«Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китобида изоҳланишига кўра, «оқибат» деган сўзнинг асл наслу насаби арабий бўлиб, натижа, якун, самара; из, асар, эргашиш, таъқиб қилиш каби маъноларга эга. Оқибати бор, меҳр-мурувватли, қадрдонлик, дўстлик туйғуларини қадрловчи кишилар эса оқибатли одамлар, дейилади.
Имон-эътиқод бутлиги, виждон софлиги оқибатли одамлар чеҳрасида жилоланувчи серҳавас фазилатларнинг энг биринчисидир. Ор-номусни дуру жавоҳиротлардан аъло суядиган бундай инсонлар дўстларга садоқати, меҳру оқибати билан ажралиб туради. Улар фисқу фасод, бахиллик, қитмирлик каби иллатлардан узоқ бўладилар. Безбет ва мижғов кимсаларга ўхшаб бекордан-бекорга бировларни ранжитмайдилар, туҳмат-маломат қилмайдилар, рост гапирадилар, алдамчилик, тилёғламалик, хушомадгўйлик, суллоҳликдан эҳтиёт бўладилар. Бахил кимсалар сингари таниш-билишларининг ютуғини кўрганда ичини ит тирнаб, ҳасаддан куймайдилар, кўкраги тўлиб қувонадилар! Чақимчилик қилиб, бировни-бировга тезлаб, жамоани чалғитиб, жамиятнинг оёғига тушов бўлишдан орланадилар. Гапни ўйлаб, мулоҳаза қилиб айтадилар. Оғирнинг усти, енгилнинг остини кўзламайдилар. Чигитдай мукофот учун тоғдай таянчини алдамайдилар, сухсурдай биродарининг кўзига чўп суқмайдилар, суяк ташлаганга суйкалиб, суянчини сотмайдилар. Улар, бир туюр текин гўштни кўрганда сўлаги иягига оқиб тушадиган, нафс йўлида энг яқин оғайнисининг биқинига пичоқ санчиб — жароҳатлаб, тағин сўлжайиб, серрайиб турадиган бетавфиқ тавиялардан жирканадилар. Егани она сутидек ҳалол ва пок бўлади. Меҳр кўрган, меҳри тушган зотларга қишдаям, ёздаям бир зайл турадилар — тусланиб-товланмайдилар буқаламунга ўхшаб. Такаббур, манман, кеккайган, гердайган, мутакаббир, димоғдорлар билан каптарбозлик қилмайдилар. Талантли, талабчан, тўғри ва ҳалол инсонларга таассуб қиладилар, уларга эргашадилар, уларнинг йўлига гиламлар тўшайдилар. Бировнинг нарсасига кўз олайтириш, ундириш, ўзиники қилиш учун ҳеч қачон инсонлик ҳамиятини ерга урмайдилар. Улар муҳтожларга ёрдам ва сарф-харажатни аяшмайди; қўли ҳам, кўнгли ҳам очиқ, сахий ва танти; алдам-қалдам, ғирромлик йўқ уларда; жанжалга мой сепиб томошасидан ҳузурланадиган, бировнинг дилини оғритиб роҳатланадиган тарбиясиз каслардан нафратланишади. Оқибатли одамга омад кулади, бахт кулади, ишлари ўнг, муваффақиятлари чўнг бўлади; Яратганнинг Ўзи мададкор бўлади ҳамиша уларга.
Тақдирга шукур, олтмишинчи давонга яқинлашиб бораётган ҳаёт йўлларида оқибатли одамларни кўп кўрдим, тўп-тўп кўрдим. Бундай кишилар дўстларнинг, одамларнинг, оила ва жамиятнинг бахту давлати экан. Дунё шундай зотлар билан бутун-бахтиёр экан. Шундай инсонлар тутиб турар экан бу серғалва, серғурбат ҳамда азизу мукаррам Она заминни. Мен учратган ана шундай оқибатли одамларнинг биттаси, ҳеч шубҳасиз, журналист, ёзувчи ва кинодраматург Мирзапўлат Тошпўлатовдир.
II
Мирзапўлат ака (биз тенгқур бўлсак-да бир-биримизни «ака» деймиз, шунга ўрганганмиз) билан қарийб ўттиз йиллик дўстмиз. Ўн-ўн беш йиллар бирга, битта ташкилотда хизмат қилдик. Турли-турли вазиятларда, ҳолатларда кўрдим бу кишини: қувончли ва серташвиш кунлардаги кайфияти, атрофдагиларга, дўст-биродарларга бўлган самимий муносабати; мураккаб шароитларда ҳам ўзини йўқотмаслиги, мақсаду маслакда собитлиги; оғмачи, иккиюзламачи, гапида турмайдиган тулкифеъл одамларга дуч келганда ғазаби қайнаб кетишлари… Мен — амалдор, у — кўп минг кишилик ташкилотдаги фидойи ходимларнинг бири — тез-тез учрашиб, гурунглашиб турар эдик. Ҳозир ҳам шундай. Ёр-биродарларнинг тўйи, марака-мавридларига бирга борамиз. Қайтарда эса ажралишимиз қийин кечади — суҳбатимиз соатларга чўзилиб кетади.
