"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёевга бир гуруҳ ёзувчилар томонидан мурожаат

Дунё | 28/02/2017 14:14-     10939 марта ўқилди

ЎЗБЕКИСТОН  РЕСПУБЛИКАСИ  ПРЕЗИДЕНТИ ҲУРМАТЛИ  Ш.М. МИРЗИЁЕВГА
  БИР ГУРУҲ ЁЗУВЧИЛАР ТОМОНИДАН
 
                                        
М У Р О Ж А А Т
Эл —  юртимизнинг озодлиги, эрки, қарамсизлиги учун курашган ва бу қутлуғ  йўлда “Ватан хоини” деган туҳмат билан отилган ёзувчиларимиз – Чўлпон, Фитрат, Қодирийларни энди афсус, армон билан эслаймиз. Уларни ёвуз кучлардан сақлаб қололмаганимизга энди ачинамиз, ўкинамиз…
Бу улуғ сиймоларнинг қамалиш ва йўқ этилишларида коммуна ялоқлари – ҳасадгўй, хашаки, маддоҳ  “адиб” лар КГБга  қурол бўлганлар. Ёлғон, сохта тарғибот билан “том”га чиққан бу кимсаларни ҳозир ит ҳам ўқимайди. Билъакс, ланъатлайди. Улар тупроққа айлансаларда, айрим ворислари “том”да турибдилар… 27 нафар ижодкорни уюшма аъзолигидан ўчирилиши ва Эврил Турон, Юсуф Жума, Исмат Хушев, Сафар Бекжон каби халқсевар ёзувчиларнинг қамалишларида шу ялтоқлар жонбозлик қилдилар. Ҳасад ўти ва нафс бандалари СССР даври қатағонларни айнан такрорладилар. Соғлом фикрли ойдинлар буни мустақил Ўзбекистонга қарши ҳаракат деб баҳолашмоқда.
 Кечган 25 йил ичида адабиёт, санъат ва оммавий ахборот воситаларини абгор ҳолга туширганлар ҳам шулар. Улар “том” туриб ёлғонни ноғора қилиб қоқар эканлар, бу соҳада бир ижобий ўзгариш бўлиши маҳол. Истеъдодларга ҳам йўл очилмайди. Ёзувчи, журналистлар ҳам Сизнинг оқилона ҳаракатингиз билан вужудга келган жўшқин жараёнларда эркин қатнашаолмайдилар. Чунки тўсиқ бор. Бу эски темир тўсиқ ортида  оқни қора қилиб кўрсатувчи кўнгиллари кир  “адиб” лар турибдилар. Ҳали улар қудратда экан, туҳмат билан қамалган, ёзувчиларнинг оқланишларига тиш – тирноқлари билан қаршилик қиладилар. Йўқса,  Эврил Турон, Юсуф Жума, Исмат Хушев, Сафар Бекжон каби адиблар  аллақачонлар оқланиб, реабилитация бўлишлари керак эди.
Муҳтарам  президент!
Бизнинг ҳамма умидимиз Сиздан.
 Юсуф Жума, Исмат Хушев, Сафар Бекжонлар қамоқдан сўнг хорижга (АҚШ, Канада, Швецария) кетишга мажбур бўлганлар. Ўшандан буён улар Ватан дарди билан яшаб, ижод қилаяптилар.
Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов) АҚШ давлат котиби Хиллари Клинтон, БМТ ва Оврўпа Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ёрдамларида 2013 йилда озодликка чиқарилди. 17 йиллик қамоқ Эврил Туронни соғлигидан айирган. У уч марта юрак инфаркти ўтказган. Яна қатор хасталиклар ҳаётига хавф солиб турибди. Бунинг устига ўта оғир шароитда кун кечирмоқда. У 17 йил қамоқдалигида оиласи қарзга ботган. Қарийб, 40 йил давлат ташкилотларида ишлаганига қарамай, бор – йғи 179 минг сўм пенсия белгиланган. Асарлари маҳаллий матбуотда ёритилиши таъқиқланган. Шу сабабли Эврил Турон  ўз мақола, эссе, қисса, романларини Франция, Англия, Олмония, Голландия, Норвегия, Туркия, Канада, Америка каби давлатларда нашр эттиришга мажбур бўлаяпти. Юсуф Жума, Исмат Хушев, Сафар Бекжонлар ҳам  шундай.
Шуни алоҳида айтиш лозим:  Эврил Турон ҳануз назоратда. Юсуф Жума, Исмат Хушев, Сафар Бекжонлар ҳамон муҳожиратда. Улар учун Ватан эшиги ҳамон ёпиқ.
