айни воқеъликка жиддий эътибор бермаслик, Россияда меҳнат муҳожирлигида банд катта сондаги аҳолиси ҳуқуқларини замонавий қонунлар доирасида ҳимоя қила билмасликда танқидларга тутиб келинади.
Айнан Душанбега сафари давомида Россия Президенти Владимир Путин тожик ҳукуматига тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари ҳар томонлама ҳимоя қилинишини ваъда қилди.
-
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02