Ўтган гал ҳам шундай бўлди. Шундай бўлишига дўстимнинг кайфияти сабаб эди. Учрашганимизда ҳар доимгидек хушчақчақ бўлган Мирзапўлат аканинг қиёфаси «Изодиёр» тўйхонасидан чиқаётиб батамом ўзгариб, тундлашиб кетди.
— Бундай иплосларни ер қандай кўтариб юради, нега балчиққами, бадрафгами отмайди?! — деди ҳали тўйхонадан чиқиб, Навоий кўчасига бурилмасимиздан тутоқиб. — Жилпанглашини! Қўйиб берса, бошлиғининг кетини яласа. Аввалги раҳбаригаям шунақа қиларди. «Бу одам менинг отам бўлади. Отам қилмаган, онам қилолмаган яхшиликларни шу инсондан кўрдим. Шу одамнинг яхшиликларини билмасам, кўзим кўр бўлсин!» деб қасамлар ичганини ўзим, мана шу қулоқларим билан эшитганман. Эски раҳбарнинг жойи совимай ёмонлаб, орқасидан тош отиб туришини қаранг. Вой, қасамхўр-ей!
— Ер бепоён, ака, қучоғига ҳамма сиғади, — дедим ўзимча уни юпатган бўлиб.
— Лекин, одам деганда тутуруқ ҳам бўлиши керак-ку! Одамнинг ўзи ҳаром, лабзи ҳалол, дейишади. Диёнатсизликниям чегараси бўлиши керак-да. Абдулла ака, Абдулла Ориповдек шоир: «Виждонни асрангиз ҳар недан ортиқ, ягона заминни асрагансимон» деб куйиб-пишгани беҳуда эмаслигига бугун яна бир марта ишондим. Оқибатни, яхшиликка яхшилик қайтаришни билмайдиган, бемеҳр, мурувватсиз шахслар, аттанг-аттанг, ҳали кўп.
— Беш қўл ҳеч қачон баробар бўлган эмас.
— Тўғри-тўғри, — деди Мирзапўлат ака ҳовуридан бироз тушгандек бўлиб. — Мен беш қўлдай биламан у нокасни. Бир қанча жойда ишлади. Қаерда ишлаган бўлса, ўша ерни каламушдай камирди. Вой, унинг қаллобликлари, қалбакиликлари, алдамчиликлари, манфаати тегадиганлар қошида спиралдай ўралиб эгилиб-букилишлари, таъмагирликлари, товламачиликлари…
— Француз шарлатанларининг бир вагониям бу кимсанинг қўлига сув қўёлмайди, ака! — ҳайқириб юборди Мирзапўлат ака. — У шунчаки гап сотмайди, одамгарчиликни, шарм-ҳаёни бир чеккага йиғиштириб қўяди, уялиш, истоҳола, юз-хотир деган ҳислари аллақачон ўлиб бўлган. Ўзини, ўз шахсиятини, қадр-қимматини бошқалардан устун қўйиб, фақат ўз манфаатини кўзлаб иш тутадиган бу шайтонваччанинг устамонликларига тулкилар ҳам таъзим қилса керак. Тавба, сиртдан қарасанг, шақашулдур, дали-ғули, дангалчи, ҳақиқатгўй, танти-марддек кўринади. Мажлисларда ирғиб туради, катталар хуш кўрмайдиган кишиларга мушукдай ташланади, ўйлаб, мулоҳаза қилиб ўтирмайди, оғзига келган сохта, таги пуч туҳматларни қалаштириб ташлайди, дўлдай ёғдиради. Шу тарзда билмаганлар кўзига мард бўлиб кўринади, шу тарзда арзон очко тўплайди. Буям ҳолва, ўтирволиб ёз-ёз бошлагандан кейин кўрасиз томошанинг зўрини. Кўзини чирт юмиб, куни-кеча бир товоқдан ош еб, бир чойнакдан чой ичиб юрган қадрдони; тўғри, ҳалол ва фидойи бир инсон устига ёлғон-яшиқларни шунақанги қалаштириб ташлайдики, бандаси-ку майли, Худодан қўрқмаганига ёқангни тишлайсан. Кейин текшир-текшир, савол-жавоб, қанча одам ойлаб оввораю сарсон. Эҳ-ҳе, кимларнинг асабига тегмади, кимларнинг пок номига доғ туширмоқчи бўлмади дейсиз, бу иплос!