Дунё билади: Эврил Турон том маънодаги элсевар, туғма иқтидорли адиб, заковатли инсон. Ўтган асрнинг биринчи ярмида босқинчилар томонидан “ Босмачилик ҳаракати” деб аталган манфур қарашга қарши Эврил Турон “Туманли кунлар” (“Боғдон қашқири”) отли қисса ёзди. Ушбу қиссасида у миллат озодлиги учун курашган мардларни Ватан қаҳрамонлари сифатида тараннум этди. Асл босмачилар эса босқинчилар эканлигини бадиий образлар орқали баён қилди.
 СССР тарихларида: “Ўрта Осиё ўз ихтиёри билан Россияга қўшилган” деб ёзиларди. Эврил Турон ўша даврда ёзилган “Ўлмас қоялар” романида    аслида чор Россияси Туркистонни босиб олганлиги, босқинчиларнинг ғоялари ёлғонлигин фош этиш орқали улкан жасорат кўрсатган эди.
“Туманли кунлар” каби бу асар ҳам шов – шув, баҳсларга сабаб бўлди. 1980 йиллар бошида “Шарқ юлдузи” журналида босилган ушбу роман, кўп ўтмай Туркия ва ФРГда чоп этилди. Бир неча йиллар ўтиб француз тилига ўгирилиб, алоҳида китоб ҳолида нашрдан чиқди.
Эврил Туроннинг чет элларда ўзбек, инглиз  тилларида чоп этилган “Бўз бўри” (Араб босқинига оид), “Ой нури”, “Оқ гул” романлари (КГБ нинг қора қилмишларига дохил) ҳам севиб ўқилмоқда.
Эврил Турон асарлари 2016 йилда халқаро Нобель мукофотига тавсия этилди. Худди шу йили Эврил Турон чет эллардаги туркий ёзарлар томонидан Халқаро Турон Ёзувчилари Иттифоқига раис (фахрий раис шоир Шукрулло) этиб сайланди.
Муҳтарам президент!
  “Халқ душмани” тамғаси билан отилган Чўлпон, Фитрат, Қодирий., каби улуғ адибларимиз кўп қаршиликларга қарамай,  мустамлака давридаёқ Шароф Рашидов ташаббуси билан оқландилар. Сиз ҳам шу қисқа беш ой ичида қутлуғ ишлар қилишга қодирлигингизни амалда кўрсатдингиз, кўрсатаяпсиз. Ёлғон сўз,  ёлғон ваъдалар билан кўмилган узун йиллар  ичида бундай бўлмаган. Метро, завод, уй – жой қурилишларини қўя турайлик, бўғовланган халққа эрк эшигини очаяпсиз , қасддан судланган, қамалган, ишдан хайдалган қобилиятли, ғайратли кишиларни (Самандар Қўқонов, Козим Тўлаганов, Абдулла Арипов, Бахтиёр Ғуломов…) ни оқлаяпсиз, мартабалар билан сийлаяпсиз. Бундан айрим ғаразгўй аламзадалар, сохтакор маддоҳлар куйсаларда, энг муҳими Сизни кўп миллатли Ўзбекистон халқи олқишлаяпти.
Биз ишонамиз, Сизнинг марҳаматингиз билан 74 ёшни қаршилаётган дунё ойдинлари эътироф этган улкан адибимиз Эврил Турон ( Мамадали Маҳмудов) ҳам оқланиб, реабилитация қилинади. Эврил Турон каби оғир қисматни бошдан кечирган Юсуф Жума, Исмат Хушев, Сафар Бекжон каби адибларга ҳам шу карам кўрсатилиб, улар ҳам Ватанга қайтарилади. Ҳар ишда Сизни улуғ Тангримиз қўлласин, буюк соҳибқирон Амир Темур руҳи мададкор бўлсин!
Шукрулло, Ўзбекистон Халқ шоири
Жамол Камол, Ўзбекистон Халқ шоири,
Ҳалима Ҳудойбердиева, Ўзбекистон Халқ шоири,  
Шароф Убайдуллаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Исфандиёр, ёзувчи
Тўра Мирзо, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
Дилором Исоқова, шоира
Муҳаммад Салом, ёзувчи
Бахтиёр Ўрдабекли, адабиётшунос олим
Нортўхта Қилич, ёзувчи
Абулқосим Мамарасулов, ёзувчи
Ҳамроқул Асқар, шоир
Ғулом Фатҳиддин, шоир
Мирзапўлат Тошпўлат, ёзувчи
Санжарали Имомов, драматург
Муҳаммад Исмоил, шоир
22.02.2017 йил.
Тошкент шаҳри.
Жавоб учун эл.манзил:  ham.asqar@mail.ru
Telegram:  +99893 553 17 16
PS: Мурожаат матнинг имзоланган фотонусхаси илова этилмоқда.
Жами илова:  4 варақда.
Сизнинг мурожаатингиз муваффақиятли жўнатилди.
Диққат!!! Қуйидаги маълумотларни сақлаб олинг:
Мурожаат рақами: 78328-s/17
Мурожаат ҳолатини текшириш коди:
7f1ca20833
«Дунё ўзбеклари» учун махсус