— Худо асрасин ундайлардан.
— Тўғри, асрасин-асрасин деймиз, лекин шунча қилмишларини кўриб-билиб индамай турган Худойимнинг сабру тоқатигаям ҳайрон қоласан киши. Йўғасам, ўзини художўйдек кўрсатувчи бу нокаснинг ичволиб жойнамозга чиқишига, жойнамозни ҳаром қилишига ўласанми?!
— Қўйинг, майли, Худога солинг, Худо бор-ку, — дедим суҳбат оқимини ўзгартиришга чоғланиб. — Ҳаётда тўғрилар, самимий ва ҳалол одамлар кўп. Келинг, бошқа — ўзимизнинг гаплардан гаплашайлик.
— Эсимга битта латифа тушиб қолди, шуни айтайин, кейин бу мавзуни ёпамиз, — деди у хиёл кулимсираб. — «Балиғингиз эркакми, урғочими?», деб сўрабди вазир Афандидан. «Хунаса» деб жавоб берибди вазирнинг макрига тушунган Афанди. Бундай кимсаларни ҳам «хунаса»лар дейиш керак.
Бу вақтда биз метронинг «Тинчлик» бекати чорраҳасидан ўтиб, Талабалар шаҳарчасига олиб борувчи катта йўл четида ёнма-ён юриб бораётган эдик. Тўйхона остонасидан бошланиб шу ергача давом этган эҳтиросли мулоҳазаларни бирдан таққа тўхтатиб, бошқа томонга буриш ташвиши бир муддат икковимизни ҳам ноқулай аҳволга тушириб қўйган, нимадан гап бошлашни билмасдик.
— «Шох»ми? — Шу заҳотиёқ илиб кетди Мирзапўлат ака. — Бир йил бўлдику бу китобни чиққанига.
— Китоб ўқишниям эсдан чиқариб қўйяпмиз. Мен энди олибман.
— Ўқинг, мазза қиласиз. Бугунги кун, бугунги одамлар, бугунги тадбиркорлар, фермерлар, бизнесменлар ҳаёти, турмуши, тақдири жуда маҳорат билан тасвирланган. Умуман, эътибор қилганмисиз, Шойимжонда ҳеч кимникига ўхшамайдиган гўзал тил бор. Бир қарашда дағал, тўпорига ўхшайди, аммо ўқиган сайин ўша дағал сўзлар оҳанрабодек одамни мафтун қилади, майин қўллари билан елкангни силаётгандек туюлади… Сизга бир мақтаниб қўяйми? — Мирзапўлат ака шундай деб таққа жойида тўхтади, катта-катта кўзларини хиёл қисиб жилмайганча менга юзланди. — Шойим Бўтаев устоз Одил Ёқубов ҳақида янги қисса ёзаяпти. Биласизми, қиссанинг номи нима? «Қайдасан, Мирзапўлат?» Эсингизда бўлса, раҳматлик Одил ака шундоғ дердилар, кўча-кўйда учрашиб қолганимизда ёки телефонда «Қайдасан, Мирзапўлат?» деб гап бошлар эдилар. Устознинг сўзлари Шойимжоннинг эсида экан. Шойимжон нафақат талантли адиб, айни вақтда одамгарчиликни ҳамма нарсадан устун қўя оладиган, меҳр-оқибатли йигит. Устозларга меҳр, устозлар олдидаги қарз, устозларга садоқат деган инсоний бурчни ёшроқ эсада ундан ўрганса бўлади. Абдулла акани бир шеърида шундай мисралар бор: «Бир кун туз ичган жойга қирқ кун саломдир жоиз, Оқибатли халқимда мақол бор шундоқ қадим». Шойимжон, менинг назаримда, қирқ кун эмас, умр бўйи таъзим қилади бир пиёла чой ичган маконига.
Шу тариқа суҳбатимиз ўз-ўзидан яна оқибат мавзуига уланиб кетди.