10 шарҳ

  1. Tangriyor
    02/25/2017 at 1:48 AM  (Edit)

    Yaxshi ish qilibsizlar. Men ham qo’shilaman. Tangrim qo’llasin.

    REPLY
  2. Shayboni
    02/25/2017 at 12:16 AM  (Edit)

    Saroy maddoh yzuvchilar umri shunchalik kaltaki ular dunydan ketishi bilan yzganlari uzlari bilan birgalikda yo’q bo’lib ketadi.

    REPLY
  3. O’zbekxan
    02/25/2017 at 12:13 AM  (Edit)

    MILLATNI IQTIDORLI YZUVCHILARINI ZAMONSOZ QALLOB UZINI YZUVCHIMAN DEB YRGANLAR HAMMA ZAMONLARDA KO’ROLMAY ULARGA QARSHI KO’RASHGAN.

    REPLY
  4. Маҳмуд Йўлдошев
    02/24/2017 at 11:47 PM  (Edit)

    Биз ҳам ўз имзомизни шу жойга қўйдик!

    REPLY
  5. Мамаёқуб Ҳамроев
    02/24/2017 at 6:42 PM(Edit)

    Ассалому алайкум ҳалқимнинг ботир ўғлонлари!
    Биз хаттоки қизил империя замонида ҳам бу даражада хадик билан яшамаган эдик шекилли.
    Минг бора айблашмоқчи бўлишса хам тан олиб айтиш лозим Шароф Рашидов ва Брежнев замонида ўзбек адабиёти гуллаб яшнади,гуркираб ривожланди,ёзувчи ва шоирлар хукумат ва элнинг ардоғида бўлдилар.
    Миллион афсуслар билан тан олишга мажбур ва махкуммизким;
    КАРИМОВ МУСТАҚИЛЛИГИ ЗАМОНИДА ХАТТОКИ РУС БОСҚИНИ ДАВРИДА ЭРИШИЛГАН ҒАЛАБАЛАР ЕР БИЛАН БИТТА ҚИЛИНИБ,ВАТАН ВА ҲАЛҚ УЧУН ЖОНИНИ БЕРИШГА ТАЙЁР БЎЛГАН ОЙДИНЛАРИ ОРЗУЛАРИ ВА АРМОНЛАРИГА ҚЎШИБ ҚОРИШТИРИБ ТАШЛАШДИ.
    ВА БУ ВАҲШИЙЛИКЛАРНИ ЭСА ЧЕТДАН КЕЛГАН БОСҚИНЧИЛАР ЭМАС,АКСИНЧА ИЧИМИЗДАН ЧИҚГАН ХОИН ВА МАЛЪУНЛАР ҚИЛИШДИ,ҚИЛИШАЯПДИ ВА ҚАРШИ КУРАШГА ЧИҚИЛМАСА ҚИЛАВЕРАДИЛАР ҲАМ.
    “БУКРИНИ ГЎР ТЎҒРИ ҚИЛАДИ” АММО БУЛАРНИ ХЕЧ ҚАНДАЙ КУЧ ТЎҒРИ ҚИЛА ОЛМАЙДИ.
    ҚИСҚАСИ ЧАПАНИСАЧИГА АЙТАДИГАН БЎЛСАК;”ЧИҚГАН ЖОЙИГА ҚАЙТАРИБ ТИҚИБ ЮБОРИШ КЕРАК” ТАМОМ ВАССАЛОМ.
    ЗУДЛИК БИЛАН ЧОРАЛАР КЎРИБ МАМЛАКАТДА АДОЛАТНИНГ ТЕЗРОҚ ТИКЛАНИБ,ҲАЛҚНИНГ ОҒИРИ ЕНГИЛ БЎЛИШИНИ,АРЗУ ДОДИ ТИНГЛАНИШИ УЧУН МАТБУОТ ВА ТЕЛЕВИДЕНИЯ,ҲАЛҚ ҚАБУЛХОНАЛАРИ ВА ХОКОЗОЛАРНИ ДИВЕРСАНТ-ҚЎПОРУВЧИЛАРДАН ТОЗАЛАШ КЕРАК.