— Муҳаммад Исмоил билан Собир Унарда ҳам устозларга садоқат, дўстларга оқибат кучли, — давом этди Мирзапўлат ака. — Бу икки оғайнини кўп йиллардан буён кузатиб келаман. Билсангиз керак, улар курсдош, бирга ўқиб, ижараларда бирга яшаган. Сунъийлик, қалбакилик, сохталик йўқ икковидаям. Билимига, ақл-фаросатига ишонади, тамизли. Икковиям меҳнаткаш, изланувчан. Яратганнинг ўзи оқибатли бандаларидан саховатиниям аямаса керак-да, қаранг, бу икки жўра бугунги кунда энг сермаҳсул ижодкорлар қаторида турибди. «Шарқ юлдузи»да Собирнинг янги қиссасини ўқидим. Вой, қурмағур-ей, бахшия, бахши! Бахшилар сингари сайратиб юборибди сўзларни. Аввалроқ, Муҳаммад Исмоилнинг «Баҳорнинг энг сўнгги лоласи» ва «Кўксимни ёндирган аланга» деган китобларини ўқиганда ҳам худди шундай бетакрор хушкайфиятни бошдан кечирган эдим. Икки жўранинг қиссаларини мутолаа қилаётганда яна бир ибратли ҳолат диққатни тортади. Улар яратган қаҳрамонлар, энг аввало, меҳр-оқибатлилиги билан одамнинг ҳавасини келтиради. Улар Ватанимиз мустақиллигидан кейин миллатимиз менталитетидаги сифат ўзгаришларини ўз қаҳрамонлари тақдири воситасида теран бадиий-фалсафий талқинлар орқали кўрсатиб беряпти. Бой ва ранг-баранг воқеалар оқимидан энг муҳим ҳолатларни танлаш ва ана шу воқеалар асосида қаҳрамон руҳиятини, характерини кўрсатиб бериш билан миллий характернинг шарқона асосларини яратишга интиляпти; миллатимизга ярашган иймон, эътиқод, миллий эрк ва мустақилликни абадийлаштириш каби тушунчаларни ўзбекона характерга хос такрорланмас бўёқларда, ҳаётий воқеа-ҳодисалар заминида кўрсатяптики, буям, масалан, менинг ҳавасимни келтиради…
Мирзапўлат ака, шу куни Назар Эшонқул, Эркин Усмонов, Яҳё Тоға, Анвар Обиджон ижодидан олаётган таассуротлари ҳақида ҳам тўлқинланиб гапирди. Уларнинг ютуқлари ўзиникидек ичига сиғмай суюнди. Уларнинг ижоди танқидчи-таҳлилчилар нигоҳидан четроқда қолаётганидан афсусланди.
— Пиримқул Қодиров шифохонада экан, — деди хайрлашаётганимизда. — Кўриб келишимиз керак. Шукрулло домлани зиёрат қилмаганимизгаям анча бўлди. Қачон борамиз?
III
Мирзапўлат Тошпўлатов ўз услуби, ўз қаламига эга меҳнаткаш ёзувчи.У тарихий мавзуларда ҳам, замонавий мавзуларда ҳам бирдай ижод қилади. Қашқадарё воҳасининг «Дашт» деган қишлоқчасида ўсиб-вояга етган, мактабдан кейинги таҳсилни Миллий Университетнинг журналистика факультетида олган қаламкашнинг замонавий мавзудаги асарларида она юртга муҳаббат, ота-онага садоқат, дўстлик, муҳаббатнинг сирли изтироблари тиниқ мисраларда, тирик образларда тасвирланса, тарихий мавзудаги асарлари ота-боболаримизнинг мардлик ва жасоратлари, орзу-армонлари тўғрисида ҳикоя қилувчи достонлар сингари завқ билан ўқилади. Унинг асарларини ўқиётганда худбин ва дилозор кимсалардан нафратланасиз; умрини манфаатга тиккан, фойда учун иғво, дўқ-пўписа, қўрқитиш иллатларига кўмилган шантажчи-хусуматчиларга Худойимдан инсоф тилайсиз; бировнинг гапини бировга ташиб, сирини очиб, бировларнинг устидан махфий хабар етказиб турувчи бевафо, хиёнаткор хуфячилардан ғазабингиз қайнайди; имон-эътиқоди бутун, виждони пок, сохтакорлигу алдамчиликлардан йироқ қаҳрамонларни елкангизга кўтаргингиз келади. Умуман, меҳр-оқибат туйғулари Мирзапўлат Тошпўлатов ижодида, унинг жамики асарларида худди кўм-кўк қирлардаги қип-қизил лолақизғалдоқлар сингари лов-лов товланиб туради. Агар, мабодо, ўқимаган бўлсангиз, ҳали кеч эмас, адибнинг «Санам тоғидаги гулхан», «Ойни ахтараётган бола», «Узоқ манзиллар», «Қашқа тойчоқ», «Гулга туташ қалб», «Юракдаги сир», «Қизтепа», «Ўтинчи бола», «Ҳожиқайлиқ», «Майдон» сингари қисса ва ҳикояларини ўқинг; кўрмаган бўлсангиз, «Дунё бозори», «Олов қаъридаги фаришта», «Гуноҳ», «Тавба», «Муаллим», «Занжир» каби пьеса ва бадиий фильмларини томоша қилинг, шунда, бу инсоннинг сийрати ва суврати қандай эканига ўзингиз яна бир карра гувоҳ бўласиз.