    ЎЗИНГНИНГ МУСТАҚИЛ ВАТАНИНГДА ҲАҚИҚАТНИ ЁЗА ОЛИШ ҚАХРАМОНЛИК ХИСОБЛАНГАЧ,ИМЗО ЧЕККАНЛАР ЖОНИНИ ГАРОВГА ҚЎЙИБ ШУ МУҚАДДАС КУРАШГА КИРИШИШГАН БЎЛСАЛАР БОШҚА ГАПЛАРНИНГ КЕРАГИ ҲАМ ЙЎҚ.
    НИМА БЎЛГАН ТАҚДИРДА ҲАМ МАРДЛАР СОНИ КЎПАЙГАНИДАН БОШИМИЗ ОСМОНГА ЕТДИ.
    МИНГ РАҲМАТ СИЗЛАРГА!!!
    МУХАММАД АЛИЛАРНИНГ ЗАМОНИ ТУГАДИ ХИСОБИ,УНИНГ ГУМАШТАЛАРИНИНГ ХАМ ЮЗИДАГИ НИҚОБЛАРИНИ ОЧИБ ТАШЛАШ КЕРАК.
    ВАТАН СЎЗИ УЛАРНИНГ ТИЛИДА ФАҚАТ.МАНСАБ ВА БОЙЛИК УЧУН ҲАР ҚАНДАЙ ТЕППАНИНГ УСТИГА ЧИҚИБ САЙРАЙДИЛАР УЛАР!!!

     

  6. 4 шарҳ

    1. Jaloliddin
      02/28/2017 at 9:16 AM  (Edit)

      “Эврил Турон каби оғир қисматни бошдан кечирган Юсуф Жума, Исмат Хушев, Сафар Бекжон каби адибларга ҳам шу карам кўрсатилиб, улар ҳам Ватанга қайтарилади. Ҳар ишда Сизни улуғ Тангримиз қўлласин, буюк соҳибқирон Амир Темур руҳи мададкор бўлсин!” BU YZUVCHILARGA UZBEKISTON QAXROMONI UNVONINI BERISH KERAK.

      REPLY
    2. Muqana
      02/28/2017 at 9:11 AM  (Edit)

      Mana bu yzuvchilar millatimizni yzi, haqiqiy ijodkor nomiga munosib shaxslardir. Shunday zabardas adabiytchilar bor ekan adolat oyoq osti qilinishiga yul quyilmaydi.

      REPLY
    3. Дилшод Рузи
      02/28/2017 at 12:51 AM  (Edit)

      Каримов даврида Халкимиз томирига болта урган Хоинлар, хох у шоир булсин хох Бош прокурор булсин, ишлардан олиниб пенсиялардан махрум килиниши шарт. Керак булса, улар хам бошка юртларда нон топиш машаккатини куришсин.

      REPLY
    4. Ватандош
      02/27/2017 at 11:09 PM  (Edit)

      Хайрият, ўзбекнинг ҳам ўзлигини англаган ёзувчилари бор экан. Мамадали Маҳмудов, Юсуф Жума, Исмат Хушев ва Сафар Бекжон булар миллатимизнинг ҳақиқий фахри ва қаҳрамонларидир. Вақти келиб улар Ўзбекистоннинг энг иззатли инсонлари бўлиб Ватанда шод-хуррам яшаб юришларига ишонаман.

Ўхшаш мақолалар йўқ.

МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.